Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ЯНВАРЬ 2017

«Эгамизга умид боғлаб, яхшилик қилгин»

«Эгамизга умид боғлаб, яхшилик қилгин»

Эгамизга умид боғлаб, яхшилик қилгин. ЗАБ. 36:3

ҚЎШИҚЛАР: 49, 18

1. Яҳова инсонларни қандай мислсиз қобилиятлар билан яратди?

ТАНГРИ ЯҲОВА одамларни мислсиз қобилиятлар билан яратди. У бизга муаммоларни ечиш ва келажакка режа тузиш учун фаҳм-фаросатни ато этди. (Ҳик. 2:11) Қолаверса, режаларимизни амалга ошириш учун куч бериб, оқилона мақсадлар сари интилишимизга имкон яратди. (Филип. 2:13) Шунингдек, Яҳова бизга оқ-қорани ажратиш учун туғма бир ҳис, яъни виждонни тақдим этди. Виждон ёрдамида биз ёмонликдан қочишимиз ва хатоларимизни тўғрилашимиз мумкин. (Рим. 2:15)

2. Яҳова қобилиятларимиздан қай тарзда фойдаланишимизни истайди?

2 Яҳова қобилиятларимиздан мақбул тарзда фойдаланишимизни истайди. Нима учун? Чунки У бизни севади ва ушбу ҳадяларни қўллаш бизга мамнуният келтиришини билади. Яҳова такрор-батакрор Каломи орқали бизни қобилиятларимиздан оқилона фойдаланишга ундаяпти. Масалан, Иброний Ёзувларда «меҳнаткашнинг режаси фақат мўл-кўлчилик келтиради» ва «нима қилсангиз ҳам бор кучингиз билан қилинг» деган сўзлар  қаламга олинган. (Ҳик. 21:5; Воиз 9:10) Юнон Ёзувларида ҳам «фурсатимиз бор экан, ҳаммага... яхшилик қилайлик» ҳамда «олган инъомингизга яраша бир-бирингизга хизмат қилинглар» деган сўзлар бизга қарата айтилган. (Галат. 6:10; 1 Бутр. 4:10) Аниқ-равшанки, Яҳова ўзимизга ва бошқаларга фойда келтиришимиз учун қўлимиздан келганини қилишимизни хоҳлайди.

3. Қайси маънода инсониятнинг имкониятлари чегараланган?

3 Лекин шу билан бирга, Яҳова одамзоднинг имкониятлари чегараланганлигини билади. Биз ҳеч қачон ўз кучимиз билан номукаммаллик, гуноҳ ва ўлимни бартараф эта олмаймиз, қолаверса, бошқа одамларни назорат қилишга ҳам ҳаққимиз йўқ, зеро барчамиз ирода эркинлигига эгамиз. (3 Шоҳ. 8:46) Қанча билим ёки тажриба орттирмайлик, Яҳованинг олдида ҳамиша кичик болалар каби бўлиб қолаверамиз. (Ишаё 55:9)

Муаммоларга дуч келганда «Эгамизга умид боғлаб, яхшилик қилинг»

4. Мазкур мақолада нимани кўриб чиқамиз?

4 Ҳар қандай шароитларда ҳам Яҳова бизни қўллаб-қувватлашига ва ўзимиз уддалай олмаган нарсаларни биз учун қилишига ишониб, Унинг йўл-йўриғига таянишимиз лозим. Шунинг баробарида, биз муаммоларни ҳал этиш ва бошқаларга кўмаклашиш йўлида қўлимиздан келганини қилишимиз даркор. (Забур 36:3 ни ўқинг.) Қисқасини айтганда, ҳам «Эгамизга умид боғлашимиз», ҳам «яхшилик қилишимиз» зарур. Шу аснода, келинг, Яҳовага таянган ва оқилона йўл тутган Нуҳ, Довуд ва бошқа садоқатли хизматчилардан нимани ўрганишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик. Бунинг жараёнида улар нималарни қила олмаганларию нималарни қила олганлари ҳамда қай йўсин бунга мувофиқ йўл тутишганини билиб оламиз.

РАЗОЛАТ КИШАНЛАРИДА

5. Нуҳ дуч келган вазиятни тасвирлаб беринг.

5 Нуҳ пайғамбар ахлоқсизликка ва «зўравонликка тўлиб-тошган» пайтда яшаган. (Ибт. 6:4, 9–13) У Яҳова ўша ёвуз дунёга охир-оқибат нуқта қўйишини билган. Шундай бўлса-да, бундай диёнатсиз одамлар орасида яшаш уни ташвишга солган. Ўша вазиятда Нуҳ айрим нарсаларни қила олмаслигини, баъзиларини эса қила олишини тушунган.

Ваъзгўйликда қаршиликка дуч келиш (6–9- хатбошиларига қаранг.)

6, 7. а) Нуҳ нималарни қила олмаган? б) Қайси жиҳатдан вазиятимиз Нуҳнинг вазиятига ўхшайди?

6 Нуҳ қила олмаган нарсалар. Гарчанд Нуҳ Яҳованинг огоҳлантирувчи хабарини садоқат ила ваъз қилган бўлса ҳам, у на атрофидаги  разил одамларни шу хабарга қулоқ солишга мажбурлай оларди, на Тўфоннинг келишини тезлаштира оларди. Нуҳ Яҳова ёвузликка чек қўйиш ваъдаси устидан чиқишига ва буни айнан керакли вақтда амалга оширишига ишониши керак эди. (Ибт. 6:17)

7 Биз ҳам қабоҳатга тўлган дунёда яшаяпмиз ҳамда Яҳова унга чек қўйишга ваъда бераётганини биламиз. (1 Юҳан. 2:17) Лекин шуни айтиш жоизки, одамларни «Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни» қабул қилишга мажбурлай олмаймиз. Боз устига, «буюк қайғу» келишини яқинлаштириш учун ҳеч нарса қила олмаймиз. (Мат. 24:14, 21) Нуҳга ўхшаб биз ҳам Яҳова тез орада дунёнинг ишларига аралашишига ишониб, кучли имонга эга бўлишимиз лозим. (Заб. 36:10, 11) Ҳа, Яҳова Ўз ниятига биноан бу қабиҳ дунёга қачон якун ясаш керак бўлса, буни айнан ўша вақтда, бир кун ҳам кеч қолмасдан бажо айлашига аминмиз. (Хаб. 2:3)

8. Қай тариқа Нуҳ диққатини қила олган нарсаларга қаратган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

8 Нуҳ қила олган нарсалар. Нуҳ қила олмаган нарсалари дастидан таслим бўлмай, диққатини қила оладиган нарсаларга қаратган. «Адолат йўлини хабарлаб юрган» Нуҳ унга топширилган огоҳлантирувчи хабарни садоқат ила эълон қилган. (2 Бутр. 2:5) Шак-шубҳасизки, бундай йўл тутиб Нуҳ ўз имонини мустаҳкамлаган. Ваъз қилишдан ташқари, у Аллоҳ томонидан топширилган кема қуриш вазифасини бажариш учун ўзининг жисмоний ва ақлий қобилиятларидан фойдаланган. (Ибронийларга 11:7 ни ўқинг.)

9. Нуҳнинг ўрнагига қандай тақлид қила оламиз?

9 Нуҳга ўхшаб биз ҳам «Раббимизнинг иши билан банд бўлиш» учун жон-жаҳдимиз билан ҳаракат қиламиз. (1 Кор. 15:58) Бундай ишга ҳақ топинишда қўлланиладиган биноларни қуриш ва таъмирлаш, анжуманларда ихтиёрий хизматчи бўлиб кўмаклашиш, филиалда ё таржимонларнинг офисларида топшириқларни бажариш киради. Бунга қўшимча равишда, ваъзгўйлик келажакка бўлган умидимизни мустаҳкамлашини билганимиз учун унда фаол қатнашяпмиз. Бир садоқатли опамиз шу борада қуйидагича айтди: «Худонинг Шоҳлиги келтирадиган баракалар тўғрисида бошқаларга гапирганингизда, одамлар ҳеч қандай умидга эга эмаслигини ва улар: “Муаммоларнинг поёни йўқ”,— деган фикрда эканини пайқайсиз». Ҳақиқатан ҳам, ваъзгўйликда иштирок этиш келажакка  бўлган ижобий нуқтаи назарни сақлашга ёрдам беради ва ҳаёт учун чопишда таслим бўлмаслик қароримизни мустаҳкамлайди. (1 Кор. 9:24)

ГУНОҲ ҚИЛИБ ҚЎЙГАНИМИЗДА

10. Довуд дуч келган вазиятни тасвирлаб беринг.

10 Яҳова шоҳ Довудни «кўнглимдагидек бир одам» дея таърифлаган. (Ҳавор. 13:22) Умуман олганда, Довуд ҳаёти давомида садоқатли бўлган. Шундай бўлса ҳам, у Ботшева билан зино қилиб, жиддий гуноҳга қўл урган. Устига-устак, у гуноҳини яшириш ниятида вазиятни янада чигаллаштириб, Ботшеванинг эри Уриёни урушда ўлдириш режасини тузган. Довуд ҳатто Уриёни ўлдиришга доир йўл-йўриқларни ўз ичига олган мактубни Уриёнинг ўзи орқали бериб юборган! (2 Шоҳ. 11:1–21) Шаксизки, Довуднинг кирдикорлари ошкор бўлмай қолмади. (Марк 4:22) Ўшанда у қандай муносабат билдирди?

Ўтмишда қилинган гуноҳлар (11–14- хатбошиларига қаранг.)

11, 12. а) Гуноҳга қўл ургандан сўнг Довуд нималарни қила олмасди? б) Жиддий хатолар қилганимиздан кейин тавба қилсак, Яҳова бизга нималар қилишига ишонсак бўлади?

11 Довуд қила олмаган нарсалар. Довуд бўлиб ўтган ишларни орқага қайтара олмасди. Қолаверса, у хатоларининг оқибатларидан ҳам қочиб қутула олмасди, қайтага қолган умри давомида қилган гуноҳининг айрим оқибатлари билан яшашига тўғри келди. (2 Шоҳ. 12:10–12, 14) Шу сабабдан, унга имон керак эди. У чин юракдан тавба қилса, Яҳова уни кечиришига ва қилмишларининг оқибатлари билан курашишга ёрдам беришига ишониши лозим эди.

12 Номукаммал бўлганимиз учун барчамиз гуноҳ қиламиз. Баъзи хатолар бошқаларига қараганда жиддийроқ бўлиши мумкин. Айрим ҳолларда қилган хатоларимизни орқага қайтара олмаймиз, балки уларнинг оқибатлари билан яшашимизга тўғри келади. (Галат. 6:7) Лекин Худо айтганидек, агар тавба қилсак, қийинчиликлар пайтида, ҳатто ўша қийинчиликларни ўзимиз туғдирган бўлсак ҳам, У бизни қўллаб-қувватлашига ишонсак бўлади. (Ишаё 1:18, 19; Ҳаворийлар 3:19 ни ўқинг.)

13. Қай йўсин Довуд маънан тикланди?

13 Довуд қила олган нарсалар. Довуд Яҳова унга маънан тикланишга кўмаклашишига йўл қўйди. Буни у, биринчидан, Яҳованинг вакили — Натан пайғамбардан танбеҳни қабул қилиш орқали кўрсатди. (2 Шоҳ. 12:13) Шунингдек, Довуд гуноҳларида иқрор бўлиб ва Яҳованинг марҳаматига қайтадан эга бўлишни астойдил истаётганини айтиб, Унга ибодат қилди. (Заб. 50:3–19) Довуд айбдорлик ҳисси уни аёвсиз азоблашига йўл қўймай, хатоларидан сабоқ олди. Боз устига, у ўша гуноҳларини бошқа ҳеч қачон такрорламади. Йиллар ўтгач, Довуд садоқатли қолиб ҳаётдан кўз юмди; унинг бенуқсонликда қолдирган ўрнаги эса Яҳованинг хотирасида нақшланиб қолди. (Иброн. 11:32–34)

14. Довуддан қандай сабоқ олсак бўлади?

14 Довуддан қандай сабоқ олсак бўлади? Мабодо оғир гуноҳга қўл урсак, сидқидилдан тавба қилиб, Яҳованинг кечиримини излашимиз даркор. Ҳа, гуноҳларимизда иқрор бўлишимиз лозим. (1 Юҳан. 1:9) Бундан ташқари, биз оқсоқолларга мурожаат қилишимиз керак, зеро улар бизга маънавий ёрдам тақдим эта олишади. (Ёқуб 5:14–16 ни ўқинг.) Яҳованинг йўл-йўриқларига амал қилиб, У бизни маънан соғайтириши ва кечириши ҳақидаги ваъдасига ишонаётганимизни кўрсатамиз. Хатоларимиздан сабоқ олсак, Яҳовага бўлган хизматимизни давом эттирсак ва келажакка ишонч билан қарасак, оқилона йўл тутган бўламиз. (Иброн. 12:12, 13)

БОШҚА ВАЗИЯТЛАРДА

Соғлик муаммолари (15- хатбошига қаранг.)

15. Ханнадан нимани ўргансак бўлади?

15 Яҳовага таяниб, оқилона йўл тутган ўтмишдаги бошқа садоқатли хизматчилар ҳақида ҳам ўйлаб кўрсангиз бўлади. Мисол учун, Ханна бепуштлик муаммосини ўзи енга олмасди.  Бироқ у Яҳова унга тасалли беришига ишонарди, шунинг учун маъбадда топинишни ва қалбидагини тўкиб солишни канда қилмасди. (1 Шоҳ. 1:9–11) Бу биз учун яхши ўрнак, шундай эмасми?! Соғлик муаммолари ёки ихтиёримизда бўлмаган бошқа мушкулликлар билан курашганда, Яҳова бизга ғамхўрлик қилишига ишониб, бутун ғам-ташвишларимизни Унга ташлаймиз. (1 Бутр. 5:6, 7) Бунинг устига, йиғилишлар ва бошқа маънавий тадбирлардан фойда олиш учун қўлимиздан келганини қиламиз. (Иброн. 10:24, 25)

Яҳовага хизмат қилмай қўйган фарзандлар (16- хатбошига қаранг.)

16. Кексайган ота-оналар Шомуилдан қандай намуна олишлари мумкин?

16 Фарзандлари тўғри йўлдан озган садоқатли ота-оналар ҳақида-чи, нима деса бўлади? Масалан, кексайган Шомуил ўғилларини ўзи ўргатган адолатли меъёрларга содиқ қолишга мажбурлай олмасди. (1 Шоҳ. 8:1–3) У бу масалани Яҳованинг қўлига топшириши керак эди. Шундай бўлса-да, Шомуил ўзи бенуқсон қолиб, самовий Отаси Яҳовани қувонтириши мумкин эди. (Ҳик. 27:11) Бугунги кунда айрим ота-оналар ҳам айнан шундай вазиятга дуч келишяпти. Улар дарбадар ўғил масалидаги отага ўхшаб, Яҳова ҳам нотўғри йўлдан қайтган ва тавба қилган гуноҳкорларни илиқ қарши олишга доимо тайёр эканига аминлар. (Луқо 15:20) Шу билан бирга, бундай ота-оналар Яҳовага содиқ қолиш учун тер тўкиб меҳнат қилишади ва уларнинг ўрнаги фарзандларини қўрага қайтишга ундайди, дея умид қилишади.

Моддий қийинчиликлар (17- хатбошига қаранг.)

17. Нега камбағал беванинг ўрнаги далдалидир?

17 Энди эса, Исонинг давридаги камбағал беванинг мисолини кўриб чиқайлик. (Луқо 21:1–4 ни ўқинг.) У маъбадда қилинаётган ёмон ишлар билан ҳеч нарса қила олмасди. (Мат. 21:12, 13) Моддий аҳволини яхшилаш ҳам қўлидан келмасди. Шунга қарамай, у «қўлида бор» бўлган ўша «икки чақани» бажонидил эҳсон қилади. Шу йўсин, бу садоқатли аёл Яҳовага тўлиқ таянганини кўрсатади. У билардики, агар маънавий нарсаларни биринчи ўринга қўйса, Яҳова албатта унинг жисмоний эҳтиёжларини қондиради. Бу бева аёлнинг имони уни ҳақ топинишни қўллаб-қувватлашга ундади. Шу сингари, агар Шоҳликни биринчи ўринга қўйсак, Яҳова бизга керак бўлган нарсаларни беришига ишончимиз комил. (Мат. 6:33)

18. Ҳаётга тўғри назар билан қараган имондошимизнинг мисолини келтиринг.

18 Шунга ўхшаб, бугунги кунда ҳам кўплаб имондошларимиз оқилона йўл тутиб, Яҳовага таянишаётганини кўрсатиб келишяпти. Мана масалан, садоқатли қолиб 2015 йили вафот этган Малком акамизнинг мисолини олайлик. Рафиқаси билан Яҳовага хизмат қилган ўн йилликлар мобайнида улар яхши ва ёмон кунларни бошдан кечиришди. У шундай дея бўлишди: «Ҳаётда баъзан кутилмаган, ноаниқ ва қийин вазиятлар бўлиб туради. Шунга қарамай, Яҳова Унга таянган инсонларга барака беради». Хўш, Малком нима деб маслаҳат берди? «Яҳованинг хизматида имкон қадар самарали ва ғайратли бўлиш учун ибодат қилинг. Диққатингизни қўлингиздан келмайдиган ишга эмас, келадиган ишга қаратинг». *

19. а) Нега 2017 йил учун танланган оят ўринлидир? б) 2017 йилнинг оятини ҳаётингизда қандай қўлламоқчисиз?

19 Ушбу замона «тобора разиллашиб борар» экан, бундан-да кучлироқ қийинчиликларга дуч келишимиз тайин. (2 Тим. 3:1, 13) Шунинг учун, бугунги кунда бундай қийинчиликлар бизни бўшаштиришига йўл қўймаслик ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир. Биз оқилона йўл тутишга ҳаракат қилиб, Яҳовага нисбатан мустаҳкам ишончни ривожлантиришимиз зарур. Шу боис, 2017 йил учун танланган «Эгамизга умид боғлаб, яхшилик қилгин» деган сўзлар жуда ҳам ўринлидир! (Заб. 36:3)

2017 йилнинг ояти: «Эгамизга умид боғлаб, яхшилик қилгин» — Забур 36:3