Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) СЕНТЯБРЬ 2016

Ёшлар, имонингизни мустаҳкамланг

Ёшлар, имонингизни мустаҳкамланг

Имон — бу умид қилаётган нарсалар... кўринмайдиган бўлса ҳам, бу нарсалар чин эканига амин бўлишдир. ИБРОН. 11:1

ҚЎШИҚЛАР: 54, 11

1, 2. Бугунги кунда ёшлар қандай босимга дуч келишлари мумкин ва бунга қарши туриш учун улар қандай қадамлар қўя олишади?

БРИТАНИЯЛИК бир синглимизга унинг синфдоши шундай деди: «Аллоҳга ишонаётганингни ақлимга сиғдиролмаяпман». Германиялик бир биродаримиз эса қуйидагича ёзди: «Ўқитувчиларим Муқаддас Китобдаги яратилиш ҳақидаги баёнотни афсона, деб билишади. Улар учун ўқувчилар эволюцияга ишонишаётгани табиий ҳолдир». Франциялик бир синглимиз шундай деб бўлишди: «Мактабимдаги ўқитувчилар айрим ўқувчилар ҳалиям Муқаддас Китобга ишонишаётганини билиб, роса ҳайрон қолишади».

2 Яҳованинг ёш хизматчиси ёки У ҳақда билим олаётган киши сифатида Яратувчига эмас, эволюцияга ишониш каби кенг тарқалган эътиқодга амал қилиш босимига дуч келяпсизми? Агар шундай бўлса, имонни мустаҳкамлаш ва уни сақлаб қолиш учун муайян қадамлар қўйишингиз керак. Қадамлардан бири — Худо ато этган фаҳм-фаросатни қўллашдир. Зеро, у сизни «ҳимоя қилиб», имонингизга путур етказиши мумкин бўлган дунёвий фалсафалардан асрайди. (Ҳикматлар 2:10–12 ни ўқинг.)

3. Мазкур мақолада нимани муҳокама қиламиз?

3 Ҳақиқий имон Худо тўғрисидаги аниқ билимга асосланади. (1 Тим. 2:4) Шундай экан, Аллоҳнинг Каломини ва адабиётларимизни  тадқиқ қилганингизда, шунчаки кўз югуртириб чиқманг. Ўқиётган маълумотнинг «мағзини чақиш» учун фаҳм-фаросатингизни ишга солинг. (Мат. 13:23) Келинг, қай йўсин сиз шундай йўл тутиш орқали Яратувчига бўлган ишончингизни мустаҳкамлаб, Муқаддас Китобдаги сўзлар «чин эканига амин» бўла олишингизни кўриб чиқайлик. (Иброн. 11:1)

ИМОНИНГИЗНИ ҚАНДАЙ МУСТАҲКАМЛАШИНГИЗ МУМКИН?

4. Нега Худога ва эволюцияга ишонаётган кишиларда қайсидир жиҳатдан барибир имон бор, деб айтса бўлади ва биз қандай йўл тутишимиз лозим?

4 «Худога бўлган ишонч шунчаки имонга, эволюция эса илм-фанга асосланган, шунинг учун эволюцияга ишонаман», деб айтадиган одамларни учратганмисиз? Кўплар бу фикрга қўшилишади. Лекин шуни ёдда тутиш керакки, одамлар Худога ишонишадими ё эволюциягами, уларда қайсидир жиҳатдан барибир имон бор. Қанақасига? Ҳеч биримиз Худони ёки бирон-бир нарсанинг яратилишини кўрмаганмиз. (Юҳан. 1:18) На олимлар, на бошқа одамлар ҳаётнинг бир шакли бошқасига айланганини кўришгани йўқ. Масалан, ҳеч бир инсон илон ё калтакесак шер ёки фил каби ҳайвонга айланганини кўрмаган-ку! (Аюб 38:1, 4) Шу боис, тўғри хулосаларга келиш учун ҳаммамиз далилларни кўриб чиқиб, фаҳм-фаросатни ишлатишимиз даркор. Яратилиш борасида ҳаворий Павлус қуйидагича ёзганди: «[Аллоҳнинг] кўзга кўринмас фазилатлари — абадий қудрати ва илоҳий Шахс эканлиги дунё яратилганидан буён очиқ кўриниб турибди. Сабаби, инсон яратилган нарсалардан буни билиб олади. Хуллас, Аллоҳга ишонмаслик учун уларда баҳона йўқ». (Рим. 1:20)

Бошқалар билан мулоҳаза юритганингизда, она тилингизда бор маънавий озуқадан унумли фойдаланинг (5- хатбошига қаранг.)

5. Англаб етиш қобилиятидан фойдаланиш учун Худонинг халқи сифатида бизда қандай қўлланмалар бор?

5 «Англаб етиш» деган ибора дарҳол кўринмайдиган ёки аниқлаб бўлмайдиган нарсанинг моҳиятини тушуниб етишни билдиради. (Иброн. 11:3) Шу сабабли, англаб етиш қобилиятига эга бўлганлар шунчаки кўз ёки қулоқларни эмас, балки онгни ҳам ишга солишади. Яҳованинг ташкилоти бизга изланиш олиб бориш учун кўплаб қўлланмаларни тақдим этган. Улар ёрдамида биз имон кўзларимиз билан Яратувчимизни «кўра» оламиз. (Иброн. 11:27) Кўп тилларда мавжуд бўлган «Худонинг ижодлари Унинг улуғворлигини аён қилар» номли видео, «Ҳаёт яратилганми?» ва «Ҳаётнинг келиб чиқиши. Жавоб талаб қилаётган бешта савол» номли рисолалар ҳамда «Ғамхўр  Яратувчи бормикан?» номли китоб шундай қўлланмалар сирасига киради. Шунингдек, журналларимизда мулоҳаза юритишимиз учун ажойиб озуқа тақдим этилади. «Уйғонинг!» журналида олимлар ва бошқа одамлар нега ҳозир Худога ишонишаётгани ҳақида тез-тез интервьюлар чоп этилади. «Тасодифми ёки ижод маҳсулими?» деб номланган туркумда эса биз табиатда учратадиган беқиёс ижодларнинг мисоллари келтирилади. Одатда олимлар бундай ажойиб мавжудотларнинг ҳаракатларидан андаза олишади.

6. Сизда бор маънавий озуқанинг фойдали томонлари қандай ва бу озуқа сизга қай йўсин асқатяпти?

6 Қўшма Штатларда яшовчи 19 яшар биродаримиз юқорида тилга олинган иккита рисола ҳақида шундай деди: «Мен учун бу рисолалар бебаҳодир. Уларни кўп марта ўқиб чиққанман». Франциялик бир имондошимиз қуйидагича ёзди: «“Тасодифми ёки ижод маҳсулими?” туркумидаги мақолалар мени лол қолдиради! Улар шуни кўрсатяптики, ҳатто энг буюк муҳандислар табиатдаги мураккаб ижодларнинг мисолларидан намуна олишлари мумкин, аммо ҳеч қачон уларнинг мукаммал нусхасини ярата олишмайди». Жанубий Африкадаги 15 яшар синглимизнинг ота-онаси шундай деб бўлишди: «Одатда қизимиз биринчи навбатда “Уйғонинг!” журналидаги “Интервью” туркумидаги мақолаларни ўқийди». Сиз-чи, маънавий озуқадан тўлиқ фойда оляпсизми? Агар шундай қилсангиз, имонингиз чуқур илдиз отган дарахт каби бўлади. Бундай имон сизга шамол сингари эсаётган сохта таълимотларга қарши туришга ёрдам беради. (Ерм. 17:5–8)

МУҚАДДАС КИТОБГА БЎЛГАН ИШОНЧИНГИЗ

7. Нега Худо ақлингизни ишга солишингизни истайди?

7 Муқаддас Китоб ҳақида очиқчасига саволлар бериш ўринлими? Бўлмасам-чи! Яҳова сиздан «ақлингизни ишга солишингизни» ва шу йўсин ҳақиқатни ўзингиз учун исботлашингизни истайди. Яҳова бунга бошқаларни деб эмас, ўзингиз ишонч ҳосил қилишингизни хоҳлайди. Шундай экан, аниқ билимга эга бўлиш учун тафаккурингизни ишга солинг. Бу билим кейинчалик ҳақиқий имоннинг мустаҳкам пойдеворига айланиши мумкин. (Римликларга 12:1, 2; 1 Тимўтийга 2:4 ни ўқинг.) Бундай билимга сиз танлаган ўқув режалари ёрдамида эришса бўлади.

8, 9. а) Баъзилар қандай ўқув режаларидан фойдаланишади? б) Қай йўсин айрим имондошларимиз ўқиганлари ҳақида фикр юритишдан фойда олишган?

8 Баъзилар Муқаддас Китобдаги башоратни ёки унинг тарихий, археологик ва илмий жиҳатдан аниқлигини ўрганишни ўқув режасига киритишган. Масалан, диққатга молик бўлган қизиқарли башоратлардан бири — Ибтидо 3:15 дир. Бу оят бизни Худонинг ҳукмронлигини оқлаш ва Шоҳлик ёрдамида Унинг исмини улуғлаш каби Муқаддас Китобнинг асосий мавзуси билан таништиради. Ушбу оятда рамзий тил қўлланилган бўлиб, инсоният Адан боғидан бошлаб дуч келган азоб-уқубатларни Яҳова қандай бартараф этиши кўрсатилади. Қизиқ, қай йўсин Ибтидо 3:15 ни тадқиқ қилса бўлади? Бунинг бир йўли — даврий жадвал тузишдир. Бу жадвалга қай тарзда Аллоҳ оятдаги башоратни қадамма-қадам тушунтириб ойдинлаштирганини ва бу башорат қандай амалга ошишини кўрсатувчи асосий оятларни ёзиб чиқса бўлади. Мазкур оятлар қанчалик ҳамоҳанг эканини кўриб, Муқаддас Китобнинг ёзувчилари ва пайғамбарлар уни «муқаддас руҳ бошқаруви билан» ёзганига амин бўласиз. (2 Бутр. 1:21)

9 Германиялик бир биродаримиз шундай деб ёзди: «Гарчи Муқаддас Китобни қарийб 40 та одам ёзган бўлса ҳам, Шоҳлик мавзуси Муқаддас Китобда бамисоли қизил ип бўлиб ўтади. Уларнинг аксарияти турли даврларда яшаб, бир-бирини шахсан танишмаган ҳам». Австралиялик имондошимиз эса «Қўриқчи минораси» журналининг 2013 йил 15 декабрь сонида Фисиҳ байрамининг маъноси ҳақида чиққан мақолани ўқиб, бу ўзгача маросим Ибтидо 3:15 ва Масиҳнинг келиши билан чамбарчас боғлиқ эканини билиб олди. У қуйидагича фикр билдирди: «Буни билиш туфайли Яҳова нақадар ажойиб Худо эканига  янада амин бўлдим. Чунки Исроил халқи учун берилган бу маросим ҳақида фикр юритиш ва у Исонинг даврида қандай амалга оширилганини ўрганиш мени ҳайратга солди. Мен том маънода тўхтаб, Фисиҳ таоми қанчалик муҳим аҳамиятга эга экани устида мулоҳаза юритдим». Нима учун бу имондошимиз ўзини шундай ҳис қилган? У ўқиганлари устида чуқур мулоҳаза юритиб, унинг «мағзини чаққан». Бу эса унга имонини мустаҳкамлашга ва Яҳовага яқинлашишга кўмаклашган. (Мат. 13:23)

10. Қай йўсин Муқаддас Китоб ёзувчиларининг ростгўйлиги бу китоб чиндан ҳам Яҳовадан эканига бўлган ишончимизни оширади?

10 Имонни мустаҳкамлашнинг бошқа бир йўли — Муқаддас Китоб ёзувчиларининг жасорати ва ростгўйлигини кўриб чиқишдир. Кўплаб қадимги ёзувчилар ҳукмдорларининг фақат яхши томонлари ҳақида ёзиб, уларнинг шоҳликларини улуғлашган. Яҳованинг пайғамбарлари эса, аксинча, доим рост гапиришган. Улар ўз халқининг, ҳатто шоҳларининг камчиликлари ҳақида очиқ-ойдин ёзишган. (2 Сол. 16:9, 10; 24:18–22) Улар ўзларининг ва бошқа художўй одамларнинг хатоларини холисона тан олишган. (2 Шоҳ. 12:1–14; Марк 14:50) Британиялик ёш биродаримиз шундай деди: «Шу каби ростгўйлик камдан-кам учрайди. Бунинг ёрдамида Муқаддас Китоб ростдан ҳам Яҳовадан эканига янада амин бўлдим».

11. Ёшлар Муқаддас Китобдаги принципларга бўлган миннатдорлигини қандай оширишлари мумкин?

11 Кўплар Муқаддас Китобдаги принципларга амал қилиб, бунинг фойдасини кўришгани учун бу китоб ростдан ҳам Аллоҳ томонидан илҳомлантирилганига ишонч ҳосил қилишади. (Забур 18:8–12 ни ўқинг.) Япониядаги бир синглимиз: «Худонинг Каломидаги принципларни қўллаб, оиламиз чиндан ҳам бахтли бўлди. Орамизда хотиржамлик, бирлик ва севги ҳукм суришни бошлади»,— деб ёзди. Шунингдек, Муқаддас Китобдаги принциплар бизни сохта топиниш ҳамда кўплаб одамларни ўз қулига айлантирган бидъатлардан асрайди. (Заб. 113:11–16) «Худо йўқ» деган фалсафалар одамларга таъсир қиляптими? Эволюция тарафдорлари табиатни худога тенглаштириб, фақатгина Яҳовага тегишли бўлган ҳокимиятни табиатга мансуб деб билишади. Худо борлигига ишонмайдиганлар эса, келажагимиз бутунлайин ўз қўлимизда, деб таъкидлашади-ю, лекин келажакка умидсиз қарашади. (Заб. 145:3, 4)

БОШҚАЛАР БИЛАН МУЛОҲАЗА ЮРИТИШ

12, 13. Яратилиш ёки Муқаддас Китоб ҳақидаги мавзуни синфдошлар, ўқитувчилар ёки бошқалар билан муҳокама қилишнинг самарали йўли қандай?

12 Бошқалар билан яратилиш ва Муқаддас Китоб ҳақида мулоҳаза юритганингизда, қандай қилиб самарали бўла оласиз? Биринчидан, бошқаларнинг эътиқоди ҳақида шошилинч қарор чиқарманг. Айрим одамлар ўзларини эволюция тарафдори деб билишади, аммо шу билан бирга Худо борлигини ҳам ҳис қилишади. Уларнинг фикрича, Аллоҳ ҳаётнинг турли шаклларини яратишда эволюциядан фойдаланган. Бошқалар эса эволюцияга мактабда ўргатишгани учун унга ишонишади. Баъзилар диндан кўнгли қолгани учун Худога ишонмай қўйишган. Шундай экан, кимдир билан ҳаётнинг келиб чиқишини муҳокама қилганингизда, даставвал саволлар бериш оқилонадир. Инсон нималарга эътиқод қилишини аниқланг. Агар мулоҳазакор ва тинглашга тайёр бўлсак, инсон бизни тинглашга мойил бўлади. (Титус. 3:2)

13 Борди-ю, кимдир яратилишга бўлган эътиқодингизни шубҳа остига қўйса, бунга қандай жавоб қайтаришингиз мумкин? Сиз ундан қандай қилиб ҳаёт Яратувчисиз пайдо бўлиши мумкинлигини сўрашингиз мумкин. Чунки ҳаёт давом этиши учун ҳаётнинг илк шакллари, масалан, ҳужайралар ўзларидан нусха яратишга қодир бўлишлари керак эди. Бу учун эса, кимё бўйича бир профессорнинг айтишича, 1) ҳимоя қилувчи мембрана, 2) энергияни олиш ва ишлаб чиқариш қобилияти, 3) гендаги маълумот (ДНК) ва 4) ўша маълумотдан нусха кўчириб олиш қобилияти талаб қилинади. Шунингдек, у қуйидагича қўшиб қўйди:  «Ҳатто ҳаётнинг оддий шакллари қанчалик мураккаб эканини кўриб, лол қоласан киши!»

14. Эволюция ёки яратилиш ҳақидаги муҳокамани олиб боришга тайёр эмаслигингизни сезсангиз, нима қилишингиз мумкин?

14 Мабодо эволюция ё яратилиш ҳақидаги муҳокамани олиб боришга тайёр эмаслигингизни сезсангиз, Павлус каби мулоҳаза юритишга ҳаракат қилиб кўринг. У шундай деб ёзганди: «Ҳар қандай уй кимдир томонидан қурилади, борлиқнинг бунёдкори эса Аллоҳдир». (Иброн. 3:4) Бундай фикр-мулоҳазалар жуда ҳам асосли ва самаралидир. Ҳа, уйдан анча мураккаб бўлган тирик мавжудотларни ҳам кимдир яратгани шубҳасиз. Мулоҳазадан ташқари, сиз адабиётлардан ҳам фойдаланишингиз мумкин. Мисол учун, бир опамиз Худо борлигига ишонмайдиган ва эволюция тарафдори бўлган йигит билан суҳбат қуриб, унга юқорида зикр этилган иккита рисолани берди. Тахминан бир ҳафтадан кейин бу йигит: «Энди Худога ишонаман»,— деб айтди. Натижада, у Муқаддас Китоб тадқиқини бошлади ва имондошимиз бўлди.

15, 16. Муқаддас Китобнинг илоҳийлигида шубҳаланаётган киши билан суҳбатлашганимизда қандай йўл тутишимиз мумкин?

15 Муқаддас Китобнинг илоҳийлигида шубҳаланаётган киши билан суҳбатлашганингизда ҳам худди шундай тартибга риоя қилсангиз бўлади. Авваламбор, инсон нимага ишонаётганини ва уни қандай мавзулар қизиқтиришини аниқлаб олинг. (Ҳик. 18:13) Агар уни илмий мавзулар қизиқтирса, унда Муқаддас Китобнинг илмий жиҳатдан аниқлиги ҳақида гапирсангиз, у сиз билан суҳбатни давом эттириши эҳтимолдан йироқ эмас. Бошқаларга эса аниқ башоратлар ва аниқ тарихий воқеаларни ўз ичига олган Муқаддас Китобдаги мисоллар таъсир қилиши мумкин. Ё бўлмаса, Аллоҳнинг Каломида, масалан, Исонинг Тоғдаги ваъзида келтирилган принципларни кўрсатса бўлади.

16 Шуни ёдда тутингки, мақсадингиз — баҳсда ютиш эмас, балки қалбларни забт этишдир. Шунинг учун, яхши тингловчи бўлинг. Чин дилдан саволлар беринг ва айниқса ёши катталар билан суҳбатлашганда мулойимлик ҳамда ҳурматни намоён этинг. Ўшанда улар эътиқодингизни ҳурмат қилишга мойилроқ бўлишади. Қолаверса, улар эътиқодингиз ҳақида чуқур фикр-мулоҳаза юритишингизни кўришади. Кўплар эса бундай қилишмайди. Дарвоқе, шуни ёдда тутингки, мулоҳазасиз ёки шунчаки эътиқодингизни масхара қилмоқчи бўлган кишиларга жавоб бериш шарт эмас. (Ҳик. 26:4)

ҲАҚИҚАТНИ ЎЗЛАШТИРИБ ОЛИНГ

17, 18. а) Ҳақиқатни ўзлаштиришингизга нима ёрдам бериши мумкин? б) Кейинги мақолада нимани кўриб чиқамиз?

17 Мустаҳкам имон шунчаки Муқаддас Китобдаги асосий билимларга асосланмаган. Шу боис, Аллоҳнинг Каломини «яширин хазина қидиргандай» чуқур тадқиқ қилинг. (Ҳик. 2:3–6) Кўп тилларда мавжуд бўлган бошқа маънавий қурол-аслаҳалардан, чунончи, DVDда чиқадиган «Электрон кутубхона», «Қўриқчи минорасининг ОНЛАЙН КУТУБХОНАСИ», «Қўриқчи Минораси Жамияти нашрларининг кўрсаткичи» ва «Яҳованинг Шоҳидлари изланиш олиб бориши учун қўлланма»сидан унумли фойдаланинг. Бундан ташқари, Муқаддас Китобни бутунлайин ўқиб чиқишни ўзингизга мақсад қилиб олинг. Масалан, буни бир йил ичида қилишга уриниб кўрсангиз бўлади. Бу, имонимизни мустаҳкамлашнинг энг яхши йўлидир. Бир туман нозири болалик даврига назар ташлаб, шундай деб бўлишди: «Муқаддас Китобни бутунлайин ўқиб чиқиш уни Аллоҳнинг Каломи сифатида қадрлашимга ёрдам берди. Кичиклигимданоқ Муқаддас Китобдаги ҳикоялар мен учун муҳим аҳамиятга эга бўлган. Улар маънавий ўсишимга қаттиқ таъсир қилган».

18 Ота-оналар, фарзандларингизнинг маънавий камолотидаги ўрнингиз беқиёсдир. Қандай қилиб сизлар фарзандларингизга мустаҳкам имонни ривожлантиришга кўмаклаша оласиз? Буни кейинги мақолада кўриб чиқамиз.