Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Қўриқчи минораси (тадқиқ сони)  |  Март 2016

Имондошларимизга амалий, ҳиссий ёки маънавий ёрдам кўрсатиш фурсатини қўлдан бой берманг

Ўз жамоатингизда ёрдам кўрсата оласизми?

Ўз жамоатингизда ёрдам кўрсата оласизми?

ОСМОНГА кўтарилишидан олдин Исо шогирдларига: «Ернинг четларига қадар менинг шоҳидларим бўласизлар»,— деб айтганди. (Ҳавор. 1:8) Қизиқ, қандай қилиб илк масиҳийлар бутун дунё бўйлаб ваъз қила олишарди?

Оксфорд университетининг профессори Мартин Гудмэннинг кузатувларига кўра, «Рим империяси энди бошқаришни бошлаганда, ваъзгўйлик фаолияти масиҳийларни бошқа диний гуруҳлардан, жумладан, яҳудийлардан ажратиб турарди». Масалан, Исо ваъз қилиш учун бир жойдан бошқа жойга борарди. Унинг ўрнагига эргашган масиҳийлар ҳам «Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хабарни» тарқатиш Муқаддас Китобдаги ҳақиқатга чанқоқ одамларни топишдан иборат эканини тушунишган. (Луқо 4:43) Мана шу сабабдан биринчи асрдаги масиҳийлар жамоатида «ҳаворийлар» бўлган. «Ҳаворий» сўзи том маънода «ваъз қилишга юборилган киши ёки элчи», деган маънога эга. (Марк 3:14) Ахир Исо ўз шогирдларига шундай вазифа берганди: «Шунинг учун боринглар, барча халқлардаги одамларга таълим бериб, менга шогирд тайёрланглар». (Мат. 28:18–20)

Гарчи бугунги кунда Исонинг 12 та ҳаворийсидан ҳеч бири биз билан бирга ер юзида бўлмаса-да, Яҳованинг кўплаб хизматчилари уларга ўхшаб тайёрлик руҳини намоён этиб келишяпти. Бундай хизматчилар: «Мен шу ердаман, мана, юборгин мени»,— деб, тайёрлик ила хизматларини кенгайтиришган. (Ишаё 6:8) Улардан баъзилари, чунончи, Гилад мактабининг минглаб битирувчилари тўла вақтли махсус ваъзгўйлар сифатида олис ҳудудларга, бошқалари эса, ўзининг мамлакатидаги турли жойларга кўчиб ўтишган. Кўплар ўзга тилдаги гуруҳ ёки жамоатга ёрдам бериш учун янги тилни ўрганишган. Муайян эҳтиёж бор бўлган ҳудудларга кўчиб ўтган ёки янги тилни ўзлаштирган бу биродару опа-сингиллар учун гоҳида осон эмас, чунки улар яшайдиган жойлардаги шароитлар ҳар доим ҳам улар хоҳлагандек бўлмайди. Улар Яҳовага ҳамда яқинига бўлган севгини кўрсатиш учун фидойилик руҳини  намоён этишган. Шунингдек, харажатларни ҳисоблаб, ўзларини бошқаларга ёрдам бериш учун бағишлашган. (Луқо 14:28–30) Ҳа, бундай имондошларимизнинг саъй-ҳаракатлари мақтовга сазовордир!

Лекин шароитлар бир-биридан фарқ қилади. Ҳамма ваъзгўйларда ҳам эҳтиёж катта бўлган ҳудудга кўчиб ўтиш ёки янги тилни ўрганиш имкони йўқ. Аммо шунга қарамай, ҳар биримиз ўз жамоатимизда бундай тайёрлик руҳини намоён эта оламиз.

ЎЗ ЖАМОАТИНГИЗДА ТЎЛА ВАҚТЛИ МАХСУС ВАЪЗГЎЙ БЎЛИНГ!

Ҳозирги шароитларингиздан унумли фойдаланган ҳолда...

Биринчи асрдаги масиҳийлар тўла вақтли махсус ваъзгўйлар каби хизматда ғайратли бўлишган. Бироқ улардан аксарияти ўзларининг она шаҳрида яшаб ваъз қилишгани эҳтимолдан йироқ эмас. Павлус Тимўтийга: «Хушхабарни ваъз этиш билан машғул бўл, хизматингни тўла адо эт»,— деб айтганди. (2 Тим. 4:5) Бу маслаҳат нафақат ўша пайтдаги масиҳийларга, балки бугунги кундаги Худонинг барча хизматчиларига ҳам бирдек тегишлидир. Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ваъз қилиш ва шогирд тайёрлаш вазифаси масиҳийлар қаерда бўлишидан қатъи назар, уларнинг ҳар бирига тааллуқлидир. Биз ҳатто ўз жамоатимизда ҳам тўла вақтли махсус ваъзгўй каби хизмат қила оламиз. Келинг, бунинг кўплаб йўлларини кўриб чиқайлик.

Мисол учун, ўзга юртда тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилаётган киши у ердаги шароитларга мослашиши лозим. Унинг бу топшириғи кўп жиҳатлари билан фарқ қилади. Агар ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган жойга кўчиб бора олмасак-чи? Биз: «Жамоатимиз ҳудудини беш бармоғимдай биламан»,— деб қўл қовуштириб ўтирамизми ёки одамларга хушхабарни етказишнинг янгича усулларини излашга ҳаракат қиламизми? Масалан, 1940 йилда биродарларимизни ҳафтада бир кунни кўчама-кўча хизмат қилиш учун ажратишга ундашган. Сиз ҳам бундай қила оласизми? Ёки масалан, адабиёт ташийдиган аравача билан хизмат қиласизми? Энг асосийси, хушхабарни ваъз қилишнинг бундай йўлларини ва сиз учун янги бўладиган усулларни қўллашга жон куйдиряпсизми?

имондошларни «хушхабарни ваъз этиш билан машғул» бўлишга унданг

Ижобий нуқтаи назарни сақлаш хизматда ғайратли ва ташаббускор бўлишимизга ёрдам беради. Ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган жойларга кўчиб ўтган ёки ўзга тилда гапирадиган ҳудудда хизмат қилаётганлар одатда жуда тажрибали бўлишади. Улар ваъзгўйликда фаол қатнашишади ва шу йўсин бошқаларга барака бўла олишади. Устига-устак, жамоатларда тажрибали маҳаллий биродарлар пайдо бўлмагунча, тўла вақтли махсус ваъзгўйлар одатда масъулиятни ўз зиммаларига олишади. Агар сиз сувга чўмган биродар бўлсангиз, жамоатингиздаги  имондошларга хизмат қилишга «интиляпсизми»? (1 Тим. 3:1)

«ТАСАЛЛИ» БЕРИНГ

уларга амалий ёрдам беринг

Ваъзгўйликда фаол иштирок этишдан ва жамоатда масъулиятни олишга тайёр бўлишдан ташқари, бошқа йўллар орқали ҳам жамоатимизга ёрдамимиз тегиши мумкин. Умуман олганда, ёшу қари, эркагу аёл — барча ваъзгўйлар муҳтожликда бўлган имондошларига тасалли бера олишади. (Колос. 4:11)

Имондошларимизга фойдамиз тегиши учун улар билан яқинроқ танишишимиз даркор. Муқаддас Китоб бизни биргаликда йиғилганимизда «бир-биримиз ҳақимизда ўйлашга» чорлайди. (Иброн. 10:24) Албаттаки бу, бошқаларнинг ишларига бурнимизни суқишимиз кераклигини англатмайди. Аксинча, биз имондошларимизни яқиндан таниб-билишимиз ва улар нимага муҳтож эканини тушунишимиз лозим. Улар амалий, ҳиссий ёки маънавий ёрдамга муҳтож бўлишлари мумкин. Шуни айтиш жоизки, айрим вазиятларда фақат масъулиятли биродарларгина керакли ёрдамни кўрсата олишади. (Галат. 6:1) Лекин имондошларга кўмаклашиш фақат оқсоқолларнинг ва жамоат хизматкорларнинг вазифаси, деб ўйламаслигимиз керак. Негаки, ҳар биримиз кекса биродару опа-сингилларимизга ёки қийинчиликка учраган оилаларга ёрдам қўлини чўзишимиз мумкин.

турмуш ташвишлари билан овора бўлганларга тасалли бахш этинг

Мисол учун Салватор моддий инқирозга учраганида, бизнесини, уйини ва оиласига тегишли кўплаб нарсаларини сотишга мажбур бўлди. Шунда Салватор унинг оиласи бу вазиятдан қандай чиқиши ҳақида бош қотирди. Жамоатдаги бошқа бир оила эса улар ёрдамга муҳтож эканини кўриб, уларни моддий томонлама қўллаб-қувватлашди ҳамда Салватор ва хотинига иш топишга кўмаклашишди. Бундан ташқари, улар Салваторнинг оила аъзолари билан оқшомлари йиғилганда, ҳар бирини тинглаб, далда беришарди. Йиллар ўтган сайин, уларнинг дўстлиги қаймоқлашиб борарди. Гарчи ўша пайтлар ташвишларга тўлган бўлса-да, ҳозир иккала оила ҳам бирга ўтказган мароқли дамларни қувонч ила эслайди.

Ҳақ Таолога топинаётганлар ўзларининг эътиқодини бошқалардан сир тутишмайди. Шунинг учун биз Исога тақлид қилган ҳолда Муқаддас Китобдаги ажойиб ваъдаларни ҳар бир инсон билан бўлишамиз. Хизматни кенгайтириш мақсадида бошқа жойга кўчиб ўта оламизми ё йўқми, бошқаларга яхшилик қилиш учун қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз. Буни биз ҳозирданоқ жамоатимизда амалга оширишимиз мумкин. (Галат. 6:10) Чунки шундай йўл тутсак, беришнинг бахтиёрлиги катта эканини ўзимизда ҳис қилиб, «турли эзгу ишда самара келтириш»да давом эттира оламиз! (Колос. 1:10; Ҳавор. 20:35)