Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Қўриқчи минораси (тадқиқ сони)  |  Февраль 2013

Императорнинг соқчиларига шоҳидлик берилди

Императорнинг соқчиларига шоҳидлик берилди

Милодий 59- йил. Йўлдан чарчаган аскарлар бир қанча маҳбусларни қўриқлаб, Порта Капена номли дарвоза орқали Римга кириб келишмоқда. Палатин тепалиги деб аталган жойда улар император Нероннинг саройини кўришлари мумкин. Саройни император соқчилари (преторий гвардияси) қўриқлайди. Уларнинг кийими * остида қилич яширилган. Юзбоши (центурион) Юлий маҳбуслар билан Рим Форумидан ўтиб, Виминал тепалигига кўтарилишди. Улар аввалига Рим худоларига атаб қурилган кўпгина қурбонгоҳлари бўлган боғни, сўнг ҳарбий парадлар ва ўқув-машқлари ўтказиладиган майдон ёнидан ўтиб кетишди.

Тахминан милодий 51- йилда қурилган Клавдий аркасининг деворида императорнинг соқчилари тасвирланган

Ўша маҳбуслар орасида ҳаворий Павлус ҳам бор эди. Бир неча ой олдин кема кучли тўлқинлар оғушида бўлганида, Аллоҳнинг фариштаси Павлусга шундай деган эди: «Сен подшоҳнинг олдида туришинг керак» (Ҳавор. 27:24). Бу сўзлар тез орада амалга ошиши мумкинлигидан у ҳайрон қолган бўлса керак. Шаҳарни кўриб, у Қуддусда Антоний қалъасида бўлганида Исо айтган мана бу сўзларни эслаган бўлса ажаб эмас: «Дадил бўл! Қуддусда мен ҳақимда қандай шаҳодат берган бўлсанг, Римда ҳам шундай қилишинг керак» (Ҳавор. 23:10, 11).

Эҳтимол Павлус бир зум тўхтаб, Кастра преторияни томоша қилгандир. Бу ҳайбатли қалъанинг деворлари ва миноралари қизил ғиштдан терилган эди. Ушбу қалъанинг ҳовлисида императорнинг соқчилари, тан соқчилари ҳамда шаҳар полициясининг бўлинмалари жойлашган эди. Император соқчиларининг 12 та когортаси * ва шаҳар  полициясининг бир қанча когорталаридан ташқари, қалъанинг ичида бир неча мингта аскарлар, жумладан отлиқ аскарлар ҳам бўлиши мумкин эди. Кастра претория, император қанчалик қудратли эканини эслатиб турарди. Императорнинг соқчилари бошқа вилоятлардан бўлган маҳбуслар учун жавобгар бўлишгани учун, юзбоши Юлий бир гуруҳ маҳбусларни шаҳарнинг тўртта асосий дарвозаларининг бири орқали, император соқчиларининг қароргоҳига олиб борган. Бир неча ой давом этган хавфли сафардан қайтиб, ниҳоят маҳбусларни белгиланган жойга олиб келди (Ҳавор. 27:1–3, 43, 44).

ҲАВОРИЙ «ТЎСҚИНЛИКСИЗ» ВАЪЗ ҚИЛМОҚДА

Сафар пайтида Павлус Худодан ваҳий олганида, кема ҳалокатга учрашини, унинг экипажи омон қолишини билиб олди. Уни чаққан заҳарли илон эса унга ҳеч қандай зиён келтирмади. Павлус Мальта оролида яшовчи бир кишини соғайтирганида эса, маҳаллий халқ уни бу бир худо экан, дейишган. Бу воқеалар император соқчилари ўртасида иримларга ишонганларнинг қулоғига етиб борган бўлиши ва улар бу ҳақда ўзаро гапирган бўлиши мумкин.

Павлус Римдаги биродарлар уни кутиб олиш учун Аппий майдони ва Уч меҳмонхонагача келишганини кўрди (Ҳавор. 28:15). Маҳбус сифатида қандай қилиб у хушхабарни Римда ваъз қилар экан? (Рим. 1:14, 15). Айримларнинг фикрича, маҳбусларни соқчилар капитанининг ихтиёрига топширган бўлишлари мумкин. Агар бу шундай бўлса, эҳтимол уни императордан кейинги ўринни эгаллаган киши, яъни император соқчиларининг бошлиғи (префекти) Афраниус Буррус * қўлига топширишган. Қандай бўлмасин, Павлусни юзбоши эмас, балки император соқчилари ичидан бўлган оддий аскар қўриқлаган. Павлусга ўзига яшаш учун жой топишга, меҳмон қабул қилишга ва «тўсқинликсиз» ваъз қилишга рухсат берилган эди (Ҳавор. 28:16, 30, 31).

ПАВЛУС КИЧИГУ УЛУҒЛАРГА ВАЪЗ ҚИЛГАН

Кастра претория деворларининг ҳозирги кўриниши

Павлусни император Нероннинг ёнига олиб киришдан аввал, Буррус уни саройда ёки император соқчиларининг қароргоҳида сўроқ қилган бўлиши мумкин. Павлус такрорланмайдиган бундай имкониятни қўлдан бой бермай, «кичигу улуғлар олдида шоҳидлик» берди (Ҳавор. 26:19–23). Терговдан кейин Буррус Павлусни айбдор деб топганми ёки йўқми, бу бизга маълум эмас. Лекин шунисини аниқ биламизки, у Павлусни император соқчиларининг қарогоҳидаги қамоқхонага ташламаган *.

 Павлус ижарага олган уй етарлича катта бўлгани учун у «яҳудийларнинг бошлиқларини» қабул қилган ва уларга ҳамда унинг олдига келган кўпчиликка шоҳидлик берган. Павлус «эртадан кечгача» Исо ва Худонинг Шоҳлиги тўғрисида яҳудийларга «кенг шоҳидлик» берган. Уни қўриқлаган аскарлар ҳам хушхабарни эшитишга мажбур бўлишган (Ҳавор. 28:17, 23).

Павлус айтиб ёздирган мактубларни аскарлар эшитишган

Император соқчилари когортасининг хизмати ҳар куни кундузи соат иккигача давом этган. Павлусни қўриқлаган аскарлар ҳам мунтазам алмашиб турган. Ҳаворийни икки йил давомида аскарлар қўриқлаган. Демак, Эфес, Филиппи, Колоса ва Яҳудиядаги масиҳийларга йўллаган мактубларини айтиб туриб ёздирганида улар буни эшитишган. Филимўнга эса ўз қўли билан мактуб ёзганига гувоҳ бўлишган. Қамоқда бўлса ҳам, Павлус Ўнисим исмли қочқин қулга алоҳида эътибор берган. Чунки у Павлус занжирбанд бўлганида унга «ўғил каби бўлган». Сўнг, Павлус уни хўжайининг ёнига қайтариб юборган (Филим. 10). Шубҳасизки Павлус уни қўриқлаган аскарларга ҳам қизиқиш кўрсатган (1 Кор. 9:22). Павлус аскардан у ёки бу қурол қайси мақсадда ишлатилишини сўраб олаётганини ҳамда бу маълумотни мисол тариқасида келтирганини кўз олдимизга келтиришимиз мумкин (Эфес. 6:13–17).

 ХУШХАБАРНИ ҚЎРҚМАСДАН АЙТИШМОҚДА

Павлус қамоқда бўлгани императорнинг ҳамма соқчилари ва бошқалар орасида «хушхабарнинг ёйилишига» ҳисса қўшди (Филип. 1:12, 13). Императорнинг соқчилари Рим империясининг ҳар жойида яшовчи кишилар билан, шу қаторда император, унинг оила аъзолари, хизматкорлари ва қуллари билан алоқада бўлиб туришарди (Филип. 1:12, 13; 4:22). Павлус дадиллик билан шоҳидлик бергани, Римдаги биродарларни жасоратли бўлиб, «Худонинг сўзини... қўрқмасдан гапириш»га ундади (Филип. 1:14).

Қандай вазиятга дуч келмайлик, ваъз қилиш учун одамларни учратамиз

Павлус Римда шоҳидлик бергани бизни «қулай пайтда ҳам, ноқулай пайтда ҳам каломни ваъз» қилишга ундайди (2 Тим. 4:2). Орамиздан баъзилар қариялар уйида яшагани ёки шифохонада ётгани учун ташқарига чиқа олмайди, айримлар эса ҳатто имони учун қамалган бўлиши мумкин. Қандай вазиятга дуч келмайлик, биз ваъз қилиш учун одамларни учратамиз. Эҳтимол бу бизга қараш учун ёки қандайдир хизмат кўрсатиш мақсадида келган инсонлар бўлиши мумкин. Агар ҳар бир фурсатдан фойдаланиб жасорат билан шоҳидлик берсак, «Худонинг каломи занжирбанд эмаслигига» шахсан ўзимиз гувоҳ бўламиз (2 Тим. 2:8, 9).

^ 2- х.б. «Нерон давридаги императорнинг соқчилари» номли рамкага қ.

^ 4- х.б. Рим когортаси таркибида 1000 тагача аскар бўлган.

^ 7- х.б. «Секстус Афраниус Буррус» номли рамкага қ.

^ 9- х.б. Павлусдан фарқли равишда, Ҳирод Агриппа яқинда Калигула император бўлади, дегани учун 36- ёки 37- йилларда Тибериус томонидан императорнинг соқчилари жойлашган қароргоҳнинг қамоқхонасига ташланган. Калигула император бўлгач, Ҳиродни Яҳудиянинг шоҳи этиб тайинлади (Ҳавор. 12:1).