Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) АПРЕЛЬ 2013

 ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Шимолий қутбий доира яқинида эллик йил тўла вақтли хизмат

Шимолий қутбий доира яқинида эллик йил тўла вақтли хизмат

Тўла вақтли хизмат қилаётган дугонамизга бир куни: «Ота-онангиз ҳақиқатда бўлгани ва қўллаб-қувватлашгани учун сизга кашшоф бўлиш осон»,— деб айтдик. У эса: «Менга қаранг, Ҳаммамизнинг Отамиз бир-ку!» — деб жавоб берди. Унинг гапида жон бор эди, чунки осмондаги Отамиз Ўз хизматчиларига ғамхўрлик қилиб куч беради. Дарҳақиқат, бизнинг ҳаётимиз ҳам бунинг яққол исботидир.

 БИЗ Финляндиянинг Шимолий Остроботниядаги фермерлар оиласида туғилганмиз. Оилада ўнта фарзанд эдик. Иккинчи жаҳон уруши болалигимизга қаттиқ таъсир қилган. Гарчи биз жанг майдонидан анча узоқда яшаган бўлсак ҳам, уруш даҳшатлари бизда чуқур таассурот қолдирган. Оулу ва Калайоки яқинидаги шаҳарлар яксон қилинганида, кечаси осмонда қизил нурни кўрганмиз. Тепамизда ҳарбий самолётлар учаётганини пайқагач, ота-онамиз бизни бекинишга ундашган. Ўшанда акамиз Тауно яқинда адолатсизликка чек қўйилиши ва ер юзида жаннат бўлиши ҳақида айтганида таъсирланиб кетганмиз.

Тауно 14 ёшида ҳақиқатни Муқаддас Китоб Тадқиқотчиларининг адабиётларидан ўрганган. Иккинчи жаҳон уруши қизиган пайтда у Муқаддас Китоб бўйича тарбияланган виждони асосида ҳарбий хизматдан бош тортгани учун қамоққа тушган. У ерда унга қўпол муносабатда бўлишган. Бироқ бу унинг Яҳовага хизмат қилиш қарорини мустаҳкамлаб, озод этилганидан кейин ҳам хизматда янада ғайратли бўлишига ёрдам берган. Акамизнинг ўрнаги бизни қўшни қишлоқдаги Яҳова Шоҳидларининг йиғилишларига боришга ундаган. Анжуманларга бориш мақсадида етарлича пул тўплаш учун кўп ҳаракат қилишимиз керак бўлса ҳам, биз уларни қолдирмаганмиз. Биз пиёз ўстирардик, реза мевалар терардик ва қўшниларимиз учун кийим тикардик. Фермамизда иш кўп бўлгани боис анжуманларга навбатма-навбат борардик.

Чап тарафдан: Матти (ота), Тауно, Сайми, Мария Эмилия (она), Вейне (чақалоқ), Аили ва Анникки 1935- йилда

Тангри Яҳова ҳамда Унинг ниятлари тўғрисида билиб олган ҳақиқатлар Унга бўлган севгимизни кучайтирган. Натижада ҳаётимизни Унга бағишлашга қарор қилганмиз. 1947- йилда иккаламиз, Анникки 15 ёшда, Аили эса 17 ёшда ҳаётимизни Худога бағишлаш рамзи сифатида сувга чўмганмиз. Опамиз Сайми ҳам ўша йили сувга чўмган. Турмушга чиққан опамиз Линеа билан ҳам Муқаддас Китобни тадқиқ қилганмиз. У ва унинг оиласи Яҳованинг Шоҳидлари бўлишди. Сувга чўмганимиздан кейин вақти-вақти билан кўмакчи кашшоф сифатида хизмат қилишга интилганмиз.

ТЎЛА ВАҚТЛИ ХИЗМАТНИ БОШЛАШ

Чап тарафдан: Ева Калио, Саими Маттила-Суржеле, Аили, Анникки ва Сара Нопонен 1949- йилда

1955-йилда биз узоқ шимолда жойлашган Кеми шаҳрига кўчиб ўтганмиз. Иккаламиз кун бўйи ишлашимизга қарамай, кашшоф бўлишни истардик. Аммо ўзимизни таъминлай олмаслигимиздан ташвишланиб, озгина пул тўплашимиз керак, деб ўйлардик. Айнан ўшанда биз ҳалиги кашшоф дугонамиз билан суҳбатлашгандик. Бу бизга Яҳовага тўла вақтли хизмат қилишда фақатгина ўз маблағларимизга ёки оиламизнинг қўллаб-қувватлашига эмас, балки осмондаги Отамизга таянишимиз муҳимроқ эканини тушунишга ёрдам берди.

1952- йилда Куопиодаги анжуманга кетаётганда. Чап тарафдан: Анникки, Аили, Ева Каллио

Ўша пайтда ўзимизни икки ой давомида таъминлаш учун етарлича пулимиз бор эди. Шунинг учун 1957- йили май ойида Шимолий қутбий доирадан тепароқда жойлашган Лапландиянинг Пелло шаҳарчасида икки ой кашшоф  бўлиб хизмат қилишга ариза тўлдирдик. Икки ойдан кейин тўпланган маблағларимиз ҳалиям қолган эди. Шу туфайли биз яна икки ой кашшоф сифатида хизмат қилдик. Яна икки ой ўтиб йиғиб қўйган пулимиздан қолди. Бундан Яҳова бизга ғамхўрлик қилишига амин бўлдик. 50 йил кашшоф бўлиб хизмат қилганимиздан кейин ҳам тўпланган пулимиз сақланиб қолган! Ўтмишга боқиб, Яҳова худди қўлимиздан ушлаб: «Қўрқма, Ўзим ёрдамга келаман»,— деяётганини ҳис қиляпмиз (Ишаё 41:13).

50 йил кашшоф бўлиб хизмат қилганимиздан кейин ҳам тўпланган пулимиз сақланиб қолган!

Кайсу Рейко ва Аили ваъзгўйлик хизматида

1958- йили туман нозири бизга Лапландиянинг Соданкюля шаҳрида махсус кашшоф бўлиб хизмат қилишни таклиф этган. Ўша пайтда у ерда атиги битта Яҳованинг Шоҳиди бор эди. У ҳақиқатни ажойиб тарзда билиб олган. Унинг ўғли синфдошлари билан Финляндиянинг пойтахти Хельсинкига саёҳатга боришган. Улар шаҳар бўйлаб сайр қилишаётганда, ёши катта опамиз унга «Қўриқчи минораси»нинг битта сонини қўлига тутқазиб, буни ойисига беришини айтган. У худди шундай йўл тутган ва унинг онаси ўша заҳотиёқ ҳақиқатни қабул қилган.

Сўнг биз тахта тилиш заводидан тепароқда жойлашган хонани ижарага олганмиз. Ўша жойда йиғилишлар ўтказганмиз. Бошида у ерга фақат иккаламиз ҳамда ўша ерда яшайдиган бир опамиз қизи билан келарди. Тадқиқ қилинаётган адабиётларни биргаликда ўқиганмиз. Яҳованинг Шоҳидлари билан бирга Муқаддас Китобни тадқиқ қилган бир киши кейинчалик, ўша заводга ишга кирган. У оиласи билан бирга гуруҳимизга қўшилган. Вақт ўтиб, у ва унинг хотини сувга чўмишди. Бу биродар йиғилишларимизни олиб борарди. Қолаверса, заводда ишлаган баъзи бошқа эркаклар ҳам йиғилишларимизга қатнашни бошлаб, ҳақиқатни қабул қилишди. Бир неча йиллар ўтиб, гуруҳимиз жамоатга айланди.

ҚИЙИН ШАРОИТЛАР

Узоқ масофалар ваъзгўйлик ишимизга қийинчилик туғдирарди. Ёз кунлари ҳудудимиздаги одамларнинг олдига яёв, велосипедда ҳамда қайиқда борардик. Айниқса анжуманларга ва узоқроқда яшайдиган ота-онамизни кўриш учун борганимизда велосипедлар бизга анча асқатган. Қиш пайтида қишлоққа бориш учун эрталаб автобусга чиқардик ва кейин битта уйдан иккинчисигача пиёда юрардик. Битта қишлоқни айланиб бўлгач, кейингисига ўтардик. Қор қалин эди ва йўллар ҳар доим ҳам тоза бўлмасди. Кўпинча извошларнинг қорда қолган излари бўйича юрардик. Баъзи пайтларда бу изларни қор қопларди. Эрта баҳорда эса қор момиқ ва хўл бўлгани сабабли юриш жуда қийин кечарди.

Қишнинг совуқ кунида бирга ваъзгўйлик хизматида

 Қишнинг совуқ об-ҳавоси бизни иссиқ кийинишга ўргатди. Биз этик ичидан қалин чулки ва бир нечта жун пайпоқ киярдик. Шунда ҳам этикларимизнинг ичига қор кирарди. Уйга келиб, этикларимизни ечганимизда ундаги қорни қоқиб ташлардик. Биз қордан кетаётганимизда ҳатто узун қишки пальтоимизнинг этаклари ҳам нам бўларди. Қаҳратон совуқ бўлганда этакларимиз музлаб, совуқдан қотиб қолардик. Битта хонадон эгаси шундай деганди: «Ўз хоҳишингиз билан бундай об-ҳавода кўчада ваъз қилаётганингиз, имонингиз кучли эканидан далолат беряпти». Биз ўша уйгача 11 километрдан ошиқ йўл юрганмиз.

Масофа узоқ бўлгани учун биз кеч киргач тунашга жой сўраб одамларникида тунаб қолардик. Уларнинг уйлари оддий, ўзлари эса меҳрибон ва меҳмондўст бўлиб, бизга нафақат ухлашга жой, балки овқат ҳам беришарди. Шимол кийигининг, буғунинг ва ҳатто айиқнинг териси кўпинча бизга каравот сифатида хизмат қиларди. Гоҳида биз оз қулайликларга ҳам хурсанд бўлардик. Масалан, катта уйда яшайдиган бир аёл бизни меҳмонхонасига олиб кирганда, у ерда бизга кашта билан безатилган оппоқ ва тоза чойшаб тўшалган каравотни ясатиб қўйган экан. Биз кўп марта уй эгалари билан Муқаддас Китобни кечгача ўтириб муҳокама қилардик. Шундай уй эгаларидан бири бўлган бир жуфтлик бизга хонада жой ажратиб, ўзлари эса хонанинг бошқа томонида ухлашган. Биз улар билан эрталабгача Муқаддас Китоб асосида суҳбатлашиб чиқардик. Ўша эру хотин галма-галдан кўп саволлар беришарди.

МУКОФОТЛАНГАН ХИЗМАТ

Лапландия обод қилинмаганлигига қарамай, гўзал мамлакат бўлиб, ҳар фаслининг ҳусн-латофати бор. Биз учун эса Яҳовани таниб-билган ўша ерлик одамлар янада гўзал бўлган. Биз ваъз қилган самимий одамлар орасида Лапландияга яшашга келган ёғоч кесувчилар ҳам бор эди. Баъзида иккаламиз уларнинг уйига кирганимизда, битта уйда кўп эркаклар ўтиришган бўларди. Ушбу бақувват кишилар Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни ва адабиётларни қувонч ила қабул қилишган.

Бизда кўп қизиқарли ҳодисалар рўй берган. Бир куни бекатдаги соат беш дақиқа олдин бўлгани учун биз автобусга кеч қолдик. Шунда ўзга қишлоққа бориш мақсадида бошқа автобусга чиқдик. Ушбу ҳудудда биз илгари умуман ваъз қилмаган эдик. Биринчи уйга етиб келишимиз биланоқ ёш бир аёл бизга: «Келинглар қизлар, сизларни кутаётгандим»,— деди. Кейин билсак, биз унинг опаси билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошлаганмиз. Бу ёш аёл опасидан бизни айнан ўша куни келишимизни илтимос қилган экан. Бироқ биз бундан бехабар эдик. Сўнг у ва қўшни уйда яшаётган қариндошлари Муқаддас Китобни тадқиқ қила бошлашди. Унча кўп вақт ўтмай биз бу барча тадқиқларни бирлаштирдик. Ўша пайтдан бери бу оила аъзоларининг кўпчилиги Яҳованинг Шоҳидлари бўлиб хизмат қилишяпти.

 1965- йилда бизни Шимолий қутбий доирадан сал пастроқда жойлашган Кусамодаги ҳозирги жамоатимизга тайинлашди. Ўша пайтда бу жамоат фақатгина бир нечта ваъзгўйдан иборат бўлган. Бошида ҳудудимизда ваъз қилиш қийиндек туюларди. Одамлар жудаям художўй бўлиб, биз ҳақимизда нотўғри фикрда бўлишган. Шундай бўлса-да, кўпчилик Муқаддас Китобни ҳурмат қиларди. Бу бизга улар билан суҳбат қуришимизга замин яратарди. Биз ҳудудимиздаги одамлар билан аста-секин танишишга ҳаракат қилдик ва тахминан икки йилдан сўнг Муқаддас Китоб тадқиқларини бошлаш осон кечди.

ҲАЛИЯМ ХИЗМАТДА ФАОЛМИЗ

Биз тадқиқ ўтган баъзи кишилар

Бугунги кунда ваъзгўйликка бутун кунимизни сарфлашга кучимиз етмаса-да, деярли ҳар куни хизматга чиқамиз. Аили машина ҳайдашни ўрганганидан кейин катта ҳудудимизда одамларга хушхабарни айтиш осон кечди. Уни машина ҳайдаш бўйича дарсларни олишга жиянимиз ундаган ва у 1987- йили 56 ёшида ҳайдовчилик гувоҳномасини олган. Бундан ташқари, янги Йиғилиш Зали қурилганда, биз унга қўшилган хонага кўчдик ва бу бизга анча ёрдам берди.

Ўзимиз эккан ҳақиқат уруғларининг ўсиши бизга катта қувонч келтиряпти. Шимолий Финляндияда тўла вақтли хизматимизни бошлаганимизда, ўша катта ҳудудда ваъзгўйлар кам бўлиб, ҳар хил жойларда яшашган эди. Энди эса бир нечта жамоат битта туманни ташкил қиляпти. Кўпинча анжуманларда кимдир олдимизга келиб, ўзини таништириб: «Мени танидингизми?» — деб сўрайди. Баъзилари билан улар кичкина бўлишганда Муқаддас Китоб тадқиқини уйларида ўтгандик. Анча йил олдин эккан уруғимиз ўз мевасини берди! (1 Кор. 3:6).

Ёмғирли кунларда ҳам хизматдан қувонч топганмиз

Махсус кашшоф бўлиб хизмат қилганимизга 2008- йилда 50 йил бўлди. Яҳованинг ишида бардошли бўлишимиз ҳамда бир-биримизни қўллаб-қувватлай олганимиз учун Яҳовадан миннатдормиз. Ҳаётимиз оддий бўлган, лекин биз ҳеч нарсада муҳтож бўлмаганмиз (Заб. 22:1). Бошида бизда пайдо бўлган шубҳалар тарқалиб кетди! Ҳа, шу йиллар давомида Яҳова бизни мустаҳкамлаб, Ишаё 41:10 даги: «Сенга куч бераман, Ўзим ёрдамга келаман, ғолиб ўнг қўлим билан сени қўллайман»,— деган ваъдасига кўра йўл тутди.