Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ИЮНЬ 2016

Яҳова «сизларга ғамхўрлик қилади»

Яҳова «сизларга ғамхўрлик қилади»

НИМА учун бу сўзлар рост эканига ва Яҳова чиндан ҳам сиз ҳақингизда ғамхўрлик қилишига ишонсангиз бўлади? Сабаби, Муқаддас Китобда бу ҳақда аниқ айтилган. Масалан, 1 Бутрус 5:7 да: «Бутун ғам-ташвишларингизни Унга ташланглар, чунки У сизларга ғамхўрлик қилади»,— деб ёзилган. Хўш, Тангри Яҳова учун бефарқ эмаслигингизнинг қандай исботлари бор?

АЛЛОҲ ЖИСМОНИЙ ЭҲТИЁЖЛАРИМИЗНИ ҚОНДИРАДИ

меҳр ва сахийликни намоён этишда

Тангри Таоло — ажойиб фазилатлар Соҳибидир ва бундай фазилатларга яқин дўст танлашда эътибор беришингиз шубҳасиз. Одатда бир-бирига меҳрибон ва сахий бўлган одамлар қалин дўстларга айланишади. Ҳаммамизга маълумки, Яҳова ҳар куни одамларга меҳрини ва сахийлигини намоён этади. Мана бир мисол: «У Ўз қуёшини ёвузлар устидан ҳам, яхшилар устидан ҳам балқитади, ёмғирини одиллар устига ҳам, адолатсизлар устига ҳам ёғдиради». (Мат. 5:45) Қизиқ, қуёш нури ва ёмғир нима учун керак? Чунки айнан улар орқали Худованд одамларга озиқ-овқатни мўл-кўл бериб, қалбларини қувончга тўлдиради. (Ҳавор. 14:17) Ҳа, Яҳова ердан етарлича ҳосил олинишига ғамхўрлик қилади. Боиси, У биладики, жуда кам нарсалар бизга ширин овқат каби қувонч келтиради.

Унда нега кўп одамлар очликдан қийналишяпти? Сабаби, аксарият давлат арбоблари эътиборларини одамларнинг ҳаётини яхшилашга эмас, балки кўпроқ ҳокимиятга эга бўлиш ва моддий фойда кўришга қаратишяпти. Бироқ тез орада Яҳова бахилликка чек қўйиб, ҳозирги сиёсий тузумнинг ўрнига Ўғли томонидан бошқариладиган Самовий Шоҳликни ўрнатади. Ўшанда ҳеч ким очликдан азоб чекмайди. Бунинг устига,  Аллоҳ ҳозирнинг ўзида ҳам содиқ хизматчиларининг жисмоний эҳтиёжларини қондиряпти. (Заб. 36:25) Ахир бу Унинг ғамхўрлигидан далолат эмасми?!

ЯҲОВА ЎЗ ВАҚТИНИ ДАРИҒ ТУТМАЙДИ

вақтини аямасликда

Яхши дўст ўз вақтини сиз билан баҳам кўради. У билан иккаловингизни қизиқтирадиган мавзулар ҳақида соатлаб гаплашса бўлади. Қолаверса, яхши дўст муаммоларингиз ва ташвишларингизни айтиб бераётганингизда, сизни диққат ила тинглайди. Яҳова ҳам шундай йўл тутадими? Ҳа, албатта! У ибодатларимизни тинглайди. Шунинг учун, Муқаддас Китоб бизни «доимо ибодат қилишга», ҳатто буни «тинмай» қилишга ундайди. (Рим. 12:12; 1 Салон. 5:17)

Яҳова ибодатларингизни тинглаш учун қанча вақт сарфлашга тайёр? Муқаддас Китобдаги бир мисол бу саволга жавоб топишга кўмаклашади. Ҳаворийларини танлашдан олдин, Исо «кечаси билан Аллоҳга ибодат қилиб чиқди». (Луқо 6:12) Ўша ибодатида Исо кўплаб шогирдларини номма-ном айтиб ҳамда уларнинг кучли томонларию камчиликлари ҳақида гапириб, ҳаворийларни танлашда Отасидан ёрдам сўраганга ўхшайди. Тонг отган пайтга келиб эса, Исо шогирдлари орасидан энг лаёқатлиларини ҳаворийлари сифатида танлаганига амин бўлди. «Ибодатни эшитгучиси» бўлмиш Яҳова ҳамма самимий ибодатларни тинглашдан завқ олади. (Заб. 64:3, Туркия 1998) Ҳатто инсон оғир ташвиши ҳақида соатлаб илтижо қилганда ҳам, Яҳова уни тинглаш учун вақтини аямайди.

АЛЛОҲ КЕЧИРИШГА ТАЙЁР

кечиришга тайёр бўлишда

Кечириш масаласига келганда, ҳатто қалин дўстлар ҳам гоҳида чиқишмай қолишади. Баъзида дўстлар бир-бирини кечира олишмагани боис, узоқ давом этган дўстлик ришталарини узишади. Яҳова эса ундай эмас. Муқаддас Китобда У ҳақда: «Унинг юраги кечиримга бой»,— деб айтилган. Шундай экан, ҳар бир самимий инсон Ундан кечирим сўраши мумкин. (Ишаё 55:6, 7) Қизиқ, Яҳовани кечиримга бой бўлишга нима ундайди?

Албаттаки, Яҳованинг бизга бўлган чексиз севгиси. У одамзодни шу қадар қаттиқ севдики, ҳатто улар учун ягона Ўғли Исони берди. Шу йўсин, У инсониятни гуноҳ ва унинг оқибатларидан озод қилди. (Юҳан. 3:16) Аслида, тўлов орқали кўпроқ нарсаларга эга бўлдик. Мисол учун, Аллоҳ  айнан Масиҳнинг қурбонлиги асосида Уни севган барчани кечиради. Ҳаворий Юҳанно шундай деб ёзган эди: «Агарда гуноҳларимизда иқрор бўлсак, Аллоҳ гуноҳларимизни кечиради», чунки «У содиқ ва одилдир». (1 Юҳан. 1:9) Яҳова кечиримли бўлгани учун, одамлар у билан дўстона муносабатларни ривожлантиришда давом этишлари мумкин. Буни билиш эса қалбимизга чуқур таъсир қилади.

МУҲТОЖ БЎЛГАНИНГИЗДА У СИЗГА ЁРДАМ БЕРАДИ

муҳтож бўлганимизда ёрдамга келишда

«Ҳақиқий дўст бошга кулфат тушганда билинади»,— деб бежизга айтишмайди. Чиндан ҳам, бундай дўст, бошқалар мададга муҳтож бўлганда, уларга ёрдамга келади. Яҳова ҳам худди шундай йўл тутадими? Унинг Каломида қуйидагича ёзилган: «[Хизматчиси] қоқилса ҳам йиқилиб тушмайди, Эгамиз мадад бериб, қўлидан ушлайди». (Заб. 36:24) Яҳова хизматчиларига турли йўллар билан «мадад беради». Келинг, Кариб денгизидаги Сент-Крой оролида бўлган воқеага эътибор қаратайлик.

Бир синглимиз эътиқоди туфайли байроқни шарафламагани учун синфдошлари унга босим ўтказишибди. Шунда у Яҳовага ибодат қилганидан сўнг, синфдошларига нуқтаи назарини тушунтиришга қарор қилибди ва бу сафар уларга нега байроқни шарафламаслигини айтиб берибди. Бу синглимиз «Муқаддас Китоб ҳикоялари» номли адабиёт ёрдамида Шадрах, Мешах ва Абеднаху ҳақидаги баёнот унинг қарорига қандай таъсир қилганини тушунтирибди. У шундай деб бўлишди: «Ўша учта иброний йигит ҳайкалга сиғинмагани сабабли, Яҳова уларни ҳимоя қилганди». Ўшанда у йиғилган барча ўқувчиларга китобни таклиф қилибди ва улардан ўн биттаси китобни олишга рози бўлибди. Шундай нозик мавзуда ваъз қилиши учун Яҳова куч ва донолик берганидан бу синглимиз ниҳоятда бахтли эди.

Борди-ю, Яҳова сизга ғамхўрлик қилишидан қачондир шубҳалансангиз, Муқаддас Китобдаги Забур 33:18–20, 54:23, 144:18, 19 даги оятлар устида мулоҳаза юритинг. Анчадан бери Яҳовага хизмат қилаётган Шоҳидлардан Яҳова уларга қандай ғамхўрлик қилганини сўранг. Яҳованинг ёрдамига муҳтож бўлганингизда, Унга ибодат қилинг. Шунда Яҳова сизга қандай ғамхўрлик қилишини кўрасиз.