Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ФЕВРАЛЬ 2016

Яҳова уни «дўстим» деб атади

Яҳова уни «дўстим» деб атади

Эй қулим Исроил, эй Ўзим танлаган Ёқуб насли, дўстим Иброҳимнинг авлоди! ИШАЁ 41:8

ҚЎШИҚЛАР: 51, 22

1, 2. а) Одамлар Аллоҳ билан дўстлашиши мумкинлигини қаердан биламиз? б) Ушбу мақолада нимани кўриб чиқамиз?

БЕШИКДАН қабргача инсоннинг энг катта эҳтиёжи — севгидир. Ҳа, одамлар шунчаки ишқ-муҳаббатга эмас, балки меҳрга муҳтож ва ташнадирлар. Бошқалар билан дўст тутиниш ва мулоқот қилиш бизга сувдек зарурдир. Лекин бошқа севги турларига қараганда, биз Яҳованинг севгисига энг кўп муҳтожлик сезамиз. Кўплар, осмондаги руҳий Шахс — Қодир Тангри билан яқин дўст бўлишни ақлга сиғдириш қийин, деб айтишади. Биз ҳам шу фикрга қўшиламизми? Албаттаки, йўқ!

2 Муқаддас Китобда номукаммал одамлар Аллоҳ билан дўстлашишгани ҳақида ёзилган. Уларнинг мисоллари диққатимизга сазовор, чунки бундай дўстликни ривожлантириш — ҳаётимизда эришишимиз мумкин бўлган энг арзигулик мақсаддир. Бундай дўстликни ривожлантиришда Иброҳим пайғамбар ажойиб ўрнак қолдирган. (Ёқуб 2:23 ни ўқинг.) Қизиқ, қандай қилиб Иброҳим Яҳованинг яқин дўсти бўла олган? Бунда унга имон ёрдам берган.  Муқаддас Китобда ҳам Иброҳим «имони борларнинг отаси», деб бежизга тилга олинмаган. (Рим. 4:11) Келинг, Иброҳимнинг мисолини кўриб чиқайлик ва ҳар биримиз ўзимизга шундай савол берайлик: қай йўсин мен Иброҳимнинг имонига тақлид қилиб, Яҳова билан дўстлигимни мустаҳкамлай оламан?

ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ИБРОҲИМ ЯҲОВАНИНГ ДЎСТИГА АЙЛАНГАН?

3, 4. а) Қайси воқеани Иброҳимнинг ҳаётидаги энг оғир синов, деб айтса бўлади? б) Нима учун Иброҳим Исҳоқни қурбонликка келтиришга тайёр эди?

3 Тоғ қиялиги бўйлаб зўрға кўтарилаётган бир қарияни кўз олдингизга келтиринг. Эҳтимол, бу унинг ҳаётидаги энг машаққатли сафардир. Лекин гап унинг ёшида эмас. Чунки Иброҳим тахминан 125 ёшда бўлишига қарамай, ҳали ҳам бақувват эди. * Ёши чамаси 25 ларда бўлган ўғли Исҳоқ ўтинларни кўтариб, унинг орқасидан кетяпти. Иброҳим пичоқ ва олов ёқиш учун керакли нарсаларни кўтариб олган. Бир ўйлаб кўринг, Яҳова ундан ўғли Исҳоқни қурбонликка келтиришни сўради! (Ибт. 22:1–8).

4 Бу, Иброҳимнинг ҳаётидаги энг оғир синов бўлган бўлса керак. Баъзиларнинг айтишича, Аллоҳ Иброҳимдан ўғлини қурбонликка келтиришини сўраб, бағритошлик қилган. Бошқалар эса, Иброҳим ўйламай-нетмай, Аллоҳга кўр-кўрона итоат қилган, деб ўйлашади. Бу одамлар имонсиз бўлгани ва имон амалда қандай намоён бўлишини билишмагани сабаб, шундай фикрга боришади. (1 Кор. 2:14–16) Иброҳим Худога кўр-кўрона итоат қилгани йўқ, аксинча, ҳақиқий имон уни шундай йўл тутишга ундаган. Иброҳим, Самовий Отаси Яҳова содиқ хизматчиларидан уларга зарар етказадиган ҳеч бир нарсани сўрамаслигига амин эди. Шунингдек, агар Яҳовага итоат қилса, Яҳова албатта унга ва арзандасига барака беришини билганди. Хўш, унинг имони нимага асосланган эди? Билим ва ҳаётий тажрибага.

5. Иброҳим Яҳова ҳақида қай йўсин билиб олган ва бу билимлар унга қандай таъсир қилган?

5 Билим. Гарчи Иброҳим бутпарастликка тўлиб тошган халдейларнинг Ур шаҳрида улғайган бўлса-да, у Яҳова ҳақида билган. Қизиқ, бу қандай бўлиши мумкин эди, ахир унинг отаси Тераҳ ҳам бутпараст бўлган-ку? (Ёшуа 24:2) Муқаддас Китобда бу ҳақда аниқ маълумот йўқ. Лекин унда Иброҳим, Нуҳнинг ўғилларидан бири бўлмиш кучли имон эгаси Сомнинг тўққизинчи авлоди бўлгани борасида ёзилган. Сом вафот этганида, Иброҳим тахминан 150 ёшга кирганди. Тўғри, Иброҳим Яҳова ҳақида Сомдан ўрганган, деб аниқ айта олмаймиз. Бироқ, Сом Яҳова ҳақида билиб олганларини оиласи билан бўлишганини фақат тахмин қилиш мумкин. Қандай бўлмасин, ўша билимлар Иброҳимгача етиб бориб, унинг қалбига таъсир қилган. Шу йўсин Иброҳимда Яҳовага нисбатан севги уйғониб, имони ривожланган.

6, 7. Қайси воқеалар Иброҳимнинг имонини мустаҳкамлаган?

6 Ҳаётий тажриба. Қайси воқеалар Иброҳимнинг имони мустаҳкамланишига сабаб бўлган? Баъзиларнинг айтишича, туйғулар фикрлардан пайдо бўлиб, хатти-ҳаракатларда ўз аксини топади. Яҳова ҳақида билиб олганлари Иброҳимда «еру кўкни яратган Худойи Таоло — Эгамиз» Яҳовага нисбатан чуқур эҳтиром ҳиссини уйғотган. (Ибт. 14:22) Муқаддас Китобда «Тангридан қўрқиш», деб тилга олинган бу туйғу Аллоҳ билан яқин дўстликни ривожлантиришда муҳим ўринни эгаллайди. (Иброн. 5:7; Заб. 24:14) Айнан шу туйғу Иброҳимни ҳаракатга ундаган.

7 Қариб қолган Иброҳим ва Сорага Худо Ур шаҳрини тарк этиб, бегона юртга кўчишлари кераклигини айтди. Бундан буён уларга чодирларда яшашга тўғри келади. Иброҳим Яҳованинг гапига қулоқ солгани учун, Яҳова унга барака бериб, ҳимоялади. Масалан, Иброҳим гўзал турмуш ўртоғи Сорани ундан ўғирлаб  қочишларидан, ўзини эса ўлдириб кетишларидан қўрқарди ва унинг қўрқуви ростдан ҳам асосли эди. Лекин Иброҳим бундай ташвишлар уни Яҳовага итоатли бўлишдан чалғитишига йўл қўймади. Яҳова бир неча марта Иброҳим ва Сорани мўъжизавий тарзда ҳимоя қилди. (Ибт. 12:10–20; 20:2–7, 10–12, 17, 18) Шубҳасизки, бу воқеалар Иброҳимнинг имонини мустаҳкамлади.

8. Яҳова билан дўстлигимизни мустаҳкамлашга ёрдам берадиган билим ва ҳаётий тажрибани қаердан топишимиз мумкин?

8 Биз ҳам Яҳова билан дўст бўла оламизми? Бўлмасам-чи! Бугунги кунда керакли билим ва ҳаётий тажрибани Муқаддас Китобдан топишимиз мумкин. Иброҳимда эса, Муқаддас Китобда жамланган донолик бисотининг фақатгина заррачаси бўлган, холос. (Дон. 12:4; Рим. 11:33) Аллоҳнинг Каломи «еру кўкни яратган Худойи Таоло» ҳақидаги улкан билим хазиналарига мўлдир. Бу хазиналар Тангрига нисбатан ҳурмат ва севгимизни ривожлантиришга кўмаклашади. Бундай туйғулар эса, бизни Яҳовага итоатли бўлишга ундайди. Итоаткорликни намоён этганимизда, Яҳова бизни қандай ҳимоя қилишини ва барака беришини кўра оламиз ва бу, ўз ўрнида, ҳаётий тажрибамизни оширади. Ҳеч шубҳасизки, Яҳовага чин дилдан хизмат қилиш бизга мамнуният, хотиржамлик ва қувонч бағишлайди. (Заб. 33:9; Ҳик. 10:22) Демак, билимимиз ва ҳаётий тажрибамиз ошгани сайин, Яҳовага бўлган ишончимиз ўсиб, У билан дўстлигимиз янада қаймоқлашади.

ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ИБРОҲИМ ЯҲОВА БИЛАН ДЎСТЛИГИНИ САҚЛАЙ ОЛГАН?

9, 10. а) Дўстлик мустаҳкам бўлиши учун нима қилиш керак? б) Иброҳим Яҳова билан дўстлигини ардоқлаб, мустаҳкамлаганини нимадан кўрса бўлади?

9 Дўстлик бебаҳо хазина кабидир. (Ҳикматлар 17:17 ни ўқинг.) Дўстлик — бу шунчаки хонага зийнат учун қўйиладиган қиммат бир гулдон эмас, балки сув ва парваришга муҳтож бўлган чиройли бир гулдир. Иброҳим ҳам Яҳова билан дўстлигини гул каби парваришлаб, ардоқлаган. Қизиқ, у бунга қандай эришган?

10 Иброҳим Яҳовага эҳтиром ҳиссини ва итоаткорликни намоён этишда тўхтамаган. У бутун оиласи билан Канъон юртига кетаётганда, катта ва кичик масалаларда қарор чиқараётиб, Яҳовадан йўл-йўриқ излаган. Исҳоқ туғилишидан бир йил олдин, Иброҳим 99 ёшга тўлганида, Яҳова унга хонадонидаги барча эркаклар суннат қилиниши кераклигини айтганди. Ўшанда Иброҳим Яҳованинг кўрсатмасига қарши чиқиб, унга амал қилмаслик учун баҳона излаб ўтирганми? Йўқ, у Яҳовага таянган ва «ўша куниёқ» Унинг айтганларини бажарган. (Ибт. 17:10–14, 23)

11. Нега Иброҳим Садўм ва Ғамўра шаҳарлари ҳақида ташвишланган ва Яҳова унга қандай ёрдам берган?

11 Иброҳим ҳатто аҳамиятсиздек кўринган масалаларда ҳам Яҳовага қулоқ солишни одат қилиб олгани учун, унинг Яҳова билан дўстлик иплари ҳеч узилмаган. У юрагидаги борини Яҳовага бемалол тўкиб соларди ва қийин вазиятларда Ундан ёрдам сўрашдан  тортинмасди. Масалан, Иброҳим Садўм ва Ғамўра шаҳарларини Худо вайрон қилмоқчи эканини билганида, солиҳлар фосиқлар билан бирга йўқ бўлиб кетишидан хавотирланганди. Эҳтимол Иброҳим, Садўмда яшаган жияни Лут ва унинг оиласи ҳақида ташвишлангандир. Иброҳим «бутун оламнинг Ҳокими» бўлмиш Яҳовага ишонарди, шунинг учун у камтарлик ила ўз ташвишлари ҳақида Яҳовага айтган. Шунда Яҳова унга ҳар бир одамнинг юрагини кўришини ва ҳатто ҳукм пайтида солиҳларни топиб, уларнинг ҳаётини сақлаб қолмоқчи эканини тушунтирди. Бу билан Яҳова Иброҳимга сабрини намоён этиб, қанчалик раҳм-шафқатли эканини кўрсатди. (Ибт. 18:22–33)

12, 13. а) Иброҳим олган билим ва тажриба унга қандай асқатган? б) Иброҳим Яҳовага ишонгани нимадан кўриниб турибди?

12 Шак-шубҳасизки, олган барча билим ва тажрибаси Иброҳимга Яҳова билан дўстликни сақлашга кўмаклашган. Масалан, Яҳова ундан ўғли Исҳоқни қурбонликка келтиришни сўраганида, унинг имони қаттиқ синалган эди. Лекин ўшанда ҳам Иброҳим унинг самовий Дўсти ҳеч қачон адолатсиз йўл тутмаслигини ёдида сақлаган. Келинг, энди Мориёх юртидаги тоғ қиялиги бўйлаб зўрға кўтарилаётган кишининг мисолига қайтайлик. У: «Яҳова бирданига ўзгариб, қаттиққўл ва бағритош бўлиб қолди»,— деб ўйлаганми? Йўқ, чунки бу киши, яъни Иброҳим, Яҳова бундай йўл тутмаслигига амин эди! Буни қаердан биламиз?

13 Иброҳим, олдидаги хизматкорлари билан хайрлашиб, шундай дейди: «Сизлар шу ерда — эшакнинг ёнида қолинглар. Ўғлим билан ҳов анави ерга борамиз-у, у ерда сажда қилиб, шу ерга қайтиб келамиз». (Ибт. 22:5) Бу гаплари билан Иброҳим нима демоқчи бўлган? Иброҳим Исҳоқни қурбонликка келтиришини била туриб, хизматкорларига: «У билан қайтиб келамиз»,— деб, уларни алдаганми? Йўқ. Муқаддас Китобда Иброҳим нега шундай айтгани ҳақида ёзилган. (Ибронийларга 11:19 ни ўқинг.) «Иброҳим пайғамбар, Аллоҳ унинг ўғлини тирилтиришга қодир, деб ҳисобларди». Ҳа, Иброҳим тирилишга ишонган. Иброҳим қариган чоғида Яҳова унга ва Сорага фарзанд кўриш қобилиятини ато этганини биларди. (Иброн. 11:11, 12, 18) Бунинг устига, у Яҳова учун имконсиз нарсанинг ўзи йўқлигини тушунарди. Шунинг учун ўша куни нима бўлишидан қатъи назар, унинг севикли ўғли тирилишига ишонарди. Зотан, шу орқали Яҳованинг ваъдалари амалга ошиши керак эди. Кўриб турганимиздек, Иброҳим ҳақида «имони борларнинг отаси», деб бежизга айтилмайди!

14. Яҳованинг хизматида қандай қийинчиликларга дуч келяпсиз ва Иброҳимнинг мисоли сизга қандай ёрдам бериши мумкин?

14 Биз ҳақимизда-чи, нима деса бўлади? Бугунги кунда Яҳова биздан бундай қурбонликлар келтиришни эмас, балки итоатли бўлишимизни талаб қилади. Яҳова ҳатто унинг қонун-қоидаларига риоя қилиш қийин кечганда ёки уларга нима учун амал қилиш  кераклигини тушунмаганимизда ҳам, Унга бўйсунишимизни истайди. Худо талаб қилаётган қайси топшириқ сиз учун қийин бўлиши мумкин? Масалан, баъзиларга ваъз қилиш қийин. Эҳтимол, улар уятчанлиги сабабли нотаниш кимсаларга хушхабарни айтишга тортинишар. Айримлар учун эса, мактабда ёки иш жойида бошқалардан ажралиб туриш қийин кечар. (Чиқ. 23:2; 1 Салон. 2:2) Сиз ҳам ўзингизни Мориёх юртидаги тоғ қиялиги бўйлаб зўрға кўтарилаётган Иброҳим сингари кучингиздан ортиқ бир вазифани бажараётгандек ҳис қиляпсизми? Агар шундай бўлса, Иброҳимнинг жасорати ва имонидан ўрнак олинг! Садоқатли эркагу аёлларнинг мисоли тўғрисида мушоҳада қилиш, бизни уларга тақлид қилишга ва Яҳова билан янада яқин дўст бўлишга чорлайди. (Иброн. 12:1, 2)

БАРАКА КЕЛТИРУВЧИ ДЎСТЛИК

15. Нега Иброҳим Яҳовага бутунлайин итоатли бўлганидан ҳеч ҳам афсусланмаган, дея оламиз?

15 Нима деб ўйлайсиз, Иброҳим Яҳовага бутунлайин итоатли бўлганидан афсусланганми? Муқаддас Китобда Иброҳим «нуроний ёшда, кексайиб, оламдан ўтди», деб айтилган. (Ибт. 25:8) Иброҳим 175 ёшга тўлганида, ёши қайтиб, кучсизланиб қолган. Аммо шундай бўлса ҳам, у ўзининг мазмунли ва узоқ ҳаёти ҳақида ўйлаб, мамнунликни ҳис қилган. Чунки унинг ҳаётида Тангри Яҳова билан дўстлик муҳим ўрин эгаллаган. Шунинг учун, келинг, Иброҳим «кексайиб, оламдан ўтди», деган сўзларни ўқиганимизда, у ҳаётдан тўйиб кетиб, умуман ҳаётга қизиқишини йўқотганди, деган хулоса чиқармайлик.

16. Иброҳимни жаннатда қандай хурсандчиликлар кутяпти?

16 Муқаддас Китобда Иброҳим ҳақида шундай сўзларни ўқиймиз: «Иброҳим пойдевори мустаҳкам, лойиҳачиси ва бунёдкори Аллоҳ бўлган шаҳарни кутарди». (Иброн. 11:10) Иброҳим бир кунмас, бир кун ушбу шаҳар, яъни Худонинг Шоҳлиги ер юзи устидан бошқаришини кўришга умид қиларди ва унинг бу умиди албатта рўёбга чиқади! Ер юзидаги жаннатда яшаб, Яҳова билан дўстлик ришталарини мустаҳкамлашдан қувонаётган Иброҳим Халилуллоҳни тасаввур қила оласизми? Унинг имони минглаб йиллар давомида Яҳованинг хизматчиларига ёрдам берганини билиб, Иброҳим қанчалар таъсирланиб кетишини бир фараз қилиб кўринг! Жаннатда Иброҳим, Исҳоқнинг қурбонликка келтирилиши келажакда бўладиган янада буюкроқ воқеанинг «рамзи» бўлганини билиб олади. (Иброн. 11:19) Шубҳасизки, Иброҳим ўғлини қурбонликка келтиришга тайёрланаётганида изтироб чеккан. Аммо унинг мисоли миллионлаб художўй одамларга Яҳова Исони қурбон қилганида ҳис этган оғриқни тушунишга кўмаклашяпти. Келажакда Иброҳим буни билганида, қалби қувончга тўлиши тайин! (Юҳан. 3:16) Ҳа, Иброҳимнинг ўрнаги барчамизга тарихдаги энг буюк севгининг намунаси — тўлов қурбонлигига бўлган миннатдорчилигимизни оширишга ёрдам бериб келяпти!

17. Нима қилишга қарор қилдингиз ва кейинги мақолада нимани кўриб чиқамиз?

17 Келинг, ҳар биримиз Иброҳимнинг имонига тақлид қилиш қароримизда маҳкам турайлик! Яҳова ҳақида билимимиз ошгани ва Унга итоатли бўлганимиз сайин, У бизга баракалар ёғдириб, ҳимоялаётганини кўрамиз! (Ибронийларга 6:10–12 ни ўқинг.) Илойим, Яҳова абадулабад Дўстимиз бўлсин! Кейинги мақолада Аллоҳнинг дўстига айланган яна учта садоқатли кишининг мисолини кўриб чиқамиз.

^ 3- х.б. (3- хатбоши) Бу эркак ва аёлнинг асл исмлари Ибром ва Сорай эди, лекин ушбу мақолада биз Яҳова уларга берган Иброҳим ва Сора деган исмларини ишлатамиз.