Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ФЕВРАЛЬ 2017

Ўқувчиларнинг саволлари

Ўқувчиларнинг саволлари

Ҳаворий Павлус Яҳова «дош бера олмайдиган даражада синалишингизга йўл қўймайди», деб ёзган эди. (1 Кор. 10:13) Бу сўзлар Яҳова қандай синовларга чидай олишимизни олдиндан аниқлаб, кейин бизни уларга дучор қилишини англатадими?

Келинг, нима учун бундай нуқтаи назар пайдо бўлганини кўриб чиқайлик. Ўғли жонига қасд қилган бир биродар шундай деб сўради: «Ўғлимиз ўз ҳаётига қасд қилишига хотиним икковимиз чидай олишимизни Яҳова олдиндан билармиди? Худо бу мусибатга чидай олишимизни кўргани учун бунга йўл қўйдими?» Яҳова ҳаётимиздаги воқеаларни шундай тарзда бошқаради, деган фикрга ишониш асослими?

Павлуснинг 1 Коринфликларга 10:13 даги сўзлари ҳақида чуқурроқ ўйлаш бизни шундай хулосага олиб келади: Яҳова нималарга чидай олишимизни олдиндан белгилаб, кейин бизни шундай синовларга йўлиқтириши ҳақидаги фикрни Муқаддас Китоб маъқулламайди. Келинг, нима учун бундай қарорга келишимиз мумкинлигининг тўртта сабабини кўриб чиқайлик.

Биринчидан, Яҳова одамзодга ирода эркинлиги каби ҳадяни тақдим этган. У ҳаётда ўз йўлимизни танлашимизни хоҳлайди. (Қонун. 30:19, 20; Ёшуа 24:15) Тўғри йўлни танлаган ҳолдагина Яҳовадан қадамларимизни йўналтиришини кутишимиз мумкин. (Ҳик. 16:9) Аммо нотўғри йўлни танласак, бунинг оқибатларини тотишимизга тўғри келади. (Галат. 6:7) Агар Яҳова бошимизга тушадиган синовларни олдиндан белгилаб қўйганида эди, унда ирода эркинлиги каби ҳадянинг аҳамиятини йўққа чиқарган бўлмасмиди?

Иккинчидан, Яҳова бизни «вақт ва тасодиф» туфайли рўй берадиган ҳодисалардан ҳимоя қилмайди. (Воиз 9:11, ЯДТ) Бахтсиз ҳодисалар — эҳтимол, ҳатто оқибати аянчли тугайдиганлари ҳам — биз нотўғри вақтда нотўғри жойда бўлганимиз сабабли юз бериши мумкин. Масалан, Исо минора қулагани натижасида 18 киши ҳалок бўлгани ҳақидаги фожиани гапириб берганида, бу мусибат Худонинг ниятига кирмаганини айтганди. (Луқо 13:1–5) Шундай экан, Худо тасодифий ҳодисаларда ким тирик қолишию ким ўлишини олдиндан аниқлайди, деб ўйлаш мантиққа зид эмасми?

Учинчидан, бенуқсонлик масаласи шахсан ҳар биримизга тегишлидир. Шайтон Тангри Яҳовага хизмат қилаётганларнинг барчаси синовларга дуч келганда Яҳовага садоқатли қолмасликларини айтиб, уларнинг бенуқсонлигини шубҳа остига қўйганини эсланг. (Аюб 1:9–11; 2:4; Ваҳ. 12:10)  Борди-ю, Яҳова биз ҳақимизда муайян синовларга дош беролмайди деб, бизни улардан асраганида, бу орқали инсон Худога ўз жонини сақлаб қолиш учунгина хизмат қилади, деган Шайтоннинг даъвоси ўз тасдиғини топган бўлмасмиди?

Тўртинчидан, Яҳова тақдиримизни белгиламайди. Худо қандай синовларга йўлиқишимизни олдиндан билади десак, унда У тақдиримизни белгилашига ишонган бўламиз. Аммо бундай нуқтаи назар Муқаддас Китобга зиддир. Шубҳасизки, Аллоҳ келажакни кўра олади. (Ишаё 46:10) Лекин Муқаддас Китобга биноан, У ҳар доим ҳам келажакни кўра билиш қобилиятидан фойдаланмайди. (Ибт. 18:20, 21; 22:12) Шундай қилиб, Худо ирода эркинлигимизга ҳурмат кўрсатиш ва олдиндан кўра билиш қобилиятидан фойдаланиш ўртасида мувозанат сақлайди. Эркинлигимизни қадрлайдиган ва фазилатларини мукаммал даражада намоён этадиган Аллоҳдан шуни кутиш оқилона бўлмасмиди? (Қонун. 32:4; 2 Кор. 3:17)

Унда Павлуснинг «Худо... дош бера олмайдиган даражада синалишингизга йўл қўймайди» деган сўзларини қандай тушунсак бўлади? Павлус бу ерда Яҳова синовлардан олдин эмас, балки синовлар пайтида нима қилишини тасвирлаган. Ҳаворийнинг сўзлари бизни шунга ишонтиряптики, ҳаётимизда қандай синовлар юз беришидан қатъи назар Яҳовага таянсак, У бизни қўллаб-қувватлайди. (Заб. 54:23) Эътиборлиси шуки, Павлуснинг тасалли берувчи сўзлари иккита муҳим ҳақиқатга асосланган.

Биринчиси, биз «одамларнинг бошига тушаётган оддий» синовларга дучор бўляпмиз. Биз дуч келаётган синовларни кўплар бошидан ўтказган. Агар Яҳовага таянсак, бошимизга тушган синовларга дош бера оламиз. (1 Бутр. 5:8, 9) 1 Коринфликларга 10:13- оятнинг матн таркибида Павлус Исроил халқи саҳрода дуч келган синовлар ҳақида баён этган. (1 Кор. 10:6–11) Улар бошдан кечирган синовлар инсон тажрибасида учраган ва садоқатли Исроил халқи учун дош бера олмайдиган даражада қийин бўлмаган. Павлус «улардан айримлари» итоатсизлик қилгани ҳақида тўрт марта ёзган. Афсуски, Исроил халқидан бўлган баъзилар Худога таянмай, ўзларининг ёмон истакларига берилишган.

Иккинчиси, «Худо... Ўз сўзига содиқдир». Аллоҳ Ўз халқи билан қандай муносабатда бўлгани ҳақидаги баёнотдан «Уни севадиган, Унинг амрларини бажарадиганларга» У меҳр-садоқатини намоён этганини кўрса бўлади. (Қонун. 7:9) Мазкур баёнотдан, шунингдек, Худо доим ўз ваъдаларида туришини билиб оляпмиз. (Ёшуа 23:14) Худони севадиган ва Унга итоат этадиган кишилар синовларга дуч келишганида, Худонинг содиқлиги тўғрисидаги ўтмишдаги баёнотларга асосланиб, Унинг қуйидаги қўшалоқ ваъдасига ишонишлари мумкин: 1) У ҳеч қандай синов биз чидай олмайдиган даражагача етишига йўл қўймайди ва 2) дош бера олишимиз учун «иложини ҳам беради».

Яҳова «барча қайғуларимизда бизга тасалли беради»

Синовлар пайтида Яҳова Унга таянганларга қай йўсин иложини беради? Албатта, У синовни бартараф қилиши мумкин. Аммо Павлуснинг «У [Яҳова]... чидай олишингиз учун иложини ҳам беради» деган сўзларини эсланг. Кўпинча У синовларни муваффақият ила енгишимиз учун биз муҳтож бўлган нарсаларни тақдим этиш орқали «иложини... беради». Буни Яҳова қуйидаги йўллар орқали амалга оширади:

  • У «барча қайғуларимизда бизга тасалли беради». (2 Кор. 1:3, 4) Яҳова Ўз Каломи, муқаддас руҳи ва ишончли хизматкор тақдим этаётган маънавий озуқа орқали кечинмаларимизга таскин, дилларимизга эса малҳам беради. (Мат. 24:45; Юҳан. 14:16; Рим. 15:4)

  • У бизни муқаддас руҳи орқали йўналтириши мумкин. (Юҳан. 14:26) Синовларга дуч келганимизда, муқаддас руҳ Аллоҳнинг Каломидаги баёнотларни ва принципларни эслатиб, оқилона қарорлар чиқаришимизга ёрдам беради.

  • У бизга кўмаклашиш учун фаришталардан фойдаланиши мумкин. (Иброн. 1:14)

  • У ёрдам бериш учун сўзлари ва ҳаракатлари билан бизга «тасалли бера» оладиган имондошларимиздан фойдаланиши мумкин. (Колос. 4:11)

Хўш, Павлуснинг 1 Коринфликларга 10:13 даги сўзларидан қандай хулосага келишимиз мумкин? Гап шундаки, Яҳова қандай синовларга йўлиқишимизни олдиндан белгиламайди. Аммо синовларга дуч келганимизда қуйидагига амин бўлишимиз мумкин: бутунлайин Яҳовага таянсак, У кучимиздан ортиқ даражада синалишимизга йўл қўймайди ва синовларга дош бера олишимиз учун ҳар доим иложини беради. Нақадар тасалли бахш этувчи сўзлар-а?!