Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Қўриқчи минораси (тадқиқ сони)  |  Май 2016

Сиз шахсий қарорларни қандай чиқарасиз?

Сиз шахсий қарорларни қандай чиқарасиз?

Яҳованинг иродаси қандай эканини англаб олинглар. ЭФЕС. 5:17

ҚЎШИҚЛАР: 11, 22

1. а) Муқаддас Китобдаги баъзи қонун-қоидаларни мисол тариқасида келтиринг. б) Уларга бўйсуниш бизга қандай фойда келтиради?

ТАНГРИ ЯҲОВА Каломи орқали бизга баъзи қонун-қоидаларни берган. Мисол учун, У зино, бутпарастлик, ўғрилик ва ичкиликбозликни тақиқлаган. (1 Кор. 6:9, 10) Яҳованинг Ўғли Исо ҳам издошларига: «Боринглар, барча халқлардаги одамларга таълим бериб, менга шогирд тайёрланглар. Уларни Ота, Ўғил ва муқаддас руҳ номи билан сувга чўмдиринглар. Мен сизларга амр этган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар. Бу замонанинг охиригача мен доимо сизлар билан бўламан»,— деган ўзгача бир амрни берган. (Мат. 28:19, 20) Ҳа, илоҳий қонун-қоидалар биз учун кучли ҳимоя бўла олади! Уларга амал қилиш ўзимизга бўлган ҳурматни оширади, соғлигимизни яхшилайди ва оилада ҳақиқий бахтга эриштиради. Энг муҳими эса, Яҳованинг қонун-қоидаларига, жумладан ваъз қилиш амрига бўйсунганимизда, Унинг розилигига ва баракаларига эга бўламиз.

2, 3. а) Нега Муқаддас Китобда ҳар бир вазиятга доир муайян қонун-қоида йўқ? б) Бу мақолада қайси саволларни муҳокама қиламиз? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

2 Лекин Муқаддас Китобда ҳар бир вазиятга доир муайян қонун-қоида йўқ. Мисол учун, Муқаддас Ёзувларда қайси турдаги  кийим масиҳийларга мос бўлиши тўғрисида аниқ қоидалар келтирилмаган. Бу, Яҳова қанчалар доно эканини кўрсатяпти. Гап шундаки, кийиниш услуби ва маданияти жойдан-жойга фарқ қилибгина қолмай, ҳар ўн йил ичида ўзгариб ҳам туради. Агар Муқаддас Китобда кийиниш ва пардознинг муайян усуллари санаб чиқилганида эди, ҳозир улар замоннинг талабига жавоб бермасди. Шунга ўхшаш сабабларга кўра, Аллоҳнинг Каломи иш, саломатлик ва ўйин-кулги масаласида масиҳийнинг қарорига таъсир қиладиган кўплаб қоидалар ўрнатмайди. Шунинг учун, бу масалаларда шахсан ёки оила боши сифатида қарор чиқариш масиҳийнинг ихтиёрига қўйиб берилган.

3 Демак, ҳаётимизга таъсир қиладиган муҳим қарорни чиқараётиб, Муқаддас Китобда бу вазиятга мос амрни топмаганимизда, шундай деб ўйланиб қолишимиз мумкин: «Қабул қилган қарорим билан Яҳова қизиқармикан? Каломидаги қонунларни бузмаган ҳолда чиқарилган ҳар қандай қарорни Худо маъқуллайверадими? Қабул қиладиган қарорим Уни қувонтиришига қандай амин бўла оламан?»

ҚАРОРЛАРИМИЗ ЎЗИМИЗГА ВА БОШҚАЛАРГА ТАЪСИР ҚИЛАДИ

4, 5. Қарорларимиз ўзимизга ва бошқаларга қандай таъсир қилиши мумкин?

4 Айрим одамлар қандай хоҳласам, шундай йўл тутаман, деб ўйлашади. Бироқ биз Яҳовани мамнун қиладиган қарорларни чиқариш учун, Унинг Каломида ёзилган қонунлар ва принципларни ўрганиб, уларга амал қилишимиз лозим. Масалан, Аллоҳнинг розилигини олиш учун, биз Унинг қон тўғрисидаги қонунига мувофиқ йўл тутишимиз керак. (Ибт. 9:4; Ҳавор. 15:28, 29) Муқаддас Ёзувлардаги қонунлар ва меъёрлар асосида қарор чиқаришда эса бизга ибодат ёрдам беради.

5 Муҳим қарорлар маънавий соғлигимизга ва камолотимизга таъсир ўтказмай қўймайди. Чиқарган ҳар бир қароримиз Яҳова билан муносабатларимизга яхши ёки ёмон таъсир қилиши мумкин. Тўғри қарор Аллоҳ билан муносабатимизни мустаҳкамлайди, нотўғриси эса уни барбод қилади. Боз устига, нотўғри қарор бошқаларни маънавий томонлама жароҳатлаши, ҳатто қоқинтириши ёки жамоатнинг якдиллигига путур етказиши мумкин. Бундан хулоса шуки, қарорларимиз чиндан ҳам ўзимизга ва бошқаларга таъсир қилар экан. (Римликларга 14:19; Галатияликларга 6:7 ни ўқинг.)

6. Қарор чиқараётганимизда, нимани инобатга олишимиз керак?

6 Муқаддас Китобда аниқ қонун-қоида берилмаган вазиятларда қанақа йўл тутамиз? Бундай пайтда шунчаки ўз манфаатимизни кўзламай, вазиятни икир-чикиригача ўрганиб, Яҳовани мамнун қиладиган қарор чиқаришимиз лозим. Ўшанда чиқарган қароримизга Яҳова барака ёғдиришига амин бўлишимиз мумкин. (Забур 36:5 ни ўқинг.)

ЯҲОВАНИНГ ИРОДАСИНИ АНГЛАЙЛИК

7. Муқаддас Китобда аниқ қонун-қоида бўлмаган вазиятларда Яҳованинг иродасини қандай англашимиз мумкин?

7 Сиз: «Яҳованинг Каломида муайян вазиятга тегишли аниқ қонун-қоида берилмаганида, У нимани маъқуллашини қандай билса бўлади?» — деб қизиқарсиз. Эфесликларга 5:17 да шундай дейилган: «Яҳованинг иродаси қандай эканини англаб олинглар». Муқаддас Китобда аниқ қонунлар бўлмаган ҳолларда Яҳованинг иродасини қандай англашимиз мумкин? Унга ибодат қилиб, муқаддас руҳи орқали берадиган йўл-йўриғини қабул қилсак, бунинг уддасидан чиқамиз.

8. Исо Отаси ундан нимани хоҳлаётганини англашга интилганини қандай кўрсатган? Мисол келтиринг.

8 Келинг, Исонинг мисолини кўриб чиқайлик. У доимо Отаси ундан нимани хоҳлаётганини англашга интилган. Аллоҳнинг Каломида  баён этилган иккита вазиятда Исо аввал ибодат қилган, кейин эса мўъжизавий тарзда кўпчиликни тўйдирган. (Мат. 14:17–20; 15:34–37) Бироқ ўзи оч қолиб, Иблис томонидан саҳрода васвасага солинганида, тошларни нонга айлантиришдан бош тортган. (Матто 4:2–4 ни ўқинг.) Исо Яҳованинг фикрлаш тарзини яхши билгани учун, бу вазиятда тошларни нонга айлантирмаслик кераклигини тушунган. Ҳа, илоҳий кучни ўз фойдасига ишлатиш Аллоҳнинг иродасига мувофиқ эмаслигини Исо яхши биларди. У бундай қилишдан юз ўгириб, йўл-йўриқ ва озиқ-овқат керак бўлганда, Яҳова уни ташлаб қўймаслигига амин эканини кўрсатган.

9, 10. Оқилона қарорлар чиқаришда бизга нима ёрдам беради? Мисол келтиринг.

9 Агар Исо каби оқилона қарорлар чиқаришни истасак, Яҳовадан йўл-йўриқ сўраб, Унга таянишимиз даркор. Биз қуйидаги доно сўзларга биноан йўл тутишимиз керак: «Ўз ақл-идрокингга суянма, бутун қалбинг билан Эгамизга ишон. Ҳар ишингда Эгамизни эътироф эт, шунда У йўлларингни тўғрилайди. Ўзингни доно ҳисоблама. Эгамиздан қўрқ. Ёмонликдан юз ўгиргин». (Ҳик. 3:5–7) Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш орқали Яҳованинг фикрлаш тарзини ўргансак, ҳар бир вазиятда У қандай йўл тутишимизни истаётганини англай оламиз. Яҳованинг нуқтаи назарини қанча яхшироқ билсак, юрагимиз Унинг йўл-йўриғига нисбатан шунча сезгир бўлади. (Заб. 118:11, 12)

10 Мана бир мисол. Турмушга чиққан бир аёл дўконларни айланиб юрганида, чиройли бир пойабзалга кўзи тушиб қолади. Лекин нархи жуда қиммат бўлади. Шунда у: «Шунча пул сарфласам, эрим нима дейди?» — деб ўйланиб қолади. Гарчи эри олдида бўлмаса ҳам, бунга қандай муносабат билдиришини у билади. Қизиқ, қаердан? Бирга яшаган давр ичида у пул сарфлаш масаласида эрининг нуқтаи назарини анча ўрганиб олганди. Шунинг учун, бу аёл эри бундай харидга қандай муносабатда бўлишини англади. Шунга ўхшаб, Яҳованинг фикрлари ва йўлларини қанча кўп ўргансак, турли вазиятларда У қандай йўл тутишимизни истаётганини англашда шунча такомиллашиб бораверамиз.

ЯҲОВАНИНГ НУҚТАИ НАЗАРИНИ ҚАНДАЙ БИЛСА БЎЛАДИ?

11. Муқаддас Китобни ўқиганимизда ёки тадқиқ қилганимизда, ўзимизга қайси саволларни бериб кўрсак бўлади? (« Аллоҳнинг Каломини тадқиқ қилаётиб, ўзингиздан шундай деб сўранг» номли рамкага қ.)

11 Яҳованинг фикрлаш тарзини ўрганиш учун, шахсий тадқиқни биринчи ўринга қўйишимиз лозим. Аллоҳнинг Каломини ўқиганимизда ёки тадқиқ қилганимизда, ўзимиздан: «Бу парча менга Яҳова, Унинг адолатли йўллари ва фикрлаш тарзи ҳақида нимани очиб беряпти?» — деб сўрашимиз мумкин. Биз сано бастакори Довуд каби нуқтаи назарга эга бўлишимиз керак. У шундай деган эди: «Эй Эгам, йўлларингни менга кўрсат, сўқмоқларингни менга ўргат. Ҳақиқатинг йўлидан мени бошлаб ўргатгин, Нажоткорим Худо Ўзингсан, кун бўйи Сендан умид қиламан». (Заб. 24:4, 5) Муқаддас Китобдаги бирор баёнот устида мулоҳаза юритганингизда, ўзингизга шундай саволлар бериб кўринг: «Мен бу маълумотни ҳаётимда қандай қўллай оламан? Ундан қаерда фойдалансам бўлади? Уйдами? Ишдами? Мактабдами ё хизматдами?» Маълумотни қаерда қўлламоқчи эканимизни аниқласак, ундан қандай фойдаланишимиз мумкинлигини англаш осонроқ кечади.

12. Қай йўсин адабиётларимиз ва йиғилишларимиз бизга турли вазиятларда Яҳованинг нуқтаи назарини билишда қўл келади?

12 Яҳованинг фикрлаш тарзини ўрганиш учун, шунингдек, Унинг ташкилоти томонидан Муқаддас Китобга асосланиб берилаётган йўл-йўриқларга ўта диққатли бўлиш керак. Масалан, «Қўриқчи Минораси  Жамияти нашрларининг кўрсаткичи» ва «Яҳованинг Шоҳидлари изланиш олиб бориши учун қўлланма» номли адабиётлар шахсий қарор чиқаришимизни талаб қиладиган турли вазиятларда Яҳованинг нуқтаи назарини аниқлашда қўл келади. Устига-устак, биз йиғилишларда диққатли бўлиш ва қатнашишдан ҳам кўп фойда оламиз. У ерда ўргатилаётган нарсалар устида мулоҳаза юритиш бизга Яҳованинг нуқтаи назарини янада кўпроқ билиб олишга ва У каби фикр юритишга кўмаклашади. Яҳова тақдим этаётган маънавий озуқадан самарали фойдаланганимиз сари, Унинг йўлларини кўпроқ ўрганамиз. Охир-оқибатда, Яҳовани мамнун қиладиган қарорлар чиқариб, Унинг қут-баракаларига сазовор бўламиз.

ЯҲОВАНИНГ НУҚТАИ НАЗАРИГА АСОСЛАНИБ ҚАРОР ЧИҚАРАЙЛИК

13. Яҳованинг нуқтаи назарини билиш доно қарорлар чиқаришимизга кўмаклашиши мумкинлигини кўрсатувчи мисол келтиринг.

13 Келинг, Яҳованинг нуқтаи назарини билиш доно қарорлар чиқаришимизга кўмаклашиши мумкинлигини кўрсатувчи мисолга эътибор қаратайлик. Эҳтимол, доимий кашшоф сифатида тўла вақтли хизматда иштирок этишни хоҳлаётгандирмиз. Бу истакни рўёбга чиқариш учун, биз қадамлар қўйишни бошлаб, ҳаётимизни соддалаштирармиз. Лекин озроқ пул ва камроқ нарсалар билан чиндан ҳам бахтли бўла оламанми, дея ташвишланишимиз ҳам мумкин. Албатта, кашшоф бўлиб хизмат қилишимиз кераклиги борасида Муқаддас Китобда қонун йўқ. Қолаверса, биз шундоғам Яҳовага садоқат ила хизмат қилишни давом эттира оламиз. Аммо Исо ишонтирганидек, Шоҳликни деб қурбонликларга тайёр бўлган ҳаммага мўл-кўл баракалар ёғдирилади. (Луқо 18:29, 30 ни ўқинг.) Бундан ташқари, Муқаддас Ёзувларга кўра, «мақтов назрлари»ни келтириб, ҳақ топинишни олға суриш учун қувонч билан қўлимиздан келганини қилиш Яҳовани хушнуд этади. (Заб. 118:108; 2 Кор. 9:7) Наҳотки Муқаддас Китобдаги бу фикрлар ва йўл-йўриқ сўраб қилинган ибодатлар орқали Яҳованинг фикрлаш тарзини англаб етмасак?! Ҳа, бундай фикрлар устида мулоҳаза юритсак, бизга фойда келтирадиган ва самовий Отамизни мамнун қиладиган қарорлар чиқара оламиз.

14. Кийиниш услубимиз Яҳовага ёқиш-ёқмаслигини қандай аниқласак бўлади?

14 Яна бир мисол. Фараз қилинг, сиз ўзгача бир услубда кийинишни ёқтирасиз. Лекин бундай кийинсангиз, жамоатдагиларнинг баъзиларига бу хуш келмаслиги мумкинлигини биласиз. Устига-устак, Муқаддас Китобда бундай тарзда кийинишни ман этадиган қоида ҳам йўқ. Қизиқ, Яҳова бу вазиятга қандай қарайди? Ҳаворий Павлус шундай маслаҳат  берганди: «Аёллар... ўзларини турли хил ўрилган сочлар, олтин, марваридлар ва қимматбаҳо либослар билан эмас, балки покиза кийим, ор-номус ва фаҳм-фаросат билан, худотарс аёлларга муносиб равишда, хайрли ишлари билан безашларини истайман». (1 Тим. 2:9, 10) Умуман олганда, бу маслаҳат биродарларга ҳам тегишли. Яҳованинг хизматчилари эканмиз, нафақат ўз манфаатимизни кўзлашимиз, балки кийимимиз ва пардоз-андозимиз бошқаларга қандай таъсир қилиши ҳақида ҳам ўйлашимиз даркор. Агар камтарин бўлсак, бошқалар кийимимизга нисбатан қандай нуқтаи назарда бўлишини инобатга оламиз. Имондошларимизни севганимиз учун эса, уларнинг дилини оғритмасликка ёки ғашига тегмасликка ҳаракат қиламиз. (1 Кор. 10:23, 24; Филип. 3:17) Дарҳақиқат, Муқаддас Ёзувлардаги фикрларни ёдда тутсак, Яҳованинг бу вазиятга нисбатан нуқтаи назарини англаб, Уни хушнуд этадиган қарорлар чиқара оламиз.

15, 16. а) Агар жинсий ахлоқсизлик ҳақида орзу-хаёлларга берилишда давом этсак, Яҳова нимани ҳис қилади? б) Ўйин-кулгини танлаётиб, у Яҳовага ёқиш-ёқмаслигини қаердан билсак бўлади? в) Муҳим қарорлар қандай чиқарилиши лозим?

15 Муқаддас Китобда айтилишича, одамлар ёмон йўлдан юришганда ва «уларнинг кўнглида фақат қабиҳ ният» бўлганда, Яҳова қаттиқ ранжир экан. (Ибтидо 6:5, 6 ни ўқинг.) Демак, хулоса қилсак бўладики, секс ҳақида орзу-хаёлларга берилиб, шаҳватни қўзғатиш нотўғридир, сабаби бу, Яҳованинг фикрлаш тарзига зид бўлиб, оғир гуноҳга етаклаши мумкин. Исонинг шогирди Ёқуб шундай деб ёзган эди: «Юқоридан тушган донолик эса биринчидан пок, иккинчидан тинчликпарвар, мулоҳазакор, бўйсунувчан, раҳм-шафқатли ва яхши самараларга бой, беғараз ҳамда риёсиздир». (Ёқб. 3:17) Шундай экан, нопок фикрларни уйғотадиган ва ахлоқсизликка ундайдиган ўйин-кулгининг ҳар қандай туридан қочишимиз лозим. Фаҳм-фаросатли масиҳийлар Яҳова нафратланадиган нарсаларни ўз ичига олган китоб, кино ёки ўйин масиҳийларга мос келиш-келмаслигини бошқалардан суриштиришмайди. Чунки бундай масалаларга нисбатан Яҳованинг нуқтаи назарини Унинг Каломидан билиб олишади.

16 Шундай масалалар борки, улар турлича ечилиши мумкин ва Яҳова бу ечимларнинг ҳеч биридан хафа бўлмайди. Муҳим қарорлар чиқаришдан олдин эса, маслаҳат сўраш учун гоҳида оқсоқоллар ёки бошқа тажрибали масиҳийларга мурожаат қилиш тавсия этилади. (Титус. 2:3–5; Ёқб. 5:13–15) Шубҳасизки, бошқалардан биз учун қарор чиқаришларини сўраш ноўрин бўлади. Масиҳийлар зеҳнни ишга солишни ўрганишлари зарур. (Иброн. 5:14) Ҳаммамиз ҳаворий Павлуснинг: «Ҳар ким ўз аравасини ўзи тортади»,— деган сўзларига мувофиқ йўл тутишимиз даркор. (Галат. 6:5)

17. Яҳовани мамнун қиладиган қарорлар чиқариш қайси жиҳатдан фойдали?

17 Агар Яҳованинг нуқтаи назарига асосланиб қарор чиқарсак, Унга янада яқинлашамиз. (Ёқб. 4:8) Шунда биз Уни хушнуд этиб, баракаларига сазовор бўламиз. Бу эса, ўз навбатида, самовий Отамизга бўлган ишончимизни мустаҳкамлайди. Шунинг учун, келинг, Худонинг фикрлаш тарзини ўзида мужассам этган Муқаддас Китобдаги қонун-қоидалар ва принциплар асосида йўл тутайлик! Албатта, биз ҳамиша Яҳова ҳақида бирон-бир янги нарсани ўрганамиз. (Аюб 26:14) Агар астойдил ҳаракат қилсак, оқилона қарорлар чиқаришимизга ёрдам берадиган донолик, билим ва фаҳм-идрокка ҳозирнинг ўзида ҳам эга бўла оламиз. (Ҳик. 2:1–5) Шуни айтиш жоизки, осий бандаларнинг фикрларию режалари ўзгариб туради. Аммо сано бастакори айтганидек, «Эгамизнинг режалари тоабад собит туради, Унинг ниятлари наслдан-наслга ўтиб боради». (Заб. 32:11) Ҳа, доноликнинг Манбаи бўлмиш Яҳованинг нуқтаи назарига ҳамоҳанг фикр юритиб, йўл тутсак, энг зўр қарорлар чиқара оламиз!