Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ЯНВАРЬ 2017

Ирода эркинлиги каби ҳадяни қадрланг

Ирода эркинлиги каби ҳадяни қадрланг

Қаерда Яҳованинг муқаддас руҳи бор бўлса, ўша ерда эркинлик бўлади. 2 КОР. 3:17

ҚЎШИҚЛАР: 31, 32

1, 2. а) Одамлар ирода эркинлиги борасида қандай фикрда? б) Муқаддас Китобда танлов эркинлиги тўғрисида нима дейилган ва қайси саволларни муҳокама қиламиз?

БИР аёл шахсий танлов қилишига тўғри келганида, дўстига шундай деди: «Бошимни қотирма. Шунчаки нима қилишим кераклигини айта қол. Бу осонроқ». Ушбу аёл Яратувчиси унга туҳфа этган бебаҳо инъом — ирода эркинлигидан фойдаланишнинг ўрнига, унга нима қилишни айтишларини афзал кўрди. Сиз-чи, ўзингиз қарор чиқаришни ёқтирасизми ё бошқалар сиз учун қарор чиқаришлариними? Ирода эркинлигига қандай қарайсиз?

2 Одамлар асрлар мобайнида бу мавзу хусусида баҳс-мунозаралар қилиб келишган. Баъзилар: «Ирода эркинлиги тушунчаси йўқ, тақдиримиз пешонамизга ёзилган»,— деб таъкидлашади. Бошқалар эса: «Мустақил инсонгина тўлиқ ирода эркинлигига эга»,— деб ўйлашади. Аммо бу масалани яхшироқ тушуниш учун, Аллоҳнинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобга мурожаат қилишимиз даркор. Нега? Зероки, ундан Яҳова бизни ирода эркинлиги, яъни оқилона қарорларни ўз ихтиёримиз билан чиқариш қобилияти билан яратганини билиб оляпмиз. (Ёшуа 24:15 ни ўқинг.) Муқаддас Ёзувларда, шунингдек, қуйидаги саволларга жавоблар ёзилган: қарорлар чиқарганимизда эркинлигимиздан қандай фойдаланишимиз лозим? Унинг чегаралари борми? Танлов эркинлигидан  фойдаланганимизда, Яҳовага бўлган чуқур севгимиз қандай намоён бўлади? Бошқаларнинг қарорларига бўлган ҳурматимизни қай тариқа кўрсата оламиз?

ЯҲОВА ҲАМДА ИСОДАН НИМАНИ ЎРГАНИШИМИЗ МУМКИН?

3. Яҳова эркинликдан фойдаланишда қандай ўрнак кўрсатяпти?

3 Ёлғиз Яҳова мутлақ эркинликка эга ва бу эркинликдан У қандай фойдаланаётгани биз учун намунадир. Масалан, У Исроил халқини Ўзининг номи билан аталган халқ сифатида, «Ўз хазинаси қилиб» танлади. (Қонун. 7:6–8) Ушбу қарорни Яҳова тасодифан қабул қилгани йўқ, чунки шу йўсин У асрлар олдин дўсти Иброҳимга берган ваъдасига вафо қилди. (Ибт. 22:15–18) Қолаверса, Яҳова Ўз эркинлигини ҳамиша севги ва адолат каби хислатларига ҳамоҳанг равишда намоён этади. Бу, ҳақ топинишдан қайта-қайта юз ўгирган Исроил халқига У қандай таълим-тарбия берганидан яққол кўринади. Улар чин юракдан тавба қилишганларида, Яҳова: «Мен халқимга шифо бериб, уларни бевафоликдан қайтараман, уларга қайта кўнгил қўяман»,— деб, севгисини ва раҳм-шафқатини бажонидил кўрсатган. (Ҳўш. 14:5) Қаранг-а, эркинликдан бошқаларнинг манфаатини кўзлаб фойдаланишнинг нақадар ажойиб мисоли!

4, 5. а) Худонинг ирода эркинлиги каби ҳадясини биринчи бўлиб ким олган ва у ундан қандай фойдаланган? б) Ҳар биримиз ўзимизга қандай савол беришимиз лозим?

4 Яҳова яратишни бошлаганида, севги ила Ўзининг онгли мавжудотларига ирода эркинлигини тақдим этишга қарор қилди. Мазкур туҳфани олган илк шахс — «кўринмас Аллоҳни ўзида акс этган» тўнғич Ўғил эди. (Колос. 1:15) Ҳали ер юзига келмасиданоқ, Исо Отасига содиқ қолишни ва Шайтоннинг исёнига қўшилмасликни танлади. Кейинчалик у ер юзида бўлганида, ашаддий душманнинг васвасаларини рад этиш учун ўз ирода эркинлигидан фойдаланди. (Мат. 4:10) Ўлимидан олдинги кечада Исо самимий ибодатида Худонинг иродасини бажармоқчи эканини яна бир бор исботлади. У буни қуйидагича ифода этди: «Отажон, агар иложи бўлса бу коса мени четлаб ўтсин. Лекин мен хоҳлаганимдек эмас, Сен хоҳлагандай бўлсин». (Луқо 22:42) Келинг, Исога тақлид қилиб, ирода эркинлигимизни Яҳовани шарафлаш ва Унинг иродасини бажариш мақсадида қўллайлик! Қизиқ, бунинг имкони бормикан?

5 Ҳа, биз Исонинг ўрнагига тақлид қилишимиз мумкин. Нега деганда, Парвардигор бизни ҳам Ўз суратига кўра, Ўзига ўхшаш қилиб яратди. (Ибт. 1:26) Бироқ эркинлигимиз чегараланган, сабаби биз Яҳова каби мутлақ эркинликка эга эмасмиз. Худонинг Каломида эркинлигимиз чегараланганлиги ҳамда Яҳова ўринли тарзда қўйган чекловларига амал қилишимиз кераклиги тушунтирилган. Чунончи, хотинлар эрларига, фарзандлар эса ота-онасига бўйсунишлари зарур. (Эфес. 5:22; 6:1) Ушбу чекловлар ирода эркинлигимиздан фойдаланишимизга қандай таъсир қилади? Бу саволга жавоб топиш мангу яшаш-яшамаслигимиз билан чамбарчас боғлиқдир.

ИРОДА ЭРКИНЛИГИДАН ЎРИНЛИ ВА НОЎРИН ФОЙДАЛАНИШ

6. Чегараланган эркинликнинг қандай фойдаси борлигини мисол ёрдамида кўрсатинг.

6 Чегараланган эркинликни ҳақиқий эркинлик деса бўладими? Бўлмасам-чи! Лекин нима учун шундай дея оламиз? Гап шундаки, инсонларнинг эркинлигига қўйилган чекловлар уларни ҳимоя қилиши мумкин. Дейлик, биз танлов эркинлигимиздан фойдаланиб, олис шаҳарга йўл олдик. Бироқ йўл қоидаларига риоя қилинмайдиган ҳамда қайси тезликда юришни ё йўлнинг қайси тарафидан ҳайдашни ҳайдовчиларнинг ўзлари ҳал қиладиган катта йўлда кетаётиб, ўзимизни хавфсиз ҳис этамизми? Қайдам. Ҳа, барчамиз ҳақиқий эркинликнинг баракаларидан баҳраманд бўлишимиз учун чекловлар зарурдир. Ирода эркинлигидан Яҳова ўрнатган чекловлар доирасида фойдаланиш оқилона эканини кўриш учун, келинг, Муқаддас Китобдаги баъзи мисолларга диққат қаратайлик.

7. а) Ирода эркинлиги Одаматони Адан боғидаги бошқа мавжудотлардан қандай ажратиб турарди? б) Одамато ирода эркинлигидан қандай фойдаланганини кўрсатувчи мисол келтиринг.

 7 Тангри Таоло илк инсон Одаматони яратиш чоғида унга ҳам осмондаги онгли мавжудотларига ато этган ирода эркинлиги каби туҳфани берди. Бу, Одаматони инстинкт бўйича яшайдиган ҳайвонлардан ажратиб турарди. Келинг, Одамато ирода эркинлигидан қай тарзда ўринли фойдаланганини кўриб чиқайлик. Маълумки, ҳайвонлар инсондан олдин яратилганди. Аммо Яҳова бу мавжудотларга ном бериш шарафини Ўзининг ердаги илк ўғли учун сақлаб қўйганди. «Худо: “Бу жониворларни одам кўриб қанақа ном бераркин”, дея уларни одамнинг олдига олиб келди». Одамато ҳар бир жониворни кузатиб, унга ном топгандан кейин, Яҳова Одамато танлаган исмларни ўзгартирмади ва бекор қилмади. «Одам ҳар бир жонивор учун ном танлади [қандай ном берган бўлса, унинг номи шундай бўлди, ЯДТ]». (Ибт. 2:19)

8. Қай йўсинда Одамато ирода эркинлигидан ноўрин фойдаланган ва бунинг оқибати қандай бўлди?

8 Худо Одаматога жаннатда ерга ишлов бериш ва парваришлаш вазифасини топширганди, лекин афсуски, у бунга шукур қилмади. У Худонинг: «Ували-жували бўлинглар, ер юзини тўлдириб, итоат эттиринглар,.. балиқлар устидан,.. қушлару ер юзида яшовчи ҳар турли жониворлар устидан ҳукмронлик қилинглар»,— деган топшириғини бажаришда эга бўлган кенг эркинлигини қадрламади. (Ибт. 1:28) Бунинг ўрнига, у тақиқланган мевани еб, Худо ўрнатган чегарани ҳатлаб ўтишни маъқул кўрди. Ирода эркинлигидан бундай ноўрин тарзда фойдаланилгани дастидан мана неча минг йиллар ўтдики, Одаматонинг авлодлари азоб-уқубатларга гирифтор бўлиб келмоқда. (Рим. 5:12) Шундай экан, Одамато чиқарган қарорнинг оқибатларини билиш бизни эркинлигимиздан ўринли тарзда, Яҳова ўрнатган чегаралар доирасида фойдаланишга ундамоғи лозим.

9. Яҳова Исроил халқига қандай имтиёз берди ва улар бунга қанақа муносабат билдиришди?

9 Одамато ва Момоҳавонинг авлодлари ўзларининг итоатсиз ота-онасидан номукаммаллигу ўлимни мерос қилиб олишди. Бироқ улар ирода эркинлиги каби инъомдан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлишмади. Бу, Аллоҳнинг Исроил халқига қилган муомаласида яққол кўринганди. Яҳова хизматчиси Мусо орқали халқига Ўзининг «ўзгача мулки» бўлиш имтиёзидан фойдаланиш-фойдаланмасликни танлашга имкон берди. (Чиқ. 19:3–6) Улар бунга қандай муносабат билдиришди? Улар Худонинг номи билан аталган халқ бўлиш учун зарур бўлган барча шартларни ихтиёрий равишда қабул қилиб, бир овозда: «Эгамизнинг ҳамма айтганларини бажарамиз»,— дея розилик билдиришди. (Чиқ. 19:8) Ачинарлиси, вақт ўтиб халқ ўзининг танлов эркинлигидан ноўрин фойдаланиб, берган ваъдасида турмади. Келинг, ушбу огоҳлантирувчи мисолдан ўрнак олган ҳолда, Яҳовага яқинлашишда ва Унинг адолатли меъёрларига риоя этишда давом этиб, доимо ирода эркинлигимизни қадрлайлик! (1 Кор. 10:11)

10. Номукаммал одамлар ирода эркинлигидан Худони шарафлаш мақсадида фойдаланишлари мумкинлигини исботловчи мисоллар келтиринг. (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

10 Ибронийларга 11- бобда ирода эркинлигидан Яҳова ўрнатган чегара доирасида фойдаланган 16 та художўй кишининг исми қаламга олинган. Бундай танлови туфайли улар мўл-кўл баракаларга ва келажакка нисбатан мустаҳкам умидга эга бўлишди. Чунончи, Нуҳ улкан имонни намоён этиб, оиласи ва бўлажак авлодлари омон қолишлари учун Худонинг кема қуришга оид йўл-йўриқларига амал қилишни танлади. (Иброн. 11:7) Иброҳим ва Сора Худога бажонидил бўйсуниб, У беришни ваъда қилган жойга боришди. Ҳатто узоқ сафарга чиқишганидан кейин ҳам, улар гуллаб-яшнаган Ур шаҳрига «қайтиб боришлари» мумкин эди. Аммо улар диққатини келажакдаги ваъдаларнинг амалга ошишига қаратиб, «яхшироқ бўлган... жойга интилишди». (Иброн. 11:8, 13, 15, 16) Мусо «гуноҳдан вақтинчалик ҳузур-ҳаловат олишдан кўра, Худонинг халқи билан азоб-уқубат чекишни афзал кўриб»,  Миср хазиналарини рад этди. (Иброн. 11:24–26) Бинобарин, биз ҳам қадимдаги бундай имонли кишиларга тақлидан ирода эркинлигимизни қадрлайлик ва ундан Худонинг иродасини бажариш мақсадида фойдаланайлик!

11. а) Ирода эркинлиги келтирадиган улкан баракаларнинг бири қандай? б) Ирода эркинлигингиздан ўринли фойдаланишга сизни нима ундайди?

11 Кимдир биз учун қарор чиқариши осонроқдек туюлса ҳам, бундай йўл тутиб, биз ирода эркинлиги келтирадиган улкан баракаларнинг биридан маҳрум бўламиз. Бу барака ҳақида Қонунлар 30:19, 20 да (ўқинг) айтилган. 19- оятда Худо Исроил халқига берган танлови борасида гап кетяпти. 20- оятда эса Яҳова, халқи Уни қанчалик севишини кўрсатишига имконият берганини кузатсак бўлади. Биз ҳам Яҳовага топинишни танлашимиз мумкин. Ҳа, Худонинг ирода эркинлиги каби ҳадясидан фойдаланиб, Унга севгимизни кўрсатиш ва шон-шараф келтиришдан буюкроқ мақсад йўқдир!

ИРОДА ЭРКИНЛИГИ КАБИ ТУҲФАНГИЗДАН НОЎРИН ФОЙДАЛАНИШДАН ҚОЧИНГ

12. Ирода эркинлиги каби туҳфамиз билан нима қилмаслигимиз керак?

12 Дўстингизга қимматбаҳо бир совғани берганингизни тасаввур қилинг. Ўша дўстингиз совғангизни ахлатга ташлаганини ёки, ундан ҳам баттарроғи, бу ҳадянгиздан кимгадир зарар етказиш ниятида фойдаланганини билиб, хафа бўлишингиз тайин. Энди эса, кўплаб одамлар қарор чиқаришда эркинлигидан ноўрин тарзда, ҳатто бошқаларнинг зиёнига фойдаланишаётганини кўриб, Яҳова ўзини қандай ҳис қилиши тўғрисида ўйлаб кўринг. Дарҳақиқат, «охирзамонда» одамлар «ношукур» бўлиши Муқаддас Китобда башорат қилинганди. (2 Тим. 3:1, 2) Илойим, биз ушбу қимматли совғадан ноўрин фойдаланмай, унинг қадрига етайлик! Аммо ирода эркинлиги каби инъомимиздан ноўрин фойдаланишдан қандай қочсак бўлади?

13. Эркинлигимиздан ноўрин фойдаланишдан қочишнинг йўлларидан бири қайси?

13 Ҳар биримиз ким билан мулоқот қилиш, кийиниш, пардоз ва ўйин-кулги бобида танлаш эркинлигига эгамиз. Бироқ, агар тана истакларимизнинг қуллари бўлишни ёки дунёнинг бузуқ ҳою ҳавасларига ва унда урф бўлган одатларга берилсак, «бу эркинликдан ёмонликни яшириш мақсадида» фойдаланган бўламиз. (1 Бутрус 2:16 ни ўқинг.) Биз эркинлигимиздан «тана истакларини қондириш имконидек» фойдаланмай, «ҳамма нарсани Худони шарафлаш учун қилинглар», деган  маслаҳатга риоя этишга кўмаклашадиган танловлар қилиш қарорида қатъий туришни истаймиз. (Галат. 5:13; 1 Кор. 10:31)

14. Яҳовага таяниш ирода эркинлигимиздан фойдаланиш билан қандай боғлиқ?

14 Ирода эркинлиги каби ҳадямиздан ўринли фойдаланишнинг бошқа йўли — Яҳовага таяниш ва У бизни ҳимоя қилиш учун ўрнатган чегаралардан чиқиб кетмаган ҳолда йўналтиришига йўл қўйишдир. Зеро, фақатгина Яҳова: «Яхши бўлинг, деб сизларга йўл-йўриқ кўрсатаман, юрадиган йўлларингиздан етаклайман»,— дея бизни ишонтиряпти. (Ишаё 48:17) Биз «одам... ўз қадамини ўзи бошқара олмайди» деган илҳомлантирилган сўзларнинг ҳаққонийлигини камтарлик ила тан олишимиз зарур. (Ерм. 10:23) Илоё, Одамато ва исёнкор Исроил халқи сингари, ўз ақл-идрокимизга таяниш тузоғига тушиб қолмайлик. Аксинча, «бутун қалбинг билан Эгамизга ишон», деган сўзларга амал қилайлик. (Ҳик. 3:5)

БОШҚАЛАРНИНГ ИРОДА ЭРКИНЛИГИ КАБИ ҲАДЯСИНИ ҲУРМАТ ҚИЛИНГ

15. Галатияликларга 6:5 даги принципдан нимани ўрганяпмиз?

15 Биз, шунингдек, бошқаларнинг шахсий қарорлар чиқариш ҳуқуқига ҳурмат кўрсатишимиз даркор. Нима сабабдан? Боиси, ҳаммамизда ирода эркинлиги каби ҳадя бор ва иккита масиҳий деярли ҳеч қачон бир хил қарор чиқармайди. Бу ҳатто хулқ-атвор ва топиниш хусусидаги масалаларга ҳам тегишлидир. Галатияликларга 6:5 даги (ўқинг) принципни эсланг. Ҳар бир масиҳий «ўз аравасини ўзи тортиши» кераклигини тушунсак, бошқаларнинг ирода эркинлиги каби ҳадясидан фойдаланиш ҳуқуқини ҳурмат қилган бўламиз.

Биз бошқаларнинг виждонига босим ўтказмай, шахсий қарорлар чиқара оламиз (15- хатбошига қаранг.)

16, 17. а) Қай йўсин танлаш эркинлиги Коринфда мунозарали масалага айланди? б) Павлус мазкур масалани қандай ҳал қилган ва бу бизни бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари борасида нимага ўргатяпти?

16 Виждон масаласида имондошимизнинг шахсий қарорлар чиқариш эркинлигини нега ҳурмат қилишимиз кераклигини кўрсатувчи Муқаддас Китобдаги бир мисолга эътибор қаратайлик. Коринфдаги масиҳийлар аввалига бутларга бағишланган, кейин эса гўшт бозорида сотилган гўштни ейиш масаласига турлича қарашарди. Айримлар: «Ахир бут ҳеч нарса эмас-ку, шунга гўштини тоза виждон билан еса бўлади»,— деб ўйлашарди. Илгари ўша бутларга сиғинган бошқалар эса, бундай гўштни ейиш унга топиниш билан тенг, деб ҳисоблашарди. (1 Кор. 8:4, 7) Бу нозик масала бўлиб, жамоатларда бўлинишларга олиб келиши мумкин эди. Қизиқ, қай тарзда Павлус Коринфдаги масиҳийларга бу масалага Худонинг нуқтаи назари билан қарашга кўмаклашган?

17 Аввало, Павлус юқорида зикр этилган иккита тоифадаги масиҳийларга егулик уларни Худога яқинлаштирмаслигини эслатди. (1 Кор. 8:8) Сўнг эса, у уларнинг «бу ҳақ-ҳуқуқлари» «заиф кишилар учун қоқинтирадиган тош бўлиб қолишига» йўл қўймасликлари кераклиги ҳақда огоҳлантирди. (1 Кор. 8:9) Кейин у виждони сезгирроқ бўлган масиҳийлар бундай гўштни ейишга қарор қилган бошқаларни ҳукм қилмасликлари лозимлигини айтди. (1 Кор. 10:25, 29, 30) Демак, топинишга алоқадор бўлган ушбу муҳим масалада ҳар бир масиҳий виждонига асосланиб қарор чиқариши керак эди. Бинобарин, биз ҳам унча муҳим бўлмаган масалаларда имондошларимизнинг шахсий қарорлар чиқариш ҳуқуқини ҳурмат қилишимиз лозим эмасми?! (1 Кор. 10:32, 33)

18. Ирода эркинлиги каби туҳфани қадрлаётганингизни қандай кўрсатасиз?

18 Яҳова бизга ҳақиқий эркинликка етакловчи ирода эркинлиги каби туҳфани ато этди. (2 Кор. 3:17) Биз ушбу ҳадяни қадрлаймиз, чунки у бизга Яҳовани қанчалик севишимизни ошкор этадиган қарорлар чиқаришга ёрдам беради. Келинг, ушбу қимматбаҳо совғадан Яҳовани шарафлаш мақсадида фойдаланиб ва бошқалар ундан қандай фойдаланаётганига ҳурмат кўрсатиб, бу ҳадя учун миннатдор эканимизни кўрсатишда давом этайлик!