Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) МАЙ 2016

Яҳова тақдим этаётган маънавий озуқадан тўлиқ фойдаланинг

Яҳова тақдим этаётган маънавий озуқадан тўлиқ фойдаланинг

Мен Эгангиз Худоман! Яхши бўлинг, деб сизларга йўл-йўриқ кўрсатаман. ИШАЁ 48:17

ҚЎШИҚЛАР: 20, 37

1, 2. а) Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобга қандай муносабатдалар? б) Сиз Муқаддас Ёзувларнинг қайси қисмини ёқтирасиз?

ЯҲОВАНИНГ ШОҲИДЛАРИ Муқаддас Китобни яхши кўришади. Боиси, унда аниқ йўл-йўриқлар мавжуд бўлиб, у бизга тасалли ва умид бахш этади. (Рим. 15:4) Биз уни инсоний фикрлар мажмуаси эмас, балки «ҳақиқатан ҳам... Аллоҳ каломи», деб биламиз. (1 Салон. 2:13)

2 Шак-шубҳасизки, Муқаддас Китобда биз ёқтирган парчалар бор. Айримлар, Яҳованинг шахсияти Ўғлида акс этганини ажойиб тарзда тасвирловчи Инжилдаги тўртта баёнотни ўқиб, завқ олишади. (Юҳан. 14:9) Бошқалар эса, башоратларни ўз ичига олган Муқаддас Ёзувларнинг қисмларини, масалан «яқинда юз берадиган воқеаларни» ўзида мужассам этган Ваҳий китобини ёқтиришади. (Ваҳ. 1:1) Баъзилар Забур саноларидан тасалли топишади, яна бошқалар эса Ҳикматлар китобидаги амалий маслаҳатларни ўқиб, маза қилишади. Чиндан ҳам, Муқаддас Китоб ҳаммабоп китобдир.

3, 4. а) Адабиётларимизга қандай муносабатдамиз? б) Қайси адабиётларимиз фақат муайян гуруҳ одамларига мўлжалланган?

3 Муқаддас Китобни яхши кўрганимиз учун, унга асосланган адабиётларни ҳам жон деб ўқиймиз. Мисол учун, китоблар,  рисолалар, журналлар ва бошқа адабиётларимизни қадрлаймиз. Яҳовадан бўлган бу озуқа бизга маънан тўқ ва ҳушёр бўлишга ҳамда «имонда... мустаҳкам» қолишга ёрдам беришини биламиз. (Титус. 2:2)

4 Адабиётларимиз Яҳова Шоҳидларининг ҳаммасига тегишли бўлса-да, улардан баъзилари фақат муайян гуруҳ одамларига мўлжалланган. Баъзи маълумот айнан ёшларга тааллуқли бўлса, айрими ота-оналарга ёрдам беришга қаратилган. Чоп этиладиган ва веб-сайтимизда жойлаштириладиган маълумотнинг аксарияти Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган кенг омма учун кўзланган. Маънавий озуқанинг мўл-кўллиги Яҳова «жамики халқлар учун ажойиб зиёфат тайёрлаш» ваъдаси устидан чиққанини кўрсатяпти. (Ишаё 25:6)

5. Яҳова нимани қадрлашига амин бўлишимиз мумкин?

5 Аксариятимиз Муқаддас Китобни ва унга асосланган адабиётларни ўқиш учун вақтимиз кўпроқ бўлишини орзу қиламиз. Муқаддас Китобни мунтазам ўқиб, уни тадқиқ қилиш мақсадида «ҳар фурсатдан унумли фойдаланиш» учун қилган ҳаракатларимизни Яҳова албатта қадрлашига амин бўлишимиз мумкин. (Эфес. 5:15, 16) Шуни тан олиш керакки, бизга берилаётган маънавий озуқанинг барчасига ҳам бирдек диққат қарата олмаймиз. Шундай бўлса-да, биз кичик бир хатардан хабардор бўлишимиз керак. Қизиқ, у қандай хатар экан?

6. Маънавий озуқадаги фойдали нарсаларни назардан четда қолдиришимизга нима сабаб бўлиши мумкин?

6 Хатар шундан иборатки, маънавий озуқанинг муайян тури менга тегишли эмас, деб ўйлаганимиз учун, баъзи фойдали нарсаларни назаримиздан четда қолдиришимиз мумкин. Мана шу ҳақда ўйлаб кўринг: Муқаддас Китобнинг қайсидир парчаси вазиятимизга тўғри келмаса ёки биз муайян адабиётнинг асосий ўқувчилари қаторига кирмасак, бу маълумотга шунчаки кўз югуртириб чиқамизми ёки уни ҳатто ўқимаймизми? Мабодо шундай қилсак, ўзимизни фойдали маълумотдан маҳрум этган бўламиз. Бундай тузоққа тушишдан ўзимизни қандай асрашимиз мумкин? Энг муҳими, ҳар биримиз бизда мавжуд бўлган маънавий неъматларнинг Манбаи Аллоҳ эканини унутмаслигимиз лозим. Унинг Ўзи Ишаё пайғамбар орқали шундай деган эди: «Мен Эгангиз Худоман! Яхши бўлинг, деб сизларга йўл-йўриқ кўрсатаман». (Ишаё 48:17) Шундай экан, бизда бор маънавий озуқани ва Муқаддас Китобдаги парчаларни ўқишни фойдали қилишга ёрдам берадиган учта маслаҳатни кўриб чиқайлик.

МУҚАДДАС КИТОБНИ ЎҚИШНИ ФОЙДАЛИ ҚИЛИШ УЧУН МАСЛАҲАТЛАР

7. Нега Муқаддас Китобни ўқишга холисона ёндашишимиз керак?

7 Холисона равишда ўқинг. Аллоҳнинг Каломида: «Ҳар бир Муқаддас Ёзув Худо томонидан илҳомлантирилган бўлиб,.. фойдалидир»,— деб аниқ-равшан айтилган. (2 Тим. 3:16) Тўғри, Муқаддас Китобнинг айрим парчалари даставвал муайян шахсга ёки бир гуруҳ одамларга қаратилган эди. Лекин шунга қарамай, биз Муқаддас Ёзувларни холисона равишда ўқишимиз керак. Бир биродаримиз шундай деб бўлишди: «Муқаддас Китобни ўқиганимда, ҳар бир парчадан бир нечта сабоқ олишим мумкинлигини эсда сақлашга ҳаракат қиламан. Буни ёдда тутиш яққол кўринмайдиган фикрларни излашга чорлайди». Аллоҳнинг Каломини ўқишдан олдин, бунга холисона ёндашиш ҳамда Яҳова истагандек ўрнак олиш учун, Ундан донолик сўраб ибодат қилсак, оқилона бўларди. (Эзра 7:10; Ёқуб 1:5 ни ўқинг.)

Муқаддас Китобни ўқиш фойдали бўлиши учун сиз нима қиляпсиз? (7- хатбошига қ.)

8, 9. а) Муқаддас Китобни ўқиётганимизда, ўзимизга қайси саволларни берсак бўлади? б) Оқсоқоллар учун талабалар Яҳова тўғрисида нимани очиб беряпти?

8 Ўзингизга саволлар беринг. Муқаддас Китобдаги муайян парчани ўқиётганингизда, бироз тўхтаб, ўзингизга қуйидаги саволларни бериб кўринг: «Бу менга Яҳова ҳақида нимани  ошкор этяпти? Буни ҳаётимда қандай қўллай оламан? Бошқаларга кўмаклашиш мақсадида бу маълумотдан қандай фойдалансам бўлади?» Муқаддас Китобни ўқиётганимизда бундай саволлар устида мулоҳаза юритсак, кўпроқ сабоқлар олишимиз турган гап. Мана масалан, оқсоқоллар учун Муқаддас Ёзувлардаги талаблар ҳақида ўйлаб кўринг. (1 Тимўтийга 3:2–7 ни ўқинг.) Кўпчилигимиз оқсоқол бўлмаганимиз учун, бу маълумот бизнинг ҳаётимизга унча тегишли эмас, деган хулосага келишимиз мумкин. Аммо юқоридаги саволларга қандай жавоб бериш мумкинлиги борасида ўйласак, бу талаблар рўйхати бизга кўп томонлама фойдали бўла олишини кўрамиз.

9 Бу парча менга Яҳова ҳақида нимани ошкор этяпти? Яҳова бундай рўйхатни бериб, жамоатда масъулиятни зиммасига олганлар Унинг юқори талабларига мос келиши кераклигини кўрсатяпти. Аллоҳ улардан бошқаларга ибрат бўлишларини кутади ва «Ўз Ўғлининг қони эвазига сотиб олган жамоатга» кўрсатган муносабатлари учун уларни жавобгар деб билади. (Ҳавор. 20:28) Яҳова, тайинланган оқсоқолларнинг қарамоғида ўзимизни хавфсиз ҳис қилишимизни хоҳлайди. (Ишаё 32:1, 2) Демак, бундай нуқтаи назардан олиб қараганда, оқсоқоллар учун талаблар Яҳова бизга қанчалик ғамхўр эканини очиб беряпти.

10, 11. а) Оқсоқоллар учун талаблар рўйхатини ўқиётганимизда, бу маълумотни ҳаётимизда қандай қўллай оламиз? б) Бошқаларга кўмаклашиш мақсадида бу маълумотдан қандай фойдалансак бўлади?

10 Бу маълумотни ҳаётимда қандай қўллай оламан? Вақти-вақти билан оқсоқол Худонинг бу талаблари асосида ўзини текшириб, қайси соҳаларда ўзгариши мумкинлигини кўриб чиқиши даркор. «Нозир бўлишга интилган» биродар мазкур талабларга ўта диққатли бўлиб, уларга мос келиш учун қўлидан келганча ҳаракат қилиши керак. (1 Тим. 3:1) Аслини олганда, ҳар бир масиҳий бу оятларда келтирилган талаблардан сабоқ олиши мумкин, чунки Яҳова барча масиҳийлар уларнинг аксариятига мос келишини истайди. Мисол учун, ҳар биримиз мулоҳазакор ва ақли расо бўлишимиз лозим. (Филип. 4:5; 1 Бутр. 4:7) Оқсоқоллар «сурувга ўрнак кўрсатишар» экан, биз улардан намуна олиб, «имонларига эргашишимиз» мумкин. (1 Бутр. 5:3; Иброн. 13:7)

11 Бошқаларга кўмаклашиш мақсадида бу маълумотдан қандай фойдалансам бўлади? Ушбу талаблар рўйхати ёрдамида, ташкилотимиздаги оқсоқоллар христиан оламидаги руҳонийлардан қанчалик фарқ қилишини  қизиқувчиларга ёки Муқаддас Китобни ўрганаётган кишиларга кўрсатсак бўлади. Боз устига, рўйхатни кўриб чиқаётганда, жамоатимиздаги азиз оқсоқоллар фойдамизни кўзлаб қанча ҳаракат қилишаётганини ҳам эслармиз. Уларнинг саъй-ҳаракатлари ҳақида фикр юритиш, орамизда «қунт билан меҳнат қилаётганларга» ҳурматимизни оширади. (1 Салон. 5:12) Бундай меҳнатсевар биродарларга қанчалик кўп ҳурмат кўрсатсак, шунча қувончларига қувонч қўшган бўламиз. (Иброн. 13:17)

12, 13. а) Бизда бор қўлланмалар ёрдамида, қай йўсин изланиш олиб борсак бўлади? б) Қандай қилиб умумий маълумот дарҳол кўзга ташланмайдиган сабоқларни кўришга кўмаклашади? Мисол келтиринг.

12 Изланиш олиб боринг. Бизда бор қўлланмалардан фойдаланиб, мана шундай маълумотни излаб кўрсак бўлади:

  • Муқаддас Ёзувлардаги бу парчани ким ёзган?

  • У қаерда ва қачон ёзилган?

  • Муқаддас Китобнинг бу қисми ёзилаётганда, қандай воқеалар юз берган?

Шунга ўхшаш умумий маълумот дарҳол кўзга ташланмайдиган сабоқларни кўришга ёрдам беради.

13 Масалан, Ҳизқиё 14:13-, 14- оятларни кўриб чиқайлик. У ерда шундай дейилган: «“Агар бирор юртнинг аҳолиси Менга бўлган садоқатини унутиб, гуноҳга қўл урса, Мен уларга қарши қўлимни кўтариб, бутун юртга очарчилик юбораман. Одамларни бир бурда нонга зор қиламан. Юртдаги одаму ҳайвонларни қириб ташлайман. Бундай халқ орасида ҳаттоки Нуҳ, Дониёр ва Аюб пайғамбарлар яшаган тақдирда ҳам, улар солиҳлиги билан фақат ўз жонларини сақлаб қолган бўлишарди”, деб айтмоқда Эгамиз Раббий». Сал-пал изланиш олиб бориб, Ҳизқиёдаги бу парча тахминан мил. авв. 612 йилда ёзилганини билиб оламиз. Ўша пайтга келиб, Нуҳ ва Аюб анча асрлар олдин вафот этишган бўлса ҳам, уларнинг садоқати Худонинг хотирасида сақланиб қолганди. Бироқ Дониёр ҳали ҳам тирик эди. Яҳова Нуҳ ва Аюб сингари Дониёр ҳам адолатли экани ҳақида айтганида, Дониёр деярли 20 ёшларда бўлгани эҳтимолдан йироқ эмас. Бундан нимани ўрганишимиз мумкин? Яҳова барча содиқ хизматчиларининг, жумладан, ёш бўлганларнинг бенуқсонлигини кўриб, буни жуда қадрлайди. (Заб. 148:12–14)

ҲАР ХИЛ АДАБИЁТЛАРИМИЗДАН ФОЙДАЛАНИНГ

14. Ёшлар учун мўлжалланган маълумот уларга қандай ёрдам беради ва бу нимаси билан бошқаларга фойдали бўла олади? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

14 Аллоҳнинг Каломидаги ҳамма парчаларни тадқиқ қилишни ўзимиз учун фойдали деб топсак, бизга тақдим этилаётган маънавий озуқанинг барчаси биз учун фойдали бўла олади. Келинг, бир нечта мисолларга эътибор қаратайлик. Ёшларга мўлжалланган маълумот. Ўтган йиллар ичида адабиётларимизнинг кўп қисми ёшлар учун чиқарилганди. * Бундай маълумот ёшларга мактабдаги босим ёки ўсмирлик давридаги қийинчиликларга қарши туришда ёрдам беради. Хўш, бу маълумот ҳар биримиз учун нимаси билан фойдали бўлиши мумкин? Уни ўқиганимизда, художўй ёшлар қанақа қийинчиликларга дуч келишаётганини билиб оламиз. Шунда ўз томонимиздан уларга қандай кўмаклашиб, далда бера олишимизни аниқлаймиз.

15. Нега ёшлар учун кўзланган маълумотга катталар ҳам қизиқишлари керак?

15 Агар ёшлар учун мўлжалланган маълумотни катталар ўқишса, бу уларни камситадими? Йўқ, албатта! Негаки, ёшлар учун кўзланган мавзулар барча масиҳийларга тааллуқлидир. Мисол учун, ҳар биримиз эътиқодимизни ҳимоя қилишимиз, ҳис-туйғуларимизни назорат қилишимиз, тенгдошларнинг зарарли таъсирига берилмаслигимиз, ёмон мулоқот ва ўйин-кулгилардан қочишимиз даркор. Гарчи ёшларга аталган маълумот уларга тегишли қилиб баён этилса-да, у Муқаддас  Ёзувлардаги ўзгармас принципларга асосланган ва шу боис ҳар биримиз учун фойдали бўлиши мумкин.

16. Яна қайси жиҳатдан адабиётларимиз ёшларга асқатади?

16 Ёшларга муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беришдан ташқари, адабиётларимиз уларга маънан ўсишда ва Яҳова билан дўстликни мустаҳкамлашда асқатади. (Воиз 12:1, 13 ни ўқинг.) Шу жиҳатдан ҳам бундай адабиётларимиз катталарга фойдалидир. Масалан, «Уйғонинг!» журналининг (рус) 2009 йил апрель сонидаги «Ёшларнинг саволлари» туркумида «Муқаддас Китобни ўқиш завқ келтириши учун нима қилсам бўлади?» номли мақола бор. Ўша мақолада бир нечта маслаҳатлар берилган ва унда рамка ҳам мавжуд. Уни қирқиб олишингиз ва Муқаддас Китобингизда сақлаб, тадқиқ пайтида ундан фойдаланишингиз мумкин. Хўш, катталар учун ҳам бу мақола фойдали бўлдими? Оилали бир аёл шундай фикр билдирди: «Мен учун Муқаддас Китобни ўқиш доим қийин бўлган. Ўша мақоладаги маслаҳатларга жиддий ёндашдим ва рамкани қирқиб, ундан фойдаланадиган бўлдим. Энди Муқаддас Китобни жон деб ўқияпман. Муқаддас Ёзувларнинг қисмлари ўз уйғунлиги билан чиройли тўқилган гиламга ўхшаш эканини кўрдим. Ҳали ҳеч қачон Муқаддас Китобни ўқишдан шунчалик қувонч топмагандим».

17, 18. Кенг омма учун қаратилган маълумотни ўқишнинг бизга қанақа фойдаси бор? Мисол келтиринг.

17 Кенг оммага қаратилган маълумот. 2008 йилдан бери «Қўриқчи минораси» журналининг асосан Яҳованинг Шоҳидлари учун чиқарилаётган янги нашрини, яъни тадқиқ сонини мароқ билан ўқиб келяпмиз. Лекин хусусан кенг омма учун мўлжалланган журналларимиз ҳақида-чи, нима деса бўлади? Уларни ҳам ўқиш бизга фойдали бўла оладими? Мана бир мисол. Фараз қилинг, бир куни, оммавий нутқдан олдин, сиз таклиф қилган киши Йиғилиш Залига келганини кўриб қолдингиз. Ўшанда хурсанд бўлишингиз шубҳасиз. Маърузачи нутқини гапириб бераётган пайтда сиз ўша киши ҳақида ўйлаб, айтилаётган маълумот унга қандай таъсир қилиши ва ҳаётини қандай ўзгартириши мумкинлиги борасида фикр юритасиз. Натижада, нутқдан кейин ўша мавзу учун миннатдорчилигингиз янада ошади.

18 Кенг оммага кўзланган маълумотни ўқиганимизда, худди шундай ҳис-туйғуларни бошдан кечиришимиз мумкин. Масалан, «Қўриқчи минораси»нинг тарқатиш сонида Муқаддас Ёзувлардаги мавзулар Яҳованинг Шоҳиди бўлмаганлар ҳам тушуна оладиган тарзда ёритиб берилади. Веб-сайтимиздаги «Кўпчиликни қизиқтирадиган саволлар» туркумида чиқадиган мақолаларнинг аксарияти ҳам шу тарзда ёзилган. У ердаги маълумотни ўқиганимизда, бизга таниш бўлган ҳақиқатлар учун миннатдорлигимиз ошади. Қолаверса, ўзгаларга эътиқодимизни тушунтиришнинг янгича йўлларини ўргансак бўлади. Шунга ўхшаб, «Уйғонинг!» журнали ҳам Ҳақ Таолога бўлган ишончимизни мустаҳкамлайди ва эътиқодимизни бошқалар олдида ҳимоя қилишни ўрганишимизга ҳисса қўшади. (1 Бутрус 3:15 ни ўқинг.)

19. Маънавий озуқа учун Яҳовага қай йўсин миннатдорчилигимизни намоён эта оламиз?

19 Ростдан ҳам, Яҳова «маънавий нарсаларга чанқоқлигимизни» қондириш учун бизга сероб озуқа беряпти. (Мат. 5:3) Шунинг учун келинг, маънавий озуқанинг барчасидан фойдаланишда давом этайлик! Бундай йўл тутсак, манфаатимизни кўзлаб бизга таълим бераётган Аллоҳга миннатдорчилик билдирган бўламиз! (Ишаё 48:17)