Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) МАЙ 2016

«Боринглар, барча халқлардаги одамларга таълим бериб, менга шогирд тайёрланглар»

«Боринглар, барча халқлардаги одамларга таълим бериб, менга шогирд тайёрланглар»

Боринглар, барча халқлардаги одамларга таълим бериб, менга шогирд тайёрланглар. Уларни... сувга чўмдиринглар. Мен сизларга амр этган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар. МАТ. 28:19, 20

ҚЎШИҚЛАР: 47, 17

1, 2. Матто 24:14 даги Исонинг сўзларини ўқиганимизда, қайси саволлар пайдо бўлиши мумкин?

ОДАМЛАР бизни маъқуллашса ҳам ё бизга қаттиқ қаршилик кўрсатишса ҳам, Яҳованинг Шоҳидлари ваъзгўйлик фаолияти билан кенг танилганини камчилик инкор этади. Эҳтимол, хизматингизда эътиқодимиз билан норози бўлган, лекин ваъз қилаётганимиз учун бизни ҳурмат қиладиган одамларга ҳам дуч келгандирсиз. Ҳаммамизга аёнки, Шоҳлик ҳақидаги хушхабар бутун дунё бўйлаб ваъз қилинишини Исо башорат қилган эди. (Мат. 24:14) Бироқ ваъзгўйликни Исо айтгандек амалга ошираётганимизни қаердан биламиз? Бу ишни фақат биз бажаряпмиз, деб таъкидлашга ҳаққимиз борми?

2 Кўп дин вакиллари Исонинг хушхабарини ваъз қиляпмиз, деб таъкидлашади. Лекин уларнинг ваъзгўйлиги черковда, телевизор ёки Интернет орқали тақдим этиладиган ваъзлардан ва Исо ҳақида қандай билиб олишганини шунчаки бошқаларга  айтишдан иборат. Айримлари эса, муҳтожларга ёрдам берганларини ва шифокор, ҳамшира ёки ўқитувчи сифатида қилган хайрия ишларини ўзларининг ваъз қилиш усули, деб ҳисоблашади. Аммо Исо ваъзгўйлик борасида гапирганида, айнан бундай ишларни назарда тутганми?

3. Матто 28:19, 20 га кўра, Исонинг издошларидан қайси тўртта нарса талаб қилинади?

3 Исонинг шогирдлари одамларнинг келишини кутиб ўтиришлари керакмиди? Албаттаки, йўқ! Тирилгандан сўнг Исо юзлаб издошларига мурожаат қилиб, шундай деган: «Шунинг учун боринглар, барча халқлардаги одамларга таълим бериб, менга шогирд тайёрланглар. Уларни... сувга чўмдиринглар. Мен сизларга амр этган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар». (Мат. 28:19, 20) Демак, биздан тўртта нарса талаб қилинар экан. Биз шогирд тайёрлашимиз, уларни сувга чўмдиришимиз ва уларга таълим беришимиз керак, лекин биринчи навбатда одамларнинг олдига «боришимиз» даркор. Исонинг бу амри борасида бир илоҳиётшунос шундай фикр билдирди: «Хоҳ кўча, хоҳ денгиз бўйлаб бўлсин, “бориш” ҳар бир имонли кишининг вазифасидир». (Мат. 10:7; Луқо 10:3)

4. «Одам овчилари» деганда, Исо нимани назарда тутган?

4 Исо фақат издошларининг алоҳида ҳаракатларини назарда тутганми ёки хушхабарни ваъз қилиш кампаниясига ишора қилганми? Инсон ёлғиз ўзи «барча халқлардаги одамлар» олдига бора олмагани сабабли, бу иш кўпчиликнинг жамики ҳаракатлари ёрдамида амалга оширилиши кутилади. Исо шогирдларини «одам овчилари» бўлишга таклиф қилганида, айнан шуни назарда тутганди. (Матто 4:18–22 ни ўқинг.) Бу ерда у, қармоқ ва хўрак билан балиқ илинишини кутиб, бекор ўтирган балиқчи ҳақида гапирмаган. Аксинча, Исо тўрлар ёрдамида балиқ тутиш усули, яъни гоҳида кўпчиликнинг баҳамжиҳат ҳаракатларини талаб этувчи машаққатли меҳнат ҳақида гапириб ўтган. (Луқо 5:1–11)

5. Қайси тўртта саволга жавоб топишимиз муҳим ва нега?

5 Исонинг башоратига уйғун равишда хушхабарни кимлар ваъз қилишаётганини билиш учун, қуйидаги тўртта саволга жавоб топишимиз муҳим:

  • Исонинг издошлари нима ҳақда ваъз қилишлари керак?

  • Бу иш қай мақсадда қилиниши зарур?

  • Қайси усуллардан фойдаланиш даркор?

  • Бу фаолиятнинг миқёси қандай бўлиши ва у қанча давом этиши лозим?

Ушбу саволларнинг жавоблари бизга бу нажотбахш ишни нафақат бажаришга, балки унда астойдил қатнашишда давом этиш қароримизни мустаҳкамлашга кўмаклашади. (1 Тим. 4:16)

ВАЪЗ ҚИЛИНАДИГАН ХАБАР

6. Айнан Яҳованинг Шоҳидлари Исо ваъз қилишни буюрган хабарни эълон қилишаётганига нега аминсиз?

6 Луқо 4:43 ни ўқинг. Исо «Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хабарни» ваъз қилган ва шогирдлари ҳам худди шундай йўл тутишларини истаган. Кимлар бугунги кунда бу хабарни «барча халқлардаги одамларга» етказишяпти? Жавоби аниқ-равшандир — бу Яҳованинг Шоҳидлари. Ҳатто бизга қарши бўлганларнинг баъзилари ҳам буни тан олишади. Мисол учун, бир руҳоний-миссионер кўп мамлакатларда бўлганини ва ҳар бирида Шоҳидлардан қанақа хабарни ваъз қилишаётганини сўраганини бир биродаримизга айтиб берибди. Ўшанда Шоҳидлар унга нима дейишгани ҳақида у қуйидагича бўлишди: «Ҳаммаси телбаларча: “Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни”,— деб бир хил жавоб беришарди». Аслида, бу руҳонийнинг сўзлари, биз телба эмас, балки Исонинг ҳақиқий издошлари сифатида якдил эканимизни  тасдиқлаяпти. (1 Кор. 1:10) Шунингдек, Шоҳидларнинг бу гаплари «Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди» номли журналнинг асосий мавзусига ҳамоҳангдир. Бу журнал 254 тилда мавжуд ва чоп этиладиган ҳар бир сонининг ўртача адади тахминан 59 миллионга тенгдир. Шу туфайли у, дунёдаги энг кенг тарқалган журналдир.

7. Христиан руҳонийлари хушхабарни ваъз қилишмаётганини қаердан биламиз?

7 Христиан руҳонийлари Худонинг Шоҳлиги ҳақида ваъз қилишмайди. Шоҳлик тўғрисида гапиришган тақдирда ҳам, улардан аксарияти уни инсоннинг қалбидаги бир туйғу, деб билади. (Луқо 17:21) Улар Худонинг Шоҳлиги бу, Ҳазрати Исо томонидан бошқариладиган самовий Шоҳлик эканини, у одамзоднинг барча муаммоларини ечишини ва яқин орада ер юзидан бутун ёвузликни таг-томири билан қўпориб ташлашини одамларга тушунтиришмайди. (Ваҳ. 19:11–21) Улар Исони фақат Рождество ва Пасхада эслашади, холос. Қолаверса, Исо ернинг бўлажак Ҳукмдори сифатида нималарни амалга оширишини билишмайди. Улар ваъз қилиниши керак бўлган хабарнинг моҳиятини тушунишмагани учун, нега ваъз қилиш кераклигини ҳам фаҳмлашмайди.

ВАЪЗ ҚИЛИШДАН МАҚСАД

8. Ваъз қилаётганда қайси ниятни кўзламаслик керак?

8 Хушхабар қайси ниятда ваъз қилиниши керак? Ваъз қилишдан мақсад — пул йиғиш ва данғиллама иморатлар қуриш эмас. Зеро, Исо шогирдларига шундай деган эди: «Текинга олгансизлар, текинга беринглар». (Мат. 10:8) Бундан ташқари, Худонинг хизматчилари «Худо каломининг олибсотарлари» бўлмасликлари лозим. (2 Кор. 2:17) Хушхабарни ваъз қилаётганлар бу ишни наф кўриш мақсадида қилмасликлари керак. (Ҳаворийлар 20:33–35 ни ўқинг.) Кўп черковлар Исонинг бу аниқ йўл-йўриғига парво қилмай, биноларни таъмирлаш, руҳонийлар ва бошқа ишчиларини маблағ билан таъминлаш учун пул йиғиб, асосий мақсадни кўздан қочиришади. Натижада, христиан дин пешволарининг анчагинаси бунинг орқасидан бойиб кетяпти. (Ваҳ. 17:4, 5)

9. Яҳованинг Шоҳидлари ваъзгўйликни холис ниятда бажаришаётгани нимадан кўриняпти?

9 Яҳованинг Шоҳидлари-чи, улар Йиғилиш Залларида ёки анжуманларида пул йиғишадими? Йўқ! Уларнинг фаолияти хайр-эҳсонлар эвазига қопланади. (2 Кор. 9:7) Ўтган йилнинг ўзида, Яҳованинг Шоҳидлари хушхабарни ваъз қилишга ва ҳар ой 9 миллиондан зиёд Муқаддас Китоб тадқиқларини бепул ўтказишга деярли 2 миллиард соат вақт сарфлашган. Ҳайратланарлиси шундаки, улар бу иш учун нафақат пул олишмайди, балки ўз чўнтагидан пул сарфлаб, уни жон деб бажаришади. Яҳова Шоҳидларининг фаолияти ҳақида бир тадқиқотчи шундай фикр билдирди: «Уларнинг асосий мақсади — ваъз қилиш ва таълим бериш. [...] Уларда руҳонийлар йўқлиги учун, харажатлар ҳам анча камроқ бўлади». Хўш, ваъзгўйлик ишини қайси ниятда бажаряпмиз? Оддий қилиб айтганда, биз Яҳовани ва одамларни севганимиз учун бу ишни ўз хоҳишимиз билан бажаряпмиз. Бундай тайёрлик руҳи Забур 109:3 даги (ўқинг) башорат билан ҳамоҳангдир.

ВАЪЗ ҚИЛИШ УСУЛЛАРИ

Биз одамлар бор бўлган ҳар қандай жойда ваъз қиламиз (10- хатбошига қ.)

10. Исо ва унинг шогирдлари хушхабарни тарқатишда қандай усуллардан фойдаланишган?

10 Исо ва унинг шогирдлари хушхабарни тарқатишда қандай усуллардан фойдаланишган? Улар гавжум жойларга боришган. Масалан, кўчаларда ва бозорларда ваъз қилишган. Боз устига, улар одамларнинг уйларига бориб ҳам шоҳидлик беришган. (Мат.  10:11; Луқо 8:1; Ҳавор. 5:42; 20:20) Уйма-уй ваъз қилиш турли хил одамларга хушхабарни етказишга имкон яратган.

11, 12. Хушхабарни ваъз қилишда Яҳованинг Шоҳидлари христиан оламидагилардан нимаси билан фарқ қилади?

11 Христиан оламидагилар Исо каби хушхабарни ваъз қилишяптими? Одатда черков аъзолари, ваъзгўйликни хизмат ҳаққини оладиган руҳонийларнинг вазифаси, деб ҳисоблашади. Лекин христиан дин арбоблари «одам овчилари» бўлишнинг ўрнига, бор «балиқни» ўзларида сақлаб қолиш ташвишида юришибди. Тўғри, баъзида улар черковга келадиганларни ваъз қилишга ундаб туришади. Масалан, 2001 йилнинг бошида Рим папаси Иоанн Павел II ўзининг хатида, черков аъзолари ваъз қилишлари ва «хушхабарни эълон этмасам, менинг ҳолимга вой», деб айтган ҳаворий Павлус каби ғайратли бўлишлари муҳимлигини таъкидлаб ўтганди. Шунингдек, у гапида давом этиб айтдики, бу вазифани «бир гуруҳ “мутахассисларга” ташлаб қўймаслик керак, чунки бу, черков аъзоларининг барига тегишли масъулиятдир». Бироқ озчилик бу ундовга мувофиқ йўл тутди.

12 Яҳованинг Шоҳидлари-чи, улар ҳақида нима деса бўлади? Фақатгина улар, Исо 1914 йилдан бошлаб Шоҳ бўлгани ҳақида ваъз қилишяпти. Улар Исога қулоқ солиб, ваъзгўйликни ҳаётларида биринчи ўринга қўйишяпти. (Марк 13:10) Бир китобнинг муаллифи шундай деб ёзган эди: «Яҳованинг Шоҳидлари учун ваъзгўйлик фаолияти ҳамма нарсадан муҳимроқдир». Кейин у битта Шоҳиднинг сўзларига ишора қилиб, қуйидагича давом этди: «Улар очликка, ёлғизликка ва заиф соғлиққа дуч келганда, бир-бирига ёрдам беришга интилишади,.. аммо ҳеч қачон ўзларининг асосий вазифасини, яъни охират яқинлашиб келаётгани ва қутқарилиш зарурлиги ҳақидаги илоҳий хабарни тарқатишни унутиб қўйишмайди». («Pillars of Faith — American Congregations and Their Partners») Дарҳақиқат, Яҳованинг Шоҳидлари Исо ва шогирдлари ишлатган усуллардан фойдаланиб, хушхабарни ёйишда давом этишяпти.

ВАЪЗГЎЙЛИКНИНГ МИҚЁСИ ВА ДАВОМИЙЛИГИ

13. Ваъзгўйлик қай миқёсда олиб борилиши кутилади?

13 Исо, хушхабар «бутун дунё бўйлаб» эълон этилиши ҳақида айтиб, ваъзгўйлик қай миқёсда бўлишини кўрсатган. (Мат. 24:14) Исонинг издошлари «барча халқлардаги одамлардан» шогирд тайёрлашлари керак эди. (Мат. 28:19, 20) Демак, бу иш кенг кўламда олиб борилиши кутилади.

14, 15. Қай йўсин Яҳованинг Шоҳидлари ваъзгўйлик миқёси борасидаги Исонинг башоратини амалга оширишяпти? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмларга қ.)

14 Яҳованинг Шоҳидлари ваъзгўйлик миқёси борасидаги Исонинг башоратини қай тарзда амалга ошираётганини тушуниш учун, келинг, баъзи фактларга эътибор қаратайлик. Қўшма Штатларда христиан оламидаги турли мазҳабларнинг пешволари тахминан 600 минг кишини ташкил этса, Яҳова Шоҳидларининг сони эса қарийб 1 миллион 200 мингдир. Жаҳон бўйлаб  католик руҳонийларининг сони 400 мингдан сал кўпроқ бўлса, 240 та мамлакат ва ҳудудларда хушхабарни ваъз қилаётган Яҳова Шоҳидларининг сони эса 8 миллиондан ортиқдир. Ҳа, бундай иш дунё миқёсида олиб борилаётгани Тангри Яҳовага шон-шараф келтириб, одамни лол қолдиряпти, шундай эмасми!? (Заб. 33:2; 50:17)

15 Яҳованинг Шоҳидлари эканмиз, охират келишидан олдин имкон борича кўпроқ одамларга хушхабарни тарқатишни истаймиз. Шу боис, биз Муқаддас Китобга асосланган адабиётларни таржима қилиш ва босиб чиқариш масаласида бошқалардан ажралиб турамиз. Миллионлаб китоблар, журналлар, букламалар, анжуманга ва Қутлуғ Кечликка таклифномалар бепул тарқатиляпти. Турли хил адабиётларимиз 700 дан ошиқ тилларда мавжуд. «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»нинг 200 миллиондан зиёд нусхаси 130 дан кўпроқ тилда чоп этилган. Ўтган йилнинг ўзида Муқаддас Китобга асосланган адабиётлардан 4,5 миллиардга яқин нусхасини босиб чиқардик. Расмий веб-сайтимиздаги маълумот 750 дан ортиқ тилларда мавжуддир. Бундай ҳайратомуз ишни фақатгина Яҳованинг Шоҳидлари бажаришяпти!

16. Яҳованинг Шоҳидларида Худонинг руҳи борлигини қаердан биламиз?

16 Каромат қилинган ваъзгўйлик фаолияти қанча давом этади? Исо, охират келмагунча хушхабар эълон қилинишини айтганди. Ушбу охирги кунларда биздан ташқари яна кимлар хушхабарни ваъз қилишда давом этишяпти? Хизматда учрайдиган одамлардан баъзилари: «Бизда муқаддас руҳ бор, лекин ваъзгўйликни сизлар қиляпсизлар»,— деб айтишлари мумкин. Бироқ бу ишда матонатли бўлганимиз Тангрининг руҳи аслида бизда борлигидан далолат эмасми?! (Ҳавор. 1:8; 1 Бутр. 4:14) Вақти-вақти билан муайян дин вакиллари Яҳованинг Шоҳидлари мунтазам бажарадиган ишни қилишга уринишади, аммо одатда уларнинг ҳаракатлари пучга чиқади. Айримлари ваъз қилишади-ю, қисқа вақтдан кейин тўхтаб қолишади. Яна бошқалари ҳатто уйма-уй ваъз қилишади, лекин Шоҳлик ҳақидаги хабарни эмас. Бундан, улар Исо бошлаган ишни давом эттиришмаётгани кўриняпти.

БУГУНГИ КУНДА ХУШХАБАРНИ КИМЛАР ВАЪЗ ҚИЛИШЯПТИ?

17, 18. а) Бугунги кунда Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни айнан Яҳованинг Шоҳидлари ваъз қилишаётганига нега амин бўлишимиз мумкин? б) Қандай қилиб биз бу ишни давом эттира оламиз?

17 Хўш, бугунги кунда хушхабарни кимлар ваъз қилишяпти? Биз аминлик ила: «Яҳованинг Шоҳидлари!» — деб айта оламиз. Нега бунга ишончимиз комил? Сабаби, биз ваъз қилиниши керак бўлган хабарни, яъни Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни тарқатяпмиз. Қолаверса, биз одамлар олдига боряпмиз, демак, тўғри усуллардан фойдаланяпмиз. Боз устига, хушхабарни тўғри ниятда, чунончи, наф кўриш мақсадида эмас, балки севги ила эълон қиляпмиз. Худонинг хабарини ҳамма халқлардан бўлган ва турли тилларда гапирадиган одамларга етказаётганимиз, ваъзгўйлик кенг миқёсда амалга оширилаётганини кўрсатяпти. Бу ишни биз тўхтовсиз, йилдан йилга, охират келмагунча бажаришни канда қилмаймиз!

18 Ушбу ҳаяжонли кунларда Аллоҳнинг халқи ваъзгўйликни қандай олиб бораётганини кўриб, лол қоласан киши. Қизиқ, улар қандай қилиб бу ишнинг уддасидан чиқишяпти? Бунинг жавобини ҳаворий Павлуснинг филиппиликларга йўллаган мактубидан топишимиз мумкин. У: «Мени қўллаб-қувватлаётганнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан»,— деб ёзган эди. (Филип. 4:13) Ҳар биримиз қўлимиздан келганини қилиб, хизматимизни тўла адо этар эканмиз, келинг, севикли Отамиздан ёрдам излашда давом этайлик! (2 Тим. 4:5)