Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) МАРТ 2013

Тасалли олинг ва бошқаларга тасалли беринг

Тасалли олинг ва бошқаларга тасалли беринг

Номукаммал бўлганимиз учун, ҳаммамиз касалликларга ва ҳатто бедаво хасталикларга йўлиқамиз. Бундай қийинчиликларга дуч келганда, уларни қандай енгамиз?

Бундай касалликларни енгишда оиламиз, дўстларимиз ва имондошларимиз берган тасалли катта ёрдам бўла олади.

Дўстларимизнинг меҳрга тўла сўзлари малҳам каби яраларимизни даволайди ва жонимизга роҳат бахш этади (Ҳик. 16:24; 18:24; 25:11). Бироқ Худонинг хизматчилари фақатгина далда олиш ҳақида ўйлашмайди. Улар «Худодан олган тасалли билан турли қайғуларга дучор бўлганларга тасалли» беришга интилишади (2 Кор. 1:4; Луқо 6:31). Мексикалик Антонио исмли вилоят нозири буни ўзида ҳис қилган.

Унда лимфома (қон саратонинг бир тури) касаллигини аниқлашганда, Антонио тушкунликка тушиб қолди. Аҳволи шунақа бўлишига қарамасдан, у салбий туйғуларни жиловлай олди. Қандай қилиб? У Яҳовани тараннум этувчи қўшиқларни эслаб, овоз чиқариб куйлаган ва ундаги сўзлар устидан мулоҳаза юритган. Шу сингари у овоз чиқариб ибодат қилган ва Муқаддас Китобни ўқиган. Бу эса Антониога тасалли бахш этган.

Имондошлари унга катта ёрдам бераётганини у тушунарди. У шундай деди: «Мен ва хотиним руҳан эзилганимизда, қариндошимиз ва жамоат оқсоқоли бўлган биродардан бизникига келишни ва биз билан бирга ибодат қилишни сўрардик. Бундан иккаламиз тасалли топиб, юрагимизда хотиржамликни ҳис қилардик». Антонио яна шундай деб айтди: «Қисқа вақт ичида салбий фикрларни енгишга ёрдам беришгани учун оиламиз ва имондошларимизга раҳмат деймиз». Меҳрибон ва ғамхўр дўстларидан у жуда миннатдор!

Танг вазиятларда муқаддас руҳ яна бир ёрдам бўлиши мумкин. Ҳаворий Бутрус Худонинг муқаддас руҳини «инъом» деб атаган (Ҳавор. 2:38). Милодий 33- йил Ҳосил байрамида кўпларнинг устига муқаддас руҳ тушиши бунинг яққол бир исботидир. Гарчи Бутрус мойланганлар ҳақида гапирган бўлса-да, барчамиз муқаддас руҳга эга бўлишимиз мумкин. Бу инъом ҳеч қачон тугамас экан, келинг, Худодан бу инъомни бизга беришини сўрайлик! (Ишаё 40:28–31).

ЭЪТИБОРИНГИЗНИ АЯМАНГ

Ҳаворий Павлус кўп қийинчиликларни бошдан кечирган ва ҳатто бир марта ўлишига сал қолган (2 Кор. 1:8–10). Лекин у ҳаётини йўқотишдан ҳаддан ортиқ ташвишланмаган. Худо унга мадад беришини билиб, Павлус тасалли топган. У шундай ёзган: «Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг Тангриси ва Отасига ҳамдлар бўлсин. У раҳмдил Ота ва ҳар қандай вазиятда тасалли берадиган Аллоҳдир. У барча қайғуларимизда бизга тасалли беради» (2 Кор. 1:3, 4). Павлус муаммолар уни енгишига йўл қўймаган. Аксинча бошдан кечираётган қийинчиликлар, унга ҳамдардлик фазилатини ривожлантиришга ёрдам берган. Шу тариқа у, азоб чекаётган имондошларига яхши тасалли бера олган.

Антонио шифо топгач, кўчма нозирлик хизматига қайтди. У имондошларига тез-тез эътибор бериб турарди, лекин бу воқеадан кейин у ва рафиқаси бемор имондошлариникига алоҳида ташриф буюриб, уларга тасалли берадиган бўлишди. Масалан, жиддий касалликка чалинган битта биродаримизникига ташриф буюрганида, Антонио унда йиғилишларга бориш истаги йўқлигини билиб олди. Антонио буни шундай тушунтирди: «Биродаримизнинг Яҳовага ва имондошларига нисбатан севгиси совимаган. Касаллик унинг ҳис-туйғуларига шунчалик қаттиқ таъсир қилганки, у ўзини ҳеч нарсага яроқсиздай ҳис қилган».

Антонио бу биродарга далда бериш учун, ундан битта ўтиришда ибодат қилишни сўраган. Гарчи бошида у ўзини бунга нолойиқ деб ҳисоблаган бўлса-да, таклифни қабул қилган. Антонио айтиб беряпти: «У жуда таъсирчан ибодат қилди ва кейинчалик у ўзгариб қолди. Энди у ўзини керакли инсондай ҳис қила бошлади».

Чиндан ҳам, озми-кўпми ҳар биримиз қандайдир қийинчиликни бошдан кечиряпмиз. Лекин Павлус айтганидай, бу қийинчилик бизни бошқаларга тасалли беришга тайёрлайди. Шунинг учун келинг, имондошларимизга ҳамдард бўлайлик ва Худойимиз Яҳовага тақлид қилиб, бошқалар учун тасалли манбаи бўлайлик!