Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) СЕНТЯБРЬ 2016

Ота-оналар, фарзандларингизга имон-эътиқодни шакллантиришга ёрдам беринг

Ота-оналар, фарзандларингизга имон-эътиқодни шакллантиришга ёрдам беринг

Унга [Яҳовага] ҳамду сано айтинг йигитлар, қизлар. ЗАБ. 148:12

ҚЎШИҚЛАР: 41, 48

1, 2. а) Ота-оналар қандай қийинчиликка дуч келишади ва улар бу қийинчиликка қандай қарши тура олишади? б) Ҳозир биз қайси тўртта омилни кўриб чиқамиз?

ФРАНЦИЯЛИК бир жуфтлик шундай деб бўлишди: «Биз Яҳовага ишонамиз, лекин бу, фарзандларимиз ҳам албатта Унга ишонишини англатмайди. Имон — бу мерос бўлиб ўтадиган нарса эмас. Фарзандларимиз унга аста-секин эга бўлишади». Австралиялик бир биродар эса шундай деб ёзди: «Фарзандингизга қалбида имон-эътиқодни шакллантиришга ёрдам бериш, эҳтимол, сиз дуч келишингиз мумкин бўлган энг катта қийинчиликдир. Бу учун сизда мавжуд бўлган барча воситаларни ишга солишингизга тўғри келади. Фарзандингиз саволига қониқарли жавоб олди, деб ўйлашингиз мумкин. Аммо кейинчалик қарабсизки, у яна ўша-ўша саволни кўтаряпти! Бугун қизиқувчан болангиз учун қониқарли бўлган жавоблар эртага уни қониқтирмаслиги ҳам мумкин. Шунинг учун, баъзи мавзуларни қайта-қайта муҳокама қилишга тўғри келади».

2 Агар сизнинг ҳам фарзандингиз бўлса, баъзида хаёлингизга: «Уни имонли қилиб тарбиялай оламанми?» — деган фикр келадими? Аслида ҳеч биримиз ўз кучимиз билан буни қила олмаймиз. (Ерм.  10:23) Лекин Худодан йўл-йўриқ изласак, бунинг уддасидан чиқамиз. Келинг, сизга фарзандингизнинг имон-эътиқодини шакллантиришда ёрдам берадиган қуйидаги тўртта омилни кўриб чиқайлик: 1) фарзандларингизни яхшилаб билиб олинг, 2) астойдил таълим беринг, 3) таъсирли мисоллар келтиринг, 4) муқаддас руҳ сўраб ибодат қилинг ва сабрли бўлинг.

ФАРЗАНДЛАРИНГИЗНИ ЯХШИЛАБ БИЛИБ ОЛИНГ

3. Қай йўсин ота-оналар таълим беришда Исонинг ўрнагига тақлид қилишлари мумкин?

3 Исо издошларидан улар нимага ишонишлари ҳақида сўрашдан қўрқмаган. (Мат. 16:13–15) Унинг ўрнагига тақлид қилинг. Фарзандларингиз ўз ҳис-туйғулари билан бўлишишлари учун улар билан эркин муҳитда суҳбат қуринг. Шундай суҳбат давомида уларнинг шубҳалари тўғрисида бемалол гаплашиб олса бўлади. Австралиялик 15 яшар биродаримиз қуйидагича ёзди: «Дадам мен билан имоним ҳақида кўп суҳбатлашади ва менга мулоҳаза юритишга кўмаклашади. У менга шундай саволлар беради: “Муқаддас Китобда бу ҳақда нима дейилган? Сен бунга ишонасанми? Нега ишонасан?” У шунчаки унинг ё ойимнинг сўзларини такрорлашимни эмас, ўз сўзларим билан жавоб беришимни хоҳлайди. Катта бўлганим сайин, батафсил жавоблар беришга тўғри келганди».

4. Нима учун фарзанднинг саволларига жиддий эътибор қаратиш керак? Мисол келтиринг.

4 Борди-ю, фарзандингиз қайсидир таълимотларга унча ишонмаётган бўлса, дарров қатъий жавоб қайтарманг ва ҳужумга тайёр бўлгандек ҳам жавоб берманг. Унга бу масала устида мулоҳаза юритишга сабр ила ёрдам беринг. Бир ота шундай фикр билдирди: «Фарзандларингизнинг саволларига жиддий эътибор қаратинг. Уларни аҳамиятсиз деб билманг ва қайсидир мавзу ҳақида суҳбатлашиш сизга ноқулай бўлгани учунгина мавзудан қочманг». Аслини олганда, фарзандингизнинг самимийлик ила берилган саволлари уни бу мавзу қизиқтириши ва у уни тушунмоқчи эканидан далолатдир. Ҳатто Исо 12 ёшда бўлганида жиддий саволлар берган. (Луқо 2:46 ни ўқинг.) Даниялик 15 яшарли йигит шундай дея эслайди: «“Биз ростдан ҳам ҳақ динни топганмизмикан?” — деб сўраганимда, ота-онам буни ғазабланмасдан қабул қилишди, гарчи улар мен ҳақимда хавотирланган бўлишса ҳам. Улар ҳамма саволларимга Муқаддас Китоб ёрдамида жавоб беришди».

5. Фарзандлар Яҳовага ишонишаётгандек туюлса-да, ота-оналар нима қилишлари даркор?

5 Фарзандларингизни яхши билиб олинг, яъни уларнинг фикрлаш тарзини, ҳис-туйғуларини ва ташвишларини ўрганинг. «Болам мен билан йиғилишларга боряпти ва хизматга чиқяпти-ку, демак Яҳовага ишонади», деб ўйламанг. Кундалик ишларни бажараётганингизда маънавий мавзуларда суҳбатлар олиб боринг. Фарзандларингиз билан ва улар учун ибодат қилинг. Улар қандай синовларга дуч келишаётганларидан хабардор бўлишга ва синовларга қарши туришда уларга ёрдамлашишга ҳаракат қилинг.

АСТОЙДИЛ ТАЪЛИМ БЕРИНГ

6. Ота-оналар Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни ўз қалбларига жо қилишса, бу уларга устоз бўлишда қандай кўмаклашади?

6 Устоз сифатида Исо одамларнинг қалбларини забт этган, чунки Яҳовани, Унинг Каломини ва одамларни севган. (Луқо 24:32; Юҳан. 7:46) Шунга ўхшаш севги ота-оналарга ҳам фарзандларининг қалбларини забт этишга ёрдам беради. (Қонунлар 6:5–8; Луқо 6:45 ни ўқинг.) Шундай экан, ота-оналар, Аллоҳ Каломини ва ўқув қўлланмаларни синчиклаб ўрганинг. Яратилиш ҳамда бу мавзу муҳокама қилинадиган адабиётларимиздаги мақолалар билан қизиқинг. (Мат. 6:26, 28) Бундай қилиш билимингизни ва Яҳовага бўлган миннатдорчилигингизни ошириб, сизни болаларингизга таълим беришга янада яхшироқ тайёрлайди. (Луқо 6:40)

7, 8. Ота-онанинг қалби Муқаддас Китобдаги ҳақиқат билан лиммо-лим тўлганида, натижа қандай бўлади? Мисол келтиринг.

7 Қалбингиз Муқаддас Китобдаги ҳақиқатга лиммо-лим бўлганида, сизда уни оила аъзоларингиз билан муҳокама қилиш истаги пайдо бўлади. Буни нафақат йиғилишларга тайёргарлик кўрганда ёки оилавий топиниш пайтида, балки  доимо қилиш зарур. Лекин бундай муҳокамалар мажбурий эмас, табиий равишда ва кундалик суҳбатнинг бир қисмидек ўтиши лозим. Қўшма Штатлардаги бир жуфтлик айнан шундай йўл тутар экан. Улар табиатнинг гўзал манзараси ёки мазали таомдан баҳраманд бўлишганида, Яҳова ҳақида фикр юритишади. Бу ота-она қуйидагича айтиб берди: «Фарзандларимизга Яҳова бизга тақдим этган ҳар бир нарсани севги ила ва пухта ўйлаб яратганини эслатамиз». Жанубий Африкадаги бир жуфтлик эса иккита қизи билан боғда ишлаганида, уруғлар ниш уриб чиқиши ва кейинчалик улардан ўсимлик пайдо бўлиши каби мўъжизаларга диққат қаратишади. Улар: «Биз қизларимизда ҳаётга ва унинг ажойиб мураккаблигига нисбатан улкан ҳурматни ривожлантиришга ҳаракат қиламиз»,— деб айтишди.

8 Австралиялик бир ота ёши 10 ларда бўлган ўғлининг Худога ва яратилишга бўлган имонини мустаҳкамлаш учун уни музейга олиб борди. Отаси шундай деб бўлишди: «У ерда биз аммонитлар ва трилобиталар номли қадимги денгиз мавжудотларининг эскпонатларини кўрдик. Йўқ бўлиб кетган бу жонзотлар нақадар чиройли, мураккаб ҳамда мукаммал яратилганини ва бугунги кундаги ҳайвонлардан ҳеч қандай кам жойи йўқлигини кўриб, ҳайратда қолдик. Агарда ҳаёт оддий шаклдан мураккаб шаклгача тадрижий ривожланган бўлса, унда нега бу қадимги мавжудотлар ўша пайтнинг ўзидаёқ шунчалик мураккаб бўлган? Бундан қаттиқ таъсирланиб, бу ҳақда ўғлимга ҳам айтиб бердим».

ТАЪСИРЛИ МИСОЛЛАРДАН ФОЙДАЛАНИНГ

9. Нега мисоллардан фойдаланиш самаралидир ва қандай қилиб бир она буни амалда кўрсатди?

9 Исо фикр юритишга ундайдиган, қалбни забт этадиган ва эсда қоларли мисолларни кўп ишлатган. (Мат. 13:34, 35) Болалар ёрқин тасаввур қилиш қобилиятга эга. Шунинг учун, ота-оналар, сиз ҳам таълим берганингизда мисоллардан кўпроқ фойдаланишга ҳаракат қилинг. Япониялик бир она айнан шундай йўл тутди. Ўғилларидан бири 8 га, иккинчиси эса 10 ёшга кирганида, у уларга Яҳова ернинг атмосферасини яратиб, қанчалик биз ҳақимизда ғамхўрлик қилганини ўргатди. Буни амалда кўрсатиш учун у болаларига сут, шакар ва кофе бериб, ҳар биридан қаҳва тайёрлашни сўради. У шундай деб бўлишди: «Улар бунга жуда масъулият билан ёндашишди. Бу ишни нега шунчалик эҳтиёткорлик билан бажаришганини сўраганимда, улар қаҳвани айнан мен яхши кўргандай тайёрлашмоқчи эканини айтишди. Шунда мен Аллоҳ атмосферадаги газларни худди шундай эҳтиёткорлик билан, айнан биз яшай олишимиз учун мувофиқ равишда аралаштирганини тушунтирдим». Бу мисол уларнинг ёшига мос эди ва уларда қизиқиш уйғотди. Шак-шубҳасизки, бу дарс уларнинг ёдида бир умрга сақланиб қолади!

Худога ва яратилишга бўлган имон-эътиқодни шакллантиришда одатий нарсалардан фойдаланишингиз мумкин (10- хатбошига қаранг.)

10, 11. а) Фарзандингизга Худога бўлган имон-эътиқодини шакллантиришга кўмаклашиш учун қандай мисолдан фойдаланишингиз мумкин? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.) б) Сиз қандай мисоллардан фойдаланасиз?

10 Фарзандингизга Аллоҳга бўлган имон-эътиқодини шакллантиришда ёрдам бериш учун сиз ҳатто рецептлардан фойдаланишингиз мумкин. Қандай қилиб? Торт ёки маълум миқдорда печеньелар пиширганингиздан кейин, рецептнинг муҳимлигини тушунтиринг. Кейин болангизга бирон мева, масалан, олма бериб, шундай деб сўранг: «Бу олма ҳам “рецепт” бўйича пайдо бўлганини билармидинг?» Бундан сўнг олмани иккига бўлиб, унга олманинг уруғини беринг. Уруғ рецепт каби бўлиб, унда қандай қилиб олмани «тайёрлаш» мумкинлиги борасида йўл-йўриқлар  мавжудлигини ва улар торт рецептидаги кўрсатмалардан анча қийинроқ эканини тушунтиринг. Шунда қуйидаги саволни беришингиз мумкин: «Агар торт рецептини кимдир ёзган бўлса, демак бундан анча қийинроқ бўлган олманинг рецептини ким ёзган экан?» Ёши каттароқ фарзандингизга эса, аслида, олманинг ёки умуман олганда, у ўсган дарахтнинг рецепти ДНКда (дезоксирибонуклеин кислота) эканини ҳам тушунтирсангиз бўлади. Шунингдек, болангиз билан биргаликда «Ҳаётнинг келиб чиқиши. Жавоб талаб қилаётган бешта савол» (рус) рисоласида 10- саҳифадан бошлаб то 20- саҳифагача келтирилган расмларнинг баъзиларини кўриб чиқишингиз мумкин.

11 Аксарият ота-оналар «Уйғонинг!» журналидаги «Тасодифми ёки ижод маҳсулими?» номли туркумдаги мақолаларни фарзандлари билан муҳокама қилишдан завқ олишади. Баъзи ота-оналар эса жажжи болажонларига оддий фикрларни ўргатишда бу мақолалардан фойдаланишади. Масалан, Даниялик бир жуфтлик самолётларни қушлар билан солиштирган. Улар шундай фикр билдиришди: «Самолётлар қушларга ўхшайди. Аммо самолётлар тухум қўйишлари ва бунинг натижасида кичкина самолётчалар пайдо бўлиши мумкинми? Қушлар учун алоҳида қўниш майдончаси керакми? Самолётнинг товуши ва қушнинг сайраши орасида қандай фарқ бор? Демак, ким донороқ: самолётларни яратган кишими ё қушларни яратган Зотми?» Бундай мулоҳазалар ва пухта тайёрланган саволлар фарзандингизга «фаҳм-фаросат»ни ривожлантиришга ва Худога бўлган имон-эътиқодни шакллантиришга ёрдам бериши мумкин. (Ҳик. 2:10–12)

12. Мисоллар фарзандларингизнинг Муқаддас Китобга бўлган ишончини мустаҳкамлашга қандай ёрдам бера олади?

12 Таъсирли мисоллар, шунингдек, фарзандингизнинг Муқаддас Китобнинг аниқлигига бўлган ишончини мустаҳкамлаши мумкин. Келинг, Аюб 26:7 ни (ўқинг) кўриб чиқайлик. Бу оятдаги сўзлар илоҳий илҳом остида ёзилганини қандай кўрсатишингиз мумкин? Шунчаки фактларни келтиришнинг ўрнига, фарзандингизни тасаввурини ишга солишга унданг. Масалан, Аюб телескоп ва космик кемалар пайдо бўлганидан анча олдин яшаганини айтинг. Кейин эса фарзандингизга Аюб даврида яшаган баъзилар учун ер каби катта объект бўшлиққа осиб қўйилганига ишониш қанчалик қийин бўлганини тушунтиринг. Буни исботлаш учун копток ёки тошни мисол тариқасида келтириб, у бирон нарса устида туриши кераклигини кўрсатинг. Муқаддас Китобдаги фактлар инсонлар уларни исботлашидан анча олдин ёзилганини билиш фарзандингизга қаттиқ таъсир қилиши турган гап. (Нахим. 9:6)

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИПЛАР АМАЛИЙ ЭКАНИНИ КЎРСАТИНГ

13, 14. Қандай қилиб ота-оналар фарзандларига Муқаддас Китобдаги принциплар қанчалик амалий эканини уқтиришлари мумкин?

13 Фарзандларингизга Муқаддас Китобдаги принциплар қанчалик амалий эканини уқтириш лозим. (Забур 1:1–3 ни ўқинг.) Бунинг бир нечта йўли бор. Масалан, фарзандларингиздан қуйидаги вазиятни тасаввур қилишларини сўранг: улар олис оролда яшамоқчи ва у ерда яшаш учун яна бир нечта кишини танлашлари керак. Кейин эса улардан шундай деб сўранг: «Танланган одамлар бир-бири билан чиқишиб, тинчликда яшаши учун ҳар бири қандай фазилатларга эга бўлиши даркор?» Бундан сўнг Галатияликларга 5:19–23 ни ўқиб, Яҳова янги дунёда қандай одамлар яшашини истаётганини кўрсатсангиз бўлади.

14 Бундай машқдан фарзандларингиз иккита муҳим сабоқ олиши мумкин. Биринчиси — Яҳова қандай қилиб биз ҳозирги кунда бахтли ҳаёт кечириб, бошқалар билан тинч-тотув яшашимиз мумкинлигини ўргатяпти. Иккинчиси — Яҳова таълим бериш орқали бизни янги дунёдаги ҳаётга тайёрлаяпти. (Ишаё 54:13; Юҳан. 17:3) Бунга фарзандингизни ишонтириш учун адабиётларимиздаги мисолдан фойдалансангиз бўлади. Эҳтимол, бу «Қўриқчи минораси»да чоп этиладиган «Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади» номли туркумидаги мисоллар бўлиши мумкин. Ёки агар жамоатингиздаги кимдир Яҳовани мамнун қилиш учун ҳаётида катта ўзгаришлар қилган бўлса, сиз уни меҳмонга таклиф  қилиб, ҳикояси билан бўлишишни сўрарсиз. Бундай мисоллар Худонинг Каломидаги принциплар ростдан ҳам амалий эканини кўрсатади. (Иброн. 4:12)

15. Фарзандларингизга таълим берганингизда асосий мақсадингиз нима бўлиши керак?

15 Асосийси, фарзандларингизга таълим берганингизда, бир жойда тўхтаб қолманг. Тасаввур қилиш қобилиятингиздан фойдаланинг. Фарзандингизнинг ёшини инобатга олган ҳолда уни мулоҳаза юритишга унданг. Таълим олиш жараёнини қизиқарли қилиб, имонларини мустаҳкамланг. Бир ота: «Эски мавзуларни янгича услубда тушунтириб беришдан ҳечам чарчаманг»,— деб айтди.

ЯҲОВАНИНГ РУҲИНИ СЎРАБ ИБОДАТ ҚИЛИНГ ВА САБРЛИ БЎЛИНГ

16. Нега ота-оналар фарзандларига таълим берганда сабрли бўлишлари муҳим? Мисол келтиринг.

16 Кучли имонга эга бўлиш учун Худонинг руҳи талаб этилади. (Галат. 5:22, 23) Том маънодаги мевага ўхшаб, имоннинг ҳам шаклланиши учун вақт керак. Шундай экан, фарзандларингизга таълим бериш учун сизга сабр ва матонат керак бўлади. Иккита фарзанднинг отаси бўлган япониялик имондошимиз шундай деб бўлишди: «Рафиқам билан фарзандларимизга кўп эътибор қаратардик. Уларнинг кичиклигидан йиғилишларимиз бўлмаган кунлардан ташқари мен ҳар куни улар билан 15 дақиқа ичида тадқиқ қилардим. Шу 15 дақиқа биз ва болаларимиз учун етарли бўлган». Бир туман нозири қуйидагича ёзди: «Ўсмирлигимда менда жуда кўп саволлар ва шубҳалар бўлган. Вақт ўтиб, уларнинг аксариятига йиғилишларда, оилавий топиниш ва шахсий тадқиқ пайтида жавоб топганман. Шунинг учун ота-оналар таълим беришда давом этишлари муҳим».

Маҳоратли устоз бўлишни истасангиз, Худонинг Каломи авваламбор сизнинг қалбингизда бўлиши даркор (17- хатбошига қаранг.)

17. Нима учун ота-она яхши ўрнак кўрсатишлари керак ва бир жуфтлик қизларига қандай ўрнак кўрсатди?

17 Албатта, энг муҳими, сиз ўзингиз имонни намоён этишда ўрнак бўлишингиз керак. Фарзандларингиз нима қилаётганингизни кузатишади ва бу уларга яхши таъсир қилиши муқаррар. Шунинг учун, ота-она сифатида шахсий имонни шакллантиришда давом этинг. Яҳова сиз учун қанчалик реал Шахс эканини ишларда кўрсатинг. Бермуда оролларидаги бир жуфтлик ташвишли дамларда Яҳова уларга йўл-йўриқ беришини сўраб, ибодат қилганди ва улар болаларини ҳам шахсан ибодат қилишга ундашганди. Улар шундай деб бўлишди: «Шунингдек, биз катта қизимизга: “Яҳовага тўлиқ ишон, хизматда банд бўл ва ҳаддан ташқари ташвишланма”,— деб айтгандик. Шунда ишимиз ҳал бўлганида, қизимиз бунда бизга Яҳова ёрдам берганини биларди. Бу, унинг Худога ва Муқаддас Китобга бўлган имонини янада мустаҳкам қилди».

18. Ота-оналар нимани унутмаслиги керак?

18 Тўғри, фарзандлар ўз имонларини ўзлари тарбиялашлари керак. Лекин ота-она сифатида сиз уни экиб, суғориб туришингиз мумкин. Уни ўстирадиган эса ёлғиз Аллоҳдир. (1 Кор. 3:6) Шундай экан, муқаддас руҳ сўраб ибодат қилинг ва қадрли фарзандларингизга таълим бериш учун жон куйдиринг. Сабаби, бундай қилсангиз, Яҳова сизга мўл-кўл барака беришига йўл қўйган бўласиз. (Эфес. 6:4)