Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Қўриқчи минораси» (тадқиқ сони)  |  Ноябрь 2016

Яҳованинг Каломини юқори қадрлаяпсизми?

Яҳованинг Каломини юқори қадрлаяпсизми?

Сизлар Худонинг каломини биздан эшитганингизда, буни... Аллоҳ каломи сифатида қабул қилдингизлар. 1 САЛОН. 2:13

ҚЎШИҚЛАР: 44, 40

1–3. Эводия ва Синтиха орасида нима юз берган бўлиши мумкин ва қай йўсин бундай муаммоларнинг олдини олса бўлади? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

ЯҲОВАНИНГ ХИЗМАТЧИЛАРИ Унинг Каломи — Муқаддас Китобни юқори қадрлашади. Номукаммал бўлганимиз сабабли, ҳаммамиз гоҳида Муқаддас Китобга асосланган маслаҳатлар олиб турамиз. Уларга қандай муносабатда бўламиз? Келинг, Эводия ва Синтиха исмли биринчи асрдаги масиҳийларга диққат қаратайлик. Ушбу мойланган аёллар орасида жиддий муаммолар пайдо бўлганди. Қизиқ, қанақа муаммолар? Муқаддас Ёзувларда бу ҳақда айтилмаган. Лекин мисол тариқасида қуйидаги вазиятни фараз қилиб кўрайлик.

2 Тасаввур қилинг, Эводия баъзи имондошларни уйига овқатга ва мароқли суҳбатга таклиф қилади. Синтиха таклиф этилмаган эди, аммо имондошлари маза қилиб дам олишгани ҳақида эшитиб қолади. Ўшанда Синтиха шундай айтган бўлиши мумкин: «Эводия мени таклиф қилмаганига ҳеч кўзим етмаяпти! Биз қалин дугоналармиз, деб ўйлагандим». Синтиха ўзини алдангандек ҳис этиб, Эводияга шубҳа билан қарай бошлайди. Шундай қилиб, Синтиханинг ўзи ҳам ўтириш уюштиради ва Эводия чақирган  ҳамма имондошларни таклиф қилади, Эводияни эса чақирмайди. Эводия ва Синтиханинг орасидаги муаммо бутун жамоатнинг тинчлигига путур етказиши мумкин эди. Муқаддас Китобда оқибатда улар орасида нима бўлгани ҳақида ёзилмаган, бироқ бу опалар ҳаворий Павлуснинг севги ила берган маслаҳатига амал қилишгани эҳтимолдан йироқ эмас. (Филип. 4:2, 3)

3 Бугунги кунда ҳам шунга ўхшаш вазиятлар баъзида масиҳийлар жамоатларида қийинчилик туғдиради. Лекин Аллоҳнинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобдаги маслаҳатларга риоя этиш орқали бундай муаммоларни ечиш ёки ҳатто олдини олиш ҳам мумкин. Агар Яҳованинг Каломини юқори қадрласак, ундаги йўл-йўриқларга мувофиқ ҳаёт кечирамиз. (Заб. 26:11)

АЛЛОҲНИНГ КАЛОМИ ВА ИНСОНИЙ ҲИС-ТУЙҒУЛАР

4, 5. Ҳис-туйғуларимизни назорат қилиш борасида Аллоҳнинг Каломида қандай маслаҳат бор?

4 Бизни назарларига илишмаётгандек ёки бизга адолатсизларча муносабатда бўлишаётгандек туюлганда, ҳис-туйғуларимизни назорат қилиш осон эмас. Миллатимиз, тана рангимиз ёки ташқи кўринишимизда бошқа бир фарқимиз борлиги туфайли бизга ноҳақ муносабатда бўлишса, дилимиз хуфтон бўлиши мумкин. Агар буни имондошимиз қилган бўлса, бу янада оғир ботади. Аллоҳнинг Каломида номукаммал одамнинг бундай ёқимсиз хатти-ҳаракатлари билан тўқнашган вазиятларда ёрдам берадиган маслаҳатлар борми?

5 Яҳова одамзодни яратганидан буён улар орасидаги муносабатларни кузатиб келяпти. У ҳис-туйғуларимиз ва хатти-ҳаракатларимизга диққат қаратади. Агар ҳис-туйғуларга берилиб фикр юритсак, кейинчалик бизни афсуслантирадиган ножўя сўзларни айтишимиз ва бирон-бир қилғилик қилиб қўйишимиз мумкин. Шундай экан, ўзимизни тута билиш ва аразчи бўлмаслик борасида Муқаддас Китобдаги маслаҳатларни қўллаш оқилонадир. (Ҳикматлар 16:32; Воиз 7:9 ни ўқинг.) Шубҳасизки, ҳар биримиз камроқ хафа бўлиб, кўпроқ кечиримли бўлиш устидан ишлашимиз лозим. Яҳова ҳамда Исо кечиримни муҳим деб билишади. (Мат. 6:14, 15) Сизнингча, кечиримлироқ бўлишни ёки ҳис-туйғуларингизни назорат қилишни ўрганишингиз керакми?

6. Нега жаҳлдорликдан қочишимиз керак?

6 Одатда ҳис-туйғуларини жиловлай олмаган одамлар жаҳлдор бўлиб қолишади. Натижада, бошқалар бундай одамлардан ўзларини олиб қочишади. Жаҳлдор инсон жамоатга ёмон таъсир қилиши мумкин. У ўзининг жаҳлдорлигини ёки ҳатто нафратини яширишга ҳаракат қилса ҳам, унинг қалбида яширилган салбий фикрлар барибир «эл-юртга ошкор бўлади». (Ҳик. 26:24–26) Оқсоқоллар бундай одамларга Худонинг ташкилотида жаҳл, нафрат ва гина-кудурат каби иллатларга жой йўқлигини тушунишга ёрдам беришлари мумкин. Яҳованинг Каломида бу ҳақда аниқ-равшан айтилган. (Лев. 19:17, 18; Рим. 3:11–18) Сиз ундаги сўзларга қўшиласизми?

ЯҲОВА БИЗНИ ЙЎНАЛТИРМОҚДА

7, 8. а) Яҳова Ўз ташкилотининг ердаги қисмини қай йўсин йўналтиряпти? б) Муқаддас Китобда ёзиб қолдирилган кўрсатмалардан баъзилари қандай ва нега уларга амал қилишимиз керак?

7 Яҳова Ўз ташкилотининг ердаги қисмини «жамоатнинг... боши» бўлмиш Масиҳ раҳбарлиги остида бўлган «ишончли ва ақлли хизматкор» орқали йўналтириб, озиқлантиряпти. (Мат. 24:45–47; Эфес. 5:23) Биринчи асрдаги етакчи кенгаш сингари, бу хизматкор ҳам Худонинг илҳомлантирилган сўзларини, яъни хабарини қабул қилиб, уни юқори қадрлаяпти. (1 Салоникаликларга 2:13 ни ўқинг.) Муқаддас Китобда бизнинг фойдамиз учун ёзиб қолдирилган кўрсатмалардан баъзилари қандай?

8 Муқаддас Китоб бизни йиғилишларга  мунтазам боришга ундаяпти. (Иброн. 10:24, 25) Шунингдек, у бизни таълимотларда ҳамфикр бўлишга чорлаяпти. (1 Кор. 1:10) Бундан ташқари, Худонинг Каломида ҳаётимизда Шоҳликни биринчи ўринга қўйишимиз кераклиги ҳақида айтилган. (Мат. 6:33) Қолаверса, Муқаддас Ёзувларда уйма-уй, оммавий жойларда ҳамда норасмий ваъз қилиш биз учун ҳам бурч, ҳам шараф экани таъкидланган. (Мат. 28:19, 20; Ҳавор. 5:42; 17:17; 20:20) Муқаддас Китоб оқсоқолларни Худонинг ташкилотини пок сақлашга ундаяпти. (1 Кор. 5:1–5, 13; 1 Тим. 5:19–21) Боз устига, Яҳова Унинг ташкилотидаги барча жисмонан ва маънан пок бўлиши кераклигини амр этган. (2 Кор. 7:1)

9. Худонинг Каломини тушунишимизга ёрдам бераётган ягона воситачи ким?

9 Айримлар: «Муқаддас Китобни ўзимиз талқин қила оламиз»,— деб ҳисоблашади. Бироқ Исо «ишончли... хизматкор»ни маънавий озуқани тарқатиш учун ягона воситачи қилиб тайинлади. 1919 йилдан бошлаб Исо Масиҳ ўз издошларига Худонинг Каломини тушунишга ва ундаги йўл-йўриқларга риоя қилишга ёрдам бериш мақсадида ўша хизматкордан фойдаланиб келяпти. Муқаддас Китобдаги йўл-йўриқларга итоат этиб, жамоатимизда поклик, тинчлик ва ҳамжиҳатлик ҳукм суришига ҳисса қўшамиз. Ҳар биримиз ўзимиздан шундай сўраб кўрсак бўлади: «Исо бугунги кунда тайинлаган воситачига содиқманми?»

ЯҲОВАНИНГ АРАВАСИ ҲАРАКАТДА!

10. Ҳизқиё китобида Яҳованинг ташкилотининг самовий қисми қандай тасвирланган?

10 Яҳова Ўз Каломи орқали бизни ташкилотининг самовий қисми билан таништиряпти. Мисол учун, Ҳизқиё пайғамбар кўрган ваҳийда Худонинг ташкилотининг самовий қисми арава кўринишида тасвирланган. (Ҳиз. 1:4–28) Яҳова ўша аравани бошқариб келяпти ва Унинг муқаддас руҳи аравани қаерга йўналтирса, у ўша ерга кетяпти. Худонинг ташкилотининг самодаги қисми эса, ўз навбатида, ердаги қисмига таъсир қиляпти. Ҳа, арава ҳаракатда экани шубҳасиз! Масалан, ўтган ўн йил мобайнида ташкилотда рўй берган кўплаб ўзгаришлар ҳақида ўйлаб кўринг. Бундай ўзгаришлар ортида Яҳова турганини ёдингиздан чиқарманг! Разил дунёни йўқ қилишга шай турган Масиҳ ва муқаддас фаришталар ёрдамида Яҳованинг араваси Унинг ҳукмдорлигини оқлаш ва муқаддас исмини улуғлаш йўлида шиддат билан олға интиляпти!

Қурилиш лойиҳалари устида ҳормай-толмай ишлаётган ихтиёрий хизматчилардан ниҳоятда миннатдормиз (11- хатбошига қаранг.)

11, 12. Яҳованинг ташкилоти томонидан олиб борилаётган ишлардан баъзилари қандай?

11 Худонинг ташкилотининг ердаги қисми ушбу охирги кунларда нималарга эришгани устида мулоҳаза юритинг. Қурилиш. Юзлаб ишчилар Уорвикда (Нью-Йорк, АҚШ) Яҳова Шоҳидларининг Бош идорасининг янги биносини қуришда қатнашишган. Лойиҳалаштириш ва қурилиш бўлимининг раҳбарлиги остида дунёнинг турли бурчакларидан келган минглаб ихтиёрий хизматчилар янги Йиғилиш Залларини қуриш ва филиалларни кенгайтиришда қунт ила меҳнат қилишяпти. Шу каби лойиҳалар устида  ҳормай-толмай ишлаётган кўплаб бундай ишчилардан ниҳоятда миннатдормиз. Жаҳон бўйлаб Яҳованинг хизматчилари бундай лойиҳаларга маблағ ажратиб, қўлларидан келганча ёрдам беришяпти. Яҳова Унинг халқи бундай тарзда камтаринликни ва садоқатни намоён этаётгани учун уларга барака ёғдиряпти. (Луқо 21:1–4)

12 Таълим. Яҳова халқига таълим беришни яхши кўради. (Ишаё 2:2, 3) Масалан, ташкилотимиздаги турли мактаблар ҳақида ўйлаб кўринг: Доимий кашшофлар мактаби, Шоҳлик хабарчилари мактаби, Гилад мактаби, Янги байтилчилар учун мактаб, Кўчма нозирлар ва уларнинг хотинлари учун мактаб, Жамоат оқсоқоллари учун мактаб, Масъулиятли биродарлар учун махсус таълим мактаби, Филиал қўмита аъзолари ва уларнинг хотинлари учун мактаб. Қолаверса, юзлаб тиллардаги адабиётларимиз жойлаштирилган jw.org сайтимиз орқали ҳам Муқаддас Китобдан таълим олсак бўлади. Сайтимизда болалар ҳамда оилалар учун алоҳида туркумлар бор. Шунингдек, унда янгиликлар туркуми ҳам мавжуд. Ваъзгўйликда ҳамда оилавий топинишда ушбу сайтдан фойдаланяпсизми?

ЯҲОВАГА САДОҚАТЛИ БЎЛИНГ ВА УНИНГ ТАШКИЛОТИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНГ

13. Яҳованинг садоқатли хизматчилари сифатида бизда қандай масъулият бор?

13 Яҳованинг ташкилотининг бир қисми бўлиш нақадар шарафлидир! Худонинг талабларию меъёрларини билганимиз учун, тўғри ишлар қилиб, Унинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлашга масъулмиз. Ушбу дунё бузуқликка тобора берилиб кетаётган экан, Яҳова каби «ёмонликдан нафратланишимиз» зарур. (Заб. 96:10) Биз «ёмонни яхши, яхшини ёмон деб», бетавфиқларга қўшилмаслигимиз лозим. (Ишаё 5:20) Худони мамнун қилишни истаганимиз сабабли, жисмонан, ахлоқан ва маънан пок қолиш қарорида қатъий турамиз. (1 Кор. 6:9–11) Биз Яҳовани севамиз ва Унга ишонамиз, шу боис Унинг қимматбаҳо Каломида аниқ-равшан қилиб ёзилган меъёрларга мувофиқ ҳаёт кечириб, Унга бўлган садоқатимизни кўрсатишни истаймиз. Биз уйда, жамоатда, ишда, мактабда — ҳамма ерда ўша меъёрлар бўйича яшаш учун қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз. (Ҳик. 15:3) Келинг, Аллоҳга бўлган садоқатимизни исботлашнинг бошқа йўлларини ҳам кўриб чиқайлик.

14. Қай йўсин масиҳий ота-она Яҳовага бўлган садоқатини намоён эта олади?

14 Фарзанд тарбияси. Масиҳий ота-она фарзандларига Муқаддас Китобга асосланган таълим-тарбия бериб, Яҳовага бўлган садоқатини намоён этишади. Улар фарзанд тарбияси масаласида маданиятга оид маҳаллий қарашлар уларга ҳаддан ортиқ таъсир қилишига йўл қўйишмайди. Зотан, масиҳийларнинг уйида дунёнинг руҳига ўрин йўқдир. (Эфес. 2:2) Масиҳий ота: «Бизнинг ҳудудимизда болаларга аёллар таълим-тарбия беришади»,— деб ўйламайди. Муқаддас Китобда бу борада аниқ йўл-йўриқ берилган. У қуйидагичадир: «Сиз оталар,.. уларга [фарзандларингизга] Яҳованинг тарбиясини бериб, Унинг фикрлаш тарзини уларга пайванд қилинглар». (Эфес. 6:4, изоҳ) Худотарс ота-оналар фарзандлари Шомуил каби кичиклигиданоқ Яҳова билан яқин дўст бўлишларини хоҳлашади. (1 Шоҳ. 3:19)

15. Муҳим қарорлар чиқарганимизда Яҳовага бўлган садоқатимизни қандай намоён этамиз?

15 Қарор чиқариш. Ҳаётимизда муҳим қарорлар чиқарганимизда Худога бўлган садоқатимизни кўрсатишнинг бир йўли — Унинг Каломи ва ташкилотидан ёрдам излашдир. Бундай қилиш муҳим эканини кўриш учун, диққатимизни кўплаб ота-оналарни ташвишлантираётган қалтис бир мавзуга қаратайлик. Айрим ота-оналар бошқа мамлакатга бориб, пул топиш мақсадида янги туғилган чақалоқларини қариндошларига ташлаб кетишлари оддий ҳол бўлиб қолган. Тўғри, бу шахсий қарор, аммо шуни ёдда тутиш керакки, чиқарган  қарорларимиз учун Худонинг олдида масъулмиз. (Римликларга 14:12 ни ўқинг.) Оиламиз ва ишимиз борасида муҳим қарорлар чиқаришдан олдин даставвал Муқаддас Китобда бу ҳақда нима дейилгани борасида ўйлаб кўрсак, оқилона бўлади. Биз самовий Отамизнинг кўмагига муҳтожмиз, нега деганда, ўз қадамларимизни ўзимиз йўналтира олмаймиз. (Ерм. 10:23)

16. Бир аёл болали бўлганида қандай қарор чиқаришига тўғри келди ва доно қарор чиқаришга унга нима ёрдам берди?

16 Ўзга мамлакатда яшаётган бир аёл бола кўрганида, қайнана-қайнатаси чақалоғига ғамхўрлик қилишлари учун уни она юртига жўнатмоқчи бўлди. Лекин ўшанда бу аёл Яҳованинг Шоҳиди билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни бошлаганди. У маънавий қадамлар қўйди ва Яҳовага топинадиган фарзандни тарбиялаш унга Худо томонидан берилган масъулият эканини билиб олди. (Заб. 126:3; Ҳик. 22:6) Бу аёл Муқаддас Ёзувларда ёзилганидек йўл тутиб, қалбини Яҳовага тўкиб солди. (Заб. 61:8, 9) Ўша аёл бу ҳақда у билан тадқиқ ўтаётган имондошимизга ва жамоатнинг бошқа аъзоларига ҳам айтиб берди. Қариндошлари ва дўстлари унга босим ўтказиб, боласини қайнана-қайнатасиникига юборишга мажбурлашларига қарамай, у бундай қилиш нотўғри деган хулосага келди. Бу аёлнинг эри жамоат унинг рафиқасига ва боласига ёрдам берганидан шунчалик ҳайратландики, ҳатто Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни ҳамда оиласи билан йиғилишларга қатнашни бошлади. Сизнингча, бу она унинг самимий ибодатига Яҳова жавоб берганини ҳис қилдими? Бўлмасам-чи!

17. Қизиқаётган кишиларга тегишли қандай йўл-йўриқлар олдик?

17 Йўл-йўриқларга амал қилиш. Худога садоқатимизни намоён этишнинг муҳим йўли — Унинг ташкилоти бераётган йўл-йўриқларга амал қилишдир. Масалан, Муқаддас Китобни ўрганаётган кишиларга нисбатан берилган маслаҳатларни олайлик. Ҳар сафар қизиқувчи билан «Муқаддас Китоб таълимотлари» китобини тадқиқ қилгандан кейин, унинг диққатини ташкилотга қаратиш учун бироз вақт ажратиш кераклиги тавсия қилинганди. Бунинг учун «Йиғилиш Залида нималар бўлади?» номли видео ва «Бугунги кунда Тангри Яҳованинг иродасини ким бажаряпти?» номли рисоладан фойдаланишимиз мумкин. Тезда маънан ўсаётган киши билан «Таълимотлар» китобини тугатганимиздан сўнг, ҳатто у сувга чўмган бўлса ҳам, «Ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланглар» номли китобни тадқиқ қилиш тавсия этилади. Ташкилотимиз ушбу йўл-йўриқни янги шогирдлар «имонда барқарор бўлишлари» учун берган. (Колос. 2:7) Яҳованинг ташкилоти тақдим этаётган бундай йўл-йўриқларга амал қиляпсизми?

18, 19. Яҳовага миннатдор бўлиш учун қандай сабабларимиз бор?

18 Яҳовага миннатдор бўлиш учун сабабларимиз бисёр. Биз У орқали яшаймиз; Усиз биз на ҳаракат қила олардик, на мавжуд бўлардик. (Ҳавор. 17:27, 28) У бизга жуда қимматли совғани — Каломи бўлмиш Муқаддас Китобни туҳфа қилди. Биз ҳам Салоникадаги масиҳийлар сингари Муқаддас Ёзувларни миннатдорчилик ила «Аллоҳ каломи сифатида қабул қилдик». (1 Салон. 2:13)

19 Муқаддас Китоб ёрдамида биз Яҳовага, У эса бизга яқинлашди. (Ёқб. 4:8) Самовий Отамиз бизга Унинг ташкилотининг бир қисми бўлишдек улкан шарафни тақдим этди. Бундай баракалар учун биз беҳад миннатдормиз! Шу боис, сано бастакорининг: «Шукрона айтинг Эгамизга, У яхшидир! Унинг содиқ севгиси абадийдир»,— деган сўзларига қўшиламиз. (Заб. 135:1) Мазкур санода «унинг содиқ севгиси абадийдир» деган ибора 26 марта такрорланган. Дарҳақиқат, Яҳовага ва Унинг ташкилотига бўлган садоқатимизни кўрсатсак, абадий ҳаётга эга бўлиб, ушбу илҳомлантирувчи сўзлар рост эканига амин бўламиз!