Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ОКТЯБРЬ 2016

 ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Ажойиб мисолларга тақлид қилишга интилдим

Ажойиб мисолларга тақлид қилишга интилдим

«Неча ёшда эканлигимни биласизми?» — деб сўрадим мен. Шунда менга Паттерсондан (Нью-Йорк) Колорадога қўнғироқ қилган Исак Марей жавобан: «Албатта биламан»,— деб айтди. Келинг, бу суҳбатгача нималар юз берганини бир бошдан айтиб берай.

МЕН 1936 йил 10 декабрда АҚШнинг Канзас штатидаги Уичита шаҳрида дунёга келдим. Оиламизда тўртта фарзанд бўлса, улардан энг каттаси мен эдим. Ота-онам — Вильям ва Жэн — Яҳованинг садоқатли хизматчилари эди. Дадам жамоат хизматкори (ушбу ибора кейинчалик оқсоқоллар кенгашининг раисига нисбатан қўлланадиган бўлди) сифатида хизмат қиларди. Ойимга Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни бувим Эмма Вагнер ўргатганди. У, шунингдек, бундай ҳақиқатларни кўплаб бошқа одамларга, жумладан, Пуэрто-Рикода йиллар мобайнида тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилган Гертруд Стилга ҳам айтганди. * Кўриб турганингиздек, менда тақлид қилишга арзигулик мисоллар талайгина эди.

АЖОЙИБ МИСОЛЛАРНИ ЁДДА САҚЛАБ...

Дадам йўловчиларга журналларни тарқатиб, кўчанинг бурчагида турибди

Ёшим 5 да бўлганида, бутун мамлакат Иккинчи жаҳон урушига тортилган эди. Ўшанда, бир шанба куни кечқурун, кўчада ўтиб кетаётганларга дадам билан «Қўриқчи минораси» ва «Тасалли» (ҳозир «Уйғонинг!» деб номланади) журналларини тарқатиб тургандик. Шу замон бир маст дўхтир олдимизга келиб, дадамни қўрқоқ ва ҳарбий хизматдан бўйин товлаяпти деб, уни бетарафликни сақлагани учун ҳақоратлаганди. Бу дўхтир дадамга юзини тутиб: «Қани, ур! Нега урмаяпсан, қўрқоқ?» — деб айтди. Ўшанда капалагим учиб кетди, аммо дадамдан роса фахрлангандим. У эса, ҳеч нарса бўлмагандай, йиғилган одамларга журналларни тарқатаверди. Кейин ўша дўхтир олдимиздан ўтиб кетаётган бир аскарга: «Мана бу қўрқоқ билан бирон нарса қилсанг-чи!» — дея бақирди. Бу аскар дўхтир маст эканини кўриб, унга: «Уйга бориб, ўзингга кевол!» — деди. Сўнг иккови ҳам кетишди. Ўтмишга назар солиб, ўшанда Яҳова дадамга жасорат берганини миннатдорчилик ила эслайман. Уичитада дадам эркаклар сартарошхонасининг иккитасига эгалик қиларди ва қарангки, бу дўхтир унинг мижозларидан бири эди!

Ота-онам билан 1940 йилларда Уичитадаги анжуманга кетаётганда

Ёшим 8 да бўлганида эса, ота-онам уйимизни ва сартарошхоналарни сотиб, мўъжазгина кўчма уй қуришди ҳамда ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилиш мақсадида Колорадога кўчиб ўтишди. Биз Гранд-Жанкшен яқинида жойлашдик.  У ерда ота-онам кашшоф сифатида хизмат қилишарди ва деҳқончилик ҳамда чорвачилик билан шуғулланиб, кун кўришарди. Яҳованинг баракаси ва уларнинг ғайратли меҳнати туфайли янги жамоат пайдо бўлди. Кейин эса, 1948 йил 20 июнда дадам Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни қабул қилганлар, жумладан, Билли Николс ва унинг хотини қатори мени ҳам сойда сувга чўмдирди. Вақт ўтиб, улар туман нозири сифатида хизмат қила бошлашди. Кейинчалик уларнинг ўғли ва келини ҳам шу хизмат турида иштирок этишди.

Биз Шоҳлик иши билан тўлиқ банд бўлганлар, хусусан, Стиллар оиласи: Дон ва Эрлен, Дэйв ҳамда Юлия, Си ва Марта билан яқин ҳамкорлик қилиб, далдали суҳбатлар қурардик. Улар ҳаётимга кучли таъсир этиб, Шоҳлик манфаатларини биринчи ўринга қўйиш инсон ҳаётига мазмун ва қувонч бағишлашини тушунишимга ёрдам беришди.

ЯНА КЎЧИШ

Ёшим 19 да бўлганида, оиламиз дўсти Бад Хастэ мени Қўшма Штатларнинг жанубида биргаликда кашшоф бўлиб хизмат қилишга таклиф этди. Туман нозири биздан бир нечта фаолиятсиз ваъзгўйлар яшайдиган жойга, Луизиананинг Растон шаҳрига, кўчиб ўтишни сўради. Бизга йиғилишларга қанча одам келишидан қатъи назар, уларни ҳар ҳафта ўтказиш тайинланганди. Сўнг йиғилиш учун мос жой топиб, уни таъмирладик. Биз ҳар бир йиғилишни ўтказардик, лекин муайян вақт давомида йиғилишга фақат иккаламиз қатнардик, холос. Йиғилишни галма-гал ўтказардик: биримиз олиб борса, иккинчимиз ҳамма саволларга жавоб берарди. Намойиш кўрсатиш керак бўлганда, икковимиз ҳам саҳнага чиқардик, бизни тинглайдиганлар эса йўқ эди. Ахийри, кекса бир опамиз йиғилишга қатнай бошлади ва айрим қизиқувчилар, шу қатори фаолиятсизлар ҳам йиғилишларга келадиган бўлишди. Кўп ўтмай эса, жамоатимиз маънан ўсди.

Кунлардан бир кун Бад икковимиз Масиҳ черковининг руҳонийсини учратиб қолдик. У менга нотаниш бўлган оятлар ҳақида гапирди. Бу мени бирмунча шошириб қўйди ва эътиқодим тўғрисида чуқур ўйлаб кўришга ундади. Бир ҳафта давомида кечгача ўтириб, у кўтарган саволларга жавоб ахтардим. Бу менга ҳақиқатни ўзлаштиришга ёрдам берди ва энди бошқа руҳонийни учратишни сабрсизлик ила кутардим.

Озмунча вақт ўтгач, туман нозири мендан Арканзаснинг Эльдорадо шаҳридаги жамоатга кўмаклашиш учун ўша ерга кўчиб ўтишни сўради. У ердалигимда чақириқ комиссияси билан учрашиш учун Колорадога бир неча марта қайтиб боришимга тўғри келди. Бир сафар ўша жойга бир неча кашшофлар билан бирга машинамда бордик ва Техасда автоҳалокатга учрадик. Бунинг дастидан машинам яроқсиз бўлиб қолди. Шунда биз бир биродарга қўнғироқ қилдик, у келиб, бизни аввал уйига, кейин эса йиғилишга олиб борди. Ҳалокатга учраганимиз ҳақида йиғилишда эълон қилишди ва имондошларимиз  бизга севги ила моддий ёрдам кўрсатишди. Шунингдек, ўша биродар машинамни 25 долларга (бугунги кунда тахминан 200 доллар) сотиб берди.

Қолаверса, биз Уичитага боришга муваффақ бўлдик. У ерда оиламизнинг яқин дўсти бўлган Маккартни кашшоф бўлиб хизмат қиларди. Унинг эгизак ўғиллари — Фрэнк ва Фрэнсис — ҳалигача энг қалин дўстларимдан биридир. Улар менга ўзларининг эски машинасини ҳалокатга учраган машинамнинг нархида, яъни 25 долларга сотишди. Шоҳлик манфаатларини биринчи ўринга қўйганим боис, ўшанда Яҳова менга ғамхўрлик қилганини илк бор сездим. Уичитада Маккартнилар мени Бетэль Крэйн исмли дилрабо бир имондошимиз билан таништиришди. Унинг ойиси Рут, ёши 90 дан ўтганига қарамай, Канзаснинг Веллингтон шаҳрида шижоат ила кашшофлик қиларди. Бир йил ўтар ўтмас, 1958 йили, Бетэль иккаламиз турмуш қурдик ва Эльдорадода бирга кашшофлик қила бошладик.

ЖУНБИШЛИ ТАКЛИФЛАР

Болалигимиздан бери кўриб келган ажойиб мисоллар ҳақида фикр юритганимиздан кейин, Яҳованинг ташкилоти таклиф этадиган ҳар қандай вазифани тайёрлик ила қабул қилишга қарор қилдик. Рафиқам ва мени Арканзаснинг Уолнат-Ридж шаҳрига тўла вақтли махсус ваъзгўй сифатида хизмат қилишга тайинлашди. 1962 йили бизни Гилад мактабининг 37- синфига таклиф қилишганида эса, қувончимиз ичимизга сиғмай кетди. Дон Стил ҳам биз билан битта синфга тушганини билиб, роса хурсанд бўлдик. Мактабни битирганимиздан сўнг Бетэль ва мени Кениянинг Найроби шаҳрига тайинлашди. Нью-Йоркни тарк этаётганимизда ўпкамиз тўлиб турганди, лекин аэропортда Найробидаги имондошларимизни кўриб, бу туйғулар қувончга айланди.

Мэри ва Крис Каная билан Найробида ваъзгўйликда

Тез орада биз Кения ва у ердаги хизматимизга меҳр қўйдик. Илк самарали Муқаддас Китоб тадқиқини Крис ва Мэри Каная билан ўтказдик. Улар бугунги кунгача Кенияда садоқат ила тўла вақтли хизмат қилиб келишяпти. * Келгуси йили бизни Уганданинг Кампала шаҳрига тайинлашди ва ўша мамлакатда биринчи тўла вақтли махсус ваъзгўйлар бўлдик. Бу унутилмас дамлар эди, сабаби ниҳоятда кўп инсонлар ҳақиқатга катта қизиқиш билдиришганди ва кейинчалик улар ҳам имондошларимиз бўлишди. Бироқ Африкада уч ярим йил хизмат қилганимиздан сўнг хотиним ҳомиладор бўлиб қолди. Шунда Қўшма Штатларга қайтишга қарор қилдик. Нью-Йоркка қараганда Африкани тарк этиш анча қийинроқ кечди. Боиси Африканинг одамларига кўнгил боғлагандик ва бир куни яна у ерга қайтишга умид қилардик.

ЯНГИ ВАЗИФА

Биз Колорадонинг ғарбий қисмида, ота-онам яшаган жойда, ўрнашдик. Бироз вақтдан сўнг биринчи қизчамиз Кимберли, 17 ой ўтиб эса Стэфани дунёга келди. Ота-она сифатидаги янги вазифамизга жиддий киришдик ва ҳақиқатни гўзал қизчаларимизнинг қалбига пайванд қилиш учун жон куйдирдик. Биз бошқаларнинг ажойиб ўрнагига тақлид қилишни истардик. Гарчи яхши ўрнак фарзандларимизнинг шаклланишига катта таъсир қилишини билсак-да, бу улар келажакда Яҳовага хизмат қилишларининг кафолати эмаслигини тушунардик. Сабаби ўзимнинг укам ва синглим ҳақиқатни ташлаб кетишганди. Ким билсин, балки улар ҳам кўрган ажойиб ўрнакларга яна тақлид қилишар.

Қизалоқларимизни парваришлаш бизга роса завқ келтирарди ва ҳамма нарсани биргаликда қилишга интилардик. Биз Колорадода, ўзининг чанғи курортлари билан танилган Аспен шаҳри яқинида, яшардик. Шунинг учун баъзида оиламиз билан чанғи учиб туриш мақсадида бу спорт турини ўргандик. Бу спорт билан шуғулланганимизда, фурсатдан фойдаланиб, қизларимиз билан суҳбатлашардик.  Шунингдек, палаткаларни олиб, сафарга чиқардик ва гулхан атрофида жудаям ёқимли суҳбатлар қурардик. Улар ёш бўлишига қарамай: «Катта бўлганимда ким бўламан? Турмуш ўртоғим қандай бўлишини истайман?» — деган саволлар беришарди. Биз маънавий хазиналарни қизалоқларимизнинг онгию қалбига жо қилишга уринардик. Уларни тўла вақтли хизматни мақсад қилишга ундаб, фақат шундай мақсадни кўзлаган инсонга турмушга чиқиш оқилона эканини айтардик. Бундан ташқари, жудаям ёш бўлганда турмуш қурмаслик кераклигини тушунишларига ёрдам бериб, уларга: «Камида 23 ёшгача турмуш қурмаган яхши»,— деб уқтирардик.

Ота-онамиз сингари биз ҳам оиламиз билан йиғилишларга боришга ҳамда ваъзгўйликда мунтазам иштирок этишга астойдил ҳаракат қилардик. Боз устига, баъзи тўла вақтли хизматчиларни уйимизга таклиф қилишга келишиб олгандик. Бундан ташқари, тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилган пайтларимизни тез-тез эслаб, улар ҳақида мароқ билан айтиб берардик. Бир кун келиб тўртталамиз биргаликда Африкага саёҳатга боришимизни орзу қилардик ва қизларимиз буни жудаям хоҳлашарди.

Биз оилавий топинишни мунтазам ўтказардик. Ўшанда мактабда юз бериши мумкин бўлган вазиятларни саҳналаштирардик. Қизларимиз Яҳованинг Шоҳиди сифатида саволларга қандай жавоб беришларини кўрсатишарди. Шу тарзда ўрганиш уларга завқ ва ишонч бағишларди. Катта бўлишгани сайин эса, баъзида оилавий топиниш ўтказилишига норозилик билдиришарди. Бир сафар ноиложликдан оилавий топинишни бошқа ўтказмаслигимизни ва хоналарига кетишлари мумкинлигини айтдим. Уларга бу қаттиқ таъсир қилганидан йиғлаб юборишди ва оилавий топинишда иштирок этишни хоҳлашаётганларини айтишди. Шунда уларнинг ёш қалбларига маънавий нарсаларга бўлган миннатдорчиликни сингдириш қўлимиздан келаётганини англай бошладик. Вақт ўтиб, улар тадқиқ қилишни яхши кўриб қолишди ва ўз фикрларию ҳис-туйғуларини бемалол айтишадиган бўлишди. Гоҳида улар қайсидир таълимот билан норози эканликларини айтишганида, бу бизга оғир ботарди. Бироқ бу орқали биз уларнинг қалбида нималар кечаётганини билиб олардик. Биргаликда мулоҳаза юритганимиздан кейин эса, улар Яҳованинг муайян масалаларга доир нуқтаи назарига қўшилишарди.

ЯНГИ ЎЗГАРИШЛАРГА МОСЛАШИШ

Қизларимизнинг тарбияси билан банд бўлиб, вақт қандай ўтиб кетганини сезмай ҳам қолдик. Улар Яҳовани севишлари учун қўлимиздан келганини қилиб, ташкилотимиз тақдим этаётган кўмак ва йўл-йўриқлардан фойдаландик. Қизларимиз ўрта мактабни битириб, кашшофликни бошлашганида ва ўзларини моддий жиҳатдан таъминлаш учун ҳунарли бўлишганида, ниҳоятда хурсанд бўлдик. Улар бошқа иккита синглимиз билан ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган ҳудудда хизмат қилиш учун Теннессининг Кливленд шаҳрига кўчиб ўтишди. Биз уларни роса соғинардик, аммо ҳаётларини тўла вақтли хизматга бағишлашганидан мамнун эдик. Кейин Бетэль икковимиз яна кашшофлик қила бошладик, бу эса олдимизда бошқа ажойиб имкониятларни очиб берди. Мисол учун, туман нозирининг ўринбосари бўлиб хизмат қилардик ва анжуман билан боғлиқ ишларда ёрдам берардик.

Теннессига кўчиб ўтишдан аввал қизларимиз Англиянинг Лондон шаҳрига саёҳатга бориб, у ердаги филиалга ташриф буюришди. Ўшанда ёши 19 да бўлган Стэфани қизимиз Пол Нортон исмли ёш байтилчини учратди. Кейинги саёҳатда эса қизимиз Кимберли Полнинг ҳамкорларидан бири бўлган Брайан Лэвелинни учратади. Стэфани 23 га тўлганида Полга турмушга чиқди. Келгуси йили эса Кимберли 25 ёшида Брайан билан оила қурди. Кўряпмизки, улар камида 23 ёшгача турмуш қуришмади. Қизларимиз яхши турмуш ўртоқ танлашганидан биз роса бахтли эдик.

Пол, Стэфани, Кимберли ва Брайан билан 2002 йили Малавидаги филиалда

Қизларимизнинг айтиб беришича, биз ва уларнинг бувиларию боболари қолдирган ўрнаклар уларга ҳатто моддий қийинчиликлар пайтида ҳам Исо Масиҳнинг: «Худонинг Шоҳлиги... ҳаётингизда биринчи ўринда бўлсин»,— деган маслаҳатига амал қилишга ёрдам берган экан. (Мат. 6:33) 1998 йили апрелда Пол ва Стэфанини Гилад мактабининг 105- синфига таклиф этишди. Мактабдан кейин уларни Африканинг Малави Республикасида хизмат қилишга тайинлашди. Ўша пайт Брайан ва Кимберлини Лондондаги Байтилга таклиф қилишди ва кейинчалик Малавидаги Байтилга юборишди. Шунда бошимиз осмонга етди, зеро ёшлар учун ҳаётларини шу тарзда ўтказишдан бошқа яхшироқ йўл йўқдир!

ЯНА БИР ЖУНБИШЛИ ТАКЛИФ

2001 йили январда, юқорида айтиб берганимдек, менга қўнғироқ қилишди. Таржимон гуруҳларга ёрдам бериш бўлимининг нозири бўлган биродар Марей бутун жаҳон бўйлаб таржимонларга инглиз тилини яхшироқ тушунишга ёрдам бериш мақсадида  курслар режалаштирилаётганини тушунтирди. Гарчи ёшим 64 да бўлса-да, мураббийлардан бири бўлишим учун биродарлар менга таълим беришмоқчи эди. Бетэль иккаламиз бу ҳақда ибодат қилиб, ойиларимизнинг фикрини билиш учун улар билан бу масалани муҳокама қилдик. Улар кўмагимизсиз қолишларига қарамай, иккови ҳам бизни бу топшириқни олишга ундашди. Шунда мен қайта қўнғироқ қилиб, бундай шарафли вазифани бажаришга тайёр эканимизни айтдим.

Кейин ойимга саратон ташхиси қўйилди. Мен ойимга олдиларида қолиб, синглим Линда билан бирга уларга ғамхўрлик қилишимизни айтдим. Шунда ойим: «Қолиб, яхшилик қиламан деб ўйлама. Қайтанга қолсанг, ўзимни баттар ҳис қиламан»,— деди. Линда ҳам худди шундай фикрда эди. Биз уларнинг бундай фидойи руҳи ва ҳудудимиздаги маҳаллий дўстларнинг кўмаги учун жудаям миннатдор эдик. Қўриқчи Минораси Жамиятининг Паттерсонда жойлашган ўқув-таълим марказига кетган кунимиз эртасига синглим Линда қўнғироқ қилиб, ойим вафот этганини айтди. Ойим бизга тайинлаганидек, янги ишимизга тўлиқ шўнғидик.

Биринчи манзилимиз — қизларимиз ва куёвларимиз хизмат қилаётган жой — Малави эканини билиб, роса хурсанд бўлиб кетдик. Улар билан яна дийдор кўришиш нақадар ажойиб эди! Бундан сўнг Зимбабве ҳамда Замбияга бориб, курслар ўтказдик. Уч ярим йил мобайнида таълим берганимиздан кейин, Малавида бетарафликни сақлаганлари учун таъқибларга учраган имондошларимизнинг воқеаларини ёзиш мақсадида биздан у ерга қайтишни сўрашди. *

Набираларимиз билан ваъзгўйлик хизматида

Яна ўпкамиз тўлиб, 2005 йили уйимизга, Базальтга (Колорадо) қайтдик ва Бетэль билан кашшофликни давом эттирдик. 2006 йили эса Брайан ва Кимберли иккита қизи — Маккензи ва Элизабетни катта қилиш учун олдимизга кўчиб келиб, бизга қўшни бўлишди. Пол ва Стэфани эса ҳали-ҳанузгача Малавида, Пол у ерда Филиал қўмитасида хизмат қиляпти. Ҳозир 80 ни қоралаётган бўлсам ҳам, мен билан йиллар давомида ҳамкорлик қилиб келган ёш биродарлар қачонлардир мен бажарган масъулиятли вазифаларни зиммаларига олишаётганини кўриш менга улкан қувонч бағишлайди. Биз фарзандларимиз ва набираларимизнинг фойдасини кўзлаб, бошқаларнинг ажойиб ўрнагига тақлид қилишга интилдик. Бу бизга ростдан ҳам катта хурсандчилик ва бахт келтирди!

^ 5- х.б. Стиллар оиласининг тўла вақтли махсус хизмати тўғрисида батафсил билиш учун «Қўриқчи минораси» журналининг 1956 йил 1 май сонидаги (ингл.) 269–272- саҳ. ва 1971 йил 15 март сонидаги (ингл.) 186–190- саҳ. қаранг.

^ 17- х.б. Ушбу мақола чоп этилишга тайёрланаётганида, Каная опамиз Яҳовага содиқ қолиб ҳаётдан кўз юмди.

^ 30- х.б. Масалан, «Қўриқчи минораси» журналининг 2015 йил 15 апрель сонида 14–18- саҳ. биродаримиз Трофим Нсомба ҳақидаги таржимаи ҳолга қаранг.