Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Қўриқчи минораси» (тадқиқ сони)  |  Октябрь 2016

Доноликни маҳкам ушлаяпсизми?

Доноликни маҳкам ушлаяпсизми?

РИВОЯТГА кўра, олис қишлоқда камбағал бир бола яшарди. Шаҳардагилар уни ақли заиф деб, устидан кулишарди. Қишлоққа меҳмонлар келишганида, айрим ҳамқишлоқлари уни бошқалар олдида кулги қилишарди. Улар болага иккита тангани: катта кумуш тангани ва қиймати кумушдан икки баробар кўп бўлган кичик олтин тангани узатиб: «Хоҳлаганингни ол»,— деб айтишарди. Болакай кумуш тангани танлаб, югуриб кетарди.

Бир куни қишлоққа ташриф буюрганлардан бири болага шундай савол берди: «Олтин танганинг қиймати кумуш танганикидан икки баробар баланд эканини билмайсанми?» Болакай жилмайиб: «Биламан»,— деди. У киши бўлса: «Унда нега доим кумуш тангани танлайсан? Ахир олтин тангани танласанг, икки ҳисса кўпроқ пулга эга бўласан-ку!» — деб айтди. Шунда бола жавобан: «Олтин тангани танласам, улар менга бошқа пул бермай қўйишади-да! Қанча кумуш тангалар йиққанимни биласизми?» — деди. Ушбу ривоятдаги болакай катталарга ҳам фойдали бўладиган фазилатни — доноликни намоён этди.

Муқаддас Китобда шундай айтилган: «Донолик ва фаҳм-фаросатни маҳкам ушла... Йўлингда эсон-омон юрасан, оёғинг эса қоқилмайди». (Ҳик. 3:21, 23) «Донолик» нима эканини билиш ва уни қўллаш бизга ҳимоя бўлади. Зероки бу, «оёғимизда» маҳкам туришимизга ва маънан қоқинмаслигимизга ёрдам беради.

ДОНОЛИК ЎЗИ НИМА?

Донолик билим ва фаҳм-фаросатдан фарқ қилади. Билимга эга бўлган инсон маълумот ёки фактларни йиғади. Фаҳм-фаросатга эга бўлган одам мана шу фактлар бир-бири билан қандай боғлиқ эканини кўра олади. Доноликка эга бўлган инсон эса ҳам билим, ҳам фаҳм-фаросатни ўзида мужассам этиб, уларни амалда қўллайди.

Масалан, одатда одам қисқа вақт ичида «Муқаддас Китоб таълимотлари» китобини ўқиб тушуна олади. Тадқиқ пайтида бу киши тўғри жавоблар ҳам бериши мумкин. Эҳтимол, у йиғилишларга қатнаб, ҳатто яхши шарҳлар ҳам берар. Буларнинг барчаси инсон маънан ўсаётганидан далолат бериши мумкин, аммо бу одамни доно деса бўладими? Ҳар доим ҳам ундай эмас. Сабаби, унинг шунчаки зеҳни ўткир бўлиши мумкин. Лекин у билимини ва фаҳм-фаросатини тўғри ишга солиб, билиб олган ҳақиқатларини ҳаётда қўлласагина доно бўлади. Демак, агар бу одамнинг қарорлари муваффақият ила якун топиб, унинг мулоҳазакорлигини акс эттирса, у доноликни намоён этгани кўринади.

Матто 7:24–27- оятларда ҳар бири уй қурган иккита киши ҳақидаги Исонинг масали келтирилган. Улардан бири «ақлли» деб тилга олинган. Бу киши нималар юз бериши мумкинлиги ҳақида олдиндан ўйлаб, уйини қоятош устига қурган. У узоқни кўзлаб иш тутадиган ҳамда омилкор инсон бўлган. Ўша киши уйини қум устига қуриш унга арзонроқ тушиши ва шу йўсин тезроқ битиши ҳақида ўйламаган. Аксинча, у хатти-ҳаракатларининг узоқ муддатли оқибатлари ҳақида фикр юритиб, доноларча йўл тутган. Шунинг учун бўрон бўлганида, унинг уйи сақланиб қолган. Энди бир савол туғиляпти: қай йўсин бебаҳо фазилат бўлмиш доноликка эга бўлиб, уни маҳкам ушлашимиз мумкин?

ҚАНДАЙ ҚИЛИБ УНГА ЭРИШСА БЎЛАДИ?

Биринчидан, Михо 6:9 да ёзилган қуйидаги сўзларга эътибор беринг: «Худодан [Худонинг исмидан, ЯДТ] қўрқиш — донолик ахир!» Яҳованинг  исмидан қўрқиш Уни ҳурмат қилиш демакдир. Бу, Яҳованинг исми ортида қандай шахс турганини ва Унинг меъёрларини тушуниб, Унга чуқур эҳтиром намоён этишни англатади. Кимнидир ҳурмат қилиш учун, сиз аввало унинг фикрлаш тарзини билишингиз лозим. Кейин, бу инсон чиқарган қарорлар доно эканини кўриб, ундан ўрнак олишни ва унга ишонишни бошлайсиз. Агар хатти-ҳаракатларимизнинг узоқ муддатли оқибатлари Яҳова билан бўлган муносабатларимизга қандай таъсир қилиши ҳақида ўйласак ва қарорларимизни Унинг меъёрларига асосласак, доноликка эришган бўламиз.

Иккинчидан, Ҳикматлар 18:1 да шундай ёзилган: «Бошқалардан ажралган ўз истагини қондиришни хоҳлайди, у бутун доноликка қаршидир». Агар эҳтиёткор бўлмасак, ўзимизни Яҳовадан ҳамда Унинг халқидан узоқлаштириб қўйишимиз мумкин. Яккаланиб қолмаслик учун биз Худонинг исмидан қўрқадиганлар ва Унинг меъёрларини ҳурмат қиладиганлар билан вақт ўтказишимиз зарур. Йиғилиш Залига имкон борича шахсан ўзимиз бориб, жамоат билан мунтазам ҳамкорлик қилишимиз лозим. Шунингдек, қалбимизу онгимизни йиғилишларда айтиладиган фикрларга мойил қилиб, улар бизга таъсир этишига йўл қўйишимиз керак.

Бундан ташқари, ибодатда ичимиздагини Яҳовага тўкиб солсак, Унга янада яқинлашамиз. (Ҳик. 3:5, 6) Муқаддас Китоб ва Яҳованинг ташкилоти тақдим этаётган адабиётларни ўқиганимизда қалбимизни очиб, онгимизни ишга солсак, хатти-ҳаракатларимизнинг узоқ муддатли натижаларини озгина бўлса-да кўриб, уларга яраша йўл тута оламиз. Боз устига, маънан етук биродарлар  бераётган маслаҳатларга ҳам қалбимизни очишимиз даркор. (Ҳик. 19:20) Шунда биз «бутун доноликка қарши» чиқмай, ушбу муҳим фазилатни ривожлантирган бўламиз.

ДОНОЛИК ОИЛАДА ҚАНДАЙ ЁРДАМ БЕРАДИ?

Донолик — оилалар учун ҳимоядир. Масалан, Муқаддас Китобда хотин киши эрини «чуқур ҳурмат» қилиши кераклиги ҳақида айтилган. (Эфес. 5:33) Қай йўсин эр чуқур ҳурмат қозониши мумкин? Мабодо эр буни куч ва қўполлик билан талаб қилса, бу вақтинчалик натижа беради, холос. Бундай кишининг хотини можаролардан қочиш учунгина эри ёнида бўлганида унга ҳурмат кўрсатади. Аммо бу аёл эри ёнида бўлмаганида ҳам уни ҳурмат қилишга тайёр бўладими? Бундай бўлиши амримаҳол. Шунинг учун эр қилаётган ишларининг оқибатлари ҳақида ўйлаши керак. Агар у хотинига севги ва меҳрибонликни кўрсатиб, муқаддас руҳ самарасини акс эттирса, аёлининг чуқур ҳурматини қозонади. Албатта, масиҳий хотин эри бунга лойиқ бўладими-йўқми, уни ҳурмат қилиши керак. (Галат. 5:22, 23)

Шунингдек, Аллоҳнинг Каломида эрлар хотинларини севишлари лозимлиги ҳақида ҳам қайд этилган. (Эфес. 5:28, 33) Хотин эрининг кўнглини совитмаслик мақсадида ёқимсиз, аммо у билишга ҳақли бўлган нарсаларни айтмасликка қарор қилиши мумкин. Бироқ бу доноликдан бўлармиди? Кейинчалик эри хотини яширган нарса ҳақида билиб қолса, оқибати қандай бўлади? Эр аёлини кўпроқ севадиган бўладими? Йўқ, сабаби бу унга қийин кечиши мумкин. Бунинг ўрнига, агар хотин ёқимсиз нарсаларни турмуш ўртоғига хотиржамлик ила тушунтириш учун қулай пайтни танласа, эр хотинининг ростгўйлигини қадрлаши эҳтимолдан йироқ эмас. Шунда эрнинг хотинига нисбатан севгиси янада кучаяди.

Ҳозир фарзандингизни қандай тарбиялаётганингиз, кейинчалик у билан бўлган муносабатингизга таъсир қилади

Фарзандлар ота-оналарига бўйсунишлари ҳамда Яҳованинг йўл-йўриқларига биноан тарбияланишлари керак. (Эфес. 6:1, 4) Бу, ота-оналар фарзандлари учун беҳисоб одоб-ахлоқ қоидалар рўйхатини тузишлари лозимлигини англатадими? Йўқ, зеро болалар шунчаки оиладаги қонун-қоидаларни ва ножўя ишлари учун жазоланишлари мумкинлигини билишлари етарли эмас. Доно ота-она боласига нима учун у итоатли бўлиши кераклигини тушунишга ёрдам беради.

Мисол учун, фарзанд ота-онаси билан ҳурматсизларча гаплашаётганини тасаввур қилинг. Агар ота-она боласига қаттиқ гапирса ёки уни жаҳл устида жазоласа, у ўзини камситилгандай ҳис этиб, гаплашмай қўйиши мумкин. Бундай вазиятда бола хафа бўлиб, ота-онасидан узоқлашиб кетиши ҳеч гап эмас.

Доноликни намоён этаётган ота-оналар фарзандларини қандай тарбиялашаётгани ва келажакда бу, болаларига қандай таъсир қилиши ҳақида ўйлашади. Ўзини йўқотиб қўйган ота-она шошиб қарор чиқармаслиги керак. Ота-она, эҳтимол, боласи билан яккама-якка қолганида, унга хотиржамлик ва севги ила Яҳова унинг абадий фойдасини кўзлаб, ундан ота-онасига бўйсунишини кутаётганини айтса бўлади. Шунда фарзанд ота-онасини ҳурмат қилиб, Яҳовага эҳтиром кўрсатаётганини тушунади. (Эфес. 6:2, 3) Меҳр ила йўл тутган бундай ота-она фарзандининг қалбини забт эта олади. Бола эса ота-онанинг самимий ғамхўрлигини ҳис қилади ва шу йўсин уларга бўлган ҳурмати ошади. Шунда муҳим масалалар юзага келганда, бола ота-онасидан ёрдам сўрашдан тортинмайди.

Баъзи ота-оналар фарзандларининг дилини оғритишдан қўрқиб, уларга танбеҳ беришмайди. Аммо бола улғайганида, бунинг оқибати қандай бўлади? Ўшанда у Яҳовадан қўрқиб, Унинг меъёрлари бўйича яшаш оқилона эканини тушунадими? У Яҳовага қалбини очиб, онгини ишга соладими ёки ўзини маънавий нарсалардан ажратиб қўядими? (Ҳик. 13:1; 29:21)

Яхши ҳайкалтарош нима ясамоқчи эканини олдиндан режалаштиради. У: «Шунчаки тошни тарашласам, ўзидан-ўзи яхши буюм чиқади»,— деб ўйламайди. Шу сингари, доно ота-оналар ҳам Яҳованинг исмидан қўрқиб, Унинг меъёрларини ўрганишга ва уларни қўллашга соатлаб вақт сарфлашади. Улар ўзларини Яҳовадан ҳамда Унинг ташкилотидан ажратмай, доноликка эга бўлиб, оилаларини мустаҳкамлашади.

Дарҳақиқат, ҳар куни келажагимизга таъсир қилиши мумкин бўлган қарорлар чиқаришимизга тўғри келади. Бундай вазиятларда тезда жавоб қайтармай ва ҳис-туйғуларга берилмай, «етти ўлчаб, бир кес» деганларидек, вазият борасида обдан ўйлаш оқилона эмасми?! Узоқ муддатли оқибатлар ҳақида яхшилаб ўйлаб кўринг. Яҳованинг йўл-йўриғини изланг ва Унинг илоҳий донолигини қўлланг. Шунда донолик бизни ҳимоялаб, ҳаёт бахш этади. (Ҳик. 3:21, 22)