Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) СЕНТЯБРЬ 2016

Яҳованинг баракаси учун курашишда давом этинг

Яҳованинг баракаси учун курашишда давом этинг

Сен Худо ва инсонлар билан олишиб, ғолиб чиқдинг. ИБТ. 32:28

ҚЎШИҚЛАР: 23, 38

1, 2. Яҳованинг хизматчилари нималар билан курашишлари керак?

ИЛК садоқатли одам Ҳобилдан бошлаб то бугунги кунга қадар Худонинг содиқ хизматчилари имон учун курашиб келишмоқда. Ҳаворий Павлус иброний масиҳийлар Яҳованинг марҳамати ва баракасига эга бўлиш учун «қаттиқ курашда азоб чекиб, бардош беришганлари» ҳақида ёзганди. (Иброн. 10:32–34) Павлус масиҳийларнинг курашини юнон мусобақаларида, жумладан, юриш, кураш ва бокс бўйича беллашувларда қатнашган спортчиларнинг ҳаракатлари билан солиштирган. (Иброн. 12:1, 4) Ҳозирги пайтда ҳар биримиз ҳаёт мусобақасида иштирок этаётган эканмиз, бизни чалғитиб, чалиб юбормоқчи бўлган ҳамда йиқитиб, хурсандчиликдан ва келажакдаги баракалардан маҳрум этишга уринаётган рақибларга рўбарў келяпмиз.

2 Бугунги кунда биз асосан Шайтон ва унинг ёвуз дунёсига қарши кураш олиб боряпмиз. (Эфес. 6:12) Дунёдаги «мустаҳкам қалъалар»га, чунончи, унинг таълимотларию фалсафалари ҳамда жинсий ахлоқсизлик, тамаки чекиш, спиртли ичимликларга ружу қўйиш, гиёҳванд моддаларини истеъмол қилиш каби зарарли одатларга қарши курашишимиз ўта муҳимдир. Шунингдек, камчиликларимизу умидсизлик билан ҳам доимо кураш олиб боришимиз зарур. (2 Кор. 10:3–6; Колос. 3:5–9)

3. Қандай қилиб Аллоҳ бизга ғанимларимизга қарши кураш олиб боришни ўргатяпти?

 3 Бундай кучли рақиблар устидан ғалаба қозонишнинг имкони борми ўзи? Ҳа, бор, лекин бу осон эмас. Ҳаворий Павлус боксчининг мисолини келтириб, ўзи ҳақида қуйидагича айтганди: «Ҳавога ургандай бефойда зарба бермаяпман». (1 Кор. 9:26) Боксчи сингари биз ҳам душманларимизга зарба қайтаришимиз даркор. Бу учун Яҳова бизни ўргатиб, ёрдам тақдим этяпти. У бизга Каломи орқали нажотбахш йўл-йўриқлар беряпти. Қолаверса, Яҳова бизга Муқаддас Китобга асосланган адабиётлар, жамоат учрашувлари ва анжуманлар орқали ҳам кўмаклашяпти. Ушбу ҳамма йўл-йўриқларни амалда қўллаяпсизми? Агар бундай йўл тутмаётган бўлсангиз, унда «ҳавога ургандай», яъни ғанимингизга тўлиқ қаршилик кўрсатмагандек бўласиз.

4. Қай йўсин биз ёмонликка мағлуб бўлишдан қочамиз?

4 Ғанимларимиз кутилмаганда ҳужум қилиши ва заиф бўлганимизда бизга зарба бериши мумкин, шунинг учун ҳамиша ҳушёр туришимиз лозим. Аллоҳнинг Каломида биз учун қуйидаги огоҳлантириш мавжуд: «Ёмонликка мағлуб бўлманг, аксинча, ёмонликни ҳамиша яхшилик билан мағлуб қилинг». (Рим. 12:21) «Ёмонликка мағлуб бўлманг» деган ундов ёмонликни мағлуб қила олишимизни кўрсатяпти. Бунинг уддасидан чиқиш учун ёмонликка қарши курашишда давом этишимиз керак. Агар бўшашиб, курашишни тўхтатсак, Шайтон, унинг ёвуз дунёси ва номукаммал танамиз бизни енгади. Шайтон сизни қўрқитиб, бу курашда таслим қилдиришига асло йўл қўйманг! (1 Бутр. 5:9)

5. а) Худонинг баракаси учун курашишда тўхтамасликка бизга нима ёрдам бериши мумкин? б) Муқаддас Китобдаги қайси қаҳрамонларнинг мисолларини кўриб чиқамиз?

5 Муваффақиятли бўлиш учун курашаётганлар нима сабабдан кураш олиб боришаётганини назарларидан четда қолдирмасликлари лозим. Улар Аллоҳнинг розилигини ва баракасини олиш учун Ибронийларга 11:6 даги сўзларга диққат қаратишлари муҳим: «Тангрига яқинлашаётган киши Унинг бор эканлигига ва Уни астойдил излаётганларни мукофотлашига ишониши лозим». Бу ерда «астойдил излаш», деб таржима қилинган феъл «кўп ва қизғин ҳаракат қилиш» деган маънони билдиради. (Ҳавор. 15:17) Муқаддас Ёзувларда Яҳованинг баракасига эга бўлиш учун қизғин ҳаракат қилган ўрнакли эркагу аёлларнинг мисоллари келтирилган. Ёқуб, Роҳила, Юсуф ва Павлус ҳиссан ҳамда жисмонан толиқтирадиган вазиятларга дуч келишган, лекин қунт-матонат улкан баракаларга етаклашини исботлашган. Ушбу тўртта ажойиб курашчига қандай тақлид қила оламиз?

ҚУНТ-МАТОНАТ БАРАКАЛАРГА ЕТАКЛАЙДИ

6. Ёқубга қунт-матонатни намоён этишга нима ёрдам берган ва у қандай мукофотланган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

6 Ёқуб пайғамбар Яҳовани севгани, маънавий нарсаларни қадрлагани ва Яҳова унинг наслига барака бериши тўғрисидаги ваъдага тўлиқ ишонгани учун охиригача курашиб, қунт-матонатни намоён этган. (Ибт. 28:3, 4) Шу боис ҳам, деярли 100 ёшга кирганида Ёқуб Худонинг баракасини олиш учун қўлидан келганини қилган ва ҳатто инсон қиёфасига кирган фаришта билан курашган. (Ибтидо 32:24–28 ни ўқинг.) Бундай қудратли фаришта билан курашиш учун керак бўлган куч ва матонат Ёқубда ўз-ўзидан пайдо бўлганми? Албаттаки, йўқ! У букилмас курашчи бўлган ва барака учун қанча керак бўлса, шунча курашишга тайёр эканини исботлаган. Шубҳасизки, Ёқуб бундай сабот-матонат учун мукофотланган. Шу йўсин, унга «Исроил» деган муносиб исм берилган. (Асл нусхада бу исм «Худо билан [зўр бериб] курашувчи» ёки «Худо курашади», деган маънони  билдириши айтилган.) Ёқуб, биз ҳам эга бўлишни истайдиган мукофотни — Яҳованинг марҳамати ва баракасини олган.

7. а) Роҳила қандай аянчли вазиятга дуч келган? б) Қай йўсин у курашишда давом этган ва бу учун қандай барака олган?

7 Ёқубнинг севикли рафиқаси Роҳила ҳам Яҳова унинг эрига берган ваъдасини қандай бажаришини кўришни жуда хоҳлаган. Лекин бир муаммо бор эди: у бепушт эди. Ўша даврда бу, аянчли вазият ҳисобланарди. Хўш, Роҳила уни тушкунликка туширган ва унинг ихтиёрида бўлмаган вазиятларга қарши курашишни давом эттириш учун ҳиссий ва жисмоний кучни қаердан топган? У ҳечам умидини узмаган. Аксинча, у курашишда давом этиб, Яҳовага янада кўпроқ ибодат қилган. Яҳова Роҳиланинг самимий илтижоларини эшитган ва унга фарзандлар бериб, барака ёғдирган. Шунинг учун ҳам Роҳила хурсандлигидан: «Қаттиқ олишиб,.. ютиб чиқдим»,— деб қичқириб юборган. (Ибт. 30:8, 20–24)

8. Юсуф нималарни бошдан кечирган ва ундан қандай ўрнак олсак бўлади?

8 Шубҳасизки, Ёқуб ва Роҳила сабот-матонатли бўлишда қолдирган ўрнаклари уларнинг ўғли Юсуфга қаттиқ таъсир қилди ва кейинчалик унга имон синовидан ўтишда асқатди. Юсуф 17 ёшда бўлганида, унинг ҳаёти остин-устун бўлиб кетди. Юсуфнинг акалари ўз укасига ҳасад қилишгани учун уни қулликка сотиб юборишди. Кейинчалик у ноҳақларча айбланиб, йиллар мобайнида Мисрда зиндонда ўтирди. (Ибт. 37:23–28; 39:7–9, 20, 21) Лекин Юсуф тушкунликка тушмади, аччиқланмади ва қасос олиш илинжида ҳам юрмади. Нима учун? Чунки у Яҳова билан бўлган муносабатларини қадрлаган ва бутун қалбию онгини мана шу дўстликка қаратган. (Лев. 19:18; Рим. 12:17–21) Юсуфнинг мисоли бизга ҳам ёрдам бериши мумкин. Масалан, агар болалигимиз оғир кечган бўлса ёки ҳозирги вазиятимиз чорасиздек кўринса ҳам, қунт-матонатни намоён этиб, курашишда давом этишимиз даркор. Шундай йўл тутсак, Яҳова албатта бизга барака беришига амин бўлишимиз мумкин. (Ибтидо 39:21–23 ни ўқинг.)

9. Яҳованинг баракаси учун курашишда Ёқуб, Роҳила ва Юсуфга қандай тақлид қила оламиз?

9 Сиз дуч келаётган вазиятлар ва синовлар ҳақида ўйлаб кўринг. Эҳтимол, сиз билан адолатсизларча йўл тутишаётгандир, сиз ҳақингизда нотўғри фикрда бўлишаётгандир, мазах қилишаётгандир, ё бўлмаса, ҳасад қилишгани учун ноҳақ айблашаётгандир. Лекин бу курашда таслим бўлманг! Ёқуб, Роҳила ва Юсуф нима туфайли Яҳовага қувонч ила хизмат қилишда давом этишганини ёдда тутинг. Улар доим маънавий нарсалар учун миннатдор эканини кўрсатишгани боис, Аллоҳ уларни мустаҳкамлаб, баракали қилди. Улар курашни тўхтатишмаган ва самимий ибодатларига яраша йўл тутишган. Биз ҳам ушбу ёвуз замонанинг охирги кунларида яшаётганимиз боис, келажакка бўлган умидимизни маҳкам ушлашимиз муҳим. Яҳованинг марҳаматига эга бўлиш учун бор кучингизни ишга солиб курашишга тайёрмисиз?

БАРАКА УЧУН КУРАШИШГА ТАЙЁР БЎЛИНГ

10, 11. а) Нега Худонинг баракаси учун курашишимизга тўғри келиши мумкин? б) Тўғри қарорлар чиқаришда, тушкунлик ҳамда чалғишларга қарши курашишда бизга нима ёрдам бера олади?

10 Қайси вазиятлар Худонинг баракаси учун курашишимизга сабаб бўлиши мумкин? Уларга, масалан, кўплар рўбарў бўлган вазият — камчиликлар билан курашиш киради. Бошқалар эса хизматда ижобий нуқтаи назарни сақлаш учун курашишяпти. Эҳтимол, кимдир соғлик муаммолари ёки ёлғизлик билан курашаётгандир. Яна бошқалар эса уларни хафа қилган ёки уларга қарши гуноҳ қилган кишини кечириш учун кураш олиб боришяпти. Яҳовага қанча хизмат қилишимиздан  қатъи назар, барчамиз хизматимизга халақит берадиган нарсаларга қарши курашишимиз лозим. Зеро, Яҳова садоқатли одамларни албатта мукофотлайди.

Худонинг баракаси учун курашяпсизми? (10-, 11- хатбошиларига қаранг.)

11 Очиғи, тўғри қарорлар чиқариш ва масиҳий йўлдан юриш ҳақиқий курашга айланиши мумкин. Бу, айниқса, айёр юрагимиз бизни бошқа томонга оғдирганида билинади. (Ерм. 17:9) Борди-ю, ёмон таъсирга тушиб қолганингизни сезсангиз, муқаддас руҳ сўраб ибодат қилинг. Ибодат ва муқаддас руҳ Яҳованинг баракаларига эриштирадиган тўғри йўлдан юриш учун сизга куч бахш этиши мумкин. Ибодатларингизга мувофиқ йўл тутинг. Муқаддас Китобни ҳар куни ўқиб, шахсий тадқиқ ҳамда оилавий топинишга вақт ажратишга ҳаракат қилинг. (Забур 118:32 ни ўқинг.)

12, 13. Иккита имондошимизга ёмон истакларни назорат қилишда нима ёрдам берди?

12 Аллоҳнинг Каломи, Унинг руҳи ва Муқаддас Китобга асосланган адабиётларимиз масиҳийларга ёмон истаклар билан курашишда асқатгани борасида мисоллар кам эмас. Мисол учун, бир ўсмир «Уйғонинг!» журналида 2003 йил 8 декабрь сонида чиққан «Ёмон истаклар билан қандай кураша оласиз?» номли мақолани ўқиб, шундай фикр билдирди: «Мен ножўя фикрлар билан курашиб келяпман. Мақолада “Кўплар учун ёмон истакларга қарши курашиш айниқса қийин” эканини ўқиганимда, ўзимни биродарликнинг бир қисмидек ҳис этдим. Шунда ёлғиз эмаслигимни тушундим». Шунингдек, бу ўсмир «Уйғонинг!» журналида 2003 йил 8 октябрь сонида чиққан «Ноанъанавий ҳаёт  тарзига Худо қандай қарайди?» номли мақолани ўқиб, кўп фойда олди. Унинг сўзларига кўра, бу мақолада баъзилар учун бундай кураш танадаги «бир дард» каби бўлгани ҳақида айтилганди. (2 Кор. 12:7) Қолаверса, у ерда бундай одамлар Худога маъқул бўлган ишларни қилиш учун кураш олиб бориш баробарида бахтли келажакка умид-ла боқишаётгани тўғрисида ҳам ёзилганди. Бу ўсмир давом этиб, қуйидагича деди: «Шу сабабли, кундан-кунга Яҳовага садоқатли қолишим мумкинлигига амин бўляпман. Яҳова ташкилоти орқали бизга ушбу ёвуз дунёда ҳар куни маънан тирик қолишга кўмаклашаётгани учун Ундан беҳад миннатдорман».

13 Келинг, Қўшма Штатлардаги бир имондошимизнинг мисолига ҳам эътибор қаратайлик. У шундай деб ёзди: «Бизга ўз вақтида керакли озуқани тақдим этаётганингиз учун раҳмат айтмоқчиман. Кўпинча бу мақолалар айнан мен учун ёзилгандек бўлади. Йиллар мобайнида Яҳова нафратланадиган бир истак билан курашиб келяпман. Баъзида таслим бўлиб, курашни тўхтатмоқчи бўламан. Яҳова меҳрибон ва кечиримли эканини биламан, аммо ич-ичимда бу ёмон истакдан нафратланмаётганим учун, ўзимни Яҳованинг ёрдамига нолойиқдек ҳис қиламан. Бундай давомли кураш ҳаётимнинг ҳар бир соҳасига таъсирини ўтказмай қолмади... “Қўриқчи минораси” журналида 2013 йил 15 март сонида чиққан “Қалбингизда Яҳовани билиш истаги бўлсин!” номли мақолани ўқиганимда эса, Яҳова ростдан ҳам менга ёрдам бермоқчи эканини сездим».

14. а) Павлус ўз заифликлари билан курашишга қандай муносабатда бўлган? б) Тана заифликларимизга қарши курашишда қай йўсин ғалаба қозона оламиз?

14 Римликларга 7:21–25 ни ўқинг. Ҳаворий Павлус истаклар ва номукаммал тананинг заифликлари билан курашиш қанчалик қийин кечишини яхши билган. Бироқ у Яҳовага таяниб, Унга ибодат қилиш ва Исонинг тўлов қурбонлигига ишонч ҳосил қилиш орқали ботиний курашда ғолиб чиқиш мумкинлигига тўлиқ амин бўлган. Биз ҳақимизда-чи, нима деса бўлади? Тана заифликларимизга қарши курашишда ғалаба қозонишимиз мумкинми? Ҳа, агар Павлуснинг ўрнагига тақлид қилиб, ўз кучимизга эмас, Яҳовага буткул таянсак ва тўловга ишонч билдирсак, бунинг уддасидан чиқа оламиз.

15. Нега ибодат Яҳовага содиқ қолишимизга ва синовларни енгишимизга ёрдам бера олади?

15 Гоҳида Худо муайян бир масала бизни қанчалик ташвишлантираётганини кўрсатишимизни истаб, баъзи нарсаларга йўл қўйиши мумкин. Масалан, биз (ё оила аъзоимиз) жиддий касал бўлиб қолсак ёки қандайдир адолатсизликка дуч келсак, нима қиламиз? Агар садоқатли қолиш ва қувончни йўқотмай, маънавий мувозанатни сақлаш учун куч беришини илтижо қилиб сўрасак, Яҳовага тўлиқ таянаётганимизни кўрсатамиз. (Филип. 4:13) Павлуснинг ва бизнинг давримиздаги кўплаб масиҳийларнинг мисоли шуни исботлаяптики, ибодат кучимизни янгилашга ҳамда курашда давом этиш учун жасоратли бўлишимизга ёрдам бериши мумкин.

БАРАКА УЧУН КУРАШИШДА ДАВОМ ЭТИНГ

16, 17. Курашчи сифатида нимага қарор қилдингиз?

16 Иблис курашда таслим бўлишингизни жудаям истайди. Шу боис, «яхшисига ёпишиб олишга» қатъий қарор қилинг. (1 Салон. 5:21) Шайтон, унинг ёвуз дунёси ва ҳар қандай гуноҳли мойилликларга қарши курашда ғалаба қозона оласиз. Агарда Аллоҳ сизни мустаҳкамлашига мутлақ ишонсангиз, албатта ғолиб чиқасиз! (2 Кор. 4:7–9; Галат. 6:9)

17 Нима бўлган тақдирда ҳам, курашишда давом этинг! Қаршилик кўрсатишда тўхтаманг! Жанг қилишда ва қунт-матонатли бўлишда давом этинг! Яҳованинг: «Сизларга марҳаматимни сероб қилиб ёғдираман»,— деган сўзларига тамомила ишонч ҳосил қилинг. (Мал. 3:10)