Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ФЕВРАЛЬ 2016

Яҳованинг содиқ хизматчиларидан сабоқ олинг

Яҳованинг содиқ хизматчиларидан сабоқ олинг

Эй Эгам! Ўзингга содиқ бўлганга Сен содиқ бўласан, бегуноҳга айбсизлигини кўрсатасан. ЗАБ. 17:26

ҚЎШИҚЛАР: 18, 43

1, 2. Довуд Яҳовага бўлган садоқатини қандай кўрсатган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

ДОВУДНИ топиш ва ўлдириш ниятида Яҳудия чўлига келган Шоул қўнолғанинг ўртасида қаттиқ ухлаб қолганди. Довуд ва Абушай эса зим-зиё тунда билдирмасдан 3 000 та ухлаб ётган сипоҳлар орасидан ўтиб, Шоул ётган жойга келишади. Шунда Абушай Довудга пичирлаб: «Энди ижозат беринг, уни [Шоулни] найза билан бир уриб ерга михлаб қўяйин. Иккинчи марта уришимга ҳожат қолмайди»,— дейди. Лекин Довуднинг жавоби кишини ҳайратга солади! У шундай деб айтади: «Йўқ, уни ўлдирмайсан. Эгамиз мой суртиб танлаган шоҳга қўл кўтарганни сира оқлаб бўлмайди. [...] Эгамиз мой суртиб танлаган шоҳга қўл кўтаришдан мени Худонинг Ўзи сақласин». (1 Шоҳ. 26:8–12)

2 Довуд Худога садоқатли бўлиш учун нима қилиши кераклигини билган. У Шоулга ҳеч қандай зарар етказмоқчи эмасди. Нима учун? Чунки Худо Шоулни Исроил устидан шоҳ этиб танлаганди. Яҳованинг содиқ хизматчилари У томонидан танланганларни ҳурмат қилишади. Ўтмишда бўлганидек, бугунги кунда ҳам Яҳова хизматчиларидан  Унга содиқ бўлишларини ва масъулиятли кишиларни ҳурмат қилишларини кутади. (Забур 17:26 ни ўқинг.)

3. Абушай Довудга бўлган садоқатини қандай исботлаган?

3 Абушай Довудни ҳурмат қилган. Масалан, Довуд Ботшева билан қилган гуноҳини яшириш ниятида Йўабга унинг эри Уззиёни ўлдириш учун атайин уруш қизиган жойга юборишни буюради. Йўаб эса Абушайнинг укаси эди. (2 Шоҳ. 11:2–4, 14, 15; 1 Сол. 2:16) Абушай бу воқеа ҳақида билган бўлса керак, лекин шунда ҳам, у Довудни Худонинг мойланган шоҳи сифатида ҳурмат қилишни давом этаверган. Қолаверса, Абушай лашкарбоши бўлишига қарамай, шоҳликка эга бўлишга интилмаган, аксинча у Довудни хоин ва бошқа душманларидан ҳимоя қилган. (2 Шоҳ. 10:10; 20:6; 21:15–17)

4. а) Худога содиқ бўлиб қолишда Довуд қандай ўрнак қолдирган? б) Ушбу мақолада яна қандай мисолларни кўриб чиқамиз?

4 Довуд шоҳ Шоулни ўлдиришни хоҳламаган ва шу орқали Яҳовага садоқатли эканини кўрсатган. Довуд ҳали ёш бўлганида Гўлиётнинг олдига жанг қилишга чиқиб, «барҳаёт Худонинг қўшинини ҳақорат қилишга» журъат этган бу филистимликни ўлдиради. (1 Шоҳ. 17:23, 26, 48–51) Шоҳ бўлганида эса, Довуд зино ва қотилликка қўл уриб, оғир гуноҳ қилади. Кейинчалик Натан пайғамбар унга танбеҳ берганида, у тавба қилади. (2 Шоҳ. 12:1–5, 13) Довуд қариган чоғида ҳам Яҳовага садоқатини намоён этишдан тўхтамаган. Мисол учун, у Яҳованинг маъбади қурилишида асқатадиган ашёларни тайёрлаб, ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган. (1 Сол. 29:1–5) Тўғри, Довуд жиддий гуноҳ қилган, бироқ у, нима бўлган тақдирда ҳам, Яҳовага содиқ бўлиб қолган. (Заб. 50:6, 12; 85:2) Довуд ва унинг замондошлари ҳақидаги бошқа мисолларни кўриб чиқар эканмиз, келинг, қуйидаги саволларга жавоб топишга ҳаракат қилайлик: биринчи ўринда кимга содиқликни намоён этишимиз керак? Қайси хислатлар содиқ бўлишимизга ёрдам беради?

БИРИНЧИ НАВБАТДА КИМГА СОДИҚ БЎЛИШИМИЗ КЕРАК?

5. Абушайнинг хатосидан нимани ўргансак бўлади?

5 Абушай Шоулни ўлдириш орқали Довудга садоқатини кўрсатмоқчи бўлган. Лекин Довуд унга «Эгамиз мой суртиб танлаган шоҳга» қўл кўтариш нотўғри эканини айтиб, бу ниятидан қайтарган. (1 Шоҳ. 26:8–11) Бу воқеадан хулоса шуки, гарчи бир неча шахсга садоқатли бўлсак-да, Муқаддас Китобдаги меъёрларни қўллаб, кимга биринчи навбатда содиқ қолишимиз кераклигини аниқлашимиз лозим.

6. Оила аъзоларимиз ва дўстларимизга садоқатли бўлиш табиий бўлса-да, нега бу масалада эҳтиёткор бўлишимиз керак?

6 Табиийки, яхши кўрган одамларимизга, жумладан дўстимиз ёки оила аъзоимизга садоқатни намоён этамиз. Аммо номукаммалигимиз туфайли, ҳис-туйғуларимиз бизни адаштириши мумкин. (Ерм. 17:9) Шунинг учун, агар яқинларимиздан кимдир ҳақиқатдан воз кечса, биринчи навбатда Яҳовага садоқатни сақлашимиз кераклигини эсдан чиқармаслигимиз даркор. (Матто 22:37 ни ўқинг.)

7. Қандай қилиб бир имондошимиз мушкул вазиятда Яҳовага содиқ қолди?

7 Яқин қариндошимиз жамоатдан четлатилса, кимга нисбатан садоқатни сақлаш кераклигини билмай қолишимиз мумкин. Масалан, бир куни Анна * исмли имондошимизга жамоатдан четлатилган ойиси қўнғироқ қилади. Унинг ойиси оиласидан ажралгани сабабли тушкунликка тушганди, шунинг учун телефон қўнғироғида қизиникига бормоқчи эканини айтади. Анна ойисининг илтимосидан чуқур изтиробга тушиб, унга хат орқали жавоб беришга ваъда қилади. Хат ёзишдан олдин у Муқаддас Китобдаги айрим меъёрларни кўриб чиқади. (1 Кор. 5:11; 2 Юҳан. 9–11) Кейин эса Анна хатида мулойимлик ила ойисига у нотўғри иши ва тавба қилмагани учун ўзини оиласидан маҳрум қилганини эслатади. Анна давом этиб: «Чекаётган азобингиздан озод бўлишнинг ягона йўли — Яҳовага қайтишдир»,— деб ёзади. (Ёқб. 4:8)

8. Қайси фазилатлар Яҳовага содиқ қолишимизга ёрдам беради?

 8 Довуднинг садоқатли замондошлари, шунингдек, камтарин, меҳрибон ва жасоратли бўлишган. Келинг, ушбу фазилатлар Яҳовага садоқатли қолишимизга қандай ёрдам бериши мумкинлигини кўриб чиқайлик.

АЛЛОҲГА СОДИҚ БЎЛИШ УЧУН КАМТАРЛИК ТАЛАБ ЭТИЛАДИ

9. Нега Абнур Довудни ўлдирмоқчи бўлган?

9 Камида икки киши Довуд қўлида Гўлиётнинг кесилган боши билан шоҳ Шоулнинг ҳузурига кирганини кўрган бўлиши мумкин: бири, Довуд билан дўстлик аҳдини тузган Шоулнинг ўғли Йўнатан бўлса, иккинчиси, лашкарбоши Абнур эди. (1 Шоҳ. 17:57–18:3) Лекин шунга қарамай, Абнур Шоулнинг Довудни ўлдириш режасини қўллаб-қувватлаганди. Бу ҳақда Довуд: «Зўравонлар қасд қилмоқчи жонимга»,— деб ёзганди. (Заб. 53:5; 1 Шоҳ. 26:1–5) Нима учун Абнурнинг Довудга бўлган муносабати Йўнатанникидан кескин фарқ қиларди? Абнур ҳам, Йўнатанга ўхшаб, Аллоҳ Довудни Исроилнинг шоҳи сифатида танлаганини биларди. Қолаверса, Шоулнинг ўлимидан сўнг Абнур унинг ўғли Ишбоситни эмас, балки Довудни қўллаб-қувватлаб, Яҳовага бўлган садоқатини исботлаши ва камтарликни намоён этиши мумкин эди. Аммо у бундай йўл тутмади. Аксинча, у шоҳ Шоулнинг канизаги билан бирга бўлиб, тахтни эгалламоқчи бўлганини кўрсатди. (2 Шоҳ. 2:8–10; 3:6–11)

10. Нима учун Абсалом Аллоҳга садоқатли бўла олмаган?

10 Довуднинг ўғли Абсалом камтар бўлмагани учун Аллоҳга садоқатли бўла олмади. Ахир у «ўзи учун битта жанг араваси, отлар ва элликта қўриқчини тайёрлаб қўйди». (2 Шоҳ. 15:1) Шунингдек, у кўплаб исроилликларни ҳам ўзига оғдириб олди. Гарчи Абсалом, Яҳова Довудни Исроил шоҳи деб тайинлаганини билса ҳам, Абнурга ўхшаб, Довудни ўлдирмоқчи бўлди. (2 Шоҳ. 15:13, 14; 17:1–4)

11. Муқаддас Китобдаги Абнур, Абсалом ва Борух ҳақидаги баёнотдан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

11 Абнур ва Абсаломнинг мисолларидан кўриниб турибдики, шуҳратпарастлик дастидан инсон осонгина Аллоҳга садоқатсиз бўлиб қолиши мумкин. Албатта, Яҳовага содиқ бўлган ҳар бир хизматчи худбин ва ёвуз бўлиб қолишдан қочади. Лекин бу дунёда бойлик орттириш ёки олий мартабага эга бўлиш истаги масиҳийга ёмон таъсир қилиши мумкин. Номаълум сабабларга кўра, Еремиё пайғамбарнинг котиби Борух ҳам ўзида йўқ нарсага эга бўлишни истаган ва Яҳовага хизмат қилишда хурсандчиликни йўқотган. Шунда Яҳова унга: «Мен бутун юрт бўйлаб бунёд қилган ҳамма нарсамни бузиб ташлайман, мустаҳкам  қилиб ўрнатганларимни қўпориб ташлайман. Сен ўзинг учун катта режалар тузма!» — деб айтади. (Ерм. 45:4, 5) Борух Яҳованинг гапларига қулоқ солади. Демак, охирзамонда яшаётган эканмиз, биз ҳам Яҳованинг бу сўзларига қулоқ солсак, оқилона бўлади.

12. Худбинлик Яҳовага содиқ бўлишимизга тўсқинлик қилишини кўрсатувчи мисол келтиринг.

12 Мексикада яшовчи имондошимиз Даниэль кимга содиқ бўлишни танлаши керак эди. У имондошимиз бўлмаган бир қизга уйланмоқчи эди. Даниэль шундай деб бўлишди: «Мен ҳатто кашшофликни олганимда ҳам, унга хатлар ёзиб турардим. Лекин охири, мен камтарлик ила тажрибали бир оқсоқолга мурожаат қилдим ва кимга содиқ қолиш кераклигини билолмай қолганимни айтдим. Бу оқсоқол Яҳовага содиқ қолиш учун ўша қизга ёзишни тўхтатишим кераклигини тушунтириб, менга ёрдам берди. Кўплаб илтижолар ва кўз ёшлардан кейингина айнан шундай йўл тутдим ва тез орада хизматда хурсандчилигим ошди». Кейинчалик Даниэль Яҳовани яхши кўрадиган бир қизга уйланди ва ҳозир улар туман нозири бўлиб хизмат қилишяпти.

АЛЛОҲГА СОДИҚ БЎЛИШ УЧУН МЕҲРИБОНЛИК ТАЛАБ ЭТИЛАДИ

Агар имондошингиз жиддий гуноҳ қилганини билиб қолсангиз, уни оқсоқолларга мурожаат қилишга ундаб, садоқатингизни намоён этасизми? (14- хатбошига қ.)

13. Қандай қилиб Натан ҳам Довудга, ҳам Аллоҳга содиқликни сақлай олган?

13 Яҳовага бўлган садоқатимиз баъзида одамларга бўлган содиқлигимизга таъсир қилади. Натан пайғамбар Довудга содиқ қолиш билан бирга Худога ҳам содиқликни сақлай олган. Ўшанда Натан, Довуд бир аёл билан зино қилиб, унинг эрини жангда ўлдиришни уюштирганидан хабардор бўлган. Гарчанд Натан Довудга содиқ бўлса ҳам, Яҳова уни Довуднинг олдига жўнатганида, у Худога қулоқ солиб, жасорат ила Довудга танбеҳ берган. Натан буни донолик ва меҳрибонлик ила қилган. Довуднинг гуноҳи қанчалик жиддий эканини кўрсатиш учун Натан бир мисол келтирган. Ушбу мисолда бой бир киши камбағал кишининг қўзичоғини сўйиб, ноҳақлик қилади. Шунда Довуд бой кишининг ишидан қаттиқ ғазабланади ва Натан унга шундай дейди: «Ўша одам сенсан!» Шу пайт Довуд гап ким ҳақида кетаётганини англаб етади! (2 Шоҳ. 12:1–7, 13)

14. Қандай қилиб сиз бир пайтнинг ўзида ҳам Яҳовага, ҳам дўстингиз ё қариндошингизга содиқ бўлишингиз мумкин?

 14 Меҳрибонлик кимга содиқ қолишни танлаш масаласида асқатади. Мисол учун, бирон-бир имондошингиз жиддий гуноҳ қилганининг гувоҳи бўлгандирсиз. Сиз унга содиқликни намоён этиш керак, деб биларсиз, айниқса, агар у яқин дўстингиз ёки қариндошингиз бўлса. Лекин агар сиз унинг қилмишига кўзингизни юмсангиз, Худога садоқатсиз бўлиб қоласиз. Албатта, Яҳовага бўлган содиқлигингиз биринчи ўринда туриши керак. Шунинг учун Натан каби, Яҳовага қулоқ солинг, лекин шу билан бирга, меҳрибон ҳам бўлинг. Дўстингиз ёки қариндошингизни оқсоқолларга мурожаат қилишга ва улардан ёрдам излашга унданг. Агар бу инсон муайян вақт ичида гуноҳ қилишда давом этса, Аллоҳга бўлган садоқат сизни бу инсоннинг қилмишини оқсоқолларга айтиб беришга ундайди. Оқсоқоллар, ўз навбатида, уларни мулойимлик билан тузатишга ҳаракат қилишади. Сиз эса бундай йўл тутиб, Яҳовага бўлган садоқатингизни ва дўстингиз ё қариндошингизга меҳрибон эканингизни кўрсатган бўласиз. (Левилар 5:1; Галатияликларга 6:1 ни ўқинг.)

АЛЛОҲГА СОДИҚ БЎЛИШ УЧУН ЖАСОРАТ ТАЛАБ ЭТИЛАДИ

15, 16. Нега Хушай Аллоҳга содиқ қолиш учун жасоратли бўлиши керак эди?

15 Хушай исмли кишига Яҳовага содиқ қолиш учун жасорат керак эди. У шоҳ Довуднинг содиқ дўсти эди. Лекин бир куни Хушайнинг содиқлиги синалди. Бу, Довуднинг ўғли Абсалом кўпларнинг ишончини қозониб, Исроил тахтини эгалламоқчи бўлганда юз берди. (2 Шоҳ. 15:13; 16:15) Ўшанда Довуд жонини сақлаб қолиш учун шаҳарни тарк этганди. Қизиқ, Хушай қандай йўл тутар экан: Абсаломга шерик бўладими ёки омон қолиш учун шаҳардан чиқиб кетган шоҳнинг орқасидан эргашадими? Хушай Худо томонидан тайинланган шоҳга содиқ қолишга қарор қилиб, Зайтун тоғида Довудни кутиб олади. (2 Шоҳ. 15:30, 32)

16 Довуд Хушайдан Қуддусга қайтиб бориб ва ўзини Абсаломга дўстдек кўрсатиб, Охитўфелнинг маслаҳатини йўққа чиқаришни сўрайди. Хушай ҳаётини хавф остига солган бўлса ҳам, Довуднинг айтганларини бажариб, Яҳовага содиқлигини исботлади. Довуд Яҳовадан илтижосида сўраганидек, Абсалом жасоратли Хушайнинг маслаҳатини Охитўфелнинг маслаҳатидан яхшироқ деб билди. (2 Шоҳ. 15:31; 17:14)

17. Нега Яҳовага содиқ қолиш учун жасоратли бўлишимиз керак?

17 Яҳовага содиқ қолиш учун бизга жасорат керак. Аксариятимиз оила аъзоларимиз, ҳамкорларимиз ва ҳукмрон ҳокимиятидагиларнинг босимига жасорат ила қарши туриб, Яҳовага содиқлигимизни исботлаб келяпмиз. Масалан, Япониядаги имондошимиз Таро ёшлигидан ота-онасига садоқатли бўлиб, уларнинг раъйига қарши бормасди. У буни шунчаки мажбурият юзасидан қилмасди. Таро ота-онасини доим хурсанд ҳолда кўришни истарди. У Яҳованинг Шоҳидлари билан тадқиқ бошлаганида, ота-онаси унга қарши чиқишгани Таронинг кўнглига оғир ботди. Шу сабабли, йиғилишга боришга қарор қилганини айтиш унга ниҳоятда қийин бўлди. Таро шундай деб бўлишди: «Улар шунчалик ғазабга тўлган эдики, ҳатто йиллар давомида мени кўришни хоҳлашмади. Шунда мен чиқарган қароримда қатъий туриш учун Яҳовадан жасорат сўраб, ибодат қилдим. Ҳозир улар менга нисбатан анча юмшашган ва энди мен уларникига мунтазам бориб тураман». (Ҳикматлар 29:25 ни ўқинг.)

18. Ушбу мақоладан ўзингизга қандай сабоқ олдингиз?

18 Келинг, Довуд, Йўнатан, Натан ва Хушай каби, биз ҳам Яҳовага содиқлигимизни исботлашдан чуқур мамнуният топайлик. Бироқ шу билан бирга, садоқатни сақлай олмаган Абнур ва Абсаломнинг мисолидан ҳам ўзимизга сабоқ олайлик. Тўғри, биз Довудга ўхшаб, Яҳовага содиқ бўлишни истаймиз. Лекин осий банда бўлганимиз учун хато қилишдан қочиб қутула олмаймиз. Аммо шунга қарамай, ҳар биримиз Яҳовага содиқ қолиш ҳаётимизда муҳим ўринни эгаллашини исботлашимиз мумкин!

^ 7- х.б. (7- хатбошига қ.) Ушбу мақоладаги баъзи исмлар ўзгартирилган.