Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ФЕВРАЛЬ 2013

Бизнинг маънавий меросимиз

Бизнинг маънавий меросимиз

Ана шулар Менинг қулларимнинг улушидир [меросидир, ЯДТ]. ИШАЁ 54:17

1. Яҳова севги ила инсоният учун нимани сақлаб қолди?

«БАРҲАЁТ ва абадий Худо» Яҳова, ҳаётбахш хабарини инсоният учун сақлаб қолган. «Яҳованинг каломи абадий қолади», деган сўзлар бунинг яққол исботидир (1 Бутр. 1:23–25). Яҳова Таоло севги ила бу муҳим хабарни Ўзининг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобда сақлаб қолгани учун бағоят миннатдормиз!

2. Халқи билиши учун, Аллоҳ Каломида нимани сақлаб қолган?

2 Халқи билиши учун, Худованд Ўзига танлаган ажойиб бир исмни Каломида сақлаб қолган. Худо осмон билан ерни қандай яратгани ҳақидаги оятда илк бор Унинг Яҳова * деган исми тилга олинган (Ибт. 2:4). Ўнта амр ёзилган тош лавҳаларда бир неча маротаба Худонинг исми мўъжизавий тарзда ёзиб қўйилган эди. Масалан, ундаги биринчи амр шундай бошланади: «Мен... Эгангиз [Яҳова, ЯДТ] Худоман» (Чиқ. 20:1–17). Шайтон Худонинг Каломини ҳамда Унинг исмини йўқ қилишга қанча ҳаракат қилмасин, Эгамиз Раббий Яҳова Каломини ва номини сақлаб қолган. Шу сабабли Унинг исми йўқ бўлиб кетмади.

3. Дунёда Худо ҳақида нотўғри фикрлар кўп бўлса-да, Аллоҳ нимани сақлаб қолган?

3 Шунингдек Яҳова Ўзининг Каломида ҳақиқатни ҳам сақлаб қолган. Гарчи дунёда Худо ҳақида нотўғри фикрлар кўп бўлса-да, Аллоҳ бизга маънавий нур ва ҳақиқатни бермоқда. Бу учун эса биз жуда миннатдормиз! (Забур 42:3, 4 ни ўқинг). Инсоният зулматда юрган бир пайтда, биз Худо берган маънавий нурда юрганимиздан хурсандмиз (1 Юҳан. 1:6, 7).

БИЗНИНГ ЎЗГАЧА БИР МЕРОСИМИЗ БОР

4, 5. Биз 1931- йилдан буён қандай шарафга муяссар бўляпмиз?

4 Биз масиҳийлар бой меросга эгамиз. Бир луғатда мерос сўзига шундай изоҳ берилган: «Мамлакат мероси деганда, кўплаб йиллар давомида авлоддан авлодга ўтиб  келаётган фазилатлар, урф-одатлар ёки ўзига хос ҳаёт тарзи тушунилади» («Collins Cobuild English Dictionary»). Маънавий меросимизга, Худонинг Каломидаги аниқ билимлардан баҳра олаётганимиз ҳамда Аллоҳ ва Унинг ниятлари ҳақидаги ҳақиқатларни яхши тушунаётганимиз киради. Унга шунингдек, ўзгача бир шарафга муяссар бўлганимиз киради.

1931- йилда ўтган анжуманда Яҳованинг Шоҳидлари деган номни қабул қилганимиздан ғоят хурсандмиз

5 Бу шараф, 1931- йилда Колумбусда (АҚШ, Огайо штати) ўтган анжуманда маънавий меросимизнинг бир қисмига айланди. Анжуман дастури ёзилган қоғозчада «JW» ҳарфларини кўриш мумкин эди. Бир опамиз шундай деди: «Бу ҳарфлар нимани англатишини тахмин қила бошладик. Ўзимизча: “шунчаки кутинг” (Just Wait) ёки “шунчаки кузатинг” (Just Watch) деб ўйладик. Бошқалар эса тўғри тахмин қилишди». Шу пайтгача биз Муқаддас Китоб тадқиқотчилари деб номланардик, лекин 1931- йил 26- июль якшанба куни резолюцияга асосан Яҳованинг Шоҳидлари (инглиз тилида Jehovah’s Witnesses) деган номни олдик. Муқаддас Китобга асосланган бу номни қабул қилиш жуда ҳаяжонли эди (Ишаё 43:12 ни ўқинг) *. Битта биродаримиз ўша кунларни эслаб шундай деди: «Анжуман бўлиб ўтган жойни ларзага солган ҳайқириқ ва гулдурос қарсакларни ҳеч қачон унутмайман». Дунёдаги ҳеч бир дин бу исмни қўлламаган, лекин Аллоҳ мана 80 йилдан ошдики, бу исмни қўллаш шарафига бизни муяссар қилди!

6. Маънавий меросимизга қандай аниқ маълумотлар киради?

6 Маънавий меросимизга, Худонинг қадимги хизматчилари ҳақидаги аниқ ва муҳим маълумотлар ҳам киради. Масалан, Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубни олайлик. Ушбу бобокалонларимиз ва уларнинг оилалари Яҳовага қандай қилиб маъқул келиш тўғрисида суҳбатлашган бўлишса керак. Шу сабабли Юсуф ахлоқсизликдан қочиб, «Худога қарши гуноҳ қилмагани» таажжубланарли эмас (Ибт. 39:7–9). Масиҳийларнинг урф-одатлари ҳам оғзаки ёки намуна кўрсатиш орқали етказилган. Улардан бири, ҳаворий Павлуснинг масиҳийлар жамоатига етказган Қутлуғ Кечлик ҳақидаги кўрсатмалардир (1 Кор. 11:2, 23). Худонинг Каломида ёзилган бундай тафсилотлар, бугунги кунда Аллоҳга «руҳ ва ҳақиқат» билан топинишимиз учун муҳимдир (Юҳанно 4:23, 24 ни ўқинг). Муқаддас Китоб бутун инсониятга ёрдам бериши мумкин бўлса-да, лекин Яҳованинг Шоҳидлари сифатида биз уни янада кўпроқ қадрлашимиз керак.

7. Маънавий меросимизга қандай ишончли ваъда киради?

7 Яқинда чоп этилган адабиётларимиздаги мисоллар, Яҳова «биз билан бирга» эканлигини исботлаяпти (Заб. 117:7). Бу эса ҳатто қувғинларда ҳам, ўзимизни бехатар ҳис қилишимизга кўмаклашади. Муқаддас Китобда кўпайиб бораётган маънавий меросимизнинг қисми бўлган ишончли бир ваъда бор. У ерда шундай дейилган: «“Сенга қарши ясалган ҳеч қандай қурол ғалаба қилмайди. Сен билан даъволашган ҳар бир одамнинг даъволарини  сен йўққа чиқарасан. Ана шулар Менинг қулларимнинг улушидир [меросидир, ЯДТ], уларни Мен оқлайман”. Эгамизнинг каломи шудир» (Ишаё 54:17). Шайтоннинг биронта қурол-аслаҳаси бизга тузатиб бўлмайдиган зиён келтира олмайди.

8. Ушбу ҳамда кейинги мақолада нималарни кўриб чиқамиз?

8 Шайтон Худонинг Каломини йўқ қилиб, Яҳованинг исмини ўчириб ташлашга ва ҳақиқатни яширишга ҳаракат қилди. Бироқ у Яҳовага қарши тура олмаслиги аниқ. Чунки Тангри Яҳова унинг барча ҳаракатларини пучга чиқарди. Ушбу ҳамда кейинги мақолада: 1) Худованд Ўз Каломини қандай сақлаб қолганини, 2) Яҳова Ўз исмини қандай асраб қолганини ва 3) Самовий Отамиз қандай қилиб биз учун очилган ҳақиқатнинг Манбаи ва унинг Ҳимоячиси бўла олишини кўриб чиқамиз.

ЯҲОВА ЎЗИНИНГ КАЛОМИНИ САҚЛАБ ҚОЛДИ

9–11. Муқаддас Китоб турли ҳужумларга қарамай йўқ бўлиб кетмаганини қайси мисоллардан кўрса бўлади?

9 Муқаддас Китобни қанча йўқ қилишга уринишмасин, Яҳова уни сақлаб қолди. Бир энциклопедияда шундай дейилган: «1229- йилда Тулузадаги собор, альбигойлар ҳамда вальденсларга қарши курашиш мақсадида, оддий инсонларга улардан [она тилидаги Муқаддас Китоблардан] фойдаланишни тақиқлаб қўйди... 1234- йилда Таррагонда (Испания) Яков I бошчилигида ўтган йиғинда ҳам ўхшаш тақиқ чиқарилган эди... Павел IV нинг «Тақиқланган китоблар рўйхати»да Муқаддас палатадан (инквизициядан) рухсат олмай туриб она тилида Муқаддас Китобларни нашр этиш ва уларга эгалик қилиш тақиқланганидан кейин, 1559- йилда папа ҳокимияти бу ишга аралашди» («Enciclopedia Cattolica»).

10 Муқаддас Китобга қарши қилинган кўпгина ҳужумларга қарамай, у сақлаб қолинди. Тахминан 1382- йилда Жон Уиклиф ва унинг шериклари инглиз тилига таржима қилинган Муқаддас Китобнинг илк нусхасини чоп этишди. Муқаддас Китобнинг бошқа таржимони Вильям Тиндал эди. У 1536- йилда ўлимга маҳкум этилган. Устунга боғланган Тиндал баланд овозда шундай деб хитоб қилди: «Ё Раббий, Англия қиролининг кўзларини оч!» Шундан кейин уни бўғиб, жасадини ёқиб юборишди.

11 Қаршиликларга қарамай, Муқаддас Китоб йўқ бўлиб кетмади. Масалан, 1535- йилда Майлз Ковердейл томонидан инглиз тилига таржима қилинган Муқаддас Китоб дунё юзини кўрди. Ковердейл Тиндалнинг «Янги аҳд» ва «Эски аҳднинг» Ибтидодан Солномаларгача бўлган қисмларидан фойдаланди. Қолган қисмларини эса лотин тилидаги Муқаддас Ёзувлардан ҳамда Мартин Лютернинг немис тилидаги Муқаддас Китобидан таржима қилди. Бугунги кунда «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси» тушунарли, аниқ ҳамда хизматимизда фойдаланиш учун қулайлиги билан ажралиб туради. На жинлар, на инсоний куч Яҳованинг Каломи бугунгача сақланиб қолишига халақит бера олмаганидан хурсандмиз.

 ЯҲОВАНИНГ ИСМИ САҚЛАНИБ ҚОЛИНДИ

Тиндал сингари инсонлар Худонинг Каломи учун жонини беришган

12. Илоҳий исм бугунгача сақланиб қолинишида «Янги дунё таржимаси» қандай ўринни эгаллади?

12 Яҳова Унинг исми Каломида сақланиб қолинишига ғамхўрлик қилди. Бу борада «Янги дунё таржимаси» муҳим ўринни эгаллади. Худога садоқатли бўлган таржимонлардан иборат қўмита, китобнинг кириш сўзида шундай деб фикр билдирган: «Бу таржиманинг фарқли томони шундаки, илоҳий исм асл таржимада қаерда учраган бўлса, инглизча матнда ҳам ўша жойга қўйилган. «Яҳова» деган исм Таврот, Забур ва Пайғамбарлар китоблари қисмларида 6 973 марта, Инжил қисмида эса 237 марта учрайди». Бугунги кунда «Янги дунё таржимаси» тўлиқ ёки қисман 116 дан ошиқ тилларга таржима қилинган бўлиб, 178 545 862 тадан зиёд нусхада нашр этилган.

13. Нима учун одамлар инсон ибтидосидаёқ Худонинг исмини билган деб айтишимиз мумкин?

13 Инсон ибтидосидаёқ одамлар Худонинг исмини билган. Одамато билан Момоҳаво бу исмни билишган ва уни қўллашган. Нуҳ пайғамбар ҳам бу исмни қўллаб шундай деган: «Сомнинг Худоси Эгамизга [Яҳовага, ЯДТ] ҳамду санолар бўлсин» (Ибт. 4:1; 9:26). Худованд Ўзи ҳақида қуйидагини эълон қилган: «Мен Эгангизман [Яҳоваман, ЯДТ]! Менинг номим шудир! Мен шуҳратимни бировга бермайман». Яна шундай деган: «Мен Эгангман [Яҳоваман, ЯДТ], бошқаси йўқ, Мендан бошқа худолар йўқ!» (Ишаё 42:8; 45:5). Яҳова Ўз исми сақланиб қолинишига ғамхўрлик қилди ва исмини ер юзидаги барча инсонларга танитди. Яҳованинг исмини қўллаётганимиз ҳамда Шоҳидлари сифатида хизмат қилаётганимиз биз учун катта шараф! Шу йўсин биз баралла: «Худойимиз номи билан байроқлар ўрнатамиз», — деймиз (Заб. 19:6).

14. Худонинг исми Муқаддас Китобдан ташқари яна қайси манбаларда учрайди?

14 Аллоҳнинг исми нафақат Муқаддас Китобда учрайди. Масалан, Ўлик денгиздан 21 км шарқда жойлашган Дибондаги (Дивон) Мўаб ёдгорлик тошини олайлик. Бу тошда Исроил шоҳи Омри ҳақида ва Мўаб шоҳи Мешанинг исроилликларга қарши исён кўтаргани тўғрисидаги ҳикояси ёзилган (3 Шоҳ. 16:28; 4 Шоҳ. 1:1; 3:4, 5). Лекин Мўаб ёдгорлиги шуниси билан қизиқки, унда Худонинг исми тетраграмматон шаклида учрайди. Шунингдек Исроилда топилган сопол идиш парчаларида Лахиш ёзувларида Худонинг исми тетраграмматон шаклида кўп маротаба учрайди.

15. «Септуагинта» нима ва у қандай пайдо бўлди?

15 Муқаддас Китобнинг илк таржимонлари Худонинг исми сақланиб қолинишида катта ҳисса қўшганлар. Мил. авв. 607–537- йиллар мобайнида Бобил қуллигида бўлиб, озод этилган кўпгина яҳудийлар, Яҳудо ҳамда Исроилга қайтиб кетмадилар. Мил. авв. учинчи асрга келиб, Искандария (Миср) кўпгина яҳудийларнинг она юрти бўлиб қолди. Ўша пайтда юнон тили халқаро тилга айланган эди. Шу сабабли Таврот, Забур ва Пайғамбарлар китобларини юнон тилига таржима қилишга эҳтиёж туғилди. Мил. авв. иккинчи асрда эса «Септуагинта» таржимаси пайдо бўлди. Унинг баъзи нусхаларида ибронийчада Яҳова деган исм учрайди.

16. Худонинг исми 1640- йилда илк бор нашр этилган китобда қўлланилгани ҳақидаги мисолни айтиб беринг.

16 Илоҳий исм шунингдек, Англиянинг Америкадаги мустамлакаларида илк бор чоп этилган «Бэй сам бук» («Bay Psalm Book») номли китобда учрайди. Китобнинг асл нусхасида (1640- йилда чоп этилган) ибронийчадан ўша пайтдаги инглиз тилига таржима қилинган Забур китоби бор эди. Ушбу китобда Худонинг исми Забур 1:1, 2 да учрайди. Ушбу оятларда «саодатли инсон» фосиқлар маслаҳатига юрмайди, аммо «Яҳованинг қонунидан завқ олади», деб ёзилган. Худонинг исми тўғрисида кўпроқ маълумот олиш учун, «Илоҳий исм абадий турар» (рус) номли рисолага қаранг.

ЯҲОВА ҲАҚИҚАТНИ САҚЛАБ ҚОЛДИ

17, 18. а) Ҳақиқат сўзига қандай изоҳ берар эдингиз? б) «Ҳақиқат бўлмиш хушхабар» нимани ўз ичига олади?

17 Биз хурсандчилик билан «Ҳақ Таоло» Яҳовага  хизмат қилмоқдамиз (Заб. 30:6, Туркия 1998). Бир луғатда ҳақиқат сўзига шундай изоҳ берилган: «Бирон нарса ҳақидаги ҳақиқат — уйдирма эмас, балки шунга тегишли барча фактлардир» («Collins Cobuild English Dictionary»). Қадимги иброний тилидан «ҳақиқат» деб таржима қилинган ибора ҳақиқий, ишончга сазовор, чин ёки факт эканлигини англатади. Юнонча «ҳақиқат» деб таржима қилинган сўз эса фактларга асосланган, чинакам ва тўғри деган маъноларга эга.

18 Тангри Яҳова ҳақиқатни сақлаб қолди ва ҳақиқат тўғрисидаги билимларни мўл-кўл қилиб бизга очиб бермоқда (2 Юҳан. 1, 2). Ҳақиқат ҳақидаги тушунчамиз кундан-кунга ойдинлашиб бормоқда. Ҳикматлар 4:18 да айтилганидек, «солиҳнинг йўли тонгга ўхшайди, тонг кун чиққунча ёришаверади». Шунинг учун биз Исонинг Худога айтган сўзларига тўлиқ қўшиламиз: «Сенинг каломинг — ҳақиқатдир» (Юҳан. 17:17). Худонинг Каломи «ҳақиқат бўлмиш хушхабар»ни, яъни масиҳийлар таълимотининг йиғиндисини ҳам ўз ичига олади (Галат. 2:14). Буларга жумладан, Яҳованинг исми, Унинг ҳукмдорлиги, Исонинг тўлов қурбонлиги, тирилиш ва Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги ҳақиқатлар киради. Энди келинг, Шайтон ҳақиқатни яширишга уринганига қарамай, қандай қилиб Худованд уни сақлаб қолганини билиб олайлик.

ЯҲОВА ҲАҚИҚАТГА ҚИЛИНГАН ҲУЖУМЛАРНИ ЙЎҚҚА ЧИҚАРДИ

19, 20. Нимрўд ким эди ва ўшанда қандай режа барбод бўлди?

19 Муқаддас Китобда Тўфондан кейин «Яҳовага қарши чиққан кучли овчи Нимрўд» ҳақида айтилган (Ибт. 10:9, ЯДТ). Нимрўд Худога қарши чиққан, демак аслида у Шайтонга топинган. Нимрўд Худонинг Ўғлига қарши чиққанларга ўхшар эди. Исо улар ҳақда шундай деган: «Сизларнинг отангиз Иблис ва сизлар унинг хоҳишини бажаришни истайсизлар. У [...] ҳақиқат йўлида тура олмади» (Юҳан. 8:44).

20 Нимрўд, Бобил шаҳрига ҳамда Дажла билан Фурот дарёлари орасидаги бошқа шаҳарларга эгалик қилган (Ибт. 10:10). Мил. авв. 2269- йилда унинг бошчилиги остида Бобил шаҳри ва минорасининг қурилиши бошлангани эҳтимолдан йироқ эмас. Инсоният бутун ер юзи бўйлаб кўпайиши ҳақидаги Яҳованинг ниятини назар-писанд қилмай, қурувчилар шундай дейишган: «Келинглар, ўзимиз учун шаҳар қурайлик, шаҳар минорасининг чўққилари осмонга тегиб турсин. Шу тариқа ном таратайлик. Акс ҳолда биз бутун ер юзига тарқалиб кетамиз». Аммо Аллоҳ «ҳамма одамларнинг тилини шу ерда чалкаштириб», қурувчиларни бутун ер юзига тарқатиб юборганида, уларнинг режаси барбод бўлди (Ибт. 11:1–4, 8, 9). Агар Шайтон, ҳамма унга топиниши учун битта динни яратган тақдирда ҳам, унинг бу режаси муваффақиятсизликка учрарди. Инсоният тарихи давомида Яҳовага топиниш ғалаба қозониб келган ва ўтган ҳар бир кун ҳақ топиниш кенг қулоч ёзишига олиб келган.

21, 22. а) Нима учун сохта дин ҳеч қачон ҳақ топинишга жиддий зиён келтира олмаган? б) Кейинги мақолада нимани кўриб чиқамиз?

21 Сохта дин ҳеч қачон ҳақ топинишга жиддий зиён келтира олмаган. Нега? Буюк Устозимиз Яҳова Унинг Каломи ҳамда исми сақланиб қолинишига ғамхўрлик қилди ва ҳозирга қадар ҳақиқатнинг чексиз Манбаи бўлиб келди (Ишаё 30:20, 21). Ҳақиқатга мувофиқ тарзда Худога топиниш, бизга хурсандчилик бахш этади. Бироқ бу учун маънан ҳушёр туришимиз, Яҳовага тўлиқ таянишимиз ва муқаддас руҳ орқали берилаётган йўл-йўриққа амал қилишимиз даркор.

22 Кейинги мақолада, сохта диннинг айрим таълимотлари қандай пайдо бўлганини кўриб чиқамиз. Бу таълимотларни Муқаддас Китоб асосида текшириб, уларнинг сохта эканлигини кўра оламиз. Боз устига, Яҳова ҳақиқатнинг тенги йўқ Ҳимоячиси сифатида бизга меросимизнинг бир қисми бўлган қадрли ҳақиқат билимларни берганини муҳокама қиламиз.

^ 2- х.б. Ўзбек тилидаги Муқаддас Китоб таржимасида Худонинг Яҳова деган исми ўрнига унвонлари ишлатилган. Аммо Муқаддас Китобнинг асл нусхасида бу исм минглаб маротаба учрайди.

^ 5- х.б. Ишаё 43:12, ЯДТ: «Орангизда бошқа худо йўқлигида Мен бу ҳақда айтиб нажот берган эдим ва Ўзим маълум қилган эдим. Хуллас, сиз Менинг шоҳидларимсиз,— демоқда Яҳова,— Мен эса Худоман».