Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) МАРТ 2016

Бирлигимизни мустаҳкамлашга қандай ҳисса қўша оласиз?

Бирлигимизни мустаҳкамлашга қандай ҳисса қўша оласиз?

У орқали тананинг барча аъзолари бўғинлар ёрдамида ўзаро бирикиб,.. бир-бири билан ҳамкорлик қилади. ЭФЕС. 4:16

ҚЎШИҚЛАР: 53, 16

1. Яратилишнинг илк дамлариданоқ Худонинг ижодларини нима ажратиб турган?

ЯҲОВА билан Исо яратилишнинг бошиданоқ ҳамжиҳат бўлишган. Доноликнинг рамзи бўлган Худонинг илк ижоди ҳақида шундай ёзилган: «Мен унинг [Яҳованинг] ёнида мусаввир эдим, қошида кундан-кунга завқланиб, доимо қувонардим». (Ҳик. 8:30) Бугун биз кўриб турган ҳайвонот ва наботот олами — Ота ва ўғил меҳнатининг маҳсулидир. Дарҳақиқат, Худонинг ижодларида ҳамжиҳатлик алоҳида ўрин касб этиб келган. Буни биз Нуҳ пайғамбар кема қурганидан, Аллоҳнинг халқи чўлда кезиб юрганида чодирнинг қурилиши, жиҳозланиши ва кўчирилишидан кўра оламиз. Қолаверса, маъбадда мусиқа янграганида, Яҳовага жўр бўлиб куйланган ҳамду сано қўшиқлари ҳам бирликнинг мисоли бўла олади. Ҳа, бу барча ҳаракатларни ҳамкорлик бирлаштириб турган. (Ибт. 6:14–16, 22; Саҳ. 4:4–32; 1 Сол. 25:1–8)

2. а) Биринчи масиҳий жамоатни нима ажратиб турарди? б) Бу мақолада қайси саволларни муҳокама қиламиз?

2 Ҳамжиҳатликда меҳнат қилиш Исо бошчилигидаги биринчи масиҳий жамоатни ажратиб турган. Ҳаворий Павлуснинг  тушунтиришича, гарчи ҳар бир мойланган масиҳий ҳар хил инъомга эга бўлиб, хизматнинг бошқа-бошқа турида қатнашиб, турли фаолиятлар олиб борса-да, «битта танани ташкил этади». (1 Коринфликларга 12:4–6, 12 ни ўқинг.) Бугун-чи? Хушхабарни ваъз қилишда қандай қилиб биргаликда ҳамкорлик қилишимиз мумкин? Жамоатда ва оилада қай йўсин якдилликни сақлай оламиз?

ВАЪЗГЎЙЛИКДАГИ ҲАМЖИҲАТЛИК

3. Ҳаворий Юҳанно қандай ваҳий кўрган?

3 Милодий биринчи асрнинг сўнгида ҳаворий Юҳанно еттита фаришта ҳақида ваҳий кўрган. Уларнинг ҳар бири карнайларни чалишган. Бешинчи фаришта карнайини чалганида, пайғамбар осмондан ерга тушган «юлдузни» кўрган. Ушбу юлдуз қўлидаги калит билан тубсизлик қаърини очганди. Шунда тутун кўтарилиб, ер юзига чигирткалар чиқиб келди. Рамзий чигирткалар ер юзидаги ҳеч бир ўсимликка зиён келтирмасдан, «фақат пешонасида тамғаси йўқ одамларга» зарар етказишди. (Ваҳ. 9:1–4) Ҳеч шубҳасиз, Юҳанно ўша чигирткалар қанчалар катта вайронагарчилик келтиришини билган. Ахир Мусонинг даврида Мисрни чигирткалар босиб кетганди-ку! (Чиқ. 10:12–15) Пайғамбар ваҳийда кўрган рамзий чигирткалар Яҳованинг даҳшатли ҳукмларини эълон қилаётган мойланган масиҳийларни тасвирлайди. Ҳозир уларга ер юзида яшашга умидвор бўлган миллионлаб инсонлар ҳам қўшиляпти. Дарҳақиқат, биргаликда қилаётган ваъзгўйлик ишимиз Шайтоннинг дунё бўйлаб ёлғон дин орқали ўтказаётган таъсирини йўққа чиқараётганининг ажабланарли жойи йўқ!

4. Худонинг халқи қандай ишни бажариши лозим ва улар бунинг уддасидан қандай чиқишади?

4 Яҳованинг халқига ушбу замонанинг охиригача «хушхабарни» бутун жаҳон бўйлаб ваъз қилиш сингари муҳим вазифа берилган. (Мат. 24:14; 28:19, 20) Бу, «ҳар бир чанқаган» инсонни «ҳаёт сувини текинга» ичишга таклиф қилишни ўз ичига олади. (Ваҳ. 22:17) Биз масиҳий жамоатнинг аъзолари сифатида қандай қилиб бунинг уддасидан чиқа оламиз? Бунда бизга фақатгина «ўзаро бирикиб,.. бир-биримиз билан ҳамкорлик қилиш» ёрдам беради. (Эфес. 4:16)

5, 6. Хушхабарни ваъз қилганимизда қандай қилиб бирликни намоён этамиз?

5 Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни иложи борича кўпроқ инсонлар билан бўлишиш учун ваъзгўйлик ишини бир ёқадан бош чиқариб бажаришимиз керак. Шу сабабдан, дунё бўйлаб жамоатлар орқали бизга йўл-йўриқлар берилади. Улар эса бизни ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилишга тайёрлайди. Масалан, ваъзгўйлик хизмати учрашувидан кейин Шоҳлик ҳақидаги хабарни одамларга эълон қилишга отланамиз. Хушхабарни оғзаки равишда ёки Муқаддас Китобга асосланган миллионлаб адабиётлар орқали етказамиз. Сиз-чи, махсус ваъзгўйлик кампанияларида иштирок этиш билан боғлиқ йўл-йўриқларга амал қилишга интиляпсизми? Шундай йўл тутиб, Ваҳий 14:6 даги «само ўртасида учиб кетаётган» фариштанинг хабарини эълон қилаётган миллионлаб одамларга қўшилган бўласиз.

6 «Йилнома»дан умумжаҳон фаолиятимизнинг натижалари ҳақида ўқиш нақадар ҳаяжонли-я!? Боз устига, ҳудудий, махсус ва халқаро анжуманларга таклифномаларни тарқатиш бизни қанчалар бирлаштириши ҳақида бир ўйлаб кўринг! Бундай йиғилишларда биз Муқаддас Китобга асосланган руҳлантирувчи нутқларни тинглаб, драма ҳамда намойишларни томоша қиламиз. Улар бизни Худога бутун вужудимиз билан хизмат қилишга чорлайди. Шу сингари, Исонинг ўлимини хотирлаш ҳам бизни жипслаштиради. Худонинг иноятига миннатдорчилигимизни билдирган ва Исонинг йўл-йўриғига итоат қилган ҳолда, барчамиз ҳар йили 14 нисонда, қуёш ботгандан сўнг, мана шу маросимга йиғиламиз. (1 Кор. 11:23–26) Унга барча  одамлар ташриф буюришлари мумкин. Қутлуғ Кечликдан бир неча ҳафта олдин биз имкон борича кўпроқ одамларни ушбу муҳим маросимга таклиф қиламиз.

7. Бирга хизмат қилиш орқали нимага муваффақ бўламиз?

7 Битта чигиртканинг кучи ҳеч нарсага етмайди. Шунга ўхшаб, якка ўзимизнинг ҳаракатларимиз ҳам аҳамиятсиз бўлиши мумкин. Аммо ҳамнафас бўлиб ҳаракат қилганимизда, миллионлаб инсонларнинг диққатини шон-шараф ва ҳамду саноларга лойиқ бўлган Яҳова Таолога қаратишга муваффақ бўламиз! Лекин бундай ҳамкорлик Худонинг халқи ҳамжиҳат эканининг ягона мисоли эмас.

ЖАМОАТДАГИ ҲАМЖИҲАТЛИК

8, 9. а) Масиҳийлар бирликни сақлашлари кераклигини таъкидлаб, Павлус қандай мисол келтирган? б) Қандай қилиб жамоатнинг якдиллигига ҳисса қўша оламиз?

8 Павлус Эфесликларга йўллаган мактубида жамоатнинг тузилиши ҳақида ёзиш билан бирга «ҳамма нарсада... ўсиб бориш» кераклигини ҳам таъкидлаган. (Эфесликларга 4:15, 16 ни ўқинг.) Мазкур маслаҳатга ҳар биримиз қандай амал қилишимиз мумкин? Исо Масиҳ бошчилигидаги жамоатнинг бирлигига диққат қаратиб, Павлус инсон танасини мисол қилиб келтирган. Унинг сўзларига кўра, «бўғинлар ўзаро бирикиб, ҳар бир аъзо ўзига ажратилган муҳим вазифани бажарган» ҳолда бир-бири билан ҳамкорлик қилади. Ёш ё қари, кучли ё нимжон бўлишимизга қарамай, қандай қилиб ҳар биримиз жамоатнинг маънан ўсишига ва якдиллигига ҳисса қўша оламиз?

9 Биз жамоатда йўл-йўриқлар бериш учун Исо томонидан тайинланган биродарларга, яъни оқсоқолларга бўйсуниш ва уларни ҳурмат қилиш орқали ҳамжиҳатликни сақлай оламиз. (Иброн. 13:7, 17) Буни қилиш ҳар доим ҳам осон бўлмаслиги мумкин, лекин шундай пайтларда аминлик ила Худодан Унинг раҳбарлигини сўрасак бўлади. Зеро Яҳованинг муқаддас руҳи бизга жамоат орқали бериладиган йўл-йўриқларни бутун қалбимиз билан қўллаб-қувватлашга кўмаклашади. Шундай экан, агар биз берилган йўл-йўриққа амал қилишга қийналаётган бўлсак, камтарлик ила ҳамкорлик қилишимиз жамоатнинг бирлигига қандай ҳисса қўшиши ҳақида мулоҳаза юритишимиз керак. Устига-устак, бундай масалаларда биргаликда ҳаракат қилсак, севгида ўсиб борамиз.

10. Жамоат хизматкорлари жамоатнинг бирлигига қандай ҳисса қўшишади? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

10 Жамоат хизматкорлари жамоатдаги бирликка беқиёс ҳисса қўшишади. Бу биродарлар ёшлари нечада бўлишидан қатъи назар, барчанинг фойдасини кўзлаб, фидокорона хизмат қилишади. Масалан, улар ваъз қилиш учун етарлича адабиётларимиз бўлишига қайғуриб, оқсоқолларга ёрдам беришади. Шулар баробарида, жамоат хизматкорлари Йиғилиш Залларининг тозалигига ва уларнинг таъмирланишига ғамхўрлик қилишади. Шунингдек, йиғилишларга ташриф буюрганларни ҳам кутиб олишади. Биз улар билан ҳамкорлик қилсак, жамоатимизда ҳамжиҳатлик ҳукм суришига ҳисса қўшган бўламиз ва ҳаммамиз Яҳовага бир маромда хизмат қила оламиз. (Ҳаворийлар 6:3–6 ни солиштиринг.)

11. Жамоатда ҳамжиҳатлик бўлиши учун ёш биродарлар нималар қилишяпти?

11 Кўплаб оқсоқоллар жамоатларида анча йиллардан бери жонкуярлик ила хизмат қилиб келишяпти. Аммо ёшлари ўтган сайин улар илгаригидек кўп масъулиятни зиммасига ололмас ва шундай пайтларда ёшроқ биродарлар уларга ёрдам беришлари мумкин. Гарчи ёш биродарлар унчалик тажрибага эга бўлишмаса ҳам, оқсоқолларнинг берган таълими орқали улар кўпроқ масъулиятли вазифаларни олишга лаёқатли бўлишади. Ахир жамоат хизматкорлари оқсоқол бўлишса, нақадар ажойиб-а!? (1 Тим. 3:1, 10) Бундан  ташқари, айрим ёш оқсоқоллар туман нозири сифатида кўпгина жамоатларда биродару опа-сингилларга хизмат қилишмоқда. Наҳотки улар тайёрлик ила кўрсатаётган кўмаги учун миннатдор бўлмасак?! (Забур 109:3; Воиз 12:1 ни ўқинг.)

ОИЛАДАГИ ҲАМЖИҲАТЛИК

12, 13. Барча оила аъзоларига бир-бири билан ҳамкорлик қилишга нима ёрдам беради?

12 Ҳамкорлик қилиш ҳақида гап борар экан, келинг, қандай қилиб оилада ҳамжиҳатликни сақлашимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик. Кўплар шуни англаб етишдики, ҳар ҳафта самарали оилавий топиниш ўтказиш ёшу қарининг муносабатларини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Бу ёқимли дамларда маънавий ишлар билан банд бўлиб, оиламизнинг якдиллигига ҳисса қўшамиз. Ваъзгўйлик хизматига тайёргарлик кўриш эса оила аъзоларига моҳирона шоҳидлик беришга кўмаклашади. Шунингдек, оила аъзолари Худонинг Каломи ҳақидаги фикрлари билан бўлишганларида, бир-бири билан иноқлашади. Зеро улар битта Худони севиб, Унинг иродасини бажаришни исташади.

Оилавий топиниш ёшу қарининг ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлайди (12, 15- хатбошиларига қ.)

13 Яҳовани шарафлаш учун турмуш қурган жуфтликлар ҳамжиҳатликни сақлаш йўлида нима қилишлари мумкин? Иккови ҳам Яҳованинг содиқ хизматчилари бўлган турмуш ўртоқлар ўзаро ҳамжиҳат бўлишса, бу уларга хурсандчилик келтиради. Иброҳим ва Сора, Исҳоқ ва Ривқо, Элқана ва Ханна каби жуфтликлар бир-бирини севишган. Биз ҳам бунда уларга тақлид қилишимиз мумкин. (Ибт. 26:8; 1 Шоҳ. 1:5, 8; 1 Бутр. 3:5, 6) Бу бизни умр йўлдошимиз билан бирлаштириб, самовий Отамизга яқинлаштиради. (Воиз 4:12 ни ўқинг.)

14. Агар турмуш ўртоғингиз Яҳовага хизмат қилмаётган бўлса, никоҳингизни қай йўсин мустаҳкам сақлай оласиз?

14 Масиҳийлар имондош бўлмаганлар билан битта бўйинтуруққа қўшилишдан қочишлари керак. (2 Кор. 6:14) Оила аъзоларининг дини ҳар хил бўлган имондошларимиз ҳақида нима деса бўлади? Баъзи имондошларимиз ҳақиқатни турмуш қургандан кейин билишгани сабаб, уларнинг умр йўлдоши Яҳованинг Шоҳиди эмас. Аммо шунга қарамасдан, Муқаддас Китоб принципларини қўллаш оилада ҳамжиҳатлик ҳукм суришига ёрдам беради. Бу, қўлдан келганча тинчликни сақлаб, уюшқоқлик ила ҳаракат қилишни ўз ичига олади. Балки бу қандайдир қийинчиликлар туғдириши мумкин, аммо ҳаракатларингиз албатта тақдирланади. Масалан, турмуш ўртоқлардан бири жамоатдан узоқлашганда, Муқаддас Китоб меъёрларини қўллаш айниқса осон кечмаслиги мумкин. Имондошимиз Мэри ҳам шундай вазиятга дуч келган. У эри Дейвид билан бирга Яҳовага хизмат қиларди, бироқ кейинчалик Дейвид йиғилишларга бормай қўйди. Бу ҳол тахминан 25 йил давом этди. Лекин Мэри шунда ҳам йиғилишларни ва анжуманларни қолдирмасди ҳамда оилада Муқаддас Китоб принципларини қўллашга ҳаракат қилиб, олтита фарзандини тарбиялади. Фарзандлари вояга етиб, уйни тарк этишганида, Мэри ўзини жуда ёлғиз ҳис қилди. Ўшанда Дейвид хотини у учун қолдириб кетадиган журналларни ўқишни бошлади. Вақт ўтиб, у йиғилишларга қатнайдиган бўлди ва унинг олти яшар набираси бобоси учун жой олиб қўярди. Дейвид йиғилишга бормаганида эса, набираси унга: «Бобо, бугун сизни йиғилишда кутдим»,— деб айтарди. Ҳозир Дейвид қувонч ила хизмат қилиб келяпти ва Мэри ҳам яна турмуш ўртоғи билан биргаликда Яҳовага топинаётганидан бахтли.

15. Кекса имондошлар ёшларга қандай ёрдам бера олишади?

15 Бугунги кунда Шайтон оилаларга ҳужум қилаётган экан, Худонинг хизматчилари никоҳларида бирдамликни сақлашлари ўта муҳим. Турмуш қурганингизга қанча бўлганидан қатъи назар, шахсан сизнинг хатти-ҳаракатларингиз  ва сўзларингиз қандай қилиб никоҳингизни мустаҳкамлаши ҳақида ўйлаб кўринг. Бу борада жамоатдаги кекса имондошлар ёшларга ёрдам беришлари мумкин. Баъзида турмуш қурган ёш жуфтликни оилавий топинишга таклиф қилсангиз бўлади. Шунда улар никоҳда неча йил бўлишларига қарамай, севги ва ҳамжиҳатликни намоён этиш муҳим эканини кўришади. (Титус. 2:3–7)

«ЧИҚАЙЛИК ЭГАМИЗНИНГ ТОҒИГА!»

16, 17. Худонинг бирлашган халқи нимани орзиқиб кутяпти?

16 Исроил халқи Қуддусга, Яҳовага топинишга кетаётганда, бир-бири билан ҳамкорлик қилишган. Улар сафарга тайёргарлик кўришган ва сафар давомида бир-бирининг эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиб, биргаликда маъбадда топинишган. Уларнинг барча ҳаракатлари ҳамжиҳатликни талаб қиларди. (Луқо 2:41–44) Биз ҳам янги дунёга сафарни давом эттирар эканмиз, бир-биримиз билан якдил бўлиб, ҳамкорлик қилишимиз лозим. Бу эса мунтазам ва астойдил ҳаракат қилишимизни талаб қилади. Бу соҳада ўз устингизда қандай қилиб кўпроқ ишлай олишингиз ҳақида ўйлаб кўринг.

17 Бизни кутаётган баракаларни тасаввур қилинг! Бу дунёда оддий ҳол бўлиб қолган бўлинишлар ва тартибсизликдан аллақачон холи бўлганмиз. Зотан, художўй одамлар «Эгамизнинг тоғи» бўйлаб ҳамжиҳатлик ила кўтарилиб бораётгани ҳақидаги Ишаё ва Михо пайғамбарларнинг башоратлари амалга ошаётганини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. (Ишаё 2:2–4; Михо 4:2–4 ни ўқинг.) Дарҳақиқат, ушбу охирзамонда Яҳовага топинишда ҳар қачонгидан ҳам якдилмиз! Бутун одамзод бир-бири билан ҳамжиҳатлик ила ҳамкорлик қиладиган пайтда яшаш қанчалар қувонч ва бахт келтиришини фараз қилиб кўринг!