Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ФЕВРАЛЬ 2017

 ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Биз Худонинг иноятини кўп тарафлама ҳис қилдик

Биз Худонинг иноятини кўп тарафлама ҳис қилдик

ХУДОТАРС дадам Артур ҳали ёшлигида методистлар черковининг руҳонийси бўлмоқчи эди. Аммо Муқаддас Китоб Тадқиқотчиларининг адабиётларини ўқиганида ва улар билан мулоқот қила бошлаганида, унинг режалари ўзгарди. У 1914 йили 17 ёшида сувга чўмди. Ўшанда Биринчи жаҳон уруши авж палласига кирган вақт эди ва дадамни ҳарбий хизматни ўташга чақиришди. У қўлига қурол олмагани учун ўн ой муддатга Онтариодаги (Канада) Кингстон шаҳри қамоқхонасига ўтказилди. Озодликка чиққач эса дадам китоб тарқатувчи (кашшоф) сифатида тўла вақтли хизматни бошлади.

1926 йили Артур Гест Хейзл Уилкинсонга уйланди. Хейзлнинг онаси ҳақиқатни 1908 йили билиб олганди. Мен 1931 йили 24 апрелда туғилганман ва оилада тўртта фарзанднинг иккинчисиман. Яҳовага топиниш оиламизда марказий ўрин эгалларди ва дадамнинг Муқаддас Китобга бўлган чуқур эҳтироми бизда ҳам Аллоҳнинг Каломига нисбатан умрбод миннатдорчилик ҳиссини тарбиялади. Биз бир оила бўлиб мунтазам уйма-уй хизмат қилардик. (Ҳавор. 20:20)

ДАДАМ КАБИ БЕТАРАФЛИКНИ САҚЛАШ ВА КАШШОФЛИК ҚИЛИШ

1939 йилда Иккинчи жаҳон уруши бошланди ва кейинги йили Канадада Яҳова Шоҳидларининг фаолияти ман этилди. Ўрта мактабларда ватанпарварлик руҳидаги тадбирлар ўтказиларди, хусусан, байроқ шарафланарди ва давлат мадҳияси куйланарди. Бундай пайтларда катта опам Дороти икковимизни синфдан ҳайдаб чиқаришарди. Бир куни устозим мени ҳатто қўрқоқ деб атаб, шарманда қилмоқчи бўлди! Дарслар тугагач эса, бир нечта синфдошим менга ташланиб, ерга йиқитишди. Лекин аслида, бу ҳужум«одамлардан кўра Сарвари Оламга кўпроқ бўйсуниш» қароримни мустаҳкамлади. (Ҳавор. 5:29)

1942 йили 11 яшарлигимда фермада бакда сувга чўмдим. Ҳар йили мактабдаги таътил пайтларида қувонч ила вақтинчалик кашшоф (ҳозир кўмакчи  кашшоф) бўлиб хизмат қилардим. Бир йили бизга тайинланмаган ҳудудда яшовчи дарахт кесувчиларига шоҳидлик бериш учун учта биродар билан шимолий Онтариога бордик.

1949 йили 1 майда доимий кашшоф бўлдим. Филиалда қурилиш ишлари бўлаётгани учун мени ёрдамга таклиф қилишди ва 1 декабрда Канададаги Байтил оиласи аъзолари сафига қўшилдим. Мени босмахонага тайинлашди ва у ерда текис босма машинасида ишлашни ўргандим. Канададаги Яҳованинг Шоҳидлари қувғунларга учрагани ҳақидаги букламани чоп этганимизда эса, ҳатто бир неча ҳафта мобайнида тунги сменада ишладим.

Кейинчалик Хизмат бўлимида ишлаганимда, менга ўша кезлари қаршиликлар ўчоғи бўлган Квебек шаҳрида хизмат қилишга кетаётиб, йўл-йўлакай филиалга кириб ўтган кашшофлардан интервью олиш вазифаси берилганди. Ташриф буюрганлардан бири — Альбертанинг Эдмонтон шаҳридан бўлган Мэри Зазула эди. Мэри ва унинг акаси Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни тўхтатишмагани учун, православ динида бўлган ота-онаси уларни уйдан ҳайдашганди. 1951 йили июнда улар иккаласи сувга чўмишди ва олти ой ўтгач, кашшофлик қила бошлашди. Мэридан интервью олганимда, у қанчалик маънавий эканидан лол қолгандим. Ўшанда ўзимга: «Агар бирор кор-ҳол юз бермаса, менимча, мана шу қизга уйлансам керак»,— деб айтдим. Натижада, тўққиз ой ўтгандан сўнг, 1954 йили 30 январда турмуш қурдик. Бир ҳафта ўтгач, бизни туман нозирлари учун мўлжалланган таълимни олишга таклиф қилишди ва келгуси икки йил давомида шимолий Онтариода туман нозирлик хизматида банд бўлдик.

Халқаро ваъзгўйлик иши қўзиқорин сингари урчиб кетгани туфайли тўла вақтли махсус ваъзгўйларга эҳтиёж туғилди. Биз ичимизда шундай ўйлардик: «Агар Канаданинг қаҳратон қишларига ва ёзда одамнинг ғашига тегадиган чивинларга чидай олган бўлсак, демак, қандай топшириқни олмайлик, уни бажариш чоғида дуч келишимиз мумкин бўлган ноқулай шароитларга дош бера оламиз». Шундай қилиб, 1956 йили июлда Гилад мактабининг 27- синфини битирдик ва ноябрда бизга тайинланган ҳудуд — Бразилияда хизмат қилишга киришдик.

БРАЗИЛИЯДА ТЎЛА ВАҚТЛИ МАХСУС ВАЪЗГЎЙЛИК ХИЗМАТИ

Бразилиядаги филиалга борганимизда, португал тилини ўргана бошладик. Одатий мурожаат шаклларини ва журналнинг бир дақиқали муқаддимасини ёд олганимиздан кейин, бизни ваъз қилишга таклиф этишди. Уй эгаси қизиқиш кўрсатганида, унга Худонинг шоҳлиги остидаги ҳаёт қандай бўлишини тасвирлайдиган оятларни ўқиб беришни тавсия қилишганди. Ваъзгўйлик хизматига чиққан биринчи кунимиздаёқ бир аёл бизни диққат билан тинглагани учун, мен Ваҳий 21:3, 4 ни ўқиб бердиму, ҳушимдан кетдим. Танам ҳали иссиқ ва нам иқлимга мослашмаганди, шу боис бунинг дастидан анча вақт мобайнида қийналиб юрдим.

Бизга тайинланган ҳудуд — Кампус шаҳри эди. Ҳозир у ерда 15 та жамоат бор. Бу жойга келганимизда,  у ерда атиги битта гуруҳ ва тўртта тўла вақтли махсус ваъзгўй опа-синглимиз: Эстер Трейси, Рамона Бауэр, Луиза Шварц, Лоррейн Брукс (ҳозир Уоллен) яшаган уй бор эди. Ўша уйда менинг вазифам кир ювишда ёрдамлашиш ва овқат тайёрлаш учун ўтин топишдан иборат эди. Бир марта душанба куни кечки пайт «Қўриқчи минораси» муҳокамасидан сўнг, Мэри бошини ёстиққа қўйиб, диванда дам олаётганди. Биз кунимиз қандай ўтгани борасида суҳбатлашаётгандик. Бир маҳал у бошини кўтарганида, ёстиқнинг тагидан илон чиқиб келса бўладими! Ўшанда бу кутилмаган меҳмонни ўлдирмагунимча, ваҳимада эдик.

Португал тилини бир йил мобайнида ўргангач, мени туман нозири қилиб тайинлашди. Биз чироғи йўқ қишлоқларда яшаб, гиламчаларда ухлаб ва от-араваларда юриб содда ҳаёт кечирардик. Бир сафар тайинланмаган ҳудудда ваъзгўйлик кампанияси ўтказилганда, поездга ўтириб, тоғларда жойлашган шаҳарчага бордик ва меҳмонхонада бир хонани ижарага олдик. Ўшанда хизматда тарқатишимиз учун филиал 800 та журнал жўнатганди. Журналлар солинган коробкаларни олиш учун почтага кўп қатнаб, уларни яшаш жойимизга олиб келишимизга тўғри келганди.

1962 йили Бразилия бўйлаб Масъулиятли биродарлар учун махсус таълим мактаби ўтказилиб, унга ҳатто тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлган опа-сингиллар ҳам таклиф қилинганди. Олти ой давомида мени бир нечта мактабга боришга тайинлашди, лекин Мэрисиз боришимга тўғри келди. Мен Манаус, Белен, Форталеза, Ресифи ва Салвадор шаҳарларида дарс бердим. Қолаверса, Манаусдаги таниқли опера театрида туман анжуманини ташкиллаштирдим. Кучли ёмғирлар дастидан ичимлик сувининг анчагина қисми ифлосланганди ва анжуманда овқатланиш учун муносиб жойсиз қолгандик. (Ўша пайтлари анжуманларда овқат бериларди.) Шунда мен бу муаммо хусусида ҳарбий ходимга мурожаат қилдим ва у меҳрибонлик кўрсатиб, бизда бутун анжуман давомида ичимлик суви бўлишини жон деб ташкиллаштирди. Бунинг устига, ошхона ва овқатланадиган жой учун иккита катта чодир ўрнатиш мақсадида аскарларини юборди.

Сафарда бўлганимда, Мэри португал савдо-сотиқ ҳудудида ваъз қиларди. У ердаги одамларнинг асосий мақсади фақатгина пул топиш эди. Шу сабабли, унга бу одамлар билан Муқаддас Китоб асосида суҳбат бошлаш қийин бўлган. У ҳатто баъзи байтилчиларга: «Португалия — мен яшашни истайдиган энг охирги жойдир»,— деб айтганди. Ҳайрон қолсангиз керак, чунки орадан кўп вақт ўтмай бизни ўша кезлари ваъзгўйлик фаолиятимиз тақиқланган ҳудудга, айнан Португалияга, хизматга таклиф қилишаётгани борасида хат олдик. Бу Мэри учун зарба бўлди! Лекин шунга қарамай, топшириқни қабул қилдик.

ПОРТУГАЛИЯДАГИ ВАЗИФАМИЗ

Биз Лиссабонга (Португалия) 1964 йили августда етиб келдик. У ердаги биродарларимиз Португалия  махфий полицияси томонидан кўплаб таъқибларга учраётганди. Шу боис, у ерга етиб борганимизда, ҳеч ким бизни кутиб олмаслиги ва маҳаллий Шоҳидлар билан учрашмай туришимиз оқилона бўлади, деган хулосага келдик. Яшаш учун рухсат бермагунларича меҳмонхонада турдик. Визаларимизни олгач эса, бир хонадонни ижарага олдик. Ниҳоят, 1965 йили январда филиал билан боғландик ва беш ой деганда илк бор йиғилишга борганимиздан роса хурсанд бўлдик!

Шунингдек, полиция ҳар куни биродарларимизнинг уйларига рейдлар уюштираётганини билиб олдик. Йиғилиш Залларини ёпиб қўйишгани сабабли, жамоат йиғилишлари шахсий уйларда ўтказиларди. Юзлаб Шоҳидларни шахсни аниқлаш ва сўроққа тутиш учун полиция маҳкамасига олиб кетишарди. Биродарлар йиғилишларни олиб борувчиларнинг исмларини айтишлари учун, полиция ходимлари уларга атайин шафқатсизларча муносабатда бўлишарди. Шу боис, биродарлар бир-бирини фамилияси билан эмас, исми бўйича, масалан, Жозе ёки Пауло деб чақирадиган бўлишди. Биз ҳам шундай қилдик.

Бирламчи мақсадимиз имондошларимизни маънавий озуқа билан таъминлаш эди. Мэрининг вазифаси «Қўриқчи минораси»даги тадқиқ мақолаларини машинка ёрдамида махсус қоғозга ёзиш эди. Кейин эса мазкур қоғоз имондошлар учун нусха чиқариб беришда хизмат қиладиган трафарет тариқасида ишлатиларди.

ХУШХАБАРНИ СУДДА ҲИМОЯЛАШ

1966 йили июнда машҳур бўлиб кетган суд иши Лиссабонда кўриб чиқилди. 49 кишидан иборат бўлган бутун Фейжо жамоати шахсий уйда ноқонуний тарзда йиғилгани учун судга тортилди. Уларни судга ва чапараста сўроқ қилинишга тайёрлаш учун, мен ўзимни тергов қилаётган прокурордек кўрсатдим. Биз судда ютқазишимизни билардик, аммо бунинг натижасида кенг шоҳидлик берилишини ҳам тушунардик. Бизни ҳимоя қилган адвокат қўрқмасдан ўз нутқининг охирида биринчи асрдаги Гамалиэлнинг сўзларини келтирди. (Ҳавор. 5:33–39) Ўшанда суд ишимизга тааллуқли янгиликлар матбуотда шов-шув кўтарди ва 49 та имондошимиз 45 кундан беш ярим ойгача бўлган муддатларни қамоқда ўтказди. Лекин қувонарлиси шуки, жасоратли адвокатимиз Муқаддас Китоб тадқиқини бошлаб, ўлимидан олдин йиғилишларга қатнади.

1966 йили декабрда мени филиал нозири сифатида тайинлашди ва кўп вақт давомида ҳуқуқий масалаларни кўриб чиқиш билан банд эдим. Яҳованинг Шоҳидлари Португалияда эркин топинишга ҳаққи борлигининг қонуний асосларини яратиш учун ҳаракат қилдик. (Филип. 1:7) Охири, 1974 йили 18 декабрда бизнинг фаолиятимиз расмий эътироф этилди. Бош идорадан бўлган Нейтан Норр ва Фредерик Френц жами бўлиб 46 870 киши қатнашган Опорто ва Лиссабондаги тарихий учрашувда биз билан хурсандчиликни баҳам кўриш учун Португалияга ташриф буюришди.

 Португал тилида гапирадиган бир қанча оролларда, жумладан, Азор ороллари, Кабо-Верде, Мадейра ҳамда Сан-Томе ва Принсипида хушхабар тарқалиши учун, Яҳова йўл очиб берди. Бунинг натижасида каттароқ филиал биноларини қуришга туғилган эҳтиёж 1988 йили қондирилди. Ўша йили 23 апрелда Милтон Хеншель 45 522 та шижоатли тингловчи олдида янги биноларнинг бағишловига аталган нутқ сўзлади. Португалияда тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилган 20 та имондошимиз шундай тарихий воқеага келганини кўриш қалбимизга илиқлик бағишлади.

САДОҚАТЛИ КИШИЛАРДАН САБОҚ ОЛИШ

Йиллар мобайнида садоқатли имондошларимиз билан ҳамкорлик қилиш ҳаётимни ниҳоятда бойитди. Масалан, Теодор Ярач минтақа нозири сифатида ташриф буюрганида, унга ёрдам бериб, ўзим учун қимматли сабоқ олдим. Ўшанда филиал жиддий муаммога дуч келганди ва филиал қўмитаси қўлидан келган барча нарсани қилиб кўрганди. Аммо қўлларидан кўп нарса келмагани сабаб, улар тушкунликда эди. Шунда биродар Ярач уларга таскин бериб, қуйидагича айтди: «Энди муқаддас руҳ таъсир қилишига йўл қўйиб беришнинг айни пайти келди». Бир қанча ўн йиллар муқаддам, Бруклинга ташрифимиз пайтида, Мэри иккаламиз биродар Френц ва бошқа бир нечта имондошимиз билан оқшомни бирга ўтказдик. Биродар Френцдан кўп йиллар Яҳовага хизмат қилгани борасида бир оғиз гапириб беришини сўраганимизда, у шундай деди: «Сизларга маслаҳатим, яхши кунингизда ҳам, ёмон кунингизда ҳам Яҳованинг ташкилотида қолинг. Чунки бу — Исо шогирдларига топшириб кетган вазифани, яъни Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарни ваъз қилиш ишини бажараётган ягона ташкилотдир!»

Рафиқам билан бундай йўл тутаётганимиздан ниҳоятда бахтлимиз. Минтақа нозири сифатида филиалларга ташриф буюрганимиз ҳақидаги хотиралар биз учун қадрлидир. Ушбу ташрифлар бизга ёшу қари содиқ имондошларимизнинг хизмати учун миннатдорлик кўрсатиш ҳамда шарафли иш — Яҳовага хизмат қилишни давом этишларига ундаш имкониятини берди.

Мана, йиллар ўтди ва иккаламизнинг ёшимиз ҳам 80 дан ошиб қолди. Мэри турли касалликлар билан курашиб келмоқда. (2 Кор. 12:9) Синовлар имонимизни чархлаб, бенуқсонликни сақлаш қароримизни мустаҳкамлади. Ўтган ҳаётимизга назар солар эканмиз, шунга амин бўлдикки, биз Худонинг иноятини ниҳоятда кўп тарафлама ҳис қилдик. *

^ 29- х.б. Ушбу мақола чоп этилишга тайёрланаётганида, Дуглас Гест биродаримиз Яҳовага садоқатли қолиб 2015 йил 25 октябрда ҳаётдан кўз юмди.