Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ЯНВАРЬ 2017

Хизмат қилишга хоҳиш билдирганлар

Хизмат қилишга хоҳиш билдирганлар

ШОҲЛИК ваъзгўйларига эҳтиёж катта бўлган ерларда ҳизмат қилувчилар орасида талайгина турмуш қурмаган ғайратли опа-сингиллар бор. Уларнинг баъзилари ўнлаб йиллар мобайнида ўзга юртларда хизмат қилиб келишмоқда. Бу опа-сингилларимизга йиллар аввал ўзга ҳудудда хизмат қилиш қарорига келишга нима ёрдам берган? Чет элда хизмат қилиб, улар нималарни ўрганишди? Уларниг ҳаётида нималар юз берди? Биз ушбу тажрибали опаларимизнинг бир нечтасидан интервью олдик. Агар сиз ҳам шу каби мароқли хизматда иштирок этишни сидқидилдан хоҳлаётган турмуш қурмаган опа ёки сингил бўлсангиз, уларнинг ҳикояларидан фойда олишингизга аминмиз. Зотан, Худонинг ҳар бир хизматчиси уларнинг мисоли устида мулоҳаза қилишдан фойда олиши мумкин.

ШУБҲАЛАРНИ ЕНГИШ

Анита

Турмуш қурмай ўзга юртда кашшоф сифатида хизмат қилиб, муваффақиятга эриша олармиканман, деб қизиқаётгандирсиз. Ҳозир ёши 75 да бўлган Анита ҳам ўз қобилиятларидан шубҳаланганди. У Англияда катта бўлган ва ўша ерда 18 ёшлигида кашшофлик хизматини бошлаган. Анита шундай айтиб берди: «Одамларга Яҳова ҳақида ўргатишни яхши кўрардим. Лекин чет элда хизмат қиламан, деб ўйламагандим. Мен ҳеч қачон хорижий тилни ўрганмагандим ва ҳатто биттасини ҳам эплай олмаслигимга амин эдим. Шунинг учун Гилад мактабига таклиф қилишганида, ақлим шошиб қолди. Мендек арзимас одам шундай таклифни олганидан ҳайратда эдим. “Яҳова буни қила олишимга ишонар экан, демак ҳаракат қилиб кўраман” деб ўйладим. Бу 50 йил муқаддам юз берган эди. Ўшандан бери Японияда тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилиб келяпман. Чақнаган кўзларим билан баъзан сингилларга шундай дейман: “Халтангизни олинг-да, тарихдаги энг ажойиб саргузаштда менга ҳамроҳ бўлинг!” Қувонарлиси шуки, кўплар бунга рози бўлишди».

БОР ЖАСОРАТНИ ЙИҒИШ

Ўзга юртларда хизмат қилаётган кўпгина опа-сингиллар даставвал бошқа ерга кўчиш борасида иккиланишган. Хўш, қай йўсин улар бор жасоратини йиғишган?

Морин

Ҳозир ёши 64 да бўлган Морин қуйидагича айтиб берди: «Кичиклигимданоқ бошқаларга ёрдам бериб, мазмунли ҳаётни орзу қилардим». У 20 ёшлигида Канаданинг Квебек провинциясига, кашшофларга эҳтиёж катта бўлган жойга, кўчиб ўтди. Морин шундай давом этди: «Кейинчалик мени Гилад мактабига таклиф қилишди, аммо дўстларимсиз нотаниш жойга боришдан қўрқардим. Қолаверса, бетоб дадамга ғамхўрлик қилиши керак бўлган онамни ташлаб кетишдан хавотирланардим. Булар ҳақда Яҳовага илтижо қилиб, тунлари йиғлаб чиқардим. Ота-онам билан ташвишларим борасида бўлишганимда, улар мени таклифни қабул қилишга ундашди. Шунингдек,  имондошларимиз ота-онамни севги ила қўллаб-қувватлашганининг гувоҳи бўлдим. Яҳованинг ғамхўрлигини кўриш, У менга ҳам ғамхўрлик қилишига бўлган ишончимни оширди. Ўшанда мен жўнашга тайёр бўлдим!» 1979 йилдан бошлаб Морин Ғарбий Африкада 30 йилдан зиёд тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилди. Ҳозирда у Канадада ойисига ғамхўрлик қилиб, ҳанузгача махсус кашшоф сифатида хизмат қилмоқда. Ўзга юртда хизмат қилган йилларига назар ташлаб, Морин шундай дейди: «Яҳова доим мен муҳтож бўлган нарсани керакли вақтда тақдим этган».

Венди

Ҳозир ёши 65 да бўлган Венди кашшофликни Австралияда ҳали ўсмирлигида бошлаганди. У шундай деб эслайди: «Мен роса уятчан эдим ва нотаниш кишилар билан гаплашиш мен учун қийин кечарди. Аммо кашшофлик хизмати туфайли турли инсонлар билан суҳбатлашишни ўргандим, шу йўсин жасоратим ошди. Кейинчалик тушундимки, жасорат мен учун бошқа муаммо эмасди. Кашшофлик хизмати мени Яҳовага таянишга ўргатарди ва бундан буён ўзга юртда хизмат қилиш фикри мени хавотирга солмасди. Боз устига, Японияда 30 йилдан ортиқ тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилган ва турмушга чиқмаган бир опамиз мени у билан бирга уч ойга Японияда хизмат қилишга таклиф этди. У билан бирга ҳамкорлик қилиш ўзга юртда хизмат қилиш иштиёқимни алангалатди». 1986 йили эса Венди Австралиянинг шарқидан 1770 км узоқликда жойлашган орол-давлат Вануатуга кўчиб ўтди.

Венди ҳалигача Вануатуда, таржимонлар офисида хизмат қиляпти. «Олис ҳудудларда янги гуруҳлару жамоатлар пайдо бўлаётганини кўриш мен учун улкан қувонч бахш этади. Ушбу оролларда Яҳованинг ишида, заррача бўлса-да, ўз ҳиссамни қўшиш мен учун сўз билан таърифлаб бўлмайдиган шарафдир!» — деб бўлишди Венди.

Кумико (ўртада)

Ҳозир 65 ёшга кирган Кумикога унинг ҳамкори Непалга кўчишни таклиф этганида, у Японияда доимий кашшоф бўлиб хизмат қиларди. Кумико қуйидагича сўзлаб берди: «У мени қайта-қайта ундарди, бироқ мен ҳеч рози бўлмасдим. Сабаби, янги тилни ўрганишим ва янги ҳудудга мослашишим керак, дея хавотирланардим. Қолаверса, ўзга ҳудудга кўчиб ўтиш учун пул топиш ҳам муаммо эди. Бу ташвишлар билан курашиб юрган бир пайтда мотоциклда аварияга учраб, касалхонага тушиб қолдим. Ўшанда “Ким билсин, мен билан яна нималар бўларди? Жиддий касалликка йўлиқиб, ўзга юртда хизмат қилиш имкониятидан маҳрум бўлармидим? Наҳотки ўзга юртда ҳеч бўлмаса бир йил хизмат қила олмасам?!” деб ўйланиб қолдим. Шунда Яҳовага астойдил ибодат қилиб, хизмат қила олишим учун менга ёрдам беришини сўрадим». Касалхонадан чиққач, Кумико Непалга ташриф буюрди ва кейинчалик кашшоф ҳамкори билан у ерга кўчиб ўтди.

Кумико Непалдаги деярли 10 йиллик хизматига назар ташлаб, шундай дейди: «Қизил денгиз иккига бўлиниб кетгани каби, муаммоларим ҳам тарқалиб кетди.  Ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилганимдан роса хурсандман. Кўпинча бирон оила билан Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни бўлишганимда, қўшнилари тинглаш учун беш-олтита бўлиб уларникига чиқишарди. Ҳатто кичкина болалар ҳам уларга Муқаддас Китоб ҳақидаги букламани беришимни хушмуомалалик билан сўрашарди. Одамлари ҳозиржавоб бўлган бундай ҳудудда хизмат қилиш улкан шодликдир!»

ҚИЙИНЧИЛИКЛАРНИ ЕНГИШ

Шубҳасизки, қийинчиликлар биз интервью олган жасоратли опа-сингилларимизни четлаб ўтгани йўқ. Қизиқ, улар қийинчиликларни қандай енгиб ўтишди?

Диане

Ёши 62 да бўлган канадалик Диане қуйидагича айтди: «Бошида менга оиламдан узоқда яшаш қийин кечди». У 20 йил давомида Кот-д’ Ивуарда тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилди. «Яҳова менга тайинланган ҳудуддаги инсонларни севишга ёрдам беришини сўрардим. Гилад мактабидаги устозларимиздан бири Джек Редфорд хизматимизда дуч келадиган мушкулликлар, айниқса қашшоқлик туфайли бошида ташвишланишимизни ва ҳатто ўзимизни йўқотиб қўйишимиз мумкинлигини тушунтириб, шундай деганди: “Қашшоқликка эътибор берманг. Диққатингизни одамларга, уларнинг чеҳраларига ва кўзларига қаратинг. Улар Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни эшитишганида, қандай муносабат билдиришларини кузатинг.” Мен айнан шундай йўл тутдим ва бу ажойиб баракалар олиб келди. Муқаддас Китобдаги тасалли берувчи хабар билан бўлишганимда, инсонларнинг кўзларида нур чақнаганини кўрардим». Дианега ўзга ҳудуддаги хизматга мослашишга яна нима ёрдам берди? «Мен Муқаддас Китобни тадқиқ қилган инсонлар билан дўстлашдим ва улар Яҳованинг садоқатли хизматчилари бўлишаётганини кўриш мен учун катта севинч бахш этарди. Менга тайинланган ҳудуд уйимга айланди. Ростдан ҳам, Исо ваъда қилганидек, маънавий ота-оналарга, ака-укалару опа-сингилларга эга бўлдим»,— деб бўлишди Диане. (Марк 10:29, 30)

Ҳозир ёши 46 да бўлган Анна Осиёдаги бир ҳудудда, фаолиятимиз тақиқланган жойда, хизмат қилади. У шундай айтиб берди: «Йиллар давомида, ўзга юртнинг турли чеккаларида хизмат қилиш чоғида, келиб чиқиши ва шахсияти меникидан кескин фарқ қилган опа-сингиллар билан яшаганман. Баъзан бу туфайли орамизда келишмовчиликлар ва хафагарчиликлар юзага келарди. Бундай вазиятларда мен билан бирга яшаган опа-сингилларимизга яқинроқ бўлиб, уларнинг маданиятини яхшироқ тушунишга ҳаракат қилардим. Шунингдек, уларга нисбатан янада меҳрибон ва ён берувчан бўлиш устида ишладим. Ҳаракатларим бесамар кетмаганидан хурсандман, чунки бунинг натижасида биз қалин ва бир умрлик дўстларга айландик. Бу эса хизматимни давом эттиришга ёрдамлашди».

Ютэ

 53 ёшли германиялик Ютэ 1993 йили Мадагаскарга тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб тайинланганди. У шундай деб бўлишди: «Бошида маҳаллий тилни ўрганиш ва нам иқлимга мослашиш учун бор кучим билан ҳаракат қилдим. Бундан ташқари, безгак, амёбалар ва гижжалар билан курашдим. Ўшанда менга роса ёрдам беришди. Масалан, маҳаллий опа-сингиллар, уларнинг фарзандлари ҳамда Муқаддас Китобни тадқиқ қилган кишилар сабр билан тилни ўрганишимга кўмаклашишди. Касал бўлганимда эса, тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлган ҳамкорим менга севги ила ғамхўрлик қиларди. Аммо энг кўп менга Яҳова ёрдам берди. Мен доимо ибодатда Унга ўз ташвишларимни тўкиб солардим. Ибодатларимга жавобларни гоҳида кунлаб, гоҳида ойлаб сабр ила кутардим. Яҳова ҳар бир муаммоимни ечиб берарди». Мана 23 йилдирки, Ютэ Мадагаскарда хизмат қилиб келмоқда.

МЎЛ-КЎЛ БАРАКАЛАРГА ЭРИШИШ

Шоҳлик хабарчиларига эҳтиёж катта бўлган жойларда хизмат қиладиган бошқа ваъзгўйлар сингари, ўзга юртда хизмат қилаётган турмуш қурмаган опа-сингилларимиз ҳам ушбу хизмат уларнинг ҳаётларини бойитганини тез-тез айтиб туришади. Хўш, улар эришган баракалардан айримлари қандай?

Ҳайди

Ҳозир ёши 73 да бўлган германиялик Ҳайди 1968 йилдан буён Кот-д’ Ивуарда тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилмоқда. У шундай сўзлаб берди: «Маънавий болаларим “ҳақиқат йўлида юраётганини” кўриш мен учун энг катта бахт бўлди. Улардан айримлари ҳозирда кашшоф ва жамоат оқсоқолларидир. Кўплари мени “ойи” ёки “буви” деб чақиришади. Ушбу оқсоқоллардан бири, унинг хотини ва фарзандлари мени ўз оила аъзосидек кўришади. Қаранг-а, Яҳова менга ўғил, келин ва 3 та невара ҳадя қилди!» (3 Юҳан. 4)

Карэн (ўртада)

72 га кирган канадалик Карэн 20 йилдан зиёд Ғарбий Африкада хизмат қилди. «Тўла вақтли махсус ваъзгўйлик хизмати менга янада фидойи, меҳрибон ва сабрли бўлишни ўргатди,— деди Карэн.— Қолаверса, турли хил миллатдаги имондошлар билан бирга ҳамкорлик қилиш дунёқарашимни кенгайтирди. Овқат тайёрлашнинг ва тозалашнинг ҳар хил йўллари борлигини билиб олдим. Бутун дунё бўйлаб шундай қадрдон дўстларга эга бўлиш ҳозирда мен учун улкан баракадир! Гарчи ҳаётимиз ҳамда вазифаларимиз ўзгарса-да, дўстлигимиз абадийдир!»

79 ёшни қоралаган англиялик Маргарет Лаосда тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилган. У қуйидагича ҳикоя қилди: «Ўзга юртда хизмат қилиб, биринчи навбатда, қай йўсин Яҳова ирқи ва келиб чиқиши турлича бўлган инсонларни ўз ташкилотига жалб қилишини кўрдим. Буларнинг бари имонимни анчагина мустаҳкамлади. Бу орқали шунга амин бўлдимки, Яҳова Ўз ташкилотини йўналтирмоқда ва Унинг режалари албатта амалга ошади».

Чиндан ҳам, ўзга юртда хизмат қилаётган турмушга чиқмаган опа-сингилларимиз ваъзгўйлик хизматида салмоқли ҳиссаларини қўшиб келишмоқда. Йифтохнинг қизини мақташгандек, улар ҳам бу учун илиқ «мақтовларга» сазовордир. (Ҳак. 11:40, ЯДТ) Бунинг устига, уларнинг сони ҳам ўсмоқда. (Заб. 67:12) Сиз ҳам мазкур мақолада тилга олинган ғайратли опаларга эргашган ҳолда шароитларингизни ўзгартириб, улар каби хизмат қила оласизми? Шундай қилсангиз, «татиб кўр, биласан, Эгамиз яхшидир» деган сўзларни ўзингизда ҳис этишингиз муқаррар! (Заб. 33:9)