Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Қўриқчи минораси» (тадқиқ сони)  |  Январь 2013

Сизни ҳеч нарса Яҳовадан узоқлаштирмасин

Сизни ҳеч нарса Яҳовадан узоқлаштирмасин

Кимга хизмат қилишингизни бугун танланг. ЁШУА 24:15

1–3. а) Нима учун Ёшуа ҳаётда тўғри қарор чиқаришнинг яхши ўрнагидир? б) Қарор қабул қилиш керак бўлганда, нимани ёдда тутиш лозим?

«ТАНЛАШ» — кучли сўз. Танлаш имконига эга кишида, ўз ҳаётини бошқариш ҳуқуқи бор. Тасаввур қилинг: пиёда кетаётган киши, кутилмаганда йўл иккита сўқмоққа бўлиниб кетганини кўриб қолади. Энди у қайси йўлни танларкан? Агар у манзилни яхши билса, шу манзилдан узоқлаштирадиган эмас, балки тезроқ етказиб борадиган йўлни танлайди.

2 Муқаддас Китобда, шу каби вазиятга дуч келган кишиларнинг бир қанча мисоллари ёзилган. Масалан, ғазабга берилиш ёки уни тийиб олиш Қобилнинг ўзига ҳавола этилганди (Ибт. 4:6, 7). Ёшуа эса ҳақ Худога топинишни ёки сохта худоларга сиғинишни танлаши лозим эди (Ёшуа 24:15). Ёшуанинг мақсади Яҳовага яқинлашишдан иборат бўлгани учун, у шу мақсадга элтадиган йўлни танлади. Қобилнинг эса бундай мақсади бўлмагани боис, Яҳовадан узоқлаштирадиган сўқмоқни танлади.

3 Баъзида, биз ҳам тўғри йўлда қолишимиз учун, муҳим қарорлар чиқаришимиз керак бўлади. Бундай пайтда, Яҳовага шараф келтириш ва ҳеч нарса Ундан узоқлаштиришига йўл қўймасликдан иборат мақсадимизни ёдда сақлашимиз лозим (Ибронийларга 3:12 ни ўқинг). Ушбу ва келгуси мақолаларда, бизни ҳеч нарса Яҳовадан узоқлаштиришига йўл қўймаслигимиз керак бўлган еттита соҳани кўриб чиқамиз.

ИШ ВА МАВҚЕ

4. Нега ишлаш жуда муҳим?

4 Масиҳийлар ўзларини ва оилаларини боқишга бурчлидирлар. Муқаддас Китобга кўра, кимки уйдагиларига ғамхўрлик қилишни хоҳламаса, имонсиздан ёки Яҳовадан юз ўгирган кишидан ҳам баттар ҳисобланади (2 Салон. 3:10; 1 Тим. 5:8). Кўриниб турганидай,  дунёвий иш ҳаётнинг муҳим қисмидир. Лекин эҳтиёткор бўлмасангиз, иш ва мавқе сизни Яҳовадан узоқлаштириши мумкин. Қандай қилиб?

5. Иш танлаётиб, қайси омилларни инобатга олиш муҳим?

5 Сиз иш қидиряпсиз, дейлик. Агар иш топиш қийин бўлган мамлакатда яшаётган бўлсангиз, таклиф этилган ҳар қандай ишни қабул қилиш васвасаси пайдо бўлиши мумкин. Борди-ю, бундай иш Муқаддас Китоб меъёрларига зид бўлса-чи? Бу ишнинг жадвали ёки хизмат сафарлари, маънавий фаолиятингизга халақит берса ёки оилангиздан узоқлаштирса-чи? Ишсиз юргандан кўра, маъқул келмайдиган иш ҳам бўлаверади, деган фикрда тўғри келганини танлайверасизми? Нотўғри йўлни танлаш, сизни Яҳовадан узоқлаштиришини эсингизда сақланг (Иброн. 2:1). Иш излаяпсизми ёки ҳозирги ишингиз тўғри келиш-келмаслиги борасида ўйлаяпсизми, қай йўсин доно қарор чиқаришингиз мумкин?

6, 7. а) Дунёвий ишга нисбатан киши қандай мақсадларни кўзлаши мумкин? б) Қайси мақсад сизни Яҳовага яқинлаштиради ва нега?

6 Юқорида айтилганидай, мақсадингизни ёдда тутинг. Ўзингиздан: «Мен иш топишни истаяпманми ёки мавқега эга бўлишними?» — деб сўранг. Агар дунёвий ишга ўзингиз ва оилангизни боқиб, Яҳовага хизмат қилишни давом эттириш имконидек қарасангиз, Яҳова уринишларингизга барака ёғдиради (Мат. 6:33). Ишсиз қолганингизда ёки иқтисодий қийинчиликларга дуч келганингизда, Аллоҳ сизни ташлаб қўймайди (Ишаё 59:1). «Художўй кишиларни синовлардан қандай қутқаришни... Яҳова билади» (2 Бутр. 2:9).

7 Мақсадингиз бойлик орттириш бўлса-чи? Балки бунга эришарсиз ҳам. Лекин бундай «муваффақият» қимматга тушади (1 Тимўтийга 6:9, 10 ни ўқинг). Бойлик ва мавқе пайидан бўлиш, сизни Яҳовадан узоқлаштиради, холос.

8, 9. Дунёвий ишга бўлган муносабатларига нисбатан ота-оналар нимани кўриб чиқишлари керак? Тушунтиринг.

8 Агар фарзандларингиз бўлса, юриш-туришингиз уларга қандай таъсир кўрсатаётгани ҳақида ўйланг. Уларнинг фикрича, сиз учун мавқе афзалроқми ёки Яҳова билан муносабатларингизми? Сиз учун обрў-эътибор ва бойлик биринчи ўринда эканини кўришса, улар бу хавфли йўлда сизга эргашишлари мумкинми? Бу, улар сизни ота-она сифатида ҳурмат қилмай қўйишига олиб келмайдими? Бир ёш масиҳий шундай деб бўлишди: «Дадам зўр бериб ишлагани ҳалиям эсимда. Аввалига, у оиламиз бекам-кўст яшашини истагани учун, тинмай меҳнат қилаётгандай туюлганди. У бизга яхши ғамхўрлик қилишни хоҳларди. Аммо кейинги йиллар, ўзгариш содир бўлди. У боши билан ишга киришиб кетиб, уйга зарур бўлмаган қимматбаҳо нарсаларни олиб келадиган бўлди. Оқибатда, оиламиз бошқаларни маънавий нарсалар пайидан бўлишга чорлайдиган эмас, балки пули кўп оила дея танилди. Менга қолса, дадамнинг маънан қўллаб-қувватлашини, унинг пулларидан кўра афзалроқ кўрардим».

9 Ота-оналар, мавқега эга бўлишга кўп вақт ажратиб, ўзларингизни Яҳовадан узоқлаштирманг. Ўз ўрнагингиз билан, эга бўлишимиз керак бўлган энг катта бойлик моддий эмас, маънавий эканига ишончингиз комиллигини фарзандларингизга кўрсатинг (Мат. 5:3).

10. Касб танлаётиб, ёшлар нимани кўриб чиқишлари лозим?

10 Агар сиз ёш бўлиб, қайси касбни эгаллашни ўйлаётган бўлсангиз, қандай қилиб тўғри йўлни танлай оласиз? Юқорида муҳокама қилинганидай, ҳаётингизда нима муҳим эканини билиб олишингиз зарур. Сиз бу дунёда эга бўлмоқчи билим ёки иш Худонинг Шоҳлиги пайидан бўлишга ёрдам берадими ёки Яҳовадан узоқлаштирадими? (2 Тим. 4:10). Пуллари кўп бўлгандагина ўзларини бахтли ҳисоблайдиган  инсонларга ўхшаган бўлишни истайсизми? Ёки сизнинг танловингиз: «Мен ҳам ёш эдим, энди кексайдим, солиҳнинг тарк этилганини, уларнинг зурриёти нон тилаганини кўрмадим»,— деб айтган Довуднинг имонини акс эттирадими? (Заб. 36:25). Шуни ёдда тутингки, битта йўл сизни Яҳовадан узоқлаштирса, бошқаси энг яхши ҳаётга элтади (1 Тимўтийга 6:6; Малаки 3:10 * ни ўқинг). Сиз қайси йўлни танлайсиз? *

ҲОРДИҚ ЧИҚАРИШ ВА ЎЙИН-КУЛГИ

11. Муқаддас Китобда ҳордиқ чиқариш ва ўйин кулги тўғрисида нима дейилган, лекин нимани эсда сақлашимиз даркор?

11 Муқаддас Китоб хурсандчиликка қарши эмас ҳамда ўйин-кулги ва ҳордиқ чиқаришни бекорга сарфланган вақт, деб тасвирламайди. Масалан, ҳаворий Павлус Тимўтийга: «Жисмоний машқ озгина фойда келтиради»,— деб ёзган (1 Тим. 4:8). Муқаддас Китобда ҳатто «кулишнинг ҳам ўз вақти бор» ҳамда «рақснинг ҳам ўз вақти бор», дейилган бўлиб, дам олишга етарлича вақт ажратиш кераклигига урғу берилган (Воиз 3:4; 4:6). Лекин эҳтиёткор бўлмасангиз, ҳордиқ чиқариш ва ўйин-кулги сизни Яҳовадан узоқлаштириши мумкин. Қандай қилиб? Хавф асосан иккита омилга, яъни қайси турини ташлаш ва қанча вақт ажратишга боғлиқ.

Тўғри танланган ва керагича вақт ажратилган ҳордиқ чиқариш тури тетиклик бахш этади

12. Ҳордиқ чиқариш ва ўйин-кулги турларини кўриб чиқаётиб, қайси омилларни эътиборга олиш лозим?

12 Аввалига, турини кўриб чиқамиз. Ҳордиқ чиқариш ва ўйин-кулгининг яхшисини танлаганингизга амин бўлинг. Маълумки, улардан кўплари Аллоҳ нафратланадиган нарсаларни, жумладан зўравонлик, спиритизм ва ахлоқсизликни ўз ичига олади. Шундай экан, танламоқчи бўлган ҳордиқ чиқариш ва ўйин-кулги турига жуда диққатли бўлишингиз даркор. У сизга қандай таъсир кўрсатади? У сизда зўравонлик, кучли рақобат ва миллатчилик руҳини уйғотадими? (Ҳик. 3:31). Топган пулларингизни кўкка совурадими? Бошқаларни қоқинтирадими? (Рим. 14:21). Сиз танлаган ҳордиқ чиқариш ва ўйин-кулги, қанақа инсонлар билан мулоқот қилишга олиб келади? (Ҳик. 13:20). Ёмон ишларга қўл уришга рағбатлантирадими? (Ёқб. 1:14, 15).

13, 14. Дам олишга қанча вақт ажратаётганингизга нисбатан нимани инобатга олишингиз даркор?

 13 Энди, ҳордиқ чиқариш ва ўйин-кулгига қанча вақт сарфлашни муҳокама қиламиз. Ўзингизга шундай савол беринг: «Ҳордиқ чиқаришга кўп вақт ажратганимдан, маънавий нарсаларга вақтим кам қоляптими?» Агар ҳордиқ чиқариш ва ўйин-кулгига ҳаддан ортиқ кўп вақт ажратсангиз, бўш вақтингиз сизга ҳеч қандай тетиклик бахш этмаганини пайқайсиз. Аслида, дам олишга керагидан ортиқ вақт сарфламаган кишилар, ундан кўпроқ мамнуният топадилар. Нега? Улар муҳим нарсаларни бажаришни биринчи ўринга қўйишгани сабаб, дам олаётганларида айбдорлик ҳиссидан ҳоли бўлишади (Филиппиликларга 1:10, 11 ни ўқинг).

14 Гарчи дам олиш турларига кўп вақт ажратиш жозибали бўлиб туюлса-да, бу сизни Яҳовадан узоқлаштириши мумкин. Ким исмли 20 ёшли бир синглимиз ўз тажрибасидан сабоқ олибди. У мана бундай деди: «Мен ўтиришларни ҳеч қолдирмасдим. Ҳар дам олиш кунлари — жума, шанба ва якшанба ҳодисаларга бой бўларди. Ҳозир эса, ундан ҳам муҳимроқ нарсалар борлигини англаб етдим. Масалан, мен эрталаб соат 6 да туриб кашшофлик хизматимни бошлайман ва бир ёки икки киши билан ҳамкорлик қиламан. Ўтиришларнинг ёмон жойи йўқлигини биламан, аммо улар одамни чалғитиши мумкин. Барча нарсанинг ўз вақти-соати бўлганидай, уларнинг ҳам ўз ўрни бўлиши керак».

15. Қандай қилиб ота-оналар болаларига яхши дам олиш турини танлашда ёрдам беришлари мумкин?

15 Ота-оналар ўзлари ва болаларининг моддий, маънавий ва ҳиссий эҳтиёжларини қондиришга масъулиятлидирлар. Бу, дам олиш борасида ғамхўрлик қилишни ҳам ўз ичига олади. Фарзандларингиз бор бўлса, барча дам олиш турларини ёмон деб ҳисоблайдиган, вақтичоғликка қарши киши бўлманг. Шу билан биргаликда, уларни ёмон таъсирдан ҳимояланг (1 Кор. 5:6). Яхшилаб мулоҳаза юритсангиз, оилангизга чиндан ҳам тетиклик бахш этадиган ҳордиқ чиқариш ва ўйин-кулги турини топишингиз мумкин *. Шу тариқа, сизни ва болаларингизни Яҳовага яқинлаштирадиган йўлни танлайсиз.

ОИЛАВИЙ МУНОСАБАТЛАР

16, 17. Қандай қайғули вазият кўп ота-онани ташвишга солади ва Яҳова уларнинг дардини тушунишини қаердан биламиз?

16 Ота-она билан фарзанд ўртасидаги ришталар шу қадар мустаҳкамки, Яҳова Ўз халқига бўлган севгисини тасвирлаш учун бундай муносабатларни қўллаган (Ишаё 49:15). Шу боис, агар оиланинг бирор аъзоси Яҳовани тарк этса, бу жудаям қайғули бўлади. Қизи жамоатдан четлатилган бир опамиз шундай деб бўлишди: «Мен руҳан эзилгандим. “Нега энди у Яҳовани тарк этди?” — дея ҳайрон бўлардим ва ўзимни айбдор ҳис қилардим».

17 Яҳова дардингизни тушунади. Биринчи инсон, кейинчалик эса Тўфондан олдин яшаган кўплаб одамлар исёнкор бўлиб чиқишганда, Худо «юракдан афсусланган» эди (Ибт. 6:5, 6). Бундай вазиятга дуч келмаган инсон, бу қанчалар оғир бўлишини тушунишга қийналади. Қандай бўлмасин, жамоатдан четлатилган оила аъзосининг қилган номаъқул хатти-ҳаракати, сизни Яҳовадан узоқлаштиришига йўл қўйиш нодонлик бўларди. Унда, оила аъзоси Яҳовани тарк этганда пайдо бўладиган чуқур қайғуни қандай енгса бўлади?

18. Агар фарзанд Яҳовани тарк этса, нега ота-оналар ўзларини айбламасликлари керак?

18 Юз берган воқеада ўзингизни айбдор ҳисобламанг. Яҳова инсонларга танлаш имконини берган ва ўзини Худога бағишлаб, сувга чўмган ҳар бир оила аъзоси «ўз аравасини ўзи тортади» (Галат. 6:5). Яҳова сизни эмас, гуноҳ қилган кишини қилган танлови учун масъулиятли ҳисоблайди (Ҳиз. 18:20).  Шунингдек, бошқаларни ҳам айбламанг. Яҳованинг таълим-тарбия бериш тадбирини ҳурмат қилинг. Жамоатни ҳимоялаётган оқсоқолларга эмас, Иблисга қарши туринг (1 Бутр. 5:8, 9).

Севимли яқин кишимиз Яҳовага қайтишига умид боғлашнинг ёмон жойи йўқ

19, 20. а) Жамоатдан четлатилганларнинг ота-оналари, дардларини енгиш учун нима қилишлари мумкин? б) Бундай ота-оналар нимага умид боғлашга ҳақли?

19 Бошқа томондан, агар Яҳовани ранжитадиган йўлни танласангиз, ўзингизни Ундан узоқлаштирасиз. Дарҳақиқат, севимли оила аъзонгиз Яҳовани барча нарсадан, оилангиздан ҳам устун қўйишга қарор қилганингизни билиши зарур. Бу вазиятни енгиш учун, Яҳова билан муносабатларингизни сақлаб қолишга ҳаракат қилинг. Ўзингизни имондошларингиздан айирманг (Ҳик. 18:1). Ҳис-туйғуларингизни ибодатда Яҳовага тўкиб солинг (Заб. 61:8, 9). Жамоатдан четлатилган оила аъзонгиз билан телефон, СМС ёки электрон хат орқали мулоқот қилишни оқламанг (1 Кор. 5:11). Маънавий тадбирларда қатнашиш билан банд бўлинг (1 Кор. 15:58). Сўзлари юқорида келтирилган опамиз: «Яҳовага хизмат қилиш билан банд бўлиб, маънан мустаҳкам бўлишим кераклигини биламан. Шунда, қизим Яҳовага қайтганида, унга ёрдам бера оламан»,— деб айтди.

20 Муқаддас Китобда, севги «ҳар нарсага умид қилади», дейилган (1 Кор. 13:4, 7). Севган яқин кишингиз Яҳовага қайтишига умид қилишнинг ёмон жойи йўқ. Ҳар йили, гуноҳ қилган кўплаб кишилар тавба қилиб, Яҳованинг ташкилотига қайтишади. Яҳова уларнинг тавбасини рад этмайди. Аксинча, У «кечиримли»дир (Заб. 85:5).

ДОНО ҚАРОРЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИНГ

21, 22. Ирода эркинлигидан фойдаланишга нисбатан қарорингиз қандай?

21 Яҳова инсонларни ирода эркинлиги билан яратган (Қонунлар 30:19, 20 ни ўқинг) *. Аммо бундай эркинлик жиддий масъулиятни юклайди. Ҳар бир масиҳий ўзидан шундай деб сўраши лозим: «Мен қайси йўлдан боряпман? Иш ва мавқе, ҳордиқ чиқариш ва ўйин-кулги ёки оилавий муносабатлар мени Яҳовадан узоқлаштиришига йўл қўйяпманми?»

22 Яҳова Ўз хизматчиларини севишдан ҳеч қачон тўхтамайди. Бизни Яҳовадан узоқлаштирадиган ягона нарса — нотўғри йўлни танлашдир (Рим. 8:38, 39). Аммо бу каби нарса юз бермаслиги даркор! Ҳеч нарса сизни Яҳовадан узоқлаштиришига йўл қўймасликка қарор қилинг. Кейинги мақолада, эҳтиёткорлик билан танлашингиз керак бўлган яна тўртта соҳани кўриб чиқамиз.

^ 10- х.б. Малаки 3:10: «Қани, омборхонага ушрни беками-кўст қилиб олиб келинглар. Хонадомимга озуқа келтиринглар. Шу йўл билан Мени синаб кўринглар, — дейди Сарвари Олам. — Шунда кўрасизлар, Мен осмон қопқаларини очаман. Сизларга марҳаматимни сероб қилиб ёғдираман».

^ 10- х.б. Кўпроқ маълумотга эга бўлиш учун, «Ёшларнинг саволлари. Амалий маслаҳатлар» номли китобнинг (рус) 2- жилди, 38- бобига қаранг.

^ 15- х.б. Қўшимча маълумот учун, «Уйғонинг!» (рус) журналининг 2011- йил ноябрь сонидаги 17–19- саҳ. қ.

^ 21- х.б. Қонунлар 30:19, 20: «Бугун мен сизларга ҳаётни ёки ўлимни, баракаларни ёки лаънатларни танлаш имкониятини бердим. Бунга еру осмонни гувоҳ қилиб чақирдим. Ҳаётни танланг, шунда ўзларингиз ҳам, авлодларингиз ҳам яшайсизлар. Эгангиз Худони севинг, Унга қулоқ солинг. Унга содиқ бўлинг, чунки У сизнинг ҳаётингиздир. Эгамиз ота-боболарингиз Иброҳим, Исҳоқ, Ёқубга қасам ичиб бераман, деган юртда сизнинг умрингизни узоқ қилади».