Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ФЕВРАЛЬ 2016

Яҳовага бўлган садоқатингизни исботланг

Яҳовага бўлган садоқатингизни исботланг

Худо сену менинг орамизда, уруғларимиз орасида абадий шоҳид бўлсин. 1 ШОҲ. 20:42

ҚЎШИҚЛАР: 43, 31

1, 2. Нима учун Йўнатаннинг Довуд билан дўстлиги садоқатнинг ёрқин мисолидир?

ЁШ ДОВУДНИНГ жасорати Йўнатанни ҳайратда қолдиргани шубҳасиз. Гап шундаки, Довуд баҳайбат Гўлиётни ўлдириб, қўлида унинг кесилган боши билан Йўнатаннинг отаси, Исроил шоҳи Шоул ҳузурига келади. (1 Шоҳ. 17:57) Шунда Йўнатан Аллоҳ Довуд билан бирга бўлганига амин бўлади ва «кўнгли Довудга боғланиб» қолади. «Йўнатан Довудни ўз жонидай азиз кўргани учун» у билан аҳд қилади ва умрининг охиригача Довудга садоқатли қолади. (1 Шоҳ. 18:1–3)

2 Гарчи Аллоҳ Довудни Исроилнинг кейинги шоҳи сифатида танлаган бўлса-да, Йўнатаннинг Довудга нисбатан муносабати ўзгаргани йўқ. Шоул Довудни ўлдириш ниятида уни излашга тушганида, Йўнатан Довудни ўйлаб хавотирланганди. Шунда Йўнатан дўстига далда бериш учун Яҳудиянинг Хорешдаги чўли томон йўл олади. У Довудни: «Худо сени сақлайди»,— деб руҳлантириб, унга: «Қўрқма... Сен Исроил шоҳи бўласан, мен эса сендан кейинги одам бўламан»,— дейди. (1 Шоҳ. 23:16, 17)

3. Йўнатан учун Довудга садоқатни сақлашдан ташқари нима муҳимроқ эди ва буни қаердан биламиз? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

 3 Садоқатли кишини ким яхши кўрмайди дейсиз! Лекин агар биз фақатгина Йўнатаннинг Довудга кўрсатган садоқатидан завқ олиб, Аллоҳга бўлган садоқатини инобатга олмасак, унда муҳим бир сабоқни кўздан қочирган бўламиз. Нега Йўнатан Довудни рақиб эмас, балки дўст деб билган? Йўнатан буни ўз манфаатини кўзлаб қилгани йўқ. У учун бошқа нарса муҳимроқ эди. Эсингизда бўлса, Йўнатан Довудни: «Худо сени сақлайди»,— деб руҳлантирганди. Бундан хулоса шуки, Яҳовага садоқатли қолиш Йўнатан учун биринчи ўринда бўлган. Ҳа, Йўнатан Яҳовага садоқатли бўлгани учун Довудга ҳам садоқатни намоён эта олган. Бу дўстлар бир-бири билан тузган: «Худо сену менинг орамизда, уруғларимиз орасида абадий шоҳид бўлсин»,— деган аҳдга вафодор бўлишган. (1 Шоҳ. 20:42)

4. а) Нима бизга ҳақиқий қувонч ва мамнунлик келтиради? б) Ушбу мақолада нимани муҳокама қиламиз?

4 Бошқалар садоқатни намоён этишганини кўриб, завқ оламиз ва ўзимиз ҳам оила аъзоларимиз, дўстларимиз ва имондошларимизга нисбатан садоқатни сақлаймиз. (1 Салон. 2:10, 11) Бироқ биринчи навбатда кимга садоқатли бўлишимиз даркор? Албаттаки, Яратувчимизга! (Ваҳ. 4:11) Унга садоқатни намоён этиш бизга ҳақиқий қувонч ва мамнунлик келтиради. Агар оғир синовларда ҳам Яҳовага вафодор қолсак, Унга бўлган садоқатимизни исботлаган бўламиз. Бу мақолада Йўнатаннинг мисоли қуйидаги тўртта вазиятда Яҳовага садоқатимизни исботлашга қандай ёрдам беришини кўриб чиқамиз: 1) масъулиятли киши ҳурматга нолойиқдек туюлганда, 2) кимга садоқатни намоён этишни танлашга келганда, 3) бизни нотўғри тушунишганда ёки ноҳақ ҳукм қилишганда ҳамда 4) садоқат ва шахсий манфаатларимиз тўқнашганда.

МАСЪУЛИЯТЛИ КИШИ ҲУРМАТГА НОЛОЙИҚДЕК ТУЮЛГАНДА

5. Нега Шоул ҳукмронлик қилган пайтда Исроил халқининг садоқати синалган эди?

5 Гарчи Худо Йўнатаннинг отаси Шоулни шоҳ қилиб мойлаган бўлса-да, Шоул кейинчалик итоатсиз бўлиб қолган ва Яҳова уни рад этган. (1 Шоҳ. 15:17–23) Лекин Аллоҳ Шоулни шу заҳоти тахтдан туширмади. Охир-оқибат, унинг қабиҳ ишлари дастидан қўли остидагиларининг ва яқинларининг имони синалди. «Эгамизнинг тахтига ўтирган» бу шоҳ ўзбошимчалик ила йўл тутгани учун уларга Яҳовага садоқатли қолиш қийин эди. (1 Сол. 29:23)

6. Йўнатан Яҳовага садоқатли эканини қандай исботлади?

6 Шоҳ Шоул илк бор итоатсизлик қилганида, унинг ўғли Йўнатан Аллоҳ Яҳовага садоқатли эканини исботлади. (1 Шоҳ. 13:13, 14) Шомуил пайғамбар: «У [Яҳова] Ўзи танлаган халқдан юз ўгирмайди. Акс ҳолда Ўзининг улуғ исмини бадном қилган бўлади»,— деб айтганди. (1 Шоҳ. 12:22) Ўттиз минг * лашкардан иборат филистимликларнинг қўшини Исроилга ҳужум қилганида, Йўнатан юқоридаги сўзларга амин эканини кўрсатди. Тасаввур қилинг, Шоулда атиги олти юзта лашкар бор эди. Қолаверса, қурол-аслаҳалар ҳам фақат шоҳ Шоул ҳамда ўғли Йўнатанда бўлган! Шунга қарамай, Йўнатан: «У [Яҳова] кўпчилик билан ҳам, озчилик билан ҳам ғалабага эриштираверади. Чунки Эгамиз учун тўсқинлик йўқ»,— деб, олдидаги биттагина қуролбардори билан филистимликларнинг қўнолғасига боради. Натижада, иккаласи йигирматача сипоҳни ўлдиришади. Шунда «бирдан ер тебранди. Бу Худо юборган даҳшат эди». Саросимага тушган филистимликлар бир-бирига ҳужум қилишни бошлашади. Шундай қилиб, Йўнатаннинг Аллоҳга бўлган ишончи ғалаба келтиради. (1 Шоҳ. 13:5, 15, 22; 14:1, 2, 6, 14, 15, 20)

7. Йўнатан отасига қандай муносабатда бўлган?

7 Шоул Яҳовага итоатсизлик қилишни бас қилмаган бўлса ҳам, Йўнатан Яҳованинг қонунларига зид бўлмаган ҳолларда отасига бўйсунишда давом этган. Масалан, улар Худонинг халқини ҳимоя қилиш учун биргаликда душманларга қарши жанг қилишган. (1 Шоҳ. 31:1, 2)

8, 9. Яҳовага садоқатимизни исботлаш муайян масъулиятга эга кишиларни ҳурмат қилиш билан қандай боғлиқ?

 8 Масъулиятли кишилар ҳурматга нолойиқдек туюлганда ҳам, Йўнатанга ўхшаб, Худонинг меъёрларига зид бўлмаган вазиятларда уларга бўйсуниб, Яҳовага садоқатимизни исботлаган бўламиз. Масалан, давлат ходими бизга нисбатан ноҳақлик қилиши мумкин, лекин шунда ҳам биз унга ҳурматни намоён этамиз, сабаби, «ҳукмрон ҳокимиятга» бўйсунишимиз керак. (Римликларга 13:1, 2 ни ўқинг.) Дарҳақиқат, муайян масъулиятга эга бўлган кишиларни ҳурмат қилиб, Яҳовага садоқатимизни исботлаган бўламиз. (1 Кор. 11:3; Иброн. 13:17)

Яҳовага садоқатли бўлишнинг бир йўли — имонда бўлмаган умр йўлдошимизни ҳурмат қилишдир(9- хатбошига қ.)

9 Жанубий Америкада яшовчи имондошимиз Ольга * ҳатто қийин вазиятларда ҳам эрига ҳурматни намоён этиб, Аллоҳга садоқатли эканини исботлаган. Яҳованинг Шоҳиди бўлгани учун эри унга йиллар мобайнида қаршилик кўрсатган. Эри уни ҳиссан қийнаган, ҳақоратлаган, у билан гаплашмай юрган, болаларни олиб кетаман ва сени ташлаб кетаман, деб қўрқитган ҳам. Бироқ Ольга ёмонлик эвазига ёмонлик қайтармаган. У эрига овқатларни, кийимларни тайёрлаб ва оиласига ғамхўрлик қилиб, қўлидан келганича яхши хотин бўлишга ҳаракат қилган. (Рим. 12:17) Имкон бўлганда эса, эри оила аъзолари ёки ҳамкасблари билан ўтиришлар қилганда, у билан бирга борарди. Масалан, қайнатасининг дафн маросими бошқа шаҳарда ўтган бўлса ҳам, Ольга у ерга бориш учун сафар давомида керак бўладиган барча нарсаларни тахт қилиб, болалари ва эри билан у ерга борди. Дафн маросими тугамагунча, у черковнинг эшиги олдида эрини кутиб турди. Кўп йиллар ўтгач, Ольга сабр-тоқат ва ҳурматни намоён этгани учун эрининг унга нисбатан муносабати юмшади. Энди эрининг ўзи уни йиғилишларга боришга ундаб, Йиғилиш Залигача олиб боряпти ва баъзида ҳатто ўзи ҳам йиғилишда қоляпти. (1 Бутр. 3:1)

КИМГА САДОҚАТНИ НАМОЁН ЭТИШНИ ТАНЛАШГА КЕЛГАНДА

10. Кимга садоқатни намоён этишни танлаётиб, Йўнатан қандай қарорга келган?

10 Йўнатан Шоулнинг Довудни ўлдириш режаси ҳақида хабар топганида, қийин вазиятга тушиб қолганди. Чунки, бир томондан, у Довуд билан аҳд тузганди, бошқа томондан, отасига ҳам бўйсуниши керак эди. Лекин Йўнатан Аллоҳ Шоул билан эмас, Довуд билан бирга эканини  биларди. Шунинг учун, Йўнатан Шоулдан кўра, Довудга садоқатли бўлишни устун қўйди. У Довудни огоҳлантириб, унга яширинишни айтади ва кейин Шоулга уни мақтайди. (1 Шоҳлар 19:1–6 ни ўқинг.)

11, 12. Кимга садоқатни намоён этишни танлаш масаласида Худога бўлган севгимиз қандай ёрдам бериши мумкин?

11 Австралиялик имондошимиз Элисга ҳам кимга садоқатни намоён этишни танлашга тўғри келди. У Муқаддас Китобни ўрганишни бошлаганида, олаётган билимларини оила аъзолари билан бўлишарди. Кейин эса Элис оила аъзоларига бундан буён Рождествони нишонламаслигини айтиб, бунинг сабабларини тушунтирди. Аммо ота-онасининг мулойим муносабати бора-бора ғазабга айланди. Унинг оила аъзолари ўзларини худди Элис улардан юз ўгиргандек ҳис қилишди. Элис шундай айтиб берди: «Охири, ойим мени оқ қилди. Оиламни роса яхши кўрганим учун ойимнинг бу гаплари қалбимга гўё игнадек санчилди. Шунга қарамай, Яҳова ҳамда Исони биринчи ўринга қўйишга қарор қилдим ва кейинги анжуманда сувга чўмдим». (Мат. 10:37)

12 Агар эҳтиёт бўлмасак, миллат, мактаб ёки спорт жамоасига бўлган садоқатимиз вақт ўтиб, Яҳовага бўлган садоқатимиздан устун бўлиб қолиши мумкин. Мисол учун, Генри шахмат ўйнашни яхши кўради. Унинг мактаби ҳар йили шахмат чемпионатида қатнашиб, ғолиб чиқарди. Шунинг учун бу сафар у мусобақада қатнашиб, биринчиликни олмоқчи бўлди. Аммо у шундай фикр билдирди: «Аста-секин Яҳовадан кўра, кўпроқ мактабга садоқатни намоён этадиган бўлдим. Қолаверса, дам олиш кунлари ўтадиган шахмат матчлари Шоҳлик ишлари ўрнини эгаллай бошлади. Шунинг учун мен шахматчилар командасидан чиқиб кетишга қарор қилдим». (Мат. 6:33)

13. Қай йўсин Худога бўлган садоқат оилавий муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради?

13 Оилада кимга садоқатни намоён этиш кераклигини ҳал қилиш гоҳида қийин бўлиши мумкин. Масалан, Кен шундай деб бўлишди: «Кексайиб қолган ойимни мунтазам кўриб туришни ва ҳар замонда бизникида қолишини истардим. Лекин ойим ва рафиқам бир-бири билан чиқиша олмасди. Ўшанда мен икки ўт орасида қолиб кетдим, чунки биттасининг томонини олсам, иккинчиси хафа бўлиб қолиши мумкин эди. Кейин эса, бундай вазиятда биринчи навбатда рафиқамга садоқатли бўлишим кераклигини тушундим. Шунда мен вазиятнинг ечимини топдим ва чиқарган қарорим рафиқамга ҳам маъқул бўлди». Худога нисбатан садоқат ва Унинг Каломига бўлган ҳурмат Кенга жасорат бахш этди. Шундан кейин у хотинига нега қайнанасига меҳрибон бўлиши кераклигини, ойисига эса, нега келинини ҳурмат қилиши лозимлигини тушунтирди. (Ибтидо 2:24; 1 Коринфликларга 13:4, 5 ни ўқинг.)

БИЗНИ НОТЎҒРИ ТУШУНИШГАНДА ЁКИ НОҲАҚ ҲУКМ ҚИЛИШГАНДА

14. Қайси вазиятда Шоул Йўнатанни ноҳақ ҳукм қилган?

14 Муайян масъулиятга эга бўлган киши бизни ноҳақ ҳукм қилганда, Яҳовага бўлган садоқатимиз синалиши мумкин. Йўнатан айнан шундай вазиятга дуч келган. Шоҳ Шоул Худо томонидан танланган бўлса-да, ўғли Йўнатан Довуд билан дўст бўлганидан жаҳли чиқиб, ўғлини ҳақоратлаган. Лекин Йўнатан отасидан ўч олмади. Шу билан бирга, у ҳам Яҳовага, ҳам Исроилнинг бўлажак шоҳи Довудга садоқатли қолди. (1 Шоҳ. 20:30–41)

15. Агар биродаримиз бизни ноҳақ ҳукм қилса, бунга қандай муносабат билдиришимиз керак?

15 Бугунги кунда Яҳова Шоҳидларининг жамоатларида камдан-кам ҳолларда инсонга нисбатан адолатсиз муносабатда бўлишади. Лекин орамизда бошчиликни зиммасига олганлар номукаммал бўлгани учун баъзида хатти-ҳаракатларимиз ҳақида нотўғри фикрга боришлари мумкин. (1 Шоҳ. 1:13–17) Шундай экан, келинг, бизни нотўғри тушунишган ёки ноҳақ ҳукм қилишган тақдирда ҳам, Яҳовага садоқатимизни сақлаб қолайлик!

 САДОҚАТ ВА ШАХСИЙ МАНФААТЛАРИМИЗ ТЎҚНАШГАНДА

16. Қайси вазиятларда ўз манфаатимизни кўзламай, Худога садоқатимизни намоён этишимиз керак?

16 Шоул Йўнатанни шахсий манфаатларини кўзлашга ундаган. (1 Шоҳ. 20:31) Аммо Йўнатан Аллоҳга садоқатли бўлгани учун шоҳликни қўлга киритиш масаласида ўз манфаатини кўзламай, Довуд билан дўст тутинган. Агар биз Яҳовага маъқул келадиган инсон «ўзига зарар бўлса ҳам, аҳдида туришини» ёдда тутсак, Йўнатаннинг фидойилигига тақлид қилган бўламиз. (Заб. 14:4) Йўнатан Довудга берган аҳдида тура олган экан, бинобарин, биз ҳам ваъдаларимизга вафо қилишимиз керак. Мисол учун, агар бизнес шартномасидаги мажбуриятларингизни бажариш кутганингиздан ҳам қийин бўлиб қолса, Худо ва Муқаддас Китобга бўлган садоқат сўзингиз устидан чиқишга ундаши лозим. Агар оилавий ҳаётда қийинчиликларга дуч келсак, турмуш ўртоғимизга садоқатли қолиш орқали Аллоҳга севгимизни кўрсатган бўламиз. (Малаки 2:13–16 ни ўқинг.)

Бизнес шартномасидаги мажбуриятларни бажарганимизда, Аллоҳга бўлган садоқатимиз ва Муқаддас Китобга бўлган ҳурматимиз синалиши мумкин (16- хатбошига қ.)

17. Ушбу мақоладан ўзингизга қандай сабоқ олдингиз?

17 Шак-шубҳасизки, ҳар биримиз Йўнатаннинг Худога бўлган садоқатига тақлид қилишни истаймиз. Шунинг учун, келинг, Йўнатан каби, шахсий манфаатимизни кўзламай, ҳатто Худонинг хизматчилари бизни хафа қилган тақдирда ҳам, уларга вафодор бўлиб, Яҳовага садоқатимизни исботлайлик. Қийинчиликлар пайтида Яҳовага содиқ бўлсак, Унинг қалбини қувонтирамиз ва бу бизга чексиз мамнуният бағишлайди. (Ҳик. 27:11) Агар Яҳовага садоқатли қолсак, У барча нарсани Уни севган инсонларнинг фойдаси учун қилишига амин бўламиз. Кейинги мақолада Довуднинг садоқатли ва садоқатсиз замондошларидан қандай сабоқ олишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.

^ 6- х.б. (6- хатбоши) Муқаддас Китобнинг баъзи қадимги қўлёзмаларида «30 000», бошқаларида эса «3 000» деб айтилган.

^ 9- х.б. (9- хатбоши) Ушбу мақоладаги баъзи исмлар ўзгартирилган.