Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ФЕВРАЛЬ 2017

Яҳова Ўз халқига йўлбошчилик қилади

Яҳова Ўз халқига йўлбошчилик қилади

Эгамиз доимо сизга йўл кўрсатади. ИШАЁ 58:11

ҚЎШИҚЛАР: 23, 22

1, 2. а) Яҳованинг Шоҳидлари орасида бошчилик қилаётганлар ўзга динлардаги раҳбарлардан нимаси билан фарқ қилишади? б) Ушбу ва кейинги мақолаларда нима ҳақда сўз боради?

«БОШЛИҒИНГИЗ ким?» Мазкур саволни Яҳованинг Шоҳидларига тез-тез бериб туришади ва бунинг ажабланарли жойи йўқ. Зеро, кўплаб динларда эркак ё аёл киши раҳбар ёхуд йўлбошчи сифатида фаолият юритади. Бундай савол берганларга, улардан фарқли равишда, бизнинг Йўлбошчимиз номукаммал одам эмаслигини айтишдан фахрланамиз. Биз Масиҳнинг, у эса, ўз навбатида, Отаси Яҳованинг бошчилигига бўйсунади. (Мат. 23:10)

2 Шу билан бирга, бугунги кунда Аллоҳ халқининг устидан бошчилик қилаётган ердаги бир гуруҳ кишилардан ташкил топган «ишончли ва ақлли хизматкор» ҳам мавжуд. (Мат. 24:45) Аммо Яҳова бизни чиндан ҳам Ўзининг кўринмас ўғли орқали йўналтираётганини қаердан биламиз? Ушбу иккита мақолада Яҳова қай тариқа минг йилликлар давомида муайян инсонлардан йўлбошчи сифатида фойдаланиб келганини муҳокама қиламиз. Шунингдек, Яҳова мана шу инсонлар ортида туриб, ўтмишда ҳам, ҳозирда ҳам Ўз халқининг ҳақиқий Йўлбошчиси бўлганини исботлайдиган учта далилни кўриб чиқамиз. (Ишаё 58:11)

 УЛАРНИ МУҚАДДАС РУҲ ЙЎНАЛТИРГАН

3. Нима туфайли Мусо Исроил халқига бошчилик қила олган?

3 Аллоҳнинг вакилларини муқаддас руҳ йўналтирган. Масалан, Исроил халқи устидан йўлбошчи қилиб тайинланган Мусони олайлик. Қизиқ, нима туфайли у ўзининг залварли вазифасини бажара олган? Боиси, Яҳова унга «Ўз Муқаддас Руҳини» ато қилган. (Ишаё 63:11–14 ни ўқинг.) Ҳа, Яҳова Мусога муқаддас руҳини бериб, Ўз халқига йўлбошчилик қилишда давом этган.

4. Қандай қилиб Исроил халқи Мусони муқаддас руҳ йўналтираётганини аниқлаши мумкин эди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

4 Модомики, муқаддас руҳ кўринмас куч экан, қай тариқа Исроил халқи бу куч Мусони йўналтираётганини аниқлаши мумкин эди? Муқаддас руҳ ёрдамида Мусо мўъжизалар яратиб, Худонинг исмини фиръавнга эълон қила олган. (Чиқ. 7:1–3) Бу руҳ, шунингдек, Мусога Исроил халқига йўлбошчилик қилишда асқатган гўзал хислатларни, жумладан, севги, мулойимлик ва сабр-тоқатни ривожлантиришга ёрдам берган. Қаранг, Мусо ўзга юртлардаги қўрс ва худбин ҳукмдорлардан қанчалик кескин фарқ қилган-а?! (Чиқ. 5:2, 6–9) Ҳаммаси аниқ-равшан эди: Яҳова Мусони Ўз халқи устидан йўлбошчи қилиб тайинлаганди.

5. Яҳова исроиллик кишиларни Ўз халқи устидан бошчилик қилишда қандай йўналтирганини тушунтиринг.

5 Яҳованинг муқаддас руҳи кейинчалик ҳам Унинг халқига раҳбарлик қилган бошқа кишиларни йўналтирган. Масалан, «Нун ўғли Ёшуани Худо донолик руҳи билан тўлдирди». (Қонун. 34:9) «Эгамизнинг Руҳи Гидўнни қамраб олди». (Ҳак. 6:34) Қолаверса, «Эгамизнинг Руҳи Довудни... бошқарадиган бўлди». (1 Шоҳ. 16:13) Ушбу кишиларнинг ҳаммаси Худонинг муқаддас руҳи уларга ёрдам беришига амин эдилар ва бу руҳ орқали улар ўзларининг қўлидан келмаган қаҳрамонликларни кўрсата олишган. (Ёшуа 11:16, 17; Ҳак. 7:7, 22; 1 Шоҳ. 17:37, 50) Натижада, бундай қудратли ишлар туфайли Яҳовага У лойиқ бўлган шарафлар ёғилган.

6. Нега Худо Исроил халқидан У тайинлаган йўлбошчиларга ҳурмат кўрсатишни кутарди?

6 Бу кишиларни муқаддас руҳ йўналтираётганига гувоҳ бўлган Исроил халқи қандай муносабат билдирди? Халқ Мусонинг раҳнамолигидан шикоят қилганида, Яҳова: «Қачонгача бу халқ Мени хўрлайди?!» — деб сўрайди. (Саҳ. 14:2, 11) Чиндан ҳам, Яҳова Мусо, Ёшуа, Гидўн ва Довудни Унинг номидан бошчиликни амалга ошириш учун танлаганди. Халқ уларга итоат қилиб, аслида, Яҳовани Йўлбошчи деб билганини кўрсатарди.

УЛАРГА ФАРИШТАЛАР ЁРДАМ БЕРГАН

7. Фаришталар Мусога қандай ёрдам беришган?

7 Аллоҳнинг вакилларига фаришталар кўмаклашишган. (Ибронийларга 1:7, 14 ни ўқинг.) Яҳова фаришталардан Мусога вазифа бериш, уни тайёрлаш ва йўналтириш мақсадида фойдаланган. Муқаддас Китобда: «Мусони, Аллоҳ фариштаси орқали бута ичидан гапириб, раҳбар ҳамда қози сифатида юборди»,— деган сўзлар ёзилган. (Ҳавор. 7:35) Яҳова Тавротни «фаришталар орқали» берган ва Мусо ундан Исроил халқига йўл-йўриқ бериш мақсадида фойдаланган. (Галат. 3:19) Ўшанда Яҳова унга қуйидагича деган: «Халқни Мен айтган жойга олиб бор. Менинг фариштам сени бошлаб боради». (Чиқ. 32:34) Муқаддас Китобда исроилликлар инсон қиёфасига кирган фаришта ушбу вазифаларни бажарганини кўришгани ҳақида ёзилмаган. Бироқ Мусо одамларга қай тарзда йўл-йўриқ бериб, раҳбарлик қилганидан унга фаришталар ёрдам кўрсатишгани аён бўляпти.

8. Фаришталар Ёшуа ва Ҳизқиёга қандай ёрдам кўрсатишган?

8 Мусодан кейин унинг давомчиси бўлган Ёшуа Худонинг халқини канъонликларга қарши жангга етаклаши учун, «Эгамиз лашкарининг лашкарбошиси» уни қўллаб-қувватлайди ва натижада Исроил халқи жангда ғалаба қозонади. (Ёшуа 5:13–15; 6:2, 21) Вақт ўтиб,  шоҳ Ҳизқиё Қуддусни босиб олмоқчи бўлган ўта кучли Оссурия қўшинига дуч келади. Бир кечанинг ўзида «Эгамизнинг фариштаси Оссурияликларнинг қароргоҳига бориб, 185 000 кишини ўлдиради». (4 Шоҳ. 19:35)

9. Худо вакилларининг номукаммаллиги Исроил халқи учун уларга бўйсунмасликка сабаб бўла олармиди? Тушунтириб беринг.

9 Тўғри, фаришталар мукаммал бўлишган, лекин улар қўллаб-қувватлаган одамлар номукаммал эди. Шунинг учун, бир сафар Мусо Яҳованинг муқаддаслигини намоён қила олмади. (Саҳ. 20:12) Ёшуа эса биринчи навбатда Худонинг йўл-йўриғини изламасдан, гивонликлар билан сулҳ тузди. (Ёшуа 9:14, 15) Ҳизқиёга келсак, у қисқа муддатга «мағрур» бўлиб қолди. (2 Сол. 32:25, 26) Бу кишиларнинг номукаммаллигига қарамай, Исроил халқи уларнинг раҳбарлигига бўйсуниши лозим эди. Негаки, Яҳова бу кишиларни фаришталари орқали қўллаб-қувватлаганди. Ҳа, Яҳова Ўз халқига раҳнамолик қилаётганди.

УЛАРНИ ХУДОНИНГ КАЛОМИ ЙЎНАЛТИРГАН

10. Қай йўсин Таврот Қонуни Мусони йўналтирган?

10 Аллоҳнинг вакилларини Унинг Каломи йўналтирган. Худонинг Каломида Исроил халқига берилган Қонун «Мусонинг Тавроти» деб тилга олинган. (3 Шоҳ. 2:3) Шундай бўлса-да, Муқаддас Ёзувларда Яҳова Қонун чиқарувчи экани таъкидланган ва Мусонинг ўзи ҳам ўша Қонунга тобе эди. (2 Сол. 34:14) Яҳова Мусога Муқаддас чодирни ўрнатишга оид йўл-йўриқлар берганида, «Мусо Эгамиз амр этган ҳамма ишларни бажарди». (Чиқ. 40:1–16)

11, 12. а) Худонинг халқини бошқарган Йўшиё ва бошқа шоҳлардан нима талаб қилинарди? б) Қай равишда Муқаддас Ёзувлар Худо халқининг раҳнамоларига таъсир қилган?

11 Ёшуа халқ устидан раҳбарлик қилишни бошлаганиданоқ, унинг қўлида Аллоҳ Каломининг ёзма нусхаси бор эди. Ёшуага шундай айтилганди: «Таврот китобида ёзилганлар тилингдан тушмасин, уларни битта қолдирмай бажаришинг учун кечаю кундуз улар ҳақида фикр юритгин». (Ёшуа 1:8) Худонинг халқи устидан бошқарган кейинги шоҳлар ҳам худди шу тартибга амал қилишган. Улардан Тавротни ҳар куни ўқиш, ундан нусха кўчириш ҳамда «Таврот ва фармонларнинг сўзларини битта қолдирмай бажариш» талаб қилинарди. (Қонунлар 17:18–20 ни ўқинг.)

12 Аллоҳнинг Каломи бошчиликни зиммасига олган кишиларга қандай таъсир қилган? Келинг, шоҳ Йўшиёнинг мисолида тўхталиб ўтайлик. Тавротни ўз ичига олган китоб топилганида, Йўшиёнинг котиби уни шоҳга ўқий бошлади. * Хўш, шоҳ Йўшиё бунга қандай муносабат билдирди? «Шоҳ Тавротда ёзилган сўзларни эшитгач, қайғудан либосларини йиртиб ташлади». Лекин у бу билан кифояланиб қолмади. Худонинг Каломи Йўшиёни йўналтиргани учун, у бутпарастликка қарши қатъий кураш олиб борди ва Фисиҳ байрамини мисли кўрилмаган тарзда нишонлади. (4 Шоҳ. 22:11; 23:1–23) Худонинг Каломи Йўшиё ва бошқа садоқатли йўлбошчиларни йўналтиргани учун, улар Аллоҳнинг халқига берган йўл-йўриқларини ўзгартиришга ва ойдинлаштиришга тайёр бўлишган. Бу ўзгаришлар Худонинг қадимги халқига Унинг иродасига мувофиқ тарзда йўл тутишга кўмаклашган.

13. Худо халқининг ва бутпараст халқларнинг ҳукмдорлари ўртасида қандай фарқ бор эди?

13 Ҳа, инсоний доноликка таянган ва узоқни кўзламай иш тутадиган ўзга халқлардаги ҳукмдорлардан ушбу садоқатли шоҳлар нақадар кескин фарқ қилишарди-я! Чунончи, Канъон ҳукмдорлари ва уларнинг одамлари жирканч ишларга, жумладан, ўз қариндоши ва ҳатто ҳайвонлар билан жинсий алоқада бўлиш, гомосексуализм, фарзандларини қурбонликка келтириш ҳамда бутпарастлик разолатига ботиб кетишганди. (Лев. 18:6, 21–25) Бундан ташқари, Бобил ва Миср  ҳукмдорлари Аллоҳ Исроил халқига берган ва илмий жиҳатдан аниқ бўлган гигиена қоидаларига амал қилишмаганди. (Саҳ. 19:13) Худонинг қадимий халқи эса, аксинча, уларнинг садоқатли шоҳлари маънавий, ахлоқий ва жисмоний покликни олға суришаётганига гувоҳ бўлганди. Бундан Яҳова бу йўлбошчиларни йўналтиргани кўриниб турибди.

14. Нима сабабдан Яҳова Унинг халқига раҳнамолик қилган кишиларнинг айримларига танбеҳ берган?

14 Ўтмишда Аллоҳнинг халқи устидан бошқарган ҳамма шоҳлар ҳам Унинг йўл-йўриқларига риоя этишмаган. Улар Яҳова Ўз руҳи, фаришталари ва Каломи орқали тақдим этган йўл-йўриқларни қабул қилишдан бош тортишган. Айрим ҳолларда Яҳова ўша раҳнамоларга танбеҳ берган ёки уларнинг ўрнига бошқаларни қўйган. (1 Шоҳ. 13:13, 14) Ўз вақтида эса Яҳова илгари раҳбарлик қилган кишиларнинг ўрнига улардан анча устунроқ бўлган бир кишини тайинлади.

ЯҲОВА МУКАММАЛ ЙЎЛБОШЧИНИ ТАЙИНЛАЙДИ

15. а) Ўзгача бир йўлбошчи келиши борасида пайғамбарлар нималарни башорат қилишган? б) Каромат қилинган йўлбошчи ким бўлган?

15 Асрлар мобайнида Яҳова Ўз халқи учун ҳар тарафлама лаёқатли бўлган йўлбошчини тайинлашини башорат қилганди. Мусо Исроил халқига: «Эгангиз Худо сизлар учун халқингиз орасидан менга ўхшаган бир пайғамбар чиқаради. Унга қулоқ солинглар»,— деб айтганди. (Қонун. 18:15) Ишаё ўша кимса «халқларнинг ҳукмдори, раҳнамоси» бўлиши ҳақида каромат қилганди. (Ишаё 55:4) Дониёр ҳам «мой суртиб танлаган йўлбошчи» келиши тўғрисида ёзишга илҳомлантирилганди. (Дон. 9:25) Натижада, Исо Масиҳ ўзини Худо халқининг «Йўлбошчиси» сифатида танитди. (Матто 23:10 ни ўқинг.) Исонинг шогирдлари унга бажонидил бўйсуниб, уни Яҳова танлаганига ишонишганди. (Юҳан. 6:68, 69) Нега улар Яҳова Исо орқали халқини бошқараётганига амин эдилар?

16. Исони муқаддас руҳ йўналтирганини кўрсатувчи қандай исботлар бор?

16 Исони муқаддас руҳ йўналтирган. Исо сувга чўмганида, Яҳё пайғамбар «осмон очилганини ва [Исонинг] устига муқаддас руҳ каптар шаклида тушаётганини» кўрган. Бундан сўнг «муқаддас руҳ уни саҳрога боришга ундаган». (Марк 1:10–12) Муқаддас руҳ Исони йўналтиргани учун, Исо ердаги хизмати давомида мўъжизалар яратиб, Аллоҳнинг қудрати билан гапира олган. (Ҳавор. 10:38) Қолаверса, муқаддас руҳ Исога севги, қувонч ва кучли имон каби фазилатларни мукаммал тарзда намоён этишга кўмаклашган. (Юҳан. 15:9; Иброн. 12:2) Ҳали ҳеч бир йўлбошчига муқаддас руҳ шунчалик яққол таъсир қилмаганди. Ҳа, Исони чиндан ҳам Яҳова танлаганди.

Исо сувга чўмганидан кўп ўтмай, фаришталар унга қандай ёрдамлашишди? (17- хатбошига қаранг.)

17. Фаришталар Исога ёрдамлашиш учун нималар қилишган?

17 Исога фаришталар ёрдамлашишган. Исо сувга чўмганидан сал вақт ўтгач, «фаришталар келиб, Исога хизмат қила бошлашди». (Мат. 4:11) Ўлимидан бир неча соат олдин  эса, «фаришта тушиб, уни қўллаб-қувватлади». (Луқо 22:43) Исо Яҳованинг иродасини бажариш учун фаришталарнинг кўмагига муҳтож бўлган ҳар қандай пайтда Яҳова уларни юборишига амин эди. (Мат. 26:53)

18, 19. Қай йўсин Худонинг Каломи Исонинг ҳаётида ва таълимотларида акс этган?

18 Исони Худонинг Каломи йўналтирган. Исо хизматининг бошиданоқ Муқаддас Ёзувлар уни йўналтиришига йўл қўйган. (Мат. 4:4) У Аллоҳнинг Каломига шунчалик итоатли эдики, ҳатто азоб устунидаги ўлимга маҳкум этилганида ҳам, охирги сўзларида Масиҳга тегишли башоратларга ишора қилганди. (Мат. 27:46; Луқо 23:46) Ўша пайтдаги дин пешволари эса, Аллоҳнинг Каломи уларнинг урф-одатларига зид келганида, уни эътиборга олишмасди. Исо Ишаё пайғамбар қаламга олган Яҳованинг сўзларини такрорлаб, улар ҳақида шундай деганди: «Бу халқ тилдагина Мени ҳурмат қилади, юраклари эса Мендан узоқдир. Уларнинг Менга топиниши беҳудадир, чунки улар инсон таълимотини Худоники деб ўргатиб юришибди». (Мат. 15:7–9) Яҳова ҳеч қачон бундай кишиларни Ўз халқи учун йўлбошчи қилиб танламайди.

19 Исо Худонинг Каломи нафақат унинг хатти-ҳаракатларида, балки таълимотларида ҳам акс этишига йўл қўйган. Диний баҳс-мунозараларга дуч келганида, у на ўзининг чексиз донолигига, на беқиёс тажрибасига таянган. Исо доимо Муқаддас Ёзувлар у учун муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатган. (Мат. 22:33–40) У тингловчиларини осмондаги ҳаёт ёки коинотнинг яратилиши борасидаги ҳикоялар билан сийламаган, аксинча, «Муқаддас Ёзувларни тушунишлари учун шогирдларнинг зеҳнини очган». (Луқо 24:32, 45) Дарҳақиқат, Исо Аллоҳнинг Каломини яхши кўрган ва уни бошқалар билан баҳам кўришни жудаям истаган.

20. а) Исо Яҳовани қандай шарафлаган? б) Исо ва Ҳирод Агриппа I орасидаги фарқ бизга Яҳова йўлбошчини танлаши борасида нимани ўргатяпти?

20 Гарчи Исо тингловчиларига «ёқимли сўзлар» айтиб, уларни ҳайрон қолдирган бўлса-да, бутун шон-шарафни ўзининг Устози Яҳовага берган. (Луқо 4:22) Бир бой киши Исони «валинеъмат Устозим» деб чақириб, уни улуғламоқчи бўлганида, Исо камтарлик ила унга: «Нега мени валинеъмат деяпсиз? Аллоҳдан бошқа ҳеч ким валинеъмат эмас»,— деб жавоб қайтарган. (Марк 10:17, 18) Қаранг-а, Исонинг ўлимидан тахминан саккиз йил ўтгандан кейин Яҳудия устидан шоҳ этиб тайинлаган Ҳирод Агриппа I ва Исо орасида қанчалик катта фарқ бор! Махсус бир учрашувда Ҳирод «шоҳона кийиниб» олганди. Унинг ихлосмандлари: «Бу одамнинг овози эмас, худонинг овози!» — дея қичқиришарди. Ўшанда Ҳирод шон-шуҳратга кўмилгани турган гап. Кейин эса нима юз берди? «Ҳирод Аллоҳни улуғламагани учун, шу ондаёқ Яҳованинг фариштаси уни урди. Натижада у касалликка чалиниб, қуртларга ем бўлиб, ўлди». (Ҳавор. 12:21–23) Шубҳасизки, холисона кузатувчи Ҳирод Яҳова томонидан йўлбошчи қилиб тайинланган, деган хулосага келиши амримаҳол. Исо эса, аксинча, Худо томонидан тайинланганини исботлаган ва халқнинг Буюк йўлбошчиси сифатида Яҳовани доимо шарафлаган.

21. Келаси мақолада нимани муҳокама қиламиз?

21 Исонинг йўлбошчилиги фақат бир неча йил билан чегараланиб қолмаслиги керак эди. Тирилганидан кейин Исо: «Аллоҳ менга еру осмондаги барча нарсани ишониб топширди»,— деб айтди. Сўнгра давом этиб, шундай деди: «Бу замонанинг охиригача мен доимо сизлар билан бўламан». (Мат. 28:18–20) Лекин қай йўсин Исо осмонда кўринмас руҳий шахс бўла туриб, ерда Аллоҳнинг халқини йўналтиради? Яҳова Ўз халқини йўналтириш ва Масиҳнинг бошчилиги остида хизмат қилиш учун кимлардан фойдаланади? Масиҳийлар Яҳованинг вакилларини қандай аниқлай олишади? Мазкур саволларга жавобларни келгуси мақоладан топамиз.

^ 12- х.б. Эҳтимол, бу Мусо томонидан ёзилган ҳужжатнинг асл нусхаси эди.