Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) МАРТ 2016

Ҳизқиё Қуддуснинг қамал қилинишини бажонидил тасвирлаган

Пайғамбарларнинг фидойилигига тақлид қилинг

Пайғамбарларнинг фидойилигига тақлид қилинг

СИЗДА қадимги пайғамбарлар билан бирон ўхшашлик борми? «Муқаддас Китобни англамоқ» энциклопедиясида (рус) «пайғамбар» сўзига шундай изоҳ берилган: «Худонинг хоҳиш-иродасини бандаларига етказувчи ва илоҳий хабарларни бошқаларга эълон қилувчи киши». Бу хабарлар башоратларни ўз ичига олиши мумкин, лекин ҳар доим ҳам эмас. Аллоҳнинг вакиллари сифатида пайғамбарлар, шунингдек, Унинг таълимотлари, амрлари ва ҳукмларини хабарлаб юришган. Гарчи башорат қилиб юрмасангиз-да, сиз Худонинг Каломида ёзилган нарсаларни ваъз қилиб, Унинг тарафдори эканингизни кўрсатяпсиз. (Мат. 24:14)

Бошқаларга Тангри Яҳова ҳақида айтиш ва одамзодга нисбатан Унинг иродаси нимадан иборат экани борасида таълим бериш — биз учун улкан шарафдир! Ушбу ишда биз «само ўртасида учиб кетаётган» фаришта билан бирга қатнашяпмиз. (Ваҳ. 14:6) Аммо шунга қарамай, баъзи қийинчиликлар дастидан бу иш қанчалар шарафли эканини унутиб қўйишимиз ҳеч гап эмас. Қизиқ, бу қандай қийинчиликлар экан? Масалан, чарчоқ, ҳафсаламиз пир бўлиши ёки ўзимизни кераксиздек ҳис қилиш шулар жумласидандир. Қадимги пайғамбарлар ҳам бунга дуч келишган, аммо ҳечам таслим бўлишмаган. Яҳова эса, ўз ўрнида, уларга топшириқларини бажаришга кўмаклашган. Келинг, бир неча пайғамбарларнинг мисоли орқали ўзимизга қандай сабоқ олишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.

УЛАР ЖОН-ЖАҲДИ БИЛАН ҲАРАКАТ ҚИЛИШГАН

Кундалик ташвишлари дастидан толиқиб, ўзимизни ваъзгўйликка чиқишга ҳолимиз йўқдек ҳис қилишимиз мумкин. Тўғри, биз дам олишимиз керак, ахир Исо ва унинг ҳаворийлари ҳам бундай қилишган. (Марк 6:31) Лекин, келинг, Қуддусдан Бобилга қул қилиб олиб кетилган исроилликларга Худонинг хабарларини эълон қилган Ҳизқиё пайғамбарни эслайлик. Бир куни Худо Ҳизқиёга ғишт олиб, унинг устига Қуддус расмини чизишни айтади. Кейин унга 390 кун мобайнида чап томонида, 40 кун эса ўнг  томонида ёнбошлаб ётиб, шу йўсин қуршовга олинган шаҳарни тасвирлашни амр этади. Бундан сўнг Яҳова Ҳизқиёга шундай дейди: «Мана, қамалингнинг муддати тугамагунча бир томондан бошқа томонга ўгирилмаслигинг учун, Мен сени арқонлар билан боғлаб ташлайман». (Ҳиз. 4:1–8) Шубҳасизки бу, асирликка олинган исроилликларнинг эътиборини жалб қилган. Бир йилдан зиёд Ҳизқиё уни жисмонан чарчатадиган тартибга риоя қилиши керак эди. Қизиқ, Ҳизқиё бу топшириқни қандай бажарар экан?

Ҳизқиё нега пайғамбар сифатида юборилганини яхши тушунган. Ҳизқиёни юбораётганида, Аллоҳ унга: «Бу... халқ [исроилликлар] гапингга қулоқ соладими, йўқми, Мен уларнинг олдига пайғамбарни юборганимни билиб қўйишсин»,— деб айтади. (Ҳиз. 2:5) Ҳизқиё Аллоҳ унга айнан шу мақсадда вазифа берганини ёдида сақлаган. Шунинг учун у Қуддуснинг қамал қилинишини бажонидил тасвирлаб берган. Дарҳақиқат, у ростдан ҳам пайғамбар бўлиб чиқди! «Қуддус қулади»,— деган хабар Ҳизқиё ва у билан асирликка олиб кетилган одамларгача етиб келганида, исроилликлар уларнинг орасида пайғамбар борлигини тан олишди. (Ҳиз. 33:21, 33)

Бугунги кунда биз одамларга Шайтоннинг дунёси вайрон қилинадиган пайт яқинлашиб қолганини эълон қиляпмиз. Гарчи жисмонан толиқсак ҳам, кучимизни Худонинг Каломидаги хушхабар билан бўлишишга, такрорий ташрифлар қилишга ва Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказишга сарфлаймиз. Бу дунёнинг охири билан боғлиқ башоратлар амалга ошяпти экан, «Худонинг хоҳиш-иродасини бандаларига етказувчи»лар қаторида бўлганимиздан қалбимиз қувончга тўладир!

УЛАР УМИДСИЗЛИКНИ ЕНГИШДИ

Биз Яҳованинг руҳи ёрдамида хизматда жон куйдиряпмиз. Аммо шу билан бирга, баъзида одамларнинг хушхабарга бўлган муносабатидан тушкунликка тушишимиз мумкин. Шундай пайтда Еремиё пайғамбарнинг мисолини эслаш айни муддаодир. У Аллоҳнинг хабарини исроилликларга эълон қилгани учун уни мазахлашган, дилини оғритишган ва пичинг қилишган. Шунда у ҳатто: «Бўлди, Эгам ҳақида сўзламайман, Унинг номидан гапирмайман»,— деб айтган. Еремиё ҳам бизникига ўхшаш ҳис-туйғуларни бошдан кечирган. Лекин шунга қарамай, у Худонинг хабарини айтишдан тўхтамаган. Нима учун? У шундай деб давом этди: «Сенинг сўзинг олов каби ичимни ёндиради, ўт қўйгандай суякларимни зирқиратади. Сўзингни ичимда сақлаб туришдан чарчадим, ҳа, уни бошқа ушлаб тура олмайман». (Ерм. 20:7–9)

Шу сингари, агар одамларнинг хушхабарга бўлган муносабатидан руҳимиз тушаётган бўлса, биз эълон қилаётган хабар устида мулоҳаза юритиб, бундай ҳис-туйғудан халос бўлишимиз мумкин. Шунда гўё ичимиз ёниб, суякларимиз зирқирагандек бўлади. Агар Муқаддас Китобни мунтазам ўқисак, бу, ичимиздаги олов доим ёниб туришига ёрдам беради.

УЛАР САЛБИЙ ҲИС-ТУЙҒУЛАРНИ ЕНГИШДИ

Баъзи масиҳийлар топшириқ олишганда, уни қандай бажариш кераклигини ва бу топшириқ нега айнан уларга берилганини тушунмай, ўзларини йўқотиб қўйишади. Бундай ҳис-туйғулар Ҳўшея пайғамбарга ҳам таниш бўлган. Яҳова унга: «Бориб фоҳиша аёлга уйлан, у сенга бегона эркаклардан орттирган фарзандлар туғиб беради»,— деган буйруқ берганди. (Ҳўш. 1:2) Агар сиз ҳам уйланмоқчи бўлсангиз-у, лекин Худо сизга қаллиғингиз фоҳиша бўлишини айтса, ўзингизни қандай ҳис қилишингизни тасаввур қилиб кўринг. Ҳўшея пайғамбар бу вазифани олишга рози бўлди. У Гўмерани хотинликка олди ва Гўмера унга ўғил туғиб берди. Кейинчалик у бир қиз ва яна бир ўғилни дунёга келтирди. Улар Гўмеранинг бошқа эркаклардан орттирган фарзанди бўлгани эҳтимолдан йироқ эмас. Яҳова Ҳўшеяга унинг бўлажак рафиқаси ҳақида: «У ўйнашларининг кетидан қувиб етолмайди»,— деб айтган. Бу ерда «ўйнашлари», деб кўпликда ишлатилганига эътибор беринг. Шунча ишни қилиб қўйгандан кейин Гўмера Ҳўшеянинг олдига қайтишга ҳаракат қилади. Агар сиз Ҳўшеянинг ўрнида бўлганингизда, хотинингизни қабул қилармидингиз? Яҳова Ҳўшеяга айнан шундай йўл тутишни буюрган. Шунда Ҳўшея Худога қулоқ солиб, хотинини қимматга сотиб олган. (Ҳўш. 2:7; 3:1–5)

Ҳўшея бу топшириқни бажаришнинг қандай фойдаси борлиги ҳақида бош қотирган бўлиши мумкин. Бироқ шунга қарамасдан, у Худо айтгандай йўл тутган ва бу мисол бизга Исроил халқи Тангри Таолога хиёнат қилганида У қандай оғриқни ҳис қилганини тушунишга ёрдам беради. Гарчи шундай бўлса-да, айрим самимий исроилликлар Худога қайтишганди.

Бугунги кунда ҳеч биримизга Аллоҳ: «Фоҳиша аёлга уйлан»,— деб айтмайди. Аммо шунга қарамай, биз бундай топшириқни тайёрлик ила қабул қилган  Ҳўшеядан қайси жиҳатдан ўрнак олишимиз мумкин? Масалан, ҳатто қийин бўлса ҳам, Худо Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни «эл олдида ҳамда уйма-уй юриб» эълон қилишга тайёр бўлишимиз даркор. (Ҳавор. 20:20) Эҳтимол, ваъзгўйликнинг баъзи усуллари сиз учун қийин туюлар. Тўғри, Яҳова Шоҳидлари билан тадқиқ ўтган кўп одамлар Муқаддас Китобни тадқиқ қилишдан завқ олишади. Лекин хушхабарни уйма-уй ваъз қилишга келганда, улар буни ҳеч қачон қилмасликларини айтишади. Кейинчалик эса улардан аксарияти улар учун қачонлардир имконсиз бўлган ишни қилишни бошлайди. Хўш, бундан ўзингиз учун сабоқ олдингизми?

Ҳўшея қийин вазифани олишга рози бўлганидан яна бир сабоқ олишимиз мумкин. Унда хотинига алоқадор шундай рамзий воқеанинг иштирокчиси бўлишдан бош тортишга кўп сабаблари бўлган. Агар Ҳўшея бундай воқеа ҳақида ўз баёнотида ёзмаганида, ҳеч ким бу ҳақда билмасди. Бизда ҳам Яҳова ҳақида кимгадир айтишга имкон туғилар, лекин биз шу имкониятдан фойдаланамизми ёки: «Барибир, ҳеч ким билмайди-ку»,— деб жим турамизми? Қўшма Штатларда ўрта мактаб ўқувчиси бўлган Анна шунга ўхшаш вазиятга дуч келди. Ўқитувчи ўқувчиларга ўзлари ёқтирган бирон-бир мавзуда иншо ёзиб, ундаги фикрларга бутун синфни ишонтиришга ҳаракат қилишлари кераклигини айтади. Бу вазиятда Анна шоҳидлик бериш фурсатини қочириши мумкин эди. Бироқ Анна бу, Худо берган имконият эканини ҳис қилганди. Бошқалар унинг гапларини қандай қабул қилиши мумкинлигини тушунган ҳолда Анна Яҳовага ибодат қилади ва унда бу имкониятни қўлдан бой бермаслик истаги жўш уради. Натижада у «Эволюция ва фактлар» деган мавзуга иншо ёзади.

Ёшлар пайғамбарларга тақлид қилиб, бошқаларнинг олдида Яҳовани Яратувчимиз сифатида жасорат ила тан олишади

Анна иншосини бутун синф олдида ўқиб берганида, эволюция назариясига ишонган бир қиз уни саволлар билан кўмиб ташлади. Анна ўз эътиқодини муваффақият ила ҳимоя қилди. Бундан таъсирланган ўқитувчи энг ишонтирарли иншо учун Аннага мукофот берди. Ўшандан кейин Анна унга саволлар берган қиз билан яратилиш ҳақида кўп суҳбатлашди. Яҳовадан ушбу «топшириқни» қабул қилгани натижасида Анна нималарга эришгани ҳақида шундай фикр билдирди: «Энди хушхабарни қўрқмасдан ваъз қиляпман».

Гарчанд тўла маънода пайғамбарлар бўлмасак-да, Ҳизқиё, Еремиё ва Ҳўшея каби пайғамбарларнинг фидойилигига тақлид қилиб, Яҳованинг иродасини бажо этишда қатнашишимиз мумкин! Оилавий топиниш ёки шахсий тадқиқ пайтида қадимдаги пайғамбарлар ва уларнинг ўрнагига қандай тақлид қилишимиз мумкинлиги борасида фикр юритиш нақадар арзигулик мақсад, шундай эмасми?