Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ФЕВРАЛЬ 2017

Яҳованинг нияти албатта амалга ошади!

Яҳованинг нияти албатта амалга ошади!

Мен Ўз айтганимни бажо қиламан! Ҳа, ўйлаганимни амалга ошираман! ИШАЁ 46:11

ҚЎШИҚЛАР: 46, 5

1, 2. а) Яҳова бизга нимани аён қилди? б) Ишаё 46:10, 11 ва 55:11 даги сўзлар бизни нимага ишонтирмоқда?

МУҚАДДАС КИТОБНИНГ илк оятида «Худо азалда осмон билан ерни яратди» деган оддий, аммо теран маъноли сўзлар қаламга олинган. (Ибт. 1:1) Тўғри, Худонинг коинот, ёруғлик ва тортишиш кучи каби кўплаб ижодлари ҳақида фақат озгина тушунчага эгамиз ҳамда бутун борлиқнинг атиги бир қатрасини кўрганмиз, холос. (Воиз 3:11) Лекин шунга қарамай, Яҳова бизга ер ва одамзодга нисбатан ниятини аён қилди. Шу ниятга биноан, ер юзи Аллоҳнинг суратига кўра яратилган эркагу аёллар учун бекаму кўст уй бўлиши керак эди. (Ибт. 1:26) Шунда улар Яҳованинг фарзандлари, У эса уларнинг Отаси бўларди.

2 Ибтидо китобининг учинчи бобида тушунтирилишича, Яҳованинг мақсади тўсқинликка учради. (Ибт. 3:1–7) Бироқ бу умуман ечими йўқ муаммо эмасди. Зеро, ҳеч ким Яҳовага тўғоноқ бўла олмайди. (Ишаё 46:10, 11; 55:11) Шунинг учун, Яҳованинг азалий нияти ўз вақтида амалга ошишига амин бўлишимиз мумкин.

3. а) Қайси ҳақиқатлар Муқаддас Китобдаги хабарни тушунишимиз учун муҳим ҳисобланади? б) Нега бундай таълимотларни ҳозир кўриб чиқяпмиз? в) Қайси саволларни муҳокама қиламиз?

3 Шак-шубҳасизки, биз Аллоҳнинг ерга ва инсониятга  нисбатан нияти ҳамда у бажо бўлишида Исо Масиҳнинг марказий ўрни тўғрисидаги Муқаддас Китоб ҳақиқатлари билан танишмиз. Улар ўта муҳим бўлиб, Худонинг Каломини тадқиқ қилишни бошлаганимизда ўрганган илк ҳақиқатлар сирасига киради. Биз, ўз навбатида, самимий одамларни ушбу аҳамиятли таълимотлар билан таништиришни истаймиз. Айни пайтда мазкур мақолани бир жамоа бўлиб муҳокама қилар эканмиз, Қутлуғ Кечликка имкон қадар кўпроқ одамларни таклиф этишга жон-жаҳдимиз билан ҳаракат қилмоқдамиз. (Луқо 22:19, 20) Ушбу маросимга келганлар Аллоҳнинг мақсади ҳақида кўп нарсани билиб олишади. Шундай экан, Қутлуғ Кечликка саноқли кунлар қолганда, Муқаддас Китобни ўрганаётганларнинг ва бошқа самимий кишиларнинг ушбу муҳим маросимга бўлган қизиқишини уйғотадиган муайян саволлар хусусида ўйлаш айни муддаодир. Биз қуйидаги учта саволни кўриб чиқамиз: Аллоҳнинг ерга ва одамзодга нисбатан азалий нияти қандай эди? Нима чаппасига кетди? Нима сабабдан Исонинг тўлов қурбонлиги Худонинг азалий нияти амалга ошиши учун эшик қулфини очадиган калитдир?

ПАРВАРДИГОРНИНГ АЗАЛИЙ НИЯТИ ҚАНДАЙ ЭДИ?

4. Қай тариқа мавжудот Яҳованинг шуҳратини намоён этади?

4 Яҳова — тенги йўқ Парвардигордир. У яратган барча нарса юқори талабларга жавоб беради. (Ибт. 1:31; Ерм. 10:12) Қизиқ, мавжудотда мужассам топган чирой ва тартибдан нимани ўргансак бўлади? Оламни кузатганда, Яҳованинг каттаю кичик — барча ижодлари фойдали мақсад йўлида хизмат қилишини кўриб, лол қоласан киши. Ҳа, инсон ҳужайрасининг мураккаблиги, янги туғилган чақалоқнинг нозиклиги ёки кечки шафақнинг жилосидан ким ҳам ҳайратланмайди дейсиз?! Биз ушбу ижодларга қараб завқланамиз, чунки бизда ҳақиқий гўзаллик нима эканини англаш каби туғма ҳис бор. (Забур 18:2; 103:24 ни ўқинг.)

5. Қай равишда Яҳова бор мавжудот уйғун тарзда фаолият юритишини таъминлади?

5 Яҳова барча ижодларига севги ила чегаралар ўрнатди. Бутун борлиқ уйғунликда фаолият юритиши учун, У ҳам табиат қонунларини, ҳам ахлоқий қоидаларни киритди. (Заб. 18:8–10) Бинобарин, коинотдаги жамики нарсалар Худонинг ниятида тутган ўрнига кўра ўз тайинланган жойи ҳамда вазифасига эга. Қолаверса, Яҳова бор мавжудот бир-бирига уйғун тарзда фаолият олиб бориши учун меъёрлар ўрнатди. Чунончи, тортишиш қонуни атмосфера ерга яқин ҳолатда сақланишини, океанларда сув сатҳининг кўтарилиши ва пасайишини ҳамда умуман, табиатда cув айланишини таъминлаб, ер юзида ҳаёт мавжуд бўлиши учун зарур бўлган тартибни сақлайди. Бутун мавжудот, шу жумладан, одамлар ҳам ушбу чегаралар доирасида ҳаракатланиб, фаолият юритади. Аниқ-равшанки, оламдаги тартиб Аллоҳнинг ерга ва инсониятга нисбатан мақсади борлигидан далолат беряпти. Келинг, хизматимизда одамларнинг эътиборини қойил қолдирадиган бундай тартибнинг Сабабчисига қаратайлик. (Ваҳ. 4:11)

6, 7. Яҳова Одамато ва Момоҳавога берган баъзи совғалар қайси?

6 Яҳованинг азалий хоҳиш-иродасига биноан, одамлар ер юзида мангу яшаши керак эди. (Ибт. 1:28; Заб. 36:29) Аллоҳ Одамато ва Момоҳаво ҳаётдан баҳра олиб яшашларига хизмат қиладиган турли бебаҳо ҳадяларни сахийлик ила ато этди. (Ёқуб 1:17 ни ўқинг.) Масалан, У уларга ирода эркинлигини, фикрлаш қобилиятини ҳамда севиш ва дўстлашиш имкониятини тақдим этди. Парвардигор Одаматога гапириб, у итоаткорлигини қандай намоён этиши кераклигига алоқадор йўл-йўриқлар берди. Қолаверса, Одамато ўз эҳтиёжларини қондиришни ва  ҳайвонлару ерга ғамхўрлик қилишни ўрганди. (Ибт. 2:15–17, 19, 20) Шунингдек, Яҳова Одамато ва Момоҳавони таъм билиш, сезиш, кўриш, эшитиш ва ҳид билиш қобилиятлари билан яратди. Шу йўсин улар тўла равишда уйлари бўлмиш Жаннатнинг жозибаси ва саховатидан баҳраманд бўла олишарди. Илк жуфтлик қизиқарли иш билан шуғулланиш, ривож топиш ва кашф этиш каби ҳадсиз имкониятларга эга эди.

7 Худонинг мақсадига яна нималар кирган? Яҳова Одамато ва Момоҳавони мукаммал фарзандларни дунёга келтириш қобилияти билан яратганди. Унинг ниятига кўра, улар курраи заминни фарзандлари билан тўлдирмагунча бола кўришлари лозим эди. Яҳова Одамато ва Момоҳаво ҳамда улардан кейинги барча ота-оналардан фарзандларини У илк мукаммал болаларини севгандек севишларини кутарди. Захираларга бой ер юзи эса уларнинг абадий уйига айланиши керак эди. (Заб. 113:24)

НИМА ЧАППАСИГА КЕТДИ?

8. Ибтидо 2:16, 17 даги қонун нима мақсадда берилганди?

8 Ҳамма нарса айнан Худо ният қилганидек силлиқ кетмади. Нега? Гап шундаки, Яҳова Одамато ва Момоҳавога уларнинг ирода эркинлиги чекланганини тушунишлари учун бажарилиши қийин бўлмаган бир қонун бериб, қуйидагича деди: «Сен боғдаги ҳамма дарахтнинг мевасидан бемалол тановул қилавер. Лекин яхшилик ва ёмонликни билиш дарахтининг мевасидан емайсан, ундан ейишинг биланоқ, шубҳасиз, ўласан». (Ибт. 2:16, 17) Одамато ва Момоҳаво учун мазкур қонунни тушуниш ҳамда унга бўйсуниш қийин эмасди. Ахир уларда ейишлари мумкин бўлган бошқа кўпгина озиқлари бор эди.

9, 10. а) Шайтон Яҳовани қандай қоралади? б) Одамато ва Момоҳаво қандай қарорга келишди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

9 Шайтон Иблис Момоҳавони илон орқали алдаб, уни Отаси Яҳовага бўйсунмасликка ундади. (Ибтидо 3:1–5 ни ўқинг; Ваҳ. 12:9) Шайтон: «Ҳақиқатан ҳам Худо, боғдаги биронта дарахтнинг мевасидан еманглар, деб айтдими?» — деган савол берди. У гўёки: «Истаган нарсамизни қилолмаймиз, деб айтмоқчимисизлар?» — деб, мунозарали масалани кўтарди. Сўнгра Шайтон: «Йўқ, ўлмайсизлар»,— деган ғирт ёлғон сўзларни айтди. Кейин у Момоҳавони Худога бўйсуниш шарт эмаслигига ишонтиришга уриниб, унга: «Худо биладики, сизлар бу мевалардан есаларингиз, кўзларингиз очилади»,— деди. Шайтон бу гаплари билан Яҳова уларнинг кўзлари очилишини истамагани учун уларга ўша мевани ейишни тақиқлаб қўйганини айтмоқчи эди. Бундан сўнг у: «Сизлар... барча яхши ва ёмон нарсаларни биладиган бўлиб, Худога ўхшаб қоласизлар»,— деган сохта ваъда берди.

10 Энди Одамато ва Момоҳаво бир қарорга келишлари керак эди: улар Яҳовага бўйсунишадими ё илонга қулоқ тутишадими? Улар Худога бўйсунмасликни танлашди. Бундай йўл тутиб, Одамато ва Момоҳаво Шайтоннинг исёнига қўшилишди. Улар Яҳованинг фарзандлари бўлишдан воз кечиб, ўзларини Унинг ҳимояловчи бошқарувидан маҳрум этишди. (Ибт. 3:6–13)

11. Нега Яҳова исёнга кўз юммайди?

11 Одамато билан Момоҳаво Яҳовага қарши исён кўтариб, мукаммалликни йўқотишди. Устига-устак, бу исён уларни Яҳовадан узоқлаштирди, чунки Худо ҳақида: «Сенинг кўзларинг шу қадар покизаки, Сен ёвузликка қараб туролмайсан»,— деб ёзилган. Ҳа, У «ҳақсизликка чидай олмайди». (Хаб. 1:13) Агар У бунга кўз юмганида, бу хоҳ осмонда, хоҳ ерда бўлсин, жамики мавжудотларнинг тинчлигию якдиллигига хавф туғдирарди. Худо Адан боғида содир этилган гуноҳга нисбатан ҳеч қандай чора кўрмаган тақдирда эса, аввало, Ўзининг ишончлилигини шубҳа остига солган бўларди. Аммо Яҳова  Ўз меъёрларига содиқдир ва уларни ҳеч қачон бузмайди. (Заб. 118:142) Гарчи Одамато ва Момоҳаво ирода эркинлигига эга бўлган бўлишса ҳам, бу уларга Аллоҳнинг қонунини писанд қилмаслик ҳуқуқини бермасди. Хуллас, Яҳовага қарши кўтарилган исён оқибатида улар вафот этиб, яна тупроққа қайтишди. (Ибт. 3:19)

12. Одаматонинг авлодлари билан нима содир бўлди?

12 Одамато ва Момоҳаво ўша мевани тановул қилишганида, ўзларини умумкоинот миқёсидаги Аллоҳ оиласининг аъзолари бўлиш имконидан маҳрум этишди. Худованд уларни Адан боғидан ҳайдади ва энди улар у ерга қайтиб бора олишмасди. (Ибт. 3:23, 24) Шу йўсин Яҳова уларга ўзлари чиқарган қарорнинг оқибатларини тотишга адолат ила йўл қўйди. (Қонунлар 32:4, 5 ни ўқинг.) Мукаммалликни йўқотгач, инсон бундан буён Тангрининг фазилатларини тўлиқ акс эттира олмасди. Одамато нафақат ўзи порлоқ келажакдан айрилди, балки фарзандларига ҳам номукаммаллик, гуноҳ ва ўлимни мерос қилиб қолдирди. (Рим. 5:12) У ўзининг авлодларини абадий яшаш истиқболидан жудо қилди. Қолаверса, буёғига на Одамато ва Момоҳаво, на уларнинг фарзандлари баркамол авлодни дунёга келтира олишарди. Шайтон Иблис Одамато ва Момоҳавони Худодан узоқлаштиргандан бери то бугунги кунгача бутун инсониятни йўлдан оздириб келмоқда. (Юҳан. 8:44)

ТЎЛОВ ПАЙДО БЎЛГАН ЁРИҚНИ ТЎЛДИРДИ

13. Яҳова одамзод учун нимани истайди?

13 Аллоҳнинг одамзодга бўлган муҳаббати сўниб қолмади. Одамато ва Момоҳавонинг исёнига қарамай, Яҳова одамлар У билан яхши муносабатларга эга бўлишларини хоҳлайди. У ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамайди. (2 Бутр. 3:9) Шу боис, исёндан кўп ўтмай, Аллоҳ инсонлар У билан дўстлашишлари учун чора кўриш билан бир қаторда Ўзининг одил меъёрларига ҳам вафодор қолди. Қизиқ, Яҳова буни қандай амалга оширди?

14. а) Юҳанно 3:16 га кўра, Худо одамзодни гуноҳ ва ўлимдан халос қилиш учун қандай чора кўрди? б) Қизиқувчилар билан қайси саволни кўриб чиқсак бўлади?

14 Юҳанно 3:16 ни ўқинг. Биз Қутлуғ Кечликка таклиф қилган одамларнинг айримлари мазкур оят билан таниш бўлишлари мумкин. Лекин қанақасига Исонинг тўлов қурбонлиги абадий ҳаётга йўл очиб берди? Қутлуғ Кечлик кампанияси, Қутлуғ Кечлик маросими ва унга келган инсонларникига такрорий ташриф қилиш бизга ҳақиқатни изловчи самимий инсонларга ушбу муҳим саволга жавоб топишга ёрдамлашиш имконини туғдиради. Шундай одамлар Яҳова тўлов орқали Ўз севгиси ва донолигини қандай намоён этганини тўлиқ англашни бошлагач, бундан таъсирланишади. Хўш, тўловнинг қайси жиҳатларини таъкидлаб ўтсак бўлади?

15. Исо Одаматодан қандай фарқ қиларди?

15 Яҳова тўловни тақдим эта оладиган мукаммал инсонни берди. Ўша мукаммал инсондан Яҳовага садоқатли қолиш ва ўз ҳаётини ҳалокатга маҳкум бўлган одамзод учун беришга тайёр бўлиш кутиларди. (Рим. 5:17–19) Яҳова илк ижодининг ҳаётини осмондан ерга кўчирди. (Юҳан. 1:14) Шу тариқа Исо Одамато каби мукаммал инсон бўлди. Аммо Одаматодан фарқли ўлароқ, у Яҳова баркамол инсондан риоя этишни талаб қиладиган меъёрлар бўйича ҳаёт кечирди. У ҳатто энг шиддатли синовларда ҳам зинҳор гуноҳ қилмади ва Худо берган амрларнинг ҳеч бирини бузмади.

16. Нима учун тўлов шу қадар бебаҳо инъомдир?

16 Мукаммал инсон сифатида Исо одамлар учун ўлиб, уларни гуноҳ ва ўлимдан халос эта оларди. Исо мукаммаллик, Худога содиқлик ва итоаткорлик каби Одамато эга бўлиши кутилган барча хусусиятларга тўлақонли мос келарди. (1 Тим. 2:6) У ҳаётини тўлов  сифатида тақдим этиб, эркаклар, аёллар ва фарзандлар — «кўплар учун» абадий ҳаётга йўл очиб берди. (Мат. 20:28) Чиндан ҳам, тўлов — Худонинг азалий нияти амалга ошиши учун эшик қулфини очадиган калитдир. (2 Кор. 1:19, 20) Ҳа, у орқали барча садоқатли кишилар мангу яшаш истиқболига эга бўлишди.

ЯҲОВА БИЗГА ҚАЙТИШ ИМКОНИНИ БЕРДИ

17. Тўлов нимага йўл очиб берди?

17 Яҳова тўловни Унга қимматга тушса ҳам тақдим этди. (1 Бутр. 1:19) У одамзодни шунчалик юқори қадрлайдики, ҳатто ягона Ўғли биз учун ўлишига йўл қўйиб берди. (1 Юҳан. 4:9, 10) Қайсидир маънода Исо илк инсоний отамиз Одаматонинг ўрнини эгаллади. (1 Кор. 15:45) Шундай йўл тутиб, у бизга ҳаётдан кўпроқ нарсани — Аллоҳнинг оиласига қайтиш имконини бермоқда. Ҳа, айнан Исонинг қурбонлиги асосида Яҳова Ўз одил меъёрларига содиқ қолган ҳолда одамларни оиласига қайтадан қабул қила олади. Барча садоқатли кишилар камолотга эришадиган пайт ҳақида ўйлаш наҳот қалбимизга илиқлик бахш этмаса?! Ўшанда Яҳова оиласининг самодаги ва ердаги қисмлари бутунлайин баҳамжиҳат бўлишади. Шунда ҳаммамиз тўла маънода Аллоҳнинг фарзандлари бўламиз. (Рим. 8:21)

18. Яҳова қачон «барча нарсанинг ягона Эгаси бўлади»?

18 Шайтоннинг исёни Яҳовани одамзодга севгисини кўрсатишдан тўхтатмади ва ҳатто осий бандаларга ҳам Худога садоқатли қолиш йўлида тўсиқ бўла олмади. Яҳова тўлов қурбонлиги орқали Ўзининг фарзандларига буткул одил бўлишга кўмаклашади. «Ўғилни кўриб, унга ишонган» ҳар ким мангу яшайдиган даврда ҳаёт қандай бўлишини бир фараз қилиб кўринг-а! (Юҳан. 6:40) Яҳова Ўзининг азалий ниятига биноан, одамзод оиласини улкан севги ва донолик ила камолотга эриштиради. Ўшанда Отамиз Яҳова «барча нарсанинг ягона Эгаси бўлади». (1 Кор. 15:28)

19. а) Тўловга бўлган миннатдорчилик бизни нима қилишга ундаши керак? (« “Муносиб бўлганларни излашда” давом этайлик» номли рамкага қаранг.) б) Келаси мақолада тўловнинг қайси жиҳатини кўриб чиқамиз?

19 Тўловга бўлган миннатдорчилик бизни бошқаларга ҳам улар бу бебаҳо ҳадядан фойда олишлари мумкинлигини айтиш учун қўлимиздан келганини қилишга ундаши керак. Зеро, одамлар Яҳова тўлов орқали бутун башариятга абадий яшаш имконини севги ила тақдим этганини билишлари зарур. Лекин тўлов бундан-да кўпроқ масалаларни ҳал этди. Навбатдаги мақолада қай йўсин Исонинг қурбонлиги туфайли Шайтон Адан боғида кўтарган мунозарали масала ўз ечимини топганини кўриб чиқамиз.