Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ФЕВРАЛЬ 2013

Худодан иззат-ҳурмат топишингизга ҳеч нарса тўсқинлик қилмасин

Худодан иззат-ҳурмат топишингизга ҳеч нарса тўсқинлик қилмасин

Камтарин... иззат-ҳурмат топади. ҲИК. 29:23

1, 2. а) Асл нусхадаги «иззат-ҳурмат» сўзининг маъноси қанақа? б) Бу мақолада қайси саволларни муҳокама қиламиз?

«ИЗЗАТ-ҲУРМАТ» * деган сўзни эшитганингизда хаёлингизга нима келади? Муқаддас Ёзувларнинг асл нусхасида «иззат-ҳурмат» сўзи оғирлик маъносига эга. Қадимда пул олтин ва кумушдан ясалган бўлиб, унинг қиймати оғирлигига қараб ўлчанарди. Шунинг учун иззат-ҳурмат деб таржима қилинган сўз, жуда қимматбаҳо ёки ҳайратда қолдирадиган маъноларга эга.

2 Биз инсоннинг қудрати, мартабаси ва обрўсига қойил қолишимиз мумкин, аммо Худо инсонинг қайси жиҳатига эътибор беради? Муқаддас Ёзувларда айтилишича, Аллоҳ одамларга иззат-ҳурмат кўрсатиши мумкин. Масалан, Ҳикматлар 22:4 да шундай дейилган: «Камтарлик ва Эгамиздан қўрқиш, бойлик, ҳурмат ва ҳаёт келтиради». Исонинг шогирди Ёқуб эса қуйидагини баён қилган: «Яҳованинг назарида камтарин бўлинглар, шунда У сизларни юксалтиради» (Ёқб. 4:10). Яҳова қандай қилиб бизга иззат-ҳурмат кўрсатади? Бунга эришишимизга нима тўсқинлик қилиши мумкин? Бошқалар ҳам бундай баракага эга бўлиши учун биз нима қила оламиз?

3–5. Яҳова қандай қилиб бизга иззат-ҳурмат кўрсатади?

3 Сано бастакори, Яҳова уни ўнг қўлидан ушлаб, шон-шарафга муяссар этишига амин бўлган (Забур 72:23, 24 ни ўқинг). Хўш, Яҳова буни қандай қилар экан? У буни камтарин хизматчиларига Ўз илтифотини кўрсатиш ва кўпгина баракалар ёғдириш орқали амалга оширмоқда. Масалан, иродаси нимадан иборат эканини тушунишларига ёрдам беряпти (1 Кор. 2:7). Шунингдек, Каломига қулоқ солиб Унга итоат этганларга,  Ўзи билан дўстлашишга имкон беряпти (Ёқб. 4:8).

4 Яҳова шунингдек уларга хушхабарни ваъз қилишдек шарафли вазифани ишониб топширган (2 Кор. 4:1, 7). Бу хизмат инсонга иззат-ҳурмат келтиради. Ваъзгўйлик орқали, Яҳовани улуғлаётган ва бошқаларга фойда келтираётганларга, Аллоҳимиз мана нима демоқда: «Мени иззат қилганни Мен ҳам иззат қиламан» (1 Шоҳ. 2:30). Бундайлар Яҳованинг назарида яхши номга эга бўлишади ва жамоат аъзолари ҳам улар ҳақида яхши фикрда бўлади (Ҳик. 11:16; 22:1).

5 Эгамиздан умид қилиб, Унинг йўлларини тутганларни келажакда нима кутмоқда? Муқаддас Китобда шундай ваъда бор: «Ер юзига эга бўлишинг учун сени У [Яҳова] юксалтирур. Фосиқлар нобуд бўлганда сен буни кўрурсан» (Заб. 36:34, Туркия 1998). Аллоҳнинг хизматчилари абадий яшашдек ажойиб умидга эга (Заб. 36:29).

«МЕН ИНСОНЛАРДАН ШОН-ШАРАФ ОРТТИРИШНИ ИСТАМАЙМАН»

6, 7. Нега кўплар Исога ишонишни хоҳламаган?

6 Яҳовадан иззат-ҳурмат топишимизга нима тўсқинлик қилиши мумкин? Масалан, Яҳова билан яқин муносабатларга эга бўлмаганларнинг нуқтаи назарига ҳаддан ташқари эътибор қаратсак, бундай бўлиши мумкин. Келинг, Исонинг давридаги бошлиқлар ҳақида ҳаворий Юҳанно нима деганига диққат қаратайлик: «Ҳатто бошлиқларнинг кўплари унга [Исога] ишонадиган бўлишди. Аммо ибодатхонадан ҳайдалишдан қўрқиб, фарзийлар олдида буни очиқ тан олмас эдилар. Чунки улар, Тангрининг назарида ҳурмат қозонишдан кўра, одамларнинг назарида ҳурмат қозонишни кўпроқ севардилар» (Юҳан. 12:42, 43). Ушбу бошлиқлар, фарзийларнинг нуқтаи назарини муҳимроқ ҳисоблаб, нотўғри қилишди.

7 Исо ваъда қилинган Масиҳ эканига нега кўпчилик ишонмаётганининг сабабини, унинг ўзи аниқ қилиб тушунтирган (Юҳанно 5:39–44 ни ўқинг). Исроил халқи Масиҳ келишини асрлар мобайнида кутган. Исо таълим беришни бошлаганда, айримлар Дониёрнинг башоратини ўқиб, яқинда Масиҳ келишини тушунган бўлиши мумкин. Сабаби, бир неча ой аввал, Яҳё пайғамбар ваъз қилиб юрганида, кўпчилик: «Масиҳ шу эмасмикин?» — дейишарди (Луқо 3:15). Мана энди, узоқ вақт кутилган Масиҳ уларнинг орасида таълим бераётган эди. Аммо Таврот муаллимлари уни тан олишмади. Бунинг сабабини Исо мана бу саволни бериб ойдинлаштирган: «Бир-бирингиздан таҳсин оласиз-у, Худодан таҳсин олишга интилмас экансиз, ундай қандай ишонишингиз мумкин?»

8, 9. Одамлардан иззат-ҳурмат топиш истаги, Худодан таҳсин олишимизга қандай тўсқинлик қилиши мумкин? Нур ҳақидаги мисолдан фойдаланинг.

8 Инсонлардан иззат-ҳурмат топиш, Худодан таҳсин олишимизга қандай тўсқинлик қилиши мумкин? Буни яхшироқ тушуниш учун, иззат-ҳурматни нур билан солиштирамиз. Ажойиб коинотимиз нурга тўла. Тунги осмонга назар ташлаб, минглаб юлдузларни кўрганингизни эслай оласизми? Юлдузларнинг «ёғдуси»ни кўриб роса ҳайратлангандирсиз (1 Кор. 15:40, 41). Чироқлар тўла шаҳардан туриб осмонга қараганингизда нимани кўрасиз? Шаҳардаги чироқларнинг ёруғлиги дастидан олисдаги юлдузларни деярли кўрмайсиз. Хўш, йўллардан, стадионлардан ва бинолардан таралиб турган ёруғлик юлдузларникидан кўра ёруғроқ ва чиройлироқми? Асло! Бу шунчаки шаҳардаги чироқлар бизга яқинроқ бўлгани учун Яҳованинг яратганларини тўсиб қўйяпти.Тунги осмоннинг гўзаллигидан баҳраманд бўлишни истасак, сунъий ёруғликдан холи бўлган ерга боришимиз даркор.

9 Шу сингари юрагимизда одамлардан иззат-ҳурмат топиш истаги кучли бўлса, унда бу истак Яҳовадан таҳсин олишга ва уни қадрлашга тўсқинлик қилади. Кўп кишилар дўстлари ёки оила аъзолари улар ҳақда қандай фикрда бўлишидан қўрқиб, хушхабарни қабул қилишмайди. Лекин одамлардан иззат-ҳурмат  топиш истаги Худонинг хизматчиларига ҳам таъсир қилиши мумкинми? Фараз қилайлик, ёш биродаримизни кўпчилик танийдиган ҳудудга ваъз қилгани тайинлашди. Лекин ўша одамлар у Яҳованинг Шоҳиди эканини билишмайди. Шунда у қўрққанидан ваъз қилмай қўядими? Ёки дейлик биров унинг қанақа маънавий мақсадлари борлигидан хабар топиб устидан кулса-чи? Яҳовага хизмат қилишни қадрламайдиган ўша кишилар унинг мақсадларига таъсир қилишига у йўл қўядими? Тасаввур қилайлик, масиҳий жиддий гуноҳга қўл урди. Шунда жамоатдаги масъулиятли вазифаларини йўқотишдан ёки яқинларини хафа қилишдан қўрқиб гуноҳини яширадими? Бунақа пайтда, у авваламбор Яҳова билан муносабатини тиклаш ҳақида ўйласа, «жамоат оқсоқолларини чақирсин» деган маслаҳатга риоя қилади ва улардан ёрдам сўрайди (Ёқуб 5:14–16 ни ўқинг).

10. а) Бошқалар биз ҳақимизда қандай фикрда экани борасида ҳаддан ташқари ўйласак нима юз бериши мумкин? б) Камтарин бўлсак, нимада амин бўламиз?

10 Эҳтимол маънан етук бўлиш учун кўп ҳаракат қилишингизга қарамай, имондошингиз маслаҳат бераётгандир. Маслаҳатни қабул қилиб фойдасини кўришингиз мумкин. Ёки мағрурлик дастидан, обрўингиз тўкилишидан қўрқиб ёки ўзингизни оқлаш мақсадида маслаҳатни рад этишингиз мумкин. Тасаввур қилинг, имондошларингиз билан биргаликда иш қиляпсиз. Бирон-бир яхши ғоя ёки астойдил меҳнат қилганингиз учун кимдир сизни мақташини кутасизми? Агар бундай вазиятлардан бирига дуч келган бўлсангиз, эсингиздан чиқарманг: «камтарин... иззат-ҳурмат топади» (Ҳик. 29:23).

11. Бошқалар бизни мақтаганда ўзимизни қандай тутамиз ва нега?

11 Оқсоқоллар ва жамоатда масъулиятли вазифаларга интилганлар, «инсондан шон-шараф излашмайди» (1 Тим. 3:1; 1 Салон. 2:6). Биродарни қилган иши учун чин дилдан мақташса, у ўзини қандай тутиши лозим? Эҳтимол у ўзига ёдгорлик ўрнатган шоҳ Шоул каби йўл тутмас (1 Шоҳ. 15:12). Лекин эришилган ютуқлари фақатгина Яҳованинг инояти билан бўлганини тан олиб, келажакда ҳам муваффақиятга эришиш учун Яҳова барака ва ёрдам беришига умид қиладими? (1 Бутр. 4:11). Ичимизда берган жавобимиз, кимдан шараф излаётганимизни кўрсатиб беради (Ҳик. 27:21).

«СИЗЛАР УНИНГ [ИБЛИСНИНГ] ХОҲИШИНИ БАЖАРИШНИ ИСТАЙСИЗЛАР»

12. Исонинг хабарини айрим яҳудийлар тинглашига нима тўсқинлик қилган?

12 Аллоҳдан иззат-ҳурмат топишимизга тўсқинлик қиладиган яна бир нарса — бу нотўғри истакларимиздир. Ушбу истаклар бор ҳақиқатни эшитишимизга тўсқинлик қилиши мумкин (Юҳанно 8:43–47 ни ўқинг). Мисол учун, айрим яҳудийлар нима учун унинг хабарини тинглашмаганининг сабабини Исо уларга очиқ айтган эди: «Сизларнинг отангиз Иблис ва сизлар унинг хоҳишини бажаришни истайсизлар».

13, 14. а) Миямиз ва инсон товуши борасидаги тадқиқотлар нимани исботлади? б) Кимни тинглашни қандай танлай оламиз?

13 Биз баъзида ўзимиз хоҳлаган нарсани тинглаймиз (2 Бутр. 3:5). Яҳова бизга ажойиб қобилиятни ато этган, бу кераксиз шовқинни эшитмаслик қобилиятидир. Бир лаҳзага тўхтаб, ўйлаб кўринг, ҳозирнинг ўзида қанча товушларни эшита оласиз. Бир лаҳза олдин кўпгина товушларни эшитмаган эдингиз. Нима учун? Сизда турли товушларни эшитиш қобилияти бўлса-да, миянгиз фақатгина битта товушга эътибор қаратишингизга кўмаклашади. Аммо бошқалар гапириб турганида, ўша битта товушни ҳам тинглаш қийинроқ кечади. Тадқиқотлар шуни исботладики, инсон бир пайтда фақатгина бир кишини тинглай олади. Бу дегани, бир вақтнинг ўзида икки киши гапираётган бўлса, сиз ўзингиз истаган кишига эътиборингизни қаратасиз. Исонинг давридаги яҳудийлар, отаси Иблиснинг хоҳишини бажаришни исташган, шунинг учун улар Исони тинглашмаган.

 14 Муқаддас Китобда айтилишича, рамзий маънода «донолик» ва «аҳмоқлик» бизга гапириб туради (Ҳик. 9:1–5, 13–17). Донолик ҳам аҳмоқлик ҳам бизни чақиради ва биз улардан бирини танлашимиз лозим. Хўш, қай бирининг таклифини қабул қиламиз? Кимнинг кўнглини топмоқчи бўлсак, ўшани таклифини қабул қиламиз. Исонинг «қўйлари» унинг товушини тинглашади ва унга эргашишади (Юҳан. 10:16, 27). Улар «ҳақиқат тарафида» туришибди (Юҳан. 18:37). «Улар... бегоналарнинг овозини танимайдилар» (Юҳан. 10:5). Бундай камтар кишилар Худодан шон-шуҳрат топишади (Ҳик. 3:13, 16; 8:1, 18).

«БУ... ЮКСАЛИШИНГИЗ УЧУНДИР»

15. Нега Павлус, бошдан кечирган синовлари эфесликларнинг иззат-ҳурмат топишига хизмат қилди, деб айтган?

15 Бошқалар Аллоҳдан иззат-ҳурмат топиши учун биз нима қила оламиз? Бунинг бир усули — бардошли бўлиш борасида ўрнак кўрсатишдир. Павлус бу ҳақда Эфес жамоатига қуйидагини ёзган: «Сизлар учун чекаётган қайғу-аламларимни, деб руҳингиз тушмаслигини илтимос қиламан. Чунки бу, сизларнинг юксалишингиз учундир» (Эфес. 3:13). Қайси маънода Павлуснинг қайғу-аламлари эфесликларнинг «юксалиши», яъни иззат-ҳурмат топиши учун хизмат қилган? Павлус синовларга қарамай хизмат қилишга тайёр бўлгани билан, масиҳий бўлиш катта масъулият ва ҳамма нарсадан муҳим эканини эфесликларга кўрсатиб берган. Агар Павлус синовларга дош бера олмаганида эди, биродарларининг назарида уларнинг Яҳова билан яқин муносабати, хизмати ва умиди унчалик муҳим эмасдек бўлиб қолар эди. Аммо Павлуснинг бардошли бўлиш борасидаги ўрнаги шуни кўрсатиб бердики, Масиҳнинг издоши бўлиш учун ҳар қандай қурбонликка бориш арзийди.

16. Листрада Павлус қандай синовни бошдан кечирган?

16 Павлуснинг ғайрати ва бардошли бўлгани бошқаларга қанчалик таъсир қилгани борасида бир ўйлаб кўринг. Ҳаворийлар 14:19, 20 да Листра шаҳрида Павлус билан нима содир бўлгани ҳақида қуйидагиларни ўқиймиз: «Шу пайт Антиохия ва Икониядан яҳудийлар келиб, оломонни қайраб қўйишди. Шунда улар Павлусни тошбўрон қилиб, уни ўлди деб ўйлашди-да, шаҳар ташқарисига судраб чиқишди. Лекин шогирдлар унинг атрофига тўпланганда, Павлус ўрнидан туриб, шаҳарга қайтиб кирди. Эртасига у Барнабо билан Дербе шаҳрига жўнади». Бир тасаввур қилиб кўринг, тошбўрон дастидан ўлишига сал қолган Павлус бир кун ўтиб, пиёда 100 километр масофа йўл юрган!

17, 18. а) Тимўтий Павлуснинг Листрадаги қийинчиликлари ҳақида қаердан билган? б) Павлус қийинчиликларга бардошли бўлгани Тимўтийга қандай таъсир қилган?

17 Павлусни қўллаб-қувватлаб турган шогирдлар ичида Тимўтий ҳам бўлганми? Ҳаворийлар  китобида бу ҳақда аниқ ҳеч нарса дейилмаган, лекин тахмин қилса бўлади. Павлуснинг Тимўтийга ёзган иккинчи мактубини кўриб чиқайлик: «Сен эса қандай таълим берганимга, ҳаёт тарзимга... эргашдинг. Бундан ташқари, Антиохияда [шаҳардан қувиб чиқаришганини], Иконияда [тошбўрон қилмоқчи бўлишганини] ҳамда Листрада [тошбўрон қилишганини]... биласан. Бироқ барча бу қувғинлардан Ҳазратимиз мени халос этди» (2 Тим. 3:10, 11; Ҳавор. 13:50; 14:5, 19).

18 Павлус ушбу барча қийинчиликларга бардошли бўлганидан Тимўтийнинг хабари бор эди. Тимўтий Павлусдан кўп нарсаларни ўрганган. Павлус Листрага келганида, Тимўтий жамоатда яхши намуна кўрсатиб, «Листра ва Икониядаги биродарлар орасида яхши ном қозонганига» гувоҳ бўлади (Ҳавор. 16:1, 2). Вақт ўтиб, Тимўтий кўпроқ масъулиятни зиммасига олишга тайёр эди (Филип. 2:19, 20; 1 Тим. 1:3).

19. Хизматда бардошли бўлсак, бошқаларга бу қандай таъсир қилади?

19 Биз ҳам Аллоҳнинг иродасини бажаришда бардошли бўлсак, бу бошқаларга — айниқса ёшларга яхши таъсир қилиб, уларнинг аксарияти Худога хизмат қилаётган жуда қадрли хизматчилардан бирига айланишади. Ёшлар нафақат хизматда моҳирлик ила гапирганимизни, балки қийин вазиятларда ўзимизни қандай тутганимизни ҳам кузатиб, ундан фойда олишади. Бошқалар абадий шон-шарафга эга бўлиши учун, Павлус кўп нарсага дош беришга тайёр бўлган (2 Тим. 2:10).

Азиз ёшлар, кекса кишиларнинг бардошлилигидан ўрнак олинг

20. Нима учун ҳамиша Аллоҳдан иззат-ҳурмат топишга интилишимиз лозим?

20 Фақатгина «Худодан таҳсин олишга интилиш» учун бизда жуда яхши сабаблар бор (Юҳан. 5:44; 7:18). Яҳова «улуғворлик... пайидан бўлганларга абадий ҳаётни ато этади» (Римликларга 2:6, 7 ни ўқинг). Бундан ташқари, «яхши иш қилишда тинмай» ҳаракат қилсак, бошқалар имонда мустаҳкам туриб, абадий ҳаётга эга бўлишига ёрдам берган бўламиз. Шундай экан, Аллоҳдан иззат-ҳурмат топишимизга бирор нарса тўсқинлик қилишига йўл қўймайлик.

^ 1- х.б. Асл нусхадаги «иззат-ҳурмат» деган сўз, ўзбек тилидаги Муқаддас Китобда қуйидаги сўзлар билан таржима қилинган: шон-шуҳрат, улуғворлик, иззат-эҳтиром, буюклик, шон-шараф, обрў, юксаклик, юксак обрў, юксак мартаба, ҳокимият, шаън, ҳамду сано, ҳашамат, шавкат, барака, бойлик, таҳсин, порлоқ нур, ёғду ва фахр.