Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) НОЯБРЬ 2016

 ТАШКИЛОТИМИЗ АРХИВИДАН

«Британиядаги ваъзгўйлар, уйғонинг!!»

«Британиядаги ваъзгўйлар, уйғонинг!!»

«БРИТАНИЯДАГИ ваъзгўйлар, уйғонинг!!» деган сўзлар шиор каби бўлди. (Хабарнома *, декабрь 1937 йил, Лондон нашри) Устига-устак, ўша «Хабарнома»даги «Ўн йил ичида ҳеч қандай тайинли ўсиш бўлмади» деган сарлавҳа кишини ўйлантириб қўйди. Биринчи саҳифада жойлашган 1928–1937 йиллардаги ваъзгўйлик ҳисоботи ҳам бу сўзлар чин эканини исботлади.

НАҲОТКИ КАШШОФЛАР КЎП БЎЛСА?!

Қизиқ, нега Британияда ваъзгўйлик хизмати сусайиб қолди? Жамоатдаги ваъзгўйлар, афтидан, турғунликда эдилар: неча йиллар ўтса ҳам, бир жойда топталиб туришганди. Қолаверса, филиалнинг қарорига биноан, бу ҳудуд учун фақатгина 200 та доимий кашшоф, у ҳам бўлса, жамоатларда эмас, балки олис жойларда хизмат қиладиган кашшофлар етарли бўларди. Шу сабабли, филиалдагилар бўлажак кашшофларга Британияда бошқа ҳудуд қолмаганлигини айтиб, уларни Европа мамлакатларида хизмат қилишга ундашди. Шуниси мақтовга сазоворки, кашшофлар бирин-кетин Британияни тарк этиб, тилни оз-моз билишлари ёки умуман билмасликларига қарамай, Францияга жўнашди.

«ҲАРАКАТГА УНДОВ»

«Хабарнома»нинг 1937 йилги сонида чиққан мақолада 1938 йил учун «Бир миллион соат!» каби ундовчи мақсад қўйилганди. Агар ваъзгўйлар ойига 15 соат, кашшофлар эса 110 соат топширишса, бу мақсадга осонликча эришса бўларди. «Хабарнома»да беш соат хизмат қилинадиган кунларда ваъзгўйлик гуруҳларини ташкил этиш ва асосий эътиборни, айниқса, ҳафта ўртасида кечки пайтлари такрорий ташрифлар қилишга қаратиш маслаҳат берилганди.

Ғайрат камарини боғлаган кашшофлар ваъзгўйлик хизматида

Ваъзгўйликдаги бундай янгича ёндашув кўпчиликни ҳайратга солди. Ҳильда Паджет * шундай дея эслайди: «Бош идора бундай сўзлари билан ваъзгўйларни ҳаракатга ундамоқчи эди. Кўпчилигимиз буни интиқиб кутгандик ва бу кейинчалик ажойиб натижалар келтирди». Уоллис опамиз шундай фикр билдирди: «Беш соат хизмат қилинадиган кунлар хусусидаги маслаҳат ажойиб эди! Тангрига кун бўйи хизмат қилишдан янада улкан қувонч борми ўзи?!.. Баъзида ҳолдан тойиб қайтардик, аммо сиз: “Ўшанда хурсандмидингиз?” — деб сўрарсиз. Бўлмасам-чи!» Стивен Миллер исмли ёш биродаримиз ҳам бу иш шошилинч эканини ҳис этиб, дарров ишга киришди. Зеро у фурсатни қўлдан бой бергиси йўқ эди! Стивен бир гуруҳ бўлиб кун бўйи велосипедларда юриб хизмат қилишганини ҳамда ёз кунлари кечки пайт ёзиб олинган нутқларни эшиттиришганини эслайди. Улар информацион маршларда плакатлар билан ва кўча-кўйда журналлар ёрдамида ғайрат ила ваъз қилишган.

«Хабарнома»да, шунингдек, қуйидаги янги ундов чоп этилганди: «Бизга 1 000 та кашшофдан иборат қўшин керак». Ўша ҳудуд учун кўзланган янги усулга биноан, кашшофлар бундан буёғига жамоатларидан алоҳида эмас, аксинча, улар билан ҳамкорлик қилиб, ваъзгўйларни қўллаб-қувватлашлари ва уларга далда беришлари лозим эди. Жойс Эллис  (қизлик фамилияси — Барбер) қуйидагича эслайди: «Кўп имондошлар кашшофлик қилиш зарурлигини англай бошлашганди». «Ўшанда ёшим атиги 13 да бўлишига қарамай,— дейди у,— мен истаган ягона нарса — кашшофлик эди». Жойс ўз мақсадига 1940 йили июлда 15 ёшида эришди. Кейинчалик Жойснинг эри бўлган Питер «Уйғонинг» деган ундовни эшитибоқ, «кашшофлик ҳақида ўйлай» бошлади. 1940 йили у 17 ёшга тўлганида кашшофликни бошлаш мақсадида Скарборогача велосипедда 105 километр йўл босади.

Сирил ва Китти Жонсон эндигина кашшофликка киришган фидойи ваъзгўйлар эди. Улар тўла вақтли хизматда ўзларини таъминлаш учун уй ва мол-мулкини сотишди. Сирил ишидан бўшади ва бир ой ичида хотини билан кашшофлик хизматини бошлашга тайёр бўлишди. Сирил қуйидагича эслайди: «Бизнинг қароримиз қатъий эди. Буни биз тайёрлик ҳамда қувонч ила қилдик».

КАШШОФЛАР УЙЛАРИ ОЧИЛДИ

Кашшофлар сони шиддат билан ўсиб борар экан, масъулиятли биродарлар борган сари кенгаяётган бу қўшинга амалий ёрдам бериш йўлларини топишди. 1938 йили минтақа хизматкори (ҳозир туман нозири деб номланади) бўлиб хизмат қилган Жим Кар шаҳарларда кашшофлар уйларини очиш маслаҳатига амал қилди. Шунда харажатларни камайтириш мақсадида кашшофларга гуруҳ-гуруҳ бўлиб яшаш ва ҳамкорлик қилиш тавсия этилди. Масъулиятли биродарлар Шеффилдда катта уйни ижарага олишди ва бир масъулиятли биродарни уй устидан назорат қилишга тайинлашди. Маҳаллий жамоат уларга маблағ ажратиб, уй жиҳозларини тақдим этди. «Ҳамма ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қиларди»,— дея айтиб берди Жим. Бу уйда яшаган ўнта меҳнатсевар кашшоф маънавий тартибга риоя этарди. «Ҳар куни эрталаб нонушта пайтида кунлик оят муҳокама қилинарди» ва «кашшофлар кунда шаҳарнинг турли четларидаги ваъзгўйлик ҳудудларига боришарди».

Янги кашшофлар Британияни тўлдириб юборишди

Ваъзгўйлар ҳам, кашшофлар ҳам бирдек хизматга киришиб, 1938 йили бир миллион соат топшириш мақсадига эришишди. Ҳисоботларга кўра, ўшанда ваъзгўйликнинг барча соҳаларида ўсиш рўй берди. Атиги беш йил ичида Британия ваъзгўйларининг сони деярли уч баробарга кўпайди. Ваъзгўйлик хизматига янгича ёндашиш Яҳованинг халқини олдинда кутаётган оғир уруш йилларига тайёрлади.

Бугунги кунда ҳам, Худонинг жанги — Армагеддон яқинлашгани сайин, Британиядаги кашшофларнинг сони тобора ошиб бормоқда. Сўнгги ўн йил ичида бу ердаги кашшофлар сони бир неча марта кўтарилиб, 2015 йили октябрда 13 224 тани ташкил қилди. Ҳа, бу кашшофлар тўла вақтли хизмат улар учун энг зўр ҳаёт йўли эканини англаб етишди.

^ 3- х.б. Кейинчалик «Илоҳий хизматимиз», деб номланган.

^ 8- х.б. «Қўриқчи минораси» журналининг 1995 йил 1 октябрь сонидаги (рус) 19–24- саҳифаларида Паджет опамизнинг таржимаи ҳоли келтирилган.