Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) МАРТ 2013

Буни чиндан ҳам Иосиф Флавий ёзганми?

Буни чиндан ҳам Иосиф Флавий ёзганми?

Биринчи асрда яшаган тарихчи Иосиф Флавий, ўзининг «Яҳудийлар осори атиқалари» деб номланган асарида «Масиҳ деб аталмиш Исонинг укаси Ёқуб»нинг ўлими ҳақида ёзиб ўтган (20-китоб). Аксарият олимлар бу сўзларни ишончли деб билишади. Бироқ баъзи олимлар, худди шу китобдаги Исо ҳақида ёзилган бошқа сўзларга шубҳа кўзи билан қарашади. Ўша китобнинг «Тестимониум Флавианум» (Флавийнинг шаҳодати) деб танилган қисмида шундай сўзлар ёзилган:

«Тахминан ўша вақтларда Исо исмли бир донишманд яшарди. Ўша инсон (агар уни инсон деб аташ ўринли бўлса), ҳайратланарли ишлар қилиб, кўп нарсаларни ўргатиб юрарди ва одамлар унинг таълимотини маза қилиб тинглашарди. У кўпгина яҳудийлару бошқа халқ вакилларини ўзига жалб қиларди. У [ўша] Масиҳ эди. Пилат орамиздаги бошлиқларнинг айбловларига қулоқ солиб, уни хочга михлашни амр этди, аммо уни бошданоқ яхши кўрганлар ундан воз кечишмади. Уч кундан кейин Исо тирилиб, уларга зоҳир бўлди. Худонинг пайғамбарлари бу ҳақда ва унинг кўпгина бошқа мўъжизалари тўғрисида башорат қилишган эди. Унинг номи билан масиҳий деб аталганлар ҳанузгача бор» (Иосиф Флавий, «Яҳудийлар осори атиқалари», 18-китоб, 3-боб, 3-хатбоши).

XVI асрнинг охирига келиб, ушбу сўзлар Флавийнинг қаламига мансуб бўлганига ишонган ва ишонмаганлар орасида қизғин баҳс-мунозаралар бошланди. Француз тарихчиси ва классик адабиёт соҳасида мутахассис Серж Бардей чигал баҳс-мунозараларни ечишга уриниб кўрди. У олиб борган изланишларини «Тестимониум Флавианум. Тарихшуносликка оид изланишлар», деб номланган китобида нашр этди («Le Testimonium Flavianum—Examen historique considérations historiographiques»).

Иосиф Флавий масиҳий эмас, балки яҳудий тарихчиси эди. Демак, баҳс-мунозаралар, Флавий Исони «[ўша] Масиҳ» дегани сабабли юзага келди. Бардей эса, изланишлар натижасида, Флавийнинг даврида одамларнинг исмига аниқлаштириб «ўша» деган сўзни қўшиш юнон грамматикасига хос бўлган, деган хулосага келди. Бардей қўшимча қилиб, Флавий «у [ўша] Масиҳ эди» дея, Исонинг Масиҳ эканини таъкидлаган бўлиши мумкин эмас, деб айтади. Аслида Флавий Исонинг тарихий шахс бўлганини тасдиқламоқчи эди, холос. Бардей, танқидчилар ҳам бу тафсилотни назардан четдан қолдирмасликлари керак, деб айтади.

Ундай бўлса, кимдир кейинчалик Флавийнинг ёзиш услубига тақлид қилиб, бу сўзларни қўшиб қўйганмикан? Бардей тарихий ва ёзма манбаларни далил сифатида келтириб, шундай хулосага келдики, бунчалик ўхшатишни ҳеч ким эплай олмайди. Чунки Флавийнинг ёзиш услуби ўзгача бўлган ва ҳеч қайси ёзувчиникига ўхшамаган.

Хўш, унда олимлар нега шубҳаланишяпти? Бардей муаммонинг моҳиятини аниқлаб, хулоса қиладики, ўша олимларнинг бошқа кўпгина тарихий хужжатлар қаторида айнан «Тестимониум»га шубҳа кўзи билан қараши бекорга эмас. Унинг гапларига кўра, асрлар оша шаклланиб келган бу муносабат, матнни мантиқий таҳлил қилиш натижаларига эмас, балки «яширин ниятларга» асосланган.

Бардейнинг изланишлари натижаси, олимларнинг «Тестимониум Флавианум»га нисбатан нуқтаи назарини ўзгартирадими ёки йўқми, бу ҳали номаълум. Юнон маданияти кенг тарқалган даврдаги яҳудий динини ва илк масиҳийликни ўрганиш бўйича катта мутахассис Пьер Жолтрэн буни тан олди. Илгари у «Тестимониум»га ўзгаришлар киритилган, деб ҳисоблаб, уни ишончли деб билганларни ҳатто мазах қилган. Аммо вақт ўтиб у ўз нуқтаи назарини ўзгартирди. У, бунга Бардейнинг изланишлари сабаб бўлди, деган хулосага келди. Жолтрэннинг айтишича, «бундан буён ҳеч ким Флавийнинг шаҳодатини шубҳа остига қўйишга журъат эта олмайди».

Яҳованинг Шоҳидларида эса Исони Масиҳ деб тан олиш учун янада ишончлироқ далиллар бор ва бу далиллар Муқаддас Китобнинг ўзидадир (2 Тим. 3:16).