Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) МАРТ 2013

Яҳованинг буюк исмига ҳурмат кўрсатайлик

Яҳованинг буюк исмига ҳурмат кўрсатайлик

Тоабад Сенинг номингни улуғлайман. ЗАБ. 85:12

1, 2. Христиан оламининг черковларидан фарқли ўлароқ, Яҳованинг Шоҳидлари Худонинг исмига қандай муносабатда?

КЎПИНЧА христиан оламидаги черковларда Худонинг исмини атайин ишлатишмайди. Масалан, бир Муқаддас Китобнинг сўзбошида айтилишича, черковда Худони қандайдир исм билан аташ «умуман нотўғри» («Revised Standard Version»).

2 Бошқа тарафдан, Яҳованинг Шоҳидлари Худонинг исми билан аталишдан фахрланишади ва бу исмни улуғлашади (Заб. 86:12; Ишаё 43:10). Шунингдек, улар бу исмнинг маъносини тушуниб, унинг улуғланишида иштирок этишни шараф деб билишади (Мат. 6:9). Бу шарафга ҳеч қачон енгил-елпи қарамаслигимиз даркор. Шундай экан, келинг бунга тааллуқли бўлган учта саволни кўриб чиқайлик. Худонинг исмини билиш нимани англатади? Қандай қилиб Яҳова исмининг маъносига мувофиқ йўл тутади ва бу нарса исми улуғланишига қандай ҳисса қўшади? Қай йўсин биз Яҳованинг исми билан юришимиз мумкин?

ХУДО ИСМИНИНГ МАЪНОСИ

3. Худонинг исмини билиш нимани ўз ичига олади?

3 Худонинг исмини билиш «Яҳова» сўзини билиш билан чегараланиб қолмайди. Бу шунингдек Яҳова қандай Худо эканлигини, Унинг обрўси, фазилатлари, ниятлари ҳамда халқи билан қандай муомала қилишини ҳам ўз ичига олади. Яҳова Ўзининг иродасини амалга оширгани сайин, У қандай Худо эканлигини очиб бермоқда (Ҳик. 4:18). Яҳова илк жуфтликка исмини аён қилган эди. Муқаддас Китобнинг асл нусхасидаги Ибтидо 4:1 дан, Момоҳаво Қобилни туққандан кейин, Худонинг исмини қўллаганини ўқишимиз мумкин. Нуҳ, Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб ҳам Худонинг исмини билишган. Улар Яҳованинг баракасини, ғамхўрлигини ўзларида ҳис қилиб, Унинг нияти нимадан иборатлигини билишгани сайин, бу исмнинг маъносини янада яхшироқ тушуна бошлашган. Кейинчалик Мусо, Худо исмининг маъносини чуқурроқ тушуниш шарафига муяссар бўлди.

4. Мусо Худога қанақа савол берган ва нима учун унинг хавотирлари ўринли эди?

 4 Чиқиш 3:10–15 ни ўқинг. Мусо 80 ёшга тўлганида, Аллоҳ унга жиддий бир вазифа топширган эди. У шундай деган: «Халқим Исроилни Мисрдан сен олиб чиқасан». Мусо эса ҳурмат ила Унга чуқур маъноли савол берган: «Исроил халқи олдига бориб: “Сизларнинг олдингизга ота-боболарингизнинг Худоси мени юборди”, деб айтсам, улар “Ким У? [Унинг исми нима?, изоҳ]” деб сўрайдилар-ку! Ўшанда мен нима деб жавоб бераман?» Мусо Худонинг исмини анчадан буён билган бўлса, нега бундай савол берган? Эҳтимол бу исм билан аталган шахс ҳақида кўпроқ билмоқчи бўлган. Исроилликлар ҳам бу исмнинг маъносини тушунишса, Худо уларни қутқаришига ишончлари ошарди. Исроил халқи узоқ вақт давомида қулликда бўлгани учун, Мусонинг бундай хавотирлари ўринли эди. Эҳтимол исроилликлар ота-боболарининг Худоси уларни қутқара олишидан шубҳаланишгандир. Чунки баъзи исроилликлар Миср худоларига сиғинаётган эдилар (Ҳиз. 20:7, 8).

5. Яҳова Мусонинг саволига жавоб бериб, исмининг маъноси ҳақида қандай тафсилотларни очиб берди?

5 Яҳова Таоло Мусонинг саволига қандай жавоб берди? У шундай деди: «Мен ҳар доим бор бўлган Худоман [Мен ким бўлишни хоҳласам, Ўша бўламан, ЯДТ]» *. Сўнг У қуйидагини қўшиб қўйди: «Мени сизларнинг олдингизга ота-боболарингиз... Худоси — Эгамиз [Яҳова, ЯДТ] юборди». Шу тариқа Аллоҳ ниятини амалга ошириш учун ким бўлишни хоҳласа, ўша бўлишини ошкор этди. Бу билан У, доим сўзида турадиган Худо эканлигини тасдиқлади. Шунинг учун Яҳова яна бундай деди: «Менинг исмим тоабад шундай бўлсин. Унвонимни [исмимни, ЯДТ] келгуси авлодлар шундай деб айтсин». Бу сўзлар Мусога қаттиқ таъсир қилди ва унинг имонини мустаҳкамлади.

ЯҲОВА ЎЗ ИСМИГА МУВОФИҚ ЙЎЛ ТУТАДИ

6, 7. Қандай қилиб Яҳова буюк исмига мувофиқ йўл тутган?

6 Мусога вазифа берганидан кўп ўтмай, Тангри Яҳова Ўз исмига мувофиқ йўл тутиб, Исроил халқининг Қутқарувчиси эканини кўрсатди. У Миср халқининг устига даҳшатли ўнта офат юбориб, уларни жазолади ва шу тариқа фиръавн ҳамда Миср худолари қанчалик ожиз эканини кўрсатди (Чиқ. 12:12). Сўнг Яҳова Қизил денгизни иккига бўлиб, исроилликларни денгиз орасидан ўтказди, фиръавн ва унинг лашкарларини эса чўктирди (Заб. 135:13–15). «Кенг ва ваҳимали саҳрода», Яҳова икки-уч миллион ёки ундан ҳам ортиқ кишидан иборат бўлган халқига озиқ-овқат ва сув етказиб бериш орқали ҳаётни сақловчи Худо эканини кўрсатди. У ҳатто уларнинг кийим-кечаги ва оёқ кийимлари  эскиришига йўл қўймади (Қонун. 1:19; 29:5). Дарҳақиқат, Яҳова Ўз исмига мувофиқ йўл тутишига ҳеч нарса тўсқинлик қила олмайди. Кейинчалик Ишаё пайғамбар орқали У шундай деган: «Мен, Мен Яҳоваман, Мендан бошқа нажоткор йўқ» (Ишаё 43:11, ЯДТ).

7 Исроилликларнинг кейинги йўлбошчиси Яҳованинг Мисрда ва саҳрода қилган қудратли ишларининг гувоҳи бўлган. Ҳаётининг сўнгида у исроилликларга қуйидагиларни айтган: «Шубҳасиз, ҳаммангиз биласиз, Эгангиз Худо сизларга яхши ваъдалар берган эди, шу ваъдаларнинг ҳаммаси рўёбга чиқди, уларнинг бирортаси ҳам бажарилмай қолмади» (Ёшуа 23:14). Ҳа, Яҳова берган ваъдаларининг ҳаммасини бажарди.

8. Яҳова бугунги кунда қандай қилиб Ўз исмига мувофиқ йўл тутяпти?

8 Бугунги кунда ҳам Яҳова берган ваъдаларини амалга ошириб келяпти. Ўзининг Ўғли орқали охирги кунларда Шоҳлик ҳақидаги хушхабар «бутун дунё бўйлаб» ваъз қилинишини башорат қилган (Мат. 24:14). Бундай фаолиятни башорат қилиб, уни амалга оширишга Қодир Аллоҳ Яҳовадан бўлак кимнинг ҳам кучи етарди?! Худо бу ишни «ўқимаган, оддий одамлар»нинг ёрдами билан амалга оширяпти! (Ҳавор. 4:13). Бу фаолиятда қатнашиш орқали, биз ҳам Муқаддас Китобдаги башорат амалга ошишига ўз ҳиссамизни қўшамиз. Бу билан самовий Отамизни улуғлаймиз ва «Исминг муқаддас бўлсин. Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо бўлсин», деб ибодат қилганимизда, бунинг маъносини тушунганимизни кўрсатамиз (Мат. 6:9, 10).

УНИНГ ИСМИ БУЮКДИР

Яҳова Худо эканини фиръавн тан олмаган эди

9, 10. Исроилликларга қилган муомаласидан Яҳова қандай Худо эканини билиб олдик?

9 Исроилликлар Мисрдан чиқиб кетганларидан кўп ўтмай, Яҳова Ўзи ҳақида халқига кўпроқ нарсани аён қилди. У исроилликлар билан аҳд тузиб, уларнинг «хўжайини» ёки эри бўлди ва бу вазифага тегишли барча масъулиятни ўз зиммасига олди (Ерм. 3:14). Исроилликлар эса мажозий маънода Унинг хотини бўлишди. Шунингдек улар Унинг исми билан аталадиган халқ бўлишди (Ишаё 54:5, 6). Агар улар Яҳовага тайёрлик ила бўйсуниб, Унинг амрларига риоя этишса, У ҳам ўз ўрнида «Хўжайин» эканини исботлаб берарди. Уларга қут-барака берарди, асрарди ва тинчлик ато этарди (Саҳ. 6:22–27). Шунда Яҳованинг буюк исми бошқа халқлар орасида улуғланарди (Қонунлар 4:6 *; Забур 85:7–10 ни ўқинг). Чиндан ҳам, Исроил халқининг тарихидан кўрса бўладики, ўзга халқлардан бўлган кўпгина кишилар Яҳовага топинишни танлашган. Уларнинг бундай истаги, мўаблик Рутнинг қайнонаси Наимага  айтган гапларида акс этган: «Сизнинг халқингизни ўзимнинг халқим, сизнинг Худойингизни ўзимнинг Худойим дейман» (Рут 1:16).

10 Тахминан 1 500 йил давомида Яҳова исроилликларга қандай муомала қилганидан, У қанақа Худо эканини билиб олиш мумкин. Халқ итоатсиз бўлишига қарамай, У «раҳмдил» ва «сабр-тоқатли» Тангри эканини қайта-қайта исботлади. Яҳова ниҳоятда раҳмдил ва сабрли бўлган (Чиқ. 34:5–7). Аммо Яҳованинг сабр-тоқати чексиз эмас. Яҳудий халқи Унинг Ўғлини рад этиб, уни қатл этди (Мат. 23:37, 38). Шунда бу халқ Худонинг исми билан аталмайдиган бўлиб қолди. Яҳова учун улар қуриб қолган дарахтдек ўлган эди (Луқо 23:31). Бундан кейин исроилликлар Тангрининг исмига қандай муносабатда бўлишган?

11. Нега исроилликлар Худонинг исмини ишлатмай қўйишди?

11 Вақт ўтиб, яҳудийлар Аллоҳнинг исми муқаддас бўлгани учун, уни тилга олиш нотўғри бўлади, деб ўйлайдиган бўлишди (Чиқ. 20:7). Шундай қилиб, аста-секин Худонинг исми ишлатилмай қўйилди. Исмига ҳурматсизлик кўрсатилганини кўриб, Яҳова бундан хафа бўлди (Заб. 78:40, 41). Яҳова учун Унинг исми катта аҳамиятга эга. Муқаддас Китобда Яҳова «Рашкчи» Худо дейилган. Исроилликлар Худонинг исмига иснод келтиришгани учун, улар бу исм билан аталишга нолойиқ бўлишди (Чиқ. 34:14). Бундан хулоса шуки, Парвардигорнинг исмига катта ҳурмат кўрсатиш ниҳоятда муҳим.

ТАНГРИНИНГ ИСМИ БИЛАН АТАЛГАН ЯНГИ ХАЛҚ

12. Кимлар Тангрининг исми билан аталган халқ бўлишди?

12 Еремиё пайғамбар орқали, Яҳова янги бир халқ, яъни рамзий Исроил билан «янги аҳд» тузишини маълум қилди. Еремиёнинг башорат қилишича, бу халқнинг барча аъзолари, «каттасидан тортиб кичигигача» «Эгамизни таниб-биладиган» бўлади (Ерм. 31:31, 33, 34). Ушбу башорат милодий 33- йил Ҳосил байрамида, янги аҳд тузилганда амалга оша бошлади. «Худонинг Исроили»га яҳудийлар ва ўзга халқ вакиллари киради. Улар «Тангри Ўз исми билан аталадиган халқ» ёки Яҳова айтганидек «Менинг исмим билан аталган кишилар» бўлишди (Галат. 6:16; Ҳаворийлар 15:14–17 ни ўқинг; Мат. 21:43).

13. а) Илк масиҳийлар Худонинг исмини тилга олишганми? Тушунтиринг. б) Ваъзгўйлик хизматида Тангрининг исмини қўллашга нисбатан қандай фикрдасиз?

13 «[Худонинг] исми билан аталган кишилар», яъни рамзий халқнинг аъзолари, Таврот, Забур ва Пайғамбарлар китобларидан оят келтиришганда, бу исмни қўллашарди *. Ҳаворий Бутрус милодий 33- йил Ҳосил байрамида яҳудийлар ва ўзга халқ вакилларига айтган нутқида, бир неча маротаба Худонинг исмини тилга олган (Ҳавор. 2:14, 20, 21, 25, 34). Илк масиҳийлар Яҳовани улуғлашгани учун, У ҳам ўз ўрнида воизлик ишида уларни қўллаб-қувватлаган. Бугунги кунда ҳам воизлик хизматида фахр билан бу исмни тилга олсак ва имкон қадар одамларга уларнинг Муқаддас Китобидан бу исмни кўрсатсак, Яҳова хизматимизга барака беради. Шу тариқа биз одамларга ҳақ Худони таниттирган бўламиз. Бу биз учун ҳам, улар учун ҳам катта шараф! Бу танишув уларга Яҳова билан дўстлашишдек ажойиб имкониятни очиб беради ва бу дўстлик тобора мустаҳкамланиб, абадий давом этади.

14, 15. Муртадлик ёйилишига қарамай, Яҳова Ўз исмини сақлаб қолиш учун нима қилди?

14 Кейинчалик, айниқса ҳаворийлар ўлимидан сўнг, жамоатларга муртадлик суқилиб кира бошлади (2 Салон. 2:3–7). Сохта устозлар ҳам яҳудийларнинг Худонинг исмини қўлламаслик одатини ўзлаштириб олишди. Бироқ Яҳова исми изсиз ўчиб кетишига йўл қўйдими? Асло! Ҳатто бу исмнинг талаффузи  аниқ бўлмаса-да, у сақлаб қолинди. Юзлаб йиллар ўтгач, бу исм Муқаддас Китобнинг турли таржималарида, шунингдек Муқаддас Ёзувларни тадқиқ қилган олимларнинг асарларида учраган. Мисол учун, 1757- йилда Чарлз Питер, унвонларга қараганда Худо исмининг маъносини билиш, Яҳованинг шахсиятини яхшироқ очиб беради, деб ёзган эди. 1797- йилда Аллоҳга топиниш ҳақидаги китобининг 7- бобини, Хоптон Хейнс мана бу сўзлар билан бошлаган: «ЯҲОВА — бу яҳудийлар орасида қўлланган ХУДОНИНГ шахсий исми бўлиб, яҳудийлар фақатгина Унга топинишган; Масиҳ ҳамда унинг ҳаворийлари ҳам шундай йўл тутишган». Генри Гру (1781–1862) нафақат Аллоҳнинг исмини қўллаган, балки бу исмга доғ тушганини ва уни улуғлаш кераклигини тушунган. Худди шундай бир-бири билан яқин ҳамкорлик қилган Жорж Сторрз (1796–1879) ва Чарлз Расселл ҳам Худонинг исмини қўллашган.

15 Худонинг халқи учун 1931- йил муҳим сана бўлди. Бундан олдин улар Халқаро Муқаддас Китоб тадқиқотчилари деб номланишарди, лекин ўша йили улар Яҳованинг Шоҳидлари деб аталадиган бўлишди (Ишаё 43:10–12). Шундай қилиб, улар Тангрининг «исми билан аталадиган халқ» эканликларини бутун дунёга маълум қилишди ва шу йўсин бу исмни улуғлашди (Ҳавор. 15:14). Бу воқеа Малаки 1:11 даги Яҳованинг сўзларини ёдимизга солади: «Дунёнинг у чеккасидан бу чеккасигача бўлган барча халқлар орасида Менинг номим улуғланмоқда».

ЯҲОВАНИНГ ИСМИ БИЛАН ЮРИНГ

16. Нега Яҳованинг исми билан юришни шараф деб биламиз?

16 Михо пайғамбар шундай деб ёзган: «Чунки ҳамма халқлар, ҳар бири — ўз худосининг номи билан юришади; биз эса то абад Раббимиз Яҳова номи билан юрамиз» (Михо 4:5, ЯДТ). Муқаддас Китоб тадқиқотчиларининг бу исм билан аталишларига Яҳова йўл қўйиб, нафақат уларни катта шарафга муяссар қилди, балки улардан рози эканини кўрсатди (Малаки 3:16–18 ни ўқинг) *. Сиз ҳам шу фикрга қўшиласизми? «Яҳова номи билан юришга» бор кучингизни сарфлаяпсизми? Бунга нима киришини тушуняпсизми?

17. Худонинг исми билан юриш нимани ўз ичига олади?

17 Худонинг исми билан юриш учта нарсани ўз ичига олади. Биринчидан, «Яҳованинг исмини чақирадиган ҳар бир одам қутқарилишини» тушунганимиз учун, бошқаларга бу ҳақда эълон қиламиз (Рим. 10:13). Иккинчидан Яҳованинг фазилатларига, айниқса Унинг севгисига эга бўлишимиз керак. Учинчидан, Худонинг адолатли меъёрларига бажонидил бўйсунсак, самовий Отамизнинг муқаддас исмига ҳурмат кўрсатган бўламиз (1 Юҳан. 4:8; 5:3). Сиз «то абад Раббимиз Яҳова номи билан» юрасизми?

18. Нега Яҳованинг буюк исмига ҳурмат кўрсатганларнинг барчаси келажакка ишонч билан қарашади?

18 Яқинда Яҳовани менсимаганларнинг барчаси У ким эканини тан олишга мажбур бўлишади (Ҳиз. 38:23). Уларни фиръавнга ўхшатса бўлади. У шундай деган: «Эгангиз ким ўзи?! Унинг сўзига кириб Мен Исроил халқини қўйиб юборайми?!» Кўп ўтмай фиръавн Яҳова кимлигини билиб олди (Чиқ. 5:1, 2; 9:16; 12:29). Аммо биз ўз хоҳишимиз билан Яҳовани таниб-биляпмиз. Биз Унинг номи билан аталишдан ва Унга итоаткор халқ бўлишдан фахрланамиз. Шунинг учун биз келажакка ишонч билан қараб, Забурдаги мана бу ваъдага ишонамиз: «Номингни билганлар Сенга умид боғлар, Ўзингга илтижо қилувчиларни тарк этмайсан, эй Худованд!» (Заб. 9:11, Туркия 1998).

^ 5- х.б. Худонинг исми ибронийча феълнинг «бўлмоқ» шакли ҳисобланади. Сўзма-сўз «Яҳова» дегани «У бўлдиради» деб таржима қилинади.

^ 9- х.б. Қонунлар 4:6: «Мана шу фармонлар ва қонун-қоидаларни битта қолдирмай бажаринглар, токи сизларнинг ақл-идрокингизни бошқа халқлар кўрсин. Улар бу қонунлар ҳақида эшитиб: “Ҳа, ҳақиқатан бу буюк халқ доно, ақл-идроклидир”, деб айтсин».

^ 13- х.б. Илк масиҳийлар фойдаланган иброний тилидаги қўлёзмаларда, Худонинг исми тетраграмматон шаклида учраган. Бу фактга асосланиб хулоса чиқарадиган бўлсак, «Септуагинта»да, яъни Таврот, Забур ва Пайғамбарлар китобларининг юнонча таржимасининг илк нусхаларида бу исм учраган.

^ 16- х.б. Малаки 3:16–18: «Эгамиздан қўрққанлар булар ҳақида гаплашдилар. Эгамиз эса уларнинг гапларига эътибор бериб қулоқ солди. Унинг ҳузурида Эгамиздан қўрққан, Унинг номини эъзозлаганлар ҳақида Хотира китоби ёзилди. Сарвари Олам шундай дейди: “Улар Меники бўладилар. Мен белгилаган кунда хазинамнинг гавҳарлари бўладилар. Меҳрибон ота-она ўз итоаткор боласини халос этгандай, Мен ҳам уларни халос этаман. Шунда, эй халқим, сизлар солиҳу фосиқнинг фарқини яна кўрасиз. Ҳа, Менга хизмат қиладигану Менга хизмат қилмайдиганнинг ҳолини биласиз”».

Мусо пайғамбар Худо исмининг маъносини билган ва бу унинг имонини мустаҳкамлаган