Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ФЕВРАЛЬ 2013

Яҳованинг ҳимоя водийсида қолинг

Яҳованинг ҳимоя водийсида қолинг

Эгамиз уруш пайти жанг қилгандай, ўша халқларга қарши жанг қилади. ЗАКР. 14:3

1, 2. Яқин орада қанақа жанг бўлади ва Тангрининг хизматчиларига нима қилишларига ҳожат бўлмайди?

БУНДАН қарийб 75 йил муқаддам, яъни 1938- йил 30- октябрь куни Қўшма Штатлардаги миллионлаб кишилар бир радио дастурни тинглашди. Дастур пайтида актёрлар мухбирлар ролини ўйнаб, Марс сайёрасидан Ерга аллақандай мавжудотлар бостириб келганини ва сайёрамизни вайрон қилаётганини хабар қилишди. Аммо аксарият инсонлар, бу бор-йўғи радио орқали эшиттирилган уйдирма воқеа эканини тушунишмади. Одамлар чиндан ҳам уруш бошланди деб ўйлашди. Айримлар қий-чув кўтариб уй-уйларига қочиб қолишди. Бошқалар ертўлага тушиб олишди, қуролларини ўқлаб қўйишди ва ҳатто заҳарли газдан ҳимояланиш мақсадида нам сочиқларни бошларига ўраб олишди.

2 Яқин орада чинакам жанг юз беради. Бироқ аксарият инсонлар унга тайёр эмас. Бу жанг илмий-фантастик ҳикоя эмас, балки Худо томонидан илҳомлантирилган Муқаддас Китобдаги башоратдир. Ушбу жанг Армагеддон деб аталади. Бу, Аллоҳнинг ёвуз дунёга қаратилган жангидир (Ваҳ. 16:14–16). Армагеддонда Тангрининг хизматчилари ўзга сайёраликлардан ўзларини ҳимоя қилишларига тўғри келмайди. Бироқ улар Аллоҳнинг ҳайратомуз ишларига ва улуғвор қудратига шоҳид бўлиб, қалбларини эҳтиром туйғуси чулғаб олади.

3. Қайси башоратни кўриб чиқамиз ва нега у бизни қизиқтиради?

3 Армагеддон жанги ҳақида кўпроқ маълумотни Муқаддас Ёзувлардаги Закариё китобининг 14- бобидан топиш мумкин. Гарчи бу китобнинг ёзилганига тахминан 2 500 йил бўлган бўлса-да, ушбу башорат бизнинг ҳаётимиз билан чамбарчас боғлиқ (Рим. 15:4). Китобда ёзилганларнинг кўпи, Худонинг халқига таъсир қилган иккита воқеа билан боғлиқ. Бири 1914- йили осмонда Масиҳий Шоҳлик ўрнатилиши, иккинчиси эса яқин келажакда содир бўладиган тўлқинлантирувчи  воқеалардир. Ушбу башоратда «кенг бир водий» пайдо бўлиши ва «ҳаётбахш сувлар» оқиши ҳақида гап кетади (Закр. 14:4, 8). Яҳова Ўз хизматчиларига ҳимоя тақдим этишида ушбу водий муҳим ўринни эгаллайди. Ҳаётбахш сувлар биз учун қандай аҳамиятга эга эканини тушунсак, нафақат бу сувдан ичиш кераклигини англаб етамиз, балки ундан ичишни истаб қоламиз. Ушбу башоратга ўта диққатли бўлиш бизга фойда келтиради (2 Бутр. 1:19, 20).

«ЭГАМИЗНИНГ КУНИ» БОШЛАНМОҚДА

4. а) «Эгамизнинг куни» қачон бошланди? б) 1914- йилдан бир неча ўн йиллар олдин Яҳовага топинган кишилар нимани эълон қилишган ва дунё раҳбарлари бунга қандай муносабат билдиришган?

4 Закариё 14- боби «Эгамизнинг куни» деган сўзлар билан бошланади (Закр. 14:1, 2). Бу ўзи қандай кун? У «Ҳазратимиз куни» деб аталади. Бу кун, «дунё устидан шоҳлик қилиш Раббимиз ва Унинг Масиҳига тегишли» бўлганда бошланади (Ваҳ. 1:10; 11:15). Ушбу кун 1914- йил осмонда Масиҳий Шоҳлик пайдо бўлганида бошланди. 1914- йилдан бир неча ўн йиллар олдин, Яҳовага топинган кишилар «ўзга халқлар даври» 1914- йилда тугашини ва шу йилдан бошлаб дунё мисли кўрилмаган балою офатлар даврига қадам босишини эълон қилишган (Луқо 21:24). «Халқлар» бу сўзларга қулоқ солишдими? Ўз вақтида берилган ушбу огоҳлантиришга қулоқ тутишнинг ўрнига, сиёсий ва диний раҳбарлар мойланган ғайратли хушхабар воизларини писанд қилмай, уларни таъқиб этишди. Дунё раҳбарлари ўзларининг бу ҳаракати билан Қодир Аллоҳни масхара қилишди. Чунки мойланганлар «самовий Қуддус»нинг, яъни Масиҳий Шоҳликнинг вакиллари ҳисобланишади (Иброн. 12:22, 28).

5, 6. а) Башоратга кўра халқлар «шаҳарга» ва унинг «фуқаролари»га қарши нима қилишган? б) «[Шаҳар аҳолисининг] қолганлари» кимлар бўлган?

5 Халқлар қандай йўл тутишини башорат қилиб, Закариё пайғамбар шундай деган: «Душманлар шаҳарни [Қуддусни] қўлга киритишади». Бу шаҳар Худо Шоҳлигининг рамзидир. Ер юзида яшаётган мойланган масиҳийлар бу Шоҳликнинг «фуқаролари» ҳисобланишади (Филип. 3:20). Биринчи жаҳон уруши пайтида Яҳова ташкилотининг ер юзидаги қисмининг кўзга кўринган аъзолари «қўлга киритилди», яъни ҳибсга олинди ва Атлантадаги (АҚШ, Жоржия штати) қамоқхонага ташланди. Душманлар «уйларни талаб кетишади», яъни бенуқсонлигини сақлаган бу ва бошқа кишиларнинг бошига адолатсизлик ва зўравонликлар ёғилади. Ҳужумчилар адабиётларни тақиқлаб, хушхабарни ваъз қилиш фаолиятини чеклаб қўйиб, мойланганлар фойдаланган бойликларнинг катта қисмини талаб кетишди.

6 Худонинг халқи сон жиҳатдан ҳужумчилардан оз бўлган, бадном қилинган, қаршиликка учраган ва таъқиб қилинган бўлса-да, душманлар ҳақ топинишни йўқ қила олишмади. Чунки у ерда «[шаҳар аҳолисининг] қолганлари», яъни «шаҳардан ҳайдалишни» хоҳламаган мойланганларнинг қолган қисми бор эди.

7. Садоқатли мойланганлар бугунги кундаги Худонинг хизматчиларига қандай ўрнак кўрсатишди?

7 Биринчи жаҳон уруши тугаши билан бу башорат охиригача амалга ошдими? Йўқ. Халқларнинг аксарият ҳужуми мойланганларга ҳамда уларнинг ер юзида яшашга умиди бўлган садоқатли ҳамкорларига қаратилган (Ваҳ. 12:17). Иккинчи жаҳон уруши буни тасдиқлади. Садоқатли мойланганлар бенуқсонликни сақлагани, бугунги кундаги Худо хизматчиларига турли синовларни, жумладан имондош бўлмаган қариндошларнинг, ҳамкасбларнинг ёки эътиқоди туфайли уларнинг устидан кулган синфдошларнинг қаршилигини енгишга туртки беряпти (1 Бутр. 1:6, 7). Қаерда яшашидан қатъи назар, Яҳовага топинувчилар ҳар қачонгидан кўра ҳозир «бир жон, бир тан бўлиб», душманлардан қўрқмасликка қарор қилишган  (Филип. 1:27, 28). Дунё Худонинг халқидан нафратланган бир пайтда, улар ҳимояни қаердан топиши мумкин? (Юҳан. 15:17–19).

ЯҲОВА «КЕНГ БИР ВОДИЙ» ЯРАТМОҚДА

8. а) Муқаддас Китобда тоғлар нимани билдиради? б) Зайтун тоғи нимани ифодалайди?

8 Қуддус шаҳри самовий Қуддуснинг рамзи экан, унинг ёнидаги «Зайтун тоғи» ҳам рамзий маънога эга бўлиши керак. Бу тоғ нимани билдиради? Қандай қилиб «Зайтун тоғи иккига ажралади»? Нега иккала тоғ ҳам «Эгамиз тоғи» дейилган? (Закариё 14:4, 5а ни ўқинг) *. Муқаддас Китобда тоғлар шоҳликларни ёки ҳукуматларни билдиради. Баракалар ва ҳимоя ҳам Аллоҳнинг тоғидан келади (Заб. 71:3; Ишаё 25:6, 7). Демак, Қуддус шаҳрининг шарқида бўлган ва устида Худо турган Зайтун тоғи Яҳованинг коинот устидан ҳукмдорлигини ифодалайди.

9. Қайси маънода «Зайтун тоғи» иккига ажралди?

9 Зайтун тоғи иккига ажралиши нимани англатади? Қуддуснинг шарқида бўлган тоғ иккига ажралиши, Яҳова кўмакчи вазифасини бажарадиган яна битта ҳукуматга асос солишини англатади. Бу иккинчи ҳукумат Исо Масиҳнинг қўлида бўлган Масиҳий Шоҳликдир. Шу сабабли «Зайтун тоғи» иккига ажралганда «Эгамиз тоғи» деб аталган (Закр. 14:4, 5а). Демак, иккала тоғ ҳам Яҳованики.

10. Икки тоғ орасидаги «кенг бир водий» нимани ифодалайди?

10 Рамзий тоғ иккига бўлиниб, ярми шимолга, ярми жанубга сурилади. Яҳованинг оёқлари иккала тоғнинг устида туради. Ҳосил бўлган «кенг бир водий» эса Яҳованинг оёқлари остидан ўтади. Бу рамзий водий Худонинг ҳимоясини ифодалайди. Одамлар икки тоғ орасидаги водийдан ҳимоя топишганидек, Яҳованинг хизматчилари ҳам Унинг ҳамда Ўғлининг ҳукмронлиги остида ўзларини хавфсиз ҳис этишади. Бу билан Яҳова ҳақ топиниш йўқ бўлиб кетмаслигига ишонтирмоқда. Зайтун тоғининг иккига бўлиниши қачон юз берди? Бу воқеа 1914- йилда, ўзга халқлар даври ўз ниҳоясига етганида содир бўлди. Ҳақ топинишда бўлган инсонлар қачон бу рамзий водийга қоча бошлашди?

ВОДИЙГА ҚОЧИШ БОШЛАНДИ!

11, 12. а) Рамзий водийга қочиш қачон бошланди? б) Яҳова Ўз қудратидан фойдаланиб, халқини ҳимоя қилаётганини нимадан кўрса бўлади?

11 Ҳазрати Исо шогирдларини огоҳлантириб шундай деган: «Менинг номим туфайли ҳамма халқлар сизлардан нафратланади» (Мат. 24:9). Ушбу замонанинг охирги кунларида, яъни 1914- йилдан эътиборан нафрат ниҳоятда кучайди. Биринчи жаҳон уруши пайтида душманлар мойланганларнинг қолган қисмига кучли ҳужум уюштирган бўлишса-да, рамзий маънода садоқатли мойланганларнинг гуруҳини ўлдира олишмади. 1919- йилда улар сохта дин империяси бўлмиш Буюк Бобилнинг чангалидан озод бўлишди (Ваҳ. 11:11, 12) *. Айнан шунда Яҳованинг тоғлари орасидаги водийга қочиш бошланди.

12 Айнан 1919- йилдан бошлаб то ҳозиргача Худонинг ҳимоя водийси ер юзидаги ҳақ топинувчиларни муҳофаза қилиб келмоқда. Кўп йиллар давомида бир қанча давлатлар Яҳова Шоҳидларининг ваъзгўйлик фаолиятини тўхтатишга уринган, Муқаддас Китобга асосланган адабиётларини эса тақиқлаган. Бу аҳволни ҳозир ҳам айрим мамлакатларда кузатиш мумкин. Халқлар нимаики қилмасин, ҳақ топинишни илдизигача йўқ  қила олишмайди! Зеро Яҳова Ўз қудратидан фойдаланиб халқини ҳимоя қилади (Қонун. 11:2).

13. Қандай қилиб Яҳованинг ҳимоя водийсида қоламиз ва нега ҳозир бу ҳар қачонгидан ҳам муҳим?

13 Яҳовага садоқатли бўлиб, ҳақиқатда маҳкам турсак, У ва Ўғли Исо Масиҳ қараб туришмайди. Бирор кимса ёки бирор нарса бизни Унинг қўлидан ўғирлашига Аллоҳимиз йўл қўймайди (Юҳан. 10:28, 29). Сарвари Олам Яҳовага бўйсуниб, Масиҳий Шоҳликнинг садоқатли фуқаролари бўлишимиз учун, Тангримиз керакли бўлган ҳар қандай ёрдамни бизга тақдим этишга тайёр. Ҳимоя водийсида қолиш ўта муҳим. Чунки бу водий, тезлик билан яқинлашиб келаётган буюк қайғу пайтида ҳақ топинувчилар учун катта аҳамиятга эга бўлади.

«УРУШ ПАЙТИ» ЯҚИНЛАШМОҚДА

14, 15. Эгамиз душманларига қарши уруш қилган пайтда, ҳимоя водийсининг ташқарисида бўлганларнинг ҳоли нима кечади?

14 Ушбу замона ўз ниҳоясига яқинлашгани сайин, Шайтон Тангри Яҳованинг хизматчиларига ҳужумларини кучайтиради. Сўнг, душманларига қарши курашадиган «[Худонинг] уруш пайти» келади. Яҳова шундай қиладики, бу Шайтоннинг сўнгги ҳужуми бўлади. Сарвари Олам бундан олдинги ҳар қандай «уруш пайти»дан кўра, ўша уруш пайтида Ўзини улуғвор Жангчи сифатида намоён қилади (Закр. 14:3).

15 Эгамиз уруш қиладиган пайтда ҳимоя водийсининг ташқарисида бўлган одамлар билан нима бўлади? Закариё пайғамбар шундай деган: «Ўша куни нур бўлмайди. Ҳамма нарса қотиб қолади» (Закр. 14:6, ЯДТ). Башоратда айтилишича, улар учун «нур бўлмайди», яъни улар Аллоҳнинг илтифотидан бебаҳра қоладилар. Бўлғуси ўша уруш «душманларнинг отлари, хачирлари, туялари, эшаклари — уларнинг қароргоҳидаги ҳамма ҳайвонлар»ни, яъни халқларнинг қурол-яроғларини четлаб ўтмайди. Бундай қурол-яроғлар «қотиб қолади», яъни совуқдан қотиб қолгандек ишдан чиқади. Яҳова шунингдек офат ва «ўлат»дан фойдаланади. Ўлат ҳар қандай ваҳимали дўқ-пўписаларга барҳам беради. Бу том маънодаги ўлат бўладими ёки йўқми, буни билмаймиз. Ўша куни ғанимларнинг «кўзлари косасидаёқ чириб кетади, тиллари эса оғизларидаёқ чириб кетади». Аммо шуниси бизга маълумки, улар бизга зиён етказа олишмайди, Худога қарши ҳам гапира олишмайди (Закр. 14:7, 12, 15). Ер юзининг ҳеч бир жойида ҳалокатдан қочиб қутулиб бўлмайди. Жангда Шайтоннинг томонини эгаллаганлар улкан қўшинни ташкил этади (Ваҳ. 19:19–21). «Ўша куни бутун ер юзи, бу бошидан нариги четигача Худонинг қудратидан нобуд бўлган одамларнинг жасадларига тўлади» (Ерм. 25:32, 33).

16. Эгамиз уруш қиладиган пайт яқинлашаётган экан, қайси саволлар устидан мулоҳаза юритишимиз керак ва нима қилишимиз лозим?

16 Уруш ҳамиша азоб-уқубат келтиради, ҳатто уни ютиб чиққанларга ҳам. Озиқ-овқат танқис бўлади, одамлар мол-мулкидан айрилади, одатий турмуш тарзи изидан чиқади, инсонларнинг эркинлиги чекланади. Агар бошимизга шундай кўргиликлар тушса, ўзимизни қандай тутамиз? Ваҳимага тушамизми? Босим остида бўлганда имондан қайтамизми? Ёки умидимизни йўқотиб, тушкунликка тушамизми? Буюк қайғу пайтида Нажоткоримиз Яҳованинг қудратидан шубҳаланмай, Унинг ҳимоя водийсида қолиш нақадар муҳим! (Хабаққуқ 3:17, 18 ни ўқинг) *.

«ҲАЁТБАХШ СУВЛАР ОҚИБ ЧИҚАДИ»

17, 18. а) «Ҳаётбахш сувлар» нимани англатади? б) «Ўлик денгиз» ва «Ўрта ер денгизи» нимани билдиради? в) Нима қилишга қарор қилгансиз?

17 Армагеддондан кейин Масиҳий Шоҳликдан  «ҳаётбахш сувлар» оқиб чиқаверади. «Ҳаётбахш сувлар» — Худованд ҳаёт учун тақдим этаётган нарсалардир. «Ўлик денгиз» ва «Ўрта ер денгизи» инсонларни билдиради. Ўлик денгиз ўринли тарзда инсониятнинг умумий қабрида бўлганларни ифодалайди. Ўрта ер денгизида ҳаёт қайнаб ётгани боис, у Армагеддондан эсон-омон ўтиб олган «улкан оломонни» тасвирлаш учун мос келади (Закариё 14:8, 9 ни ўқинг *; Ваҳ. 7:9–15). Демак, иккала гуруҳ ҳам, «оби ҳаёт дарёси»дан оқаётган «ҳаётбахш сувлар»ни ичади. Натижада, одамзод мукаммал бўлиб, абадий яшайди (Ваҳ. 22:1, 2).

Яҳованинг ҳимоя водийсида қолишга қарор қилинг

18 Яҳованинг ҳимояси остида бўлсак, биз ушбу замона ўз якунига етганида омон қолиб, Худонинг адолатли янги дунёсига кирамиз. Барча халқлар биздан нафратланса ҳам, келинг, Худонинг Шоҳлигига садоқатли бўлиб, Яҳованинг ҳимоя водийсида қолишга қарор қилайлик!

^ 8- х.б. Закариё 14:4, 5а: «Ўша куни У Қуддус шаҳрининг шарқида бўлган Зайтун тоғининг устида туради. Шу куни Зайтун тоғи иккига ажралади. Тоғ орасидан шарқдан ғарбга қараб кетган кенг бир водий ўтади. Шунда тоғнинг бир тарафи шимолга, иккинчи тарафи эса жанубга сурилади. Сизлар Эгамиз тоғининг водийси орқали қочасизлар».

^ 11- х.б. «Ваҳий — унинг бажарилиши ўз поёнига етмоқда!» (рус) китобининг 169–170- саҳ. қ.

^ 16- х.б. Хабаққуқ 3:17, 18: «Борди-ю, анжир дарахти гулламай қолса, узум токлари мева тугмаса, зайтун дарахтлари ҳосил бермаса, даладаги экинлар унмай қолса, қўраларда қўйлар қолмаса, оғилхоналар бўм-бўш бўлса, шунда ҳам Эгамдан шод бўлурман, нажоткорим Худодан қувонурман».

^ 17- х.б. Закариё 14:8, 9: «Ўша куни Қуддусдан ҳаётбахш сувлар оқиб чиқади, унинг ярми Ўлик денгизга, қолган ярми эса Ўрта ер денгизига қуйилади. Сув ёзда ҳам, қишда ҳам оқаверади. Эгамиз эса бутун ер юзининг Шоҳи бўлади. Ўша куни барча халқлар фақатгина Уни Эгамиз, деб билади ва фақат Унга сажда қилишади».