Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) МАЙ 2016

 Ташкилотимиз архивидан

«Бу фаолият кимга топширилган?»

«Бу фаолият кимга топширилган?»

ШАМОЛЛИ ва ёмғирли кунлардан кейин, охири қуёш чиқиб, иссиқ бўлди. Бу — душанба, 1919 йилнинг 1 сентябрь куни эди. Ўша куни Сидар-Пойнтда (АҚШ, Огайо штати) бўлиб ўтган анжуманнинг эрталабки қисмига 2 500 та одам сиғадиган жойга салкам 1 000 киши йиғилди. Кечга яқин эса, қайиқ, машина ва махсус поездларда яна 2 000 киши етиб келди. Сешанба куни одам шунчалик кўпайиб кетдики, ҳатто анжуман дастурининг қолган қисмини ташқарида, салобатли дарахтлар тагида ўтказишга тўғри келди.

Япроқлар узра қуёшнинг заррин нурларидан тушган соя одамларнинг кийимларини тўрсимон нақшлар ила зийнатлади. Эри кўлидан эсаётган майин шабададан аёлларнинг шляпаларидаги патлар тебраниб турарди. Бир биродарнинг эслашича, «хароб дунёдаги шовқин-сурондан узоқда бўлган теварак-атрофдаги бундай қойилмақом, боққа ўхшаш жойлар, чиндан ҳам жаннат гўшасидай эди».

Ён-атрофдаги манзараларнинг гўзаллиги, одамларнинг юзида порлаб турган қувонч олдида ҳеч нарса эмас эди. Маҳаллий бир газетада ёзилишича, «у ердаги инсонлар художўй бўлиш билан бирга, ниҳоятда хушчақчақ ва дилкаш ҳам эдилар». Уруш пайтидаги қаршилик, жамоатлар ичида бўлиниш, Бруклиндаги Байтилнинг ёпилиши, Худонинг кўпгина содиқ хизматчиларининг, жумладан, 20 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган 8 та масъулиятли биродарнинг ҳибсга олиниши каби машаққатли синовларни бошдан кечиргандан сўнг, Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари ахийри бу анжуманда бирга йиғилганларидан жудаям бахтли эдилар. *

Ўша қийин йилларда ҳафсаласи пир бўлиб, саросимага тушган Муқаддас Китоб Тадқиқотчиларининг баъзилари ваъз қилишни тўхтатишганди. Лекин уларнинг аксарияти, ҳукумат томонидан кўрсатилаётган қаттиқ қаршиликларга қарамай ваъзгўйликда саботли қолиш учун қўлларидан келганини қилишди. Бир терговчининг гапларига кўра, сўроқ қилинган Тадқиқотчилар жиддий огоҳлантиришлардан қўрқмай, «Худонинг сўзларини охиратгача ваъз қилишни давом этамиз» деб, ўз фикрларида туришган.

Ушбу синовлар пайтида садоқатли Тадқиқотчилар «Исо Шоҳ сифатида бошқараётганини кузатишган,.. Аллоҳдан йўл-йўриқ сўраб, доим ибодат қилишган». Ниҳоят, Сидар-Пойнтда бўлаётган қувончли анжуман уларни бирлаштирди. Бир имондошимиз кўпларнинг ҳис-туйғуларини ифода этиб, «фаолиятимизни қандай кенгайтира оламиз ва қай йўсин уни яна қайтадан  ташкил этиб, ваъз қила оламиз», деб хавотирланишганини айтди. Ҳамма нарсадан ҳам кўпроқ, улар хизматга киришишни исташган!

«GA» — БУТКУЛ ЯНГИ ВОСИТА!

Бутун ҳафта давомида анжуманга ташриф буюрганлар дастурчаларда, откриткаларда ва анжуман ўтказилаётган жойнинг атрофидаги белгиларда ёзилган «GA» ҳарфлари устида бош қотиришди. Жума куни Жозеф Рутерфорд «Ҳамкорларга мурожаат» номли нутқида, дастурни тинглаган 6 000 кишига охири сирни ошкор қилди. «GA» — хизмат учун чиқарилган «The Golden Age» («Олтин давр») * номли янги журналнинг қисқартмаси эди.

Рутерфорд биродаримиз мойланганлар ҳақида гапириб, шундай деди: «Қийин пайтларни бошдан кечиришганига қарамай, улар Масиҳ бошқарадиган олтин даврни имон кўзлари билан кўришяпти. [...] Улар олтин даврнинг келишини бутун дунёга эълон қилишни ўзларининг асосий бурчи ва шараф деб билишади. Бу, Аллоҳ уларга топширган вазифанинг бир қисмидир».

«Фактлар, умид ва эътиқод журнали» бўлган «Олтин давр», уйма-уй ваъз қилиш обуна кампаниясида иштирок этиш каби янгича усул орқали хушхабарни ёйишга йўл очиб берди. Қанча одам бу ишда қатнашмоқчи экани ҳақида сўрашганда, тингловчиларнинг барчаси ўринларидан сакраб туришди. Кейин эса, «Исонинг изидан юрадиганларгагина хос бўлган жўшқинлик ва ғайрат ила» улар: «Йўллагин нурингни, ҳақиқатингни, ё Раббий»,— деб қўшиқ куйлашди. «Ўшанда ҳатто дарахтлар чайқалгандай бўлган. Бу ҳамон ёдимда»,— деб бўлишганди Ж. М. Норрис биродаримиз.

Дастур тугагач, анжуманга келганлар журналга биринчилар қаторида обуначи бўлиш учун соатлаб навбатда туришган. Кўплар ўзларини Мейбл Филбрик каби ҳис қилишган. У шундай деди: «Бажариш учун яна ишимиз борлигини билиш ниҳоятда қувончли эди!»

«БУ ФАОЛИЯТ КИМГА ТОПШИРИЛГАН?»

Тахминан 7 000 Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари ишга бел боғлашди. «Ташкилий усул» ва «Бу фаолият кимга топширилган?» номли адабиётларимизда қуйида келтирилган тафсилотлар ёритиб берилганди. Масалан, ваъзгўйликни Бош идорадаги янги Хизмат бўлими назорат қиладиган бўлди. Жамоатда Хизмат қўмитаси ташкил этилиб, йўл-йўриқларни бериш мақсадида раҳбар тайинланди. Ҳудудлар 150 дан то 200 тагача хонадонни ўз ичига олган қисмларга бўлинди. Биродарлар мисоллар билан бўлишиб, ваъзгўйлик ҳисоботини топширишлари учун, ҳар пайшанба кечқурун Хизмат учрашуви ўтказиладиган бўлди.

Херман Филбрик шундай деб бўлишди: «Уйга қайтганимизда, ҳаммамиз обуна кампанияси билан банд бўлдик». Улар ҳар ерда тинглашга тайёр бўлганларни топишарди. Бьюла Ковининг кузатувларига кўра, «уруш ва шунча кулфатлардан кейин ҳар бир инсон олтин давр келиши ҳақидаги хабарни жон деб тинглаган». «Кўп миқдорда обуна қабул қилинганини кўриб, жамоат қойил қолди»,— деб ёзди Артур Клаус. «Олтин давр» журналининг илк нашри чиққач, икки ой мобайнида ярим миллионга яқин нусхага буюртма тушди. Натижада, бу журналга 50 000 киши обуна бўлди.

Макмиллан биродаримиз кейинчалик айтганидек, «Қўриқчи минораси»нинг 1920 йил 1 июль сонидаги «Шоҳлик хушхабари» номли мақола, «ҳозирги кунгача олиб борилаётган умумжаҳон ваъзгўйлик фаолиятининг илк расмий тақдимоти» бўлган. Ўша мақола барча мойланганларни «самовий Шоҳлик яқин экани борасида бутун дунёга шоҳидлик беришга» чорлаган. Бу фаолият Масиҳнинг биродарларига ишониб топширилган бўлса-да, Масиҳий Шоҳликнинг олтин даври ҳукм суришини кутаётиб, ғайрат ила ваъз қилаётган миллионлаб кишилар бугунги кунда уларга ёрдам беришяпти.

^ 5- х.б. «Яҳованинг Шоҳидлари — Худо Шоҳлигининг хабарчилари» китобининг «Синовлар пайти (1914–1918 йиллар)» деб номланган 6- бобига қ.

^ 9- х.б. Бу журнал 1937 йили «Тасалли», 1946 йили эса «Уйғонинг!» деб ном олган.