Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Қўриқчи минораси (тадқиқ сони)  |  Ноябрь 2016

Аллоҳнинг Каломига асосланиб ташкиллаштирилган

Аллоҳнинг Каломига асосланиб ташкиллаштирилган

Эгамиз донолик билан ерни яратди, ақл-идроки билан осмонни ўз ўрнига жойлаштирди. ҲИК. 3:19

ҚЎШИҚЛАР: 6, 24

1, 2. а) Баъзилар Худонинг ташкилоти борлигига қандай қарашади? б) Мазкур мақолада нимани муҳокама қиламиз?

АЛЛОҲНИНГ ташкилоти борми? Баъзилар шундай айтиши мумкин: «Сизга йўл-йўриқ берадиган ташкилотнинг нима кераги бор? Ахир сизга керак бўладиган нарса — Худо билан шахсий муносабатлар-ку!» Аммо бундай нуқтаи назар тўғрими? Фактлар нимани кўрсатяпти?

2 Бу мақолада тартиб Худоси Яҳова — тенги йўқ Ташкилотчи эканини исботловчи далилларни муҳокама қиламиз. Шунингдек, Яҳованинг ташкилоти бераётган йўл-йўриқларга қандай муносабатда бўлишимиз кераклигини ҳам кўриб чиқамиз. (1 Кор. 14:33, 40) Милодий биринчи асрдан бошлаб ҳозирги кунгача Яҳованинг халқи Муқаддас Ёзувлардаги йўл-йўриқларга амал қилиб, кўплаб жойларда хушхабарни ваъз қилишга муваффақ бўляпти. Аллоҳнинг Каломидаги йўл-йўриқларга ва ташкилотимиз бераётган кўрсатмаларга бўйсунаётганимиз сабабли, жамоатимизда поклик, тинчлик ва ҳамжиҳатлик сақланишига ҳисса қўшяпмиз.

ЯҲОВА — ТЕНГИ ЙЎҚ ТАШКИЛОТЧИДИР

3. Яҳова тенги йўқ Ташкилотчи эканига сизни нима ишонтиряпти?

3 Борлиқ мавжудот Худо тенги йўқ Ташкилотчи эканини  исботлайди. Муқаддас Китобда қуйидагича баён этилган: «Эгамиз донолик билан ерни яратди, ақл-идроки билан осмонни ўз ўрнига жойлаштирди». (Ҳик. 3:19) Биз «[Худо] қилган ишларнинг кичик бир парчасини» ва «пичирлаб айтилган гапларини» биламиз, холос! (Аюб 26:14) Лекин сайёралар, юлдузлар ва галактикалар ҳақидаги заррача билимларимиз бизни бу самовий жисмлар қойилмақом қилиб ташкиллаштирилганини тан олишга ундайди. (Заб. 8:4, 5) Галактикалар коинотда тартиб билан айланаётган миллионлаб юлдузлардан иборат. Қарангки, қуёш системасидаги бу сайёралар қуёш атрофида, гўёки ҳаракат қоидаларига камтарона риоя қилаётгандек, орбиталар бўйлаб айланишади! Шубҳасизки, кишини ҳайратда қолдирадиган коинотдаги бундай тартиб «донолик билан самоларни» ва ерни яратган Яҳова ҳамду санога, садоқатга ва Унга топинишимизга лойиқ эканини англашга ёрдам беради. (Заб. 135:1, 5–9)

4. Нега илм-фан кўплаб саволларга жавоб беришга ожиз?

4 Илм-фан орқали уйимиз бўлмиш Ер сайёраси ва коинот тўғрисида кўп нарсаларни билиб олдик. Бу билимлар эса бизга ҳаётимизнинг турли соҳаларида қулайликлар яратди. Бироқ илм-фан ҳали жавоб топа олмаган талайгина саволлар бор. Масалан, астрономлар қай йўсин коинот вужудга келганини ёки нима учун биз ҳаёт қайнаётган Ер сайёрасида эканимизни тушунтириб бера олишмайди. Қолаверса, аксарият одамлар нега қалбларида «абадийлик туйғуси» борлигини тушунтиришга ожизлар. (Воиз 3:11, ЯДТ) Нима учун шунча кўп муҳим саволлар жавобсиз қолмоқда? Қисман бунинг сабаби шундаки, сон-саноқсиз олимлар ва бошқалар атеистик нуқтаи назарни олға суриб, эволюция назариясини қўллаб-қувватлашга интилишади. Лекин Яҳова Ўзининг Каломи орқали дунёдаги барча одамларни қийнаётган саволларга жавоб беряпти.

5. Қайси маънода биз табиат қонунларига тобемиз?

5 Биз Яҳова ўрнатган ўзгармас ва ишончли табиат қонунларига тобемиз. Электриклар, сантехниклар, муҳандислар, учувчилар, жарроҳлар — уларнинг барчаси мана шу қонунларга асосланиб иш юритишади. Мисол учун, жарроҳлар одам анатомияси одатда ўзгармаслигини билган ҳолда иш олиб боришади. Шунинг учун ҳам жарроҳ касалнинг юраги қаерда жойлашганини излаб ўтирмайди. Бундан ташқари, ҳар бир инсон баландликдан сакраса, йиқилиб ўлиши мумкинлигини билади. Демак, омон қолишни истаганимиз учун, табиат қонунларига, жумладан, тортишиш қонунига бўйсунамиз.

ХУДО ТОМОНИДАН ТАШКИЛЛАШТИРИЛГАН

6. Нима сабабдан Яҳовага топинаётганлардан тартиб-интизомли бўлиш кутилади?

6 Яҳова коинотни чиндан ҳам ажойиб тарзда ташкил қилди. Шунинг учун, Яҳова Унинг топинувчилари тартиб-интизомли бўлишларини истайди. Айнан шу сабабли, Аллоҳ бизга йўл-йўриқлар бериш мақсадида Ўз Каломини туҳфа этди. Худо ташкилоти орқали тақдим этаётган кўмаги ва меъёрлари бўлмаганида, ҳаётимиз бахтсиз ва азоб-уқубатли бўларди.

7. Муқаддас Китоб моҳирона жамланганини нимадан кўрсак бўлади?

7 Муқаддас Китоб шунчаки ўзаро боғлиқ бўлмаган яҳудий ва христиан китобларининг мажмуи эмас. Аксинча, у моҳирона жамланган, илоҳий илҳом остида ёзилган дурдона китобдир! Муқаддас Ёзувларнинг ҳар бир баёноти чамбарчас боғлиқдир. Ибтидодан Ваҳийгача ўзаро туташган ушбу китобчаларда Яҳованинг ҳукмронлиги оқланиши ҳамда Масиҳ, яъни ваъда қилинган «зот» бошқаруви остидаги Шоҳлик ёрдамида ер юзида Худонинг нияти амалга ошиши каби Муқаддас Китобнинг асосий мавзуси ёритилган. (Ибтидо 3:15; Матто 6:10; Ваҳий 11:15 ни ўқинг.)

8. Нима учун исроилликлар яхши ташкиллаштирилган халқ бўлган, деб айта оламиз?

 8 Қадимги исроилликлар яхши ташкиллаштирилган халқнинг намунасидир. Масалан, Тавротга биноан, учрашув чодирининг кираверишида хизмат қилиш учун аёлларни тайинлашарди. (Чиқ. 38:8) Исроил қароргоҳи ва маъбаднинг кўчирилиши тартибли равишда ўтарди. Кейинчалик ҳазрати Довуд левиларни ва руҳонийларни муайян гуруҳларга бўлиб ташкиллаштирганди. (1 Сол. 23:1–6; 24:1–3) Исроилликлар итоатли бўлишганида, Яҳова уларга барака ёғдирарди: улар орасида тартиб, тинчлик ва бирлик ҳукм сурарди. (Қонун. 11:26, 27; 28:1–14)

9. Биринчи асрдаги масиҳийларнинг жамоати яхши ташкиллаштирилгани нимадан кўриняпти?

9 Биринчи асрдаги масиҳийлар жамоати ҳам яхши ташкиллаштирилганди ва уларга йўл-йўриқлар бериш учун аввалига ҳаворийлардан иборат бўлган етакчи кенгаш тайинланганди. (Ҳавор. 6:1–6) Кейинчалик ўша етакчи кенгашга бошқа биродарлар ҳам қўшилди. (Ҳавор. 15:6) Маслаҳатлар ва кўрсатмалар, шунингдек, биринчи асрдаги етакчи кенгашнинг аъзолари ёки улар билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганлар томонидан ёзилган илоҳий мактублар орқали бериларди. (1 Тим. 3:1–13; Титус. 1:5–9) Қай йўсин жамоатлар етакчи кенгаш бераётган йўл-йўриқлардан фойда олишган?

10. Илк жамоатлар етакчи кенгаш чиқарган қарорларга риоя қилишганида, натижаси қандай бўлган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

10 Ҳаворийлар 16:4, 5 ни ўқинг. Биринчи асрдаги баъзи биродарлар жамоатларга ташриф буюриб, етакчи кенгаш, яъни «Қуддусдаги ҳаворийлару оқсоқоллар чиқарган қарорларни етказишган». Жамоатлар ўша қарорларга риоя қилишганида, «имонда мустаҳкам бўлиб, кундан-кунга имонлиларнинг сони ортиб борарди». Муқаддас Китобнинг ушбу парчасида бугунги кунда Худонинг ташкилотида қўллашимиз керак бўлган қандай сабоқ бор?

ЙЎЛ-ЙЎРИҚЛАРГА РИОЯ ҚИЛЯПСИЗМИ?

11. Тайинланган биродарлар Аллоҳнинг ташкилотидан олаётган кўрсатмаларга нисбатан қандай муносабатда бўлишлари лозим?

11 Бугунги кунда Филиал ёки Мамлакат қўмиталари, туман нозирлари ва жамоат оқсоқоллари Худонинг ташкилотидан йўл-йўриқлар олишганида, уларга қандай муносабат билдиришлари даркор? Яҳованинг Каломи бизни бу кўрсатмаларга қулоқ солиб, уларга бўйсунишга чорлаяпти. (Қонун. 30:16; Иброн. 13:7, 17) Аллоҳнинг ташкилотида танқидий ёки исёнкор руҳга жой йўқдир. Зотан бундай муносабат жамоатларда ҳукм сураётган севги, тинчлик ва якдилликка рахна солиши мумкин. Албатта, ҳеч биримиз масъулиятли биродарларга ҳурматсизлик кўрсатган Диотреф каби бўлишни истамаймиз. (3 Юҳанно 9, 10 ни ўқинг.) Шундай экан, ўзимизга қуйидаги саволларни берсак бўлади: «Имондошларим маънан ўсишига ҳисса қўшяпманми? Масъулиятли биродарлар бераётган йўл-йўриқларни дарҳол қабул этиб, уларга амал қиляпманми?»

12. Оқсоқоллар ва жамоат хизматкорларини тайинлаш жараёнига қандай ўзгариш киритилди?

12 Келинг, Етакчи кенгаш томонидан яқинда чиқарилган қарорга диққат қаратайлик. «Қўриқчи минораси» журналининг 2014 йил 15 ноябрь сонида «Ўқувчиларнинг саволлари» туркумидаги мақолада оқсоқоллар ва жамоат хизматкорларини тайинлаш жараёнига ўзгариш киритилгани ҳақида айтилганди. Ўша мақолада таъкидланганидек, биринчи асрдаги етакчи кенгаш бундай биродарларни тайинлаш масъулиятини кўчма нозирларга топширганди. Шу тартибга риоя қилган ҳолда, 2014 йил 1 сентябрдан бошлаб оқсоқоллар ва жамоат хизматкорларини туман нозирлари тайинлайдиган бўлишди. Туман нозири тавсия қилинган биродарлар билан имкон борича яхшироқ танишишга ва улар билан хизматда яқиндан ҳамкорлик қилишга ҳаракат қилади. Шунингдек,  у бу биродарнинг оиласи билан ҳам танишади. (1 Тим. 3:4, 5) Кейин туман нозири оқсоқоллар билан йиғилиб, тавсия қилинган биродар жамоат хизматкори ёки оқсоқол бўлиши учун Муқаддас Китобдаги талабларга мос келиш-келмаслигини синчиклаб кўриб чиқишади. (1 Тим. 3:1–10, 12, 13; 1 Бутр. 5:1–3)

13. Оқсоқоллар бераётган йўл-йўриқларга бўйсунаётганимизни қандай кўрсата оламиз?

13 Биз оқсоқоллар томонидан Муқаддас Китобга асосланиб берилаётган кўрсатмаларга риоя этишимиз лозим. Зеро улар айтаётган «соғлом сўзлар» бизнинг фойдамиз учундир. (1 Тим. 6:3) Масалан, ҳаворий Павлус жамоатда тартибни бузаётганларга нисбатан берган маслаҳатини эслайлик. Ўша пайтда баъзилар «умуман ишламай,.. нуқул бошқаларнинг ишларига аралашаётган» эдилар. Оқсоқоллар уларга огоҳлантириш беришганди, лекин улар маслаҳатни писанд қилмай, ишларида давом этдилар. Бундайларга нисбатан жамоат қандай муносабатда бўлиши керак эди? Павлус бу борада қуйидагича йўл-йўриқ берганди: «Уни кўз остига олиб қўйиб, у билан муносабатни узинглар». Аммо шу билан бирга, Павлус бу инсонни душман деб ҳисобламаслик кераклигини ҳам айтганди. (2 Салон. 3:11–15) Бугунги кунда кимдир жамоатга ёмон таъсир қилиб, мисол учун, имондош бўлмаган киши билан учрашиб, бундай қилишда давом этаверса, оқсоқоллар бу ҳақда огоҳлантирувчи нутқ айтишлари мумкин. (1 Кор. 7:39) Оқсоқоллар бундай нутқ айтишганда, қандай йўл тутасиз? Нутқда тасвирланган вазиятдан хабардор бўлсангиз, шундай киши билан мулоқот қилишдан қочасизми? Севги ила қилган ғамхўрлигингиз ва қатъийлигингиз тартибни бузаётган бундай кишига нотўғри йўлдан қайтишга туртки бўлиши мумкин. [1]

ПОКЛИК, ТИНЧЛИК ВА БИРЛИКНИ САҚЛАНГ

14. Жамоатнинг поклигига қандай ҳисса қўша оламиз?

14 Худонинг Каломидаги кўрсатмаларга амал қилиб, жамоатимизнинг маънавий поклигига ҳисса қўшган бўламиз. Масалан, қадимги Коринфдаги вазиятни олайлик. Ҳаворий Павлус ўша шаҳарда ваъз қилиш учун ўзини бутунлай бағишлаганди ва у ердаги «муқаддас» кишиларни яхши кўрарди. (1 Кор. 1:1, 2) Аммо бир сафар у қийин вазиятга тушиб қолди: ўша жамоатда биродарлар зинога кўз юмишаётгани учун Павлус бу масалани кўтаришига тўғри келди. Павлус оқсоқолларга кўрсатма бериб, зинокорни «Шайтонга топшириш», яъни четлатиш кераклигини айтганди. Жамоатнинг поклигини сақлаш учун оқсоқоллар «хамиртурушни» ташлаб юборишлари керак эди. (1 Кор. 5:1, 5–7, 12) Тавба қилмаган гуноҳкорнинг четлатилиши борасидаги оқсоқолларнинг қарорини қўллаб-қувватлаганимизда, жамоатнинг поклигини сақлаб, эҳтимол, ўша инсонни Яҳовадан кечирим сўрашга ва тавба қилишга ундаган бўламиз.

15. Қай тариқа жамоатда бирликни сақлай оламиз?

15 Лекин Коринфда яна бир муаммо бор эди. Айрим биродарлар имондошларини судга беришарди. Шунда Павлус уларга қуйидаги саволни берганди: «Ундан кўра хафа бўлиб қолаверганингиз яхши эмасми?» (1 Кор. 6:1–8) Таассуфки, ҳозирги пайтда ҳам бундай вазиятлар йўқ эмас. Баъзида имондошлар ўзаро бизнес шартномалар тузиб, кейинчалик моддий зарар кўришгани дастидан уларнинг орасида тинчлик йўқолади ва ҳатто бир-бирларини муттаҳамликда айблай бошлашади. Бунинг орқасидан айримлар биродарларини судга беришади, лекин Аллоҳнинг Каломи Худонинг исмига доғ туширишдан ёки жамоатдаги тинчликни бузишдан кўра, зиён тортиш маъқулроқ эканини кўрсатяпти. [2] Жиддий муаммоларни ва можароларни ҳал қилиш учун, шубҳасизки, Исонинг маслаҳатига қулоқ солишимиз зарур. (Матто 5:23, 24; 18:15–17 ни ўқинг.) Бундай йўл тутсак, жамоатимиз якдил бўлишига ҳисса қўшамиз.

16. Нима учун Худонинг халқи якдил?

 16 Яҳованинг Каломида нима учун Унинг халқи якдил бўлиши тушунтирилган. Сано бастакори: «Нақадар яхшидир, ёқимлидир биродарлар бирга аҳил яшасалар»,— деб куйлаган эди. (Заб. 132:1) Исроилликлар Яҳовага қулоқ солишганида, яхши ташкиллаштирилган ва бирлашган халқ эдилар. Худо Ўз халқининг келажаги ҳақида башорат қилиб, шундай деганди: «Қўрадаги қўйлардай... сизларни Мен бир жойга йиғаман». (Михо 2:12) Бундан ташқари, Яҳова Зафаниё пайғамбар орқали: «Ўшанда Мен халқларга соф тил [ҳақиқат тили] ато этаман, токи уларнинг бари Яҳова исмини чақириб, Унга елкама-елка хизмат қилсин»,— деб каромат этганди. (Заф. 3:9, ЯДТ) Яҳовага ҳамжиҳат бўлиб топиниш шарафи борлигидан нақадар миннатдормиз!

Оқсоқоллар нотўғри йўл тутаётган кишига маънан кўмаклашишга ҳаракат қилишади (17- хатбошига қаранг.)

17. Жамоатда бирлик ва поклик сақланиши учун, оқсоқоллар жиддий гуноҳ билан боғлиқ масалаларни қандай ҳал этишлари лозим?

17 Жамоатда бирлик ва поклик сақланиши учун, оқсоқоллар жиддий гуноҳ билан боғлиқ масалаларни шу заҳоти ва севги ила ҳал этишлари даркор. Павлус Худонинг севгиси шунчаки ҳис-туйғуларга асосланмаслигини ва У инсоннинг қилмишларига панжа орасидан қарамаслигини биларди. (Ҳик. 15:3) Шунинг учун ҳам Павлус коринфликларга жиддий, лекин шу билан бирга севгига тўла биринчи мактубни ёзишни орқага сурмади. Бир неча ойдан кейин коринфликларга йўллаган иккинчи мактубида эса Павлус уларни мақтаган. Бундан оқсоқоллар унинг йўл-йўриқларига амал қилишгани кўриняпти. Демак, агар масиҳий билмаган ҳолда бирон-бир хато қилиб қўйса, маънан етук кишилар уни мулойимлик билан тузатишга уринишлари керак. (Галат. 6:1)

18. а) Аллоҳнинг Каломидаги маслаҳатлар биринчи асрдаги жамоатларга қандай ёрдам берган? б) Келаси мақолада нимани муҳокама қиламиз?

18 Шаксизки, Аллоҳнинг Каломидаги илоҳий маслаҳатлар Коринф ва бошқа шаҳарларда яшайдиган биринчи асрдаги масиҳийларга ўз жамоатларида покликни, тинчликни ва бирликни сақлашга ёрдам берган. (1 Кор. 1:10; Эфес. 4:11–13; 1 Бутр. 3:8) Натижада, ўша пайтдаги имондошларимиз хизматда кўпроқ қатнаша олишган. Шу боис, Павлус хушхабар «фалак остида бор жонзотга ваъз қилинди», деб айта олган. (Колос. 1:23) Бугунги кунда ҳамжиҳат ташкилотнинг аъзолари сифатида ваъзгўйликда иштирок этаётганларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли Аллоҳнинг ажойиб ниятлари тўғрисидаги билим ер юзи бўйлаб тарқатиляпти. Кейинги мақолада бу одамлар Муқаддас Китобни юқори қадрлашаётганининг ва Сарвари Олам Яҳовани шарафлашга қатъий қарор қилишганининг бошқа далилларини кўриб чиқамиз. (Заб. 70:15, 16)

^ [1] (13- хатбоши) «Ташкилот» китобининг (рус) 134–136- саҳ. қаранг.

^ [2] (15- хатбоши) Қайси вазиятларда масиҳий имондошини судга беришга қарор қилиши мумкинлиги тўғрисида кўпроқ билишни истасангиз, «Ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланглар» номли китобнинг 223- саҳ. маълумотга ва изоҳларга қаранг.