Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) АПРЕЛЬ 2013

Муқаддас Китобни ўқишдан тўла фойда олинг

Муқаддас Китобни ўқишдан тўла фойда олинг

Қалбимда Аллоҳнинг қонунидан завқ оламан. РИМ. 7:22

1–3. Муқаддас Китобни ўқишдан ва уни амалда тадбиқ қилишдан қандай фойда олишимиз мумкин?

«ЯҲОВА менга Муқаддас Китобни тушунишга ёрдам бераётгани учун ҳар тонг Унга миннатдорчилик билдираман». Бу сўзларни ёши катта опамиз ёзган. У Муқаддас Китобни бошдан охиригача 40 мартадан ҳам кўпроқ ўқиган ва ҳали ҳам ўқиб келмоқда. Ёш синглимизнинг ёзишича, Муқаддас Китобни ўқиш, унга Яҳова Таоло мавжуд шахс эканини кўришга ёрдам берган. Натижада у самовий Отамизга янада яқин бўлди. У қўшимча қилиб, шундай деди: «Мен ҳеч қачон бундай бахтли бўлмаганман!»

2 Ҳаворий Бутрус барчани: «Янги туғилган чақалоқ соф сутни тусаганидек, сизлар ҳам Аллоҳнинг каломига бўлган севгингизни ривожлантиринглар»,— деб ундаган эди (1 Бутр. 2:2). Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш ва унинг таълимотларини қўллаш орқали, маънавий эҳтиёжини қондирган кишилар, тоза виждонга эга бўлиб, ҳаётлари мазмунли бўлади. Улар шунингдек ҳақ Худони севиб, Унга хизмат қилаётганлар билан қалин дўстликни ривожлантиришади. Санаб ўтилганларнинг барчаси, «Аллоҳнинг қонунидан завқ олишга» асосли сабаб бўла олади (Рим. 7:22). Бироқ бунинг фойдали томонлари жуда кўп. Уларнинг баъзиларини кўриб чиқайлик.

3 Яҳова ҳамда Унинг Ўғли ҳақида кўпроқ билим олганингиз сайин, уларга ҳамда атрофдаги инсонларга бўлган севгингиз ошаверади. Аниқ билимларга эга бўлаверсангиз, яқин орада Худованд итоаткор кишиларни қандай қилиб сўниб бораётган дунёдан халос қилишини тушуниб оласиз. Сиз инсонлар билан бўлишаётган хабар, хушхабар дейилади. Шундай экан, Худонинг Каломини ўқиш натижасида олган билимларни бошқалар билан бўлишсангиз, Яҳова устингизга қут-баракалар ёғдиради.

ЎҚИНГ ВА ФИКР ЮРИТИНГ

4. Муқаддас Китобни ўқиганда «фикр юритиш» нимани ўз ичига олади?

4 Яҳова, Унинг хизматчилари Муқаддас Китобни ўқиганида шунчаки кўз югуртириб чиқишларини хоҳламайди. У қадимги хизматчиси Ёшуага шундай деган эди: «Таврот  китобида ёзилганлар тилингдан тушмасин, уларни битта қолдирмай бажаришинг учун кечаю кундуз улар ҳақида фикр юритгин» (Ёшуа 1:8; Заб. 1:2). Ушбу оятдан хулоса қиладиган бўлсак, Муқаддас Китобни бошдан охиригача овоз чиқариб ёки пичирлаб ўқиш керакми? Йўқ. Бу, маълумот устидан фикр юритиш учун секинроқ ўқиш кераклигини билдиради. Шундагина ўзингиз учун фойдали бўлган, далда берувчи оятларга диққатли бўла оласиз. Руҳлантирувчи бирор бир гап ёки ҳикояни топганингизда, уни шошилмасдан ўқинг, эҳтимол ҳатто сўзларини дона-дона қилиб талаффуз этинг. Натижада ўқилган маълумот қалбингизга муҳрланиб қолади. Нега бундай қилиш керак? Чунки Худо берган маслаҳатни тушуниб олсангиз, сизда шу маслаҳатни амалда қўллаш учун кучли истак пайдо бўлади.

5–7. Қандай қилиб Худонинг Каломи устидан фикр юритиб ўқиш: а) ахлоқан пок қолишингизга кўмаклашади; б) бошқаларга сабр-тоқат ва меҳрибонлик билан муомала қилишингизга ҳисса қўшади; в) қийин пайтларда Яҳовага таянишингизга ёрдам беради?

5 Муқаддас Китобдаги сизга нотаниш бўлган китобларни ўқиётганда мулоҳаза юритиш жуда фойдали. Мисол тариқасида учта тахминий вазиятни кўриб чиқайлик. Биринчи вазиятда ёш биродаримиз ўзининг жадвали бўйича Хўшея пайғамбарнинг башоратини ўқимоқчи. Тўртинчи бобнинг 11 дан 13 гача оятларини ўқиб бўлгач, бироз тўхтаб фикр юрита бошлайди (Ҳўшея 4:13 ни ўқинг) *. Нега? Чунки мактабдаги ахлоқсизликни кўриш осон бўлмаган ва у шундай йўл тутмаслик учун курашяпти. Айнан шу учун бу оятлар унинг эътиборини ўзига жалб қилди. Биродаримиз оятлар устидан фикр юритиб, шундай деб ўйлай бошлайди: «Одамлар яширинча ёмон ишга қўл урса ҳам, Яҳова ҳаммасини кўради. Мен Уни хафа қилишни истамайман». У Аллоҳнинг назарида ахлоқан пок қолишга қарор қилади.

6 Иккинчи тахминий вазиятда эрли бир имондошимиз Йўэл пайғамбарнинг башоратини ўқиётиб, 2- бобнинг 13- оятига келиб қолади (Йўэл 2:13 ни ўқинг) *. Бу оятни ўйга чўмган ҳолда ўқиётганида «иноятли, раҳмдил, жаҳли тез чиқмайдиган, содиқ севгиси мўл» бўлган Тангри Яҳовага қандай тақлид қилиши мумкинлиги ҳақида ўйлай бошлайди. У турмуш ўртоғи ва бошқалар билан суҳбатлашганда гоҳида кесатиб гапирарди, дилни оғритадиган сўзларни айтарди. Бу оятни ўқиб мулоҳаза юритгач, бундай қилмасликка қарор қилади.

7 Учинчи тахминий вазиятда оила боши ишини йўқотган. У хотиним ва бола-чақамни қандай боқаман, деб ташвишланяпти. Нохум 1:7 ни мулоҳаза юритиб ўқиганида, Яҳова Унда «паноҳ топганларни» билишини ва «кулфат кунида қўрғон» сингари ҳимоя қилишини билиб олади. Бу фикрлар унинг кўнглини хотиржам қилади. Оила боши Яҳованинг ғамхўрлигини ҳис қилиб, ҳаддан ташқари ташвишланмайдиган бўлади. Сўнг, у 15- оят устидан фикр юрита бошлайди (Нохум 1:15 ни ўқинг) *. Биродаримиз, агар қийин пайтларда ҳам хушхабарни ваъз қилсам, Яҳовани ўз қўрғоним деб билганимни кўрсатаман, деган хулосага келади. У иш излаётган бўлса-да, ҳафта ўртасида ваъзгўйликка чиқади.

8. Муқаддас Китобни ўқиш пайтида қанақа қимматбаҳо хазиналар топганингизни қисқача айтиб беринг.

8 Юқорида келтирилган Муқаддас Китоб оятларининг айримларини тушуниш қийин бўлиши мумкин. Ҳўшея, Йўэл ва Нохум китобларини билим олиш мақсадида ўрганиб чиқсангиз, сизда бошқа оятларни ҳам фикр юритиб ўқиш истаги пайдо бўлади. Ушбу пайғамбарларнинг китоблари тасалли ва ҳикматга нақадар бой эканини бир тасаввур қилинг-а! Хўш, тўлиқ Муқаддас Китобни ўқиш ҳақида нима дейсиз?! Худонинг Каломини олмос конига ўхшатса бўлади. Бу конда ишлаш самарали. Муқаддас Китобни ўқиётганда ундан қимматбаҳо тошларни, яъни насиҳатларни ва далдали сўзларни топишни ўз олдингизга мақсад қилиб қўйинг.

 ТУШУНИШГА ИНТИЛИНГ

9. Худонинг иродаси борасида тушунчамизни қандай кенгайтиришимиз мумкин?

9 Ҳар куни Муқаддас Китобдан бир парча ўқиш муҳим экан, ўқиганларингизни тушуниб, мағзини чақишни ҳам истаётгандирсиз. Унда одамларнинг келиб чиқиши, жойлар ва ҳодисалар ҳақида ўқиганингизда ташкилотимиз адабиётларидан фойдаланинг. Агар Муқаддас Китобдаги муайян таълимотни ҳаётингизда қандай қўллаш мумкинлигини билмаётган бўлсангиз, жамоат оқсоқоли ёки бошқа маънан етук имондошингиздан бу ҳақда сўранг. Тушунчамизни кенгайтириш қанчалик муҳим эканини биринчи асрда яшаган ва тушунчасини кенгайтиришга интилган бир кишининг мисоли кўрсатади. Унинг исми Аполлос эди.

10, 11. а) Аполлос хушхабар воизи бўлишда маҳоратини қандай оширди? б) Аполлос ҳақидаги воқеадан ўзимиз учун қандай сабоқ олишимиз мумкин? («Сиз билган таълимотлар эскириб қолмаганми? номли рамкага қ.»)

10 Аполлос масиҳийликни қабул қилган яҳудий бўлиб, «Муқаддас Ёзувларни яхши биладиган», «кўтаринки руҳга» эга бўлган киши эди. Ҳаворийлар китобида у ҳақда шундай дейилган: «Исо ҳақида тўғри гапириб, таълим бериб юрарди. Лекин у фақат Яҳё пайғамбарнинг сувга чўмдириши борасида билимга эга эди». Ўзи тушунмаган ҳолда Аполлос сувга чўмиш борасида эскирган таълимотни ўргатиб юрарди. Эфесда таълим бериб юрганида, унинг сўзларини эшитган Акила билан Прискилла «Аллоҳнинг йўлини аниқроқ тушунтириб беришди» (Ҳавор. 18:24–26). Бу Аполлосга қандай фойда келтирди?

11 Эфесда ваъз қилгач, Аполлос Ахаяга йўл олди. «У ерга бориб, Тангрининг инояти билан имон топганларга катта ёрдам кўрсатди. Зеро у, Исонинг Масиҳ эканини Муқаддас Ёзувлардан кўрсатиб, яҳудийларнинг ноҳақлигини ҳамманинг кўзи олдида ғайрат билан исботлар эди» (Ҳавор. 18:27, 28). Шу вақтдан эътиборан, Аполлос сувга чўмишнинг маъносини тўғри тушунтира оладиган бўлди. Тушунчаси кенгайгач, у янгилар маънан ўсишига «катта ёрдам» кўрсатди. Бу воқеадан ўзимиз учун  қандай сабоқ олишимиз мумкин? Аполлос сингари бизлар ҳам Муқаддас Китобдан ўқиганларимизни тушунишга интиламиз. Бироқ тажрибали имондошимиз таълим беришнинг янада самарали йўлини бизга кўрсатса, биз камтарлик ва миннатдорчилик билан унинг ёрдамини қабул қиламиз. Бундай йўл тутсак, муқаддас хизматимизнинг сифатини яхшилаган бўламиз.

БОШҚАЛАРГА ЁРДАМ БЕРИНГ

12, 13. Муқаддас Китобни ўрганаётган киши маънан ўсиши учун, қандай қилиб оятлардан моҳирлик билан фойдаланиш мумкин?

12 Акила, Прискилла ва Аполлос каби биз ҳам бошқаларга ёрдам беришимиз мумкин. Сизнинг ундовингиз билан қизиқувчи киши маънан ўсишига халақит бераётган тўсиқни енгиб ўтса, нималарни ҳис этасиз? Оқсоқол бўлсангиз, берган маслаҳатингиз имондошингизга қийин дамда ёрдам берган бўлса ва бу учун у сизга миннатдорчилик билдирса, қалбингизда қанақа туйғулар пайдо бўлади? Шубҳасиз, Худо Каломининг ёрдами билан бошқаларнинг ҳаёти яхшиланса, бу кишига мамнуният ва қувонч бахш этади *. Бу мақсадга қандай эришиш мумкинлиги ҳақида сиз ҳам ўйлаб кўринг.

13 Илёс пайғамбар давридаги исроилликларнинг аксарияти, ҳақ топинишни ёки сохта топинишни танлаш керак бўлганида иккиланиб қолишган. Илёснинг уларга берган маслаҳати, иккилангани дастидан маънан ўсишга интилмаётган кишига ёрдам беради (3 Шоҳлар 18:21 ни ўқинг). Бошқа бир вазиятни кўз олдимизга келтирайлик: қизиқувчи киши дўстлари ёки оила аъзоларининг муносабатидан қўрқяпти. Шунда Ишаё 51:12, 13 (ўқинг) * устидан у билан мулоҳаза юритиб, унинг Яҳовага топиниш қарорини мустаҳкамлашингиз мумкин.

14. Бошқаларга ёрдам бермоқчи бўлсангиз, керакли оятни эслашингизга нима ёрдам беради?

14 Муқаддас Китобда далда берувчи, тузатувчи ёки кишини мустаҳкамловчи сўзлар кўп. Лекин сизда: «Керакли оятни қандай топа оламан?» — деган савол туғилиши мумкин. Ҳар куни Муқаддас Китобни ўқиб, Худонинг фикрлари устидан мулоҳаза юритинг. Шу тариқа, илоҳий фикрлар заҳирасини тўлдириб бораверасиз. Фурсат етганда эса Яҳованинг руҳи уларни эслашга ёрдам беради (Марк 13:11; Юҳанно 14:26 ни ўқинг) *.

15. Худо Каломини янада яхшироқ тушунишингизга нима кўмаклашади?

15 Шоҳ Сулаймондан ўрнак олиб, ташкилотдаги вазифаларни бажариш учун донолик сўраб Яҳовага ибодат қилинг (2 Сол. 1:7–10). Қадимги пайғамбарлар «тиришқоқлик билан қилган изланишлари ва синчковлик билан ўтказган тадқиқотлари» туфайли Яҳова ҳамда Унинг иродаси ҳақида аниқ билимга эга бўлишган (1 Бутр. 1:10–12). Ҳаворий Павлус Тимўтийни «имон сўзлари» ҳамда «аъло таълимот» билан озиқланишга чорлаган (1 Тим. 4:6). Сиз ҳам шундай йўл тутсангиз, бошқаларга маънан ёрдам бериш имкониятига эга бўласиз. Шу билан биргаликда ўз имонингизни ҳам мустаҳкамлайсиз.

ХУДО КАЛОМИГА АСОСЛАНГАН ИШОНЧЛИ ҲИМОЯ

16. а) «Муқаддас Ёзувларни кунда синчковлик билан ўрганиш», верияликларга қандай фойда келтирган? б) Муқаддас Китобни кунда ўқишнинг биз учун қандай фойдаси бор?

16 Македониянинг Верия шаҳрида яшаган яҳудийларнинг «Муқаддас Ёзувларни кунда синчковлик билан ўрганиш» одати бўлган. Павлус яҳудийларга хушхабарни ваъз қилганида, улар унинг сўзларини Муқаддас Ёзувлардан  билиб олганлари билан солиштиришган. Бу қандай натижа берган? Кўплар Павлус айтган сўзлар ҳақиқат эканига ишонч ҳосил қилиб, «Исонинг издоши бўлишди» (Ҳавор. 17:10–12). Ушбу воқеадан кўриниб турганидек, Муқаддас Китобни ҳар куни ўқиш, Яҳовага бўлган имонимиз кучли бўлишига ёрдам беради. Агар Аллоҳнинг янги дунёсида яшашни хоҳласак, мустаҳкам имонга эга бўлишимиз керак (Иброн. 11:1).

17, 18. а) Кучли имон ва севги масиҳийнинг рамзий юрагини қандай асрашиши мумкин? б) Қандай қилиб умид бизни хавф-хатарлардан асрайди?

17 Павлус, барчамиз имон, севги ва умидга эга бўлишимиз муҳимлигини қуйидагича тушунтирди: «Биз кундузга тегишли бўлганлар, келинглар, ҳушёрликни сақлаб, имон ва муҳаббат совутини, нажот умидини дубулғадек кийиб юрайлик» (1 Салон. 5:8). Аскар юрагини душмандан ҳимоялаши лозим бўлганидек, масиҳий ҳам рамзий юрагини кучли душман бўлмиш гуноҳдан ўзини асраши керак. Агар Худонинг хизматчиси Яҳовани ва ўзгаларни севиб, Унинг ваъдаларига қаттиқ ишонса, бу қандай натижа беради? Бундай киши юқори сифатли совутни кийиб олган бўлади. Шунда Худонинг марҳаматидан маҳрум бўлмайди.

18 Павлус шунингдек «нажот умидини дубулғадек» кийиш ҳақида айтиб ўтган эди. Қадимда аскар бошига дубулға киймаса, жангда ҳалок бўлиши ҳеч гап эмас. Дубулға унинг бошини турли зарбалардан асрарди ва унга жиддий зиён етказилмасди. Биз ҳам Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш орқали Яҳова барчамизни қутқаришига бўлган умидимиз янада мустаҳкам бўлади. Бундай умид эса муртадликка ва уларнинг «яра» сингари сўзларига қарши тура оламиз (2 Тим. 2:16–19). Умидимиз имонимизни мустаҳкамлаб, Яҳова қоралаган хулқ-атвордан асрайди.

МУҚАДДАС КИТОБНИ ЎҚИШ ТИРИК ҚОЛИШИМИЗ УЧУН МУҲИМ

19, 20. Нима учун Худонинг Каломини қадрлашимиз даркор ва бу китоб учун миннатдор эканлигимизни қандай кўрсатишимиз мумкин? («Яҳова менга керакли бўлган нарсани беряпти» номли рамкага қ.)

19 Бу дунёнинг охирати яқинлашаётган сайин, Яҳованинг Каломига янада кўпроқ таянишимиз керак. Ундаги маслаҳатлар бизга ёмон одатлардан халос бўлиб, гуноҳли истакларимизни назорат қилишга ёрдам беради. Муқаддас Китобдаги далда ва тасалли берувчи сўзлар, Шайтон ва унинг дунёсига қарши туришга кўмаклашади. Яҳова Каломи орқали тақдим этаётган йўл-йўриқлар эса бизга ҳаёт йўлида мустаҳкам туришга ёрдам беради.

20 Шуни унутмангки, Худованд «турли одамлар... нажот топишларини истайди» (1 Тим. 2:4). Яҳованинг хизматчилари «турли одамлар» ичида яшайди. Шундай экан, воизлик ва таълим бериш орқали биз бундай инсонларга ёрдам беришимиз мумкин. Аммо қутқарилишни истаганларнинг барчаси «ҳақиқат тўғрисида аниқ билимга» эга бўлишлари лозим (1 Тим. 2:4). Демак, охирги кунларда омон қолиш учун Муқаддас Китобни ўқиш ва ундаги йўл-йўриқларга амал қилиш билан чамбарчас боғлиқ. Ҳа, Муқаддас Китобни кунда ўқиш орқали Яҳованинг Каломини қанчалик қадрлаётганимизни кўрсатган бўламиз (Юҳан. 17:17).

^ 5- х.б. Ҳўшея 4:13: «Қурбонликлар қилишаётир тоғ чўққиларида, тутатқилар тутатишаётир қирларда, эман, чинор ва қайрағочларнинг оромбахш сояларида. Эй халқим, натижада қизларинг фоҳиша бўлди, Келинларинг зинога ботди».

^ 6- х.б. Йўэл 2:13: «Кийимингизни эмас, бағрингизни йиртинглар. Эгангиз Худога қайтинглар, У иноятли, раҳмдил, жаҳли тез чиқмайди, содиқ севгиси мўлдир, ғазабидан тушиб кечирадиган Худодир».

^ 7- х.б. Нохум 1:15: «Қаранг! Хушхабар келтирувчи кимса, тоғлар оша шошиб келади бу ёққа. Тинчликни эълон қилади У сизга! Эй Яҳудо, нишонлагин байрамларингни, олиб кел онт ичиб атаган назрларингни. Юртингга тажовуз қилмас энди қабиҳлар, зеро тамомила йўқ бўлди улар».

^ 12- х.б. Биз босим ўтказиш ёки бошқаларни қоралаш ниятида Муқаддас Китобдан маслаҳат бермаймиз. Яҳовага тақлид қилиб, биз Муқаддас Китобни ўрганаётган кишига сабрли ва меҳрибон бўлишимиз керак (Заб. 102:8).

^ 13- х.б. Ишаё 51:12, 13: «Эгам айтар: “Мен Ўзим сизларни юпатаман! Кимдан қўрқасиз? Ўладиган бандаданми? Майсага ўхшаб сўлийдиган инсон зотиданми?! Самоларни ёйган, замин пойдеворини ўрнатган, сизларни Мен, Яратган Эгангизни унутиб қўйдингиз. Сизни қирмоқчи бўлган золимнинг ғазабидан ҳар доим титраб-қақшаб турасиз. Аммо қани энди золимнинг ғазаби?!»

^ 14- х.б. Агар бирорта оятнинг очқич сўзларини биласиз дейлик, лекин у Муқаддас Китобнинг қаерида, қайси боб ва оятида жойлашганини билмайсиз. Бундай пайтда нима қилса бўлади? Унда «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимасининг Инжил қисми»нинг охирида жойлашган сўзлар кўрсаткичига қараб керакли оятни топиш мумкин.