Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Қўриқчи минораси» (тадқиқ сони)  |  Январь 2017

Ишончли инсонларга масъулиятни топшириш

Ишончли инсонларга масъулиятни топшириш

Мендан эшитган нарсаларни, бошқаларга таълим беришга муносиб бўладиган ишончли инсонларга ҳам етказ. 2 ТИМ. 2:2

ҚЎШИҚЛАР: 42, 53

1, 2. Аксарият одамлар ўз касб-корларига нисбатан қандай нуқтаи назарда?

ОДАТДА одамлар ўз қадр-қимматини касб-корларига қараб баҳолашади. Кўпчиликнинг фикрича, иш ё мансаб одамнинг ўзига бўлган ҳурматини белгилайди. Баъзи маданиятларда инсонлар ўзаро танишганда, даставвал берадиган саволлардан бири қуйидагичадир: «Нима билан шуғулланасиз?»

2 Айримда Муқаддас Китоб одамларни улар қилган ишига кўра таърифлайди. Масалан, унда «солиқчи Матто», «чарм тайёрловчи Симун» ва «севикли табиб Луқо» ҳақида гап боради. (Мат. 10:3; Ҳавор. 10:6; Колос. 4:14) Шунингдек, илоҳий вазифалар ва имтиёзлар орқали ҳам инсонлар ҳақида маълумотга эга бўламиз. Чунончи, Муқаддас Ёзувларда шоҳ Довуд, Илёс пайғамбар ва ҳаворий Павлус тўғрисида ўқиймиз. Улар Аллоҳдан олган вазифаларини қадрлашган. Биз ҳам хизматда шарафли вазифаларга эга бўлсак, уларнинг қадрига етишимиз зарур.

3. Нега кекса имондошларимиз ёшроқ бўлганларни ўргатишларига эҳтиёж бор? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

3 Кўпчилигимиз зиммамизга топширилган вазифаларни яхши кўрамиз ва улар билан ҳечам видолашгимиз келмайди.  Лекин таассуфки, Одамато давридан бошлаб бир авлод ўтиб, ўрнига бошқаси келмоқда. (Воиз 1:4) Ҳозирги пайтда эса бу алмашув масиҳийлар учун ўзгача қийинчиликлар туғдиряпти. Маълумки, Яҳованинг халқи бажараётган ишнинг кўлами ва мураккаблиги ошиб бормоқда. Янги лойиҳалар устида ишлашни бошлаганимиз сайин, янгича услубларни қўллаб келяпмиз ва буни, аксар ҳолларда, шиддат ила ўзгараётган технологиялар ёрдамида амалга ошириб келмоқдамиз. Аммо баъзи кекса имондошларимиз учун мазкур технологиялар билан ҳамнафас бўлиш осон эмас. (Луқо 5:39) Ҳар доим ҳам шундай бўлмаса-да, ёшроқ имондошларимиз барибир қариларга қараганда кўпроқ куч ва ғайратга эга бўлишлари мумкин. (Ҳик. 20:29) Кўриб турганимиздек, кекса имондошларимиз ёшроқ бўлганларни кўпроқ масъулият олиш учун тайёрлашлари ҳам севгидан, ҳам доноликдан далолат беради. (Забур 70:18 ни ўқинг.)

4. Нега айримлар учун ўз вазифалари билан улашиш қийин бўлиши мумкин? (« Нега баъзи одамлар ўз вазифалари билан бўлишишмайди?» номли рамкага қаранг.)

4 Муайян ваколатга эга бўлган кишилар учун ёшроқ бўлганларга ўз вазифаларини топшириш қийин бўлиши мумкин. Баъзилар ўз вазифаларидан маҳрум бўлишдан хавотирланишади. Айримлар эса, ёшроқ бўлганлар вазифаларини уларчалик яхши бажара олмаслигига амин бўлиб, назоратни қўлдан бой беришдан қўрқишади. Яна бошқалар кимгадир «таълим беришга вақтим йўқ» деб баҳона қилишади. Ёшроқ бўлганлар, ўз навбатида, «менга кўпроқ вазифалар берилмаяпти» дея, бесабрлик қилишдан эҳтиёт бўлишлари лозим.

5. Мазкур мақолада қайси саволлар муҳокама қилинади?

5 Келинг, вазифалар билан бўлишиш масаласининг икки қиррасини кўриб чиқайлик. Биринчиси, қай тариқа ёши катта имондошлар ёшроқ бўлганларга кўпроқ масъулият олишга кўмаклашишлари мумкин ва нега бу аҳамиятлидир? (2 Тим. 2:2) Иккинчиси, нега ёшроқ бўлганлар тажрибалироқ имондошлар билан ҳамкорлик қилиш ва улардан ўрганиш чоғида тўғри нуқтаи назарни сақлашлари зарур? Авваламбор, қай йўсин шоҳ Довуд ўғлини муҳим масъулиятни зиммасига олишга тайёрлаганини кўрайлик.

 ДОВУД СУЛАЙМОННИ ТАЙЁРЛАГАН ВА ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАГАН

6. Шоҳ Довуднинг қандай истаги бор эди ва Яҳова унга нима деди?

6 Довуд йиллар давомида қочоқ бўлиб яшагандан сўнг шоҳ бўлади ва шинам уйда яшайди. У Яҳова учун аталган «уй», яъни маъбад йўқлигидан хавотирланиб, шундай уй бунёд этмоқчи бўлади. Шу боис, Довуд Натан пайғамбарга қуйидагини айтади: «Қаранг, мен садр ёғочидан қурилган уйда яшаяпман, Эгамизнинг аҳд сандиғи эса чодирда турибди». Шунда Натан жавобан: «Кўнглингда нима бўлса, шуни қилавер, Худо сен билан»,— деди. Лекин Яҳова бошқача йўл-йўриқ берганди. У Натан орқали Довудга қуйидагини аён қилди: «Истиқомат қилишим учун уйни Менга сен қурмайсан». Гарчанд Яҳова Довудни барака ёғдиришда давом этишига севги ила ишонтирган бўлса-да, маъбадни Довуд эмас, унинг ўғли Сулаймон қуришини айтади. Хўш, Довуд бунга қандай муносабат билдиради? (1 Сол. 17:1–4, 8, 11, 12; 29:1)

7. Довуд Яҳованинг йўл-йўриғига қандай муносабат билдирди?

7 Довуд маъбадни қуриш шарафидан маҳрум бўлганини ўйлаб юриши мумкин эди. Бунинг ўрнига, у ўз ёрдамини дариғ тутмади. Ҳолбуки, иншоот Довуднинг эмас, Сулаймоннинг маъбади сифатида танилди. Довуд қалбидаги истакни бажара олмаганидан ўксинган бўлиши мумкинлигига қарамай, ушбу лойиҳага катта ҳисса қўшди. У ишчилар гуруҳларини ғайрат билан ташкиллаштириш билан бирга темир, мис, кумуш, олтин ва кедр ёғочларини ғамлаб ҳам қўйди. Кейин Сулаймонга: «Энди, ўғлим, Эгам сенга ёр бўлсин. Унинг уйини қураётганингда Эганг Худо Ўз ваъдасига мувофиқ, сени муваффақиятга эриштирсин»,— дея далда берди. (1 Сол. 22:11, 14–16)

8. Нима учун Довуд Сулаймонни лаёқатсиз деб билиши мумкин эди, аммо у қандай йўл тутди?

8 1 Солномалар 22:5 ни ўқинг. Довуд унинг ўғли Сулаймон бундай аҳамиятли лойиҳани бошқаришга лаёқатли эмас, деб хулоса қилгани эҳтимолдан йироқ эмас. Ахир маъбад «салобатли» бўлиши керак эди, Сулаймон эса ўшанда «ёш, тажрибасиз» эди. Лекин Довуд бундай ишни бажаришга Яҳова Сулаймонни қобил қилишини биларди. Шу сабабли, Довуд диққатини қўлидан келган ишга қаратиб, улкан миқдорда хомашё тайёрлаб қўйди.

БОШҚАЛАРГА ТАЪЛИМ БЕРИШ ҚУВОНЧИНИ ҲИС ЭТИНГ

Ёшроқ биродарлар кўпроқ масъулият олишаётганини кўриш қувончлидир (9- хатбошига қаранг.)

9. Қандай қилиб катта ёшли биродарлар масъулиятни бошқаларга топширганда қувонишлари мумкин? Мисол келтиринг.

9 Ёши катта биродарлар, вазифаларини улардан ёшроқ бўлганларга топширишга тўғри келганда, хафа бўлишлари керак эмас. Сабаби, ёшроқ биродарлар ҳам масъулиятни зиммасига олишса, бу шоҳлик иши олға сурилишига ҳисса қўшади. Тайинланган биродарлар ўзлари таълим берган ёшроқ биродарлар эндиликда вазифаларни олишга лаёқатли бўлганини кўриб, бениҳоя қувонишади. Буни тушуниш учун ўғли машина ҳайдашни ўрганаётган отани фараз қилинг. Болалигида ўғли дадаси машинани қандай ҳайдашини шунчаки кузатади. Каттароқ бўлганида,  отаси ўғлига буни қандай қилганини тушунтиради. Балоғат ёшига етгач эса, фарзанд машинани ўзи ҳайдашни бошлайди ва дадаси унга ҳали-ҳануз йўл-йўриқлар беришда давом этади. Баъзида улар машинани галма-гал ҳайдашади, аммо вақт ўтиб, ўғли ёши ўтган дадасини деярли ҳар доим ўзи машинасида олиб юради. Ўшанда доно ота ўғли масъулиятни зиммасига олганидан хурсанд бўлади ва ўғлимни назорат қилишим керак, деб ўйламайди. Шунга ўхшаб, ёши улуғ биродарлар ёшроқ бўлганларни илоҳий вазифаларни олиш учун тайёрлашганидан фахрланишади.

10. Мусо обрў ва ҳокимият хусусида қандай фикрда эди?

10 Биз, ёши катталар, ҳасаддан қочишимиз керак. Келинг, Исроил қароргоҳидаги айримлар ўзларини пайғамбарлардай тута бошлашганини кўрган Мусо қандай муносабат билдирганига эътибор қаратайлик. (Саҳрода 11:24–29 ни ўқинг.) Мусонинг ёрдамчиси Ёшуа, афтидан, бундай одамлар Мусонинг обрўсини тўкишмоқчи ва ҳокимиятни эгаллашмоқчи, деб ўйлаб, уларни тўхтатишга уринади. Аммо Мусо жавобан шундай дейди: «Сен менинг манфаатимни кўзлаб, шу гапларни айтяпсанми? Менга қолса, Эгамнинг бутун халқи пайғамбар бўлсин, Эгамиз Ўз Руҳини уларнинг ҳаммасига берсин, дейман». Мусо бу вазиятда Яҳованинг қўлини кўрди. Бундай йўл тутиб, у ўзига шараф изламаётганини ва Яҳованинг барча хизматчилари у сингари маънавий ҳадялардан баҳраманд бўлишларини истаётганини кўрсатди. Шундай экан, бошқаларга биз эга бўлишимиз мумкин бўлган шарафли вазифалар топширилганда, наҳотки Мусога ўхшаб севинмасак?!

11. Ўз вазифасини бошқаларга топшириш тўғрисида бир биродар қандай фикр билдирди?

11 Бугунги кунда ўнлаб йиллар мобайнида ғайрат ила хизмат қилиб, бошқаларни кўпроқ масъулиятни олишга тайёрлаб келаётган биродарлар бисёр. Чунончи, Питер исмли бир биродаримиз 74 йилдан зиёд тўла вақтли хизматда иштирок этиб, улардан 35 йилини Европадаги бир филиалда хизмат қилишга бағишлади. Яқин-яқингача у Хизмат бўлимининг нозири бўлиб келди. Питердан ёшроқ бўлган ва у билан бир неча йил елкама-елка хизмат қилган Пол ҳозирда унинг вазифасини бажариб келмоқда. Вазифаси ўзгаргани Питерга қандай таъсир қилгани ҳақда сўрашганда, у қуйидагича бўлишди: «Кўпроқ масъулиятни олиш учун таълим олган биродарлар борлигидан ва улар ўз ишларини қиёмига етказиб бажаришаётганини кўришдан ғоят мамнунман!»

ОРАМИЗДАГИ ЁШИ КАТТАЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАНГ

12. Рахабомнинг мисолидан қандай сабоқ олсак бўлади?

12 Сулаймон вафот этганидан кейин, ўрнига ўғли Рахабом шоҳ этиб тайинланди. Рахабом ўз вазифаларини бажариш учун маслаҳатга муҳтож бўлганида, биринчи навбатда, ёши катталарга мурожаат қилди. Лекин у уларнинг маслаҳатига амал қилишнинг ўрнига, бирга ўсган ва ўзига хизмат қилган ёш йигитларнинг маслаҳатига қулоқ тутди. Бу фожиали якун топди. (2 Сол. 10:6–11, 19) Хўш, бундан қандай сабоқ? Ёши улуғ ва тажрибали бўлганлардан маслаҳат излаш ва улар берган маслаҳат борасида яхшилаб ўйлаб кўриш оқилонадир. Ёшроқ бўлганлар вазифаларини эскича тарзда бажаришга кишанлангандек ҳис қилмасликлари ва, шу билан бирга, катта ёшдагиларнинг маслаҳатини рад этишга шошилмасликлари даркор.

13. Ёшроқ бўлганлар қариялар билан қай тариқа ҳамкорлик қилишлари лозим?

13 Айни пайтда баъзи ёшроқ биродарлар кекса биродарлар устидан нозир этиб тайинланишган. Ёшроқ биродарларнинг вазифаси ўзгарган бўлса ҳам, улар қарорлар чиқаришдан аввал қария имондошларнинг донолигию тажрибасидан фойда олишга ҳаракат қилишса, нур устига аъло нур бўлади. Юқорироқда тилга олинган ва Питернинг ўрнига Байтилдаги бир бўлим устидан нозир этиб тайинланган Пол қуйидагича фикр билдирди:  «Питер билан маслаҳатлашишга вақт ажратардим ва бўлимдаги бошқаларни ҳам шундай йўл тутишга ундардим».

14. Тимўтий ва Павлуснинг ҳамкорлигидан нимани ўрганяпмиз?

14 Ёш Тимўтий кўплаб йиллар мобайнида ҳаворий Павлус билан ҳамкорлик қилганди. (Филиппиликларга 2:20–22 ни ўқинг.) У ҳақда Павлус Коринфликларга шу сўзларни ёзганди: «Мен ёнингизга Тимўтийни юборяпман. У Ҳазратимиз йўлида менинг севикли ва ишончли фарзандимдир. Исо Масиҳ хизматида мен ҳар ерда, барча жамоатларда ўргатиб келаётган усулларни у сизларга эслатади». (1 Кор. 4:17) Ушбу парчадан Павлус ва Тимўтий яқиндан ҳамкорлик қилишгани кўриниб турибди. Ҳа, Павлус Тимўтийга хизматнинг турли усулларни ўргатиш учун вақт ажратган. Тимўтий яхши ўқувчи бўлган ва Павлуснинг меҳрини қозонган. Павлус эса, ўз ўрнида, Тимўтий Коринфдаги имондошларнинг маънавий эҳтиёжларига ғамхўрлик қила олишига амин бўлган. Дарҳақиқат, Павлус бугунги кунда биродарларга масъулиятни олишлари учун таълим бераётган оқсоқолларга ажойиб намунадир!

ҲАР БИРИМИЗНИНГ ЎРНИМИЗ БЎЛАКЧАДИР

15. Ўзгаришларга дуч келганимизда, Павлуснинг Римдаги масиҳийларга берган маслаҳати бизга қандай ёрдам беради?

15 Биз ҳаяжонли дамларда яшаяпмиз. Яҳова ташкилотининг ердаги қисми кўп томонлама ўсиб бормоқда ва бу ўсиш ўзгаришларни тақозо этмоқда. Ўзгаришлар шахсан бизга таъсир қилар экан, келинг, ўзимизнинг эмас, Шоҳлик манфаатларига кўз тикиб, камтарин бўлайлик. Зеро бу ҳамжиҳатликка ҳисса қўшади. Павлус Римдаги масиҳийларга қуйидагини ёзганди: «Ҳар бирингизга шундай деяпман: ўз ҳақингизда керагидан ортиқ ўйламанглар. Лекин ақли расо бўлиб юриш учун ҳар бирингиз ўз тўғрингизда Худодан олган имонга яраша ўйланглар. Баданимизда аъзолар кўп бўлгани билан, ҳаммаси ҳам битта вазифани бажармайди. Биз ҳам кўп бўлганимизга қарамай, Масиҳ билан бирликда битта танани ташкил этамиз». (Рим. 12:3–5)

16. Кекса ва ёшроқ биродарлар хотинлари билан биргаликда Яҳованинг ташкилотида тинчлик ва бирликни сақлаш учун қандай ҳисса қўша олишади?

16 Келинг, шароитларимиз қандай бўлишидан қатъи назар, ҳаммамиз Яҳованинг муаззам Шоҳлиги манфаатларини олға суриш йўлида меҳнат қилайлик. Сиз, ёши катталар, ёшроқ бўлганларга ўзингиз бажараётган ишни ўргатинг. Сиз, ёшлар, масъулиятни гарданингизга олинг, камтарин бўлинг ва ёши катталарни доимо ҳурмат қилинг. Сиз, хотинлар, Акилага ҳамроҳ бўлган ва, шароитлари ўзгарганида ҳам, уни сидқидилдан қўллаб-қувватлаган хотини Прискилладан ўрнак олинг. (Ҳавор. 18:2)

17. Исо унинг шогирдлари нима қила олишларига амин эди ва у уларни қайси иш учун тайёрлади?

17 Ўзгаларни кўпроқ масъулият олишга ўргатишда Исо энг аъло ўрнакдир. У ер юзидаги хизмати ўз поёнига етишини ва бошқалар у бажарган ишни давом эттиришларини биларди. Шогирдлари номукаммал бўлишига қарамай, Исо уларга ишонган ва улар ундан ҳам ортиқ ишларни қилишларини айтган. (Юҳан. 14:12) Исо шогирдларига қунт билан таълим берган ва натижада улар хушхабарни барча ерларда ваъз қилишган. (Колос. 1:23)

18. Бизни қандай келажак кутмоқда ва ҳозирнинг ўзида нима қилишимиз мумкин?

18 Ҳаётини қурбон қилиб ўлгандан кейин, Исо тирилиб осмонга кўтарилди ва унга «ҳар қандай ҳукумат ва ҳокимиятдан, қудрату ҳукмронликдан» анча кўпроқ вазифа берилди. (Эфес. 1:19–21) Садоқатли қолиб Армагеддондан олдин ўлган тақдиримизда ҳам, адолатли янги дунёда тириламиз ва у ерда бизни кўплаб завқбахш ишлар кутади. Лекин ҳозир барчамиз хушхабарни эълон қилиш ва шогирд тайёрлаш каби ниҳоятда аҳамиятли ишда иштирок эта оламиз. Илоё, ёшу қари — ҳаммамиз «доимо Раббимизнинг иши билан банд бўлайлик»! (1 Кор. 15:58)