Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ЯНВАРЬ 2017

Синовлар пайтида камтарликни сақлай оласиз

Синовлар пайтида камтарликни сақлай оласиз

Камтар бўлиб, Худонинг йўлидан юргин. МИХО 6:8

ҚЎШИҚЛАР: 48, 1

1–3. Исми номаълум бўлган яҳудолик пайғамбар нима қила олмади ва бунинг оқибати қандай бўлди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

КУНЛАРДАН бир кун, шоҳ Ерибом ҳукмронлиги даврида, Яҳова яҳудолик бир ёш пайғамбарни Исроилнинг муртад шоҳига даҳшатли ҳукмни айтиш учун юборади. Камтарин пайғамбар Худонинг хабарини аниқ етказади ва Яҳова Ўз хизматчисини Ерибомнинг қаҳр-ғазабидан ҳимоялайди. (3 Шоҳ. 13:1–10)

2 Уйга қайтаётганида, пайғамбар тўсатдан Байтил яқинидаги жойдан бўлган нуроний ёшдаги кишини учратиб қолади. Бу киши ўзини Яҳованинг пайғамбари қилиб кўрсатади. У, шунингдек, ёлғон ишлатиб, ўша ёш кишини Яҳованинг «у ерда [Исроилда] нон ҳам емайсан, сув ҳам ичмайсан, борган йўлингдан қайтмайсан» деган амрига бўйсунмасликка ундайди. Яҳова бундан мамнун бўлмади. Кейинроқ Яҳованинг пайғамбари уйга қайтаётганида, олдидан бир шер чиқиб, уни ўлдиради. (3 Шоҳ. 13:11–24)

3 Нега бир пайтлари камтарин бўлган пайғамбар ўзбошимчалик қилиб, ўша ёлғончи кекса кишининг гапига кирди? Аллоҳнинг Каломида бу ҳақда айтилмаган. Эҳтимол, у «камтар бўлиб, Худонинг йўлидан юриши» кераклигини бутунлайин эсдан чиқариб юборгандир. (Михо 6:8 ни ўқинг.) Муқаддас Китобга кўра,  Худонинг йўлидан юриш — Унга ишониш, Унинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлаш ва Унга бўйсунишни англатади. Камтарин инсон меҳрибон ва қодир Отаси билан доим мулоқотда бўлиш учун имкони борлигини ва бундай қилиши кераклигини яхши билади. Пайғамбар Яҳовадан бу йўл-йўриқларни равшанлаштиришини сўраши мумкин эди, аммо у бундай қилгани ҳақида Муқаддас Ёзувларда ҳеч нарса қайд этилмаган. Баъзан биз ҳам қийин қарорлар олдида турамиз ва қайси йўл тўғри экани ҳар доим ҳам аниқ кўринмайди. Камтарлик ила Яҳованинг йўл-йўриғини излаш эса бизга жиддий хатоларнинг олдини олишга кўмаклашади.

4. Ушбу мақолада нимани билиб оламиз?

4 Олдинги мақоладан нега масиҳийлар учун камтарлик ҳозир ҳам аҳамиятли эканини ва унга нима киришини билиб олдик. Лекин қайси вазиятларда камтарлигимиз синалиши мумкин? Қай тариқа камтаринлик каби қимматли фазилатни ҳатто босим остида қолганимизда ҳам сақлаб, ривожлантира оламиз? Мазкур саволларга жавоб топиш учун, камтарлигимиз синалиши мумкин бўлган учта одатий вазиятни ва қандай қилиб ҳар бир вазиятда оқилона йўл тутишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз. (Ҳик. 11:2)

ШАРОИТЛАРИМИЗ ЎЗГАРГАНДА

5, 6. Қай йўсин Борзулай камтарликни намоён этди?

5 Шароитларимиз ёки вазифаларимиз ўзгарганда, камтаринлигимиз синалиши мумкин. Мана бир мисол: Довуд 80 яшар Борзулайга подшоҳ саройида яшашни таклиф қилиб, уни улкан шарафга лойиқ деб топган эди. Довуднинг таклифини қабул қилиш унга кейинчалик ҳам шоҳ хонадонида ҳузур-ҳаловатда яшаш имконини берарди. Аммо Борзулай таклифни рад этади. Қизиқ, нега? Ёши қайтгани учун у Довудга ортиқча юк бўлишни истамаслигини айтади. Шундай қилиб, Борзулай, афтидан ўғилларидан бири бўлган Химханни ўз ўрнига тавсия этади. (2 Шоҳ. 19:31–37)

6 Камтарлик Борзулайга доно қарор чиқаришга ёрдам берди. У Довуднинг таклифини бўйнимга масъулият олиш учун талабларга мос келмайман, деб ўйлагани ёки қариганида осойишта ҳаёт кечиришни истагани сабабли рад этгани йўқ. У шунчаки вазияти ўзгарганини ва имкониятлари чегараланганини тан олди-қўйди. У кучидан ортиғини зиммасига олишни истамади. (Галатияликларга 6:4, 5 ни ўқинг.) Борди-ю, диққатимизни мартаба, обрў ё шуҳрат қозонишга қаратсак, худбинлик, рақобат ва охири, умидсизлик ботқоғига ботиб кетамиз, холос. (Галат. 5:26) Камтарлик эса, Худога шараф келтиришда ва бошқаларга кўмаклашишда имондошларимиз билан елкама-елка меҳнат қилишга ундайди. (1 Кор. 10:31)

7, 8. Қай тариқа камтарлик ўзимизга ишониб қолмасликка ёрдам беради?

7 Катта ҳокимият — катта жавобгарликдир ва бу туфайли камтарлигимиз синалиши мумкин. Бу борада Нахимиёдан сабоқ олсак бўлади. У Қуддусдаги халқнинг аҳволи ҳақида эшитиб, Яҳовага қаттиқ илтижо қилади. (Нахим. 1:4, 11) Шунда Яҳова Нахимиёга барака беради: шоҳ Артахшас уни вилоят ҳокими этиб тайинлайди. Лекин Нахимиё мавқе, бойлик ва катта ҳокимиятга эга бўлишига қарамай, ҳеч қачон ўз тажрибасига ё қобилиятларига таянмайди. У Худонинг йўлидан юриб, доим Унинг Каломидан йўл-йўриқлар излайди. (Нахим. 8:1, 8, 9) Бундан ташқари, Нахимиё бошқалар устидан ўз ҳукмини ўтказмайди, аксинча, ўз ҳисобидан уларга хизмат қилади. (Нахим. 5:14–19)

8 Нахимиёнинг мисоли қай йўсин камтарлик вазифамиз ўзгарганида ёки қўшимча масъулият олганимизда, ўзимизга ишониб қолмасликка ёрдам беришини кўрсатяпти. Оқсоқол дастлаб Яҳовага ибодат қилмасдан, фақатгина ўз тажрибасига ишониб, жамоат ишлари билан шуғуллана бошлаши мумкин. Бошқалар эса аввал қарор чиқаришади-да, кейин Яҳовадан ибодатда қарорларига  барака беришини сўрашади. Аммо бу камтарликдан далолат берадими? Йўқ, чунки камтарин инсон Худонинг олдидаги ўрнини ва Унинг тузумидаги вазифасини ҳамиша ёдида тутади. Гап шундаки, қобилиятларимиз асосий нарса эмас. Айниқса таниш вазият ёхуд муаммога дуч келганимизда, ўзимизга таяниб қолишдан эҳтиёт бўлишимиз керак. (Ҳикматлар 3:5, 6 ни ўқинг.) Худо уйининг аъзолари сифатида биз диққатимизни мавқега эришиш ёки мансаб пиллапоясидан кўтарилишга эмас, оиламиздаги ва жамоатимиздаги вазифамизни бажаришга қаратишимиз зарур. (1 Тим. 3:15)

ТАНҚИД ЁКИ МАҚТОВНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ

9, 10. Қай йўсинда камтарлик адолатсиз танқидга дуч келганимизда ёрдам бериши мумкин?

9 Адолатсиз танқидга дуч келганимизда, ҳис-туйғуларимизни назорат қилиш қийин кечиши мумкин. Масалан, Ханнанинг кундоши Панинна уни бераҳмларча танқид қилгани учун, у тез-тез йиғлаб турарди. Ханнанинг эри уни яхши кўрарди, лекин у бепушт эди. Тасаввур қилинг, бир куни у маъбадда ибодат қилганида, олий руҳоний Элах адашиб, уни маст деб ўйлайди. Шунга қарамай, камтарин Ханна тутақиб кетмади ва Элахга мулойим жавоб қайтарди. Унинг таъсирли ибодати Муқаддас Ёзувларда қаламга олинган. Ханнанинг ибодатида Аллоҳга бўлган имони, мақтов ва миннатдорчилик сўзлари ўз ифодасини топган. (1 Шоҳ. 1:5–7, 12–16; 2:1–10)

10 Камтарлик бизга, шунингдек, «ёмонликни ҳамиша яхшилик билан мағлуб қилишга» кўмаклашади. (Рим. 12:21) Маълумки, Шайтоннинг дунёсидаги ҳаёт адолатсиздир. Шундай экан, ёмонлик қилувчиларнинг хатти-ҳаракатлари бизни аччиқлантиришига йўл қўймаслигимиз даркор. (Заб. 36:1) Имондошларимиз билан муаммолар пайдо бўлганида эса, бу янада оғир ботиши мумкин. Бундай вазиятларда камтарин инсон Исога тақлид қилади. Унинг ўрнаги ҳақида Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ҳақоратга ҳақорат билан жавоб қайтармаган... Аксинча, ўзини одил Ҳакамнинг қўлига топширган». (1 Бутр. 2:23) Кўриб турганимиздек, Исо қасос Яҳованинг қўлида эканини билган. (Рим. 12:19) Шу сингари масиҳийлар ҳам камтарин бўлишлари ва «ёмонликка  ёмонлик... билан жавоб қайтармасликлари» лозим. (1 Бутр. 3:8, 9)

11, 12. а) Хушомадгўйлик қилишганда ёки ортиқча мақташганда, камтарлик бизга қандай ёрдам бериши мумкин? б) Қай йўсин кийим-кечак, пардоз ва хулқ-атвор масаласида камтарликни намоён эта оламиз?

11 Ортиқча хушомадгўйлик ёки мақтов дастидан ҳам камтарлигимиз синалиши мумкин. Келинг, вазиятлар кескин ўзгарганда, Эстер қандай муносабат кўрсатганига диққат қаратайлик. У ниҳоятда соҳибжамол қиз эди ва уни бир йил мобайнида қимматбаҳо пардоз билан сийлашганди. У шоҳнинг эътиборини қозонишни истаган бутун Форс империясидаги кўплаб ёш аёллар билан ҳар куни тўқнашарди. Шунга қарамай, у мулойим қолган ва ўзини тута билган. Шоҳ уни ҳатто малика қилиб танлаганида ҳам, у ўзига бино қўймай, камтаринликни сақлаган. (Эст. 2:9, 12, 15, 17)

Кийимимиз ва пардозимизда Яҳовага ҳамда бошқаларга бўлган ҳурматимиз намоён бўляптими ё камтарлик етишмаётганими? (12- хатбошига қаранг.)

12 Камтарлик бизга доимо одоб-ахлоқ чегарасидан чиқмаган ҳолда кийинишга, пардоз қилишга ва йўл тутишга ёрдам беради. Биз одамларнинг қалбини мақтаниш ёки ўзимизга ортиқча эътибор қаратиш орқали эмас, балки «сокин ва мулойим руҳни» намоён этиб жалб қила олишимизни тушунамиз. (1 Бутрус 3:3, 4 ни ўқинг; Ерм. 9:23, 24) Қалбларимиздаги мағрурлик ҳисси бир кунмас-бир кун ишларимизда намоён бўлади. Масалан, биз ўзгача вазифаларимизга, махфий маълумотга ёки масъулиятли биродарлар билан ўзгача муносабатларга эга бўлганимизга шама қилишимиз мумкин. Ёхуд бошқалар ҳам ўз ҳиссасини қўшган ғоялару ютуқларни ўзимизники қилиб кўрсатишимиз мумкин. Бунда Исодан ўрнак олсак бўлади. У кўпинча Иброний Ёзувлардан гапирган ёки уларга ишора қилган. Шу тариқа Исо тингловчилари унинг сўзларини Яҳовадан деб билишларини ҳамда гапирганида ўз ақли ва донолигига асосланмаётганини тушунишларини истаган. Ҳа, Исо бунда ҳам камтарликни намоён этган. (Юҳан. 8:28)

НОАНИҚЛИККА ДУЧ КЕЛГАНДА

13, 14. Камтарлик тўғри қарорлар чиқаришга қандай ёрдам бера олади?

13 Қарор чиқариш керак бўлганда ҳам камтарлигимиз синалиши мумкин. Ҳаворий Павлус Кесарияда яшаганида, Агав исмли пайғамбар унга агар у Қуддусга борса, у ерда уни ҳибсга олишларини айтганди. Уни ҳатто ўлдиришлари мумкин эди. Бундан қўрққан биродарлар Павлусдан у ерга бормасликни ёлвориб сўрашган бўлса ҳам, у фикридан қайтмади. Бу вазиятда Павлус ўзини катта олмади, қўрқувга ҳам берилмади. У Яҳовага тўлиқ ишонди ҳамда Яҳова у бошлаган ишини қаерда давом эттиришига йўл қўйса, ўша ерда уни охиригача етказишга тайёр эди. Буни эшитган биродарлар камтарликни намоён этиб, Павлусни Қуддусга бориш қароридан бошқа қайтаришмади. (Ҳавор. 21:10–14)

14 Вазият қандай тус олиши тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлмаганимизда ёки уни назорат қила олмаганимизда, камтарлик бизга тўғри қарорлар чиқаришга ёрдам беради. Мисол учун, тўла вақтли хизматнинг муайян бир турида қатнашаётиб, касалликка чалинсак, нима юз бериши мумкин? Кекса ота-оналаримиз ёрдамга муҳтож бўлиб қолганда-чи? Қариганимизда-чи, ўзимизга қандай ғамхўрлик қиламиз? Қанча ибодат қилмайлик ё қанча изланиш олиб бормайлик, бу каби саволларга тўлиқ жавоб топа олмаймиз. (Воиз 8:16, 17) Яҳовага бўлган ишончимиз бизга нафақат имкониятларимиз чегараланганини тан олишга, балки уларни қабул қилишга ҳам ёрдам беради. Изланиш олиб боргач, бошқалар билан маслаҳатлашгач ва ибодатда йўл-йўриқ сўрагач, Худонинг руҳи бизни қаерга етакласа, ўша томон қадам ташлашимиз лозим. (Воиз 11:4–6 ни ўқинг.) Шунда Яҳова қарорларимизга барака бериши ёки мақсадларимизни ўзгартиришга ёрдамлашиши мумкин. (Ҳик. 16:3, 9)

 КАМТАРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

15. Қай тариқа Яҳова тўғрисида мулоҳаза юритиш ўзимизни камтарин тутишга ёрдам беради?

15 Камтарликнинг шунчалик кўп афзал томонлари бор экан, қандай қилиб уни янада кўпроқ ривожлантира оламиз? Келинг, бунинг тўртта йўлини кўриб чиқайлик. Биринчидан, Яҳованинг ғоят ажойиб хислатлари ва мавқеси ҳақида миннатдорчилик ила фикр юритсак, камтарликни ҳамда Яҳовага бўлган эҳтиромни кўпроқ ривожлантирган бўламиз. (Ишаё 8:13) Шуни ёдда сақлангки, биз фаришта ёки инсоннинг эмас, қодир Тангри Таолонинг йўлидан юрмоқдамиз. Буни тушуниш бизни «Худонинг қудратли қўли остида ўзингизни камтарин тутинглар» деган маслаҳатга риоя қилишга чорлайди. (1 Бутр. 5:6)

16. Қай йўсин Худонинг севгиси тўғрисида мулоҳаза юритиш бизни камтарин бўлишга ундайди?

16 Иккинчидан, Яҳованинг севгиси борасида фикр юритиш бизга камтарликни ривожлантиришга кўмаклашади. Ҳаворий Павлус Яҳова инсон танасининг энг аҳамиятсиз саналган қисмларига «кўпроқ эътибор» қаратиши ҳақида ёзганди. (1 Кор. 12:23, 24) Шунга ўхшаб, Яҳова имкониятларимиз чегараланганига қарамай, ҳар биримизга ғамхўрлик қилади. Хато қилганимизда, У бизни бошқалар билан солиштирмайди ва Ўз севгисини дариғ тутмайди. Яҳованинг хонадонида қайси хизмат билан банд бўлишимиздан қатъи назар, Унинг севгиси туфайли ўзимизни хавфсиз ҳис этамиз.

17. Бошқаларнинг яхши томонларини кўришга ҳаракат қилиш бизга қандай таъсир қилади?

17 Учинчидан, агар биз ҳам Аллоҳ сингари бошқаларнинг яхши томонларини кўришга ҳаракат қилсак, Яҳованинг хизматида бажараётган вазифаларимиз учун миннатдорчилигимиз ошади. Биз ҳамманинг диққат марказида бўлишнинг ёки доимо ўзимизни катта тутиб, ўзгаларнинг ишига аралашишнинг ўрнига, бошқалардан маслаҳат сўрасак ва уларнинг таклифларини қабул қилсак, камтарона йўл тутган бўламиз. (Ҳик. 13:10) Уларга шарафли вазифалар топширилганда, улар учун қувонамиз. Қолаверса, Яҳова «дунёдаги барча имондошларимизга» қай тарзда барака ёғдираётганини кўриб, Унга ҳамду-сано айтамиз. (1 Бутр. 5:9)

18. Одоб-ахлоққа Яҳова каби қараш учун виждонимизни қандай тарбиялай оламиз?

18 Тўртинчидан, виждонимизни Муқаддас Китобдаги принциплар асосида тарбиялаганимизда, одоб-ахлоқ борасидаги тушунчамиз янада яхшироқ шаклланади. Биз камтарликни намоён этиб, барча нарсага Яҳованинг нуқтаи назари билан қарашни ўргансак, оқилона қарорлар чиқара оламиз. Бундан ташқари, мунтазам шахсий тадқиқ, ибодат ва ўрганганларимизни амалда қўллаш орқали аста-секин виждонимизни тарбиялай оламиз. (1 Тим. 1:5) Биз бошқаларнинг манфаатларини биринчи ўринга қўйишни ўрганишимиз керак. Агар шундай йўл тутсак, Яҳова камтарлик ва бошқа илоҳий фазилатларни ривожлантиришга кўмаклашиб, бизни «охиригача шакллантиришга» ваъда беряпти. (1 Бутр. 5:10)

19. Камтарликни ҳечам йўқотмасликка бизга нима кўмаклашади?

19 Исми номаълум бўлган яҳудолик пайғамбар биргина ўзбошимча хатти-ҳаракати деб ҳаётини ва Аллоҳ билан яхши муносабатларини йўқотди. Шундай бўлса-да, синовлар пайтида камтарликни сақлаб қолиш имкони бор. Атрофимиздаги садоқатли ва камтарин кишилар бугунги кунда ҳам бунинг уддасидан чиқиш мумкинлигини исботлашмоқда. Яҳованинг йўлидан қанчалик кўп юрсак, камтарлигимиз ҳам шунчалик чуқур ривожланади. (Ҳик. 8:13) Ҳозир қандай вазифаларга эга бўлишимиздан қатъи назар, Яҳованинг йўлидан юриш — зўр ва мислсиз шарафдир! Бу шарафни қадрланг ва камтар бўлиб, Яҳованинг йўлидан юриш учун жон-жаҳдингиз билан курашишдан тинманг!