Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) МАРТ 2016

Ёшлар, сувга чўмишга тайёрмисизлар?

Ёшлар, сувга чўмишга тайёрмисизлар?

Орангиздан кимдир иморат қурмоқчи бўлса, уни битиришга маблағи етишини билиш учун, аввалига ўтириб, қанча харажат кетишини ҳисоблаб олмайдими? ЛУҚО 14:28

ҚЎШИҚЛАР: 6, 34

Бу ва кейинги мақола сувга чўмишни режалаштираётган ёшларга бағишланган

1, 2. а) Бугунги кунда Худонинг халқига нима қувонч бағишлайди? б) Масиҳий ота-оналар ва оқсоқоллар ёшларга сувга чўмишнинг моҳиятини тушунтиришда қандай ёрдам беришлари мумкин?

«СЕНИ чақалоқлигингдан биламан,— деди оқсоқол 12 яшар Кристоферга.— Ва сувга чўммоқчи эканингдан хурсандман. Аммо сендан бир нарсани сўрамоқчи эдим: нима учун бундай қарорга келдинг?» Оқсоқолнинг бу саволи ўринли эди. Албатта, дунё бўйлаб ҳар йили минглаб ёшларнинг сувга чўмиши бизни ниҳоятда қувонтиради. (Воиз 12:1) Лекин шу билан бирга, ёшлар бу қарорни ўз ихтиёри билан ва обдан ўйлаб чиқаришларига масиҳий ота-оналар ва оқсоқоллар амин бўлишни исташади.

2 Масиҳий ўзини Яҳовага бағишлаб, сувга чўмганида, унинг  ҳаётида янги саҳифа очилади. Аллоҳнинг Каломида ёзилишича, бу янги паллада масиҳий Яҳовадан мўл-кўл баракалар олиши баробарида Шайтон томонидан қаршиликларга ҳам дуч келади. (Ҳик. 10:22; 1 Бутр. 5:8) Шунинг учун, масиҳий ота-оналар Исонинг издоши бўлиш нимани англатишини фарзандларига ўргатиш учун вақт ажратишади. Ота-онаси ҳақиқатда бўлмаган ёшларга келсак, жамоатдаги оқсоқоллар уларга бажонидил ёрдам бериб, Худога бағишланиш ва сувга чўмишнинг моҳиятини тушунтиришади. (Луқо 14:27–30 ни ўқинг.) Бинони сифатли қуриб битказиш учун олдиндан режа тузиш талаб қилинганидек, Яҳовага «охиригача» садоқатли қолиб, хизмат қилиш учун ҳам тайёргарлик зарурдир. (Мат. 24:13) Аммо ҳаётлари давомида Яҳовага хизмат қилиш қарорида маҳкам туриш учун ёшлардан нима кутилади? Келинг, буни кўриб чиқамиз.

3. а) Сувга чўмишнинг муҳимлиги ҳақидаги Исо ва Бутруснинг сўзларидан нимани ўрганишимиз мумкин? (Мат. 28:19, 20; 1 Бутр. 3:21) б) Қайси саволларни кўриб чиқамиз ва нега?

3 Сиз ҳам сувга чўммоқчи бўлган ёшлар қаторидамисиз? Агар шундай бўлса, бу ҳаракатингиз мақтовга сазовордир! Сабаби, Яҳованинг Шоҳидларидан бири бўлиш — улкан шарафдир! Боз устига, сувга чўмиш масиҳий бўлишнинг талабларидан бири бўлиб, нажотга етакловчи муҳим қадам ҳисобланади. (Мат. 28:19, 20; 1 Бутр. 3:21) Сувга чўмганда инсон Яҳовага абадулабад хизмат қилишга ваъда беради ҳамда шу ваъда устидан чиқишга ҳаракат қилади. Шундай экан, cувга чўмишга тайёрлигингизни текшириб кўриш учун қуйидаги учта савол ёрдам бериши мумкин: 1) Бу қарорни чиқариш учун етарлича етукманми? 2) Бу менинг шахсий қароримми? 3) Яҳовага бағишланиш нимани англатишини тушуняпманми? Келинг, бу саволларни кўриб чиқайлик.

ЕТАРЛИЧА ЕТУК БЎЛГАНИНГИЗДА

4, 5. а) Нега сувга чўмиш учун катта ёшда бўлиш шарт эмас? б) Масиҳий учун маънан етук бўлиш нимани англатади?

4 Муқаддас Китобда ёши катталар ёки балоғат ёшига етганларгина сувга чўмишлари мумкин, деб айтилмаган. Аксинча, Ҳикматлар 20:11 да: «Ҳатто ёш болани ҳам хулқидан,  тўғри ё поклигини ишларидан билса бўлади»,— деб ёзилган. Демак, ҳатто кичкина бола ҳам нима тўғри экани ва Яратувчига бағишланишнинг моҳиятини тушуна олади. Бундан хулоса шуки, сувга чўмиш — муайян даражада етукликка эришган ва ўзини Яҳовага бағишлаган ёш масиҳий учун муҳим ва зарурий қадамдир. (Ҳик. 20:7)

5 Маънавий етуклик нима дегани? Бу, жисмоний жиҳатдан камолотга эришишдан кўпроқ нарсани англатади. Аллоҳнинг Каломига кўра, маънан етук инсон «зеҳнини ишга солиш орқали яхшини ёмондан ажратишга ўрганган» бўлади. (Иброн. 5:14) Кўриниб турганидек, маънан етук инсон Яҳованинг назарида нима тўғри эканини билиб, бунга қатъий амал қилади. Натижада, у ёмон йўлга осонликча оғиб кетмайди ва ҳар доим бошқалар уни тўғрилаб туришига муҳтож бўлмайди. Демак, ҳатто ота-онаси ёки бошқа ёши катталар ёнида бўлмаганда ҳам, сувга чўммоқчи бўлган ёш масиҳий Худонинг меъёрларига амал қилади. (Филиппиликларга 2:12 ни солиштиринг.)

6, 7. а) Дониёр Бобилда бўлганида қандай қийинчиликларга дуч келган? б) Қай йўсин Дониёр маънан етук эканини кўрсатган?

6 Ёш масиҳийлар чиндан ҳам шундай етукликка эриша оладими? Келинг, Дониёр пайғамбарнинг мисолини кўриб чиқайлик. Дониёр, эҳтимол, ҳали ўспирин бўлганида, Бобилга, ота-онасидан йироққа, олиб кетилганди. У ерда Дониёр нима яхшию нима ёмон экани борасида умуман бошқа тушунчага эга бўлган одамлар орасига тушиб қолганди. Шунингдек, Дониёр бошқа бир қийинчиликка ҳам дуч келди: унга Бобилда ўзгача муносабат кўрсатилиб, у шоҳнинг ҳузурида хизмат қилиш учун танланганлардан бири бўлди! (Дон. 1:3–5, 13) Биз: «Дониёр Бобилда катта имкониятларга эга бўлди. Ким билсин, балки у Исроилда бундай имкониятларга эга бўлмасди»,— деб ўйлашимиз мумкин.

7 Қизиқ, Дониёр қандай йўл тутган экан? У Бобилнинг ҳашамати ва файз-тароватига учганми? Одамлар унга салбий таъсир қилишларига ёки имонини сусайтиришларига йўл қўйганми? Асло! Муқаддас Китобда ёзилишича, Бобилда бўлганида Дониёр сохта динга алоқадор ҳеч қандай нарса билан «булғанишни хоҳламади». (Дон. 1:8) Ҳа, Дониёр пайғамбар маънан етук бўлишда ажойиб ўрнак кўрсатди!

Маънан етук инсон ўзини икки хил тутмайди, яъни Йиғилиш Залида ўзини Худонинг дўстидек, мактабда эса ўзини дунёвий инсондек кўрсатмайди (8- хатбошига қ.)

8. Дониёрнинг мисолидан нимани ўрганишингиз мумкин?

8 Дониёрнинг мисолидан нимани ўрганишингиз мумкин? Авваламбор, маънан етук инсон ўз эътиқодида мустаҳкам туради. Бундай одам шароитга қараб рангини ўзгартириб турувчи буқаламун каби, яъни Йиғилиш Залида ўзини Худонинг дўстидек, мактабда эса ўзини дунёвий инсондек тутмайди. Маънан етук инсон ҳатто синовлар пайтида ҳам у ёқдан бу ёққа тебранмай, имонида маҳкам туради. (Эфесликларга 4:14, 15 ни ўқинг.)

9, 10. а) Ёш масиҳий охирги синов пайтида ўзини қандай тутгани ҳақида мулоҳаза юритиб, қандай сабоқ олиши мумкин? б) Сувга чўмиш нимани билдиради?

9 Албатта, номукаммал бўлганимиз учун ҳаммамиз — ёшу қари вақти-вақти билан хато қилиб турамиз. (Воиз 7:20) Шунинг учун, сувга чўммоқчи бўлган масиҳий сифатида сиз Яҳованинг меъёрларига амал қилишда қанчалик қатъий тура олишингизни текшириб кўрсангиз, оқилона бўлади. Қарорингиз қатъий эканига қандай амин бўлишингиз мумкин? Ўзингизга шундай савол бериб кўринг: «Шу вақтгача Яҳованинг меъёрларига амал қилиб келдимми?» Охирги синов пайтида ўзингизни қандай тутганингиз ҳақида мулоҳаза юритиб кўринг. Ўшанда нима тўғри ва нима нотўғри  эканини фарқлай олдингизми? Дониёрнинг вазиятида бўлганидек, бу дунёдаги одамлар сизни ўзгача қобилиятларингиздан фойдаланиб қолишга ундашяптими? Шунга ўхшаш васвасага дуч келганингизда ҳам, «Яҳованинг иродаси қандай эканини англашга» ҳаракат қиляпсизми? (Эфес. 5:17)

10 Нима учун бундай шахсий саволларни кўриб чиқяпмиз? Сабаби, улар сизга сувга чўмиш қанчалик муҳим эканини кўришга ёрдам беради. Бундан олдин айтганимиздек, сувга чўмиш орқали Яҳовага ваъда берганингизни омма олдида кўрсатасиз. Ўшанда Уни севишга ва бутун қалбингиз билан Унга абадулабад хизмат қилишга сўз берасиз. (Марк 12:30) Сувга чўммоқчи бўлган ҳар бир киши шу ваъдасида қатъий туриши лозим. (Воиз 5:3, 4 ни ўқинг.)

БУ СИЗНИНГ ШАХСИЙ ҚАРОРИНГИЗМИ?

11, 12. а) Сувга чўмиш борасида ўйлаётган киши нимага ишонч ҳосил қилиши керак? б) Сувга чўмишга Яҳова каби нуқтаи назарда бўлишингизга нима ёрдам беради?

11 Муқаддас Ёзувларда Яҳованинг халқи, жумладан, ёшлар ҳам, ўзларини тайёрлик ила Унга хизмат қилиш учун тақдим этишади, деб ёзилган. (Заб. 109:3) Шунинг учун, сувга чўмиш борасида ўйлаётган киши бу унинг шахсий қарори эканига ишонч ҳосил қилиши даркор. Бу масалада ўзингизни яхшилаб текшириб кўришингиз керак, айниқса, агар болалигингиздан ҳақиқатда ўсган бўлсангиз.

12 Ҳаётингиз давомида кўпгина одамларнинг, чунончи, айрим дўстларингизнинг ва эҳтимол, ҳатто ака-ука, опа-сингилларингизнинг сувга чўмганини кўргандирсиз. Лекин муайян ёшга етганингиз ёки бошқа одам сувга чўмаётгани учунгина сувга чўмиш қарорига келишдан эҳтиёт бўлинг. Хўш, сувга чўмишга Яҳова каби нуқтаи назарда эканингизга қандай амин бўлишингиз мумкин? Бунинг учун сувга чўмиш нега шунчалик муҳим экани ҳақида чуқур ўйлаб кўришга етарлича вақт ажратинг. Бу ва кейинги мақолада бунинг бир нечта сабабларни кўриб чиқамиз.

13. Сувга чўмиш чин юракдан чиқарган қарорингиз эканига қандай ишонч ҳосил қилишингиз мумкин?

13 Сувга чўмишни чин юракдан хоҳлаш-хоҳламаслигингизни қуйидаги омиллар орқали текшириб кўришингиз мумкин. Масалан, Яҳовага сидқидилдан хизмат қилиш ниятингиз ибодатларингизда ўз аксини топади. Яҳовага қанчалик тез-тез ибодат қилишингиз ва ибодатларингизнинг мазмуни У билан муносабатларингиз қай даражада яқин эканини кўрсатади. (Заб. 24:4) Яҳова асосан Муқаддас Китоб орқали ибодатларимизга жавоб беради. Шундай экан, Муқаддас Ёзувларни ўрганишга бўлган иштиёқимиз биз чиндан ҳам Яҳовага яқинлашиб, Унга бутун қалбимиз билан хизмат қилмоқчи эканимиздан далолат беради. (Ёшуа 1:8) Ўзингизга қуйидаги саволларни бериб кўринг: «Ибодатларим қанчалик мазмунли? Мунтазам равишда Муқаддас Китобни ўрганяпманми?» Агар масиҳийлар оиласидан бўлсангиз: «Оилавий топинишда бажонидил иштирок этяпманми?» — деб ўйлаб кўринг. Бу саволларга берган жавобингиз сувга чўмиш сизнинг шахсий қарорингиз эканини англашга ёрдам беради.

ЯҲОВАГА БАҒИШЛАНИШ НИМА ДЕГАНИ?

14. Ўзингизни Худога бағишлаш ва сувга чўмиш ўртасидаги фарқни тушунтириб беринг.

14 Баъзилар ҳаётни Яҳовага бағишлаш ва сувга чўмиш ўртасидаги фарқни ажрата олишмайди. Мисол учун, айрим ёшлар ўзимни Яҳовага бағишладим, аммо сувга чўмишга ҳали тайёр эмасман дейишади. Лекин ҳаётни Яҳовага бағишлаш нима  дегани? Бу дегани, Яҳовага абадий хизмат қилишга ваъда беришдир. Сувга чўмиб эса, инсон ўзини Яҳовага бағишлаганини омма олдида кўрсатади. Шу боис, Худога бағишланиш нимани англатишини сувга чўмишдан олдин тушунишингиз керак.

15. Ҳаётни Яҳовага бағишлаш нима дегани?

15 Оддий қилиб айтганда, ҳаётингизни Яҳовага бағишласангиз, ўзингиз учун эмас, балки У учун яшай бошлайсиз. Шунда Яҳовага хизмат қилишни ҳаётингизда барча нарсадан устун қўйишга ваъда берган бўласиз. (Матто 16:24 ни ўқинг.) Ҳа, ваъдаларимизга жиддий ёндашиш керак, айниқса, Яҳова олдида берган ваъдамизга! (Мат. 5:33) Шундай экан, ўзингизга эмас, Яҳовага тегишли эканингизни қай йўсинда кўрсата оласиз? (Рим. 14:8)

16, 17. а) Инсон ўзига тегишли эмаслиги нимани англатади? Мисол келтиринг. б) Ўзини Яҳовага бағишлаган одам нима деб ваъда беради?

16 Келинг, бир мисолни кўриб чиқайлик. Дўстингиз сизга машина совға қилганини тасаввур қилинг. У сизга машинанинг ҳужжатларини бериб: «Машина сеники. Лекин калит менда бўлади. Уни сен эмас, мен ҳайдайман»,— деб айтади. Шунда бу «совға» ҳақида қандай фикрга борасиз? Совға берган инсон ҳақида-чи?

17 Ўзини Яҳовага бағишлаган ва Унга: «Энди Сен учун яшайман. Бундан буён сеникиман»,— деб айтган инсондан Яҳова нимани кутиши ҳақида ўйлаб кўринг. Агар бундай инсон имондош бўлмаган киши билан яширинча учрашиб, икки хил ҳаёт кечиришни бошласа ёки бутун қалби билан Яҳовага хизмат қилишига ва йиғилишларга боришига халақит берадиган ишга кирса, нима бўлади? Бу одам машинанинг калитини ўзида олиб қолган дўстга ўхшаб қолади. Ўзини Яҳовага бағишлаган одам: «Ҳаётим энди менга эмас, Сенга тегишли. Хоҳиш-истакларим ёки иродангни бажаришга келганда, доимо Сени танлайман»,— деб айтгандек бўлади. Ўшанда бу киши Исонинг фикрлаш тарзини акс эттиради. Чунки Исо ер юзида бўлганида: «Мен ўзимнинг эмас, мени Юборганнинг иродасини бажариш учун осмондан тушганман»,— деб айтганди. (Юҳан. 6:38)

18, 19. а) Қандай қилиб Роза ва Кристофернинг сўзлари сувга чўмиш баракалар келтиришини кўрсатяпти? б) Сувга чўмишни шараф деб биласизми?

18 Шак-шубҳасизки, сувга чўмиш — жиддий қадамдир ва унга енгил-елпи қарамаслик лозим. Шу билан бирга, ҳаётни Яҳовага бағишлаш ва сувга чўмиш — улкан шарафдир. Яҳовани севадиган ва бағишланиш нимани англатишини тушунадиган ёшлар сувга чўмишни пайсалга солишмайди, бунга қарор қилгач эса, ҳечам афсусланишмайди. «Мен Яҳовани севаман ва Унга хизмат қилишдан бўлак мени ҳеч нарса бахтли қила олмайди,— деди сувга чўмган Роза исмли ўсмир қиз.— Сувга чўмиш арзигулик қарор эканига ишончим комил эди ва ҳаётимда ҳали ҳеч бир нарсага шунчалик амин бўлмагандим».

19 Мақоланинг бошида тилга олинган Кристофернинг чиқарган қарори ҳақида нима деса бўлади? У 12 ёшда сувга чўмиб, тўғри қарор қилдими? Кристофер бундай қарор чиқарганидан жудаям хурсанд. У 17 ёшида доимий кашшоф бўлиб хизмат қилишни бошлади ва 18 ёшида жамоат хизматкори этиб тайинланди. Бугунги кунда эса у Байтилда хизмат қиляпти. Кристофер шундай дейди: «Сувга чўмганимдан ҳечам афсусланмайман. Яҳова ва Унинг ташкилоти билан ҳамкорлик қилаётганим учун ҳаётим мазмунга тўла». Агар сиз ҳам сувга чўмишни режалаштираётган бўлсангиз, қандай қилиб бунга тайёргарлик кўра оласиз? Кейинги мақолада бу саволга жавоб топишингиз мумкин.