Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) МАРТ 2016

Ўқувчиларнинг саволлари

Ўқувчиларнинг саволлари

Қанча вақт мобайнида Худонинг халқи Буюк Бобил асирлигида бўлган?

Бу рамзий асирлик милодий 2 асрдан бошлаб 1919 йилгача давом этган. Нега ушбу тушунчага ўзгартириш киритилгани асосли, деб айта оламиз?

Барча далиллар шуни кўрсатяптики, бу асирлик 1919 йилда ўз якунига етди ва ўша пайтдан бери мойланган масиҳийлар тикланган жамоатларга йиғилмоқда. Қуйидагилар устида мулоҳаза юритиб кўринг: 1914 йилда осмонда Худонинг Шоҳлиги ўрнатилди. Бундан кейинги йиллари Худонинг халқи синовдан ўтиб, тозаланган. * (Мал. 3:1–4) Сўнг, 1919 йилда Исо Худонинг покланган халқига «ризқ-рўзни вақтида» бериб туриш учун улар устидан «ишончли ва ақлли хизматкор»ни тайинлайди. (Мат. 24:45–47) Айнан ўша йили Худонинг халқи Худо уларга берган маънавий ўлкага қайтишни бошлади ва Буюк Бобилнинг рамзий асирлигидан озод бўлди. (Ваҳ. 18:4) Қизиқ, улар қачон асирликка олинганди?

Бир неча йиллар давомида адабиётларимизда ушбу асирлик 1918 йилда бошланиб, Аллоҳнинг халқи Буюк Бобил асирлигида бўлган қисқа бир муддатни ўз ичига олган, деб тушунтириларди. Масалан, «Қўриқчи минораси» 1992 йил 15 март сонида (рус) шундай дейилганди: «Худонинг қадимги халқи муайян муддатга асирликка олингани каби, Яҳованинг хизматчилари ҳам 1918 йилда қайсидир маънода Буюк Бобил тутқунлигига тушишганди». Бироқ қўшимча изланишлар ушбу асирлик 1918 йилдан анча олдин бошланганини кўрсатиб турибди.

Келинг, ушбу тутқунлик ва Худонинг халқи озод бўлиши ҳақидаги башоратлардан бирини кўриб чиқайлик. Бу башорат Ҳизқиё 37:1–14 да ёзилган. Ҳизқиё пайғамбар ваҳийда суякларга тўла водийни кўради. Шунда Яҳова Ҳизқиёга ушбу суяклар «бутун Исроил халқи»ни тасвирлашини айтади. Тикланиш тўғрисидаги бу башорат катта миқёсда «Худонинг Исроили»да амалга ошиши керак эди. (Галат. 6:16; Ҳавор. 3:21) Кейин Ҳизқиё суяклар тирилиб, буюк бир оломонга айланганини кўради. Бу, Худонинг халқи 1919 йилда Буюк Бобил асирлигидан озод бўлганини тасвирловчи нақадар ёрқин мисолдир! Лекин бу ваҳийдан тутқунлик қанча вақт давом этгани борасида нимани билиб оляпмиз?

Биринчидан, башоратда айтилганидек, суяклар «қуриб кетган эди». (Ҳиз. 37:2, 11) Бу дегани,  ўша суяклар анча вақт олдин ўлганларга тегишли бўлган. Иккинчидан, башоратда тикланиш бирданига эмас, балки навбатма-навбат юз берган жараён сифатида тасвирланган. Аввал ғовур-ғувур бошланиб, «тарақ-туруқ овозлар» эшитилди ва «суяклар бирлаша бошлади». Кейин суяклар «паю мушаклар билан қопланди». Сўнг суяклар, пай ва мушаклар устиларига «тери тортилди». Охири, «шамол таналарнинг ичига кириб, одамларни тирилтирди» ва Яҳова уларни oна юртига олиб бориб, у ерда ўрнаштирди. Ҳа, буларнинг барчаси муайян вақтни талаб қилганди. (Ҳиз. 37:7–10, 14)

Қадимги Исроил халқининг асирлиги узоқ вақт давом этган. У мил. авв. 740 йилда, ўн қабилали шимолий шоҳлик қулаб, кўплар тутқунликка олиб кетилганда бошланган. Кейин мил. авв. 607 йилда Қуддус вайрон қилинганди ва жанубий шоҳлигидаги одамлар ҳам қулликка олиб кетилганди. Ушбу асирлик даври мил. авв. 537 йилда, яҳудийларнинг қолган қисми маъбадни қайта қуриш ва Қуддусда ҳақ топинишни қайтадан тиклаш учун қайтганда тугаган.

Муқаддас Ёзувлардаги бундай тафсилотлар Худонинг халқи 1918–1919 йилгача эмас, балки бундан анча кўпроқ вақт давомида Буюк Бобил тутқунлигида бўлганини кўрсатяпти. Исо ҳам узоқ давом этадиган бу давр ҳақида гапириб, сохта масиҳийларни тасвирлайдиган бегона ўтлар «Шоҳлик ўғиллари», яъни яхши уруғлар билан бирга ўсишади, деб айтганди. (Мат. 13:36–43) Бу ўсиш даврида муртадлар ҳақиқий масиҳийларга қараганда кўпайиб кетганди. Шунинг учун ҳам, масиҳийлар жамоати Буюк Бобил томонидан асирликка олинган, деб айта оламиз. Бу тутқунлик мил. 2 асрда бошланиб, охирги кунларда маънавий маъбаднинг тозаланишига қадар давом этган. (Ҳавор. 20:29, 30; 2 Салон. 2:3, 6; 1 Юҳан. 2:18, 19)

Ушбу юзлаб йиллар давомида руҳонийлар ҳатто давлат арбоблари устидан ҳокимиятга эга бўлишган ва одамларни ўзларининг назорати остида сақлашни исташган. Масалан, улар одамларга Муқаддас Китобга эга бўлишни ёки уни ҳаммага тушунарли тилда ўқишни тақиқлашган. Бундай қилганларнинг баъзиларини ҳатто оловда куйдиришган. Қолаверса, руҳонийлар ўзларининг таълимотларига қарши фикр билдирганларга ваҳшиёна муносабатда бўлишган ва ҳақиқат нурини тарқатиш йўлида қилинган ҳар қандай ўринишларга нуқта қўйишган.

Ҳизқиё кўрган ваҳийдан, шунингдек, Худонинг халқи тирилиб, ёлғон диндан босқичма-босқич озод бўлганини билиб олдик. Қизиқ, бу жараён қачон ва қандай қилиб бошланган? Ваҳийда «тарақ-туруқ овозлар» ҳақида гап кетяпти. Бу, охирги кунлар келишидан бир неча юз йиллар олдин рўй берганди. Гарчи ёлғон дин таълимотлари  кенг тарқалган бўлса ҳам, Худога содиқ одамларнинг айримлари ҳақ топиниш томонида бўлишга ҳаракат қилишган. Улардан баъзилари Муқаддас Китобни оддий халқ тилига таржима қилишга ҳаракат қилишган. Бошқалар эса Аллоҳнинг Каломидан билиб олган ҳақиқатларни одамларга хабарлаб юришган.

Кейин, тахминан 1870 йилда суяклар мушак ва тери билан қоплангандай бўлди. Негаки, ўшанда Чарлз Тейз Расселл биродаримиз ва унинг дўстлари Муқаддас Китобдан ҳақиқатни топиш ва Яҳовага хизмат қилиш учун жон куйдиришганди. «Сион қўриқчи минораси» ва бошқа адабиётлар самимий одамларга маънавий ҳақиқатларни билиб олишга кўмаклашганди. 1914 йилда чиққан «Яратилиш фотодрамаси» ва 1917 йилда чоп этилган «Очилган сир» китоби сингари маънавий асбоблар ҳам Худонинг халқига имонни мустаҳкамлашга ёрдам берганди. Натижада, 1919 йили Худонинг халқи гўёки тирилиб, ўзининг рамзий она юртида ўрнашгандай бўлди. Вақт ўтган сайин эса, бу қолган мойланганларга ер юзида яшашга умидвор бўлганлар қўшилиб, «буюк бир оломон»ни ташкил этишди. * (Ҳиз. 37:10; Закр. 8:20–23)

Ушбу далиллар шуни кўрсатяптики, Худонинг халқи мил. 2 асрда муртадлик тарқалган пайтда Буюк Бобилга асирликка олинганди. Бу давр қадимги исроилликлар тутқунликда ўтказган пайтга ўхшаш эди. Чунки бу давр мобайнида ҳам Яҳовага хизмат қилиш осон бўлмаган. Бироқ бугунги кунда ҳақиқат барчага ваъз қилиняпти. Ҳа, «донолар... яшнайдиган» ва «кўп одамлар тозаланиб, покланадиган» пайтда яшаётганимиздан қанчалар бахтлимиз! (Дон. 12:3, 10)

Шайтон Исони васвасага солганида, том маънода уни маъбадга олиб борганми?

Қисқасини айтганда, Исо чиндан ҳам маъбадда турган ёки буни фақат тасаввур қилган, деб аниқ айта олмаймиз. Вақти-вақти билан ушбу иккала нуқтаи назар ҳам адабиётларимизда ёритиб берилган.

Келинг, дастлаб, Муқаддас Китобда бу ҳақда нима дейилганини кўриб чиқайлик. Ушбу воқеа ҳақида ҳаворий Матто илоҳий илҳом остида шундай сўзларни ёзиб қолдирган: «Кейин Иблис уни [Исони] муқаддас шаҳарга олиб бориб, маъбад атрофидаги деворнинг устига чиқарди», яъни маъбаднинг энг баланд жойига. (Мат. 4:5) Луқодаги таққос оятда эса бу воқеа ҳақида қуйидагича айтилган: «Сўнгра, Иблис уни Қуддусга олиб келиб, маъбад атрофидаги деворнинг устига чиқарди». (Луқо 4:9)

Илгари адабиётларимизда Шайтон Исони васвасага солмоқчи бўлганида, уни том маънода маъбадга олиб бормаган бўлиши ҳам мумкин, деб таъкидланганди. Масалан, «Қўриқчи минораси»нинг 1961 йил 1 март сонида (инглиз) шундай тушунтирилганди: «Исонинг саҳрода васвасага солиниши ҳақидаги баёнотнинг ҳар бир тафсилотини ҳам том маънода тушуниш керак эмас. Албатта, “дунёнинг барча шоҳликлари ҳамда уларнинг улуғворлиги” кўринадиган тоғнинг ўзи йўқдир. Демак, бундан хулоса қилишимиз мумкинки, Шайтон шахсан ўзи Исони том маънода “муқаддас шаҳарга олиб бориб”, “маъбад атрофидаги деворнинг устига” чиқармаган. Устига-устак, буни қилишга ҳожат ҳам йўқ эди, нега деганда, шундоқ ҳам васваса ниҳоятда кучли бўлган». Бироқ «Қўриқчи  минораси»нинг кейинги сонларида ёзилганидек, агар Исо Шайтоннинг таклифини қабул қилганида, ўзининг ҳаётига қасд қилган бўларди.

Баъзиларнинг фикрича, Исо Леви қабиласидан бўлмагани учун маъбаднинг муқаддас хонаси устида туришга ҳаққи йўқ эди. Шунинг учун улар, Исо маъбаднинг устига «олиб кетилганини» тасаввур қилган, деб тахмин қилишган. Бу, бир неча асрлар олдин Ҳизқиё пайғамбар билан юз берган вазиятга ўхшайди. (Ҳиз. 8:3, 7–10; 11:1, 24; 37:1, 2)

Аммо агар бу васваса шунчаки тасаввур шаклида бўлган бўлса, унда қуйидаги саволлар юзага келиши мумкин:

  • Васваса ростакаммиди ё хаёлийми?

  • Бошқа сафар Шайтон Исони васвасага солиб, тошларни нонга айлантиришни ва тиз чўкиб унга сажда қилишини сўрайди. Демак, Шайтон Исодан том маънодаги маъбаддан сакрашни сўраган, деб айтса бўлар экан-да?

Бошқа томондан, агар Исо том маънода маъбад атрофидаги деворнинг устида турган бўлса, бошқа саволлар келиб чиқяпти, масалан:

  • Исо маъбаднинг муқаддас хонаси устида туриб Таврот қонунини бузганмиди?

  • Қай йўсин Исо саҳрода бўла туриб, Қуддусга бориб қолган?

Келинг, мазкур иккита саволга жавоб топишга ёрдам берадиган қўшимча маълумотни кўриб чиқайлик.

Профессор Д. А. Карсоннинг таъкидлашича, иккала баёнотда ҳам «маъбад», деб таржима қилинган юнонча «хиеро’н» сўзи «нафақат муқаддас хонага, балки бутун бинога тегишли бўлгани эҳтимолдан йироқ эмас». Демак, Исо муқаддас хонанинг устида турмаган ҳам бўлиши мумкин. Масалан, у маъбаднинг жануби-шарқидаги бурчакда тургандир. Ўша жойдан Қидрон сойлигининг тубигача бўлган масофа 40 ёки 50 қаватли бинонинг баландлигига тенг бўлган. Жануби-шарқдаги бу қурилма маъбаднинг энг баланд жойи бўлиб, унинг текис ва панжарали томи бор эди. Қадимги тарихчи Иосиф Флавийнинг таъкидлашича, агар инсон ўша ерда туриб, пастга қараса, баландликдан «боши айланиб қоларди». Гарчи Леви қабиласидан бўлмаса ҳам, Исо бу жойда туриши мумкин эди ва ҳеч ким бунга қарши бўлмасди.

Лекин қандай қилиб Исо саҳрода бўлганида, маъбад устига чиқарилган бўлиши мумкин? Бу ҳақда аниқ маълумотга эга эмасмиз. Васвасалар ҳақидаги қисқача баёнотда Исо қанча вақт давомида васвасага солингани ва саҳронинг айнан қайси жойида бўлгани борасида ҳеч нарса айтилмаган. Гарчи Қуддусгача бўлган йўл узоқ вақтни талаб қилган бўлса ҳам, Исо у ерга яёв боргани эҳтимолдан йироқ эмас. Қолаверса, Муқаддас Китобдаги баёнотда Исо васваса қилинаётган пайтда саҳрода қолган, деб айтилмаган. У ерда шунчаки Исо Қуддусга олиб кетилди дейилган.

Исога «дунёнинг барча шоҳликлари» кўрсатилган пайтда васвасага солингани ҳақида нима деса бўлади? Аёнки, у барча шоҳликларни том маънода кўра олмасди, чунки ҳамма шоҳликлар кўринадиган тоғнинг ўзи йўқ. Дунёнинг турли четларида туширилган расмларни кўрсатиш учун проектор ва монитордан қандай фойдаланилса, Шайтон ҳам шунга ўхшаш усул орқали бу шоҳликларни Исонинг тасаввурида гавдалантирган. Гарчи Шайтон тасаввурга келтириш усулини ишлатган бўлса ҳам, у Исодан унга хаёлан эмас, балки ростакамига «сажда қилишини» кутган. (Мат. 4:8, 9) Шу сабабли хулоса қилишимиз мумкинки, Шайтон Исони васвасага солаётган пайтда, уни ростакамига маъбаднинг деворидан сакрашга ундаб, у ўз ҳаётини хавф остига солишини хоҳлаган. Агар васваса фақатгина хаёлий бўлганида, шу қадар кучли бўлмасди!

Демак, бошида айтилганидек, бу масалада муайян бир нуқтаи назарнинг тарафдори бўла олмаймиз. Балки Исо чиндан ҳам Қуддусга борган ва маъбад атрофидаги деворнинг устида тургандир. Лекин бир нарсага амин бўлишимиз мумкинки, Шайтон бу васвасалар орқали Исони бирон ёмон иш қилиб қўйишга ундамоқчи бўлган, Исо эса ҳар сафар унга қатъийлик ила қарши турган.

^ 1- х.б. Ҳизқиё 37:1–14 ҳамда Ваҳий 11:7–12 даги иккала баёнотда ҳам 1919 йилда юз берган воқеалар ҳақида гап кетяпти. Ҳизқиёнинг башоратидан Худонинг барча хизматчилари узоқ муддатли асирликдан кейин охир-оқибат ҳақ топинишга қайтишгани ҳақида билиб оляпмиз. Ваҳийдаги башоратда эса, Худонинг халқи орасида бошчиликни зиммасига олган мойланганларнинг кичкина гуруҳи тайинланиши ҳақида айтиляпти.