Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) МАРТ 2016

Ёшлар, сувга чўмишга қай йўсин тайёргарлик кўришингиз мумкин?

Ёшлар, сувга чўмишга қай йўсин тайёргарлик кўришингиз мумкин?

Сенинг хоҳишингни адо этишдан завқ оламан. ЗАБ. 39:9

ҚЎШИҚЛАР: 51, 48

1, 2. а) Нима учун сувга чўмиш жиддий қадам эканини тушунтиринг. б) Инсон сувга чўмишдан олдин нимага амин бўлиши керак?

СИЗ сувга чўмиш ҳақида ўйлаётган ёшлардан биримисиз? Агар шундай бўлса, унда сиз сувга чўмишдек энг улкан шарафга эгасиз. Аммо шу билан бирга, ўтган мақоладан билиб олганимиздек, сувга чўмиш — бу ниҳоятда жиддий қадамдир. Зеро ўзингизни Яҳовага бағишлаганингизда, Унинг иродасини ҳаётингиздаги барча нарсалардан устун қўйиб, Унга абадий хизмат қилишга ваъда берасиз. Маълумки, сувга чўммоқчи бўлган инсон етарлича етукликка эришиб, бундай қарорни чиқариш учун кучли хоҳишга эга бўлиши ҳамда бағишловнинг моҳиятини тушуниши лозим.

2 Сувга чўмишга тайёр эмасман, деб иккиланаётган бўлсангиз-чи? Балки сувга чўммоқчисиз-у, аммо ота-онангиз ҳали эрта ва ҳаётда кўпроқ тажриба орттиришинг керак, деб айтишаётгандир. Қандай бўлишидан қатъи назар, руҳингиз тушмасин. Бунинг ўрнига, тез орада сувга чўмишга тайёр бўлишингиз учун  вақтдан унумли фойдаланиб, маънан ўсинг. Шуни ёдда тутиб, 1) эътиқодингиз, 2) хатти-ҳаракатларингиз ва 3) миннатдорчилигингиз билан боғлиқ мақсадларни қўйишингиз мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўринг.

ЭЪТИҚОДИНГИЗ

3, 4. Ёшлар Тимўтийнинг мисолидан қандай сабоқ олишлари мумкин?

3 Қуйидаги саволларга жавоб топиб кўринг: «Нима учун Худо борлигига ишонаман? Нега Муқаддас Китоб Аллоҳ томонидан илҳомлантирилганига аминман? Яҳованинг ахлоқий меъёрлари бўйича яшаш дунёга хос ҳаёт тарзини олиб боришдан кўра яхшироқ эканига нега ишончим комил?» Бу саволлар шубҳа уйғотиш учун келтирилмаган. Аксинча, улар ҳаворий Павлуснинг: «Тангрининг яхши, мақбул, комил иродаси нимада эканини аниқланг»,— деган огоҳлантирувчи сўзларига амал қилишингизга ёрдам беради. (Рим. 12:2) Хўш, нега бундай йўл тутишингиз даркор?

4 Келинг, Тимўтийнинг мисолига эътибор қаратайлик. У Муқаддас Ёзувларни яхши билган. Чунки ойиси ва бувиси унга болалигиданоқ таълим беришган. Шундай бўлса ҳам, Павлус Тимўтийга: «Олган таълимингга ва тўғрилигига ўзинг ишонч ҳосил қилган нарсаларга риоя қил» — деб насиҳат қилган. (2 Тим. 3:14, 15) Тимўтий ҳақиқатни топганига амин эди. У ойиси ва бувиси айтгани учун эмас, балки ўзи фикр юритиб, ишонч ҳосил қилгани учун ҳақиқатни қабул қилган. (Римликларга 12:1 ни ўқинг.)

5, 6. Нега ёшлигингизданоқ «ақлингизни ишга солишга» ўрганишингиз муҳим?

5 Сиз ҳақингизда нима деса бўлади? Эҳтимол, Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни анчадан бери биларсиз. Агар шундай бўлса, унда нега уларга ишонишингизнинг сабабларини чуқурроқ ўрганишни мақсад қилиб қўймайсиз? Бу, имонингизни мустаҳкамлайди ҳамда сизни тенгдошларингизнинг босими, дунёнинг таъсири ва ҳатто ҳис-туйғуларингизга берилиб, нотўғри қарор чиқаришдан асрайди.

6 Ёшлигингизданоқ «ақлингизни ишга солишга» ўргансангиз, тенгдошларингизнинг саволларига асосли жавоблар бера оласиз. Масалан улар: «Нега Исони Худонинг ўғли деб атайсизлар? Инжил ўзгартирилмаганини қаердан биласизлар? Ўлимдан кейин нима содир бўлади?» — деб сўрашлари мумкин. Агар бундай саволларга тайёр бўлсангиз, улар имонингизни сусайтирмай, аксинча, сизни янада кўпроқ изланишга ундайди.

7–9. Қандай қилиб кўп тилларда онлайн режимида мавжуд бўлган «Муқаддас Китоб таълимотлари» номли ўқув дафтарлари эътиқодингизни мустаҳкамлашга ёрдам беради?

7 Чуқур шахсий тадқиқ ўтказиш сизга ҳар қандай саволга жавоб беришга, шубҳалардан халос бўлишга ва эъдиқодингизни мустаҳкамлашга ёрдам беради. (Ҳавор. 17:11) Бунинг учун бизда турли хил маънавий қурол-аслаҳалар бор. Кўплар адабиётларимиздан буюк Яратувчимиз ва Унинг ижодлари ҳақида ўқиб, фойда олишган. * Шунингдек, кўп тилларда онлайн режимида мавжуд бўлган «Муқаддас Китоб таълимотлари/Ўсмирлар/Эътиқодим» (Библейские учения/Подростки/Мои убеждения) сарлавҳаси остидаги мавзулар ҳам ёшларни қизиқтириб, уларга кўмаклашган. Бундай ўқув дафтарларини jw.org сайтидан топса бўлади. У ердаги ҳар бир ўқув дафтари Муқаддас Китобнинг муайян таълимотига бўлган ишончингизни мустаҳкамлайди.

8 Балки сиз Муқаддас Китоб билан анчадан бери таниш бўлганингиз туфайли ўқув дафтарларида келтирилган айрим саволларга бемалол жавоб бера оларсиз. Аммо нега берган жавобларингизга аминсиз? Ўқув дафтарлари ёрдамида бир неча оятлар устида мулоҳаза юритишингиз, кейин эса улар борасида ўз фикрларингизни ёзишингиз мумкин. Улар Муқаддас Китобга асосланган эътиқодингизни бошқаларга тушунтиришга кўмаклашади. Онлайн режимида мавжуд бўлган «Муқаддас Китоб таълимотлари» (Библейские учения) номли сарлавҳа кўплаб ёшларга эътиқодини  мустаҳкамлашга ёрдам бериб келяпти. Агар бу сарлавҳадаги мавзулардан фойдаланиш имконингиз бўлса, уларни шахсий тадқиқ пайтида кўриб чиқишингиз мумкин.

9 Эътиқодингизни мустаҳкамлаб, сувга чўмишга муҳим қадам ташлаган бўласиз. Бир ўсмир синглимиз: «Сувга чўмишга қарор қилишимдан олдин, Муқаддас Китобни ўрганиб, бу ҳақ дин эканига амин бўлдим ва кундан-кунга бунга бўлган ишончим кучайиб бормоқда»,— деб бўлишди.

ХАТТИ-ҲАРАКАТЛАРИНГИЗ

10. Нега сувга чўмган масиҳийнинг ишларию имони бир-бирига уйғун бўлиши кутилади?

10 Муқаддас Китобда: «Ишларсиз имон ўлик»,— деб айтилган. (Ёқб. 2:17) Демак, агар эътиқодингиз кучли бўлса, уни амалда кўрсатишга ҳаракат қиласиз. Шунда Каломда ёзилганидек, «муқаддас феъл-атворли ҳамда художўй» бўласиз. (2 Бутрус 3:11 ни ўқинг.)

11. «Муқаддас феъл-атворли» иборасини тушунтириб беринг.

11 «Муқаддас феъл-атворли» эканингизни кўрсатиш учун ахлоқан пок бўлишингиз керак. Бу борада сиз ҳақингизда нима деса бўлади? Масалан, сўнгги олти ой ичида нималар бўлгани ҳақида ўйлаб кўринг. «Зеҳнингизни ишга солиш орқали» яхшини ёмондан ажратишга ўрганган эканингизни қандай намоён этдингиз? (Иброн. 5:14) Васваса ёки тенгдошларингизниг босимига қарши турганингизни эслай оласизми? Мактабдаги хулқ-атворингиз бошқаларга намунами? Кулгига қолмаслик учун синфдошларингиз билан ўралашиб юрибсизми ёки эътиқодингизда қатъий турибсизми? (1 Бутр. 4:3, 4) Тўғри, ҳеч бир инсон мукаммал эмас, шунинг учун ҳатто Яҳовага кўп йиллар мобайнида хизмат қилаётган масиҳийлар ҳам баъзида омма олдида имонлари учун туриб беришдан уялишади. Лекин шунга қарамай, ўзини Худога бағишлаган одам Яҳованинг Шоҳиди бўлишдан фахрланади ва буни хулқ-атвори билан кўрсатади.

12. «Художўй бўлиш» нимани англатади ва бунга қандай қарашингиз керак?

12 «Художўй бўлиш» нимани англатади? Бу, жамоатдаги ишлар билан банд бўлишни, жумладан, йиғилишларда ҳамда ваъзгўйликда қатнашишни ўз ичига олади. Бунга, шунингдек, бошқаларга кўринмайдиган маънавий ишлар ҳам киради, яъни шахсий ибодатлар ва шахсий тадқиқимиз. Ҳаётини Яҳовага бағишлаган одам бу ишларни оғир юмуш, деб билмайди, аксинча, Довуд каби: «Сенинг хоҳишингни адо этишдан завқ оламан, эй Худойим, Сенинг қонунинг юрагим тўридадир»,— деб айтади. (Заб. 39:9)

13, 14. Художўй бўлишда сизга нима ёрдам беради ва баъзи ёшлар бундан қандай фойда олишди?

13 «Художўй бўлиш» учун сизга қуйидаги саволлар ёрдам беради: «Ибодатларингиз қанчалар мазмунли ва уларда Яҳовага бўлган севгингиз акс этяптими? Шахсий тадқиқ пайтида нималар ҳақида изланиш олиб борасиз? Ҳатто ота-онангиз хизматда иштирок этишмаса ҳам ваъзгўйликда қатнашасизми?» * Ушбу саволларга жавобларни ўзингиз учун ёзиб олинг. Чунки бу, ибодатлар, шахсий тадқиқ ҳамда ваъзгўйликни яхшилаш билан боғлиқ мақсадларга эришишингизга кўмаклашади.

14 Шундай йўл тутиш кўплаб сувга чўммоқчи бўлган ёшларга асқатди. Тильда исмли ёш синглимизнинг айтишича, бундай саволларга жавобларни ёзиб олиш унга мақсадлар қўйишга ёрдам берди. У бирин-кетин мақсадларига эришиб, тахминан бир йилдан кейин сувга чўмишга тайёр бўлди. Патрик исмли ёш биродаримиз ҳам бунда муваффақиятга эришди. У: «Мақсадларимни олдиндан билардим, лекин уларни ёзганимдан кейингина уларга эришиш учун кўпроқ ҳаракат қилишни бошладим»,— деб айтди.

Ҳатто ота-онангиз хизматда иштирок этишмаса ҳам ваъзгўйликда қатнашасизми? (15- хатбошига қ.)

15. Нега Яҳовага бағишланиш қарорини шахсан ўзингиз қабул қилишингиз керак?

15 Кишини ўйлантириб қўядиган саволлардан  яна бири қуйидагичадир: «Ота-онангиз ёки дўстингиз Яҳовага хизмат қилмай қўйишса, сиз ҳам шундай йўл тутасизми?» Шуни ёдда тутингки, ўзини Худога бағишлаган ва сувга чўмган масиҳий сифатида Яҳованинг олдида шахсан жавоб берасиз. Яҳовага бўлган хизматингиз ҳеч кимга, ҳатто ота-онангизга ҳам боғлиқ бўлмаслиги даркор. Муқаддас феъл-атвор ва художўйлигингиз сиз танлаган йўл ҳақиқат эканига амин бўлиб, сувга чўмиш сари интилаётганингизни яққол кўрсатади.

МИННАТДОРЧИЛИГИНГИЗ

16, 17. а) Инсонни масиҳий бўлишга нима ундаши лозим? б) Қайси мисол ёрдамида тўлов қурбонлигига миннатдор эканингизнинг сабабини тушунтирса бўлади?

16 Таврот қонунини яхши билган бир одам Исодан: «Тавротнинг қайси амри энг муҳим?» — деб сўраган. Шунда Исо унга жавобан: «Тангринг Яҳовани бутун қалбинг, бутун жонинг ва бутун онгинг билан сев»,— деган. (Мат. 22:35–37) Исонинг бу гапларидан кўриниб турибдики, айнан Яҳовага бўлган севги кишини сувга чўмиб, масиҳий бўлишга ундаши керак. Бундай севгини ўстиришнинг энг зўр йўлларидан бири — У тақдим этган улкан ҳадя, яъни тўлов қурбонлиги устида мушоҳада қилишдир. (2 Коринфликларга 5:14, 15; 1 Юҳанно 4:9, 19 ни ўқинг.) Тўлов қурбонлиги ва у сиз учун нимани англатиши борасида фикр юритиш сизни бу ажойиб ҳадя учун миннатдорчиликни изҳор этишга ундайди.

17 Тўлов қурбонлигига миннатдор эканингизнинг сабабини қуйидаги мисол орқали тушунтирса бўлади. Фараз қилинг, чўкаётганингизда кимдир сизни қутқариб олади. Лекин сиз, ҳеч нима бўлмаганидек, уйга бориб ва кийимларингизни қуритиб, бўлган воқеани унутиб юборасизми? Албаттаки йўқ, чунки сизни қутқарган киши олдида ўзингизни қарздор ҳис қиласиз. Яҳова Таоло ҳамда Исо Масиҳ олдида эса биз ундан-да кўпроқ қарздормиз. Зотан, тўлов қурбонлиги бўлмаганида, ҳар биримиз гуноҳ ва ўлимдан ҳеч қачон қутула олмасдик. Аммо Яҳова шундай улкан севгини намоён этгани туфайли ер юзида бўладиган жаннатда абадий яшаш каби беқиёс умидга эгамиз.

18, 19. а) Яҳовага тегишли бўлишдан нега қўрқмаслигингиз лозим? б) Қай йўсин Яҳовага хизмат қилиш ҳаётингизни яхши томонга ўзгартиради?

18 Яҳова сиз учун қилган ишларни қадрлайсизми? Унда ўзингизни Яҳовага бағишлаб, сувга чўмсангиз, оқилона бўлади. Яҳовага ҳаётни бағишлаш — нима бўлишидан қатъи назар, Унинг иродасини бажаришга ваъда беришдир. Бундай масъулиятни зиммангизга олишдан қўрқишингиз керакми? Асло! Яҳова сизнинг фойдангизни кўзлашини ва «Уни  астойдил излаётганларни мукофотлашини» унутманг. (Иброн. 11:6) Ўзингизни Яҳовага бағишлаш ва сувга чўмиш ҳаётингизни ёмон томонга эмас, аксинча яхши томонга ўзгартиради. Масалан, ўсмир ёшига етишидан олдин сувга чўмган 24 ёшли биродаримиз шундай деб бўлишди: «Балки каттароқ бўлганимда, чуқурроқ билимга эга бўлардим. Аммо ёшлигимда Яҳовага ҳаётимни бағишлаш қарори мени дунёнинг орзу-ҳавасларига берилишдан ҳимоя қилди».

19 Шайтон Яҳовадан нақадар фарқ қилади-я!? У худбин ва сизга умуман ғамхўрлик қилмайди. Қолаверса, унинг тарафида бўлганларга у ҳеч қандай келажакни ҳам тақдим этолмайди. Тўғри-да, ахир у ўзида бўлмаган нарсани қандай қилиб бериши мумкин? Унда на хушхабар, на келажакка бўлган умид бор! Ҳа, Шайтон сизга уни кутаётган қоронғу келажакдан бошқа ҳеч нарсани бера олмайди! (Ваҳ. 20:10)

20. Ёшлар Яҳовага ҳаётини бағишлаш ва сувга чўмиш учун қандай қадамлар қўйишлари мумкин? (Шунингдек, «Маънан ўсишингиз учун ёрдам» номли рамкага қ.)

20 Шак-шубҳасизки, Яҳовага ҳаётни бағишлаш — тўғри қарордир. Агар шу қадамни қўйишга тайёр бўлсангиз, буни орқага сурманг. Бошқа томондан, ҳали тайёр эмасман, деб ўйласангиз, ушбу мақоладаги маслаҳатлар олға интилишингизга ёрдам беради. Павлус Филиппиликларга: «Хуллас, нимага эришган бўлсак, келинглар, бундан буён ҳам одат тусига кирган шу тартибга биноан йўл тутайлик»,— деб ёзган. (Филип. 3:16) Бу маслаҳатга риоя қилсангиз, тез орада Яҳовага ҳаётингизни бағишлаш ва сувга чўмиш истагингиз пайдо бўлади.

^ 7- х.б. Яратувчимиз ва Унинг ижодлари ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишни хоҳласангиз, «Уйғонинг!» (рус) журналининг 2006 йилнинг сентябрь ойидаги сони, «Ҳаётнинг келиб чиқиши. Жавоб талаб қилаётган бешта савол» (рус) рисоласи ҳамда «Ғамхўр Яратувчи бормикан?» (рус) номли китобга қаранг.

^ 13- х.б. «Ёшларнинг саволлари. Амалий маслаҳатлар» (рус) номли китобнинг 2- жилди, 308–309- саҳифаларида келтирилган схема баъзи ёшларга мақсадлар қўйишга ёрдам бериб келмоқда.