Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ЯНВАРЬ 2016

«Бир-бирингизни биродарларча севишда» давом этинг!

«Бир-бирингизни биродарларча севишда» давом этинг!

Бир-бирингизни биродарларча севинглар. ИБРОН. 13:1

ҚЎШИҚЛАР: 3, 20

1, 2. Нима учун Павлус иброний масиҳийларга хат ёзган?

МИЛОДИЙ 61 йили Исроилдаги масиҳий жамоатларда нисбий тинчлик ҳукм сўраётганди. Ўша пайтда ҳаворий Павлус Римдаги қамоқда бўлса ҳам, тез орада озодликка чиқишни умид қилганди. Унинг ҳамроҳи Тимўтий яқиндагина озод этилди ва улар биргаликда Яҳудиядаги имондошларини йўқлаб боришни режалаштириб қўйишганди. (Иброн. 13:23) Лекин атиги беш йилдан сўнг Яҳудиядаги масиҳийлар, айниқса Қуддусда яшовчилар, дарҳол ҳаракат қилишлари керак бўлади. Нега? Чунки бундан олдин Исо шогирдларини огоҳлантириб, ҳарбийлар Қуддуснинг атрофида қароргоҳ қурганини кўришганда, дарҳол қочишлари кераклигини айтганди. (Луқо 21:20–24)

2 Исо ушбу башоратни айтганидан 28 йил ўтди. Бу йиллар мобайнида Исроилдаги масиҳийлар кўп қаршилигу қувғунларни бошдан кечириб, садоқатни сақлаб қолишди. (Иброн. 10:32–34) Аммо Павлус бу масиҳийларни келажакда бўладиган воқеаларга тайёрламоқчи эди. Чунки олдинда уларни оғир синовлар кутаётганди. (Мат. 24:20, 21; Иброн. 12:4) Уларга сабр-бардош ва кучли имон керак эди, сабаби, айнан шундай имон ҳаётларини сақлаб қолишга ёрдам берарди. (Ибронийларга 10:36–39 ни ўқинг.) Шунинг  учун Яҳованинг руҳи Павлусни бу азиз имондошларига хат ёзишга ундади. Бу хат уларни келажакдаги воқеалар олдидан мустаҳкамлашга қаратилган эди ва у ҳозир Ибронийларга йўлланган мактуб, деб номланади.

3. Нега ҳар биримиз Ибронийларга йўлланган мактуб билан қизиқишимиз керак?

3 Ҳар биримиз Павлуснинг биринчи асрдаги иброний масиҳийларга ёзган мактуби билан қизиқишимиз керак. Негаки, бизнинг вазиятимиз ҳам уларникига ўхшайди. Бугунги «ниҳоятда оғир вақтларда» Яҳованинг халқи турли қаршиликлар ва қувғунларни бошдан кечирмоқда. (2 Тим. 3:1, 12) Шак-шубҳасизки, бундай вазиятларда садоқатни сақлаб, кучли имонга эга эканимизни кўрсата олдик. Гарчанд шундай бўлса-да, ҳаммамиз ҳам ҳозирги пайтда очиқдан-очиқ таъқибларга учрамаяпмиз ва деярли тинч ҳаёт кечиряпмиз. Бироқ Павлуснинг давридаги масиҳийларга ўхшаб, биз ҳам яқин келажакда оғир синовларга дуч келишимизни эсдан чиқармаслигимиз даркор. (Луқо 21:34–36 ни ўқинг.)

4. Қайси оят 2016 йил учун йиллик оят сифатида танланди ва нега бу айни муддао?

4 Яқинда бўладиган воқеаларга тайёр туришимизга нима ёрдам беради? Ибронийларга йўллаган мактубида Павлус имонимизни мустаҳкамлашга ёрдам берадиган кўп эслатмаларни ёзиб қолдирган. Шундай муҳим эслатмалардан бири ушбу хатнинг охирги бобидаги биринчи оятида келтирилган. Бу оятдаги сўзлар 2016 йил учун йиллик оят деб танланди ва у қуйидагичадир: «Бир-бирингизни биродарларча севинглар». (Иброн. 13:1)

2016 йилнинг ояти: «Бир-бирингизни биродарларча севинглар». (Ибронийларга 13:1)

БИРОДАРЛАРЧА СЕВИШ НИМАНИ АНГЛАТАДИ?

5. Биродарлик севгисини намоён этиш нимани ўз ичига олади?

5 Биродарлик севгисини намоён этиш нимани ўз ичига олади? Павлус ишлатган юнонча филаделфия сўзи том маънода «биродарона меҳр-муҳаббатни» билдиради. Биродарлик севгиси меҳр-муҳаббатнинг бир тури бўлиб, одатда оила аъзосига ёки яқин дўстга намоён этиладиган кучли, самимий ва илиқ ҳис-туйғулардан иборат. (Юҳан. 11:36) Биз хўжа кўрсинга эмас, балки чин қалбдан биродару опа-сингиллар эканимизни амалда кўрсатамиз. (Мат. 23:8) Бир-биримизга бўлган меҳр-муҳаббат қуйидаги ажойиб сўзлар билан ифодаланган: «Имондошларингизни биродарларча, чин кўнгилдан севинглар. Бир-бирингизни ҳурмат қилишда ташаббус кўрсатинглар». (Рим. 12:10) Бундай биродарлик севгиси Аллоҳнинг Каломидаги принципларга асосланган агапе севгиси билан биргаликда Худонинг халқи орасида иноқлик ва якдиллик ҳукм суришига ҳисса қўшади.

6. Масиҳийлар «биродарларча севиш» деганда, нимани тушунишади?

6 Бир олимнинг фикрича, «биродарларча севиш» ибораси христиан оламига оид бўлмаган адабиётларда жуда кам учрайди. Ўтмишдаги яҳудийлар «биродар» сўзини одатда қариндоши ва баъзи ҳолларда оила аъзоси бўлмаган кишига нисбатан ҳам қўллашган. Лекин улар бу сўзни ҳеч қачон яҳудий бўлмаган кишига ишлатишмаган. Масиҳийлар эса, Худонинг ҳар бир хизматчисини келиб чиқишига қарамай, «биродар» деб билишади. (Рим. 10:12) Ахир Яҳова бир-биримизни биродарларча севишга ўргатиб келяпти. (1 Салон. 4:9) Лекин нима учун бир-биримизни биродарларча севишда давом этишимиз муҳим?

НЕГА БИР-БИРИМИЗНИ БИРОДАРЛАРЧА СЕВИШДА ДАВОМ ЭТИШИМИЗ ШУНЧАЛИК МУҲИМ?

7. а) Бир-биримизга биродарлик севгисини намоён этишимизнинг асосий сабаби нимада? б) Яна нима сабабдан бир-биримизга бундай севгини намоён этишимиз керак?

7 Яҳова биздан биродарлик севгисини намоён этишни талаб қилаётгани — бунинг асосий сабабидир. Агар биродаримиздан нафратлансак, унда Худони севамиз, деб айта олмаймиз.  (1 Юҳан. 4:7, 20, 21) Қолаверса, биз бир-биримизга муҳтожмиз, айниқса, қийинчиликлар пайтида. Павлус ибронийларга мактуб ёзганида, тез орада улар уйларини ва мол-мулкини ташлаб кетишларига мажбур бўлишларини билган. Ўша пайт қанчалик оғир бўлиши ҳақида Исо айтиб ўтганди. (Марк 13:14–18; Луқо 21:21–23) Шунинг учун ҳам, ўша масиҳийлар бир-бирини ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ севишлари керак эди. (Рим. 12:9)

8. Буюк қайғу остонасида турган эканмиз, нима қилишимиз лозим?

8 Яқинда буюк қайғу бошланишига сабабчи бўладиган ҳамда вайронагарчилик келтирадиган шамоллар қўйиб юборилади. (Марк 13:19; Ваҳ. 7:1–3) Ўшанда: «Келинг, эй халқим, бир оз яшириниб туринг! Эгамизнинг ғазаби босилгунча, киринг ичкарига, ортингиздан эшикларни ёпиб қўйинг!» — деган маслаҳатга қулоқ солсак, оқилона бўлади. (Ишаё 26:20) Оятдаги «ичкари», деган жой жамоатларимизни англатиши эҳтимолдан йироқ эмас. У ерга биродару опа-сингилларимиз билан биргаликда Яҳовага топиниш учун борамиз. Лекин имондошлар билан шунчаки мунтазам йиғилиб туришнинг ўзи етарли эмас. Павлус ибронийларга ёзган мактубида масиҳийлар йиғилишларда бир-бирларини «севишга ва эзгу ишлар қилишга ундашлари» кераклигини эслатиб ўтган. (Иброн. 10:24, 25) Ҳозир биродарлик севгисини ривожлантиришнинг айни пайтидир, чунки бу, келажакда дуч келишимиз мумкин бўлган ҳар қандай васвасаю синовларга дош беришимизга кўмаклашади.

9. а) Бугунги кунда биродарлик севгимизни кўрсатиш учун қандай имкониятларимиз бор? б) Яҳованинг халқи биродарлик севгисини намоён этгани ҳақида мисол келтиринг.

9 Буюк қайғу ҳали бошланмаган экан, келинг, ҳозирданоқ бир-биримизга биродарлик севгисини намоён этишга шай турайлик. Кўп имондошларимиз зилзила, сув тошқини, бўрон, цунами ва бошқа табиий офатлар дастидан қаттиқ азият чекишмоқда. Баъзилари қаршилигу қувғунларни бошдан кечиришяпти. (Мат. 24:6–9) Бу етмаганидек, ёвуз дунёда яшаётганимиз туфайли ҳар куни моддий қийинчиликларга дуч келяпмиз. (Ваҳ. 6:5, 6) Лекин шундай муаммолар кўпайгани сайин, биродарларимизни қанчалик севаётганимизни кўрсатишга янада кўпроқ имкониятлар пайдо бўляпти. Гарчи «кўпчиликнинг севгиси совиб» борса ҳам, биз биродарлик севгимизни кўрсатишда давом этишимиз даркор. (Мат. 24:12) *

БИР-БИРИМИЗНИ БИРОДАРЛАРЧА СЕВАЁТГАНИМИЗНИ ҚАНДАЙ КЎРСАТА ОЛАМИЗ?

10. Ҳозир нимани кўриб чиқамиз?

10 Муаммоларимизга қарамай, бир-биримизни биродарларча севаётганимизга қандай амин бўлишимиз мумкин? Имондошларимизга меҳр-муҳаббат кўрсатаётганимизни қандай исботлай оламиз? «Бир-бирингизни биродарларча севинглар» дегандан кейин, Павлус буни амалда намоён этишнинг бир нечта йўлини келтирган. Келинг, улардан олтитасини кўриб чиқамиз.

11, 12. Меҳмондўстлик кўрсатиш нима дегани? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

11 «Меҳмондўстлик кўрсатишни ҳам унутманглар». (Ибронийларга 13:2 ни ўқинг.) Муқаддас Китобнинг асл нусхасидаги «меҳмондўстлик», деб таржима қилинган ибора «бегоналарга меҳрибонлик», деган маънони билдиради. Бу ибора бизга Иброҳим ва Лутнинг мисолларини эслатиши мумкин. Уларнинг иккаласи ҳам бегоналарга меҳрибонлик кўрсатишган. Бу бегоналар эса фаришталар бўлиб чиққан. (Ибт. 18:2–5; 19:1–3) Ушбу мисолларни келтириб, Павлус ибронийларни меҳмондўстлик кўрсатиш орқали биродарлик севгисини намоён этишга ундаган.

12 Бошқаларни овқатга ёки далдали суҳбат қуриш учун уйимизга таклиф қилиб, меҳмондўстликни намоён этяпмизми? Меҳмондўст  бўлиш учун кўп овқат тайёрлаш ва ортиқча сарф-харажат қилиш шарт эмас. Устига-устак, меҳмондўстлигимиз эвазига одамлардан бирор нарса кутмаймиз. (Луқо 10:42; 14:12–14) Мақсадимиз — одамларни қойил қолдириш эмас, балки уларга далда беришдир! Гарчи туман нозири ва унинг хотинини яхши танимасак-да, уларни жон деб меҳмон қиламизми? (3 Юҳан. 5–8) Банд бўлишимизга ва кундалик ташвишларимизга қарамай, «меҳмондўстлик кўрсатишни унутмаслигимиз» муҳим!

13, 14. Қай йўсин қамоқда ўтирганларни ёдда тутишимиз мумкин?

13 «Қамоқда ўтирганларни... ёдингиздан чиқарманглар». (Ибронийларга 13:3 ни ўқинг.) Бу оятда Павлус ҳар қандай маҳбус ҳақида эмас, эътиқоди учун ҳибсга олинган имондошлари ҳақида гапирган. Павлус юқоридаги сўзларни иброний масиҳийларга ёзганида, қамоқда ўтирганига деярли тўрт йил бўлганди. (Филип. 1:12–14) Павлус уларни «қамоқда ўтирган биродарларга ҳамдардлик кўрсатганлари» учун мақтаган. (Иброн. 10:34) Қамоқда бўлганида, Павлусга ёрдам берган масиҳийлардан фарқли равишда, иброний имондошлари ундан анча узоқда эдилар. Бўлмаса, улар қандай қилиб уни ёдда сақлашлари мумкин эди? Улар Павлус учун илтижо қилиб, буни қила олишарди. (Иброн. 13:18, 19)

14 Бугунги кунда биз ҳам қамоқда ўтирган имондошларимиздан йироқда бўлишимиз мумкин. Балки қамоқхонага яқин жойда турган имондошларимиз сингари уларга амалий ёрдам бера олмасмиз. Худонинг шундай садоқатли хизматчиларини ёдимизда сақлаб ва уларни ибодатларимизда тилга олиб, улар учун Яҳовадан ўтиниб сўрасак, уларга ҳамдардлигимизни ва биродарлик севгимизни намоён этган бўламиз. Эритреяда қамоқда ўтирган биродару опа-сингилларимиз, ҳатто болалар ва 20 йилдан зиёд қамоқда бўлган 3 та биродар: Паулос Ияссу, Исаак Могос ва Негеде Теклемариам ҳақида ибодатларимизда сўраб турибмизми?

15. Никоҳни қадрлаётганимизни қандай кўрсата оламиз?

15 «Никоҳ ҳамманинг назарида ҳурмат-эътиборда бўлсин». (Ибронийларга 13:4 ни ўқинг.) Ҳа, ахлоқий покликни сақлаш орқали ҳам биродарлик севгисини намоён эта оламиз. (1 Тим. 5:1, 2) Масалан, Муқаддас Китобда: «Ҳеч ким биродарига зарар етказмасин ва унинг ҳуқуқига тажовуз қилмасин»,— деб ёзилган. Бу дегани, агар кимдир имондоши билан ёки унинг оила аъзоси билан зино қилса, биродарлик севгига асосланган ишончни барбод қилган бўлади. (1 Салон. 4:3–8) Бундан ташқари, агар эр вафо қилмай порнографияни кўрса, буни билиб қолган хотини ўзини қандай ҳис қилишини тасаввур қилинг. Бундай йўл тутган эр хотинини севиб, никоҳни қардлаётганини кўрсатган бўлармиди? (Мат. 5:28)

16. Қандай қилиб борига қаноат қилиш биродарлик севгисини кўрсатишга ёрдам беради?

16 «Борига шукур қилинглар». (Ибронийларга 13:5 ни ўқинг.) Борига қаноат қилсак, Яҳовага ишонаётганимизни кўрсатиб, моддий нарсаларга нисбатан мувозанатни сақлай оламиз. (1 Тим. 6:6–8) Бу, Яҳова ҳамда имондошларимиз билан бўлган муносабатларимиз моддий нарсалардан анча устунроқ эканини тушунишимизга кўмаклашади. Борига қаноат қилган инсон ҳасад ва бахилликдан холи бўлиб, шикоят қилмайди, нолимайди ва бошқалардан айб қидирмайди. Ахир бундай туйғулар биродарлик севгисини сўндиради. Борига шукур қилиш сахий бўлишга ёрдам беради. (1 Тим. 6:17–19)

17. Қай йўсин жасоратли бўлиш биродарлик севгисини намоён этишга ёрдам беради?

17 «Жасоратга тўлинг». (Ибронийларга 13:6 ни ўқинг.) Қандай қийинчиликларга дуч келмайлик, агар Яҳовага ишонсак, У бизга жасорат ато этади. Жасорат эса, ўз ўрнида, ижобий нуқтаи назарни сақлашимизга ёрдам беради. Бундай ижобий нуқтаи назар имондошларимизга далда ва тасалли беришга  ундаб, биродарлик севгисини намоён этишимизга кўмаклашади. (1 Салон. 5:14, 15) Эътиборлиси шуки, буюк қайғу пайтида дунё қийин дамларни бошдан кечирганда, биз «қоматимизни ғоз тутиб бошимизни кўтариб турамиз», зеро ўшанда Яҳова бизни халос қиладиган вақт яқинлашиб қолган бўлади. (Луқо 21:25–28)

Оқсоқолларнинг меҳнатини қадрлаяпсизми? (18- хатбошига қ.)

18. Қай йўсин оқсоқолларимизга биродарлик севгимизни янада кўпроқ намоён эта оламиз?

18 «Орангизда раҳбарликни ўз зиммасига олганларни унутманглар». (Ибронийларга 13:7, 17 ни ўқинг.) Оқсоқолларимиз қанчалик кўп меҳнат қилишаётгани ва бунинг эвазига ҳеч қандай пул олмасликлари ҳақида ўйласак, уларга бўлган биродарлик севгимиз ва миннатдорлигимиз ошади. Шундай экан, бирон-бир хатти-ҳаракатимиз билан уларни қувончдан маҳрум этиб, хафа қилмайлик. Бунинг ўрнига, келинг, итоаткорлигимиз билан уларни «бажараётган ишлари учун... ҳурмат қилиб, севаётганимизни» кўрсатайлик. (1 Салон. 5:13)

БИРОДАРЛИК СЕВГИСИНИ «ЯНАДА КЎПРОҚ» КЎРСАТИНГ

19, 20. Қайси соҳаларда биродарлик севгисини «янада кўпроқ» кўрсата оламиз?

19 Яҳованинг халқи биродарлик севгиси билан танилгани ҳеч кимга сир эмас. Бу ҳақда Павлус ҳам айтиб ўтганди. Ўшанда у имондошларига мурожаат қилиб, биродарлик севгисини «янада кўпроқ» намоён этишга ундаган. (1 Салон. 4:9, 10) Ҳа, чиндан ҳам, ўз устимизда ишлашнинг чеки йўқ!

20 Келинг, шу йил мобайнида йиллик оятни эслаб туриб, қуйидаги саволлар устида мулоҳаза юритайлик: Меҳмондўстлик кўрсатяпманми? Қай йўсин қамоқдаги биродарларимизни ёдда тутишим мумкин? Худо ўрнатган никоҳ тузумига ҳурмат кўрсатяпманми? Борига шукур қилишга менга нима ёрдам беради? Яҳовага бўлган ишончимни қандай ўстирсам бўлади? Қандай қилиб орамизда бошчиликни олаётганлар билан янада кўпроқ ҳамкорлик қила оламан? Агар ушбу 6 та соҳага оид маслаҳатларни қўлласак, унда бу йилнинг ояти биз учун шунчаки Йиғилиш Залидаги оддий бир ёзув бўлиб қолмайди. У бизга Павлуснинг: «Бир-бирингизни биродарларча севинглар»,— деган маслаҳатига риоя қилиш муҳимлигини эслатиб туради. (Иброн. 13:1)

^ 9- х.б. (9- хатбоши) Кулфатлар пайтида Яҳованинг Шоҳидлари биродарлик севгисини қандай намоён этишгани ҳақидаги мисолларни «Қўриқчи минораси»нинг 2002 йил 15 июль сонидаги (рус) 8–9- саҳ. мақоладан ва «Яҳованинг Шоҳидлари — Худо Шоҳлигининг хабарчилари» китобининг (рус) 19- бобидан топишингиз мумкин.