Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) МАРТ 2016

Яҳова Ўз халқини ҳаёт йўли бўйлаб етаклайди

Яҳова Ўз халқини ҳаёт йўли бўйлаб етаклайди

Мана йўл, шу йўлдан юринглар. ИШАЁ 30:21

ҚЎШИҚЛАР: 32, 22

1, 2. а) Қандай огоҳлантириш туфайли кўп одамларнинг ҳаёти сақлаб қолинди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.) б) Қайси йўл-йўриқ орқали Худонинг халқи ўз ҳаётини сақлаб қолиши мумкин?

«ТЎХТАНГ, ҚАРАНГ, ЭШИТИНГ». Ушбу сўзлар сон-саноқсиз одамларнинг ҳаётини сақлаб қолган. Бундай сўзларни ўз ичига олган катта белгилар 100 йил олдин Шимолий Америкадаги темир йўл кесишмаларида ўрнатилганди. Бу, поезд тезлик билан келаётганда, турли транспорт воситалари темир йўлни кесиб ўтмаслиги ва у билан тўқнашмаслиги учун қилинганди. Ҳа, бундай огоҳлантиришларга диққатли бўлиш одамларнинг ҳаётини сақлаб қолган.

2 Яҳова бундай огоҳлантирувчи белгиларни ўрнатишдан ҳам яхшироқ ишни қиляпти. У халқини хавф-хатардан сақлаш мақсадида уларнинг олдида туриб, абадий ҳаётга йўл кўрсатяпти. Бундан ташқари, қўйлари хавфли йўллардан юрмасликлари учун Яҳова уларга керакли йўл-йўриқ ва огоҳлантиришлар бериб, меҳрибон чўпон каби йўл тутяпти. (Ишаё 30:21 ни ўқинг.)

ЯҲОВА ЎЗ ХАЛҚИНИ ДОИМ ЙЎНАЛТИРИБ КЕЛГАН

3. Қандай қилиб одамзод ўлимга олиб борувчи йўлдан юра бошлади?

3 Тарих давомида Яҳова одамзодга муайян кўрсатмалар ва йўл-йўриқлар  бериб келган. Масалан, Яҳова Адан боғида илк жуфтликка аниқ кўрсатмалар тақдим этган. Бу кўрсатмалар уларни абадий ва бахтли ҳаёт сари етаклаши мумкин эди. (Ибт. 2:15–17) Одамато ва Момоҳаво бу йўл-йўриқларга амал қилишганларида, азоб-уқубатга тўла ва охири ўлим билан тугайдиган умидсиз ҳаёт каби аянчли оқибатларга йўлиқмаган бўлишарди. Лекин Яҳованинг сўзларига итоат қилишнинг ўрнига, Момоҳаво келиб-келиб ҳайвоннинг гапига қулоқ солган-а! Одамато эса, ўз ўрнида, осий банда бўлмиш хотинининг гапига кирган. Уларнинг иккаласи ҳам Отасининг севги ила берилган йўл-йўриғидан юз ўгиришди. Натижада, бутун одамзод оиласи ҳалокатга учради.

4. а) Нима учун Тўфондан кейин қўшимча йўл-йўриқларга эҳтиёж туғилди? б) Қандай қилиб Яҳова янги вазият орқали Ўз нуқтаи назарини очиб берди?

4 Нуҳнинг даврида ҳам Яҳова инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида йўл-йўриқлар берган. Масалан, Тўфондан кейин Худо қондан сақланиш кераклигини амр қилган. Нима учун бунга эҳтиёж пайдо бўлди? Чунки вазият ўзгарди. Яҳова одамларга ҳайвонларнинг гўштини ейишга рухсат бермоқчи эди. Шунинг учун У: «Лекин этни қони билан емайсизлар. Қонда жон бўлгани учун, Мен буни тақиқлайман»,— деган янги амр берди. (Ибт. 9:1–4) Бу ўзгарган вазият орқали Аллоҳ, Унга тегишли бўлган нарсаларга, жумладан ҳаётга қандай нуқтаи назарда эканини аниқ-равшан кўрсатди. Яратувчи ва ҳаёт Манбаи бўлгани учун Яҳова ҳаётга тегишли қоидаларни ўрнатишга ҳақлидир. Мисол учун, инсон бошқанинг ҳаётига қасд қилишини Яҳова тақиқлаган эди. Зероки, Худо ҳаёт ва қонни муқаддас деб билади ва улардан нотўғри фойдаланганларни жавобгарликка тортади. (Ибт. 9:5, 6)

5. Ҳозир биз нимани кўриб чиқамиз ва нега?

5 Келинг, қандай қилиб Аллоҳ асрлар мобайнида йўл-йўриқ бериб келганининг баъзи мисолларини кўриб чиқайлик. Бу бизга Яҳованинг кўрсатмаларига амал қилиб, янги дунё сари интилишимизга ёрдам беради.

ЯНГИ ХАЛҚ, ЯНГИ ЙЎЛ-ЙЎРИҚЛАР

6. а) Нега Худонинг халқи Мусо орқали берилган қонунларга бўйсуниши керак эди? б) Исроил халқи бу қонунларга қандай муносабатни ривожлантириши лозим эди?

6 Мусо пайғамбарнинг даврида Яҳова Ўз халқига муносиб хулқ-атвор ва топиниш борасида аниқ йўл-йўриқлар берганди. Нима учун? Чунки вазият яна ўзгарди. Икки асрдан зиёд Ёқубнинг авлоди Мисрда қул бўлиб яшаган. Ўшанда Миср халқи ўликларга топиниб, бутларга сиғинган ва Худонинг исмига доғ туширадиган урф-одатларга риоя қилган. Исроил халқи Миср қуллигидан озод қилинганида эса, янги кўрсатмаларга зарурат туғилди. Энди бу халқ қулликка олинган бир гуруҳ одамлар эмас, балки фақатгина Худованд Яҳованинг Қонуни остидаги озод халқ бўлиши керак эди. Баъзи манбаларда айтилишича, «қонун» деб таржима қилинган ибронийча сўз «йўл-йўриқ, кўрсатма бериш» маъносини билдиради. Таврот қонуни Исроил халқини бошқа халқларнинг ахлоқсизлигидан ва сохта дин билан боғлиқ урф-одатларидан ҳимоя қилувчи девор каби бўлган. Исроил халқи Аллоҳга қулоқ солганида, Унинг баракаларини олган; Уни рад этганида эса, ёмон оқибатларга дучор бўлган. (Қонунлар 28:1, 2, 15 ни ўқинг.)

7. а) Нега Яҳова Ўз халқига йўл-йўриқлар берганини тушунтиринг. б) Қайси маънода Таврот Исроил халқи учун тарбиячи каби бўлган?

7 Янги йўл-йўриқлар берилишининг яна бир сабаби шундаки, Таврот қонуни Яҳованинг иродаси билан боғлиқ муҳим бир ўзгаришга, яъни Исо Масиҳнинг келишига ишора қилганди. Бу Қонун Исроил халқига улар номукаммал эканини эслатиб, гуноҳни бутунлайин қоплайдиган мукаммал тўлов қурбонлигига муҳтож эканларини тушунишга ёрдам берганди. (Галат. 3:19; Иброн. 10:1–10) Қолаверса, Таврот Масиҳга олиб борувчи насабномани сақлаб қолишга ва унинг  келишини аниқлашга кўмаклашган. Ҳа, Таврот қонуни вақтинчалик муаллим ёки Масиҳга етаклайдиган «тарбиячи» каби бўлган. (Галат. 3:23, 24)

8. Нима учун биз Тавротдаги принципларга амал қилишимиз керак?

8 Масиҳийлар сифатида биз ҳам Исроил халқига берилган Тавротдаги кўрсатмалардан фойда олишимиз мумкин. Қандай қилиб? Мисол учун, Тавротнинг муҳим принциплари устида мулоҳаза юритсак бўлади. Гарчи биз бу қонунлар остида бўлмасак-да, улардан аксариятини муқаддас Худойимиз Яҳовага топинишимизда ва кундалик ҳаётимизда асқатадиган ишончли кўрсатмалар, деб билишимиз керак. Яҳова бу қонунлар Муқаддас Китобда ёзилишига ғамхўрлик қилган. Чунки Яҳова улардан сабоқ олишимиз, принципларга амал қилишимиз ва масиҳийларнинг юқори ахлоқий меъёрлари учун миннатдор бўлишимизни хоҳлайди. Мана масалан, Исонинг қуйидаги сўзларига эътибор беринг: «Сизлар: “Зино қилма”,— дейилганини эшитгансизлар. Мен эса сизларга шуни айтаманки, аёл кишига эҳтирос билан қараган, аллақачон кўнглида у билан зино қилган бўлади». Шундай экан, биз нафақат зинодан, балки эҳтиросдан ҳам қочишимиз керак. (Мат. 5:27, 28)

9. Қайси янги вазият Худо йўл-йўриқ беришига эҳтиёж пайдо қилди?

9 Исо ваъда қилинган Масиҳ сифатида келганидан кейин янги илоҳий йўл-йўриқлар берилишига ва Яҳованинг нияти янада ойдинлашишига эҳтиёж пайдо бўлди. Зероки, милодий 33 йили Яҳова Исроил халқидан воз кечиб, масиҳийлар жамоатини Ўзининг халқи қилиб танлади. Демак, бундан кўриниб турибдики, вазият яна ўзгарган эди.

РАМЗИЙ ХАЛҚ УЧУН ЙЎЛ-ЙЎРИҚЛАР

10. Нега масиҳийлар жамоатига янги йўл-йўриқлар берилганди ва улар Исроил халқига берилган қонунлардан нимаси билан фарқ қиларди?

10 Биринчи асрда Худонинг халқи Масиҳ ўрнатган тузумни тан олиши керак эди. Ўшанда уларга топиниш ва хулқ-атворга доир янги ҳамда қўшимча йўл-йўриқлар берилди. Худонинг ушбу садоқатли хизматчилари билан янги аҳд тузилганди. Биламизки, Таврот қонуни фақат Исроил халқига берилганди. Рамзий Исроил эса, аксинча, келиб чиқиши ҳар хил бўлган турли миллат вакилларидан ташкил топган. Дарҳақиқат, «Худо юзхотирчилик қилмайди. Аммо Ундан қўрқиб, адолат билан йўл тутган ҳар бир кишини У миллатига қарамай қабул қилади». (Ҳавор. 10:34, 35) Исроил халқи тош лавҳаларда ёзилган қонунларга амал қилиб, ваъда қилинган юртга кира олган. Рамзий Исроил эса «Масиҳнинг қонуни»га амал қилган. Ушбу «қонун» асосан қалбларда ёзилган принципларга таянарди. Масиҳийлар қаерда яшашларидан қатъи назар, ушбу қонунни қўллашлари мумкин ва бу уларга фойда келтиради. (Галат. 6:2)

11. Ҳақ Таолога топинаётганлар ҳаётларининг қайси иккита соҳасида «Масиҳнинг қонунини» қўллашлари мумкин?

11 Худо Ўз Ўғли орқали йўл-йўриқлар тақдим этган ва рамзий Исроилга улар ниҳоятда асқатган. Шунингдек, янги аҳдни тузишдан аввал Исо иккита муҳим амр берган. Улардан бири ваъзгўйлик фаолияти билан боғлиқ эди. Бошқаси эса, Исонинг издошлари ўзларини қандай тутишлари ва имондошларига қандай муносабатда бўлишлари кераклигига қаратилганди. Ушбу кўрсатмалар ҳамма масиҳийларга берилганлиги туфайли, бугунги кунда Ҳақ Таолога топинаётган барча: хоҳ осмонда, хоҳ ерда яшашга умидвор бўлганлар бу йўл-йўриқларга амал қилишади.

12. Ваъзгўйлик ишига қандай ўзгаришлар киритилди?

12 Келинг, Исо шогирдларига топширган хушхабарни ваъз қилиш вазифаси ҳақида тўхталиб ўтайлик. Гап шундаки, бу вазифа янгича услуб ва кенгроқ миқёсда бажарилиши керак эди. Илгари эса, турли халқлардан бўлган одамлар Яҳовага топиниш учун Исроилга боришарди. (3 Шоҳ. 8:41–43) Кейинчалик  Исо Матто 28:19, 20 да (ўқинг) ёзилган амрни берган. Шу амрга биноан, Исонинг шогирдлари «бориб», барча халқларга хушхабарни ваъз қилишлари керак эди. Яҳованинг умумжаҳон ваъзгўйлик ишига нисбатан бундай нуқтаи назари илк бор милодий 33 йилдаги Ҳосил байрамида намоён бўлган. Ўша куни янги жамоатнинг қарийб 120 та аъзоси муқаддас руҳга тўлиб, яҳудийлар ва яҳудий динига кирганларга мўъжизавий тарзда уларнинг она тилларида гапиришди. (Ҳавор. 2:4–11) Кейин улар самарияликларга, милодий 36 йили эса, суннат қилинмаган ғайрияҳудийларга ҳам ваъз қила бошлашди. Дарҳақиқат, «тома-тома кўл бўлур» деганларидек, хушхабар яҳудийлардан тортиб, бутун инсониятгача етиб борди.

13, 14. а) Исонинг «янги амри» нимани ўз ичига олади? б) Исонинг ўрнагидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

13 Энди келинг, имондошларимизга нисбатан қандай муносабатда бўлишимиз кераклигини кўриб чиқайлик. Исо бу борада «янги амр» берганди ва шу амрга кўра, биз имондошимизни нафақат севишимиз, балки у учун ҳатто ҳаётимизни беришга тайёр бўлишимиз керак. (Юҳанно 13:34, 35 ни ўқинг.) Мусонинг қонуни эса буни талаб қилмасди. (Мат. 22:39; 1 Юҳан. 3:16)

14 Исо бизга ажойиб ўрнак қолдирди. Зеро, у шогирдларига фидойи севгини намоён этганди. Ҳа, у шогирдлари учун тайёрлик ила жонини берди ва барча издошларидан ҳам бундай йўл тутишларини кутганди. Шунинг учун, биз имондошларимизни деб, қийинчиликларни бошдан кечиришга ва ҳатто улар учун ўзимизни қурбон қилишга тайёр бўлишимиз керак. (1 Салон. 2:8)

ҲОЗИРГИ ПАЙТ ВА КЕЛАЖАК УЧУН ЙЎЛ-ЙЎРИҚЛАР

15, 16. Қай йўсин бугунги кундаги вазият ўзгарди ва бу янги вазиятда Худо бизга қандай йўл-йўриқлар бериб келмоқда?

15 Айниқса «ишончли ва ақлли хизматкор»ни тайинлаганидан бери Исо издошларини ўз вақтида маънавий озуқа билан таъминлаб келмоқда. (Мат. 24:45–47) Ушбу озуқа янги вазиятларга мос келадиган муҳим йўл-йўриқларни ўз ичига олади.

16 Биз Муқаддас Китобда «охирзамон» деб тилга олинган дамларда яшаяпмиз ва олдинда бизни дунё яратилишидан буён ҳали ҳеч қачон бўлмаган буюк қайғу кутяпти. (2 Тим. 3:1; Марк 13:19) Қолаверса, Шайтон ва унинг жинлари осмондан ҳайдалиб, ер юзига отилгани боис, унда яшовчилар оғир кулфатга йўлиқишган. (Ваҳ. 12:9, 12) Бизга, шунингдек, тарихий ва мисли кўрилмаган ваъзгўйлик кампаниясида иштирок этиш вазифаси топширилган. Бу орқали хушхабар турли тилларда гапирадиган кўпдан-кўп одамларга тарқатиляпти.

17, 18. Берилаётган йўл-йўриқларга қандай муносабатда бўлишимиз керак?

17 Худонинг ташкилоти ваъзгўйлик ишида асқатадиган кўплаб воситаларни тақдим этяпти. Сиз уларни қўллаяпсизми? Бу воситалардан қандай қилиб самарали фойдаланиш мумкинлиги борасида жамоат йиғилишларимизда йўл-йўриқлар оламиз. Сиз уларни Аллоҳдан келаётган раҳбарлик, деб билиб, уларга амал қиляпсизми?

18 Агар Аллоҳ бизга ҳамиша барака ёғдиришини истасак, унда жамоат йиғилишлари орқали берилаётган ҳамма йўл-йўриқларга диққатли бўлишимиз лозим. Ҳозирнинг ўзида итоаткор бўлиш «буюк қайғу»да, яъни Шайтоннинг ёвуз дунёсига чек қўйиладиган пайтда бериладиган йўл-йўриқларга риоя қилишимизга ёрдам беради. (Мат. 24:21) Бундан кейин бизга Шайтоннинг таъсиридан холи бўлган дунёда яшаш учун янги йўл-йўриқлар керак бўлади.

Ер юзидаги жаннатда бизга янги йўл-йўриқлар ёзилган китоблар берилади (19-, 20- хатбошиларига қ.)

19, 20. Инсониятга қандай китоблар берилади ва бунинг натижаси қандай бўлади?

19 Таврот қонуни остида бўлган Исроил халқига ва кейинчалик «Масиҳнинг қонуни» остида бўлган имонлилар жамоатига ҳам  янги йўл-йўриқлар керак эди. Шунга ўхшаб, янги дунёда ҳам, Муқаддас Китобда ёзилишича, бизга янги йўл-йўриқлар ёзилган китоблар берилади. (Ваҳий 20:12 ни ўқинг.) Бу китобларда одамларга ўша пайтга доир Яҳованинг талаблари очиб берилади. Ўшанда бу китобларни ўрганиб, барча одамлар, жумладан тирилганлар ҳам, уларга нисбатан Яҳованинг иродаси нимадан иборат эканини билиб олишади. Шубҳасизки, бу китоблар Яҳованинг фикрлаш тарзини янада чуқурроқ тушунишга кўмаклашади. Бундан ташқари, ер юзидаги жаннатда яшайдиган одамлар бир-бирларига севги ва ҳурматни намоён этишади. Негаки, улар Худонинг илҳомлантирилган Каломини чуқурроқ тушуниб, янги китобларда ёзилганлар бўйича йўл тутишади. (Ишаё 26:9) Шоҳимиз бўлмиш Исо Масиҳ ҳукмронлиги остида қанчалар кўп билимга эга бўлишимизни ва уларни бошқалар билан баҳам кўришимизни бир тасаввур қилиб кўринг-а!

20 Дарҳақиқат, агар «китобларда ёзилгани бўйича» яшаб, охирги синов пайтида ҳам Аллоҳга садоқатни сақласак, У исмларимизни абадулабад «ҳаёт китоби»га ёзиб қўяди. Ҳа, биз айнан шундай ажойиб келажакни қўлга киритишимиз мумкин. Демак, агар ТЎХТАБ Аллоҳнинг Каломини ўқисак, ҚАРАБ унинг мағзини чақсак ҳамда бугунги кунда берилаётган Худонинг йўл-йўриқларини ЭШИТИБ уларга риоя қилсак, буюк қайғуда омон қолиб, тубсиз донолик ва севгининг Соҳиби — Аллоҳ Яҳова ҳақида абадий билим олиш истиқболига эга бўламиз! (Воиз 3:11; Рим. 11:33)