Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) АПРЕЛЬ 2013

Келинг, ҳеч қачон бўшашмайлик!

Келинг, ҳеч қачон бўшашмайлик!

Яхшилик қилишдан безмайлик. ГАЛАТ. 6:9

1, 2. Яҳованинг улкан ташкилоти ҳақидаги ваҳийлар бизни нима қилишга ундайди?

УЛКАН ташкилотнинг бир қисми эканимизни англаш, эҳтиром туйғусини уйғотади. Ҳизқиё 1- боб ва Дониёр 7- бобда ёзилган ваҳийларда Яҳова Ўз ниятини қандай амалга ошириши ажойиб тарзда тасвирланган. Яҳова ташкилотининг ердаги қисмини Исо бошқармоқда. У ваъзгўйлик фаолиятни бошқариб, унда иштирок этаётганларга керакли йўл-йўриқларни беряпти, токи бошқалар ҳам Яҳовага топинишсин. Буни билиш, Яҳованинг ташкилотига таянишга бизни ундайди (Мат. 24:45).

2 Шахсан биз бу ажойиб ташкилот билан қадам ташлаяпмизми? Ҳақиқатга бўлган қизиқишимиз тобора ўсяптими ёки аксинча сўняптими? Шундай саволларни кўриб чиқсак, эҳтимол олдингига қараганда чарчаганимизни ёки ғайратимиз бироз сусайганини сезармиз. Бундай бўлиши мумкин. Биринчи асрда, ҳаворий Павлус имондошларини Исонинг ғайратидан ўрнак олишга чорлаганди. Павлуснинг сўзларига кўра, бу уларга «чарчаб, ҳолдан тойиб қолмасликларига» кўмаклашарди (Иброн. 12:3). Ўтган мақолада Яҳова ташкилоти орқали нималарни амалга оширганини муҳокама қилган эдик. Бу эса бизга, Худога хизмат қилаётиб бардошли ва ғайратли бўлишга кўмаклашади.

3. Чарчаб қолмаслигимиз учун нима қилишимиз керак ва ушбу мақолада нимани муҳокама қиламиз?

3 Чарчаб қолишни истамасак нима қилиш муҳимлиги борасида Павлус айтиб ўтганди. Унинг айтишича, биз «яхшилик қилишдан безмаслигимиз» керак (Галат. 6:9). Бу, қилишимиз муҳим бўлган ҳаракатлардан бири. Ҳозир эса, қатъиятли қолишга ва Яҳованинг ташкилоти билан ҳамқадам юришга кўмаклашадиган бешта соҳани муҳокама қиламиз. Шунда, ушбу соҳанинг қайси бирига ўзимиз ёки оила аъзоларимиз билан катта эътибор қаратишимиз кераклигини шахсан ҳал қила оламиз.

 ДАЛДА БЕРИШ ВА ТОПИНИШ УЧУН КЎЗЛАНГАН УЧРАШУВЛАР

4. Нима учун жамоат учрашувлари ҳамиша муҳим аҳамиятга эга бўлган дея оламиз?

4 Биргаликда йиғилиб туриш, Яҳованинг хизматчилари учун ҳамиша муҳим аҳамиятга эга бўлган. Масалан, самодаги руҳий мавжудотлар Яҳованинг ҳузурида йиғилиб туришган (3 Шоҳ. 22:19; Аюб 1:6; 2:1; Дон. 7:10). Қадимги исроилликлар эса «эшитиб ўрганиш» мақсадида биргаликда йиғилишарди (Қонун. 31:10–12). Биринчи асрдаги яҳудийлар ҳам Муқаддас Ёзувларни ўқиш учун ибодатхоналарда йиғилишни одат тусига киритишганди (Луқо 4:16; Ҳавор. 15:21). Диққатга сазовор томони шундаки, масиҳийлар учун биргаликда йиғилиш, жамоат ташкил этилганидан бошлаб, ҳозиргача топинишнинг муҳим қисми бўлиб келяпти. Аллоҳнинг хизматчилари эканмиз, «севишга ва эзгу ишлар қилишга ундаш учун бир-биримиз ҳақимизда ўйлайлик». Дарҳақиқат, Яҳованинг куни «яқинлашиб қолганини кўриб турган эканмиз, бир-биримизга янада кўпроқ далда беришимиз» даркор (Иброн. 10:24, 25).

5. Жамоат учрашувларимизда қандай қилиб бир-биримизга далда бера оламиз?

5 Жамоатда бир-биримизга далда беришнинг муҳим бир усули, бу шарҳларимиздир. Масалан, хатбошилардаги саволларга жавоб беришимиз, оятларни қандай қўллашни айтиб беришимиз ва Муқаддас Китоб меъёрларини қўллашнинг афзал томонларини кўрсатиб беришимиз мумкин (Заб. 21:23; 39:10). Кўп йиллар мобайнида кексаю ёш биродару опа-сингилларимизнинг йиғилишларда бераётган самимий шарҳларини эшитиб анчагина далда олганмиз, шундай эмасми?!

6. Маънан фаол қолишимизга йиғилишларимиз қандай кўмаклашмоқда?

6 Аллоҳ билан ҳамқадам юришимиз учун биргаликда йиғилиб туришимизнинг яна қандайдир сабаби бормикин? Жамоат учрашувлари, туман ҳамда вилоят анжуманлари, ҳудудимиздаги қаршилик кўрсатган ёки эътибор бермаган кишиларга ваъз қилишда жасоратли бўлишимизга ёрдам беради (Ҳавор. 4:23, 31). Муқаддас Китоб асосида бошқалар билан суҳбатлашиш орқали имонимизни янада мустаҳкамлаймиз (Ҳавор. 15:32; Рим. 1:11, 12). Йиғилишлардаги таълим ва мулоқот орқали ҳозирги «ёмон кунларда» ҳақиқий қувонч ва далда оламиз (Заб. 93:12, 13). Етакчи кенгашнинг Маориф қўмитаси Яҳованинг ер юзидаги халқи таълим олиши учун маънавий дастурларни тайёрламоқда. Йилнинг ҳар ҳафтасида жамоатларимиз орқали бундай таълимни қабул қилаётганимиздан қанчалик миннатдор бўлсак арзийди!

7, 8. а) Жамоат учрашувларимизнинг асосий мақсади нима? б) Йиғилишлардан сиз қандай маънавий фойда топяпсиз?

7 Жамоат учрашувларининг, биз фойда олишимиздан ҳам муҳимроқ мақсади бор. Биргаликда йиғилишимизнинг асосий мақсади, Яҳовага топинишдир (Забур 94:6 ни ўқинг). Ажойиб Худойимизни улуғлаш нақадар катта шараф! (Колос. 3:16). Бунақа маънавий тадбирларда йиғилишга ташриф буюриш ва иштирок этиш орқали Яҳовага топинишимиз мумкин. Зотан фақатгина У бунга лойиқ (Ваҳ. 4:11). Шунинг учун ҳам «баъзиларнинг одатидек, йиғилишларимизни қолдирмаётганимиз» ажабланарли эмас! (Иброн. 10:25).

8 Жамоат учрашувларини, Яҳова бу ёвуз дунёга қарши чора кўрадиган пайтгача биз учун кўмак деб биляпмизми? Агар шундай бўлса, демак учрашувлар биз учун ҳаётдаги бошқа нарсалардан «муҳимроқ эканини» тушуняпмиз (Филип. 1:10). Ҳа, қандайдир жиддий бир нарса содир бўлсагина биродарларимиз билан биргаликда Яҳовага топина олмаслигимиз мумкин.

САМИМИЙ ИНСОНЛАРНИ ИЗЛАШ

9. Ваъзгўйлик иши муҳим эканини қаердан биламиз?

9 Ваъзгўйлик ишида тўла равишда иштирок  этиш ҳам Яҳованинг ташкилоти билан ҳамқадам юришга кўмаклашади. Исо ер юзида бўлганида бу фаолиятга асос солганди (Мат. 28:19, 20). Ўшандан бери Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ваъз қилиш ва шогирд тайёрлаш иши, Яҳова ташкилотининг самодаги ва ердаги қисмининг асосий мақсади бўлиб келяпти. Кўпгина замонавий мисоллар кўрсатиб турганидек, фаришталар ваъзгўйликда бизни қўллаб-қувватлаб, «мангу ҳаётга элтувчи ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлган» кишиларга бизни йўналтиришмоқда (Ҳавор. 13:48; Ваҳ. 14:6, 7). Яҳова ташкилотининг ердаги қисми ваъзгўйлик ишини ташкиллаштиради ва уни қўллаб-қувватлайди. Хизмат сизнинг ҳам ҳаётингизда муҳим аҳамиятга эгами?

10. а) Битта биродаримиз қандай қилиб ҳақиқатга бўлган муносабатини мустаҳкам сақлай олган? б) Хизмат қандай қилиб бўшашмаслигингизга кўмаклашади?

10 Хизматда ғайратли бўлсак, ҳақиқатга бўлган муносабатимиз ҳам мустаҳкамлигича қолади. Келинг, узоқ вақтдан бери оқсоқол ва доимий кашшоф бўлиб хизмат қилган биродаримиз Митчелнинг мана бу фикрига эътибор қаратайлик: «Мен одамларга ҳақиқат тўғрисида гапиришни яхши кўраман. Мен “Қўриқчи минораси” ва “Уйғонинг” журналларининг янги сонидаги ҳар бир мақола доно, чуқур маъноли ва ўта мувозанатли ёзилганига қойил қоламан. Хизматга чиққанимда қандай қилиб одамларнинг қизиқишини уйғота олишим мумкинлигини ва уларга бу қандай таъсир қилишини кўргим келади. Хизматим  туфайли имонда мустаҳкамман. Ниманидир режалаштирсам, буни ё хизматдан олдин, ёки хизматдан кейин бажаришга уринаман. Бу вақтни бошқа ҳеч нарсага ажратмайман». Шу каби биз ҳам агар муқаддас хизмат билан банд бўлсак, ушбу охирзамонда қатъий қоламиз (1 Коринфликларга 15:58 ни ўқинг).

МАЪНАВИЙ ОЗУҚАНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ

11. Яҳовадан қабул қилаётган маънавий озуқадан нима учун тўла равишда фойдаланишимиз керак?

11 Мустаҳкам бўлишимиз учун, Яҳова мўл-кўл даражада маънавий озуқа тақдим қилмоқда. Шубҳасизки, адабиётларни ўқиб бўлганингиздан сўнг шундай ўйлаб қолишингиз мумкин: «Бу айнан мен учун экан! Яҳова гўёки мен учун ёзгандек экан!» Бу тасодиф эмас. Бу адабиёт орқали Яҳова бизга керакли йўл-йўриқни беряпти. Зеро У шундай демоқда: «Сизларга Мен йўл кўрсатаман, юрадиган йўлларингизни ўргатаман» (Заб. 31:8). Барча адабиётларни ўқиб, устидан мулоҳаза юритяпмизми? Шундай йўл тутсак, бундан буён ҳам хизматда самарали бўлиб, маънан сўлиб қолмаймиз (Забур 1:1–3; 118:97 ни ўқинг).

12. Маънавий озуқани қадрлашимизга нима ёрдам беради?

12 Соғлом маънавий озуқани ўз вақтида олишимиз учун қанчадан-қанча меҳнат қилинаётгани борасида мулоҳаза қилиб кўрсак яхши бўларди. Етакчи кенгашнинг Муҳарририят қўмитаси тадқиқ олиб боради, ёзади, ўқийди, сурат ва расмларни саралайди ва таржима қилиб адабиёт тариқасида чоп этади ҳамда веб-сайтга жойлаштиради. Чоп этадиган филиаллар яқин ва узоқдаги жамоатларга адабиётлар жўнатишади. Сизнингча буларнинг бари нима учун қилиняпти? Буларнинг бари, Яҳованинг халқи мўл-кўл маънавий озуқага эга бўлиши учундир (Ишаё 65:13). Шундай экан келинг, Яҳованинг ташкилоти орқали келаётган барча маънавий озуқани қабул қилайлик (Заб. 118:27).

ЯҲОВАНИНГ ТАШКИЛОТИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

13, 14. Яҳованинг тузумини осмонда ким қўллаб-қувватламоқда ва биз ерда уни қандай қўллаб-қувватлай оламиз?

13 Ҳаворий Юҳанно кўрган ваҳийда, Исо оқ отга минган ва Яҳовага қарши чиққанлар билан жанг қилаётган экан (Ваҳ. 19:11–15). У шунингдек Исонинг орқасида, тирилиб самога кўтарилган мойланганларни ва отларда ўтирган садоқатли фаришталарни кўради. Бу, улар Исони Бош сифатида қўллаб-қувватлашаётганини кўрсатиб турибди (Ваҳ. 2:26, 27). Биз ҳам Яҳованинг ташкилотини қўллаб-қувватлашимиз учун бу ажойиб ўрнакдир.

14 Шу каби, буюк оломон аъзолари ҳам Масиҳнинг ер юзидаги мойланган биродарларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашмоқда (Закариё 8:23 ни ўқинг) *. Яҳованинг ушбу тузумини қўллаб-қувватлаётганимизни шахсан биз қандай кўрсата оламиз? Бунинг бир усули, масъулиятни зиммасига олганларга бўйсунишдир (Иброн. 13:7, 17). Буни ўз жамоатимиздан бошласак яхши бўларди. Улар ҳақда ва уларнинг нозирлик вазифалари тўғрисида ҳурмат ила гапиряпмизми? Фарзандларимизга ушбу садоқатли кишиларни ҳурмат қилишга ва уларнинг Муқаддас Китобга асосланган маслаҳатига қулоқ солишга ўргатяпмизми? Бундан ташқари, оила аъзоларимиз билан биргаликда умумжаҳон фаолиятни моддий нарсаларимиз билан қандай қўллаб-қувватлашимиз мумкинлиги борасида маслаҳатлашамизми? (Ҳик. 3:9; 1 Кор. 16:2; 2 Кор. 8:12). Йиғилиш Залини саранжом-саришта сақлашни шараф деб биламизми? Агар бундай ҳурмат ва бирлик бўлса, Яҳова Ўз руҳини бизга ёғдираверади. Бундай руҳ орқали, ушбу охирзамонда бўшашмаслигимизга кўмаклашадиган  ёрдамни олаверамиз (Ишаё 40:29–31).

ЯҲОВАНИНГ ИРОДАСИГА МУВОФИҚ ҲАЁТ КЕЧИРИШ

15. Яҳованинг иродасига мувофиқ ҳаёт кечириш учун нега ҳамиша кураш олиб боришимиз лозим?

15 Агар бардошли бўлишни ва Яҳованинг ташкилоти билан ҳамқадам юришни истасак, «Раббимизга нима маъқул эканига доимо ишонч ҳосил қилиб» яшашимиз лозим (Эфес. 5:10, 11). Номукаммаллигимиз, Шайтон ва унинг дунёси таъсири туфайли, ҳамиша ҳаётда салбий нарсалар билан курашишимизга тўғри келади. Сиз азиз биродару опа-сингиллар ҳам, Яҳова билан муносабатни сақлаб қолиш учун ҳар куни бундай кураш олиб боряпсиз. Яҳова эса, бундай ҳаракатларингизни жуда қадрлайди. Ҳечам бўш келманг! Яҳованинг иродасига мувофиқ ҳаёт кечириш улкан мамнуният келтиради ҳамда топинишимиз бефойда бўлмайди (1 Кор. 9:24–27).

Бошқаларга Яҳованинг улкан ташкилотининг бир қисми бўлиб, уни қадрлашга кўмаклашинг

16, 17. а) Мабодо жиддий гуноҳ содир этиб қўйсак нима қилишимиз керак? б) Аннанинг мисолидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

16 Мабодо жиддий гуноҳ содир этиб қўйсак нима қилишимиз керак? Бундай пайтда ёрдам излаш лозим. Гуноҳни яшириб юриш, аҳволни янада ёмонлаштиради, холос. Довуд гуноҳини яширган пайтда нималарни ҳис қилгани ҳақида қуйидагиларни айтганди: «Танам қоқ суяк бўлиб қолганди, кун бўйи оҳ-воҳ қилиб чиқардим» (Заб. 31:3). Ҳа, гуноҳини сир сақлаб юрган киши, ҳиссан ва маънан бўшашиб қолади, аммо «уларни тан олиб, воз кечган марҳамат топади» (Ҳик. 28:13).

17 Келинг Аннанинг мисолини кўриб чиқайлик *. У ўсмирлик чоғида доимий кашшоф бўлиб хизмат қилган. Шу билан биргаликда, икки хил ҳаёт тарзини кечирарди. Бу унга яхшигина таъсир қилди. Ўзи бу ҳақда шундай фикр билдирди: «Мени виждоним қийнай бошлади. Ҳар вақт ўзимни бахтсиз ҳис қилар ва тушкун аҳволда юрардим». Хўш, у нима қилган экан? Унинг айтишича, бир куни жамоат учрашувида Ёқуб 5:14, 15 муҳокама қилинибди. Анна ёрдамга муҳтож эканини тушунибди ва оқсоқолларга мурожаат қилибди. Ортга назар ташлаб у шундай деди: «Ўша оятлар Яҳовадан маънавий шифо бўлди. Дори ёқимсиз бўлиши мумкин, аммо у шифо беради. Мен Муқаддас Ёзувлардаги маслаҳатга қулоқ солдим ва бу яхши самара келтирди». Бир неча йил ўтиб, Анна яна кучга тўлди ҳамда Яҳовага ғайрат ила ва тоза виждон билан хизмат қилмоқда.

18. Нима қилишга қароримиз қатъий бўлиши лозим?

18 Ушбу охирзамонда яшаш ва Яҳованинг улкан ташкилотининг бир қисми бўлиш катта шарафдир! Шундай экан келинг, бизга ҳадя қилинган нарсаларни ҳеч қачон йўқотмасликка қатъий қарор қилайлик. Бунинг ўрнига оила аъзоларимиз билан биргаликда топиниш учун мунтазам равишда йиғилишларга қатнайлик, ҳудудимиздаги самимий инсонларни излайлик ва маънавий озуқадан мунтазам фойдаланайлик. Шунингдек, масъулиятни зиммасига олганларни қўллаб-қувватлайлик ва Яҳованинг иродасига мувофиқ ҳаёт кечирайлик. Агар шундай йўл тутсак, нафақат Яҳованинг ташкилоти билан ҳамқадам юрамиз, балки ҳеч қачон яхшилик қилишдан безмаймиз!

^ 14- х.б. Закариё 8:23: «Ўша кунларда турли тилларда гапирувчи халқлардан келган ўн киши бир яҳудийни ушлаб олади. Унинг кийимидан маҳкам тутади-да, унга: “Биз сен билан борайлик. Ахир, биз Худо сизлар билан эканлигини эшитдик”, деб айтишади».

^ 17- х.б. Исм ўзгартирилган.