Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) СЕНТЯБРЬ 2016

Амалдорлар олдида хушхабарни ҳимоялаш

Амалдорлар олдида хушхабарни ҳимоялаш

«МЕН ўз исмимни бошқа халқларга, шунингдек, шоҳларга... етказиш учун бу кишини танлаганман». (Ҳавор. 9:15) Бу сўзларни Ҳазрати Исо эндигина масиҳий бўлган ва ҳаворий Павлус деб танилган яҳудий бир киши ҳақида айтган.

Бундай «шоҳлардан» бири — Рим императори Нерон бўлган. Агар шундай ҳукмдор олдида эътиқодингизни ҳимоя қилишга тўғри келса, қандай йўл тутган бўлардингиз? Бу масалада масиҳийлар ҳаворий Павлусга тақлид қилишса арзийди. (1 Кор. 11:1) Бунинг бир йўли — ҳаворий Павлус ҳақ-ҳуқуқлар масаласида муаммоларга дуч келганда ўзини қандай тутганидан сабоқ олишдир.

Таврот Исроил юртининг қонуни бўлган ва у ҳамма тақводор яҳудийлар учун ахлоқ кодекси ҳисобланган. Мил. 33 йилги Ҳосил байрамидан кейин ҳақ топинувчилар Тавротга риоя қилишларига эҳтиёж қолмади. (Ҳавор. 15:28, 29; Галат. 4:9–11) Аммо шунга қарамай, Павлус ва бошқа масиҳийлар Таврот ҳақида ҳурмат ила гапиришган ва натижада, ҳеч қандай қаршиликсиз яҳудий жамоаларда шоҳидлик беришга муваффақ бўлишган. (1 Кор. 9:20) Аслида, ҳаворий Павлус кўп марта ибодатхоналарга борган, чунки ўша ерда у Иброҳим Тангриси ҳақида биладиган одамларга ваъз қилиб, улар билан Иброний Ёзувлар асосида музокара қила олган. (Ҳавор. 9:19, 20; 13:5, 14–16; 14:1; 17:1, 2)

Ҳаворийлар Қуддусни ваъзгўйлик иши бошқариладиган биринчи марказ сифатида танлашди. Улар маъбадда мунтазам таълим беришарди. (Ҳавор. 1:4; 2:46; 5:20) Павлус вақти-вақти билан Қуддусга борарди ва охири, уни у ерда қамоққа олишди. Ўшанда унинг устидан суд иши очилди. Натижада эса, бу иш уни Римга етаклади.

ПАВЛУС ВА РИМ ҚОНУНИ

Рим ҳукумати ҳаворий Павлуснинг эътиқодига қандай муносабат билдирган? Авваламбор бунга жавоб топиш учун римликлар динларга қандай муносабатда бўлишганини кўриб чиқиш керак. Давлатга хавф туғдирилиши ёки одоб-ахлоқ қоидаларига путур етказилиши каби истисно вазиятлардан ташқари, римликлар, умуман олганда, империяда яшовчи турли этник гуруҳларни ўз динидан қайтишга мажбурлашмаган.

Римда яҳудийларга кенг ҳуқуқлар берилганди. Бир китобда шундай ёзилган: «Иудаизм (яҳудийлик) Рим империясида имтиёзли ўрин эгаллаган...  Яҳудийлар бемалол ўз динига эътиқод қилишарди ва Римдаги илоҳларга сиғинишдан озод қилинишганди. Яҳудийлар ўз жамоаларида ўзларининг қонунлари бўйича ҳаёт кечиришарди». («Backgrounds of Early Christianity») Қолаверса, уларни ҳарбий хизматни ўташга ҳам мажбурлашмасди. * Ҳаворий Павлус Рим ҳукумати олдида масиҳийликни ҳимоялаётганида, Рим қонуни бўйича яҳудий динига берилган имтиёзлардан фойдаланган.

Павлуснинг душманлари турли йўллар билан оддий халқни ва ҳукуматни унга қарши қайраб қўйишга уринишган. (Ҳавор. 13:50; 14:2, 19; 18:12, 13) Мана масалан, бир воқеани кўриб чиқайлик. Қуддусдаги масиҳийлар жамоатининг оқсоқоллари яҳудийлар орасида Павлус «Таврот қонунидан воз кечишга» ўргатаётгани ҳақида миш-мишлар тарқалганини эшитиб қолишади. Бундай гап-сўзлар дастидан яқинда масиҳий бўлган яҳудийларнинг баъзилари Павлус Худонинг тартибларини ҳурмат қилмас экан, деган фикрга боришлари мумкин эди. Шунингдек, Олий Кенгаш масиҳийликни яҳудий динидан ажралиб чиқиш натижасида юзага келган муртадлик, деб хулоса қилиши мумкин эди. Бундай тақдирда масиҳий бўлган ва масиҳийлар билан мулоқот қилган яҳудийларни жазолашлари мумкин эди. Уларни жамоатдан четлатиб, маъбадда ёки ибодатхоналарда омма олдида гапиришни тақиқлашлари мумкин эди. Шунинг учун, жамоат оқсоқоллари Павлусга бу миш-мишлар ёлғон эканини исботлаш учун маъбадга бориб, Худо ундан талаб қилмаётган, лекин бошқаларда эътироз уйғотмайдиган бирон-бир ишни қилишни тавсия этади. (Ҳавор. 21:18–27)

Павлус айнан шундай йўл тутди ва бу «хушхабарни ҳимоялаш ва қонунийлаштиришга» имкон яратди. (Филип. 1:7) Маъбадда яҳудийлар ғалаён кўтаришди ва Павлусни ўлдирмоқчи бўлишди. Рим лашкарбошиси Павлусни қамоққа олди. Павлусни қамчиламоқчи бўлиб туришганда эса, у Рим фуқароси эканини айтиб қолади. Бу туфайли уни Римга қарам бўлган Яҳудиянинг маъмурий маркази бўлмиш Кесарияга олиб кетишади. У ерда Павлусда амалдорлар олдида кенг шоҳидлик бериш учун ўзгача имкониятлар пайдо бўлади. Бу орқали масиҳийлик борасида унча кўп билимга эга бўлмаган одамлар у ҳақда кўпроқ билиб олишгани эҳтимолдан йироқ эмас.

Ҳаворийлар 24- бобда Яҳудиянинг римлик ҳокими бўлган ва масиҳийлар нимага эътиқод қилишлари тўғрисида баъзи нарсаларни эшитган Феликс ҳаворий Павлуснинг ишини кўриб чиққани ҳақида баён этилган. Яҳудийлар ҳаворий Павлусни камида учта масалада Рим қонунини бузганида айблашган. Улар Павлус Рим империяси бўйлаб яҳудийлар орасида ғалаён кўтариб, хавфли мазҳабнинг етакчиси эканини ва кейинчалик Рим ҳимоясида бўлган маъбадни ҳаром қилмоқчи бўлганини айтишди. (Ҳавор. 24:5, 6) Бу айбловлар дастидан у ўлим жазосига маҳкум этилиши мумкин эди.

Ҳаворий Павлус бу айбловларга қандай муносабат билдирганини кўриб чиқиш бугунги масиҳийларга қизиқарли бўлади. У хотиржамликни сақлаб, ҳурматни намоён этди. Павлус Таврот қонуни ва пайғамбарлар китобларига ишора қилиб, ота-боболарининг Тангрисига топинишга ҳақли эканини таъкидлайди. Бу ҳуқуққа Рим қонуни бўйича бошқа яҳудийлар ҳам эга эди. (Ҳавор. 24:14) Вақт ўтиб, ҳаворий Павлус кейинги ҳоким Порций Фест, шунингдек, шоҳ Ҳирод Агриппа олдида ҳам эътиқодини ҳимоя қилиб, у ҳақда бошқаларга айтишга муваффақ бўлди.

Охири, унинг ишини холисона кўриб чиқишлари учун Павлус шундай дейди: «Мени Олий маҳкамада ҳукм этишларини талаб қиламан!» Энди бу масалани бутун Рим империясининг ҳокими — Қайсар қараб чиқиши керак эди. (Ҳавор. 25:11)

ҚАЙСАР МАҲКАМАСИДА ПАВЛУСНИНГ СУДЛАНИШИ

Кейинчалик фаришта Павлусга: «Сен подшоҳнинг олдида туришинг керак»,— деб айтди. (Ҳавор. 27:24) Рим императори Нерон ўз ҳукмронлигининг бошида ҳамма ишларни ҳам ўзи кўриб чиқмаслигини айтганди ва ҳукмронлигининг илк 8 йилида у одатда суд ишларини бошқаларга топширарди. Бир китобдаги маълумотга кўра, Нерон Павлуснинг ишини олганида, уни ўз саройида кўриб чиққан. У ерда унга катта тажриба ва ҳокимиятга эга бўлган бир гуруҳ маслаҳатчилар ёрдам берган. («The Life and Epistles of Saint Paul»)

 Нерон ўзи Павлуснинг ишини кўриб чиқиб, уни ҳукм қилгани ё Павлуснинг мурожаатини эшитиб, кейин ўзига айтиб бериши учун кимдирни тайинлагани борасида Муқаддас Китобда ҳеч нарса ёзилмаган. Қандай бўлмасин, Павлус яҳудийларнинг Худосига топинаётгани ва у одамларни ҳукмрон ҳокимиятга ўринли ҳурмат кўрсатишга ундаётганини тушунтирган. (Рим. 13:1–7; Титус. 3:1, 2) Бундан кўриняптики, Павлус амалдорлар олдида хушхабарни ҳимоя қилишда муваффақиятга эришган: Қайсар маҳкамаси уни озод қилган. (Филип. 2:24; Филим. 22)

ХУШХАБАРНИ ҲИМОЯЛАШ — ВАЗИФАМИЗДИР

Исо шогирдларига қуйидагича айтганди: «Мен туфайли сизларни ҳокимлару подшоҳлар қошига етаклаб боришади. Ўшанда уларга ҳамда бошқа халқларга шоҳидлик қилиш имкониятига эга бўласизлар». (Мат. 10:18) Исо ҳақида шу тарзда шоҳидлик бериш — шарафдир! Хушхабарни ҳимоя қилиш учун қилган ҳаракатларимиз юридик ғалабаларга олиб келиши мумкин. Албатта, номукаммал одамлар чиқарган қарорлари туфайли хушхабар тўла равишда қонунийлаштирилади, деб ўйлаш нотўғридир. Зеро, фақатгина Худонинг Шоҳлиги одамзодни жабр-зулм ва адолатсизликдан бутунлайин халос қилади. (Воиз 8:9; Ерм. 10:23)

Бугунги кунда ҳам масиҳийлар ўз эътиқодини ҳимоя қилишганида Яҳованинг исми улуғланади. Ҳаворий Павлус каби биз ҳам хотиржам ва самимий бўлишга ҳамда ишонтирарли гапиришга ҳаракат қилишимиз керак. Исо шогирдларига шундай деб айтганди: «Лекин, ўзларингизни ҳимоя қилиш учун нима дейишни олдиндан режалаштирманглар. Боиси, мен сизларга шундай донолик бераманки, сизлар нима дейиш кераклигини биласизлар. Шунда душманларингиз сизларга қарши ҳам тура олишмайди, эътироз ҳам билдира олишмайди». (Луқо 21:14, 15; 2 Тим. 3:12; 1 Бутр. 3:15)

Масиҳийлар ўз эътиқодини шоҳлар, амалдорлар ёки бошқа мансабдор шахслар олдида ҳимоя қилишганида, уларга шоҳидлик бера олишади. Зеро бундай одамларга, эҳтимол, бошқа йўл билан хушхабарни етказиш қийин бўларди. Ижобий ҳал этилган баъзи суд қарорлари туфайли сўз ва эътиқод эркинлиги таъминланиб, қонунлар такомиллаштирилди. Бироқ бундай суд ишлари қандай тугашидан қатъи назар, Худонинг хизматчилари синовлар пайтида кўрсатган жасорати Аллоҳни хушнуд қилади.

Эътиқодимизни ҳимоя қилганимизда Яҳованинг исми улуғланади

^ 8- х.б. Жеймс Паркс исмли бир ёзувчи ўз кузатувлари билан бўлишиб, қуйидагича деди: «Қонун бўйича яҳудийларга... ўз анъаналарини сақлаб қолишга рухсат берилганди. Аслида, уларга бундай имтиёзлар берилишининг ҳеч қандай ажабланарли жойи йўқ эди, чунки шу йўсин римликлар ўз империясининг турли қисмларига ўзини-ўзи идора қилиш ҳуқуқини бериш каби одатий тартибга риоя қилишган, холос».