Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ФЕВРАЛЬ 2017

Бугунги кунда Худонинг халқига ким йўлбошчилик қилмоқда?

Бугунги кунда Худонинг халқига ким йўлбошчилик қилмоқда?

Орангизда раҳбарликни ўз зиммасига олганларни унутманглар. ИБРОН. 13:7

ҚЎШИҚЛАР: 43, 44

1, 2. Исо осмонга кўтарилганидан кейин, унинг ҳаворийлари нима ҳақда қизиққан бўлишлари мумкин?

ИСОНИНГ ҳаворийлари Зайтун тоғида осмонга тикилиб қараб туришибди. Улар ҳозиргина хўжайини ва дўсти бўлмиш Исо кўкка кўтарилиб, булутлар орасида ғойиб бўлганини ўз кўзлари билан кўришди. (Ҳавор. 1:9, 10) Деярли икки йил мобайнида Исо уларга таълим ва далда бериб, раҳнамолик қилди, энди эса у кетди. Қизиқ, буёғига улар нима қилишар экан?

2 Исо ўз издошларига қуйидаги топшириқни берганди: «Сизлар... Қуддусда, бутун Яҳудия ҳамда Самарияда ва ҳатто ернинг четларига қадар менинг шоҳидларим бўласизлар». (Ҳавор. 1:8) Улар бу топшириқни қандай бажара олишарди? Гап шундаки, Исо шогирдларини улар яқин орада муқаддас руҳга эга бўлишларига ишонтирди. (Ҳавор. 1:5) Лекин халқаро ваъзгўйлик кампанияси йўналтирилиш ва ташкиллаштирилишни талаб этарди. Қадимда Яҳова Ўз халқини йўналтириб, ташкиллаштириш учун ер юзидаги вакилларидан фойдаланган. Шу боис, ҳаворийлар: «Яҳова ҳозир ҳам янги йўлбошчини  тайинлармикан?» — дея қизиққан бўлишлари мумкин.

3. а) Исо осмонга кўтарилганидан кейин, садоқатли ҳаворийлар қандай муҳим қарорга келишди? б) Мазкур мақолада нималарга тўхталиб ўтамиз?

3 Салкам икки ҳафта ўтгандан сўнг, Исонинг шогирдлари Муқаддас Ёзувларга мурожаат қилишади, Аллоҳдан ибодатда йўл-йўриқ сўрашади ва Яҳудо Ишқариётнинг ўрнига Маттияни 12- ҳаворий сифатида танлашади. (Ҳавор. 1:15–26) Нега ушбу танлов улар ҳамда Яҳова учун шунчалик муҳим эди? Шогирдлар ҳаворийларнинг сони 12 та бўлиши кераклигини тушунишганди. * Исо ҳаворийларини шунчаки хизматда ўзига ҳамроҳ қилиб эмас, аксинча, Аллоҳнинг халқи орасида етакчи вазифани бажаришлари учун танлади. Бу вазифа нимадан иборат эди ва ҳаворийлар уни эплашлари учун қай йўсин Яҳова уларни Исо орқали тайёрлади? Айни пайтда-чи, Худонинг халқи орасида шунга ўхшаш тузум мавжудми? Қай тариқа орамизда «раҳбарликни ўз зиммасига олганларни унутмаслигимиз», айниқса, «ишончли ва ақлли хизматкор» қаторига кирганларни ёдда сақлашимиз мумкин? (Иброн. 13:7; Мат. 24:45)

КЎРИНМАС ЙЎЛБОШЧИ РАҲНАМОЛИГИДАГИ КЎРИНАРЛИ КЕНГАШ

4. Қуддусдаги ҳаворийлар ва бошқа оқсоқоллар биринчи асрда қандай вазифани бажаришган?

4 Милодий 33 йилги Ҳосил байрамида ҳаворийлар масиҳийлар жамоатида раҳбарликни зиммасига олишни бошлашди. Ўшанда «Бутрус ўн бир ҳаворий билан ўрнидан туриб», бир тўда яҳудий ва яҳудий динига кирганлар билан нажотбахш хушхабарни бўлишди. (Ҳавор. 2:14, 15) Улардан кўпчилиги имон келтириб, «ҳаворийлардан таълим олишда давом этишди». (Ҳавор. 2:42) Ҳаворийлар жамоатнинг молиявий маблағларига жавобгар эди. (Ҳавор. 4:34, 35) Улар: «Бизлар... ўзимизни ибодатга ва Тангрининг каломидан таълим беришга бағишлаймиз»,— дея, Худо халқининг маънавий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишарди. (Ҳавор. 6:4) Қолаверса, улар янги ҳудудларда ваъзгўйлик ишини олға суриш учун тажрибали масиҳийларни тайинлашганди. (Ҳавор. 8:14, 15) Вақт ўтиши билан бошқа мойланган оқсоқоллар ҳам жамоатлардаги ишларга бош-қош бўлишда ҳаворийларга қўшилишди. Етакчи кенгаш сифатида улар барча жамоатларга йўл-йўриқ беришарди. (Ҳавор. 15:2)

5, 6. а) Қай тариқа муқаддас руҳ етакчи кенгашни йўналтирган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.) б) Қай йўсин фаришталар етакчи кенгашга кўмаклашишган? в) Аллоҳнинг Каломи етакчи кенгашни қандай йўналтирган?

5 Биринчи асрдаги масиҳийлар Яҳова етакчи кенгашни уларнинг йўлбошчиси Исо орқали бошқараётганини тушунишарди. Аммо улар бунга қандай амин бўла олишарди? Биринчидан, етакчи кенгашни муқаддас руҳ йўналтираётганди. (Юҳан. 16:13) Бу руҳ ҳамма мойланганларга берилганди, лекин у Қуддусдаги ҳаворийлар ва бошқа оқсоқоллар ўзларининг нозир сифатидаги вазифаларини бажаришлари учун уларни ўзгача тарзда лаёқатли қилганди. Масалан, милодий 49 йили муқаддас руҳ етакчи кенгашга суннат масаласида бир тўхтамга келишга ёрдам берган. Бу борада жамоатлар етакчи кенгашнинг йўл-йўриқларига риоя қилишди ва «имонда мустаҳкам бўлиб, кундан-кунга имонлиларнинг сони ортиб борарди». (Ҳавор. 16:4, 5) Ушбу қарорни ўз ичига олган мактубдан, шунингдек, етакчи кенгаш муқаддас руҳнинг самарасини, жумладан, севги ва имонни намоён этгани аён бўляпти. (Ҳавор. 15:11, 25–29; Галат. 5:22, 23)

6 Иккинчидан, етакчи кенгашга фаришталар кўмаклашишган. Чунончи, Корнилий суннат қилинмаган илк ғайрияҳудий сифатида сувга чўмишидан олдин, фаришта унга ҳаворий  Бутрусни чақиртиришни айтган. Гарчи Корнилий ва унинг қариндошлари суннат қилинмаган бўлишса-да, Бутрус ваъз қилганидан кейин уларга муқаддас руҳ ёғдирилган. Бу эса ҳаворийларни ва бошқа биродарларни Аллоҳнинг иродасига бўйсуниб, суннат қилинмаган ўзга халқ вакилларини жамоатга қабул қилишга чорлаган. (Ҳавор. 11:13–18) Бундан ташқари, фаришталар етакчи кенгашнинг назорати остида бўлган ваъзгўйлик ишини фаоллик ила олға суриб, тезлаштиришган. (Ҳавор. 5:19, 20) Учинчидан, етакчи кенгашни Аллоҳнинг Каломи йўналтирган. Мазкур мойланган оқсоқоллар таълимотларга оид масалаларни ҳал этишганида ёки ташкилий кўрсатмалар беришганида, Муқаддас Ёзувлардаги йўл-йўриқларга амал қилишган. (Ҳавор. 1:20–22; 15:15–20)

7. Нима учун Исо илк масиҳийларни йўналтирган, деб айта оламиз?

7 Гарчанд етакчи кенгаш аъзолари илк масиҳийлар жамоатида ваколатга эга бўлган бўлишса-да, улар йўлбошчилари Исо эканини тан олишарди. Ҳаворий Павлус айнан «У [Масиҳ] айримларни ҳаворийлар» қилиб тайинлаганини айтиб, «бош бўлмиш Масиҳга муносиб тарзда ҳамма нарсада севги орқали ўсиб борайлик», дея маслаҳат берганди. (Эфес. 4:11, 15) Шогирдлар ўзларини машҳур бир ҳаворийнинг исми билан атамай, «“масиҳий” деган ном олишди. Бу Худонинг бошқаруви билан бўлди». (Ҳавор. 11:26) Ҳа, Павлус раҳбарликни бўйнига олган ҳаворийлар ва бошқа биродарларнинг Муқаддас Китобга асосланиб берган кўрсатмаларига «қаттиқ риоя қилиш» муҳимлигини тушунарди. Бироқ у қуйидагича қўшиб қўйди: «Шуни билишингизни хоҳлардимки, ҳар бир эркакнинг [жумладан, етакчи кенгашдаги ҳар бир биродарнинг] боши Масиҳ,.. Масиҳнинг боши эса Худодир». (1 Кор. 11:2, 3) Дарҳақиқат, кўринмас ва шонли Исо Масиҳ ўзининг боши — Яҳова раҳнамолигида жамоатни бошқараётган эди.

«БУ — ИНСОН МЕҲНАТИНИНГ МАҲСУЛИ ЭМАС»

8, 9. Расселл биродаримиз 19 асрнинг охиридан бошлаб қайси аҳамиятли вазифани бажарган?

8 Чарлз Тейз Расселл биродаримиз ва унинг дўстлари 19 асрнинг интиҳосида ҳақ топинишни тиклашга ҳаракат қилишди. Хусусан, улар Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни турли тилларда тарқатишмоқчи эди. Шу сабабдан, 1884 йили «Сион Қўриқчи минораси жамияти» қонуний равишда рўйхатдан ўтказилди ва Расселл биродаримиз унинг президенти бўлди. * У Муқаддас Китобнинг атоқли тадқиқотчиси эди ва учлик ҳамда ўлмас жон каби сохта таълимотларни қўрқмасдан фош қилганди. Шунингдек, Масиҳ кўринмас тарзда қайтиб келишини ва «ўзга халқлар даври» 1914 йилда тугашини тушунганди. (Луқо 21:24) Расселл биродаримиз ушбу ҳақиқатларни бошқалар билан бўлишиш учун ўз вақтини, кучини ва пулини аямади. Аниқки, ўша кескин даврда Яҳова ҳамда жамоатнинг боши Исо Расселл биродаримиздан фойдаланишганди.

9 Расселл биродаримиз одамлардан шуҳрат изламаган. 1896 йили у шундай деб ёзган эди: «Бошқалар бизни ортиқ даражада ҳурматлашини ёки асарларимизни эъзозлашини, шунингдек, Авлиё ота ёки Тақсир деб аташларини хоҳламаймиз. Қолаверса, улар бизнинг исмимиз билан аталишларини ҳам истамаймиз. Зероки, бу — инсон меҳнатининг маҳсули эмас».

10. а) Исо «ишончли ва ақлли хизматкор»ни қачон тайинлади? б) Етакчи кенгашнинг «Қўриқчи минораси жамияти»дан фарқи қай йўсин кўрина бошлаганини сўзлаб беринг.

10 Расселлнинг ўлимидан уч йил ўтгач, 1919 йили, Исо «ишончли ва ақлли хизматкор»ни тайинлади. Қай мақсадда? Ўз уйидагиларига «ризқ-рўзни вақтида» бериб туриш учун. (Мат. 24:45) Бруклиндаги (Нью-Йорк)  Бош идора марказида хизмат қилаётган мойланган биродарларнинг кичик гуруҳи Исонинг издошлари учун ҳатто ўша дастлабки йилларда маънавий озуқани тайёрлаган ва тарқатган. «Етакчи кенгаш» ибораси адабиётларимизда 1940 йилларда пайдо бўла бошлаганди. Ўшанда Етакчи кенгаш «Қўриқчи Минораси Муқаддас Китоб ва букламалар жамияти» билан чамбарчас боғлиқ, деб ҳисобланарди. Лекин 1971 йили «Қўриқчи минораси жамияти» ўз раҳбарлари бор юридик ташкилот бўлиб, Муқаддас Китобга асосланган Етакчи кенгашдан фарқ қилиши аниқланди. Бундан буён Етакчи кенгашга «Қўриқчи минораси жамияти»нинг раҳбарлари бўлмаган мойланган биродарлар кирадиган бўлди. Охирги йиллар давомида «бошқа қўйлар»дан бўлган масъулиятли биродарлар Худонинг халқи томонидан фойдаланилаётган юридик жамият ва бошқа идораларнинг раҳбарлари сифатида фаолият юритиб келишмоқда. Шу йўсин улар Етакчи кенгашга диққатни маънавий таълим ва йўл-йўриқ беришга қаратишга имкон яратишяпти. (Юҳан. 10:16; Ҳавор. 6:4) «Қўриқчи минораси»нинг 2013 йил 15 июль сонида «ишончли ва ақлли хизматкор» Етакчи кенгашни ташкил этувчи мойланган биродарларнинг кичик гуруҳи экани тушунтирилганди.

Етакчи кенгаш, 1950 йиллар

11. Етакчи кенгаш қандай фаолият юритади?

11 Етакчи кенгаш муҳим қарорларни биргаликда чиқаради. Қандай дейсизми? Маълумки, Етакчи кенгаш аъзолари ҳар ҳафта йиғилишади. Бу эса яқиндан ҳамкорлик қилишга ва ҳамжиҳат бўлишга замин яратади. (Ҳик. 20:18) Етакчи кенгашнинг ҳеч бир аъзоси бир-биридан устун бўлмагани учун, бундай йиғилишларда раислик қилувчи биродар навбатма-навбат йилига бир марта алмашади. (1 Бутр. 5:1) Етакчи кенгашнинг ҳар бир олтита қўмитасида ҳам раислик масаласида худди шу тартибга риоя қилинади. Кенгашнинг ҳар бир аъзоси ўзини биродарларнинг бошлиғи деб эмас, балки ишончли хизматкор томонидан озиқлантирилаётган ва унинг қарамоғида бўлган «уйидагилар»нинг бир аъзосидек билади.

Ишончли хизматкор 1919 йилда тайинланганидан бери Худонинг халқига маънавий озуқани тайёрлаб келмоқда (10-, 11- хатбошиларига қаранг.)

«ИШОНЧЛИ ВА АҚЛЛИ ХИЗМАТКОР КИМ?»

12. Етакчи кенгаш илҳомлантирилган ва мукаммал эмас экан, қайси саволлар юзага келяпти?

12 Етакчи кенгаш илҳомлантирилган ҳам эмас, мукаммал ҳам эмас. Шунинг учун, у таълимотлар ёки ташкилий йўл-йўриқлар борасида хато қилиши мумкин. «Яҳованинг Шоҳидлари изланиш олиб бориши учун қўлланма»да «Таълимотларимизнинг ойдинлашиши» деган сарлавҳа остида Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларнинг тушунчасига киритилган ўзгаришлар келтирилган. Тўғри, Исо унинг ишончли хизматкори бекаму кўст маънавий озуқа бериши тўғрисида ҳеч нарса айтмаган. Унда қандай қилиб Исонинг «Ишончли ва ақлли хизматкор ким?» деган саволига жавоб бера оламиз? (Мат. 24:45) Етакчи кенгаш ушбу вазифани бажараётганини кўрсатувчи қандай исбот бор? Келинг, биринчи асрдаги етакчи кенгашни йўналтирган юқоридаги учта омилга эътибор қаратайлик.

13. Муқаддас руҳ Етакчи кенгашга қандай ёрдам бериб келмоқда?

13 Етакчи кенгашга муқаддас руҳ ёрдам беряпти. Муқаддас руҳ Етакчи кенгашга Аллоҳ Каломидаги илгари тушунарсиз бўлган ҳақиқатларни фаҳмлашга ёрдам бериб келмоқда. Мисол учун, олдинги хатбошида тилга олинган ойдинлик киритилган таълимотларимиз рўйхати хусусида фикр юритиб кўринг. Шубҳасизки, ҳеч бир инсон ўз-ўзидан «Худонинг чуқур донолигини» топиб, уни тушунтира олмайди! (1 Коринфликларга 2:10 ни ўқинг.) Ҳаворий Павлус: «Бу ҳақда биз инсоний доноликдан чиққан сўзлар билан эмас, балки муқаддас руҳ ўргатаётган сўзлар билан гапиряпмиз»,— деб ёзганди ва Етакчи кенгаш шунга ҳамоҳанг равишда йўл тутяпти. (1 Кор. 2:13) Асрлар мобайнида муртадлик ва маънавий зулматда бўлгандан кейин, 1919 йилдан бошлаб, Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни тушунишда жадал ўсиш бўлганига муқаддас руҳдан бўлак яна нима ҳам сабаб бўла оларди?!

14. Ваҳий 14:6, 7 га кўра, фаришталар бугунги кундаги Худонинг халқига қандай ёрдам беришяпти?

 14 Етакчи кенгашга фаришталар кўмаклашишяпти. Бугунги кунда Етакчи кенгаш саккиз миллиондан зиёд Шоҳидлар қатнашаётган халқаро ваъзгўйлик ишини назорат қилиш каби улкан топшириқни бажаришмоқда. Нега бу иш шунчалик муваффақият қозонди? Сабаблардан бири, бу ишда фаришталар иштирок этишяпти. (Ваҳий 14:6, 7 ни ўқинг.) Ростдан ҳам, одамлар эндигина ёрдам сўраб ибодат қилган пайтда ваъзгўйлар уларнинг олдига келган ҳоллар кўп учрайди. * Ҳа, баъзи мамлакатлардаги шиддатли қаршиликларга қарамай, ваъзгўйлик ҳамда шогирд тайёрлаш ишида кузатилаётган кенг қамровли ўсишга айнан фаришталарнинг мадади туфайли эришилди.

15. Етакчи кенгаш ва руҳонийлар орасида қандай фарқ бор? Мисол келтиринг.

15 Етакчи кенгашни Худонинг Каломи йўналтиряпти. (Юҳанно 17:17 ни ўқинг.) Келинг, 1973 йилда ҳал қилинган бир масалага назар ташлайлик. «Қўриқчи минораси»нинг 1 июнь сонида қуйидаги савол берилганди: «Тамаки чекиш одатини ташламаган одамлар сувга чўмишлари мумкинми?» Жавоб шундай эди: «Муқаддас Китобдаги оятлар улар сувга чўма олмаслигини кўрсатяпти». «Қўриқчи минораси»нинг мазкур сонида бу масалага тааллуқли бир неча оятлар келтирилиб, нима учун тавба қилмаган тамаки чекувчи четлатилиши кераклиги тушунтирилганди. (1 Кор. 5:7; 2 Кор. 7:1) У ерда, шунингдек, қуйидагича  ёзилганди: «Бу чора тамаки чекувчига нисбатан шафқатсизларча ва зулмкорона муносабат кўрсатилганини англатмайди. Зеро, бундай қатъий чора, аслида, Ўзини Каломи орқали ошкор этувчи Аллоҳдан келиб чиқади». Хўш, қайси бир диний ташкилот, ҳатто ўзининг айрим аъзоларининг зарарига бўлса ҳам, Худонинг Каломига бутунлайин таянишга тайёр? АҚШда яқинда чоп этилган дин ҳақидаги бир китобда шундай ёзилган: «Руҳонийлар черков аъзолари ҳамда жамиятдаги одамлар қайси эътиқод ва нуқтаи назарни қўллаб-қувватлашига қараб, ўз таълимотларига мунтазам ўзгартириш киритишади». Агар Етакчи кенгаш аъзолари қарорларини оммабоп фикр эмас, Худонинг Каломи йўналтиришига йўл қўйишаётган бўлса, унда ҳозирги пайтда Аллоҳнинг халқини улардан бошқа яна ким ҳам бошқара оларди?!

«ОРАНГИЗДА РАҲБАРЛИКНИ ЎЗ ЗИММАСИГА ОЛГАНЛАРНИ УНУТМАНГЛАР»

16. Етакчи кенгашни унутмасликнинг йўлларидан бири қандай?

16 Ибронийларга 13:7 ни ўқинг. «Унутманглар» дея таржима қилинган сўз «тилга олмоқ» деган маънога эга бўлиши мумкин. Шунинг учун, «орангизда раҳбарликни ўз зиммасига олганларни унутмасликнинг» йўлларидан бири — Етакчи кенгаш аъзоларини ибодатларингизда тилга олишдир. (Эфес. 6:18) Масалан, Етакчи кенгашнинг маънавий озуқани тарқатиш, умумжаҳон ваъзгўйлик фаолиятини назорат қилиш ва хайр-эҳсонлардан фойдаланиш каби вазифалари устида мулоҳаза юритиб кўринг. Шаксизки, улар учун доимо илтижо қилиб туришимиз даркор, зеро улар бунга муҳтож.

17, 18. а) Қай тариқа биз Етакчи кенгаш билан ҳамкорлик қиламиз? б) Қай йўсин ваъз қилиш орқали ишончли хизматкорни ва Исони қўллаб-қувватлаётганимизни кўрсатамиз?

17 Албатта, Етакчи кенгашни унутмаётганимизни нафақат сўзларимиз, балки унинг йўл-йўриқларига мувофиқ йўл тутаётганимиз билан ҳам кўрсатамиз. Бу кенгаш аъзолари бизга адабиётларимиз, йиғилишлару анжуманлар орқали йўл-йўриқлар беришади. Бунинг устига, Етакчи кенгаш туман нозирларини, улар эса, ўз навбатида, жамоат оқсоқолларини тайинлашади. Туман нозирлари ва оқсоқоллар Етакчи кенгаш бераётган кўрсатмаларга қатъий амал қилиб, бу биродарларни ёдда сақлашаётганини намоён этишади. Дарҳақиқат, барчамиз Исо бизни йўналтириш учун фойдаланаётган биродарларга итоат этиб, уни Йўлбошчимиз сифатида ҳурмат қилаётганимизни кўрсатамиз. (Иброн. 13:17)

18 Етакчи кенгашни унутмаётганимизни кўрсатишнинг бошқа бир йўли — ваъзгўйликда жон-жаҳдимиз билан иштирок этишдир. Ахир Павлус бизни бежизга орамизда раҳбарликни зиммасига олганларнинг имонига тақлид қилишга ундамаган. Негаки, ишончли хизматкор Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ғайрат ила олға суришда ва тарқатишда ажойиб имонни намоён этиб келяпти. Сиз мойланганларни ушбу аҳамиятли ишда қўллаб-қувватлаётган бошқа қўйлар қаториданмисиз? Агар шундай бўлса, Йўлбошчингиз Исо: «Энг кичик биродарларимдан бирига нима қилган бўлсангиз, менга ҳам қилган бўласизлар»,— деб айтганида, қувончга тўлишингиз тайин! (Мат. 25:34–40)

19. Нима сабабдан Йўлбошчимиз Исога эргашишга қарор қилдингиз?

19 Исо осмонга қайтганига қарамай, ўз издошларини ёрдамсиз қолдирмади. (Мат. 28:20) У ер юзида бўлганида, муқаддас руҳ, фаришталар ва Аллоҳнинг Каломи унга раҳбарлик қилишга қанчалик кўмаклашганини ўз тажрибасидан биларди. Шунинг учун, у бугунги кунда ишончли хизматкорга худди шундай кўмакни тақдим этяпти. Ушбу хизматкорни ташкил этувчилар мойланган масиҳийлар сифатида «Қўзи қаерга борса, орқасидан эргашишади». (Ваҳ. 14:4) Агар биз уларнинг йўл-йўриқларига бўйсунсак, Йўлбошчимиз Исога эргашган бўламиз. Яқинда у бизни абадий ҳаётга етаклайди. (Ваҳ. 7:14–17) Ҳеч бир инсоний ҳукмдор эса буни ваъда қила олмайди!

^ 3- х.б. Далилларга кўра, Яҳова 12 та ҳаворийни бўлажак «Янги Қуддуснинг» пойдеворидаги «ўн икки тош»ни ташкил этишлари учун танлади. (Ваҳ. 21:14) Шу сабабли, кейинчалик ер юзидаги ҳаёти поёнига етган ҳар бир садоқатли ҳаворийнинг ўрнига бошқасини танлашга ҳожат йўқ эди.

^ 8- х.б. 1955 йилдан буён бу жамият Пенсильваниядаги «Қўриқчи Минораси Муқаддас Китоб ва букламалар жамияти» деб номланадиган бўлди.

^ 14- х.б. «Худонинг Шоҳлиги тўғрисида кенг шоҳидлик берайлик» китобининг 58–59- саҳ. қаранг.