Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ЯНВАРЬ 2017

Нега камтарлик ҳозир ҳам аҳамиятлидир?

Нега камтарлик ҳозир ҳам аҳамиятлидир?

Донолик... камтарлар биландир. ҲИК. 11:2

ҚЎШИҚЛАР: 38, 11

1, 2. Нега бир пайтлар камтарин бўлган инсон Худонинг марҳаматидан жудо бўлди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

ҚАДИМГИ Исроил шоҳи Шоул ҳукмронлигининг бошида камтарин ва обрўли инсон эди. (1 Шоҳ. 9:1, 2, 21; 10:20–24) Аммо кейинчалик у бир неча маротаба ўзбошимча йўл тутади. Масалан, Худонинг пайғамбари Шомуил Гилгалга белгиланган вақтда келавермагач, Шоул сабрсизликни намоён этади. Ўшанда филистимликлар жангга тайёрланишаётганди, Исроил халқи эса Шоулни тарк этаётганди. Шунда у: «Тезроқ бирон чора кўришим керак!» — деб ўйлаган бўлиши мумкин. Шу сабабли, у Худога қурбонлик келтириб, ҳаққи бўлмаган ишни қилади. Бироқ Яҳова бундан норози эди. (1 Шоҳ. 13:5–9)

2 Шомуил Гилгалга келганида, Шоулга танбеҳ беради. Лекин Шоул танбеҳни қабул қилишнинг ўрнига, ўзини оқлаб, айбни бошқасига тўнкашга ҳаракат қилади ва қилган ишининг аҳамиятини пасайтиради. (1 Шоҳ. 13:10–14) Бу бир талай кўргиликларга олиб келади: охир-оқибат, Шоул шоҳлигидан ва, энг аянчлиси, Яҳованинг илтифотидан маҳрум бўлади. (1 Шоҳ. 15:22, 23) Бошланиши яхши бўлишига қарамай, охири Шоулнинг ҳаёти фожиа билан тугайди. (1 Шоҳ. 31:1–6)

3. а) Аксарият одамлар камтаринлик ҳақида қандай фикрда? б) Қайси саволларга жавоб топишимиз муҳим?

 3 Рақобат ҳукм сураётган бугунги дунёда кўплар муваффақиятга эришиш учун тўдадан ажралиб туриш керак, деб ҳисоблашади. Бунинг йўлида улар камтарликни ҳам поймол қилишга тайёрлар. Масалан, сиёсатчига айланган таниқли кино юлдузи шундай фикр билдирди: «Камтаринликнинг менга ҳеч қандай дахли йўқ ва ҳеч қачон бўлмайди ҳам, деган умиддаман». Нега унда камтарлик ҳозир ҳам аҳамиятга эга? Камтарликка нима кирадию нима кирмайди? Қай йўсин таранг вазиятларда ёки бошқалар босим ўтказганда камтаринликни сақлаб қолса бўлади? Ушбу мақолада биз биринчи иккита саволга жавоб топамиз. Учинчи саволни эса кейинги мақолада муҳокама қиламиз.

НЕГА КАМТАРЛИК МУҲИМ?

4. Ўзбилармонликни қандай таърифлардингиз?

4 Муқаддас Китоб камтарлик ва мағрурликни қарама-қарши хислатлар сифатида тасвирлайди. (Ҳикматлар 11:2 ни ўқинг.) Мисол учун, Довуд Яҳовадан: «Хизматкорингни ўзбилармонлик қилишдан асрагин»,— деб сўраб, оқилона йўл тутганди. (Заб. 18:14 [19:13, ЯДТ]) Хўш, «ўзбилармонликка» нима киради? Аллоҳнинг Каломига кўра, агарда кимдир ўйламасдан ёки қўпол тарзда ҳаққи бўлмаган ишни қилса, ўзбилармонларча йўл тутган бўлади. Гуноҳни мерос қилиб олганимиз боис, барчамиз аҳён-аҳёнда ўзбошимчалик қилиб турамиз. Шоҳ Шоулнинг мисолидан кўрганимиздек, агар ўзбошимчаликни одат тусига киритсак, эртами-кечми Аллоҳ билан муносабатларимиз дарз кетиши мумкин. Забур 118:21 да Яҳова тўғрисида: «Такаббурларга... Сен танбеҳ берасан»,— дея ёзилган. Қизиқ, нега Яҳова бундай қилади?

5. Нима сабабдан ўзбилармонлик жиддий хатодир?

5 Ўзбилармонлик беозор хатолардан анча жиддийроқдир. Чунки такаббурона йўл тутсак, биринчидан, Яҳовани қонуний Ҳукмдор тариқасида тан олмаган бўламиз. Иккинчидан, бизга берилган ваколат доирасидан чиқиб кетсак, бошқалар билан айтишиб қолишимиз ҳеч гап эмас. (Ҳик. 13:10) Учинчидан, мағрурона йўл тутганимиз ошкор бўлганида, хижолат тортишимиз ё ҳатто уялиб қолишимиз мумкин. (Луқо 14:8, 9) Дарҳақиқат, ўзбилармонликнинг охири бахайр бўлмайди. Муқаддас Ёзувлардан кўриниб турганидек, энг тўғри йўл — доим камтар бўлишдир.

КАМТАРЛИККА НИМА КИРАДИ?

6, 7. Камтарликка нима киради?

6 Муқаддас Китобга биноан, камтарлик мағрурликдан холи ва «ўй-фикрларда камтарин» бўлишни англатади. (Филип. 2:3) Камтар инсон ўзининг қобилиятларини ва ютуқларини аниқ баҳолай олади, хатоларини тан олади, таклифларни ва янги фикрларни қабул қилишга тайёр бўлади. Бунинг устига, камтарлик Яҳовага жуда ҳам хуш келади.

7 Аллоҳнинг Каломида ёзилишича, камтаринлик, шунингдек, ўзимизга тўғри баҳо беришни ва имкониятларимиз чегараланганлигини тан олишни ўз ичига олади. Инжилнинг асл нусхасидаги бу юнонча ибора бошқаларга қандай муносабат қилишимиз кераклигига урғу бераётганга ўхшайди.

8. Бизни такаббурона фикр юритишдан ё шундай йўл тутишдан огоҳлантирадиган баъзи белгилар қандай?

8 Қачон биз мағрурона фикр юритишни ё такаббурларча йўл тутишни бошлашимиз мумкин? Келинг, бизни бундан огоҳлантирувчи айрим белгиларга диққат қаратайлик. Масалан, биз ўзимиз ёки шарафли вазифаларимиз ҳақида юқори фикрда бўлишимиз мумкин. (Рим. 12:16) Бундан ташқари, ўзимизга ноўрин эътиборни жалб қилишимиз мумкин. (1 Тим. 2:9, 10) Ё бўлмаса, шунчаки вазиятимиз, бошқалар билан муносабатларимиз  ҳамда нуқтаи назаримизга асосланиб, ўз фикримизни бошқаларга уқтиришимиз мумкин. (1 Кор. 4:6) Одатда бундай йўл тутганимизда, камтаринлик ва мағрурлик орасидаги чегарани ҳатлаб ўтганимизни пайқамай қолишимиз ҳеч гап эмас.

9. Баъзиларнинг ўзбилармонларча йўл тутишига нима сабаб бўлган? Муқаддас Китобдан мисол келтиринг.

9 Агар инсон вақтинчалик бўлса ҳам тана истакларига ён берса, ўзбилармонларча йўл тутган бўлади. Кўплар иззатталаблик, ҳасад ва жиловланмаган ғазаб дастидан ўзларини шундай тутишган. Чунончи, Абсалом, Уззиё ва Навухадназар каби Муқаддас Китобнинг қаҳрамонлари бундай «тана истаклари»га берилишган ва Яҳова уларни ўзбилармонлиги учун пасайтирган. (2 Шоҳ. 15:1–6; 18:9–17; 2 Сол. 26:16–21; Дон. 5:18–21)

10. Нега бошқаларнинг ниятлари ҳақида ҳукм чиқаришдан қочишимиз даркор? Муқаддас Китобдан мисол келтиринг.

10 Лекин айримлар нима учун мағрурона йўл тутишлари мумкинлигининг бошқа сабаблари ҳам бор. Мисол тариқасида Ибтидо 20:2–7 ва Матто 26:31–35 даги баёнотларни кўриб чиқайлик. Абумалек ва Бутрус ўзбилармонларча йўл тутишларига ростдан ҳам уларнинг тана истаклари сабаб бўлганмиди? Ёки улар шунчаки барча тафсилотларни билишмагани ё ўйламай иш қилишгани учун шундай йўл тутишганми? Шундай экан, бошқаларнинг ниятлари ҳақида шошиб хулоса чиқаришдан қочсак, ҳам доноликни, ҳам севгини намоён этган бўламиз. (Ёқуб 4:12 ни ўқинг.)

ХУДОНИНГ ТУЗУМИДАГИ ЎРНИНГИЗ

11. Камтаринлик Худо ўрнатган тузумда ўз ўрнимизни тушуниш билан қандай боғлиқ?

11 Камтаринлик Худо ўрнатган тузумда ўз ўрнимизни тушунишдан бошланади. Тартиб Худоси сифатида Яҳова ҳар биримизга Унинг тузумида фаолият олиб боришимиз учун муайян ўрин ёки соҳани ажратиб берган. Ҳар биримизнинг жамоатдаги ўрнимиз бўлакчадир ва барчамиз кераклимиз. Яҳова Ўзининг инояти туфайли ҳар биримизга ўзгача инъомлар, фазилатлар, қобилиятлар ва маҳоратлар ато этган. Биз улардан Уни шарафлаш ҳамда бошқаларга фойда келтириш мақсадида фойдаланишимиз мумкин. (Рим. 12:4–8) Яҳова бизга бундай масъулиятни юклаб, бизни ҳурмат қилишини, ишонишини ва масъулиятли вазифаларни топширишга тайёр эканини намоён этди. (1 Бутрус 4:10 ни ўқинг.)

Топшириғимиз ўзгарганида, Исонинг ўрнаги бизга қандай ёрдам бериши мумкин? (12–14- хатбошиларига қаранг.)

12, 13. Баъзида Худонинг тузумидаги ўрнимиз ўзгариб турса, нега ҳайрон қолмаслигимиз керак?

12 Аммо Худонинг тузумидаги ўрнимиз абадий эмас. Боиси, вақт ўтиб у ўзгариши мумкин. Келинг, Исонинг мисолини олайлик. Дастлаб, у Яҳова билан бир ўзи бўлган. (Ҳик. 8:22) Кейинчалик у бошқа руҳий мавжудотлар, коинот ва охири одамларни ҳам яратишда кўмаклашган. (Колос. 1:16) Сўнгра у ер юзига келиб, янги вазифани бажарган: аввал ожиз бир гўдак, кейин эса етук киши сифатида. (Филип. 2:7) Кейин эса Исо ўзини қурбон қилиб ўлди ва 1914 йили Худонинг Шоҳлигида шоҳ бўлиш учун самодаги илоҳий ҳаётга қайтди. (Иброн. 2:9) Лекин бу унинг вазифаси охирги марта ўзгарди, дегани эмас. Боиси, Минг йиллик бошқарувидан кейин Исо, «Аллоҳ барча нарсанинг ягона Эгаси бўлиши» учун, Шоҳликни Яҳованинг қўлига топширади. (1 Кор. 15:28)

13 Шунга ўхшаб, гоҳида бизнинг ҳам вазифаларимиз ўзгариши мумкин. Одатда бунга чиқарган қарорларимиз сабаб бўлади. Мисол учун, илгари сиз бўйдоқ ё турмушга чиқмаган эдингиз, энди эса оила қурган бўлишингиз мумкин. Эҳтимол, фарзанд катта қилишни бошлагандирсиз. Балки сўнгги йиллар мобайнида тўла вақтли хизматни бошлаш учун ҳаётингизни соддалаштиргандирсиз. Ушбу қарорларнинг ҳар бири сизга муайян имтиёзлар бериб, гарданингизга масъулият юклаган. Ҳа, ўзгараётган  шароитларимиз фаолиятимизни олиб бориш доирасини кенгайтириши ёки чеклаши мумкин. Аммо ёш ё қари, соғлом ё касал бўлишимиздан қатъи назар, Яҳова Унинг хизматида биздан қандай фойдаланишни яхши билади. У биздан кучимиздан ортиғини кутмайди, аксинча, нимаики қилмасак, ҳаммасини юқори қадрлайди. (Иброн. 6:10)

14. Қай йўсин камтарона нуқтаи назар бизга ҳар қандай вазиятда ҳам мамнун бўлиб, қувончни сақлашга ёрдам беради?

14 Исо олган ҳар бир топишириғини қувонч ила бажарган ва биз унга тақлид қила оламиз. (Ҳик. 8:30, 31) Камтар инсон жамоатда унга кам вазифалар ёки масъулият топширилган, деб ўйламайди. Шунингдек, у шарафли вазифаларга эга бўлиш ёхуд бошқаларнинг ютуқлари борасида ташвишланмайди. Аксинча, у бор кучини ҳозирги вазифасидан фойда ва қувонч топишга қаратади, чунки бу вазифани унга Худо берганини тушунади. Шу билан бирга, у Яҳова бошқаларга ажратган ўрин ё берган вазифани астойдил ҳурмат қилади. Ҳақиқатдан ҳам, камтарлик бошқаларга ўринли ҳурмат кўрсатиб, уларни қўллаб-қувватлашдан завқ топишимизга кўмаклашади. (Рим. 12:10)

КАМТАРЛИККА НИМА КИРМАЙДИ?

15. Гидўннинг камтаринлигидан нимани ўрганишимиз мумкин?

15 Гидўн камтарликни амалда намоён этишда аъло ўрнакдир. Яҳова унга Исроил халқини мидиёнликлар қўлидан халос этишни тайинлаганида, у шундай деган: «Менинг уруғим Манаше қабиласининг энг заифи бўлса, ўзим эса отам хонадонининг кенжасиман». (Ҳак. 6:15) Гидўн Яҳовадан  топшириқ олганидан сўнг, ундан нима талаб қилинаётганини яхшилаб тушунганига амин бўлиб, Яҳовадан йўл-йўриқ излаган. (Ҳак. 6:36–40) У кучли ва жасоратли эди. Аммо шунга қарамай, у эҳтиёткорлик ва фаҳм-фаросат ила йўл тутди. (Ҳак. 6:11, 27) Қолаверса, вазифасидан машҳур бўлиб кетиш ниятида фойдаланмади. Бунинг ўрнига, имкон туғилиши биланоқ, хурсанд бўлиб эски жойига қайтди. (Ҳак. 8:22, 23, 29)

16, 17. Маънан ўсиш борасида ўйлаётиб, камтарин инсон нималарни инобатга олади?

16 Камтарин бўлиш хизматда ҳеч қачон қўшимча шарафли вазифаларни олмасликни ёки уларга интилмасликни англатмайди. Зеро, Муқаддас Ёзувлар бизни маънан ўсишга ундаяпти. (1 Тим. 4:13–15) Лекин бунинг учун доим ҳам вазифаларни ўзгартириш талаб қилинадими? Йўқ, шарт эмас. Боиси, қандай хизматда иштирок этишимиздан қатъи назар, Яҳованинг баракаси ёрдамида маънавий камолотга эришишимиз мумкин. Биз Аллоҳ берган қобилиятларни ривожлантиришда ва яхшилик қилишда давом эта оламиз.

17 Янги топшириқни олишдан олдин, камтарин инсон аввало ундан нима талаб қилинишини аниқлайди. Ўшандан кейингина у ўзининг шароитларига холисона баҳо бера олади. Масалан, у бошқа муҳим ишларни бажариш билан бир қаторда кўпроқ вазифаларни ёки масъулиятни зиммасига олишни уддалай оладими? Янги топшириқни бажара олиш учун у ҳозир қилаётган ишини қисман бошқаларга топшира оладими? Агар у мазкур саволларга ё бўлмаса улардан бирига «йўқ», деб жавоб берса, эҳтимол, ҳозирги пайтда бу вазифани бошқа кимдир яхшироқ бажара олиши мумкиндир. Бунга ибодат ила ва реал ёндашиш ҳозирги қобилиятларимиз ҳамда чегараланган имкониятларимизни инобатга олган ҳолда ўзимизга ортиқчасини юкламасликка ёрдам беради. Бундай вазиятларда камтарлик бизни «йўқ» дейишга ундаши мумкин.

18. а) Янги топшириқ олганимизда, камтарлик бизни нима қилишга ундайди? б) Римликларга 12:3- оят камтарин одамга нимаси билан тегишли?

18 Янги топшириқ олганимизда, Гидўннинг мисоли бизга Яҳованинг баракасию йўл-йўриғисиз муваффақият қозона олмаслигимизни эслатиб туради. Устига-устак, Муқаддас Китобда: «Камтар бўлиб, Худонинг йўлидан юргин»,— деб айтилган. (Михо 6:8) Шундай экан, ҳар сафар янги вазифаларни олганимизда, Яҳова Каломи ва ташкилоти орқали нима деяётгани тўғрисида ибодат ила мулоҳаза юритишимиз лозим. Ҳа, биз ўзгарувчан қадамларимизни Яҳованинг ўзгармас намунасига мослаштиришни ўрганишимиз даркор. Ўз қобилиятимиз эмас, балки Яҳованинг камтарлиги бизни «юксалтирганини» унутмайлик. (Заб. 17:36) Камтар бўлиб, Худонинг йўлидан юриш ўзимизга ҳаддан ташқари паст қарамасликка ва ўзимиз ҳақимизда керагидан ортиқ ўйламасликка ёрдам беради. (Римликларга 12:3 ни ўқинг.)

19. Қайси сабабларга кўра камтарликни ривожлантиришимиз керак?

19 Камтарин инсон Яҳова эгаллашга лойиқ бўлган шон-шарафни Унга ёғдиради, нега деганда, Яҳова — Яратувчи ҳамда Сарвари Коинотдир. (Ваҳ. 4:11) Камтарлик бизга Худонинг тузумидаги ўрнимиз билан қаноатланишга ва самара келтиришга ёрдам беради. Боз устига, камтарлик бизни виждонсизларча йўл тутишдан асраб, Яҳованинг халқи орасида якдиллик ҳукм суришига ҳисса қўшади. Шу сабабларга кўра, камтарлик ҳозир ҳам Аллоҳнинг халқи учун аҳамиятлидир ҳамда Яҳова бу фазилатни ривожлантирганларни жуда қадрлайди. Босим остида қолганимизда-чи, қандай йўл тутамиз? Келаси мақолада қай йўсин таранг вазиятларда камтаринликни сақлашимиз мумкинлиги хусусида сўз боради.