Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) НОЯБРЬ 2016

Зулматдан даъват этилганлар

Зулматдан даъват этилганлар

[Яҳова] сизларни зулматдан Ўзининг ажойиб нурига даъват этди. 1 БУТР. 2:9

ҚЎШИҚЛАР: 1, 14

1. Қуддус вайрон бўлганида юз берган воқеаларни тасвирланг.

МИЛОДДАН АВВАЛГИ 607 йили шоҳ Навухадназар бошчилигидаги улкан Бобил қўшини Қуддусга ҳужум қилади. Ўшанда бўлган қирғинбарот тўғрисида Муқаддас Китобда қуйидагича ҳикоя қилинган: «Бобил шоҳи Маъбадда уларнинг ёшларини қиличдан ўтказди, на ёш эркакка, на аёлга, на кексага, на хастага шафқат қилди. [...] Худонинг уйига эса ўт қуйди, Қуддус деворини бузиб ташлади, ҳамма ҳашаматли биноларни ёндирди, Қуддусдаги ҳамма қимматбаҳо ашёларни йўқ қилиб ташлади». (2 Сол. 36:17, 19)

2. Қуддуснинг вайрон қилиниши борасида Яҳова қандай огоҳлантириш берган ва яҳудийлар билан нима содир бўлган?

2 Қуддус аҳли учун шаҳарнинг вайрон қилиниши янгилик бўлмаган. Сабаби, йиллар давомида пайғамбарлар яҳудийларни огоҳлантириб, агар улар Тавротга риоя қилмай юришса, бобилликлар қўлига тушишларини айтиб келишган. Ростдан ҳам, бобилликлар туфайли кўпгина яҳудийлар қиличдан ўтказилган; ўлимдан қочиб қутула олган ҳар бир киши эса қолган умрини Бобил асирлигида ўтказишига тўғри келган. (Ерм. 15:2) Қизиқ, у ердаги асирларнинг аҳволи не кечди? Масиҳийлар билан ҳам қачонлардир шунга ўхшаш бир воқеа юз берганми? Агар шундай бўлса, қачон?

 АСИРЛИКДАГИ ҲАЁТ

3. Исроил халқининг Бобил тутқунлигидаги аҳволи Миср қуллигидаги аҳволидан нимаси билан фарқ қиларди?

3 Пайғамбарларнинг башоратлари чиндан ҳам бажо бўлди. Яҳова Еремиё орқали бўлажак асирларга янги вазиятга кўникишлари ва фурсатдан унумли фойдаланишлари борасида қуйидагича айтганди: «Ўзларингизга яшаш учун уйлар қуринглар, боғ-роғлар яратинглар, меваларидан тановул қилинглар. Мен сизларни сургун қилган ўша шаҳарнинг тинч ва фаровон ҳаёти учун меҳнат қилинглар. Ўша шаҳар учун Менга ибодат қилинглар. Шаҳар тинч бўлса, сизлар ҳам тинч бўласизлар». (Ерм. 29:5, 7) Худонинг йўл-йўриқларига итоат қилганлар Бобилда деярли фаровон ҳаёт кечиришганди. Бобиллик истилочилар яҳудийларга ўз ишлари билан машғул бўлишга муайян даражада изн беришганди. Тутқунликда бўлганлар ҳатто мамлакат бўйлаб бемалол ҳаракатланиши мумкин эди. Кўҳна дунёда Бобил савдо-сотиқ маркази бўлган. Қазилмаларда топилган ҳужжатларга кўра, кўплаб яҳудийлар савдо-сотиқнинг сиру асрорларини ўрганишган, яна бошқалари эса қўли гул ҳунармандларга айланишган. Айрим яҳудийлар эса ҳатто бойиб кетишган. Ҳа, Исроил халқининг Бобил тутқунлигидаги аҳволи асрлар олдин Миср қуллигидаги аҳволидан ер билан осмонча фарқ қиларди. (Чиқиш 2:23–25 ни ўқинг.)

4. Исёнкор исроилликлардан ташқари Бобил асирлигидан яна кимлар азоб чеккан ва нега улар Тавротда айтилганларга тўла-тўкис амал қила олишмаган?

4 Асирликдаги яҳудийларнинг моддий эҳтиёжлари қондирилганди, аммо уларнинг маънавий эҳтиёжлари ҳақида-чи, нима деса бўлади? Яҳованинг маъбади ва қурбонгоҳ барбод қилинганди, руҳонийлар эса бундан буёғига ўрнатилган тартиб бўйича фаолият юрита олишмасди. Тутқунлар орасида Худога садоқатли бўлган ва жазога лойиқ бўлмаган хизматчилар ҳам бор эди, лекин улар халқнинг қолган қисми билан азоб чекишларига тўғри келди. Аммо шунга қарамай, улар Худонинг Қонунига риоя этиш учун қўлларидан келганини қилишди. Масалан, Бобилда Дониёр ва унинг учта дўсти — Шадрах, Мешах ва Абеднаху — яҳудийлар учун тақиқланган таомлардан воз кечишди. Шунингдек, ҳаммамизга маълумки, Дониёр Аллоҳга мунтазам ибодат қилган. (Дон. 1:8; 6:10) Шундай бўлса-да, бутпараст халқнинг бошқаруви остида художўй яҳудий учун Тавротда айтилганларга тўла-тўкис амал қилиш имконсиз эди.

5. Яҳова Ўз халқига қандай ваъда берганди ва нима учун бу ваъда ўзгача эди?

5 Исроил халқи Худога тўла маъқул тарзда топиниш имконига яна қачондир эга бўладими? Ўша пайтда бунинг иложи йўқдек туюларди. Зотан, Бобил ўзининг асирларини ҳеч қачон озод қилмасди. Лекин бобилликлар ўзларининг бундай иш-ҳаракатларида Яҳовани назардан четда қолдиришди. Ахир У Ўз халқини қутқаришга ваъда берганди ва улар чиндан ҳам халос этилди! Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ваъдалари амалга ошмай қолмайди! (Ишаё 55:11)

МАСИҲИЙЛАР БИЛАН ҲАМ ШУНГА ЎХШАШ ВОҚЕА ЮЗ БЕРГАНМИ?

6, 7. Нима учун замонавий Бобил асирлиги борасидаги тушунчамизни ойдинлаштиришимиз керак?

6 Масиҳийлар билан ҳам қачондир Бобил тутқунлигига монанд бир воқеа юз берганми? Анча йиллар давомида «Қўриқчи минораси» журналида Худонинг замонавий хизматчилари 1918 йили Бобил асирлигига тушишгани, 1919 йили эса ундан озод этилгани ҳақида айтиларди. Аммо бу ва келаси мақолада таъкидлаб ўтиладиган сабаблар мазкур мавзуни қайта кўриб чиқишни тақозо этди.

7 Келинг, қуйидаги маълумотга диққат қаратайлик. Буюк Бобил — сохта дин империясидир. Агар Худонинг халқи 1918 йили Бобил асирлигига тобе бўлган бўлса, демак ўша пайт улар қайсидир маънода сохта динга қул  бўлишганди. Бироқ фактлар шуни кўрсатяптики, Биринчи жаҳон урушидан олдинги бир неча ўн йилларда Худонинг мойланган хизматчилари Буюк Бобилнинг қулига айланмай, аксинча ундан халос бўлаётган эдилар. Тўғри, Биринчи жаҳон уруши даврида мойланганлар таъқибларга учраган, лекин улар дуч келган таъқиблар Буюк Бобил томонидан эмас, асосан дунёвий ҳукумат томонидан уюштирилганди. Шунинг учун, Яҳованинг халқи Буюк Бобил асирлигига 1918 йили тушмаган, деган хулосага келсак бўлади.

БОБИЛ ТУТҚУНЛИГИ... ҚАЧОН?

8. Қандай қилиб масиҳийлар сохта динга қўшилиб қолишганини тушунтиринг. (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

8 Милодий 33 йили Ҳосил байрамида минглаб яҳудийлар ва ўзга халқ вакиллари муқаддас руҳ билан мойланишди. Ушбу янги масиҳийлар «танланган насл, шоҳ бўлиб хизмат қиладиган руҳонийлар, муқаддас халқ, Аллоҳнинг мулки» бўлишди. (1 Бутрус 2:9, 10 ни ўқинг.) Ҳаворийлар ҳаётлари давомида Худонинг жамоатлари устидан назорат қилишарди. Лекин айниқса ҳаворийларнинг ўлимидан сўнг «шогирдларни ортидан эргаштириш учун нотўғри таълимотларни тарқатадиган кишилар» пайдо бўлди. (Ҳавор. 20:30; 2 Салон. 2:6–8) Бу кишиларнинг аксарияти жамоатларда масъулиятли вазифаларга эга бўлиб, оқсоқоллар сифатида хизмат қилишган, кейинчалик эса епископларга айланишган. Гарчанд Исо: «Сизлар эса барчангиз биродарсизлар»,— деб айтган бўлса ҳам, руҳонийлар синфи шакллана бошлади. (Мат. 23:8) Аристотель ҳамда Платон фалсафаларига мафтун бўлган бу обрўли кишилар Аллоҳнинг Каломидаги соф таълимотларнинг ўрнига сохта диний ғояларни талқин қила бошлашди.

9. Рим давлати муртад бўлиб кетган масиҳийларни қай йўсин қўллаб-қувватлаганини ва бунинг натижаси қандай бўлганини тасвирлаб беринг.

9 Милодий 313 йили масиҳийликнинг бундай муртад кўринишига бутпараст Рим императори Константин томонидан расмий мақом берилди. Ўша пайтдан бери черков ва давлат баҳамжиҳат иш юрита бошлади. Мисол учун, Константин Никейдаги соборда ўтказилган йиғилишдан сўнг Исо Худо экани борасидаги фикр билан норози бўлган Арий исмли руҳонийни сургун қилишни буюрди. Кейинчалик император Феодосий I (милодий 379–395) бошқарган пайтда масиҳийликнинг булғанган кўриниши бўлмиш католик черкови Рим империясининг давлат динига айланди. Тарихчиларнинг ёзишича, 4 асрда бутпараст Рим «христианлашиб» кетган эди. Холис гапни айтганда, ўша вақтга келиб, муртад бўлиб кетган масиҳийлар сохта таълимотларни қабул қилиб, аллақачон Буюк Бобилнинг бир қисми бўлишганди. Шундай бўлса-да, буғдойни тасвирловчи мойланганларнинг кичик бир гуруҳи Аллоҳга топиниш учун зўр бериб ҳаракат қиларди, аммо уларнинг гапларига ҳеч ким қулоқ солмасди. (Матто 13:24, 25, 37–39 ни ўқинг.) Ҳа, улар чиндан ҳам Бобил асирлигида эдилар!

10. Эрамизнинг бошида самимий одамлар нимага асосланиб черков таълимотларини шубҳага солишлари мумкин эди?

10 Лекин шунга қарамай, эрамизнинг бошида, бир неча асрлар мобайнида, аксарият одамларда Муқаддас Китобни ё юнон, ё лотин тилида ўқиш имконияти бор эди. Шу сабабли, улар Аллоҳнинг Каломидаги таълимотларни черков ақидалари билан солиштира олишарди. Улардан айримлари Муқаддас Китобдан билиб олганлари асосида черковнинг Муқаддас Ёзувларга зид бўлган эътиқодларини рад этишди. Лекин бундай фикрларни очиқчасига ифода этиш хавфли бўлиб, ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин эди.

11. Қай йўсин Муқаддас Китоб руҳонийларнинг назорати остига тушиб қолганди?

11 Вақт ўтиб, халқ юнон ва лотин тилини ишлатмай қўйди, черков эса Аллоҳнинг Каломини халқ тушунадиган тилга таржима  қилишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатларга қаршилик кўрсатди. Натижада, фақат руҳонийлар ва бошқа зиёли одамларгина Муқаддас Китобни ўқий олишарди. Ҳатто руҳонийларнинг ҳаммаси ҳам яхши ўқишни ва ёзишни билишмасди. Черков таълимотлари билан норози бўлган ҳар қандай киши оғир жазога тортиларди. Садоқатли мойланганлар кичик гуруҳ бўлиб йиғилишларига тўғри келганди, улардан баъзилари ҳатто умуман йиғила олишмасди. Бобил тутқунлигида бўлган яҳудийлар сингари, «шоҳ бўлиб хизмат қиладиган руҳоний» мойланганлар ҳам ўрнатилган тартиб бўйича фаолият юрита олишмасди. Шу йўсин, Буюк Бобил одамларни ўз исканжасига олган эди.

НУР ПОРЛАЙ БОШЛАЙДИ

12, 13. Қайси иккита омил туфайли Буюк Бобил одамлар устидан ўз таъсирини йўқотишни бошлади? Тушунтиринг.

12 Қачондир масиҳийлар озод қилиниб, Худога очиқчасига ва Унга маъқул тарзда топина олишадими? Ҳа! Маънавий нурнинг шуъласи иккита муҳим омил туфайли зулматни ёриб ўтди. Биринчиси 15 асрнинг ўртасида кўчма литерали (ҳарф ёки босма ҳарф шаклидаги белгилар) босма машинанинг ихтироси эди. Бундан аввал эса Муқаддас Китобни машаққат ила қўлда кўчиришарди. Муқаддас Китобнинг нусхалари камёб ва қиммат эди. Айтишларича, тажрибали нусха кўчирувчига бутун Муқаддас Китобнинг атиги битта қўлёзмасини чиқариш учун ўн ой талаб қилинарди. Бунинг устига, нусха кўчирувчилар ишлатган хомашёлар (тери қоғоз ёки пергамент) қиммат бўлган. Самаралироқ восита, яъни босма машина ва қоғоздан фойдаланиб эса, маҳоратли матбаачи кунига 1300 та саҳифа чиқариши мумкин эди.

Ноширлик соҳасидаги кашфиётлар ва жасоратли Муқаддас Китоб таржимонларининг ёрдами туфайли Буюк Бобил ўз таъсирини йўқотишни бошлаган (12-, 13- хатбошиларига қаранг.)

13 Диққатга сазовор иккинчи омил — 16 асрнинг тонгида бир неча жасоратли кишиларнинг Аллоҳ Каломини оддий халқ гапирадиган тилларга таржима қилиш қарори бўлди. Бундай йўл тутиб, кўпгина таржимонлар  ҳаётларини хавф остига қўйишган. Черков руҳонийлари ғоят қўрқиб кетишганди. Нима учун? Чунки худотарс кишининг қўлидаги Муқаддас Китоб кучли қуролга айланиши мумкин эди-да! Аллоҳнинг Каломи оммалашиб боргани сайин, одамлар уни ўқий бошлашди, уни ўқишгани сари эса шундай саволлар беришарди: «Муқаддас Китобнинг қайси жойида қийноқлар ҳақида ёзилган? Дафн қилиш маросимини ўтказиш учун руҳонийларга тўланадиган ҳақ тўғрисида қаерда айтилган? Поплар ва кардиналлар борасида-чи?» Черковдагилар: «Бизга савол беришга бу авом халқнинг қандай ҳадди сиғди?» — дея, буни ўтакетган жоҳиллик сифатида кўришарди. Шунда черков уларга қарши чиқди. Черковнинг баъзи таълимотлари Исо Масиҳдан олдин яшаган Аристотель ҳамда Платоннинг бутпарастлик фалсафасига асосланган эди. Шунинг учун ҳам, уларни рад этиб, бидъат қилган эркагу аёллар ҳукм этилишганди. Черков ўлим жазосини киритганди, давлат эса жазони ижро этарди. Руҳонийларнинг мақсади — одамларни Муқаддас Китобни ўқишдан ва савол беришдан тўхтатиш эди. Кўп ҳолларда улар мақсадларига эришишарди. Бироқ шунга қарамай, бир неча жасоратли кишилар Буюк Бобил уларни ўзига тобе қилишига йўл қўйишмади. Зеро, улар Аллоҳнинг Каломидан ҳақиқатни топишганди ва кўпроқ билим олишни исташарди. Шу тариқа, келажакда сохта дин таъсиридан халос бўлиш учун замин яратилаётганди.

14. а) Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни истаётганлар нима қилишди? б) Расселл биродаримиз ҳақиқатни қандай излаганини айтиб беринг.

14 Кўпгина одамлар Муқаддас Китобни ўқиб, уни тадқиқ қилишни ва билиб олганларини бир-бирлари билан бўлишишни хоҳлашарди. Қолаверса, бу тадқиқотчилар руҳонийлар уларга нимага ишонишлари кераклигини уқтиришларини исташмасди. Шу боис, Муқаддас Китобдаги ҳақиқатга чанқоқ бўлган бу одамлар черковнинг таъсири унча кучли бўлмаган мамлакатларга қочиб кетишди. Бундай мамлакатларнинг бирида, яъни АҚШда 1800 йилларнинг охирида Чарлз Тейз Расселл биродаримиз ва унинг дўстлари Муқаддас Китобни мунтазам тадқиқ қилишни бошлашди. Даставвал биродар Расселл кенг тарқалган динлардан қай бири ҳақиқатни ўргатаётганини аниқламоқчи бўлди. У турли динларнинг, ҳатто христианликка тегишли бўлмаган динларнинг таълимотларини Худонинг Каломидаги сўзлар билан синчиклаб солиштирди. Кейинчалик Расселл бу динларнинг таълимотлари Муқаддас Китобга умуман тўғри келмаслигини англаб етди. Бир сафар у, дўстлари билан Муқаддас Китобдан топган ҳақиқатларни руҳонийлар қабул қилиб, буни черков аъзоларига ўргатишади, деган ниятда маҳаллий руҳонийларнинг бир нечтаси билан учрашади. Руҳонийларни эса бу қизиқтирмайди. Кейинчалик Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари сохта дин аъзолари билан бирга Худога топина олмасликларини англаб етишади. (2 Коринфликларга 6:14 ни ўқинг.)

15. а) Масиҳийлар қачон Буюк Бобил зулми остига тушишди? б) Кейинги мақолада қайси саволларга жавоб топамиз?

15 Бу мақолада масиҳийлар охирги ҳаворийларнинг ўлимидан сўнг Буюк Бобил асирлигига тушишганини билиб олдик. Бироқ бу борада бошқа саволлар туғилмоқда: 1914 йилдан олдинги ўн йилликлар пайтида мойланганлар Буюк Бобил тутқунлигидан чиқишни бошлашганининг яна қандай исботи бор? Яҳованинг хизматчилари Биринчи жаҳон уруши давомида ваъзгўйликда унча фаол бўлишмагани туфайли Яҳова улардан норози бўлгани ростми? Ўша давр мобайнида айрим биродарлар бетарафликни сақлай олмай, Яҳованинг марҳаматидан маҳрум бўлишганми? Демак, агар масиҳийлар милодий 2 асрда сохта дин асирлигига тушишган бўлишса, унда қачон озод этилишган эди? Ажойиб саволлар, шундай эмасми?! Уларга келаси мақолада ойдинлик киритилади.