Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ФЕВРАЛЬ 2013

Юрак ниятларингизни аниқланг

Юрак ниятларингизни аниқланг

Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Қалб ўта алдамчи ва беқарордир» (Ерм. 17:9, ЯДТ) Юрагимиз ниманидир қаттиқ хоҳлаётган пайтда, унинг ниятлари қанақа эканлигини аниқлаб кўришнинг айни пайти эмасми?

Муқаддас Китоб бизни қуйидагича огоҳлантирмоқда: «Ёмон ниятлар, қотиллик, зинокорлик, фоҳишабозлик, ўғрилик, сохта гувоҳлик ва куфрона сўзлар юракдан чиқади» (Мат. 15:19). Рамзий юрагимиз, яъни қалбимиз бизга хиёнат қилиши мумкин ва қилаётган ишларимизни, ҳаттоки бу Худонинг иродасига зид бўлса-да, оқлашга ҳаракат қилади. Аммо хато қилганимиздан кейин ҳам, нима қилиб қўйганимизни тушунмай қолишимиз мумкин. Хўш, нотўғри ишни қилишдан олдин, юрак ниятларимизни аниқлашга нима ёрдам беради?

ЮРАКДАГИ НИЯТЛАРНИ ҚАНДАЙ АНИҚЛАШ МУМКИН?

Муқаддас китобни кунда ўқиш қалбимизга қандай таъсир қилади?

Муқаддас Китобни кунда ўқиб, устидан мулоҳаза юритинг.

«Худонинг каломи жонли бўлиб, кучли таъсирга эга. У ҳар қандай икки тиғли қиличдан ҳам ўткирроқдир. У жон билан руҳни, бўғинлар билан иликни бўлгундек суқилиб кириб, юракдаги нияту фикрларни аниқлашга қодир» (Иброн. 4:12). Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётганда, фикрлаш тарзимизни ҳамда ишларимизни текшириб кўришимиз керак. Худонинг Каломини ҳар куни ўқиб, билиб олганларимиз ҳақида фикр юритиш жуда муҳим. Ахир шундай қилибгина биз Яҳованинг фикрлаш тарзи ва нуқтаи назарини ўзлаштириб олишимиз мумкин!

Муқаддас Ёзувлардаги маслаҳатни қабул қилиб, ундаги меъёрларга амал қилиш орқали виждонимизни тарбиялай оламиз. У «шоҳидлик беришга» қодир бўлган ички овозга ўхшайди (Рим. 9:1). Виждон овози бизни ёмон ишни оқлашдан ҳимоя қилади.  Шунингдек, Муқаддас Китобда биз учун «огоҳлантириш сифатида» хизмат қиладиган сабоқлар бор (1 Кор. 10:11). Бу сабоқларни ўрганиш бизни нотўғри қарор қабул қилишдан асрайди. Хўш, ҳар биримиз нима қилишимиз керак?

Ибодатларимиз шахсиятимизни билишимизга кўмаклашади

Худодан юрак ниятларингизни аниқлашга ёрдам беришини сўраб, ибодат қилинг.

Яҳова «юракни синайди» (1 Сол. 29:17). Аллоҳ «қалбимиздан улуғ ва Унга ҳар нарса аён» (1 Юҳан. 3:20). Уни алдаб бўлмайди. Агар ибодатда ташвиш, ҳис-туйғу ва истакларимиз ҳақида очиқчасига айтсак, Яҳова юракдаги ниятларимиз қанақа эканлигини аниқлашга ёрдам беради. Ундан «тоза юрак» беришини сўрасак бўлади (Заб. 50:12). Зеро Яҳовадан ёрдам олишнинг энг муҳим йўли — ибодатдир.

Жамоат учрашувларимиз қалбимиздаги ниятларни аниқлашимизга кўмаклашади

Жамоат учрашувларида диққатли бўлинг.

Учрашувларда тақдим этилаётган нарсаларга диққатли бўлиш, холисона фикр юритиб, виждонимизни тарбиялашга ёрдам беради. Гарчи ҳар сафар йиғилишларда янги маълумот эшитмасак-да, уларда иштирок этиш Муқаддас Китобдаги меъёрларни янада яхшироқ тушунимизга кўмаклашади. Шунингдек, юракдаги ниятларни текширишга ундайдиган фойдали эслатмалар эшитиб турамиз. Биродару опа-сингилларимизнинг шарҳлари ҳам шахсиятимизни шаклантиришда муҳим аҳамиятга эга (Ҳик. 27:17). Йиғилишларда имондошларимиз билан бирга вақт ўтказишнинг ўрнига, фақатгина ўзимиз билан овора бўлсак, ўзимизга зарар келтирган бўламиз. Бунинг дастидан «ўз истагимизни қондиришни хоҳлаб» қолишимиз мумкин (Ҳик. 18:1). Шундай экан ўзимизга мана бу саволни бериб кўрсак яхши бўларди: «Мен барча учрашувларга бориб, у ерда айтилганларга диққатли бўляпманми?» (Иброн. 10:24, 25).

ЮРАГИМИЗ ҚАНДАЙ ҚИЛИБ БИЗНИ АЛДАШИ МУМКИН?

Алдамчи юрагимиз бизни ҳаётнинг турли соҳасида йўлдан оздириши мумкин. Булардан қуйидаги тўрттасини кўриб чиқамиз: моддий нарсаларни хоҳлаш, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, дўст танлаш ва ўйин кулги.

Моддий нарсаларни хоҳлаш.

Жисмоний эҳтиёжларимизни қондиришни исташ, табиий ҳол. Шундай бўлса-да, Ҳазрати Исо моддий нарсаларни биринчи ўринга қўйиш масаласида огоҳлантирувчи мисол келтирган эди. Масалларидан бирида, Исо омбори тўлган бир бой киши ҳақида гапирганди. Бу кишининг қўшимча ҳосили учун омборида жойи бўлмагани туфайли, эски омборини бузиб, ўрнига янгисини қуради. Сўнг эса ўзига шундай дейди: «Бутун ғаллаю мол-мулкимни ўша ерга жамлайман. Кейин ўзимга айтаман: “Мен кўп йилларга етадиган мол-мулк йиғиб қўйдим. Энди маза қилиб еб-ичиб, роҳатини кўраман”». Аммо ушбу бой киши муҳим бўлган ҳақиқатни, яъни ўша кечаси вафот этадиган бўлса, барча меҳнати бир тийинга қиммат бўлишини, эътибордан четда қолдирган эди (Луқо 12:16–20).

Ёшимиз ўтгани сайин, қариганда пулдан қийналиб қолмай деган ташвиш пайдо бўлиши мумкин. Натижада, йиғилишларни қолдириш, оз вақт ваъз қилиш ва бошқа маънавий ишларни четга суриш эвазига, кўпроқ ишлашга берилишимиз мумкин. Ахир бундай мойилликка қарши туришимиз керак эмасми?! Эҳтимол ҳозир ёшдирмиз ва катта мавқега қараганда тўла вақтли хизмат афзал эканини тушунаётгандирмиз. Аммо кашшофликни бошлашдан аввал, бироз пул тўплаб олишни маъқул  кўрмаяпмизми? Ундан кўра ҳозир Аллоҳнинг назарида бой бўлиш яхшироқ эмасми? Ахир эртага нима бўлишини ким билади?

Спиртли ичимликларни истеъмол қилиш.

Ҳикматлар 23:20 да: «Майхўрлар... орасида бўлма»,— дейилган. Спиртли ичимликларни ичишни яхши кўрадиган киши, мунтазам равишда ичиш учун баҳона топади. Мисол учун, маст бўладиган даражада эмас, бор йўғи ҳордиқ чиқариш учун ичмоқчиман, дейиши мумкин. Мабодо, ҳордиқ чиқариш учун ичишга эҳтиёж сезсак, юрагимизнинг мойиллигини виждонан текшириб кўришимиз лозим.

Дўст танлаш.

Биз, имондошимиз бўлмаган кишилар билан қайсидир даражада мулоқот қилишимизга тўғри келади. Бу мактабда, ишда ёки хизматда учратган инсонлар билан бўлиши мумкин. Бундан умуман қочиб бўлмайди. Аммо улар билан атайин яқин мулоқот қилиш ва яқин дўстлашиш бошқа масала. Эҳтимол бундай муносабатни, улар ҳам кўпгина яхши фазилатларга эга, деб ўзимизни оқлармиз. Бироқ Муқаддас Китобда қуйидаги огоҳлантириш ёзилган: «Адашманглар. Ёмон одамлар билан мулоқот қилиш яхши хулқни бузади» (1 Кор. 15:33). Озгина ифлос нарса тоза сувни булғагани каби, Аллоҳни яхши кўрмаганлар билан дўстлик ҳам маънавийлигимизни булғаб, нуқтаи назаримиз, кийинишимиз, суҳбатимиз ва хулқ-атворимиз бу дунё одамлариникидай бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.

Ўйин-кулги.

Замонавий технология ёрдамида, турли-туман ўйин-кулгиларни осонгина топиш мумкин. Аммо улардан аксарияти шубҳали ёки масиҳийларга тўғри келмайди. Бу борада ҳаворий Павлус шундай ёзган: «Ҳар қандай нопоклик... орангизда ҳатто тилга олинмасин» (Эфес. 5:3). Агар қалбимизда қандайдир нопок нарсани томоша қилиш ёки эшитиш истаги кучли бўлса-чи? Биз: «Ҳар бир киши бироз дам олишга ёки чарчоқни чиқаришга эҳтиёжи бор, қолаверса бу ҳар кимнинг шахсий иши»,— деган хулосага келишимиз мумкин. Аммо Павлуснинг маслаҳатини юрагимизга жо қилиб, нопок нарса кўзларимиз ёки қулоқларимиз орқали киришига йўл қўймайлик.

ЎЗГАРИШЛАР ҚИЛА ОЛАМИЗ

Мабодо йўлдан оздирувчи юрагимизнинг мойиллигига берилиб, салбий хатти-ҳаракатларимизни оқлашни бошлаган бўлсак, ўзгаришлар қилишимиз керак (Эфес. 4:22–24). Иккита замонавий мисолни кўриб чиқайлик.

Мигель * моддий нарсаларга бўлган нуқтаи назарини ўзгартирди. Бу ҳақда у шундай деди: «Хотиним, ўғлим ва мен шундай мамлакатда яшаймизки, бу ерда энг охирги чиққан нарсаларга эга бўлиш мумкин. Қолаверса, яхши техника ҳамда қулай шароитни муҳим деб билишади. Бир пайтлар мен дунёдаги барча нарсага эга бўлишга ўзимни бағишлагандим ва моддий нарсаларга берилмасдан бунга эришса бўлади, деган фикрда эдим. Тез орада шуни тушуниб етдимки, моддий бойликни, охири йўқ йўлга ўхшатса бўлар экан. Шунинг учун, нуқтаи назарим ва қалбимдаги ниятларим борасида Яҳовага ибодат қилдим. Ибодатимда оилам билан биргаликда тўла вақт хизмат қилмоқчи эканимизни айтдим. Сўнг эса, ҳаётимизни соддалаштириб, эҳтиёж катта бўлган ҳудудга кўчиб ўтишга қарор қилдик. Тез орада доимий кашшоф этиб тайинландик. Энди эса кўриб турибмизки, тўлақонли бахтга эга бўлиш учун кўп моддий нарсаларга эга бўлишнинг ҳожати йўқ экан».

Ли исмли биродаримизнинг мисоли, виждонан ўзини текширгани унга қандай қилиб ёмон тўдани тарк этишига кўмаклашганини кўрсатиб турибди. Бу биродаримиз шундай фикр билдирди: «Ишимнинг дастидан, мунтазам равишда чет эллик товар етказувчилар билан учрашиб туришим керак эди. Бундай учрашувларда ортиқ даражада ичкиликбозлик бўлишидан хабардор эдим, аммо уларга ташриф буюриш мен учун қизиқарли эди. Кўп ҳолларда маст бўлишимга сал қоларди, лекин кейин пушаймон бўлардим. Мен қалбимни виждонан текширишга қарор қилдим. Аллоҳнинг Каломидаги маслаҳат ва оқсоқолларнинг насиҳатлари ёрдамида шуни тушуниб етдимки, мен Яҳовани яхши кўрмайдиганлар билан мулоқотни ўзим излаган эканман. Эндиликда эса, ишимни имкон қадар телефон орқали ҳал қилишга ва товар етказувчилар билан иложи борича камроқ учрашишга ҳаракат қиляпман».

Биз ўзимизни виждонан текшириб туришимиз ва қалбимиздаги ниятларни аниқлашимиз зарур. Кўриб турганимиздек, ибодат орқали Яҳованинг ёрдамини излашимиз даркор. Зеро У, «юракдаги сирларни билади» (Заб. 43:22). Аллоҳимиз шунингдек, кўзгу каби бўлган Ўзининг Каломини бизга тақдим этган (Ёқб. 1:22–25). Қолаверса, адабиётларимиз ва жамоат учрашувлари орқали берилаётган маслаҳат ва эслатмалар жуда муҳим! Бундай қўлланмалар ёрдамида, қалбимизни ҳимоя қила оламиз ва одиллик йўлидан юришни давом эттирамиз.

^ 18- х.б. Исмлар ўзгартирилган.