Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) МАРТ 2013

Яҳовани севувчилар «тўсиққа қоқилиб кетмайди»

Яҳовани севувчилар «тўсиққа қоқилиб кетмайди»

Қонунингни севганларга буюк хотиржамлик ёрдир, уларнинг оёғи тўсиққа қоқилиб кетмас. ЗАБ. 118:165, ТУРКИЯ 1998

1. Югурувчи аёл мисоли, бўш келмаслик қароримиз қатъий эканлигини қандай кўрсатмоқда?

МЭРИ ДЕККЕР ҳали ўсмирлик чоғида дунёдаги энг зўр чопувчи сифатида танилган эди. У 1984- йил ёзги Олимпиада ўйинларида 3000 метр масофага югуришда олтин медал учун асосий даъвогар эди. Бироқ у марра чизиғини босиб ўтолмади. У бошқа югурувчининг оёғига қоқиниб, юзи билан ерга йиқилди. Жароҳатланган, кўзлари ёшга тўлган Мэри мусобақадан чиқиб кетди. Лекин Мэри бўш келадиганлардан эмас эди. Бир йил ўтар-ўтмас, у жисмоний ҳолатини қайта тиклади ва 1985- йилда аёллар ичида янги жаҳон рекордини ўрнатди.

2. Масиҳийлар қайси маънода югуриш мусобақасида қатнашмоқдалар ва диққатимиз нимага қаратилган бўлиши керак?

2 Биз масиҳийлар ҳам рамзий маънода мусобақада қатнашяпмиз. Бизнинг диққат-эътиборимиз ғалаба қозонишга қаратилган бўлиши керак. Бизлар спринтерлар каби тезлик катта аҳамиятга эга бўлган югуриш мусобақасида қатнашмаяпмиз. Шунингдек биз секин чопиб, гоҳида дам олса бўладиган югуриш турида ҳам қатнашмаяпмиз. Аксинча бизнинг чопишимиз, чидам муҳим ўринни эгаллаган марафон югуриши сингаридир. Ҳаворий Павлус Коринфдаги имондошларига мактуб ёзганида югуриш мусобақасини истиора тариқасида қўллаган эди. Чунки Коринф шаҳри атлетика мусобақалари билан кенг танилган эди. У шундай деган: «Мусобақада қатнашувчиларнинг ҳаммаси югуради-ю, совринни фақат биттаси олади. Наҳотки шуни ҳам билмасангизлар? Сизлар ҳам шундай чопингки, совринни қўлга кирита олинг» (1 Кор. 9:24).

3. Абадий ҳаёт учун югуриш мусобақасида қандай қилиб барча қатнашувчилар совринга эга бўлишлари мумкин?

3 Муқаддас Китоб рамзий югуриш мусобақасида қатнашишни маслаҳат бермоқда (1 Коринфликларга 9:25–27 ни ўқинг). Соврин, бу абадий ҳаёт бўлиб,  мойланганлар осмонда, мусобақанинг қолган қатнашувчилари эса ерда яшашга муяссар бўладилар. Том маънодаги чопиш мусобақасида қатнашувчилардан фарқли ўлароқ, бу рамзий югуришда охиригача чидаган барча совринни қўлга кирита олади (Мат. 24:13). Қатнашувчилар ўрнатилган қоидага амал қилмаса ёки мусобақа тугамай туриб чопишни тўхтатса, ўйиндан чиқади. Боз устига бу, абадий ҳаётни соврин сифатида тақдим этадиган ягона мусобақадир.

4. Абадий ҳаёт мусобақасида қандай қийинчиликларга дуч келишимиз мумкин?

4 Марра чизиғини кесиб ўтиш осон иш эмас. Бу интизом ва аниқ мақсадга эга бўлишни талаб этади. Фақатгина битта инсон бирон марта қоқилмасдан марра чизиғини кесиб ўтишга муваффақ бўлган. У ҳам бўлса Исо Масиҳдир. Бироқ унинг шогирди Ёқуб, Масиҳнинг издошлари тез-тез «қоқиниб туришлари» ҳақида ёзган эди (Ёқб. 3:2, изоҳ). Ҳа, буни инкор этиб бўлмайди! Барчамиз ўзимизнинг ва бошқаларнинг номукамаллиги дастидан азоб чекамиз. Шундай экан, биз ҳам баъзида қоқинамиз ва тезлигимиз пасайиб, қисқа муддатга тўхтаб қоламиз. Ҳатто йиқилиб тушишимиз мумкин. Бироқ ўрнимиздан туриб, чопишни давом эттиришимиз керак. Айримлар шунчалик қаттиқ йиқилиб тушишдики, қайта тикланиб югуришни давом эттиришлари учун ёрдамга муҳтож бўлиб қолишди. Демак, қисқа вақтга ёки қайта-қайта қоқиниб ёки йиқилиб тушишимиз мумкин экан (3 Шоҳ. 8:46).

Агар йиқилиб тушсангиз, ёрдамни қабул қилиб ўрнингиздан туринг!

ҚОҚИНГАН БЎЛСАНГИЗ, ЧОПИШНИ ТЎХТАТМАНГ

5, 6. а) Қайси маънода масиҳийнинг оёғи «тўсиққа қоқилиб кетмайди» ва туриб кетишига нима ёрдам беради? б) Айримлар қоқингандан кейин нима учун туриб кета олмайди?

5 Қоқинган ёки йиқилган пайтда ўзимизни қандай тутишимиз билан қанақа инсон эканимизни кўрсатамиз. Қоқинган ёки йиқилган кишиларнинг айримлари тавба қилиб, Яҳовага хизмат қилишади. Бошқалари эса тавба қилишмайди. Ҳикматлар 24:16 да шундай дейилган: «Солиҳ етти марта йиқилса ҳам туриб кетаверади, фосиқ эса ҳалокатга учрайди».

6 Яҳова Унга тўлиқ таянганлар имонда қайта тикланмайдиган даражада қаттиқ қоқиниб ёки йиқилиб тушишига йўл қўймайди. Аксинча У, ўрнимиздан «туриб», Унга садоқат ила хизмат қилишни давом эттиришимизга  ёрдам беришида ишонтирмоқда. Яҳовани чин юракдан севган барча учун буни билиш қанчалик тасалли берса керак?! Аммо фосиқлар туришни истамайди. Улар муқаддас руҳнинг ёрдамини изламайдилар ёки бу ёрдам тақдим этилганида, ундан воз кечадилар. Муқаддас Китобда, Яҳованинг қонунларини севганларнинг «оёғи тўсиққа қоқилиб кетмайди», деб айтилган. Бу дегани, биз абадий ҳаёт мусобақасига қайтишимиз мумкин (Забур 118:165 ни ўқинг).

7, 8. Қандай қилиб кимдир «йиқилиб» тушса ҳам, Худонинг марҳаматини сақлаб қолиши мумкин?

7 Баъзилар камчиликлари дастидан ҳатто қайта-қайта кичик хатоликларга йўл қуйишади. Аммо улар «туриб» кетаверишса, яъни чин юракдан тавба қилиб, Худога қайтадан садоқат ила хизмат қилишса, Яҳованинг назарида улар одил инсон бўлиб қолаверадилар. Буни Аллоҳ қадимги исроилликлар билан қандай муомала қилганидан кўрса бўлади (Ишаё 41:9, 10). Эътибор берсангиз, Ҳикматлар 24:16 да, «йиқилиш» каби салбий сўзга эмас, балки раҳмдил Худонинг мадади билан «туриб» кетишимизга кўпроқ урғу берилган (Ишаё 55:7 ни ўқинг). Бизга бўлган ишончларини изҳор этиб, Тангри Яҳова ҳамда Исо Масиҳ меҳр ила «туриб кетавер» деб чорлашмоқда (Заб. 85:5; Юҳан. 5:19).

8 Марафонда чопувчи ҳатто қоқилса ёки йиқилса ҳам, ўрнидан туриб югуришни давом эттириш учун унда вақт бўлади. Бунинг учун у зудлик билан ҳаракат қилиши керак. Абадий ҳаёт мусобақаси якунига етадиган «кун» ва «соат» қачон келиши бизга маълум эмас (Мат. 24:36). Агар қоқилмасликка ҳаракат қилсак, чопишимиз ва маррага етишимиз осонроқ бўлади. Хўш, қоқилмаслик учун нима қилсак бўлади?

ҚОҚИНТИРАДИГАН НАРСАЛАР

9. Хавф солиши мумкин бўлган қандай тўсиқларни муҳокама қиламиз?

9 Келинг, хавф солиши мумкин бўлган бешта тўсиқни кўриб чиқайлик. Улар: шахсий камчиликларимиз, тана истаклари, имондошлар томонидан адолатсизликка учраш, қайғу ёки таъқиблар ҳамда бошқаларнинг номукамаллиги. Мабодо қоқинсак ҳам, унутманг, Яҳова бизга жуда сабрли. У дарҳол бизга «садоқатсиз» деган тамғани босмайди.

10, 11. Довуд ўзидаги қанақа камчилик билан курашган?

10 Шахсий камчиликлар, йўлда ётган тошга ўхшайди. Шоҳ Довуд ҳамда ҳаворий Бутруснинг ҳаётида содир бўлган воқеаларни кўриб чиқиб, иккита камчиликликка эътибор берсак бўлади. Бу, ўзини тута билмаслик ва одамлардан қўрқиш.

11 Шоҳ Довудда ўзини тута билмаслик каби камчилик бўлган. Буни Ботшевага қилган муносабатидан кўрса бўлади. Навол ҳақорат қилганида эса у шошма-шошарлик билан йўл тутди. Ўшанда, Довуднинг ўзини тута билиш каби фазилати синалган эди, бироқ у Яҳовани мамнун этиш йўлида таслим бўлмади. Бошқаларнинг ёрдами билан у маънавий томондан ўзини ўнглаб олди (1 Шоҳ. 25:5–13, 32, 33; 2 Шоҳ. 12:1–13).

12. Бутрус чопаётганда қоқинганига қарамай, қандай қилиб мусобақадан чиқиб кетмади?

12 Бутрус одамлардан қўрққан ва гоҳида бу уни қаттиқ қоқинтирган. Шунга қарамасдан у Исога ҳамда Яҳовага содиқ бўлиб қолган. Мисол учун, у бошқалар олдида ўз Устозидан бир эмас, уч марта тонган (Луқо 22:54–62). Бошқа сафар Бутрус ўз хатти-ҳаракати билан, суннат қилинган яҳудий масиҳийлар бошқа халқ вакилларидан юқорироқ деб кўрсатди. Бироқ ҳаворий Павлус бу вазиятга тўғри баҳо бера олган. Чунки у жамоатда одам ажратишга ўрин йўқлигини биларди. Бутрус эса нотўғри нуқтаи назарга эга эди. Унинг хатти-ҳаракати имондошларига ёмон таъсир қилиши мумкинлигини билиб, Павлус у билан яккама-якка гаплашиб маслаҳат берди (Галат. 2:11–14). Бутрус маслаҳатдан хафа бўлиб, ҳаёт мусобақасида чопишни тўхтатдими? Йўқ. У Павлуснинг маслаҳати устидан мулоҳаза юритиб, унга амал қилди ва шу йўсин чопишни давом эттирди.

13. Соғлиқ муаммоси дастидан қандай қилиб қоқинишимиз мумкин?

13 Баъзида шахсий камчиликларимиз соғлиқ билан боғлиқ бўлади. Бу ҳам қоқинтирадиган тўсиқ бўлиши мумкин. У чопишга  халақит бериб, тезлигимизни пасайтириши ва ҳатто чарчатиб қўйиши ҳеч гап эмас. Масалан, япониялик опамиз, сувга чўмганидан 17 йил ўтгач, соғлиги ёмонлашди. У соғлигидан кўп хавотирлана бошлади. Натижада бу унинг маънавий соғлигига ўз таъсирини ўтказмай қўймади. Қайсидир вақт мобайнида у фаолиятсиз бўлиб қолди. Шунда иккита оқсоқол далда бериш мақсадида уникига ташриф буюришди. Уларнинг сўзларидан тасалли топиб, у яна йиғилишларга қатнай бошлади. У шундай деб бўлишди: «Имондошларим мен билан қайноқ сўрашиб қўйишди. Шунда кўзларим ёшланиб кетди». Ҳозир бу имондошимиз ҳаёт мусобақасида чопишни давом эттиряпти.

14, 15. Ёмон истаклар пайдо бўлганида, қандай жиддий чоралар кўриш муҳим? Мисол келтиринг.

14 Тана истаклари кўпчилик учун қоқинтирадиган тўсиқ бўлади. Мабодо бундай васвасага дуч келаётган бўлсак, унда ақлан, ахлоқан ва маънан пок қолиш учун иккиланмай ҳаракат қилишимиз керак. Бундай пайтда Исо берган маслаҳатни эслаб кўрайлик. У айтганидек агар бирор нарса бизни қоқинтирса, у хоҳ кўзимиз, хоҳ қўлимиз бўлсин, уни мажозий маънода «ўйиб» ёки «чопиб» ташлашимиз керак. Беҳаё фикрлар ва хатти-ҳаракатлар ҳам, чопиш мусобақасидан чиқиб кетишга сабабчи бўлиши мумкинми? (Матто 5:29, 30 ни ўқинг).

15 Яҳова Шоҳидларининг оиласида ўсган битта биродаримизнинг айтишича, эсини таниганидан буён, у эркак киши билан жинсий алоқада бўлиш истагига қарши курашар экан. У шундай деган: «Мен ўзимни ноқулай ва бошқалардан ажралиб тургандек ҳис қилардим». 20 ёшга тўлганида у, доимий кашшоф ва жамоат хизматкори бўлди. Кейинчалик у қаттиқ қоқилди, унга нисбатан Муқаддас Китобга асосланган чора кўрилди ва оқсоқоллар томонидан ёрдам кўрсатилди. Ибодат, Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш ҳамда бошқаларга ёрдам беришга ҳаракат қилиш орқали, у яна оёққа турди ва ҳаёт мусобақасида чопишни давом эттирди. Йиллар ўтиб у шундай деб қўшиб қўйди: «Баъзида бу ёмон туйғулар пайдо бўлиб туради, лекин мен таслим бўлмайман. Яҳова кучимиздан ортиқ синалишимизга йўл қўймаслигига амин бўлдим. У бундай мойилликни енга олишимга ишонади». Биродаримиз шундай хулоса чиқарди: «Янги дунё учун барча қийинчиликларга қарши туриш арзийди. Менинг қарорим қатъий! Унгача эса мен курашишни тўхтатмайман». У ҳаёт мусобақасида чопишга қатъий қарор қилган.

16, 17. а) Адолатсизликдан хафа бўлган биродаримизга бу туйғуни енгишга нима ёрдам берди? б) Қоқинмаслик учун диққатимизни нимага қаратишимиз лозим?

16 Имондошлар томонидан адолатсизликка учраш қоқинишимизга сабаб бўлиши мумкин. Илгари оқсоқол бўлиб хизмат қилган франциялик биродаримиз, имондошларим менга нисбатан адолатсиз йўл тутишди, деб ўйлаб, хафа бўлиб юрган. Оқибатда у жамоатдагилар билан мулоқот қилмай қўйган ва фаолиятсиз бўлиб қолган. Иккита оқсоқол далда бериш учун уникига ташриф буюришди. Биродаримиз у билан нима содир бўлганини айтиб бераётганда, оқсоқоллар гапини бўлмасдан уни диққат билан тинглашди. Улар бу масалани Яҳовага ташлаб қўйишга ундаб, кўпроқ Уни мамнун қилиш муҳимлигига урғу беришди. Биродаримиз маслаҳатни яхши қабул қилди ва кўп ўтмай ҳаёт мусобақасига қайтди.

17 Ҳамма масиҳийлар диққатларини номукаммал инсонларга эмас, балки жамоатнинг Боши бўлган Исо Масиҳга қаратишлари керак. Унинг кўзлари «оташ алангасидай» бўлгани учун, у ҳамма нарсага тўғри нуқтаи назар билан қарай олади ва ҳатто биздан ҳам кўпроқ нарсани кўра олади (Ваҳ. 1:13–16). Масалан, жамоатда бизга нисбатан адолатсизларча йўл тутишди, деб ўйлашимиз мумкин. Аслида эса нима бўлганини ёки нега бундай воқеа юз берганини нотўғри тушунган бўлишимиз мумкин. Исо эса жамоатдаги муаммони тўғри йўл билан ва ўз вақтида тузатади. Шундай экан, имондошларимизнинг ишлари ёки қарорлари қоқинтирадиган тўсиқдай бўлишига йўл қўймаслигимиз керак.

18. Қийинчилик ва мураккаб вазиятларга қандай қилиб қарши тура оламиз?

18 Қолган иккита қоқинтирадиган тўсиққа,  қайғу ёки таъқиблар ҳамда жамоатдагиларнинг номукамаллиги киради. Исо, уруғ сепувчи ҳақидаги масалида, баъзилар «қайғу ёки қувғинга» дучор бўлгач қоқинишлари мумкинлиги ҳақида айтиб берган эди. Қувғинлар хоҳ оила, хоҳ қўшнилар, хоҳ давлат раҳбарлари томонидан бўлсин, агар шоҳлик хабари кишида «чуқур томир отмаган», яъни имони суст бўлса, бу унга таъсир қилиши ҳеч гап эмас (Мат. 13:21). Аммо Яҳованинг қўлини маҳкам ушласак, Шоҳлик хабари бизда чуқур илдиз отишига йўл қўйган бўламиз. Қийинчиликларга дуч келганда, мақтовга сазовор бўлган нарсалар устидан мулоҳаза юритишга ҳаракат қилайлик (Филиппиликларга 4:6–9 ни ўқинг). Яҳованинг мадади билан, қийинчиликларга қарши туриб, мураккаб вазиятлар қоқинадиган тўсиқ бўлишига йўл қўймаймиз.

Ҳаёт мусобақасида чопишдан бирор нарса сизни тўхтатишига йўл қўйманг!

19. Хафагарчилик қоқинадиган тўсиққа айланмаслиги учун нима қилиш керак?

19 Афсуски йиллар ўтиб баъзилар, бошқаларнинг номукамаллиги ўзларига тўсиқ бўлишига йўл қўйишмоқда. Виждон масаласида турлича нуқтаи назарлар мавжудлиги айримлар учун қоқинадиган тўсиқ бўлиб қолмоқда (1 Кор. 8:12, 13). Агар кимдир бизни хафа қилса, ҳақиқатдан кетамизми? Муқаддас Китобда огоҳлатирилганидай, бундан буён бошқаларни ҳукм қилишнинг ўрнига уларни кечирайлик ва ўзимизникида туриб олишдан эҳтиёт бўлайлик (Луқо 6:37). Мабодо шунга ўхшаш қоқинадиган тўсиққа учрасангиз, аввал ўзингиздан қўйидагича сўранг: «Бошқаларни фақатгина ўзимнинг нуқаи назарим бўйича баҳолаб, ҳукм қилмаяпманми? Имондошларим номукамал эканини тушуниб туриб, уларнинг камчилиги дастидан ҳаёт мусобақасидан чиқиб кетмоқчиманми?» Яҳовага бўлган севги, ҳар қандай инсоний тўсиқларга қарамай марра чизиғини кесиб ўтишимизга ёрдам беради.

ЧИДАМ БИЛАН ЧОПАЙЛИК ВА ҚОҚИНМАЙЛИК

20, 21. Ҳаёт мусобақасида ғалаба қозиниш учун нима қилишга қаъий қарор қилдингиз?

20 «Масофани югуриб ўтишга» қаъий қарор қилганмисиз? (2 Тим. 4:7, 8). Агар шундай бўлса, Муқаддас Китоб ва адабиётларимизни ўрганинг, изланиш ўтказинг ва мулоҳаза юритинг. Шу йўсин сиз хавф солиши мумкин бўлган тўсиқларни кўра оласиз. Маънан мустаҳкам бўлиш учун, муқаддас руҳни сўраб ибодат қилинг. Шуни ёдда тутингки, мабодо биз қоқилсак ёки йиқилиб тушсак, ҳаёт мусобақасига қайтиб, маррага етиш учун югуришни давом эттира оламиз. Хатоларимиздан сабоқ олиб, олдиндагидан ҳам яна яхшироқ югуришимиз мумкин.

21 Муқаддас Китобда ҳаёт мусобақасида иштирок этишни суст эмас, фаол машғулотдек тасвирланган. Бу мусобақа, ғалаба қозониш учун шунчаки автобусга чиқиб олиб, унда маррага етиб олишни англатмайди. Ушбу ҳаёт мусобақасида ўзимиз югуришимиз керак. Шундай қилсак, Яҳовадан ёқимли шамол сингари «буюк тинчлик» келади (Заб. 118:165). У нафақат ҳозир, балки келажакда маррага етиб олган барчага чексиз баракалар ёғдиришига амин бўлишимиз мумкин (Ёқб. 1:12).